ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9736 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 04/11/2019 16/11/2019 5

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг " Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори
ID-9736

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ТАЛАБАЛАРИ ЎРТАСИДА ЎТКАЗИЛАДИГАН РЕСПУБЛИКА ФАН ОЛИМПИАДАЛАРИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёш кадр қилиб тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳар йили бўлиб ўтадиган Олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, республика фан олимпиадалари тизимини такомиллаштиришнинг самарали механизмини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда, икки ҳафта муддатда, олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадалари рўйхатини тасдиқласин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) республика фан олимпиадаларини ташкил қилиш харажатлари:

олимпиада ўтказилаётган олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ҳамда техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

б) талаба-ёшларнинг олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш билан боғлиқ, шу жумладан кунлик, яшаш ва транспорт харажатлари олимпиадага юбораётган олий таълим муассасасининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан;

в) республика олимпиада ғолиблари ҳамда уларнинг илмий раҳбарларига тўланадиган бир марталик пул мукофотлари билан боғлиқ харажатлар талаба ўқиётган олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А.Абдуҳакимов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов зиммасига юклатилсин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

 

А. АРИПОВ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил

___ _________ ___ сон қарорига

ИЛОВА

 

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Талабалар республика фан олимпиадаси – талабаларнинг олий таълим муассасаларида (кейинги ўринларда ОТМ деб юритилади) фанлар ва касбий тайёргарлик бўйича олган билимларини ижодий қўллаш, ўз иқтидорларини намоён этишга қаратилган гуманитар ва табиий илмий, умумкасбий ҳамда ихтисослик фанларидан анъанавий равишда ўтказиладиган интеллектуал танлов;

олимпиада таркибига киритилган фанлар − вазирлик томонидан талабалар фан олимпиадаси ўтказилиши белгиланган фанлар туркуми;

олий таълимнинг давлат таълим стандарти – муайян таълим соҳасида қўйиладиган малака талаблари, таълим мазмуни, битирувчилар умумий тайёргарлигининг зарурий ва етарли даражасини, кадрлар тайёрлаш сифатини баҳолаш даражаларини белгилайдиган эталон даражаси.

ўқув фани дастури – таълим мазмуни, уларнинг талабалар томонидан ўзлаштирилишининг энг мақбул усуллари, ахборот манбалари кўрсатилган норматив ҳужжат;

таълим йўналишининг малака талаблари − узлуксиз таълим тегишли босқичи битирувчиларининг умумий билим ва касб тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаблар.

ижодий иш топшириқлари − ижодий иш олимпиада ўтказилаётган муайян гуманитар, табиий-илмий, умумкасбий ва ихтисослик фанлар доирасидаги мавзу юзасидан бажариладиган ҳамда талабалар ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган топшириқлар мажмуаси;

ёзма иш ёки амалий топшириқлар – фан дастурида белгиланган талабалар билимини баҳолашнинг таянч қонуниятларига асосланган, ўтилган фанларга нисбатан ижодий ёндашиш, мустақил фикрлаш, ўз билимини доимий равишда ошириш, адабиётлардан кенг фойдаланиш, ўз фикрларини ёзма равишда аниқ ва лўнда ифодалаб бериш ҳамда тақдим этиш хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган топшириқлар мажмуаси;

лаборатория топшириқлари – талабалар ўзлаштирган назарий билимларни амалда қўллашга қаратилган топшириқлар мажмуаси;

тест топшириқлари – талабалар ақлий ривожланишини аниқлаш мақсадида ишлатиладиган, муқобил ечимлари кўрсатилган, тезкор аниқлашга қаратилган стандарт топшириқлар мажмуаси;

оғзаки топшириқлар − ўзаро диалог орқали талабанинг қобилиятини аниқлашга қаратилган оғзаки топшириқлар мажмуаси;

олимпиада топшириқларини баҳолаш мезонлари – талабалар республика фан олимпиадасида ғолибларни аниқлаш учун берилган топшириқларга жавобларнинг қийматини белгиловчи баҳо, ўлчов ёки даража;

2. Республика ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча олий таълим муассасалари (давлат ва нодавлат, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари, хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, факультетлари) талабалари (курсантлари) орасида мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида вазирлик томонидан тасдиқланган фанлар бўйича “ОТМ талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаси” (кейинги ўринларда Олимпиада деб юритилади) ҳар йили ўтказилади. Ушбу Низом олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда, икки ҳафта муддатда, олимпиада рўйхатини тасдиқлайди.

