ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9762 Министерство сельского хозяйства Республики Узбекистан 02/11/2019 17/11/2019 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ингичка толали пахта навлари етиштиришни самарали ташкил қилиш, янги навларни кўпайтириш ва рағбатлантириш механизмини жорий этиш тўғрисида
ID-9762

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 16 сентябрдаги ПҚ–4453-сон қарорига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 17-18 октябрдаги Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, тола сифати, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги, тезпишарлиги ва ҳосилдорлиги юқори бўлган ингичка толали ғўза навларини яратиш, уларнинг экин майдонларини кенгайтириш, янги ва истиқболли навлари уруғларини кўпайтириш ҳамда етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқишни рағбатлантириш механизмини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (Ҳайитов), “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти (Мақсудов) ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси (Ҳайдаров) республикада юқори самарадорликка эга бўлган ингичка толали ғўза навларининг экин майдонларини кенгайтириш ҳамда селекция, уруғчилик ва етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш борасидаги илмий-техник салоҳиятини ривожлантириш орқали пахта хом-ашёсини ишлаб чиқарувчи пахта тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари манфаатдорлигини ошириш борасидаги ишларни кучайтирсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда 2020 йил ҳосили учун ингичка толали пахта хомашёси етиштиришга сарфланадиган ҳақиқий харажатларни ҳисобга олган ҳолда 2020 йил 1 февралга қадар бир тонна пахта хомашёсининг кафолатланган нархларини белгилаш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Қўчқоров), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев) бир ой муддатда:

ингичка толали ғўза навлари толасининг I-А, I-Б, I ва II-типлари бўйича ҳамда пахта хом-ашёсининг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача харид нархномасини тасдиқласин ва 2019 йил ҳосилидан бошлаб якуний ҳисоб-китобни амалга оширсин;

ингичка толали ғўза навлари бўйича фаолият олиб борадиган дастлабки ва элита уруғчилик хўжаликларининг молиявий манфаатдорлигини ошириш мақсадида оригинал уруғлар учун тўланадиган устама маблағларни беш бараварга ошириш белгилаб қўйилсин;

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида “Ингичка толали ғўза навлари генетикаси, селекцияси, уруғчилиги ва агротехнологияси” лабораторияси тузилмасига ўзгартиришлар киритилган ҳолда қайта ташкил этилиб, уни бюджет маблағлари ҳисобидан ўрнатилган тартибда молиялаштириш йўлга қўйилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев), “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси (Ҳайдаров), “Ўзпахтасаноат” АЖ (Мақсудов) 2020 йил ҳосилидан бошлаб:

истиқболли нав сифатида экиб келинаётган ингичка толали ғўза навларининг ишлаб чиқаришдаги кўрсаткичлари ҳамда тола сифатидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритиш бўйича таклифлари маъқуллансин;

Сурхондарё вилоятида 40 минг гектар майдонда ингичка толали ғўза навларини илмий асосланган ҳолда жойлаштириш бўйича таклифи маъқуллансин;

республикада ингичка толали ғўза навлари майдонини кенгайтириш мақсадида 2020 йил ҳосили учун Қашқадарё вилоятида 6 минг 500 гектар, Бухоро вилоятида 5 минг гектар ва Навоий вилоятида бир минг гектар майдонга жойлаштириб, кенг ишлаб чиқариш синови олиб борилсин;

ички эҳтиёжлар ҳамда экспорт учун уруғларни етиштириш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва нав оригинаторлари ўртасида тузилган эксклюзив бўлмаган бош лицензион шартномалар асосида марказ ва субъектлар билан эксклюзив бўлмаган сублицензион шартномалар тузиш ҳамда олдиндан тўлов орқали амалга оширилиши  белгилаб қўйилсин;

пахта тўқимачилик кластерлари билан нав оригинаторлари ўртасида ингичка толали ғўза навлари, селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари бўйича илмий-амалий ҳамкорликни молиялаштириш узоқ муддатли келишув шартномалари асосида йўлга қўйилсин;

давлат реестрига киритилган ингичка толали ғўза навлари уруғларини кўпайтириш билан шуғулланувчи элита уруғчилик хўжаликлари фаолиятини самарали ташкил этиш ва замонавий жиҳозлар билан модернизация қилиш;

янги ингичка толали ғўза навлари селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш борасидаги ишларни кучайтириш мақсадида нав оригинаторлари тасарруфидаги дастлабки элита уруғчилик хўжаликлари структураси, штатлар жадвали ва молиялаштириш манбаълари бўйича таклифлар киритилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев) ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази (Намазов)га ингичка толали ғўза навлари уруғчилиги билан боғлиқ ташкилий-услубий фаолиятни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (Абдураҳмонов), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (Йўлдошев) ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази (Холиқов) ингичка толали ғўза навларига бўлган талаблардан келиб чиқиб, ингичка толали ғўза навлари генетикаси, селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари бўйича илмий-тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгиласин ҳамда 2020 йилдан бошлаб грант танловлари асосида ингичка толали ғўза навлари селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш йўлга қўйилсин.

7. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси (Ҳайдаров), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев) ва Фанлар академияси (Йўлдошев) ташкил этилган кластерлар билан илмий-тадқиқот институтлари ўртасида қишлоқ хўжалигининг турли тармоқлари бўйича 10 ва ундан ортиқ мутахассислар билан ўзаро илмий ва амалий ҳамкорлик қилиш бўйича тегишли шартномалар тузиш механизмини ишлаб чиқсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Аграр ва озиқ – овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

 Бош вазири                                                     А.Арипов

Умумий таклифлар

480