ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9900 Министерство по чрезвычайным ситуациям Республики Узбекистан 06/11/2019 21/11/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ўзбекистон Республикасида ёнғин ўчириш амалий спортини ривожлантириш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида жисмоний тарбия ва спортни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-9900

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 10 апрелдаги ПҚ-4276-сон қарорига мувофиқ мамлакатимизда ёнғин ўчириш амалий спортини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш, миллий терма жамоани халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш, ёнғин-қутқарувчиларнинг жисмоний ва касбий маҳоратини ошириш, касбий спорт тури фаолиятини такомиллаштириш орқали ёнғин-қутқарувчи касбини ёшлар орасида оммалаштириш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига муносиб кадрларни танлаб олиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ёнғин ўчириш амалий спортининг моддий-техник базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш бўйича Комплекс дастур 1-иловага ҳамда замонавий спорт мажмуаларини 2020-2022 йилларда янгидан қуриш ва реконструкция қилиш бўйича Комплекс дастур 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Комплекс дастурни амалга ошириш доирасида устувор йўналишлар ва вазифалар этиб қуйидагилар белгилансин:

ёнғин-қутқарувчиларнинг жисмоний ва касбий маҳоратини ошириш;

касбий спорт тури фаолиятини такомиллаштириш орқали ёнғин-қутқарувчи касбини ёшлар орасида оммалаштириш;

ёнғин ўчириш амалий спортининг моддий-техник ва ўқув-машғулот базасини ривожлантириш;

илғор жаҳон тажрибаси асосида ёнғин ўчириш амалий спортини ривожлантириш учун замонавий спорт иншоотларини барпо этиш, мавжуд спорт иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда замонавий спорт техникалари ва анжомлари билан таъминлаш.

3. Комплекс дастурларни, шунингдек, келгусида ёнғин ўчириш амалий спортини ривожлантиришни молиялаштириш қуйидаги манбаалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосли ҳисоб китобига мувофиқ ҳар йили Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган бюджет маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

Халқаро молия институтлари, хорижий молия ташкилотларининг вакиллари ҳамда донор мамлакатларнинг кредит ва грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбаалар.

4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг аҳоли ўртасида соғлом-турмуш тарзини яратишга кўмаклашиш мақсадида дастурга киритилган спорт мажмуаларини қуриш ва реконструкция ишлари якунига етганидан сўнг, вазирликнинг тасдиқланган ҳисоб-китоблари бўйича бошқа вазирлик ва идораларга шартнома асосида ҳамда фуқароларга нақд пул ҳисобида фойдаланиш учун бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учун 2020 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган инвестициявий лойиҳаларига марказлаштирилган капитал қўйилмаларни манзилли рўйхатини шакллантириш ва бюджет тизимидаги молиялаштириш бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириш мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5717-сон Фармонига асосан назарда тутилсин.

6. Икки ой муддатда Андижон, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда спорт-соғломлаштириш комплексларини қуриш учун ер участкалари ажратсин.

7. Ёнғин ўчириш амалий спортини ривожлантириш, ёнғин-қутқарувчиларнинг жисмоний ва касбий маҳоратини ошириш мақсадида, Навоий шаҳридаги Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги “Суғдиёна” спорт мажмуаси ҳамда Хоразм вилояти Урганч туманидаги Хоразм вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги спорт мажмуаси бинолари ва унга тегишли ҳудуди билан бепул Фавқулодда визиятлар вазирлиги тасарруфига берилсин.

 

8. Фавқулодда вазиятлар вазирлигига:

уч ой муддатда дастурда белгиланган спорт-соғломлаштириш комплексларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатли тайёрланиши, тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши, келишилиши ҳамда экспертизадан ўтказилиши таъминлансин;

комплекс дастурларни тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилсин;

икки ой муддатда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2020 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Халқаро ёнғин ўчирувчилар ва қутқарувчилар конференцияси”га ҳамда 2021 йилнинг сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Ёнғин ўчирувчилар ва қутқарувчилар спорти бўйича эркаклар ўртасидаги XVII ҳамда аёллар ўртасидаги VIII Жаҳон чемпионатлари”ни юқори савияда ўтказилиши бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этилсин;

доимий равишда ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича миллий терма жамоани жаҳон ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида, хорижий давлатларнинг мазкур спорт тури бўйича иқтидорли мураббийларини таклиф қилиш, улар иштирокида миллий терма жамоа мураббийлари ҳамда терма жамоага номзод спортчилар билан амалий маҳорат сабоқлари ҳамда намунали ўқув-йиғинларини ўтказилиши ташкил этилсин;

уч ой муддатда вазирлик тизимида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин ва унинг фаолияти йўлга қўйилсин. Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг номи “Семурғ” деб белгилансин;

ёнғин-қутқарувчи касбини ёшлар орасида оммалаштириш, шунингдек, миллий терма жамоага муносиб номзодларни тайёрлаш мақсадида, ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни шахсий ҳужжатлар йиғма жилдлари белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва ҳарбий-тиббий комиссия томонидан хизматга яроқли деб топилган тақдирда имтиёз асосида ишга қабул қилинсин.

 

9. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги 2-иловага асосан янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган спорт-соғломлаштириш объектларида олиб бориладиган қурилиш-монтаж ишлари устидан назорат ўрнатсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳисоб китоблар сметасига асосан ҳар йили ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича республика ва ҳалқаро мусобақалари учун пул маблағларини ажратиб борсин;

ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича миллий терма жамоаларни шакллантирилишида Фавқулодда вазиятлар вазирлигига яқиндан амалий ёрдам берсин.

11. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича ўтказиладиган барча даражадаги мусобақалар ва ушбу йўналишдаги тарғибот роликларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири в.б. Т.А. Худайбергенов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

  Бош вазири                                              А. Арипов

Умумий таклифлар

106