ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
996 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 20/10/2018 04/11/2018 9

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-996

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ

ТАЪЛИМ СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИ

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИНИНГ

ҚАРОРИ

Умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538 сонли фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги қарор қилади:

1. Умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур низом асосида 2019 йил 1 январдан бошлаб, тажриба-синов тариқасида, туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумий ўрта таълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинги аниқлансин.

3. Мазкур қарор расмий имзоланган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси,

Халқ таълими вазирлигининг

______________________-сон қарорига илова

Умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538 сонли фармони қарори асосида ишлаб чиқилган бўлиб, умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини (кейинги ўринларда - рейтинг) аниқлаш тартибини белгилайди.

2. 2019 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси умумий ўрта таълим муассасалари (кейинги ўринларда – умумтаълим муассасалари) рейтинги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда — Давлат инспекцияси) томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида ҳар йили аниқланади.

3. Давлат инспекцияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш бўйича халқаро амалиётдаги ўзгаришлар ва республикада мазкур таълимни ривожлантириш динамикасини чуқур таҳлил қилган ҳолда умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш методикасини мунтазам такомиллаштириб боради.

2-боб. Рейтингни аниқлашнинг мақсад ва вазифалари

4. Рейтингни аниқлашдан асосий мақсад - ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича тайёргарлик даражасини ва мантиқий фикрлаш қобилиятини баҳолаш, педагоглар фаолияти даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш, ўқитиш сифати бўйича халқаро мезон, стандартларга мос юқори кўрсаткичларга эришиш орқали билимли ва иқтидорли ёшларни тайёрлашга замин яратишдан иборат.

5. Рейтингни аниқлаш қуйидаги вазифаларни ҳал этишга қаратилган:

ўқувчилар билим даражаси, педагоглар салохияти ва таълим бериш махорати, таълим муассасасининг ўқув-тарбия жараёни ва имкониятлари ҳақида кенг жамоатчиликни холис ахборотлар билан таъминлаш;

ўқувчилар билимини баҳолашда холислик ва мактаблар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;

ўқувчи-ёшларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини ҳамда билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини ривожлантириш;

республика бўйича ўқувчилар билимини баҳолашни OECD, EIA нуфузли халқаро ташкилотларнинг PISA, TIMSS, PIRLS каби ўқувчилар билимини баҳолаш дастурлари даражасига олиб чиқишда таълим муассасаларига кўмаклашиш;

миллий рейтинг тизимида юқори кўрсаткичларни қайд этган умумтаълим муассасалари учун улар фаолиятини назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишлар даврийлигини рейтингдаги ўрнига қараб белгилаш.

3-боб. Рейтинг кўрсаткичларига оид маълумотларни шакллантириш

6. Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш, Давлат инспекцияси томонидан ўқув йили давомида амалга оширилади.

7. Рейтингни тузиш учун танлаб олинадиган шаҳарлар, туманлар ва рейтингда қатнашадиган таълим муассасалар рўйхати Давлат инспекциясининг буйруғи асосида ташкил этилган ишчи комиссия томонидан қуръа ташлаш орқали аниқланади. Ишчи комиссия таркиби Давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг масъул ходимларидан тузилади. Давлат инспекциясининг масъул ходими ишчи комиссияга раҳбарлик қилади.

Шунингдек, рейтинг кўрсаткичларига оид маълумотларни тўплаш ҳамда таълим муассасаларида назорат ишлари ва сўровномаларни ўтказиш мақсадида ҳудудлардаги инспекция ходимлари ва халқ таълимининг ҳудудий бошқармалари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилади.

8. Рейтингда қатнашадиган шаҳарлар, туманлар ва таълим муассасалар рўйхати рейтинг жараёнига тегишли назорат ишлари ўтказиладиган муддатдан камида бир ой олдин Давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

9. Рейтинг кўрсаткичларига оид маълумотлар базасини шакллантириш учун Давлат инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган жадваллар ҳудудларда ташкил қилинган ишчи гуруҳлар орқали халқ таълимининг ҳудудий бошқармаларига етказилади.

10. Ҳудудий бошқармалар ишчи гуруҳларга рейтинг кўрсаткичларига оид маълумотларни асословчи ҳужжатлари билан биргаликда жорий йилнинг 1 июнига қадар тақдим этади. Рейтингни аниқлашга доир маълумотларнинг Давлат инспекциясига белгиланган муддатда тўғри ва хатоларсиз тақдим этилиши учун ҳудудий бошқарма бошлиғи ва мактаб директорига шахсий жавобгарлик юклатилади.