4. Олимпиадани холис ва адолатли ўтказилишини назорат қилиш ҳамда натижаларини таҳлил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига юклатилади.

 

2-боб. Олимпиаданинг мақсад ва вазифалари

 

5. Олимпиаданинг мақсади- талабаларнинг ўқув-билиш, ўқув-тадқиқотчилик фаолиятини рағбатлантириш; ёшларнинг ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш; иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш учун зарурий шароитларни яратиш; ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришдан иборат.

6. Қуйидагилар олимпиаданинг асосий вазифалари ҳисобланади:

истеъдодли талаба-ёшларни аниқлаш, улар фаолиятини илмий
ва услубий жиҳатдан мувофиқлаштириб бориш, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштиришда республика ва халқаро тажрибаларни инобатга олиш;

иқтидорли талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш, интеллектуал ўсиши учун шароит яратиш;

талабаларда ўқув фаолиятига ва бўлажак касбига қизиқишни ошириш;

талабалар учун ўқув машғулотларини ташкиллаштиришда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интерфаол усулларни татбиқ этилишини таъминлаш;

фан олимпиадаси ғолиблари орасидан халқаро фан олимпиадасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш учун республика терма жамоасига номзодлар таркибини шакллантириш;

истеъдодли талаба-ёшларнинг ижодий тафаккур маҳсули сифатида илмий тадқиқот ишлари бўйича узоқ келажакка мўлжалланган фаолиятни олиб бориш;

юқори натижаларга эришган иқтидорли ва истеъдодли талаба-ёшларнинг келгусидаги фаолиятини мониторинг қилиш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;

педагогларнинг қобилиятли ва истеъдодли талаба-ёшларни тайёрлашга қаратилган ижодий изланишлари бўйича меҳнатини муносиб рағбатлантириш.

 

3-боб. Олимпиада ўтказиладиган фанлар

 

7. Олимпиада гуманитар, табиий илмий фанлар ҳамда умумкасбий, ихтисослик фанлари бўйича алоҳида-алоҳида ўтказилади. “Гуманитар
ва табиий-илмий фанлар” блоги бўйича ўтказиладиган олимпиадада бакалавриатнинг кундузги бўлим 2-курс талабалари, “Умумкасбий ҳамда ихтисослик фанлари” бўйича 3 ва 4 –курс талабалари иштирок этади.

8. Умумий ўрта ва ўрта махсус таълими фанларидан ўтказилган олимпиадаларда юқори натижаларга эришган иқтидорли талабаларнинг келгусидаги фаолиятини мониторинг қилиб бориш орқали ОТМда шу фанлардан ўтказилган олимпиада ғолиблари билан узвий боғликлик таҳлил қилиниб, уларни магистратура ва таянч докторантурагача бўлган фаолиятлари мониторинги олиб борилади ҳамда узлуксиз қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

 

 

4-боб. Олимпиадани ўтказиш босқичлари ва тартиби

 

9. Олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш икки босқичда:

а) биринчи босқичи ўқув йилининг февраль-март ойларида барча ОТМларда;

б) иккинчи босқичи вазирликнинг буйруғи билан белгиланган муддатда тегишли фанлардан олимпиадани ташкил этиш ва ўтказишга масъул этиб белгиланган ОТМларда ўтказилади.

10. Олимпиаданинг юқори савияда ўтказилишига шахсан ОТМ ректори (директори, бошлиғи) масъул ҳисобланади.

11. Олимпиаданинг 1-босқичини ўтказиш учун ОТМда жамоатчилик асосида Ишчи ташкилий қўмита тузилади. Таркиби ректор буйруғи билан тасдиқланади ва қуйидагилардан иборат бўлади:

Ректор (Раис);

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор  (Раис ўринбосари);

Иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи (Масъул котиб).

Аъзолари:

Маънавий-ахлоқий тарбия ишлари бўйича проректор;

Ўқув ишлари бўйича проректор;

ОТМ “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилоти вакили;

Факультет деканлари, ОТМнинг етакчи олимлари ва мутахассислари;

жамоат ташкилотлари вакиллари.

