ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
981 Министерство инновационного развития Республики Узбекистан 19/10/2018 03/11/2018 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида НИЗОМ
ID-981

I. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом вазирликлар, идоралар ва муассасалар тасарруфидаги ноёб илмий асбоб-ускуналар, коллекциялар, нодир жамғармалар ва бошқа
илм-фан учун ноёб ҳисобланадиган объектлар бўйича таклифларни қабул қилиш, таҳлил этиш, объектларни ажратиб олиш, уларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш (рўйхатдан чиқариш), молиялаштириш ва мониторингини олиб бориш тартибини белгилайди.

2. Илмий фаолият учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган, тадқиқот ишларининг савиясини жаҳон андозалари даражасига кўтаришда муҳим аҳамиятга эга ҳамда мазкур Низомда белгиланган тартибда ноёб илмий объектлар рўйхатига киритилган илмий муассасалар, ноёб илмий
асбоб-ускуналар, коллекциялар, нодир жамғармалар ва бошқа
илм-фан учун ноёб ҳисобланадиган объектлар ноёб илмий объект деб ҳисобланади.

3. Объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш (рўйхатдан чиқариш) ҳамда уларни молиялаштириш бўйича таклифларни Республиканинг барча олий таълим ва илмий муассасалари (улар қайси вазирлик ва идора тасарруфида бўлишидан қатъий назар) ўзлари тасарруфида бўлган давлат бошқарув органлари орқали Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этадилар.

II. Объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш меъзонлари, ҳужжатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш

 

4. Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, вазирлик ва идоралар ҳамда муассасаларнинг ноёб илмий асбоб-ускуналар, коллекциялар, нодир жамғармалар ва бошқа илм-фан учун ноёб ҳисобланадиган объектлар бўйича таклифларини ўрганиб чиқади, умумлаштиради, ноёб илмий объектлар рўйхатига киритади (рўйхатдан чиқаради), рўйхатни тасдиқлайди, ноёб илмий объектларни сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича ишларни мувофиқлаштиради ҳамда доимий мониторингини олиб боради.

 

5. Ноёб илмий объект деб топиш мезонлари қуйидагилар ҳисобланади:

объект республикада ягона (уникал) бўлиши;

объект илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиши ва илмий тадқиқотларда фойдаланилаётган бўлиши;

тегишли соҳада ушбу объектсиз фундаментал тадқиқот олиб бориш имконсизлиги;

моддий жиҳатдан юқори қийматга эга бўлиши ва бошқалар.

6. Вазирлик ва идоралар олий таълим ва илмий муассасалардан ноёб илмий объектлар рўйхатини шакллантириш учун таклифларни қабул қилади, шунингдек тавсия қилинаётган ҳар бир илмий объектнинг фан ва техника тараққиёти ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти ривожланиши учун аҳамиятлилиги даражаси вазирлик ва идораларнинг Ҳайъат мажлисида муҳокама қилинади ва тасдиқланади.

7. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳар йили 10 мартга қадар интернетдаги ўзининг расмий веб-сайтида ноёб илмий объектлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига таклифлар бериш тўғрисида эълон беради.

8. Вазирлик ва идоралар ҳар йили 1 апрелга қадар объектларни ўз тасарруфидаги ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш учун таклифларни қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда Инновацион ривожланиш вазирлигига киритади:

объектни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш учун сўралган расмий хат;

объектнинг ноёб эканлигини кўрсатувчи асоснома;

объектнинг тўлиқ тавсифномаси;

объектга хизмат кўрсатувчи штат бирликлари тўғрисида маълумот;

объектдан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши режалаштирилган илмий тадқиқот ишларининг тавсифи;

объект тўғрисида вазирлик ва идоралар Ҳайъат мажлисининг якуний хулосаси;

мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ маълумотлар.

9. Вазирлик ва идораларнинг объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлари ҳар йили 20 апрелга қадар Инновацион ривожланиш вазирлигининг фан йўналишлари бўйича Илмий-техникавий кенгашлари томонидан ўрганиб чиқилади ва ноёб илмий объектлар рўйхати шакллантирилади.