11. Зарур ҳолларда, маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида асословчи ҳужжатлар ишчи гуруҳлар томонидан қўшимча ўрганилиши мумкин. Асословчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда маълумотлар рейтингни ҳисоблашда инобатга олинмайди.

Ишчи гуруҳлар ўз ҳудудига тегишли рейтинг кўрсаткичларига оид маълумотларни 15 июндан кечиктирмай Давлат инспекциясига тақдим этадилар.

4-боб. Рейтингни аниқлашга оид сўровномалар ва

назорат ишларини ўтказиш

12. Рейтингни аниқлаш жараёнида Давлат инспекцияси томонидан ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида назорат ишлари (ёзма иш ёки тест синовлари) ҳамда умумтаълим муассасасидаги таълим сифатига таъсир қилувчи омилларни ўрганиш мақсадида ижтимоий сўров ўтказилади.

13. Умумтаълим муассасаларида ўтказиладиган назорат ишлари ва ижтимоий сўровлар март-июнь ойларида компъютерда ёки ёзма шаклда ташкил этилади.

14. Рейтингда ўқувчилар билим даражаси кўрсаткичи икки усулда ўрганилади:

1-усул. Ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражасини аниқлаш учун 11-синф битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи ва уларнинг фанлар кесимида тўплаган ўртача баллари таҳлил қилинади. Ушбу маълумотлар Давлат тест марказидан олинади.

2-усул. Умумтаълим муассасалари 9-синф битирувчиларининг билим даражаси PISA - ўқувчилар билимини баҳолаш дастури доирасидаги саволлар асосида баҳоланади.

15. Умумтаълим муассасасида ўтказиладиган ижтимоий сўровлар назорат ишлари бошланишидан олдин ташкил этилади ва қуйидаги икки усулда амалга оширилади:

1-усул. Битирувчи синфлар ўқувчилари билан педагог ва раҳбар ходимлар фаолияти тўғрисида ижтимоий сўров ўтказилади. Бунда таълим муассасасидаги ижтимоий-маънавий муҳит ва ўқитувчиларнинг дарс бериш махорати ҳақида ўқувчилар фикри ўрганилади.

2-усул. Педагогик жамоа билан TALIS - таълим бериш ва ўқитиш тизимининг халқаро тадқиқотига асосланган ижтимоий сўров ўтказилади. Бунда мактабларда ўқитувчилар учун яратилган шароитлар ва у ердаги ўқув муҳитининг аҳволи ҳақида ўқитувчилар фикри ўрганилади.

Сўровнома саволлари халқ таълими тизимидан экспертларни жалб қилган ҳолда Давлат инспекцияси томонидан тузилади.

16. 11-синф битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи ва уларнинг фанлар кесимида тўплаган ўртача баллари ҳақидаги маълумотлар Давлат тест маркази ва республикамизда фаолият олиб бораётган олий таълим муассасалари томонидан тайёрланиб Давлат инспекциясига тақдим этилади.

17. 9-синф битирувчиларини PISA дастури доирасида ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини ҳамда билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини текширишга қаратилган назорат ишлари ўтказилади. Назорат ишлари ҳудудларда ташкил қилинган ишчи гуруҳлар томонидан тест синовлари шаклида ўтказилади ва назорат ишларига жалб қилинадиган синфлар қуръа ташлаш орқали аниқлаб олинади.

Назорат ишлари ўқиш, математика ва табиий фанлар йўналишларининг фақат биттаси бўйича ташкил этилади. Ўқувчига 20 та саволдан иборат тест топшириғи берилади.

Тест топшириғини бажариш учун 60 дақиқа вақт берилади.

Сўровнома ва назорат ишларида 9-синф битирувчиларининг камида 30 фоизи иштирок этиши шарт.

18. Назорат ишлари ва ижтимоий сўровлар натижалари Давлат инспекциясида таҳлил қилинади ва рейтинг кўрсаткичларига қўшилади.

5-боб. Рейтингни аниқлаш ва эълон қилиш тартиби

19. Рейтингни аниқлашга оид тўпланган маълумотлар, ўтказилган сўровномалар ва назорат ишлари натижалари асосида Давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги аниқланади.

20. Рейтинг балларини ҳисоблаш мазкур низомга иловага мувофиқ умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини ҳисоблаш методикаси асосида амалга оширилади.

Умумий ўрта таълим муассасалари рейтинги тузилмаси:

  1. битирувчи ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифат кўрсаткичи;
  2. 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси;
  3. олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши;

4) умумтаълим муассасасининг ўқувчилари ва педагогик жамоаси ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари каби рейтинг индикаторларини характерловчи маълумотларни ўз ичига олади.