12. Олимпиада ўтказиладиган гуманитар ва табиий-илмий, умумкасбий ҳамда ихтисослик фанлар бўйича биринчи босқич топшириқлари фан дастурига мос ҳолда, тегишли кафедралар томонидан кўп вариантли қилиб тузилади ва ОТМ Ишчи ташкилий қўмитасига топширилади. Мазкур қўмита мавжуд вариантлар асосида янги вариантларни тузади. Вариантлар махфийлигини таъминлаган ҳолда олимпиаданинг тегишли тури бошланиш вақтига қадар махсус сейфда сақланади
ва олимпиаданинг тегишли тури бошланишидан олдин Ҳакамлар ҳайъатига топширади.

13. Олимпиада ўтказилаётган фанлар бўйича иккинчи босқичда топшириқлар фан дастурига мос ҳолда Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш маркази томонидан тақдим этилган вариантлар асосида ва олимпиаданинг тегишли тури бошланишидан олдин Ҳакамлар ҳайъатига топширилади.

14. Олимпиаданинг биринчи босқичида ОТМ томонидан олимпиада қатнашчиларининг билимларини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади
ва ректор томонидан тасдиқланади.

15. Олимпиаданинг 1 ва 2 - босқичлари қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ижодий иш тайёрлаш;

ёзма иш ёки амалий, лаборатория, тест ва оғзаки топшириқларни бажариш (ёки матн таржима қилиш).

Ижодий ишни тайёрлаш тартиби ва муддатлари ОТМ томонидан белгиланади.

Ҳар бир тур 100 баллик тизимда Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳоланади ва тўпланган баҳолар ўртача қиймати ҳисобланиб, талабанинг шу турдан олган бали аниқланади. Талабанинг 4 та тур бўйича натижаси асосида эгаллаган ўрни белгиланади.

Ҳакамлар ҳайъати 280 ва ундан юқори балл тўплаган талабалар орасидан баллар кетма-кетлиги бўйича I, II, III-ўринларни аниқлайди ва қайдномани расмийлаштиради. Кейинги ўринлар баллар кетма-кетлигида юқоридан пастга қараб аниқланади.

Агар барча талабаларнинг тўплаган баллари максимал баллнинг 70 фоизидан (280 балл) кам бўлса, ушбу фан бўйича ғолиб аниқланмади деб ҳисобланади.

16. Олимпиаданинг биринчи босқичи натижалари ОТМнинг Кенгашида муҳокама этилади. Фақат биринчи ўринни эгаллаган ғолиблар олимпиаданинг иккинчи босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади ва кенгашнинг қарори қабул қилинади.

17. Олдинги ўқув йилларида иккинчи босқич олимпиадасида қатнашиб, тўртинчи-олтинчи ўринларни эгаллаган иқтидорли талабаларга ушбу фан бўйича олимпиадада қайта қатнашиш ҳуқуқи берилади.

18. Олимпиаданинг иккинчи босқичини шаффофлигини таъминлаш масъулияти ОТМ ректорлари зиммасида бўлади. Вазирлик ташкилий қўмитаси иккинчи босқичнинг ўтказилишини мувофиқлаштириш учун масъул вакилларни белгилайди ва улар жойларда умумий назоратни амалга оширади.

19. Олимпиаданинг иккинчи босқичини ўтказувчи ОТМ Ишчи ташкилий қўмитасининг вазифалари қуйидагилар:

олимпиаданинг иккинчи босқичини мазкур Низом талаблари асосида ташкил этиш, уни ўтказиш жараёнини назорат қилиш ва Вазирликка ҳисобот бериш;

олимпиада иштирокчиларини кутиб олиш, турар жой билан таъминлаш, овқатлантиришни ташкил этиш, зарур ҳолларда тиббий хизмат кўрсатиш ва кузатиш;

иштирокчилар ва жамоа раҳбарларини олимпиада Низоми, ўтказиш тартиби билан таништириш;

олимпиаданинг илмий-услубий жиҳатдан юқори савияда, адолат ва ошкоралик мезонлари асосида ўтказилишини таъминлаш;

олимпиада куни барча иштирокчиларга олимпиада учун махсус тайёрланган материалларни онлайн танлаб олиш имкониятини бериш;

олимпиада жараёнида рўй бериши мумкин бўлган техник носозликлар ва англашилмовчиликларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

олимпиада натижаларини иштирокчилар ва ОТМ мутасадди вакиллари иштирокида эълон қилиш, зарур ҳолларда уларнинг саволларига жавоб бериш, эътирозларини кўриб чиқиб ўрнатилган тартибда бартараф этиш;

олимпиадада қатнашувчи талабалар иштирокида тадбирларни ташкил этиш, кафедра ва деканатларда “Билимлар куни” рукнида маданий тадбирларни ўтказиш;

тарихий-маданий ёдгорликлар, муассасалар ва музейларга саёҳатлар ташкил этиш;

олимпиада ғолиблари ва уларнинг раҳбарларини рағбатлантириш.