10. Ноёб илмий объектлар рўйхатини ҳар йили 30 апрелга қадар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

III. Ноёб илмий-объектларни молиялаштириш

 

11. Ноёб илмий объектлар рўйхатига киритилган объектларга эга вазирликлар ва идоралар томонидан келгуси молия йили учун сўралган маблағлар акс эттирилган бюджет сўрови шакллантирилиб, ҳар йили 1 июнга қадар Инновацион равожланиш вазирлигига тақдим этилади.

Ноёб илмий объектлар рўйхатидаги объектлар бўйича келгуси молия йили учун бюджет сўрови билан биргаликда, мазкур объектнинг ўтган йилдаги фаолиятининг молиялаштирилиши тўғрисида ва жорий йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар илова қилинади. Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу ҳисоботларни келгуси йил учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини кўпайтириш, қисқартириш ёки тўхтатиш, объектларни концервациялаш мақсадида ўрганиб чиқади.

12. Инновацион равожланиш вазирлиги вазирлик ва идоралар томонидан келгуси молия йили учун тақдим этилган бюджет сўровини белгиланган тартибда кўриб чиқади. Бунда, Инновацион равожланиш вазирлиги вазирлик
ва идоралардан бюджет сўровига доир ҳисоб-китобларни талаб қилишга ҳақли.

13. Инновацион ривожланиш вазирлиги ноёб илмий-объектларни сақлаш бўйича тақдим этилган бюджет буюртмаларини жамлаш йўли билан жамланма бюджет буюртмасини шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун 1 июлга қадар Молия вазирлигига тақдим этади.

14. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилган жамланма бюджет буюртмаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида бюджет қонунчилигига мувофиқ кўриб чиқилади ҳамда келгуси йил учун шакллантириладиган Бюджетнома лойиҳасига белгиланган тартибда киритилишини таъминлайди.

15. Ноёб илмий объектларни молиялаштириш “Фан” йўналиши учун режалаштирилган бюджетдан ажратиладиган маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Тасарруфида ноёб илмий объектлари бўлган муассасаларни сақлаш бўйича харажатлар сметаларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш бюджет қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.

16. Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган муассаса томонидан ноёб илмий объектлар учун ажратилган бюджет маблағларининг сарф қилиниши тўғрисидаги йиллик молиявий ҳисобот 3 нусхада тайёрланади ва белгиланган тартибда Инновацион ривожланиш вазирлигига ва юқори турувчи ташкилотга тақдим этилади.

IV. Ноёб илмий объектни сақлаш, унга хизмат кўрсатиш
ва фойдаланиш

 

17. Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган муассаса раҳбари ушбу ноёб илмий объектни ишчи ҳолатда сақлаш, унга зарур хизматларни кўрсатиш ҳамда ундан унумли фойдаланиш, ажратилган молиявий маблағнинг самарали
ва мақсадли сарфланиши, шунингдек ноёб илмий объект бўйича илмий
ва молиявий ҳисоботларнинг ўз вақтида топширилиши учун жавобгардир.

18. Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган муассасалар раҳбарлари объектдан фойдаланган ҳолда бажарилган илмий-тадқиқот ишлари ҳамда ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланиши юзасидан Инновацион ривожланиш вазирлиги ва юқори турувчи ташкилотга 2-иловага мувофиқ тайёрланган йиллик ҳисоботни электрон ва қоғоз вариантда ноёб илмий-объектнинг йиллик фаолияти тўғрисидаги муассаса Илмий-техник кенгашининг асосланган хулосаси билан биргаликда ҳисоб йилидан кейинги йилнинг 30 январига қадар топширади.

19. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳисоботларни ўз вақтида қабул қилинишини ташкил этади ва расмийлаштиради, фан йўналишлари бўйича Илмий-техникавий кенгашларнинг эксперт гуруҳларида ҳисоботларни таҳлил қилиб, уларнинг натижалари юзасидан эксперт хулосалари тайёрлайди. Ҳисоботлар Инновацион ривожланиш вазирлигида сақланади.

V. Ноёб илмий объектлар фаолиятининг мониторинги

 

20. Ноёб илмий объектлар фаолиятининг мониторинги таркибида ноёб илмий объект мавжуд муассасанинг юқори турувчи ташкилот томонидан
ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг тегишли бошқармаси томонидан амалга оширилади.

