Izlash

Kengaytirilgan qidiruv

Hujjat nomi

Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида

Hujjat turiQonun
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi
Hujjat muallifiO`zbekiston Respublikasi Adliya vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)13.09.2017 17:24
Muhokama yakunlanishi (sana)28.09.2017 23:59
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan
Обоснования необходимости принятия проекта“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига тушунтириш хати I. Қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишини асослаш Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ–4848-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг 6-банди ҳамда 2017 йил 7 февралдаги ПФ–4947-сон Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 15-банди ижроси юзасидан ишлаб чиқилган. II. Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати Юқорида кўрсатилган топшириқларда қуйидагиларга йўналтирилган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқиш назарда тутилган: ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг замонавий усулларини, ташкилий-ҳуқуқий шаклларини жорий қилиш, ички идоравий назорат механизмини кучайтириш, давлат бошқаруви соҳасида расмиятчилик ва суиистеъмолчиликка чек қўйиш; давлат органларининг бошқарув фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш, тезкор ва асосли қарорлар қабул қилиш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида зарур бўлган ҳуқуқий база, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишнинг, тадбиркорлик субъектлари ва жамоат ташкилотларининг қонуний манфаатларини таъминлашнинг, мавжуд маъмурий тўсиқлар, сансалорлик ва ҳужжатбозлик кўринишларига барҳам беришнинг зарур бўлган институционал ва ташкилий механизмлар шакллантирилган. Умуман олганда, маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти қонун ҳужжатлари мувофиқ тарзда ташкиллаштирилган. Маъмурий тартиб-таомиллар амалда кўпгина норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Шу билан бирга ҳуқуқий базани шакллантириш давомида маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона стандартлари мавжуд эмаслиги – уларнинг алоҳидалиги ва турли хил ёндашувлиги билан фарқ қилишига олиб келди. Ҳозирда маъмурий тартиб-таомилларга тааллуқли бўлган энг муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимли ёндашувсиз ушбу институтнинг алоҳида бир элементларини очиб берган. Улар орасида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги ва “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунларни қайд этиш лозим. Қоида тариқасида, кўрсатиб ўтилган ҳар бир қонун доирасида ўнлаб қонуности ва ички идоравий ҳужжатлар амалда бўлади. Натижада давлат органларида маъмурий амалиётни тушунишда ҳам, унинг тартибини белгилаш масаласида ҳам турли хил ёндашув мавжуд. Ушбу ҳолатлар маъмурий тартиб-таомилларнинг тегишли тарзда тартибга солинмаганлигини ҳамда ушбу соҳада ягона, махсус қонун қабул қилиш зарурлигини кўрсатади. Маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишнинг долзарблиги, шунингдек, давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти мониторинг қилиниши давомида аниқланган муаммо ва камчиликлар билан ҳам асосланади. Давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш ўрганилган давлат органларининг фаолиятидаги қонунчиликнинг тизимли равишда бузилишини, муаммо ва камчиликларни аниқлашга имкон берди, ушбу ҳолатлар эса, кўп жиҳатдан, давлат органлари томонидан маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асосларнинг мавжуд эмаслигига боғлиқдир. Хусусан, ушбу соҳада кўпроқ тарқалган қонун бузилишлари, камчилик ва муаммоларни қуйидаги тарзда гуруҳлаштириш мумкин: қарорларни қабул қилиш ва уларни расмийлаштириш тартиб-таомилларининг бузилиши; ўз ваколати доирасидан четга чиқиш; мақсадга мувофиқ деган тасаввурларга асосланган норасмий ва оғзаки топшириқларга асосан фаолият юритиш; қонун ҳужжатларига мос келмайдиган қарорлар қабул қилиш; юкланган мажбуриятларни бажармаслик. Давлат органларининг амалдаги фаолиятида қонунийликнинг лозим даражада эмаслигини суд статистикаси ҳам тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маълумотларига кўра, Олий суд томонидан 2012 йилда давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган 2 667 та шикоятлар бўйича қарорлар қабул қилинган бўлса, 2013 ва 2014 йилларда бу кўрсаткич тегишлича 5 157 ва 9 733 тани ташкил этган. Юқорида келтирилган асослар амалдаги қонунчилик доирасида бартараф этиб бўлмайдиган давлат органларининг фуқаролар ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатларидаги тизимли муаммолар ва камчиликларнинг мавжудлигидан далолат беради. Ижобий хорижий тажрибадан, шунингдек миллий қонунчилик ва шаклланган ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиққан ҳолда, маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни тизимлаштириш ва бирхиллаштириш таклиф этилади. Шундан келиб чиқиб, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси доирасида маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишнинг ягона тартибини жорий қилиш таклиф қилинади. III. Қонун лойиҳасининг мазмуни Лойиҳада маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш борасида умумий нормалар акс эттирилган. Ушбу соҳанинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан муддатларни, ҳужжатларга қўйиладиган талабларни белгилашнинг, шартларни ўрнатишнинг ва ҳ.к. алоҳида қоидаларни ўрнатиш имконияти таклиф қилинмоқда. Умумий тартиб барча махсус тартиб-таомиллар учун зарурий ҳуқуқий чегаралар белгилаб беради. Лойиҳанинг бундай хусусияти ҳар қандай соҳада махсус тартибларни алоҳида қонун шаклида ишлаб чиқишга имкон беради. Ягона стандартларнинг жорий этилиши туфайли давлат хизматидаги ўзбошимчалик, суиистеъмол қилиш, коррупция ва бошқа салбий ҳолатлар жиддий камаяди. Лойиҳа билан маъмурий жараённинг шаффофлигини таъминлаш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳа ишни кўриб чиқишда барча манфаатдор тарафларнинг лозим даражадаги иштироки учун шарт-шароитлар яратишни назарда тутади. Бунда ишни ҳал қилишда барча манфаатдор тарафларнинг фикрини инобатга олиш таъминланади. Лойиҳанинг амал қилиш доираси маъмурий органларнинг алоҳида жисмоний ёки юридик шахслар ёхуд муайян хусусий белгиларга кўра ажратиладиган бир гуруҳ шахсларга ташқи таъсир кўрсатадиган фармойиш бериш фаолияти билан чекланади. Шу ўринда маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмайдиган масалалар белгиланмоқда. Маъмурий ишни кўриб чиқишнинг иштирокчилари (маъмурий орган, манфаатдор шахслар ва б.)нинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил белгиланмоқда, давлат органлари ва фуқаро, ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини акс эттирувчи маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари ўрнатилмоқда. Лойиҳада маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг ҳамда улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилишнинг аниқ тартибини, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки ҳақиқий эмас деб топиш асосларини белгилаш таклиф этилмоқда. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби билан боғлиқ алоҳида масалаларни (йиғилиш ўтказиш, ишни кўриб чиқишга тайёргарлик кўриш, бошқа ички идоравий расмий ҳаракатлар ва ҳ.к.) қонуности ҳужжатлари, шу жумладан тегишли регламентлар билан тартибга солиш мақсадга мувофиқ деб топилди. “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини амалга киритиш бутун қонунчиликни маъмурий тартиб-таомилларни тартибга солиш қисми бўйича қайта кўриб чиқишни талаб этади. Шу муносабат билан, вазирлик ва идоралар томонидан қўлланиладиган фуқаролар ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатларини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек ички идоравий ҳужжатларни (йўриқномалар, регламентлар ва ҳ.к.) хатловдан ўтказишга эҳтиёж туғилади. Ушбу вазифани муваффақиятли бажарилиши бир вақтнинг ўзида ва қисқа муддатларда таъминлай олинмаслиги сабабли, уни муайян муддатга мўлжалланган алоҳида дастур доирасида амалга ошириш лозим. Шунга кўра, лойиҳада унинг кучга кириши учун муаяйн муддат (12 ой) белгиланмоқда. IV. Халқаро тажрибадан фойдаланиш Хорижий тажрибани ўрганиш кўпчилик мамлакатларда (Германия, Швейцария, Швеция, Финляндия, Австрия, Греция, Хитой, Япония, Россия, Эстония, Белоруссия, Чехия, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, Латвия, Болгария) маъмурий-тартиб таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг мавжудлигини кўрсатди. Мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш ҳар хил моделларга асосланишига қарамасдан, қайд этилган мамлакатларда махсус қонунлар қабул қилинган. V. Кутилаётган натижа Умуман олганда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши: маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнининг стандартлашиши ва енгиллаштирилиши туфайли давлат органларининг фуқаролар ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларининг қонунийлиги ва шаффофлиги даражасини оширади; маъмурий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва бажарилишининг замонавий технологияларини сингдириш асосида давлат хизматларини сифатли кўрсатиш учун шароитлар яратади; маъмурий-ҳуқуқий соҳада вужудга келаётган муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солинишининг тизимлилигини ва комплекслигини таъминлайди; маъмурий тартиб-таомиллар амалга оширилишининг самарали ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратади; маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этади, сифатли давлат хизматларини кўрсатишга шароит яратади, давлат органлари томонидан маъмурий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва бажарилишининг аниқ тезкор механизмини таъминлайди; коррупциянинг олдини олишнинг самарали воситаси сифатида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятида шаффофликни таъминлайди. “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қўшимча молиявий харажатларни талаб этмайди.
Kuchga kirgan rejalashtirilgan sana13.09.2018

Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона асосларини белгилаш орқали қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг маъмурий органлар билан бўлган муносабатларида ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат.

2-модда. Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун, махсус маъмурий тартиб-таомиллар белгиловчи қонун ҳужжатлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборатдир.

Махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонунлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги керак. Маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишга доир у ёки бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмаган ҳолларда ушбу Қонуннинг нормалари қўлланилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан оммавий-ҳуқуқий фаолияти, шу жумладан лицензия, рухсат бериш тартиб-таомиллари, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий тартиб-таомиллар доирасида амал қилади.