20. Олимпиада ўтказиладиган жойга иштирокчиларни олиб келиш ва олиб кетиш, уларнинг йўллардаги ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ОТМ ректорлари зиммасига юклатилади.

21. Олимпиада иккинчи босқичининг ўтказилиши юзасидан қатнашувчи талабалардан, жамоа раҳбарларидан натижа эълон қилингандан сўнг 4 соат ичида тушган ёзма электрон шикоят ва аризалар Ташкилий қўмита ҳамда Ҳакамлар ҳайъати томонидан олимпиада жараёнида бевосита жойида ҳал этилади.

22. Олимпиадани ўтказиш жараёнида тартиб бузган талаба ёки илмий раҳбар Ҳакамлар ҳайъати далолатномаси асосида олимпиададан четлаштирилади. Далолатнома Ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари ҳамда тартибга амал қилмаган талаба ёки раҳбар томонидан имзоланади.

23. Олимпиада ўтказиладиган аудиторияда синовлар жараёнини тўлиқ назорат қилиш ҳамда ғолибларни аниқлашда шаффофликни таъминлаш мақсадида видеокузатув тизими ўрнатилиши ва аудитория зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши шарт.

24. Олимпиаданинг икки босқичида ҳам синов ўтказиладиган аудиторияга кириш жойидаги назорат постида микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, турли кўринишдаги телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилган ёки улардан синовлар давомида фойдаланган талабалар олимпиададан далолатнома тузиш орқали четлаштирилади.

25. Он-лайн тизимида видеокузатув маълумотлари CD дискка ёки флешкага ёзилади ва олимпиаданинг иккинчи босқичи натижалари ҳамда ҳисоботлари билан бирга Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш марказига тақдим этилади.

26. Олимпиадани холис ва адолатли ўтказилишини назорат қилиш ҳамда натижаларини таҳлил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вакили ва ишчи гуруҳга юклатилади.

27. Олимпиаданинг биринчи босқичида биринчи ўринни эгаллаган талаба иккинчи босқичда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

28. Олимпиаданинг биринчи босқичида биринчи ўринни эгаллаган талабалар ҳақидаги маълумот олимпиаданинг иккинчи босқичи бошланишидан камида 10 кун олдин иккинчи босқич олимпиадасини ўтказадиган ОТМларга юборилади.

29. Олимпиада иштирокчилари сони тўққиз нафар ва ундан кам бўлган тақдирда, II-тур ушбу фан бўйича ўтказилмайди ва бу ҳолда ҳужжат юборган ОТМларга хабар берилади. (Айрим фанлар бундан мустасно, масалан: қорақалпоқ, тожик, араб, форс, шарқ тиллари ва бошқа тил фанлари. Ушбу фанларга олимпиаданинг биринчи босқичида 1 ва 2-ўринни эгаллаган талабалар мустасно тариқасида 2-босқичда иштирок этиш ҳуқуқи берилиши мумкин).

30. Олимпиаданинг иккинчи босқичи Олий таълим муассасалари томонидан тавсия қилинган ва вазирлик буйруғи иловасига киритилган фанлар ва ОТМлар рўйхати асосида ўтказилади. Уларни самарали ўтказиш мақсадида масъул ОТМ ректори раҳбарлигида Ишчи ташкилий қўмита тузилади.

31. Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тегишли фанлардан тайёрланган ёзма иш саволлари мажмуалари ва тест топшириқларидан иборат вариантлар (камида 3 та) тузилади ҳамда конвертларга солиниб муҳрланади. Конвертлар олимпиада бошланиши олдидан олимпиадани ўтказаётган ОТМга тақдим этилади. Конвертлардан биттаси талабалар кўз ўнгида қуръа ташлаш йўли билан танланади.

32. Олимпиаданинг иккинчи босқичида олдинги йиллар имтиёзли ўринни эгаллаган талабаларнинг қайта иштирок этишига йўл қўйилмайди.