21. Рейтинг индикаторлари учун балларни ҳисоблаш қуйидагича амалга оширилади:

тегишли рейтинг индикатори бўйича энг катта кўрсаткичга эга

умумтаълим муассасаси аниқланади;

энг катта кўрсаткичга эга бўлган умумтаълим муассасасига шу индикаторга белгиланган энг юқори балл берилади;

бошқа барча умумтаълим муассасаларнинг баллари шу индикатор бўйича энг юқори баллга эга бўлган умумтаълим муассасасининг кўрсаткичига нисбатан ҳисобланади;

ҳар бир индикатор бўйича ҳисобланган баллар йиғиндиси умумтаълим муассасасининг рейтингини белгилайди.

22. Рейтинг натижалари ҳар йили кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай Давлат инспекциясининг веб-сайтида эълон қилинади ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.

23. Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар Давлат инспекциясида 5 йил сақланади.

6-боб. Якуний қоида

24. Мазкур низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.

Умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини

аниқлаш тартиби тўғрисида низомга илова

УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ РЕЙТИНГИНИ ҲИСОБЛАШ МЕТОДИКАСИ

Т/р

Рейтинг индикаторлари

Рейтинг бали

Ҳисоблаш усули ва формуласи

1

Битирувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифат кўрсаткичи, шу жумладан:

35

Битирувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифат кўрсаткичи қуйидаги формула орқали аниқланади:

бунда, - битирувчиларнинг таълим тайёргарлик даражаси кўрсаткичи. Кўрсаткичнинг солиштирма оғирлик коэффициенти – 20 (йигирма);

- битирувчиларнинг сифат кўрсаткичи. Кўрсаткичнинг солиштирма оғирлик коэффициенти – 15 (ўн беш);

бу ерда:   

P1.1 – сўнгги ўқув йили якунида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонларида ўқувчилар тўплаган баллар йиғиндиси;

P1.2 - сўнгги ўқув йили якунида олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган ўқувчилар сони;

P11 - мактабдаги 11-синф битирувчи-ўқувчиларининг умумий сони;

    1. Битирувчиларнинг таълим тайёргарлик даражаси кўрсаткичи (11-синф битирувчиларининг олий таълим муассасаларига киришда тўплаган баллари)

20

    1. Битирувчиларнинг сифат кўрсаткичи (11-синф битирувчилари орасидан олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлар салмоғи)

15

2

9-синф ўқувчиларининг билим даражаси кўрсаткичи (PISA-ўқувчилар билимини халқаро баҳолаш дастури талаблари доирасидаги саволлар асосида баҳолаш)

25

9-синф ўқувчилари билим даражаси кўрсаткичи қуйидаги формула билан ҳисобланади:

бу ерда: P2 - назорат ишида иштирок этган 9-синф ўқувчиларининг умумий тўплаган бали;

P9 - назорат ишида иштирок этган 9-синф ўқувчиларининг умумий сони.

3

Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши

20

Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши кўрсаткичи қуйидаги формула билан ҳисобланади:

бу ерда: P3 – асосий штатдаги олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар сони;

P - асосий штатдаги мактаб ўқитувчиларининг умумий сони;

4

Ижтимоий сўров натижалари, шу жумладан:

20

Умумтаълим муассасасининг ўқувчилари ва педагогик жамоаси ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари кўрсаткичи қуйидаги формула билан ҳисобланади:

бунда, - педагог ва раҳбар ходимлар фаолияти кўрсаткичи. Кўрсаткичнинг солиштирма оғирлик коэффициенти – 10 (ўн);

- мактабларда ўқитувчилар учун яратилган шароитлар ва у ердаги ўқитиш муҳитининг аҳволи кўрсаткичи. Кўрсаткичнинг солиштирма оғирлик коэффициенти – 10 (ўн);

бу ерда:   

P4.1 - ўқувчилар томонидан белгиланган ижобий жавоблар сони;

P4.2 - ўқитувчилар томонидан белгиланган ижобий жавоблар сони;

Pў - ижтимоий сўровда иштирок этган ўқувчилар сони;

Pп - ижтимоий сўровда иштирок этган педагоглар сони.

    1. Педагог ва раҳбар ходимлар фаолияти кўрсаткичи (ўқувчилар орасида ўтказиладиган ижтимоий сўров асосида)

10

    1. Мактабларда ўқитувчилар учун яратилган шароитлар ва у ердаги ўқитиш муҳитининг аҳволи (TALIS - педагогик жамоа орасида ўтказиладиган ижтимоий сўров асосида)

10

Умумий балл

100

Умумий таклифлар

1198