Ушбу Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдум, сайловларни ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва тартиби, тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов ҳамда жиноий таъсир чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолиятга, суд иш юритуви, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш соҳасида вужудга келадиган муносабатларга нисбатан амал қилмайди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонуннинг қўлланиш доирасига кирувчи мурожаатларга нисбатан амал қилмайди.

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

манфаатдор шахс – қабул қилинадиган маъмурий ҳужжат йўлланган шахс, шунингдек маъмурий ҳужжат, процессуал ҳужжат ёки маъмурий ҳаракатларга ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари даҳлдор бўлган шахс (кейинги ўринларда – учинчи шахс);

маъмурий иш юритиш – маъмурий тартиб-таомил орқали тартибга солинган маъмурий ишни кўриб чиқиш, маъмурий ҳужжатни қабул қилиш, уни маъмурий шикоят бўйича қайта кўриш, шунингдек маъмурий ҳужжатни ижро этиш жараёни

маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) – маъмурий органнинг
ўз ихтиёрига кўра қонунийлик ва мақсадга мувофиқликка баҳо бериш асосида қонунчилик доирасида йўл қўйилган чоралардан бирини қўллаш ёки тегишли чорани қўллашдан воз кечиш ҳуқуқи;

маъмурий органлар – оммавий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар;

маъмурий тартиб-таомил – маъмурий органларнинг оммавий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солувчи процессуал қоидалар;

маъмурий ҳаракатлар – маъмурий органнинг манфаатдор шахсларга нисбатан оммавий-ҳуқуқий фаолият соҳасида содир қилган, маъмурий ҳужжат ёки процессуал ҳужжат ҳисобланмайдиган, юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги);

маъмурий ҳужжат – маъмурий органнинг оммавий ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтирувчи, ўзгартирувчи ёки тугатувчи ҳамда алоҳида жисмоний ёки юридик шахслар учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи ташқи таъсир чораси;

оммавий-ҳуқуқий фаолият – алоҳида жисмоний ёки юридик шахсларга ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратилган шахслар гуруҳига ташқи таъсир ўтказувчи бошқарув фаолият;

процессуал ҳужжат – маъмурий орган томонидан маъмурий иш юритиш давомида қабул қилинадиган, маъмурий ишни мазмунан ҳал этмайдиган ҳужжат.

Berilgan takliflar

Hech nima topilmadi

Izohlar va ularga berilgan javoblar

2017-09-27 20:19:44

Turg'unov Bahodir Alisherovich

5-модда. Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари

Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари қуйидагилардир:

қонунийлик;

мутаносиблик;

ишончлилик;

тингланиш имкониятининг мавжудлиги;

маъмурий тартиб-таомилларнинг ошкоралиги, очиқлиги ва тушунарлилиги;

манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги;

бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги;

мазмунан қамраб олиш;

маъмурий иш юритишнинг “бир дарча” орқали амалга оширилиши;

тенгҳуқуқлилик;

ишончнинг ҳимоя қилиниши;

маъмурий ихтиёрийликнинг қонунийлиги;

текшириш.

Berilgan takliflar

Hech nima topilmadi

Izohlar va ularga berilgan javoblar

2017-09-27 20:23:08

Turg'unov Bahodir Alisherovich

6-модда. Қонунийлик принципи

Маъмурий органлар ва уларнинг ходимлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларининг талабларига қатъий риоя қилишлари шарт.

7-модда. Мутаносиблик принципи

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий мақомига (ҳуқуқий ҳолатига) қандайдир аралашишни назарда тутувчи чоралар маъмурий орган томонидан кўзда тутилган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли ҳамда манфаатдор шахслар учун иложи борича қийинчилик туғдирмаслиги лозим.

8-модда. Ишончлилик принципи

Манфаатдор шахслар томонидан маъмурий иш юритиш давомида тақдим этилган амалдаги ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар, акси исботланмагунга қадар, ишончли ҳисобланади.

Манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар
ва маълумотларнинг ҳақиқийлиги тўғрисида шубҳалар пайдо бўлган тақдирда, маъмурий орган мустақил равишда ҳамда ўз ҳисобидан уларнинг ишончлилигини текшириш учун чоралар кўради.

Манфаатдор шахслардан улар тақдим этган ҳужжатлар ва маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқловчи қўшимча материаллар талаб қилиш, агар қонунда бундай талаб ўрнатилмаган бўлса, тақикланади.

9-модда.Тингланиш имкониятининг мавжудлиги принципи

Маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини тақдим этиши шарт.

10-модда. Маъмурий тартиб-таомилларнинг ошкоралиги, очиқлиги
ва тушунарлилиги принципи

Маъмурий тартиб-таомиллар ошкора, очиқ ва манфаатдор шахслар учун тушунарли бўлиши лозим.

Маъмурий органлар маъмурий тартиб-таомиллар ҳақидаги ахборотдан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган усуллар орқали эркин фойдаланилишини таъминлашлари шарт.

11-модда. Манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги принципи

Қонун ҳужжатларида маъмурий иш юритиш давомида келиб чиқадиган бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар манфаатдор шахслар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлмаганда ушбу манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилинади.

12-модда. Бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги принципи

Маъмурий органларга манфаатдор шахсларга фақатгина расмий қоидалар ва талабларга риоя этиш учунгина мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш тақиқланади.

Агар манфаатдор шахс виждонан ҳаракат қилган, ўз мажбуриятларини мазмунан тўғри бажарган бўлса ҳамда расмий қоидалар ва талабларнинг йўл қўйилган бузилишлари маъмурий ишни мазмунан ҳал қилишга тўсқинлик қилмаса, манфаатдор шахс томонидан расмий қоидалар ва талабларга риоя этилмаганлиги ижобий бўлмаган маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун асос бўла олмайди.

13-модда. Мазмунан қамраб олиш принципи

Маъмурий органлар манфаатдор шахсларга улар томонидан аввал бошқа ҳаракатлари доирасида бажарилган талабларни қўйишга ҳақли эмас.

Агар маъмурий органга тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар маъносига кўра бошқа зарур ҳужжатлар мазмунини қамраб олса, ушбу ҳужжатлар қўшимча ёки алоҳида талаб қилиниши мумкин эмас.

Агар амалга оширилган маъмурий тартиб-таомил маъносига кўра бошқа маъмурий тартиб-таомилларни ўз ичига олса, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда улар ҳам амалга оширилган ҳисобланади.

14-модда. Маъмурий иш юритишнинг “бир дарча” орқали амалга оширилиши принципи

Маъмурий органга маъмурий тартиб-таомилни амалга ошириш учун бошқа маъмурий ва ўзга органдан ҳужжатлар ва маълумотлар олиш талаб этилса, маъмурий иш юритиш “бир дарча” принципи бўйича амалга оширилиб, бунда маъмурий орган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, мустақил равишда, манфаатдор шахсларнинг иштирокисиз идоралараро ўзаро ҳамкорлик орқали олади.

15-модда. Тенгҳуқуқлилик принципи

Маъмурий органларга бир хил амалдаги ҳолатларга эга маъмурий ишларни ҳал этишда нотенг ёндашув намоён қилиш тақиқланади.

Амалдаги ҳолатлари бўйича жиддий фарқланадиган маъмурий ишларни бир хил тарзда ҳал этишга йўл қўйилмайди.

Маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни бир усулда амалга ошириши шарт. Мазкур ҳолат маъмурий ихтиёрийликни амалга ошириш билан боғлиқ шаклланган маъмурий амалиётнинг ўзгаришини истисно этмайди.

16-модда. Ишончни ҳимоя қилиш принципи

Виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан ҳимоя қилинади.

Маъмурий органлар манфаатдор шахсларнинг шаклланган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилишлари шарт. Шаклланган маъмурий амалиётнинг ўзгариши оммавий манфаатлар билан асосланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ҳамда барқарор бўлиши лозим.

17-модда. Маъмурий ихтиёрийликнинг қонунийлиги принципи

Маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни қонун ҳужжатларида белгиланган доирада амалга ошириши шарт.

Маъмурий ихтиёрийлик асосида қабул қилинган маъмурий ҳужжатлар
ва содир қилинган маъмурий ҳаракатлар ушбу ваколат мақсадига мос келиши лозим.

18-модда. Текшириш принципи

Маъмурий орган маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча амалдаги ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва ҳолисона текшириши шарт.

Зарурат бўлганда, маъмурий орган манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган далиллар билан чекланмасдан, ўз ташаббусига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўшимча далиллар йиғишга ҳақли.

2-боб. Маъмурий тартиб-таомилларнинг умумий қоидалари

19-модда. Маъмурий ишларнинг тааллуқлилиги

Маъмурий органлар маъмурий иш юритишни уларнинг ваколатига қонун ҳужжатлари билан киритилган масалалар юзасидан амалга оширади.

Маъмурий ишларнинг тааллуқлилиги бўйича низолар маъмурий органлар учун юқори турувчи ҳисобланган орган ёки махсус ваколатли орган томонидан ҳал этилади.

20-модда. Идоралараро ўзаро ҳамкорлик

Идоралараро ўзаро ҳамкорлик маъмурий органнинг ёрдам бериш ҳақидаги сўрови асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бўйсунув муносабатларида бўлган маъмурий органлар ўртасидаги муносабатлар идоралараро ўзаро ҳамкорлик ҳисобланмайди.

Маъмурий органнинг ёрдам бериш ҳақидаги сўрови самаралироқ тарзда тегишли ёрдам кўрсата оладиган ваколатли маъмурий органга йўлланиши лозим.

Маъмурий органнинг ёрдам бериш ҳақидаги сўровига жавоб берилмаганлиги маъмурий ишнинг ҳал этилишига тўсқинлик қилмаслиги лозим.

21-модда. Маъмурий иш юритишнинг иштирокчилари

Маъмурий иш юритишнинг иштирокчилари:

1) маъмурий орган;

2) адресат;

3) учинчи шахс ҳисобланади.

Маъмурий орган ўз ташаббусига кўра ёки манфаатдор шахсларнинг талабига асосан маъмурий иш юритишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, учинчи шахслар маъмурий иш юритишда иштирок этишга мажбурий тартибда жалб этилади.

