ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9551 Государственный комитет Республики Узбекистан по экологии и охране окружающей среды 28/10/2019 15/11/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ҳисор давлат қўриқхонасининг қўриқланма зонасини белгилаш ва унинг ҳудудидаги айрим объектларни қўриқланма зонасига чиқариш тўғрисида
ID-9551

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ҳисор давлат қўриқхонасининг қўриқланма зонасини белгилаш
ва унинг ҳудудидаги айрим объектларни қўриқланма зонасига чиқариш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонунининг 47-моддасига асосан ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4247-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 мартдаги “Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 198-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2018 йил 24 декабрдаги Ҳисор давлат қўриқхонаси қўриқланма зонасини белгилаш тўғрисидаги Х-1308/12-сон ва 2019 йил 12 сентябрдаги Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида жойлашган Ҳазрати Султон платоси, Сувтушар дарёсининг бир қисми (сувтушар шаршараси), динозавр излари ва Амир Темур ғори объектлари жойлашган 2000,0 гектар ер майдонларини қўриқхона ҳудудидан унинг қўриқланма зонасига ўтказиш тўғрисидаги Х-1122/09-сон қарорлари асосида:

Ҳисор давлат қўриқхонасининг (кейинги ўринларда – қўриқхона деб юритилади) унга туташ ҳудудларидаги умумий ер майдони 11231,3 гектар бўлган қўриқланма зонаси 1-иловага мувофиқ белгилансин;

умумий ер майдони 2000,0 гектар бўлган, Ҳазрати Султон платоси, Сувтушар дарёсининг бир қисми (сувтушар шаршараси), динозавр излари ва Амир Темур ғори объектлари қўриқхона ҳудудидан чиқарилиб, унинг қўриқланма зонасига 2-иловага мувофиқ ўтказилсин.

2. Белгилансинки,

қўриқхонанинг қўриқланма зонасидаги ерлар ушбу зоналарда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолади ва бу ҳудудда алоҳида режим ўрнатилади;

қўриқхона ҳудудидан унинг қўриқланма зонасига чиқарилган объектларнинг 2000,0 гектар ер майдони мазкур қўриқхонанинг доимий фойдаланишида (ер балансида) қолдирилади.

3. Қўриқхона қўриқланма зонасининг низоми 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Қўриқланма зонасини ва ундаги табиий объектлар муҳофазасини ҳамда ҳудудда қонун ва мазкур низом талабларининг бажарилиши устидан давлат назоратини олиб бориш қўриқхонанинг қўриқлов ҳодимлари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари зиммасига юклатилади.

4. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда Ҳазрати Султон платоси, Сувтушар дарёсининг бир қисми (сувтушар шаршараси), динозавр излари ва Амир Темур ғори объектларида зиёрат ва экологик туризмини ташкил қилиш учун зарур бўладиган инфратузилмалар яратишга инвесторлар, шу жумладан давлат хусусий шерикчилик лойиҳалари асосида жалб қилиш чораларини кўрсин.

5. Белгилансинки, инвесторлар яратган инфратузилмадан фойдаланиш учун ундириладиган маблағнинг 50 фоизи қўриқхонанинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилиши кўзда тутилсин, у қўриқхонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда унинг ходимларини рағбатлантиришга ишлатилиши таъминлансин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси Б.Т. Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                     А. АРИПОВ

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “__” октябрдаги “___”-сон қарорига

3-илова

 

Ҳисор давлат қўриқхонасининг қўриқланма зонаси тўғрисида

 

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ҳисор давлат қўриқхонасининг (кейинги ўринларда – қўриқхона деб юритилади) қўриқланма зонасини қўриқхона билан чегарадош ҳудудлар ташкил этади.

2. Қўриқланма зона қўриқхонанинг табиий объектлари ва мажмуаларини унга туташ ҳудудлардаги хўжалик ва бошқа фаолият турлари салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида ташкил этилади.

3. Қўриқхона қўриқланма зонасининг майдони 13231,3 гектарни ташкил этади.

4. Қўриқланма зонанинг ўлчамлари ва унинг чегаралари, давлат экологик экспертизасининг хулосаси асосида, қўриқхонанинг табиий объектлари ва мажмуаларини муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўзгартирилиши мумкин.

5. Қўриқлама зонада жойлашган юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкалари олиб қўйилиши мумкин эмас. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар ер майдонларидан фойдаланишда қўриқланма зона режимига амал қилишлари лозим. Истисно ҳолатларда, юридик ёки жисмоний шахс ушбу зонанинг режимини мунтазам бузаётганда, улар маъмурий жавобгарликка тортилиб ва ушбу шахсларга нисбатан бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилгандан сўнг, уларнинг
ер участкаси белгиланган тартибда олиб қўйилиши мумкин.

2-боб. Қўриқланма зона режими

6. Қўриқхонанинг қўриқланма зонасида унинг релъефи ва гидрологик режимини бузмаган ҳолда фақат муқим аҳолига анъанавий қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланишига ва мазкур зонада бошқариладиган экологик туризмга рухсат этилади.

7. Анъанавий қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширишда қуйидагилар тақиқланади:

ўсимликларнинг ҳимоя қилиш ва ўсишини рағбатлантиришда кимёвий ўғитлар ва кимёвий моддаларни ишлатиш, иссиқхоналарда пленка ишлатиш;

ҳайвонларни овлаш ва ушлаш, ёввойи ўсимликларни йиғиш;

қўриқхона ҳудудидан қўшимча сув олишни ташкил қилиш;

фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш;

газ қувурлари ва бошқа коммуникациялар, хом ашёни қайта ишлаш ва бошқа саноат объектлари қуриш;

қишлоқ хўжалиги учун ерларини кенгайтириш;

тоғ қияликларида суғориш эгатларини барпо қилиш;

геологик қидирув ишларини портлатиш йўли билан олиб бориш;

янги йўллар ётқизиш.

8. Сайёҳлар тураргоҳларини, чодирларни ўрнатиш, автоулов тураргоҳларини жойлаштириш, гулханларни ёқиш ва шу кабилар фақат махсус ажратилган участкаларда амалга оширилади.

9. Қўриқланма зонада рухсат этилган ва тақиқланган хўжалик фаолиятлари ва бошқа турдаги фаолиятлар рўйхати қўриқхонанинг қўриқланма зонасига кириш жойларида ўрнатиладиган маълумотлар тахтасида ёзиб қўйилади.

10. Қўриқланма зонанинг ўлчамлари, чегаралари ва режими тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан тақиқланган хўжалик фаолияти ва бошқа турдаги фаолиятлар рўйхати қўриқхонанинг паспортига киритилади.

11. Қўриқланма зонанинг режими қўриқхонанинг қўриқлов бўлими ходимлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари ҳамда ўрмон фонди ерларида ўрмон қўриқчилари томонидан таъминланади.

12. Қўриқланма зонанинг режимини бузганликда айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Қўриқланма зона режимини бузганлик сабабли етказилган зарар айбдор шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда қопланиши лозим.

Умумий таклифлар

181