33. Барча йўналишларда олимпиада давлат тилида ўтказилади. Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган йўналишлар учун олимпиада алоҳида ўтказилади. Ёзма иш махсус тайёрланган бланкларга лотин ёзувида ёзилади. Ортиқча варақлар қўшиш, турли белгилар қўшишга йўл қўйилмайди.

34. Таҳсил олаётган муассаса раҳбарининг йўлланмаси, паспорти (асл нусхаси), баҳолаш дафтарчасисиз (асл нусхаси) ташриф буюрган талабанинг олимпиадада иштирок этишига йўл қўйилмайди.

 

35. Олимпиада жараёнини мувофиқлаштириш ишларига умумий раҳбарликни вазирликнинг буйруғи билан тасдиқланган Вазирлик ташкилий қўмитаси амалга оширади.

36. Ташкилий қўмитага олимпиада ўтказилаётган ОТМ ректори раислик қилади ва аъзолари таркибига қуйидаги ташкилотлардан вакиллар киритилади:

Вазирлик ҳамда вазирлик ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказининг масъул ходимлари;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва жамоат ҳамда иш берувчи ташкилотлар вакиллари.

37. Вазирлик ташкилий қўмитаси қуйидаги ишларни амалга оширади:

Олимпиада босқичлари ўтказиладиган жойларни ва муддатини белгилаш;

Олимпиада босқичларини жойларда ташкил этилиши, ўтказилишини мувофиқлаштириш, бошқариш ва назорат қилиш;

Олимпиаданинг ўтказилишини оммавий ахборот воситаларида ёритишни ташкил қилиш.

38. Олимпиадани ўтказиш жараёни ва натижалари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси

оммавий ахборот воситаларида ҳамда Вазирлик, ОТМ расмий веб-сайтларида ёритилади.

 

 

5-боб.Ҳакамлар ҳайъати, адолат ва мандат комиссияларининг вазифалари

 

39. Олимпиадани ўтказиш бўйича Ҳакамлар ҳайъати қуйидаги таркибда тузилади:

олимпиаданинг иккинчи босқичида ҳар бир фан бўйича малакали профессор-ўқитувчилар ва тажрибали мутахассислардан иборат 5-7 кишилик Ҳакамлар ҳайъати яширин овоз бериш йўли билан аниқланади ҳамда унинг таркиби олимпиада ўтказилаётган ОТМ ректори томонидан тасдиқланади.

Олимпиаданинг иккинчи босқичи учун ҳар тўртта тур бўйича савол ва топшириқлар, тестлар, ижодий иш намуналари йўналишлар хусусиятидан келиб чиқиб Вазирлик ташкилий қўмитаси томонидан тўпланиши, сараланиши ва муҳрланган ҳолатда ташкилотчи ОТМга олимпиадага бир кун қолганда етказилади.

Олимпиада иштирокчилари сони ўттиз нафар ва ундан ортиқ бўлганда Ҳакамлар ҳайъати аъзолари сонини тўққиз ёки ўн бирнафаргача қилиб белгилаш мумкин.

40. Ҳакамлар ҳайъати қуйидаги вазифаларни бажаради:

тақдим этилган топшириқларнинг мазмуни, фан дастури талабларига мос келишини аниқлаш ва ечимини текшириб чиқиш;

олимпиада иштирокчилари бажарган ижодий иш, ёзма иш ёки амалий, лаборатория (ёки матн таржима қилиш), тест ва оғзаки топшириқларни текшириш ҳамда баҳолаш;

ғолибларни аниқлаш мақсадида уларнинг эгаллаган ўринларини белгилаш;

олимпиада якунлари юзасидан белгиланган тартибда Ҳакамлар ҳайъатининг қарори лойиҳасини тайёрлаш ва тасдиққа тақдим этиш;

олимпиада натижаларини қатнашчилар ва жамоа раҳбарлари иштирокида эълон қилиш;

 ўтказилган олимпиада натижалари ҳақида Ташкилий қўмитага батафсил ҳисобот бериш, зарур ҳужжатларни тақдим этиш.

41. Ҳакамлар ҳайъатининг қарорларида олимпиадада қатнашувчи талабаларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, шахсий паспорти асосида тўлиқ ва аниқ ёзилиши шарт.

42. Ҳакамлар ҳайъати таркибига кирмаган малакали профессор-ўқитувчилар ва тажрибали мутахассислардан 3-5 кишидан иборат бўлган Адолат комиссияси қуръа ташлаш йўли билан аниқланади ҳамда унинг таркиби олимпиада ўтказилаётган ОТМ ректори томонидан тасдиқланади.