22-модда. Маъмурий иш юритишда вакиллик

Юридик шахслар маъмурий иш юритишда қонун ҳужжатларида, таъсис ҳужжатларида ёки қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада белгиланган ваколатлари доирасида ҳаракат қилувчи ўз вакиллари орқали иштирок этадилар.

Жисмоний шахслар маъмурий иш юритишда бевосита ёки ўз вакиллари орқали иштирок этиши мумкин, қонун ҳужжатларида уларнинг шахсан иштирокининг зарурлиги белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Вакилнинг иштирок этиши жисмоний шахснинг маъмурий иш юритишда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Вакилнинг ваколатлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада баён қилиниши лозим.

Манфаатдор шахснинг вакили ўзи вакиллик қилаётган шахс номидан маъмурий иш юритишга тааллуқли барча ҳаракатларни бажаришга ваколатли ҳисобланади, шунингдек, агар қонунда ёки унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўз вакиллигидаги маъмурий иш юритиш иштирокчиси эга бўлган барча ҳуқуқлардан фойдаланади.

23-модда. Маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслар маъмурий иш материллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусха кўчириш, рад қилиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, маъмурий иш юритишда иштирок этувчи бошқа шахсларга саволлар бериш, маъмурий иш юритиш бўйича илтимосномалар киритиш, арз қилиш, маъмурий органга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, маъмурий иш юритиш давомида туғиладиган барча масалалар бўйича ўз важларини тақдим қилиш, бошқа манфаатдор шахсларнинг илтимосномалари, арзлари ва важларига эътироз билдириш, маъмурий ва процессуал ҳужжатлар, шунингдек маъмурий ҳаракатлар устидан шикоят қилиш ҳуқиқига эгадирлар.

Маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслар уларга тақдим этилган процессуал ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳамда қонун ҳужжатлари билан уларга юкланган мажбуриятларни бажаришга виждонан ёндашишлари лозим.

24-модда. Маъмурий иш юритиш олиб бориладиган тил

Маъмурий органда маъмурий иш юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Маъмурий иш юритиш иштирокчилари маъмурий иш юритишда иштирок этишда ҳамда маъмурий ишматериалларибилан танишишда, зарурат бўлганда, таржимон хизматидан фойдаланишлари мумкин, шунингдек улар ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқига эгадирлар.

25-модда. Маъмурий иш юритишда ҳуқуқий ворислик

Манфаатдор шахслардан бири маъмурий иш юритишдан маъмурий қарор қабул қилингунча чиқиб кетган тақдирда, ушбу шахсни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиришга, агар бундай ҳуқуқий ворислик қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлса, рухсат берилади.

Ҳуқуқий ворис маъмурий ишга киришгунга қадар маъмурий иш юритиш давомида амалга оширилган барча ҳаракатлар ҳуқуқий ворисга ўрнини бўшатиб берган манфаатдор шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворис учун ҳам шу даражада мажбурийдир.

26-модда. Маъмурий ишни ҳал қилишга кўмаклашувчи шахслар

Маъмурий ишни ҳал қилишга кўмаклашувчи шахслар (гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва бошқалар) маъмурий иш юритишга ихтиёрий равишда ёки шартнома асосида маъмурий органнинг ташаббуси ёки манфаатдор шахсларнинг талабига кўра, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда жалб қилинади.

Маъмурий орган гувоҳ, эксперт ва таржимонни била туриб ёлғон гувоҳлик, нотўғри эксперт хулосаси бериш ҳамда нотўғри таржима қилиш учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириши шарт.

27-модда. Маъмурий иш юритишда гувоҳ

Агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, гувоҳ ихтиёрий тартибда маъмурий ҳужжатни қабул қилишда аҳамиятга эга бўлган маълумотларни баён қилиш учун ёки маъмурий органнинг мансабдор шахси томонидан муайян ҳаракатларнинг бажарилиш фактини гувоҳлантириш учун маъмурий иш юритишга жалб қилиниши мумкин.

Гувоҳ ўз хоҳишига кўра оғзаки ёки ёзма кўрсатувлар бериши мумкин. Гувоҳнинг оғзаки кўрсатувлари маъмурий орган томонидан тегишли баённомага киритиб қўйилади.

28-модда. Маъмурий иш юритишда эксперт

Хулоса бериш учун зарур фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимлар талаб этадиган масалалар юзасидан хулоса бериш учун маъмурий орган экспертиза тайинлаши мумкин

Экспертларни тайинлашда ҳамда экспертлар томонидан тушунтириш берилиши лозим бўлган масалалар доирасини аниқлашда маъмурий иш юритишнинг барча иштирокчиларининг фикри инобатга олинади.

Эксперт экспертиза предметига оид маъмурий иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш, маъмурий иш юритишда иштирок этувчи шахсларга ва гувоҳларга саволлар бериш, жойида кўздан кечиришда, аттестация-имтиҳон тадбирларида ҳамда эксперт баҳолашидан ўтказишга қаратилган бошқа ҳаракатларда иштирок этиш, ҳуқуқига эга. Агар экспертга тақдим этилган материаллар экспертиза ўтказиш учун етарли бўлмаса ёки эксперт ўзига юклатилган мажбуриятни бажариш учун зарур билимларга эга бўлмаса, эксперт хулоса беришни рад этиши мумкин.

Эксперт ўз текширишларининг натижалари бўйича хулоса тақдим этади. Маъмурий органнинг ёки маъмурий иш юритишнинг бошқа иштирокчиларининг талабига кўра эксперт ўз хулосаси бўйича қўшимча тушунтиришлар бериши лозим.

29-модда. Маъмурий иш юритишда мутахассис ва таржимон

Мутахассис далилларни аниқлаш ва мустаҳкамлашда маъмурий органга ёрдам бериш ёки фикр шаклида тушунтириш бериш учун маъмурий иш юритишга жалб қилинади. Агар мутахассис зарурий билим ва кўникмаларга эга бўлмаса,
у маъмурий иш юритишда иштирок этишдан бош тортишга ҳақлидир.

Таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни, шунингдек кар-соқовларнинг имо-ишораларини биладиган шахс таржимон ҳисобланади.

30-модда. Маъмурий иш юритишда иштирок этишни истисно қилувчи ҳолатлар

Маъмурий органнинг мансабдор шахси маъмурий орган номидан маъмурий иш юритишда иштирок этишга ҳақли эмас, агар у:

ушбу маъмурий иш юритишда манфаатдор шахс бўлса;

маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаадор шахслардан бири билан қариндошлик ёки қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик муносабатида бўлса;

маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаадор шахслардан бирининг вакили бўлса ёки аввал шундай мақомда худди шу маъмурий иш юритишда иштирок этган бўлса;

маъмурий ишни ҳал этишга ёрдам берувчи шахс сифатида ушбу маъмурий иш юритишда иштирок этаётган ёки аввал иштирок этган бўлса;

бошқача тарзда шахсан, бевосита ёки билвосита маъмурий ишни ҳал этиш натижасидан манфаатдор бўлган бўлса, ёки унинг ҳолислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Маъмурий ишни ҳал этишга ёрдам берувчи шахсларни рад қилиш ҳақида ариза бериш ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва олтинчи хатбошиларига мувофиқ, шунингдек ушбу шахсларнинг мазкур маъмурий иш ҳолатлари бўйича аввал хулоса берганлиги ёки уларниинг маъмурий ишни кўриб чиқаётган маъмурий органнинг мансабдор шахсига, маъмурий иш юритишнинг бошқа иштирокчилари ёки уларнинг вакилларига хизмат юзасидан ёхуд бошқача тарзда боғлиқ бўлганлиги асосида амалга оширилиши мумкин.

31-модда. Рад қилиш

Маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслар, ушбу Қонуннинг 30-моддасида назарда тутилган асослардан бири мавжуд бўлган ҳолда, маъмурий органнинг мансабдор шахси ва маъмурий ишни ҳал этишга ёрдам бераётган шахсларни рад қилиш ҳақида ёзма шаклда ариза беришга ҳақлидирлар.

Рад қилиш асослантирилган бўлиши ҳамда бу ҳақида маъмурий ҳужжат қабул қилингунга қадар маъмурий иш юритишнинг исталган босқичида ариза берилиши мумкин.

Рад қилиш ҳақида ариза рад қилинаётган маъмурий орган мансабдор шахсига ёки, агар маъмурий иш юритиш коллегиал орган томонидан амалга оширилаётган бўлса, коллегиал орган раисига берилади. Рад қилиш ҳақида аризани қабул қилган маъмурий органнинг мансабдор шахси бир иш куни ичида маъмурий ишни кўриб чиқишни тўхтатиши ҳамда рад қилиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун рад қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган шахсга бериши лозим.

Рад қилиш ҳақида ариза бўйича қарор рад қилиш хақида ариза берилган мансадор шахснинг бевосита раҳбари томонидан, агар рад қилиш ҳақида ариза маъмурий органнинг мансабдор шахсига берилган бўлса, юқори турувчи орган ёки бошқа ваколатли орган томонидан қабул қилинади.

Маъмурий иш юритиш коллегиал орган томонидан амалга оширилаётган бўлса, рад қилиш ҳақида ариза бўйича қарор ушбу орган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш юзасидан овоз беришда коллегиал органнинг рад қилиш ҳақида ариза берилган аъзоси иштирок этмайди. Агар рад қилиш ҳақида ариза коллегиал органнинг бутун таркибига берилган бўлса, рад қилиш ҳақида қарор худди шу орган томонидан тўлиқ таркибда оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Маъмурий ишни ҳал этишга ёрдам бераётган шахсларни рад қилиш ҳақида ариза маъмурий иш юритишни амалга ошираётган ҳамда ушбу ариза бўйича тегишли қарор қабул қиладиган маъмурий органнинг мансабдор шахсига берилади.

Рад қилиш ҳақида қарор рад қилиш ҳақида ариза берилган вақтдан бошлаб бир иш кунидан кечикмасдан қабул қилиниши лозим.

