ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9489 Центральный банк Республики Узбекистан 28/10/2019 09/11/2019 0

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида
ID-9489

Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/18-сон қарори (рўйхат рақами 3030, 2018 йил 2 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2018 йил 9 июль, 27-сон, 553-модда) билан тасдиқланган Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида низомга иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Марказий банк Раиси

М. Нурмуратов

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2019 йил ____ октябрдаги

___/__-сон қарорига

ИЛОВА

Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимчалар

1. Қуйидаги мазмундаги 21-банд билан тўлдирилсин:

“21. Жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб унинг банк хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди.”.

2. Қуйидаги мазмундаги 365 ва 366-бандлар билан тўлдирилсин:

“365. Кредит шартномасида қарз олувчи у билан боғлиқ вужудга келган маълум ўзгаришлар ҳақида хабар бериш муддатлари кўрсатилган ҳолда кредитор-банкни хабардор қилиши лозимлиги тўғрисида қоида кўзда тутилиши лозим.

Қарз олувчи-жисмоний шахс билан боғлиқ вужудга келиши мумкин ўзгаришларга, унинг яшаш манзилининг ўзгариши, паспортининг алмашиши (шу жумладан, фамилияси, исми, отасининг исми ўзгартирилиши), қарз олувчи билан алоқа ўрнатишда фойдаланадиган алоқа маълумотлари ҳамда алоқа усулларининг ўзгариши ҳам киради.

Қарз олувчи-юридик шахс билан боғлиқ вужудга келиши мумкин ўзгаришларга, унинг жойлашган манзилининг ўзгариши, фирма номининг ўзгариши, корхона қайта ташкил этилганлиги, фаолият юритиши учун таъсир этувчи лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларининг бекор қилинганлиги, амал қилиш муддатлари тугаганлиги, тўхтатилганлиги, қарз олувчи билан алоқа ўрнатишда фойдаланадиган алоқа маълумотлари ҳамда алоқа усулларининг ўзгариши ҳам киради.

366. Агар, кредит ажратиш шартларида суғурта шартномасини тузиш ва (ёки) кредит таъминоти ҳисобланган мулкнинг бозор нархини аниқлаш учун уни баҳолатиш юзасидан талаблар кўзда тутилган бўлса, банк, хизматлари ўзи учун маъқул бўлган суғурта ташкилотларига ва баҳоловчиларга қўйиладиган умумий талабларни белгилашга ҳақлидир. Мазкур талаблар ошкор этиладиган ахборот бўлиб, молия бозорида рақобатнинг чекланишига олиб келмаслиги ва банкнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.

Банк қарз олувчининг ва (ёки) гаровга қўювчининг банк талабларига жавоб берадиган ташкилотлар рўйхатидаги суғурта компанияси ва (ёки) баҳоловчини танлаш ҳуқуқини чекламаслиги лозим.”.

3. Қуйидаги мазмундаги 373-банд билан тўлдирилсин:

“373. Қарз олувчи-юридик шахснинг хорижий валютада кредит олишга бўлган танлови ва бундай танловга кўра хорижий валюта курсининг ўзгариши натижасида хорижий валютада олинган кредит бўйича миллий валютадаги қарз юкининг ошиши билан боғлиқ равишда келиб чиқадиган оқибатлар, ушбу қарз олувчининг таваккалчилиги ҳисобланади.

Мазкур таваккалчиликлар банк ва қарз олувчи ўртасида тузилган кредит шартномасида акс эттирилиши шарт.”.

4. Қуйидаги мазмундаги 374-банд билан тўлдирилсин:

“374. Банк-кредитор қарз олувчи томонидан шартномага асосан кредит (қарз) бўйича тўлиқ қарздорлик суммасини тўлаш мажбурияти бажарилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда мазкур қарз бўйича гаровда турган мулкни таъқиқдан чиқариш чораларини кўриши лозим.”.

5. Қуйидаги мазмундаги 381, 382 ва 383-бандлар билан тўлдирилсин:

“381. Банк томонидан мижознинг банк ҳисобварағи ва (ёки) банк омонати, шу жумладан, банк карталари бўйича (банк карталаридан фойдаланаётган пайтда “PIN-код”ни нотўғри терилиши оқибатида блокировкага тушган ҳолатлар бундан мустасно) амалиётлар тўхтатиб қўйилганда, амалиёт тўхтатилган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ҳисобварақ ёки омонат эгасига унинг ҳисобварағига хизмат кўрсатиш тўхтатилганлиги ва унинг сабаблари юзасидан хабарнома юбориши шарт.

382. Банк томонидан кредитлар, микроқарзлар ва лизинг бўйича қарздорликларни сўндириш учун банк ҳисобварағи ва (ёки) банк омонатидан (шу жумладан, банк карталари бўйича) маблағлар ҳисобварақ (омонат) эгасининг топшириғисиз ҳисобдан чиқарилганда, банк ушбу маблағ ҳисобдан чиқарилган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ҳисобварақ (омонат) эгасига унинг ҳисобварағидан қанча миқдордаги маблағ қандай сабабларга асосан ва кимнинг фойдасига чиқарилганлигини кўрсатган ҳолда хабарнома (маълумотнома) юбориши керак.

383. Мазкур Низомнинг 381 ва 382 - бандларида назарда тутилган хабарномалар (маълумотномалар) мижозларга шахсан, почта ёки электрон алоқа воситалари ва бошқа коммуникация каналлари орқали топширилиши мумкин. Хабарномани (маълумотномани) олиш усули истеъмолчи томонидан мустақил равишда танланади ва танланган усул банк ҳисобварағи ёки омонати шартномасида кўрсатилиши лозим. Мижоз унга хабарнома (маълумотнома) етказиш усулини банкка шахсан ёки почта орқали ёзма ариза тақдим этиш орқали ўзгартириш ҳуқуқига эга. Бунда мижоздан қабул қилинган ариза банк томонидан унинг банк ҳисобварағи бўйича йиғмажилдида ёки омонат ҳисобварақлари бўйича алоҳида картотекада сақланади.

Хабарномани (маълумотномани) мижозга етказиш усули ўзгарганлиги муносабати билан банк ҳисобварағи ёки омонати шартномасига ўзгартиришлар киритиш талаб этилмайди.”.

6. Қуйидаги мазмундаги 501-банд билан тўлдирилсин:

“501. Банкнинг мансабдор шахслари томонидан шахсий қабулни ўтказишга доир илтимос билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакилларидан ёзма мурожаатлар келиб тушганда, банк ушбу мурожаатлар келиб тушган санадан бошлаб етти кундан кечиктирмаган ҳолда ушбу шахсларга банкнинг мансабдор шахсларига қабул санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда қабул белгиланганлиги, шунингдек, қабулни амалга оширадиган банк мансабдор шахсларининг фамилияси, исми, шарифи ва лавозимини кўрсатган ҳолда хабарнома юбориши лозим.”.

Умумий таклифлар

230