43. Адолат комиссияси:

олимпиада иштирокчиларининг шикоятларини олимпиаданинг ҳар бир тури якунидан кейин, навбатдаги тур бошлангунга қадар ҳамда олимпиада якунида ғолибларни эълон қилишдан аввал кўриб чиқиш;

фан олимпиадалари қатнашчиларининг аризаларини талабанинг илмий раҳбари ва Ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокида кўриб чиқиш;

қабул қилинган қарор юзасидан тегишли баённома тузиш ва Ҳакамлар ҳайъати ҳамда Мандат комиссияси билан келишган ҳолда тасдиқлаш;

зарур ҳолларда Ҳакамлар ҳайъати қарорини бекор қилиш ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

 

44. Ҳакамлар ҳайъати ва Адолат комиссияси таркибига кирмаган профессор-ўқитувчи ва тажрибали мутахассислар 3 кишидан иборат бўлган Мандат комиссияси яширин овоз бериш йўли билан аниқланади ҳамда унинг таркиби олимпиада ўтказилаётган ОТМ ректори томонидан тасдиқланади.

45. Мандат комиссияси қуйидаги вазифаларни бажаради:

олимпиада иштирокчиларининг паспорти (асл нусхаси), рейтинг дафтарчаси (асл нусхаси) ва ОТМ раҳбариятининг йўлланмасини текшириш;

тегишли ҳужжатлари (паспорт, рейтинг дафтарчаси) мос келмаса, мандат комиссияси ёзма равишда вазирлик томонидан белгиланган масъул вакил ва олимпиаданинг II босқичини ўтказувчи ОТМ Ишчи ташкилий қўмитасига мурожаат этади. Ишчи ташкилий қўмита тегишли тартибда қарор қабул қилади ва баённома тузади;

талабаларнинг илмий раҳбарларини ўтказилаётган фандан бериладиган топшириқлар фан дастурига мос эканлиги билан таништириш;

тест, ёзма иш, амалий ишларни шифрлаб текшириш учун Ҳакамлар ҳайъатига топширади;

ҳакамлар томонидан текширилган ишларни шифр бўйича рўйхатини тузади ва ғолибларни аниқлаш учун ҳайъатга тақдим этади.

 

 

6-боб. Олимпиада ғолибларини аниқлаш тартиби

46. Олимпиада ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш:

биринчи босқичда ОТМ ташкилий қўмитаси қарори натижаларига асосан;

иккинчи босқичда мутасадди ОТМ ишчи ташкилий қўмитаси қарорига кўра амалга оширилади.

Олимпиаданинг I ёки II босқичида талабаларнинг эришган натижалари тенг келиб қолса, совриндорни аниқлаш учун уларга қўшимча тест топшириқлари берилади ва бу ҳолат ғолиб аниқлангунга қадар давом эттирилади. Аниқланган натижа Ҳакамлар ҳайъати томонидан баённома тузилиб, ҳар икки талабанинг имзоси қўйилган ҳолда расмийлаштирилади.

47. Олимпиаданинг иккинчи босқичи ғолибларининг сони ҳар бир фан бўйича қуйидагича белгиланади:

биринчи ўрин – бир нафар;

иккинчи ўрин – бир нафар;

учинчи ўрин – бир нафар.

 

7-боб. Олимпиада ғолиблари ва уларнинг илмий раҳбарларини рағбатлантириш тартиби

48. Олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабалар фан олимпиадаларида қатнашиб, унинг якуний босқичида мутахассислик фанларидан биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган талабаларга, ғолиб бўлган фан бўйича магистратурага кириш имтиҳонларининг максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва икки йил муддат давомида амал қилувчи гувоҳнома (илова) тақдим қилинади ҳамда ғолиб талабаларнинг барчасига вазирликнинг 1, 2, 3-даражали дипломлари берилади.

Олимпиада ғолиблари халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоаси рўйхатига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда магистратурага қабул қилинган олимпиада ғолибларига «Устоз-шогирд» тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган фан докторлари ва малакали мутахассислардан иборат илмий раҳбарлар бириктирилади.