Маъмурий ишни кўриб чиқаётган маъмурий органнинг мансабдор шахсини, коллегиал орган аъзосини ёки коллегиал органнинг бутун таркибини рад қилиш ҳақида ариза қаноатлантирилган тақдирда, бир вақтнинг ўзида ушбу маъмурий ишни кўриб чиқишга ваколатли бўлган шахс (коллегиал орган) тайинланади.

Ушбу Қонуннинг 30-моддасида назарда тутилган асослардан бири мавжуд бўлса, маъмурий органнинг мансабдор шахси, шунингдек маъмурий ишни ҳал этишга ёрдам бераётган шахслар ўзини ўзи рад қилиш ҳақида ариза беришлари шарт.

32-модда. Маъмурий ҳаракат

Маъмурий ҳаракат маъмурий тартиб-таомилларнинг принципларига мувофиқ бўлиши лозим.

Маъмурий ҳаракатларни амалга оширишда маъмурий орган қонун ҳужжатларининг нормаларига, қонун ҳужжатларида тартибга солинмаган масалалар бўйича эса ушбу Қонуннинг 4-бобининг тегишли қоидаларига риоя қилишлари лозим.

33-модда. Тегишли тарзда хабардор қилиш

Хабарни топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юбориш ёки уни тилхат олиб топшириш, ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилиш маъмурий иш юритишда тегишли тарзда хабардор қилиш бўлиб ҳисобланади. Тегишли хабарни манфаатдор шахс томонидан олиш вақти хабардор қилиш вақти бўлади.

Манфаатдор шахслар маъмурий иш юритиш давомида ўз манзилларининг ўзгарганлиги ҳақида маъмурий органга маълум қилишлари шарт. Бундай маълумот берилмаган тақдирда хабарлар маъмурий органга маълум бўлган охирги манзилга юборилиб, етказиб берилган деб ҳисобланади.

Агар манфаатдор шахслар телефонлари ва факслари рақамларини, электрон манзилини маъмурий органга маълум қилган бўлсалар, улар маъмурий иш юритиш давомида бу маълумотлар ўзгарганлиги ҳақида маъмурий органни ёзма шаклда ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилишлари керак.

Манфаатдор шахсга тилхат олиб шахсан топширишнинг имкони бўлмаган тақдирда хабар у билан бирга яшайдиган вояга етган оила аъзоларидан бирига ёки бундай шахслар мавжуд бўлмаса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёки манфаатдор шахснинг иш берувчисига (ўқув муассасаси маъмуриятига) тилхат олиб топширилиши мумкин. Хабарни қабул қилган шахс имконият бўлиши билан уни дарҳол манфаатдр шахсга топшириши лозим.

Хабарни қабул қилишни рад этган шахс тегишли тарзда хабардор қилинган ҳисобланади. Рад этиш хабарга белги қўйиш орқали расмийлаштирилади ҳамда хабар маъмурий органга қайтарилади. Манфаатдор шахснинг хабарни қабул қилишни рад этиши ҳақидаги белги ўзини ўзи бошқариш органи ёки манфаатдор шахснинг иш берувчисининг (ўқув муассасаси маъмуриятининг мансабдор шахсининг) ёхуд иккитадан кам бўлмаган фуқаронинг имзоси билан тасдиқланади.

Маъмурий орган тегишли тарзда хабардор қилиш фактини исботлаш мажбуриятига эга.

34-модда. Маъмурий иш юритишда далиллар

Маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган амалдаги ҳолатлар тўғрисидаги исталган маълумотлар маъмурий иш юритишда далиллар бўлиб ҳисобланади.

Маъмурий органнинг маъмурий ишни кўриб чиқаётган мансабдор шахси мазкур ишни ҳолисона, ҳар томонлама ва тўғри кўриб чиқиш учун зарур бўлган далиллар йиғишни амалга оширади.

Маъмурий орган маъмурий иш юритишнинг иштирокчилари томонидан далиллар сифатида тақдим этиладиган ҳужжатлар шаклига нисбатан талаблар қўйишга ҳақли эмас, ҳужжатлар шакли қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

35-модда. Далилларга баҳо бериш

Маъмурий орган фақатгина маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган далилларнигина кўриб чиқишга қабул қилади.

Маъмурий орган ҳар бир далилни ишончлилик, даҳлдорлик ва мақбуллук нуқтаи назаридан ҳамда далилларнинг ҳаммасини етарли даражада тўпланганлиги бўйича баҳолайди.

Қонун бўйича муайян исботлаш воситалари билан тасдиқланиши лозим бўлган ҳолатларни бошқа ҳеч қандай воситалар билан тасдиқлаш мумкин эмас.

36-моддаси. Маъмурий иш юритиш муддатлари

Агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий орган мумкин қадар қисқа муддатларда, аммо ариза маъмурий органда рўйхатга олинган кундан бошлаб ўттиз иш кунидан кам бўлмаган муддатда маъмурий ишни кўриб чиқади ҳамда маъмурий ҳужжатни қабул қилади.

Маъмурий орган ташаббуси билан маъмурий ҳужжатларни қабул қилишнинг энг кўп муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда маъмурий иш юритиш муддати маъмурий орган томонидан узайтирилиши мумкин.

Маъмурий иш юритиш муддатининг ўтиши ариза маъмурий органда рўйхатга олинган кундан бошланади, маъмурий ҳужжат маъмурий орган ташаббуси билан қабул қилинадиган тақдирда, ушбу муддатнинг ўтиши адресат маъмурий иш юритиш бошланганлиги ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кундан бошланади.

Агар ариза ваколатли маъмурий органга ўтказиб юборилган бўлса, маъмурий иш юритиш муддатининг ўтиши маъмурий иш тегишли ваколатли органга келиб тушиб, рўйхатга олинган кундан бошланади.

Маъмурий иш юритиш муддатлари кунлар, ойлар ва йиллар билан ҳисобланади.

Агар маъмурий иш юритиш муддати дам олиш (байрам) кунида тамом бўлса, шу кундан кейинги иш куни муддатнинг тугаш куни ҳисобланади.

37-модда. Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш

Маъмурий орган маъмурий иш юритишни қуйидаги ҳолларда тўхтатиб туришга ҳақли:

маъмурий ишни фуқаровий, хўжалик, маъмурий ёки жиноят
суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан қарор қабул қилингунга қадар кўриш мумкин бўлмаганда;

маъмурий иш юритишда иштирок этаётган жисмоний шахс вафот этганда, агар ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилса, ёки маъмурий иш юритишда иштирок этаётган юридик шахс қайта ташкил этилганда;

хатоларни тўғирлаш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имконияти тақдим этилганда;

манфаатдор шахсларнинг узрли сабабларга кўра келмаганлиги, агар уларнинг иштироки маъмурий иш юритишни ниҳоясига етказиш учун зарур бўлса;

манфаатдор шахсларнинг талабига кўра маъмурий орган томонидан экспертиза тайинланганлиги.

Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги хабар манфаатдор шахсларга бир иш куни ичида юборилади. Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги хабар процессуал ҳужжат ҳисобланади.

Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш маъмурий иш юритиш муддатлари ўтишининг тўхташига олиб келади.

38-модда. Маъмурий иш юритишни тиклаш

Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар бартараф қилингач, маъмурий иш юритиш тикланади. Маъмурий иш юритишни тиклаш ҳақидаги хабар манфаатдор шахсларга бир иш куни ичида юборилади.

Маъмурий иш юритиш тикланган кундан бошлаб маъмурий иш юритиш муддатларининг ўтиши давом этади.

39-модда. Маъмурий иш юритишни тугатиш

Маъмурий орган қуйидаги ҳолларда маъмурий иш юритишни тугатиши шарт:

маъмурий иш маъмурий органда кўриш учун тегишли бўлмаса;

маъмурий иш юритишнинг айни бир иштирокчилари ўртасида, айни бир предмет бўйича ва айни бир асослар бўйича маъмурий иш юқори турувчи маъмурий орган ёки суд иш юритувида бўлса;

маъмурий иш ваколатли маъмурий органга ўтказиб юборилган бўлса ёки маъмурий иш юритишнинг айни бир иштирокчилари ўртасида, айни бир предмет бўйича ва айни бир асослар бўйича маъмурий иш мазкурни ишни ҳал қилишга ваколатли бўлган бошқа маъмурий орган юритувида бўлса;

ушбу маъмурий органнинг маъмурий иш юритишнинг айни бир иштирокчилари ўртасида, айни бир предмет бўйича ва айни бир асослар бўйича маъмурий иш юзасидан маъмурий ҳужжати қабул қилинган бўлса;

ариза ёки маъмурий шикоят уни тақдим этган шахс томонидан қайтариб олинса;

маъмурий иш юритиш иштирокчисининг ҳуқуқий мақоми (ҳуқуқий ҳолати) ўзгариши натижасида маъмурий иш бўйича маъмурий ҳужжат қабул қилиш мумкин бўлмаса;

маъмурий иш юритишни ниҳоясига етказиш учун иштироки зарур бўлган манфаатдор шахслар узрсиз сабабларга кўра келмаса;

манфаатдор шахс йўқ бўлса ҳамда ушбу ҳолатда ишда иштирок этувчи жисмоний шахснинг вафот этиши ёки юридик шахснинг тугатилиши натижасида ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилмаса.

Маъмурий иш юритишни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа асосларга кўра ҳам тугатиш мумкин.

Маъмурий иш юритишни тугатиш процессуал ҳужжат билан расмийлаштирилади.

Маъмурий иш юритишни тугатиш ҳақидаги хабар манфаатдор шахсларга бир иш куни ичида юборилади.

40-модда. Маъмурий ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар

Маъмурий ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар маъмурий иш юритишни амалга оширувчи маъмурий орган зиммасига тушади.

Маъмурий иш юритишда қўшимча ҳаракатларни амалга оширишни тўлаш, шунингдек маъмурий ишни ҳал қилишга ёрдам берувчи шахсларнинг иштирок этиши билан боғлиқ харажатлар ушбу ҳаракатларни амалга оширишни талаб қилган маъмурий иш юритиш иштирокчиси зиммасига тушади.

