ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
975 Министерство культуры Республики Узбекистан 18/10/2018 02/11/2018 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида
ID-975

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

 

 

 

 

 

 

Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида

 

 

Ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида бахшичилик санъатига бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, ёш авлодни мардлик, ҳалоллик, миллий ва умуминсоний қадриятлар, она юртга ва аждодлар меросига юксак садоқат руҳида тарбиялаш, халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали (кейинги ўринларда фестиваль деб аталади)ни ҳамда фестиваль доирасида “Бахшичилик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференцияни ўтказиш ва ушбу фестивални ҳар икки йилда бир маротаба ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 1-иловага;

Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита бир ой муддатда фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

4. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги масъул этиб белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Маданият вазирлигига фестивалга хорижий давлатлардан таниқли фольклоршунос олимлар, бахши, шоир, оқин ва жировлар, ижодий жамоалар, мутахассислар ва фахрий меҳмонларни таклиф этишда амалий ёрдам кўрсатсин.

6. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Термиз шаҳрида ободонлаштириш
ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини,
фестиваль ўтказиладиган саҳна майдонлари ва заллар талаб даражасида тайёрланишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фестивалнинг тантанали очилиш маросимини ҳар томонлама пухта ва бадиий жиҳатдан бетакрор усулда тайёрлаш учун юксак професионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, бастакорлар ва балейтместрлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорларни кенг жалб этилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг виза талабномаларига биноан Ўзбекистон Республикасига кириш визаларини белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Cавдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:

фестиваль доирасида Термиз шаҳридаги Сурхондарё санъат саройи майдонининг ён атрофида бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар, қадим фольклор чолғулар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши
ва уларнинг сотуви ташкил этилишини;

фестиваль дастурини ишлаб чиқиш ва унинг фестивалдан уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этилиши, Интернет жаҳон ахборот тармоғи
ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини таъминласин;

бир ой муддатда фестиваль веб-сайтини тайёрласин, уни интернет тармоғига жойлаштирсин ҳамда мунтазам равишда янгиликлар, фотосуратлар, аудио ва видео материаллар билан янгилаб борсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда фестиваль доирасида ташриф буюрувчи меҳмонларни Маданият вазирлиги буюртмасига кўра, Термиз шаҳридаги меҳмонхоналарга жойлаштириш чораларини кўрсин.

11. Белгилаб қўйилсинки, фестивални тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда ҳамда ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти

 

                          Ш.Мирзиёев

 

Умумий таклифлар

989