ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9637 Академия наук Республики Узбекистан 30/10/2019 14/11/2019 4

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасаларини бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш ҳамда илмий-тадқиқот натижадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида
ID-9637

Мамлакатимизда академик илм-фанни янада ривожлантириш, Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасаларида илмий-тадқиқот фаолиятини  ташкил этиш, тадқиқот олиб бориш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларини (кейинги ўринларда ИТМ) тўғридан-тўғри бюджетдан молиялаштиришга ўтказиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасалари Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Тарих институти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Санъатшунослик институтининг тузилмаси 1-4 - иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентига заруратга кўра илмий-тадқиқот муассасалари тузилмасига тасдиқланган ходимларнинг умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

2. ИТМ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қилиб қуйидагилар белгилансин:

Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти:

республика ҳудудидаги қўлёзма ва тошбосма китоблар ҳамда тарихий ҳужжатларни сақлаш ва ўрганиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш;

манбашунослик, исломшунослик, фан тарихи, ўрта асрлар тарихи, Шарқ мамлакатлари тараққиётининг замонавий муаммолари, шарқ мумтоз адабиёти, дипломатика йўналишларида илмий тадқиқотлар олиб бориш;

ёзма манбаларнинг илмий-изоҳли таржима ва асл матнлари нашрини амалга ошириш;

ёзма ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш;

республика ҳудудида жойлашган қўлёзма фондлари фаолиятини доимий мониторинг қилиш ва ташкиллаштириш;

реставратор мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш.

Фанлар академияси Тарих институти:

Ўзбекистоннинг қадимдан ҳозирги давригача бўлган тарихини тизимли ўрганишни миллий тараққиёт нуқтаи назаридан ташкил этиш;

Ватанимизнинг умумжаҳон ва минтақа тарихида тутган ўрни, ўзбек халқининг бунёдкорлик ишларини турли тарихий босқичларнинг умумий ва ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда ва ўзаро алоқадорликда кўрсатиш;

Ўзбекистонда тарихий тафаккур ривожини таҳлил қилиш, археологик, этнологик, тарихшунослик ва манбашунослик тадқиқотларининг назарияси ҳамда методологиясини истиқболли ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳар томонлама ва чуқур тадқиқ этиш.

Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти:

ўзбек тили, адабиёти ва фольклорининг тарихан шаклланган адабий, лингвистик мактаблари ва таълимотларини тадқиқ этиш;

ўзбек тилининг базавий академик ва ўқув грамматикаларини яратиш;

ўзбек тилининг фонетик тизими бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш;

ўзбек тили, адабиёти ва фольклорининг тарихий ривожланиши тамойилларини, шунингдек, замонавий тил ва адабий жараёнлар қонунларини, миллий-адабий анъаналарнинг тил ва адабиётнинг ҳозирги ҳолатига таъсири масалаларини тадқиқ этиш;

ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хослигини тиллар ва адабиётларнинг ўзаро алоқаси билан боғлиқликда  ўрганиш.

Фанлар академияси Санъатшунослик институти:

Ўзбекистон тасвирий ва амалий безак санъати, мусиқаси тарихи ҳамда замонавий бадиий жараёни масалаларини ўрганиш; 

театр, рақс, цирк санъатларининг тарихий аспекти ва ҳозирги ҳолати муаммолари, ўзбек киноси ва телевидениеси тараққиёти масалалари  бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш; 

Ўзбекистон меъморчилиги, шаҳарсозлиги тарихи ва замонавий муаммолари, ибтидоий ва илк ўрта асрлар маданияти ва санъати,  Марказий Осиё бадиий маданияти таҳлилининг ижтимоий-маънавий жиҳатларини тадқиқ этиш.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасаларининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, жорий харажатларини қоплаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

4. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги ИТМ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

 Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан танлов натижаларига кўра Давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги ИТМ фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг илмий-техник лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратиладиган бюджет маблағларини ушбу қарор топшириқларидан келиб чиққан ҳолда талаб этиладиган қўшимча бюджет маблағларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими таркибига кирувчи ИТМ фаолиятини такомиллаштиришнинг мақсадли дастури, 2020-2024 йиллардаги илмий-тадқиқот ишлари дастури ҳамда мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлар)ни  бир ой муддатда Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашига киритсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар  Маҳкамасининг  “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”  2017 йил 18 майдаги 292-сон қарорига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари А.А.Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Юлдашев зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                                    А. Арипов