Маъмурий органларга берилган аризалардан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда ва миқдорларда давлат божи ёки йиғим унидирилиши мумкин. Йиғим миқдори маъмурий ишни кўриб чиқишда маъмурий органнинг қилган харажатлари доирасида белгиланади.

Маъмурий шикоятлар учун давлат божи ва йиғим ундирилмайди.

3-боб. Маъмурий иш юритиш

41-модда. Маъмурий ишни бошлаш учун асослар

Манфаатдор шахснинг аризаси (шикояти) ёки маъмурий органнинг ташаббуси маъмурий ишни бошлаш учун асос бўлади.

Маъмурий иш юритиш ариза маъмурий органда рўйхатга олингандан вақтдан бошланган ҳисобланади.

Агар маъмурий ишни бошлаш учун маъмурий органнинг ташаббуси асос бўлса, маъмурий иш юритиш адресат тегишли тарзда хабардор қилинган вақтдан бошланган ҳисобланади.

42-модда. Аризанинг мазмуни ва унга қўйилган талаблар

Маъмурий органга бериладиган ариза қуйидаги маълумотларга
эга бўлиши лозим:

1) ариза берилаётган маъмурий органнинг номи;

2) аризачининг – жимоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг яшаш жойи, агар аризачи юридик шахс бўлса – унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), шунингдек агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва унинг яшяш жойи;

3) аризачининг талаби;

4) аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати (агар бундай ҳужжатлар мавжуд бўлса);

5) ариза берилган сана.

Ариза аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг нусхаси илова қилиниши лозим.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа жисмоний
ва юридик шахсларнинг манфаатларида берилган аризада ушбу моддада кўрсатилган маълумотлардан ташқари манфаати ҳимоя қилинаётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг манзили (почта манзили) ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборот кўрсатилиши лозим.

Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларга нисбатан қонун ҳужжатларида бошқа талаблар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Маъмурий орган аризачидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ахборот ёки ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш, шунингдек ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган талаблар қўйишга ҳақли эмас.

Электрон шаклда бериладиган аризаларда аризачининг электрон манзили ҳамда ягона идентификатори, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда электрон рақамли имзо ва бошқа реквизитлар кўрсатилиши лозим.

Аризада электрон манзилнинг кўрсатилиши аризачининг хабарларни ахборот тизими орқали қабул қилишга розилиги ҳисобланади.

Жисмоний ва юридик шахслар аризаларни оғзаки шаклда беришга ҳақлидирлар, қонун ҳужжатларида тўғридан тўғри тақиқланган ҳолатлар бундан мустасно.

43-модда. Аризани рўйхатдан ўтказиш

Маъмурий органга келиб тушган ариза ўша куниёқ рўйхатдан ўтказилиши лозим. Маъмурий орган аризачига ариза рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (белги) бериши, ариза электрон кўринишда берилган ҳолда, ариза берилганлигини электрон хабар, маъмурий органнинг расмий веб-сайтидаги тегишли ёзувга ҳавола ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа усул билан тасдиқлаши шарт.

Маъмурий органда аризани рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

44-модда. Маъмурий органга ариза бериш учун зарур ахборотни тақдим этиш

Маъмурий органга ариза бериш учун зарур ахборот маъмурий органнинг мансабдор шахси ёки ваколатига уни тақдим этиш киритилган бошқа ходими томонидан тақдим этилади.

Маълумотнома тарзидаги ахборот қоида тариқасида:

ариза шакли;

ариза мазмуни;

ариза бериш учун зарур ҳужжатлар рўйхати;

аризанинг шакли ва мазмунига қўйилган талабларни бузиш оқибатлари;

ҳужжатларни қабул қилиш ва бериш вақти;

аризани кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби;

маъмурий ва процессуал ҳужжатлар ва ҳаракатлар устидан шикоят қилиш тартибига оид масалалар юзасидан тақдим этилади.

Маъмурий орган аризаларнинг намуналари ҳамда маъмурий иш юритиш билан боғлиқ бўлган формулярлар (бланклар), шунингдек уларни, жумладан маъмурий органнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш йўли билан тўлдириш бўйича йўриқномалардан фойдаланишни таъминлаши шарт.

Маъмурий орган аризачига қонунчиликка мувофиқ ёрдам кўсатиши шарт.

45-модда. Аризачи томонидан хатоларни бартараф этиш ҳамда етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш

Агар аризада тўғирлаш мумкин бўлган хатолар мавжуд бўлса, маъмурий орган уларни тўғирлаш учун имконият ва муддат беради.

Агар аризага иловада қонунчилик томонидан талаб қилинадиган ёки аризачи ҳавола қилаётган, уларсиз маъмурий ҳужжатни қабул қилиш мумкин бўлмаган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, маъмурий орган аризачига бунинг учун муддат белгилаган ҳолда етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятини бериши лозим.

Хатоларни тўғирлаш ҳамда етишмайдиган ҳужжатларни тақдим этиш учун маъмурий орган томонидан белгиланадиган муддат, агар қонунчиликда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, беш кундан кам бўлмаслиги лозим. Аризачининг талабига мувофиқ маъмурий орган ушбу муддатни беш иш кунидан кам бўлмаган муддатга узайтириши керак.

Маъмурий иш юритиш муддати хатоларни тўғирлаш ҳамда етишмайдиган ҳужжатларни тақдим этиш вақтида тўхтатиб турилади.

46-модда. Аризани ваколатли маъмурий органга йўллаш

Талаб қилинаётган маъмурий ҳужжатни қабул қилиш ваколатига кирмайдиган маъмурий органга келиб тушган ариза, 5 кундан кечикмасдан,

бу ҳақида аризачага хабар берган ҳолда қонунчиликка мувофиқ ваколатли бўлган маъмурий органга юборилади.

47-модда. Маъмурий орган йиғилишида маъмурий ишни кўриб чиқиш

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда маъмурий иш маъмурий орган йиғилишида (кейинги ўринларда – йиғилиш) кўриб чиқилиши лозим.

Маъмурий иш маъмурий органнинг ташаббуси ёки манфаатдор шахснинг талаби бўйича ҳам йиғилишда кўриб чиқилиши мумкин

48-модда. Йиғилиш баённомаси

Маъмурий ишни йиғилишда кўриб чиқиш давомида мажбурий тартибда баённома юритилади.

Йиғилиш баённомаси маъмурий ишни кўриб чиқишнинг барча муҳим ҳолатларини акс эттириши лозим. Йиғилиш баённомасида, хусусан:

1) йиғилиш санаси ва жойи;

2) йиғилишнинг бошланиш ва тугаш вақти, йиғилишдаги танаффуслар ҳақида маълумот;

3) маъмурий органнинг номи, маъмурий орган мансабдор шахсининг фамилияси, исми, отасининг исми ёки маъмурий ишни кўриб чиқаётган коллегиал органнинг таркиби ва йиғилиш котиби;

4) адресат – жисмоний шахснинг номи фамилияси, исми, отасининг исми, унинг яшаш жойи, агар адресат юридик шахс бўлса – унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), агар иш юритувида вакил иштирок этаётган бўлса, унинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва унинг манзили, шунингдек маъмурий иш юритувида иштирок этувчи учинчи шахслар ҳақида маълумот;

5) маъмурий иш юритувида иштирок этувчи шахсларнинг келганлиги ҳақидаги маълумотлар;

6) маъмурий иш юритувида иштирок этувчи шахсларнинг келмаслигининг хабарлари ва сабаблари ҳақидаги маълумотлар;

7) маъмурий иш юритувида иштирок этувчи манфаатдор шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги ҳақидаги маълумотлар;

8) маъмурий орган мансабдор шахсининг ёки маъмурий ишни кўриб чиқаётган коллегиал органнинг ушбу ишни кўриб чиқиш давомида қабул қиладиган процессуал ҳужжатлари;

9) маъмурий иш юритувида иштирок этувчи манфаатдор шахсларнинг ариза ва талаблари ҳамда уларни кўриб чиқишнинг натижалари;

10) тақдим этилган далиллар, экспертларнинг ёзма хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари ва ҳ.к.;

11) иш юритувида иштирок этувчи манфаатдор шахсларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертларнинг ўз ҳулосалари юзасидан оғзаки тушунтиришлари, мутахассисларнинг фикрлари, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш маълумотлари.

Маъмурий иш юритувида иштирок этувчи манфаатдор шахслар улар муҳим деб ҳисоблайдиган ҳолатларни йиғилиш баённомасига киритишни талаб қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Маъмурий иш якка тартибида кўриб чиқилганда йиғилиш баённомаси маъмурий органнинг ишни кўриб чиқаётган мансабдор шахси ҳамда йиғилиш котиби томонидан имзоланади. Маъмурий иш коллегиал орган томонидан кўриб чиқилган ҳолда баённома раислик қилувчи ҳамда йиғилиш котиби томонидан имзоланади.

49-модда. Маъмурий ишни йиғилишда кўриб чиқишни кейинга қолдириш

Маъмурий ишни кўриб чиқишни кейинга қолдиришнинг асослари қуйидагилар ҳисобланади:

тегишли тарзда хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаган манфаатдор шахслардан бирининг йиғилишга келмаслиги;

маъмурий органнинг маъмурий ишни кўриб чиқишга ваколатли мансабдор шахсини рад қилиш ҳақидаги аризани қаноатлантириш ёки унинг йўқлиги;

маъмурий ишда иштирок этувчи манфаатдор шахсларнинг келмаганлиги, агар уларсиз маъмурий ишни кўриб чиқишнинг имкони бўлмаса.

Агар манфаатдор шахслар йиғилиш вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган ҳамда маъмурий орган томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра келмаган бўлса, маъмурий ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилиши мумкин.

Агар маъмурий орган йиғилишга келмасликнинг сабабларини узрсиз деб топса ёки манфаатдор шахс маъмурий ишни кўриб чиқишни қасддан чўзаётган деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлса, маъмурий орган маъмурий ишни тегишли тарзда хабардор қилинган манфаатдор шахснинг йўқлигида кўриб чиқиши мумкин.