21. Инновацион ривожланиш вазирлиги мониторингни амалга оширишда ноёб илмий объектни ишчи ҳолатда сақланаётганлигини, унга зарур техник
ва бошқа хизматларнинг кўрсатилаётганлигини ҳамда ундан унумли фойдаланилаётганлигини, ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланаётганлигини, ноёб илмий объект бўйича илмий ва молиявий ҳисоботларнинг ўз вақтида топширилаётганлигини ўрганиб боради.

Инновацион ривожланиш вазирлиги мониторинг натижасида жиддий нуқсон ва камчиликлар ёки молиявий қонунбузарликлар аниқлаган тақдирда эксперт гуруҳлари хулосасига асосан ноёб илмий-объектларни молиялаштириш миқдорини камайтириши ёки молиялаштиришни муддатидан олдин тўхтатиши мумкин.

Молиялаштириш миқдорини камайтириши ёки тўхтатилиши Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъати қарорига асосан амалга оширилади. Қарор Молия вазирлигига, тегишли вазирлик ва идораларга ҳамда муассасага юборилади.

VI. Якуний қоида

22. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Ноёб илмий объектларни аниқлаш,
уларни сақлаш ва мониторингини
олиб бориш тартиби тўғрисидаги
низомга 1
-илова

 

Ноёб илмий объект фаолиятининг натижавийлик кўрсаткичлари
(бир календар йили давомида)

 

Кўрсаткич номи

Сони

1.

Объектдан фойдаланувчилар сони

 

2.

Таркибида ноёб илмий объект бўлган ташкилот ва муассасалар томонидан объектдан фойдаланган ҳолда бажарилган илмий тадқиқот ишлари қиймати

 

3.

Бошқа ташкилот ва муассаса томонидан объектдан фойдаланган ҳолда бажарилган илмий тадқиқот ишлари қиймати

 

4.

Объектдан фойдаланилган ҳолда чиқарилган илмий мақолалар сони, шу жумладан:

 

a)

ОАК рўйхатидаги журналларда

 

b)

Scopus ва Web of science туркумидаги импакт факторли журналларда

 

c)

бошқа хорижий туркумидаги журналларда

 

5.

Объектдан фойдаланилган ҳолда қилинган илмий ишларга олинган патент ва бошқа интеллектуал мулк шакллари сони

 

6.

Объектдан фойдаланилган ҳолда қилинган илмий ишларга патент ва бошқа интеллектуал мулк шакллари олиш учун берилган аризалар сони

 

7.

Объектдан фойдаланилган ҳолда олинган илмий янгиликлар бўйича қилинган фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DS) ишлари ҳимоялари сони

 

Ноёб илмий объектларни аниқлаш,
уларни сақлаш ва мониторингини
олиб бориш тартиби тўғрисидаги
низомга
2-илова

 

Йиллик ҳисоботнинг таркиби

 

1. Титул варағи (унда вазирлик ёки идора, илмий муассаса, ноёб илмий объектнинг номи ёзилади, жавобгар-раҳбар ва илмий муассаса раҳбарининг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр қўйилади).

2. Ноёб илмий объектга бевосита хизмат кўрсатувчи ходимлар рўйхати (уларнинг лавозимлари кўрсатилган ва имзолари бўлиши керак).

3. Реферат (объект тўғрисида тўлиқ маълумот, унинг илмий-техник  фаолиятдаги аҳамияти, объектдан фойдаланиш соҳалари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари).

4. Мундарижа.

5. Кириш.

6. Асосий қисм:

6.1. Объектнинг асосий конструктив, технологик ва техник-эксплуатацион кўрсаткичлари;

6.2. Ишлатиш соҳаси, унинг илмий аҳамияти;

6.3. Объект бўйича бажарилган ҳақиқий ишлар мазмуни;

6.4. Объектдан бевосита фойдаланган ҳолда олинган энг асосий илмий натижалар тўғрисида қисқача маълумот (илмий-техника дастурлари доирасидаги лойиҳаларни бажаришда фойдаланилган бўлса, лойиҳанинг шифри, мавзуси ва илмий раҳбари кўрсатилсин);

6.5. Объектдан бошқа илмий муассаса, олий ўқув юрти ва бошқа ташкилотларнинг фойдаланганлиги ва фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида маълумот;

6.6. Объект фаолиятининг натижавийлик кўрсаткичлари (бир календарь йили давомида);

6.7. Ажратилган молиявий маблағларнинг қандай ишлатилганлиги тўғрисида тўлиқ маълумот.

7. Хулоса.

Умумий таклифлар

743