49. Олимпиаданинг якуний босқичи ғолиблари, уларнинг илмий раҳбарларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин учун – 5 баробар, илмий раҳбарга – 5 баробаргача,

2-ўрин учун – 3 баробар, илмий раҳбарга – 3 баробаргача,

3-ўрин учун – 2 баробар, илмий раҳбарга – 2 баробаргача.

50. Тасарруфида ОТМлари бўлган вазирликлар ва идоралар ОТМларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан олимпиадада ғолиб бўлган талабалар, уларнинг илмий раҳбарлари ҳамда олимпиадани ташкил этиш ва ўтказишда фаол қатнашган ходимларни моддий рағбатлантиришга ҳақлидир.

 

                               

      

9-боб. Олимпиадани якунлаш тартиби

 

51. Олимпиада иккинчи босқичини ўтказувчи ОТМнинг ташкилий қўмитаси томонидан бажарган ишлари бўйича дастлабки маълумотнома (Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаси, мутасадди ОТМ қарори ва ҳ.к.) расмийлаштирилган ҳолда Вазирликнинг масъул вакилига олимпиада тугаган куни топширилади.

52. Вазирликнинг масъул вакили олимпиада натижаларини Вазирлик ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш марказига тақдим этади. У олимпиада натижаларини умумлаштиради ҳамда якуний маълумотни Вазирликнинг ташкилий қўмитасига тақдим этади.

53. Жойларда қабул қилинган Ишчи ташкилий қўмиталарининг қарорлари асосида Вазирликнинг буйруғи чиқарилади.

 

 

10-боб. Якуний қоида

 

54. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.

 

 

Изоҳ: Ишчи гуруҳи раиси ва ўринбосари  бошқа ишга ўтган тақдирда Ишчи гуруҳи таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги Низомга

ИЛОВА

 

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳнома намунаси ва унинг тавсифи

 

O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI

OLIY VA O‘RTA MAXSUS TA’LIM VAZIRLIGI

OLIY TA’LIM MUASSASALARI TALABALARI O‘RTASIDA O‘TKAZILGAN RESPUBLIKA FAN OLIMPIADASI G‘OLIBI TO‘G‘RISIDA

 

GUVOHNOMA

                                                        №  000000

 

                       

 

Shaxsni tasdiqlovchi xujjatning asli bilan birgalikda taqdim etilganda qonuniy kuchga ega bo‘ladi

_____________________________________________________________ga

(familiyasi, ismi, otasining ismi)

 

___________________________________________________________________________________________________

(olimpiada o‘tkazgan oliy ta’lim muassasasi nomi)

 

___________________________________________________________________________________________________

(talaba o‘qiyotgan  oliy ta’lim muassasasi nomi)

 

___________________________________________________________________________________________________

(shaxsni tasdiqlovchi xujjatning seriyasi va raqami, qachon, kim tomonidan berilgan)

 

 

Ushbu guvohnoma oliy ta’lim muassasalari talabalari o‘rtasida 20____yil “____” _________da o‘tkazilgan Respublika fan olimpiadasining yakuniy bosqichida “__________ _____________” fanidan g‘olib bo‘lib, “____” o‘ringa sazovor bo‘lganligi uchun magistraturaga kirish imtihonlarida ushbu fandan  2 (ikki) yil davomida maksimal ball olish huquqini beradi

 

               Vazir   ____________       _________________________   

                             (imzo, muhr o‘rni)                                                   ( F.I.O.)

 

 

 

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳноманинг тавсифи

 

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳнома тўғри тўртбурчак шаклдаги, ўлчамлари 297 x 210 мм бўлган, зичлиги бир квадрат метрга 130+/-5 граммли ялтироқ силлиқ қоғоздан тайёрланади. Гувоҳнома номери олтита рақамдан иборат бўлади.

Лотин алифбоси ҳарфларидаги Ўзбек тили қўлланган.

«Гувоҳнома»нинг олд томонида республика, вазирлик ва олимпиада номлари ўзбек тилида ёзилган, Ўзбекистон Республикаси герби туширилган. Ундан пастки қаторда гувоҳнома эгасини тасдиқловчи ҳужжат номи келтирилган.

Кейинги қаторларда: талаба фамилияси, исми, отасининг исми, олимпиада ўтган олий таълим муассасаси номи, талаба ўқиётган олий таълим муассасаси номи, талаба шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг серияси, тартиб рақами, ҳужжатнинг қачон ва ким томонидан берилганлиги кўрсатилади.

 

Умумий таклифлар

817