Манфаатдор шахслар маъмурий ишнинг улар йўқлигида кўриб чиқилишини талаб қилишга ҳақли.

Маъмурий орган маъмурий ишни кўриб чиқишни кейинга қолдиришда кейинги йиғилишнинг вақтини ва жойини тайинлайди ҳамда бу ҳақда ҳозир бўлган шахсларга эълон қилиб, уларнинг имзосини қўйдириб олади. Йиғилишга келмаган ҳамда маъмурий ишни кўриб чиқишга янгидан жалб қилинадиган шахслар кейинги йиғилиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади.

50-модда. Маъмурий ишни йиғилишда кўриб чиқиш тартиби

Маъмурий ишни кўриб чиқиш маъмурий органнинг мансабдор шахси томонидан, агар маъмурий иш коллегиал органда кўрилаётан бўлса, раислик қилувчи томонидан очилади. Шундан сўнг маъмурий иш юритиш иштирокчиларининг оғзаки тушунтиришлари тингланади.

Маъмурий иш юритиш иштирокчилари бир бирларига саволлар беришлари мумкин.

Маъмурий иш юритиш иштирокчиларининг оғзаки тушунтиришлари тинглангандан сўнг, маъмурий орган маъмурий ишни ҳал қилишга ёрдам берувчи шахсларнинг тушунтиришларини тинглашга ҳамда бошқа далилларни текширишга ўтади.

Маъмурий иш юритиш иштирокчиларининг, шунингдек маъмурий ишни ҳал қилишга ёрдам берувчи шахсларнинг ёзма тушунтиришлари йиғилишди ўқиб эшиттирилиши лозим.

Маъмурий ишда иштирок этувчи манфаатдор шахсларнинг талаблари маъмурий иш юритишнинг бошқа иштирокчилари тинглангандан кейин кўриб чиқилади.

51-модда. Йиғилишда кўриб чиқилган маъмурий иш бўйича маъмурий ҳужжат қабул қилиш

Маъмурий органнинг мансабдор шахси ёки коллегиал орган маъмурий ишни йиғилишда кўриб чиқиш натижалари бўйича маъмурий ҳужжат қабул қилади.

Маъмурий ҳужжатни қабул қилиш коллегиал орган ёки маъмурий органнинг бошқа мансабдор шахслари томонидан маъмурий ишни кўриб чиқиш натижалари асосида қабул қилинган ҳолда, бундай кўриб чиқиш ушбу Қонуннинг талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.

4-боб. Маъмурий ҳужжат

52-модда. Маъмурий ҳужжатнинг шакли

Маъмурий ҳужжат ёзма шаклда қабул қилинади. Қонунчилик томонидан маъмурий ҳужжатни бошқа шаклда, жумладан бошқа тегишли ҳужжат бериш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан қабул қилиш назарда тутилиши мумкин.

Ёзма маъмурий ҳужжат маъмурий органнинг ваколатли мансабдор шахси ёки коллегиал орган аъзолари томонидан имзоланади ҳамда маъмурий органнинг муҳри билан тасдиқланади.

53-модда. Маъмурий ҳужжатнинг мазмуни

Маъмурий ҳужжат қонуний, асосланган, адолатли ва тушунарли бўлиши лозим.

Маъмурий ҳужжат қуйидагиларкўрсатилиши лозим:

1) маъмурий ҳужжатнинг номи ва қабул қилинган санаси;

2) маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий органнинг номи
ва жойлашган ери (почта манзили);

3) маъмурий иш юритиш иштирокчилари тўғрисида ахборот;

4) маъмурий ҳужжат орқали ҳал қилинадиган масаланинг баёни (баён қисми);

5) маъмурий ҳужжатнинг асоси (асослантирувчи қисм);

6) қабул қилинган қарор баёни (хулоса қисми);

7) маъмурий ҳужжат устидан шикоят қилиш муддати ва тартиби;

8) маъмурий ҳужжатни қабул қилган мансабдор шахснинг (коллегиал органнинг аъзоларининг) лавозими, исми ва фамилияси.

Маъмурий ихтиёрийлик асосида қабул қилинган маъмурий ҳужжатда:

муайян ҳуқуқ ёки мажбуриятнинг кучга кириш ҳамда кучини йўқотиш вақти ёки амал қилиш муддати;

муайян ҳодисага ёки келажакда ҳуқуқ ёки мажбуриятнинг кучга кириши ёхуд кучини йўқотиши билан боғлиқ бўлган шартга кўрсатма;

маъмурий органда маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки келгусида қўшимча фармойишлар бериш ҳуқуқининг сақланиши ҳақида изоҳ;

адресатга муайян ҳаракатларни содир этиш, содир этишга йўл қўйиш ёки содир этишдан тийилишн тўғрисида кўрсатма берувчи қўшимча фармойишлар назарда тутилиши мумкин.

54-модда. Маъмурий ҳужжатнинг асослантирилганлиги

Маъмурий ҳужжатнинг асослантирувчи қисмида маъмурий ҳужжатни қабул қилишнинг барча фактик ва юридик асослари келтирилиши лозим.

Маъмурий ҳужжатни асослантиришда маъмурий орган текширилмаган ёки маъмурий ишга қўшиб қўйилмаган ёхуд маъмурий иш юритиш иштирокчиларига танишиш имконияти берилмаган далилларга ҳавола қилишга ҳақли эмас. Агар маъмурий ҳужжатни қабул қилишда маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликка эга бўлса, маъмурий ҳужжатнинг асослантирувчи қисмида у ёки бу ҳолатда маъмурий ихтиёрийликка таянишни ёки ундан воз кечишни асословчи барча баҳолар, важлар ва мулоҳазалар баён қилиниши лозим. Айни пайтда маъмурий орган у томонидан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қабул қилиниши маъмурий тартиб-таомилларнинг принципларига мос келишини асослаши лозим.

55-модда. Маъмурий ҳужжатнинг кучга кириши

Маъмурий ҳужжат адресат тегишли тарзда хабардор қилинган вақтдан эътиборан кучга киради.

Агар қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳужжат ҳақида адресатнинг тегишли тарзда хабардор қилиниши ушбу Қонуннинг
33-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда маъмурий ҳужжатнинг манфаатдор шахсларга расмий эълон қилиниши ҳам тегишли тарзда хабардор қилиш бўлиб ҳисобланади.

Агар қонун ҳужжатларига мувофиқ адресатга фақат тегишли ҳужжат берилиши керак бўлса, ҳужжатнинг берилиши маъмурий ҳужжат ҳақида тегишли тарзда хабардор қилишга тенглаштирилади.

Агар маъмурий ҳужжат расмий эълон қилиниши керак бўлса, қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

56-модда. Маъмурий ҳужжатни тушунтириш ва уни тузатиш

Маъмурий орган манфаатдор шахснинг аризасига кўра маъмурий ҳужжатни унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтириб бериши, шунингдек
ўз ташаббуси ёки манфаатдор шахснинг аризасига асосан йўл қўйилган ёзувдаги хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни, ҳал қилув қарорининг моҳиятига тегмаган ҳолда, тузатиши шарт.

57-модда. Тегишли ҳужжат ва унинг дубликатини бериш

Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда тегишли ҳужжат берилиши учун йиғим олиниши мумкин.

Маъмурий ҳужжат асосида берилган ҳужжатларни тўхтатиб туриш, янгилаш ва қайта расмийлаштириш тартиби қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Берилган ҳужжат йўқолган ёки яроқсиз бўлиб қолган тақдирда, мансабдор шахснинг аризасига кўра қонун ҳужжатларида белгилаган тартибда унга янги ҳужжат ёки унинг дубликати берилади.

Маъмурий орган ҳужжатни ёки унинг дубликатини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилган кундан эътиборан, беш иш кунидан кам бўлмаган муддатда янги ҳужжат ёки ҳужжат дубликатини бериши (юбориши) шарт, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатнинг дубликатини бериш учун йиғим маъмурий орган томонидан ҳужжатнинг дубликатини бериш ҳақидаги аризани одатдаги тартибда кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдорининг ярмидан кўп бўлмаслиги лозим.

Янги ҳужжат ёки дубликат бериш учун йиғим миқдори ушбу ҳаракатни амалга оширишда кетган харажатлардан ортиқ бўлмаслиги лозим.

58-модда. Маъмурий ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш

Маъмурий ҳужжатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

1) мумаъмурий ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугаши билан, агар маъмурий ҳужжатга нисбатан шундай муддат белгиланган бўлса;

2) маъмурий ҳужжатнинг амал қилиши тугатилиши билан боғлиқ шартнинг юз бериши натижасида;

3) маъмурий ҳужжат бекор қилинса;

4) тартибга солиш предметининг йўқ бўлиши муносабати билан.

Маъмурий ҳужжатнинг амал қилиш муддатининг тугатилиши унинг асосида берилган ҳужжатлар амал қилишининг тугатилишига сабаб бўлади.

59-модда. Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш
ёки ҳақиқий эмас деб топиш

Маъмурий ҳужжат манфаатдор шахснинг аризаси ёки шикоятига асосан маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган, юқори турувчи маъмурий орган, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга мувофиқлаштириш билан боғлиқ зарурат юзасидан, ижтимоий манфаатларга бўлган хавфнинг олдини олиш мақсадида, маъмурий ҳужжатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда маъмурий орган ўз ташаббусига кўра ўзи қабул қилган маъмурий ҳужжатни бекор қилиши ёки ўзгартиришга ҳақли.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда маъмурий ҳужжатлар фақат суд тартибида бекор қилиниши ва ўзгартирилиши мумкин.

Маъмурий ҳужжат қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, у маъмурий орган томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши керак бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади.

Агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида қабул қилинган мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжат томонидан тақдим этилган наф ва афзалликлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши керак.

Манфаатдор шахснинг ишончи қуйидаги ҳолларда ҳимоя қилинмайди:

манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат билан боғлиқ бўлган қўшимча мажбуриятларини бажармаган бўлса;

манфаатдор шахс унга маъмурий ҳужжат асосида тақдим этилган пул маблағлари, ашё ёки ҳуқуқдан мақсадли фойдаланмаган бўлча;

манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг ҳуқуққа хилофлигини билган ёки ўз айбига кўра билмаган бўлса;

маъмурий ҳужжат ёлғон, таҳдид ёки маъмурий органга бошқа ҳуқуққа хилоф таъсир ўтказиш орқали қабул қилинган бўлса;

қонун манфаатдор шахсларнинг ишончини ҳисобга олмаган ҳолда маъмурий ҳужжатни бекор қилишни талаб этса.

Агар қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, ушбу модда олтинчи қисмининг иккинчи-бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда, ҳуқуққа хилоф маъмурий ҳужжат орқага қайтиш кучи орқали, яъни уни бекор қилинган деб ҳисоблашнинг аниқ вақтини белгилаш ёки уни қабул қилинган вақтдан бошлаб бутунлай бекор қилинган деб топиш йўли билан бекор қилиш мумкин.

Манфаатдор шахснинг ишончидан қатъий назар, ҳуқуққа хилоф деб топилган маъмурий ҳужжат, агар унинг кучда қолиши ижтимоий манфаатларга таҳдид солаётган бўлса, маъмурий орган томонидан бекор қилиниши мумкин.

Манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониш сабабли келиб чиққан ёки муқаррар бўлган зарар қопланади.

Мулкий зарарни қоплаш маъмурий ҳужжат мазмунига кўра манфаатдор шахс олиши керак бўлган фойда миқдоридан ортиқ бўлмаслиги лозим. Мулкий зарарни қоплаш ҳақидаги талаб манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат бекор қилинганлиги тўғрисида хабардор қилинган вақтдан эътиборан бир йил давомида келтирилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган маъмурий ҳужжат қуйидаги ҳолларда маъмурий орган томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин:

қонун талабларига мувофиқ ёки бундай имконият бевосита маъмурий ҳужжатда назарда тутилган бўлса;

агар кейинчалик ўзгарган амалдаги ҳолатлар натижасида ёки қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар асосида ижтимоий манфаатларга зарар етишининг олдини олиш мақсадида маъмурий ҳужжатни бекор қилиш зарурати келиб чиқса;

агар маъмурий ҳужжат қўшимча мажбуриятлар билан боғлиқ бўлган ҳамда манфаатдор шахс уларни бажармаган бўлса;

агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат асосида унга берилган пул маблағлари, ашё ёки ҳуқуқдан мақсадли фойдаланмаётган бўлса;

агар маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш у йўлланган манфаатдор шахс фойдасига амалга оширилса ҳамда бунда бошқа манфаатдор шахсларга қийинчилик туғилмаса.

Маъмурий ҳужжатни тегишли асосларда бекор қилиш ёки ўзгартиришга, агар шундай мазмундаги ҳужжатни қайта қабул қилиш учун бошқа асослар мавжуд бўлса, йўл қўйилмайди.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган маъмурий ҳужжат фақат ушбу модданинг ўнинчи қисмининг иккинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳоллардагина, орқага қайтиш кучи орқали, яъни уни бекор қилинган деб ҳисоблашнинг аниқ вақтини белгилаш йўли билан бекор қилиниши мумкин.

Маъмурий ҳужжат ушбу модда ўнинчи қисмининг учинчи хатбошиси асосида бекор қилинган ҳолларда, манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши кераклиги сабабли, маъмурий орган аризага кўра манфаатдор шахсга етказилган мулкий зарарни қоплаши шарт.

Аввал қабул қилинган маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақидаги маъмурий ҳужжатни қабул қилишда, ваколатли маъмурий орган бекор қилинаётган ёки ўзгартирилаётган маъмурий ҳужжатнинг қайси қисми ва қайси вақтдан эътиборан кучини йўқотишини белгилаши лозим.

Маъмурий ҳужжат қонунда белгиланган тартибда суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

60-модда. Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш тартиб-таомили

Маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахс фойдасига бекор қилиш йиғилиш ўтказмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахснинг манфаатларига зид ҳолда бекор қилиш, агар қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, уни йиғилишда қайта кўриб чиқиш орқали амалга оширилади.

Агар маъмурий ҳужжатни бекор қилиш бир манфаатдор шахс фойдасига, аммо бошқа бир манфаатдор шахснинг манфаатларига зид ҳолда амалга оширилаётган бўлса, бунда маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахснинг манфаатларига зид ҳолда бекор қилишни тартибга соладиган қоидалар қўлланилади.

61-модда. Маъмурий ҳужжат бекор қилинганда ҳужжатлар, ашёлар
ва пул маблағларини қайтариш

Агар қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳужжат бекор қилинган тақдирда, унинг асосида берилган ҳужжатлар, ашёлар ва пул маблағлари, уларга эгалик қилаётган шахслар томонидан қайтариб берилиши лозим.

5-боб. Маъмурий шикоят бўйича иш юритиш

62-модда. Маъмурий шикоят предмети

Ушбу бўлимда белгиланган тартибда қуйидагилар бўйича шикоят берилиши мумкин:

1) маъмурий ҳужжатлар;

2) процессуал ҳужжатлар, агар уларнинг устидан шикоят бериш ушбу Қонунда назарда тутилган бўлса;

3) маъмурий ҳаракатлар.

Маъмурий ҳужжатни қабул қилишни рад этиш ёки уни тегишли муддатда қабул қилмасликка нисбатан ушбу Қонуннинг 5-бобида назарда тутилган тартибда шикоят берилади.

63-модда. Маъмурий шикоят бериш тартиби

Манфаатдор шахс маъмурий шикоятни юқори турувчи маъмурий органга ёки шикоят қилинаётган маъмурий ҳужжат, процессуал ҳужжатни қабул қилган ёки маъмурий ҳаракатни амалга оширган маъмурий орган орқали қонун ҳужжатларига муовиф маъмурий шикоятни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий органга бериши мумкин.

Маъмурий шикоятни қабул қилган маъмурий орган маъмурий шикоят келиб тушган вақтдан эътиборан, уч иш куни ичида уни юқори турувчи органга ёки ушбу маъмурий шикоятни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий органга маъмурий иш билан бирга юборади.

Агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат бўйича берилган маъмурий шикоятни маъмурий тартибда кўриб чиқиш натижаларидан норози бўлса,
у маъмурий ҳужжат устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Маъмурий ҳужжат устидан берилган маъмурий шикоятни кўриб чиқиш бўйича қонун ҳужжатларида бошқа орган белгиланиши мумкин.

Агар юқори турувчи маъмурий орган мавжуд бўлмаса ёки бундай орган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлса, маъмурий ҳужжат бўйича суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

64-модда. Маъмурий шикоят бериш муддати

Агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий шикоят маъмурий ҳужжат ёки процессуал ҳужжат ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган вақтдан ёхуд манфаатдор шахсга маъмурий ҳаракат ҳақида маълум бўлган вақтдан эътиборан, ўттиз кундан кечикмасдан тақдим этилиши мумкин.

Маъмурий шикоят бериш муддати, агар у узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган бўлса, шикоятни кўриб чиқувчи маъмурий орган томонидан тикланиши мумкин.

65-модда. Маъмурий шикоятнинг шакли ва мазмуни

Маъмурий шикоят ёзма ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклда тақдим этилади ҳамда қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

1) маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий органнинг номи;

2) аризачининг (ёки унинг вакилининг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи, юридик шахс учун – унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

3) аризачининг талаби;

4) илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати (агар мавжуд бўлса).

5) ариза берилган сана.

Шикоят манфаатдор шахс томонидан ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар шикоят вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг нусхаси илова қилиниши лозим.

ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларида берилган аризада ушбу моддада кўрсатилган маълумотлардан ташқари манфаати ҳимоя қилинаётган жисмоний ва юридик шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг манзили (почта манзили) ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборот кўрсатилиши лозим.

Шикоят ва унга илова қилинадиган ҳужжатларга нисбатан қонун ҳужжатларида бошқа талаблар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Маъмурий орган шикоят ва унга илова қилинган ҳужжатларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган талаблар қўйишга ҳақли эмас.

Электрон шаклда бериладиган шикоятларда аризачининг электрон манзили ҳамда ягона идентификатори, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда электрон рақамли имзо ва бошқа реквизитлар кўрсатилиши лозим.

Шикоятда электрон манзилнинг кўрсатилиши аризачининг хабарларни ахборот тизими орқали қабул қилишга розилиги ҳисобланади.

66-модда. Маъмурий шикоятни кўриб чиқиш

Маъмурий шикоятни кўриб чиқиш ушбу Қонуннинг 3-бобида назарда тутилган қоидалар бўйича йиғилишда амалга оширилади.

Маъмурий шикоятни кўриб чиқишда юқори турувчи маъмурий орган маъмурий ишни тўлиқ ҳажмда кўриб чиқади.

67-модда. Маъмурий шикоятни кўриб чиқиш муддати

Агар қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, юқори турувчи маъмурий орган ёки бошқа ваколатли орган ўттиз иш куни ичида маъмурий шикоят бўйича қарор қабул қилиши шарт.

Маъмурий шикоят бўйича белгиланган муддатда қарор қабул қилинмаган тақдирда, манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат, процессуал ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат устидан суд тартибида шикоят қилиши мумкин.

68-модда. Маъмурий шикоятни қайтарию олиш

Маъмурий шикоят берган шахс шикоят бўйича қарор қабул қилингунга қадар уни қайтариб олишга ҳақли. Маъмурий шикоятни қайтариб олиш ёзма ёки электрон шаклда расмийлаштирилади.

69-модда. Маъмурий шикоят бўйича қарор

Юқори турувчи маъмурий орган ёки бошқа ваколатли орган маъмурий шикоят бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:

1) шикоят берилган маъмурий ёки процессуал ҳужжатни ўзгаришсиз қолдириш;

2) шикоят берилган маъмурий ёки процессуал ҳужжатга ўзгартириш киритиш;

3) маъмурий ёки процессуал ҳужжатни бекор қилиш ҳамда зарурат қараб янги ҳужжат қабул қилиш.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қарорларни қабул қилиш имконсиз бўлса ёки мақсадга мувофиқ бўлмаса, маъмурий ҳаракатлар устидан шикоят қилинганда, шунингдек қонунда назарда тутилган ҳолларда, юқори турувчи маъмурий орган ёки бошқа ваколатли орган муайян маъмурий ҳужжатни, процессуал ҳужжатни қабул қилиш ёки маъмурий ҳаракатни амалга ошириш бўйича маъмурий органга мажбурият юклаши мумкин.

Агар қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий шикоят бўйича қабул қилинган қарордан норози бўлган манфаатдор шахс унинг устидан ўттиз кун ичида суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.

70-модда. Шикоят берилганда маъмурий ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш

Агар қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳужжатнинг амал қилиши маъмурий шикоят маъмурий органда рўйхатга олинган вақтдан эътиборан тўхтатиб қўйилади.

6-боб. Ижро иши юритиш

71-модда. Маъмурий ҳужжатнинг ижросини таъминлайдиган орган

Агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган унинг ижросини таъминлайди.

72-модда. Маъмурий ҳужжатни ихтиёрий ижро қилиш муддати

Агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий орган томонидан маъмурий ҳужжатни ихтиёрий ижро қилиш учун белгиланган муддат маъмурий ҳужжат қабул қилинганлиги тўғрисида адресат тегишли тарзда хабардор қилинган кундан эътиборан беш кундан кам бўлмаслиги лозим.

73-модда. Маъмурий ҳужжатни ихтиёрий ижро қилиш усули

Адресат маъмурий ҳужжатда белгиланган тартиб доирасида маъмурий ҳужжатни ўзига маъқулроқ бўлган қонуний усуллар ва воситалар орқали ижро қилишга ҳақли.

Ихтиёрий ижро қилиш усули маъмурий ҳужжатнинг талабларини тегишли тарзда ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаши лозим.

74-модда. Маъмурий ҳужжатни мажбурий ижро қилишга
йўл қўйилмаслиги

Маъмурий ҳужжатни мажбурий ижро қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Маъмурий ҳужжатнинг ҳеч бир мажбурий ижро чораси маъмурий ҳужжат бўйича ўз мажбуриятларини ихтиёрий равишда тегишли тарзда ва муддатда бажараётган шахсга нисбатан қўлланиши мумкин эмас.

Агар адресат маъмурий ҳужжатнинг мажбурий ижро чораларини кўриш таҳдиди остида уни ихтиёрий ижро қилишга ўз розилигини билдирса ҳамда ўз мажбуриятларини бажаришга киришса, унда адресатнинг маъмурий ҳужжатни виждонан ва тегишли тарзда ижро қилиши давомида тайинланган мажбурий ижро чораси ижрога қаратилмаслиги лозим.

Адресатнинг ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариши мажбурий ижро чораларини қўллашни дарҳол бекор қилади.

75-модда. Мажбурий ижро чоралари

Қонунда назарда тутилган ҳолларда, маъмурий орган қуйидаги мажбурий ижро чораларини қўллашга ҳақли:

1) пул мажбурлови

2) маъмурий ҳужжатда назарда тутилган ҳаракатларни маъмурий орган ёки бошқа шахс томонидан қарздор ҳисобига амалга ошириш;

3) бевосита мажбурлов.

Мажбурий ижро чораси маъмурий органнинг ижро ҳужжати билан расмийлаштирилиши лозим. Тегишли ижро ҳужжатини қабул қилмасдан мажбурий ижро чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Маъмурий орган мажбурий ижро чорасини тайинлашда маъмурий тартиб-таомилларнинг принципларига амал қилиши керак.

Агар тайинланган мажбурий ижро чораси маъмурий ҳужжат талабларининг тегишли тарзда ва ўз вақтида ижро этилишини таъминламаса, маъмурий орган оғирроқ мажбурлов чорасини қўллашга ҳақли.

Қонунда бошқа мажбурий ижро чоралари ҳам белгиланиши мумкин.

76-модда. Маъмурий органнинг ижро ҳужжати

Адресат томонидан маъмурий ҳужжат тегишли тарзда ва муддатда ижро қилинмаган тақдирда, унинг мажбурий ижросини таъминловчи процессуал ҳужжат маъмурий органнинг ижро ҳужжати ҳисобланади. Агар ушбу бобда ёки ўзга қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, ижро ҳужжатларига нисбатан ушбу Қонуннинг 4-бобида белгиланган талаб ва қоидалар қўлланилади.

Агар қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, ижро ҳужжати маъмурий орган томонидан ўз ташаббусига кўра ёки ижро қилинаётган маъмурий ҳужжат қабул қилинган маъмурий иш юритишнинг бошқа иштирокчиси аризасига кўра ихтиёрий ижро муддати ўтгач уч иш куни ичида қабул қилинади.

Маъмурий органнинг ижро ҳужжати фақат ёзма шаклда қабул қилинади ҳамда адресатга, шунингдек ушбу Қонуннинг 33-моддасида белгиланган тартибда хабардор қилиш мақсадида маъмурий ҳужжатнинг мажбурий ижро этилишини талаб қилаётган шахсга дарҳол, бир иш куни ичида юборилиши керак.

Ижро иши юритишда маъмурий ҳужжат бўйича ўз мажубриятларини бажармаганлиги ёки тегишли тарзда бажармаганлиги сабабли қабул қилинган ижро ҳужжати қаратилган адресат – мажбур шахс, ижро ҳужжати кимнинг фойдасига ёки манфаатларини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахс ундирувчи ҳисобланади.

77-модда. Ижро ҳужжатини ижрога қаратиш

Агар қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, ижро ҳужжати мажбур шахс унинг қабул қилинганлиги тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган вақтдан эътиборан, камида беш кун ўтгандан кейин ижрога қаратилади. Мажбур шахсни тегишли тарзда хабардор қилишнинг имкони бўлмаса, ижро ҳужжати тегишли тарзда хабардор қилиш имконсизлигининг факти расмийлаштирилган вақтдан эътиборан беш кун ўтгач кучга киради ҳамда ижрога қаратилади.

78-модда. Пул мажбурлови

Пул мажбурлови ундирилиши керак бўлган муайян суммани тайинлашни ёки ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня тўлашни назарда тутиши мумкин.

Пул мажбурловининг энг кўп миқдорлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

79-модда. Маъмурий ҳужжатда назарда тутилган ҳаракатларни маъмурий орган ёки бошқа шахс томонидан қарздор ҳисобига амалга ошириш

Агар маъмурий ҳужжатда назарда тутилган муайян ҳаракатни амалга ошириш мажбурияти адресат томонидан бажарилмаётган, аммо у бошқа шахс томонидан бажарилиши мумкин бўлса, маъмурий орган ушбу ҳаракатни бошқа шахсга мажбур шахс ҳисобидан амалга оширишни топшириши мумкин. Қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳужжатнинг ижросини таъминловчи орган, агар мумкин бўлса, ушбу ҳаракатни мажбур шахс ҳисобидан ўзи амалга оширишга ҳақли.

80-модда. Бевосита мажбурлов

Агар енгилроқ чоралар маъмурий ҳужжатнинг ижросини таъминлай олмаса ёки объектив ҳолатларга кўра уларни қўллаш мумкин бўлмаса, маъмурий ҳужжатнинг ижросини таъминловчи орган, тегишли ваколатларга эга бўлган тақдирда, қонунда белгиланган тартибда, мажбур шахсни унинг маъмурий ҳужжат бўйича мажбуриятларини бажаришга бевосита мажбур қилишга, агар бундай ваколатларга эга бўлмаса, тегишли ижро ҳужжатининг ижросини таъминлашга ёрдам бериш юзасидан ваколатли давлат органига мурожаат қилишга ҳақли.

81-модда. Мажбурий ижро чораларини қўллаш тўғрисида огоҳлантириш

Ушбу Қонуннинг 75-моддасида назарда тутилган ҳолда маъмурий орган мажбурий ижро чораларини қўллаш тўғрисида мажбур шахсга огоҳлантириш юбориши ҳамда маъмурий ҳужжатни ихтиёрий ижро қилиш учун қўшимча муддат белгилаши мумкин. Агар мажбур шахс белгиланган қўшимча муддатда ўз мажбуриятларини бажармаса, маъмурий орган мажбурий ижро чорасини бир иш куни ичида қўллайди.

82-модда. Маъмурий органнинг маъмурий ҳужжат бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслиги

Агар маъмурий орган қабул қилинган маъмурий ҳужжат бўйича ўз мажбуриятларини тегишли тарзда маъмурий ҳужжатда кўрсатилган ижро муддатида ёки, агар бундай муддат белгиланмаган бўлса, маъмурий ҳужжат қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида бажармаса, маъмурий ҳужжатнинг адресати ижро амалга оширилмаганлиги устидан маъмурий ҳужжатни шикоят қилиш учун белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

83-модда. Ижро иши юритишда харажатлар

Агар қонунда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳужжатни мажбурий ижрога қаратиш бўйича қилинган харажатлар мажбур шахс ҳисобидан қопланади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

84-модда. Маъмурий регламентлар

Агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ишларни ҳал қилиш, маъмурий ва процессуал ҳужжатларни қабул қилиш, маъмурий ҳужжатларни ижро қилиш, шунингдек маъмурий шикоятларни кўриб чиқиш бўйича маъмурий органлар фаолиятининг хусусиятларини назарда тутувчи маъмурий регламентлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

85-модда. Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

86-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти
ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминласин.

87-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

88-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга киради.

Menga yoqdi Menga yoqmadi
Yoqdi: 1
Yoqmadi: 0

Umumiy izohlar va ularga berilgan javoblar

Hech nima topilmadi
Menga yoqdi Menga yoqmadi
Yoqdi: 0
Yoqmadi: 0
Loyiha So`nggi tahrir

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
Лойиҳани муҳокамасини ўтказишЛойиҳани муҳокамасини ўтказиш13.09.207-28.09.2017Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги