ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9426 Торгово-промышленная палата Узбекистана 23/10/2019 07/11/2019 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-9426

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни
ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, шу орқали халқимизнинг бой маданий мероси
ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 3 октябрдаги ПФ–5841-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ҳунармандчиликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

ҳунармандчилик соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, йўқолиб бораётган ҳунармандчилик турларини тиклаш ва ривожлантириш;

ҳунармандчилик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш;

ҳунармандларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни зарурий инфратузилма яратиш, шунингдек асбоб-ускуна, хомашё ва материалларга бўлган эҳтиёжларини қондириш;

ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички
ва ташқи бозорларда сотишда кўмаклашиш,
шу жумладан республика ва халқаро миқиёсидаги тадбирларни ташкил этиш, маҳаллий ҳамда хорижий фестиваль ва кўргазмаларда ҳунармандлар иштирокини таъминлаш;

ҳунармандчилик йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишга кўмаклашиш ва кадрлар тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат кўмитасининг “Ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (иш, хизмат кўрсатиш) турларининг рўйхати” асосида шакллантирилган республика ҳудудларини ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифи 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ва “Ҳунарманд” уюшмасининг “Халқ амалий санъати устаси” тоифасини жорий этиш ҳақидаги таклифи маъкуллансин.

“Халқ амалий санъати устаси” тоифаси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва “Ҳунарманд” уюшмаси вакилларидан иборат кенгашнинг қарори билан ҳунармандга “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан тегишли гувоҳнома берган ва уни халқ амалий санъат усталарининг Миллий каталогига (келгусида – Миллий каталог) киритган холда, қоида тариқасида қуйидаги мезонларининг биридан келиб чиқиб белгилансин:

ҳунарманднинг нуфузли халқаро кўргазма, конкурс каби тадбирларда ғолиб ёки лауреат сифатида эътироф этилганлиги;

тегишли соҳада санъат ва илм арбоби, академик ёки таниқли мутаҳассис-эксперт (шу жумладан хорижий мутаҳассис-эксперт)нинг тегишли тавсиясига эгалиги;

“Ўзбекистон Республикаси” халқ устаси” фаҳрий унвонига эгалиги.

4. Маданият вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ва “Ҳунарманд” уюшмаси 2019 йил 1 декабрга қадар “Халқ амалий санъати устаси” тоифасини белгилашга оид Низом лойиҳасини Вазирлар Маҳкамакасига тасдиқлаш учун киритсин.

Мазкур Низом лойиҳасида номзодларни танлаш очиқ ва шаффоф, шунингдек маҳаллий ва халқаро экспертларнинг масофадан туриб интернет-сайти орқали берилган тавсиялари асосида амалга оширилиши назарда тутилсин.

5. “Ҳунарманд” уюшмаси 2020 йил 1 июнга қадар Миллий каталогни шакллантирсин ва “online” тарзда ишга туширсин.

6. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда Миллий каталогни 2020 йил 1 июлдан бошлаб интернет сайт кўриниши ҳамда солиқ, божхона, ягона дарча тизимларига уланган, реал вакт ичида янгиланувчан очиқ ва умумфойдаланиладиган оммавий миллий ахборот ресурси сифатида ишлашини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат кўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмасининг ушбу уюшма аъзолари орасидан туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандларни аниқлаш ва “Туризм соҳасида фаолият юритиётган ҳунармандлар реестри”ни (кейинги ўринда Реестр деб юритилади) тузиш ҳақидаги таклифи маъкуллансин.

“Ҳунарманд” уюшмасининг аъзоларини “Туризм соҳасида фаолият юритиётган ҳунармандлар реестри”га киритилишида қоида тариқасида қўйидаги мезонлардан бири қўлланилиши белгилансин:

туристик маршрутдаги манзил бўйича ижара асосида ёки маршрутга киритилган ўз устахонасида фаолият юритиши;

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни галереяларга, хунармандчилик маҳсулотлари дўконларига, маҳаллий ва хорижий савдо уйларига шартнома асосида намойиш ва сотиш учун қўйиши;

ҳунарманднинг Миллий каталогга киритилганлиги;

“Ҳунарманд” уюшмасининг бадиий кенгаши томонидан тавсия этилиши.

8. Туризмни ривожлантириш давлат кўмитаси ва ”Ҳунарманд” уюшмаси икки хафта муддатда “Туризм соҳасида фаолият юритиётган ҳунармандлар реестри”ни тузиш ва юритиш масалаларини тартибга солувчи низомни биргаликда тасдиқласин ва:

2019 йил 1 декабрга қадар “Туризм соҳасида фаолият юритиётган ҳунармандлар реестри”ни тузилиши ва доимий юритилишини;

2020 йил 1 январдан бошлаб “Туризм соҳасида фаолият юритиётган ҳунармандлар реестри”ни онлайн тарзда реал вакт ичида янгиланувчан очиқ ва умумфойдаланиладиган интернет-сайт кўринишида ишга туширилишини таъминласин.

9. “Uzbekistan airways” АК ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ нуфузли халқаро фестивал ва кўргазмаларда қатнашадиган Миллий каталогдаги ҳунармандлар учун ўрнатилган тартибда имтиёзли йўл чипталарини ажратиши тавсия этилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали хунармандларни кўргазмада қатнашиши билан боғлиқ зарур ташкилий қўмак кўрсатилиши белгилансин.

“Ҳунарманд” уюшмасининг хорижда ўтказиладиган нуфузли халқаро фестивал ва кўргазмалардаги миллий ҳунармандлар иштирокини кенг ёритиш ҳамда совриндорларни тантанали кутиб олиш амалиётини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маълумот учун қабул қилинсин.

10. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат идоралари ташаббуси билан ўтказиладиган кўргазмаларда Миллий каталогдаги ҳунармандлар қатнашиш билан боғлиқ тўловлардан озод этилсин.

11. Ҳунармандлар орасида “Мен Қўқонга бораман” кўрик танлови ўтказилишида ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари бўйича алоҳида номинациялар кесимида ўтказиш тартиби жорий этилсин.

12. Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги “Ҳунарманд уюшмаси” билан биргаликда 2020 йил 1 мартгача “Мехрибонлик уйлари”да Миллий каталогдаги ҳунармандларни жалб этган холда “Уста-шогирд” анъанасига асосланган ўқув машғулотларини 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб жорий этиш жадвалини тасдиқласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ҳунармандчиликка ихтисослашган ҳудудларда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати йўналишлари бўйича болалар мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод мактаблари” ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқув курсларини ташкил этсин;

2020 йил 1 майга қадар ҳунармандчилик йўналишида касб-ҳунар таълим муассасаларида кадрлар тайёрлашнинг намунавий ўқув режалари ва дастурларини тасдиқласин.

14. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ташкил этиладиган муддати олти ойгача бўлган ўқув курсларда таҳсил оладиган ҳунармандларнинг ўқитиши билан боғлиқ бўлган харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

15. Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан боғлиқ билимлар ва кўникмалардан фойдаланган холда, анъанавий асбоб-анжомларни ишлатиб, асосан қўл мехнати усулида майда туркумларда, чекланган миқдорда яратилган ва қоида тариқасида миллий нақшлар билан безатилган буюм ва асарлар ҳалқ амалий санъати маҳсулотлари эканлиги белгилаб қўйилсин.

16. 2020 йил 1 январдан 2023 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат солиқ кўмитасининг:

ҳалқ амалий санъати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларини солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод қилиш;

“Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари томонидан ишлаб чиқарилган ҳалқ амалий санъати маҳсулотларини сотишдаги воситачилик хизматлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши;

календарь йили давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини сотишдан олган тушум 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган микдори учун якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови миқдорини “Туризм соҳасида фаолият юритиётган ҳунармандлар реестри”га киритилган ҳунармандлар учун амалдаги 4 фоиздан 2 фоиз ставкага тушириш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин.

17. Белгилансинки:

ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича янгидан давлат рўйхатидан ўтишда давлат божи якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган давлат божи миқдорининг 10 фоизи миқдорида ундирилади;

Миллий каталогдаги хунармандларга шогирдлар сони бўйича ўрнатилган чекловлар тадбиқ этилмайди.

18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5242-сон Фармонини 3-бандига мувофиқ қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлаши белгилаб қўйилганлиги инобатга олинсин.

Шаҳарларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳалқ амалий санъати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларини ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлаши белгилаб қўйилсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташки савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банкининг Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг “Микрокредитбанк” АТБ, “Халк банк” АТБ ва “Агробанк” АТБ (кейинги ўринларда тижорат банклари деб аталади) томонидан қайта молиялаштириладиган, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига имтиёзли микрокредитлар бериш учун 6 йил муддатга, 3 йил имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, йиллик фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасидан 4 фоиз паст қилиб белгилаб, 500 миллиард сўм миқдорида кредит линиясини очиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки, тижорат банклар Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини 2020 - 2022 йилларда тенг улушларда ўзлаштиради.

Тижорат банкларига юқорида қайд этилган кредит линияси ҳисобидан “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисм ва хом-ашё материаллар харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “Уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй музейи ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино-иншоотлар сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасида олти ойлик имтиёзли давр билан, уч йилгача бўлган муддатга, базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 баробаридан ошмаган миқдорда микрокредитлар ажратиш тавсия этилсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг “Ҳунарманд” уюшмаси қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

21. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган 50 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар;

“Ҳунарманд” уюшмаси томонидан шартнома асосида бажариладиган илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ишлар, таълим ва бошқа хизматлардан тушадиган тушумлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

22. Белгилансинки, Жамғарманинг маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

ҳунармандчиликни ҳар томонлама, шу жумладан истиқболли инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни молиялаштириш орқали қўллаб-қувватлаш;

миллий рақобатбардош ҳунармандчилик маҳсулотларини реализация қилишни қўллаб-қувватлаш;

истеъмол бозорида ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, туризм объектларида ҳунармандчилик маҳсулотлари савдосини йўлга қўйиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш;

“Уста-шогирд” анъаналари асосида ёш ҳунармандлар авлодини тарбиялаш билан боғлиқ тадбирларни молиявий қўллаб-қувватлаш;

халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик миллий брендларини илгари суришга, шу жумладан мамлакатимиз ва хорижда кўргазмалар, ярмаркалар, фестивалларни ташкил этиш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг шундай тадбирларда кенг иштирокини таъминлаш орқали кўмаклашиш;

ёш ҳунармандлар ҳамда унутилган ҳунармандчилик турларини тиклаш билан боғлиқ фаолиятни бошлаш учун грантлар ажратиш;

“Ҳунарманд” уюшмасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан унинг ходимларини иш ҳақи билан таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомни ишлаб чиқилишини таъминласин ва тасдиқласин.

23. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Вақф” хайрия жамоат фондига текин фойдаланиш учун бириктирилган муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларга истисно тариқасида тўрт томонлама субижара шартномаси асосида “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ижарага бериш ҳамда ижара тўлови маблағларини “Вақф” хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг Маданий мерос жамғармасига тенг улушларда йўналтирилиши тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

24. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда, уч ой муддатда:

халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ягона миллий брендини ишлаб чиқиш ва халқаро миқёсда танитиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин ва ижросини таъминласин;

Миллий каталогдаги ҳунармандларнинг брендларини жорий этиш ва уларни халқаро миқёсда танитиш юзасидан зарур амалий ёрдам бериш тизимини йўлга қўйсин.

25. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси икки ой муддатда ҳунармандларни маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашё (шу жумладан мис, қора металл, ипак ва ёғоч) билан таъминлашнинг қулай тизимини жорий этиш ҳамда қайта тикланадиган хомашё (тутзорлар, каттиқ турдаги дарахтлар) базасини яратиш мақсадида ҳунармандларга ер участкаларини ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

26. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Маданият вазирлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги ПФ–5242-сон Фармони билан тасдиқланган Рўйхатни қўшимча йўналишлар билан бойитиш орқали янгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

27. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Марказий банк билан биргаликда уч ойлик муддатда Миллий каталогдаги ҳунармандлар учун маркетинг соҳасида доимий амалий ёрдам кўрсатсин ва уларнинг маҳсулотлари “E-bay”, “Amazon”ва “Alibaba” сайтлари, электрон тижорат (e-commerce) йўналишида кенг кўлланиладиган бошқа Интернет ресурслари орқали сотилишида зарур ташкилий ишларни йўлга қўйиб берсин.

28. Қорақалпогистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари:

икки ой муддатда савдо комплекслари ва дехқон бозорлари ҳудудларида алоҳида “Ҳунармандлар расталари”ни ташкил этсин;

доимий равишда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган ҳунармандларни “Ҳунармандлар расталари”га жойлаштириб борсин;

2020 йил якунига қадар ташаббускорларни жалб қилган ҳолда Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Термиз, Хива, Шахрисабз ва Қўқон шаҳарларида ҳамда барча вилоят ва туман марказларида 2-иловага мувофиқ миллий ҳунармандчиликнинг барча йўналишларини ўзида мужассам этган замонавий “Ҳунармандлар бозори”ни ташкил этсин;

ҳунармандларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Сузук ота” мажмуаси мисолида ҳудудларда кўп қаватли ёки ҳовли типидаги арзон уй-жойлар тақдим этган ҳолда ихтисослаштирилган ҳунармандлар маҳаллалари ташкил этсин;

2020 йилнинг IV-чораги якунига қадар Маданият вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма заллари ва галереяларини ташкил этсин;

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини харид қилишни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этишга қаратилган ишларни доимий олиб борилишини таъминласин.

Мазкур тадбирлар доирасида кўргазма заллари, галереялар, павильонлар, бозор ва ярмарка расталарида жой ҳамда ташкил этилаётган ихтисослаштирилган ҳунармандлар маҳаллаларида ер участкалари, ховлилар ва кўп қаватли уй-жойлар ажратилишида Миллий каталогдаги ҳунармандлар учун устуворлик қўлланилсин.

29. Маданият вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда икки ойлик муддатда Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқиш ва олиб кириш тартибини қуйидагиларни эътиборга олган ҳолда қайта кўриб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

маданий бойликларнинг чегаралараро ўтиши борасидаги илғор халқаро тажрибадан ва ахборот-коммуникация технология имкониятларидан келиб чиққан ҳолда замонавий ёндашув ва амалиётларни қўлланилиши;

кейинги 50 йил давомида яратилган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий безак санъати буюмларида уларни ишлаб чиқарган Миллий каталогдаги ҳунармандларнинг бадиий экспертиза органидан рўйхатдан ўтган муаллифлик дасхати туширилганлиги, уларни олиб чиқишда ёки вақтинча олиб чиқишда ягона ва етарли асос бўлиши;

маданий бойликларга тааллуқли ашёлар тоифаларини қайта кўриб чиқилган рўйхати шакллантирилиши.

30. Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташки савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистоннинг хорижий давлатларда миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, янги бозорларни ўзлаштиришга кўмаклашувчи “Савдо уйлари”ни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси,  “Ҳунарманд” уюшмаси Инвестиция ва ташки савдо вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда “Ҳунарманд” уюшмасини “World craft council” тадбирларида доимий қатнашиши таъминлашга қаратилган ҳамда ушбу халқаро ташкилот билан ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги тадбирлар учун халқаро ташкилотларнинг техник кўмагини жалб қилишга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

31. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш борасидаги халқаро тажрибани мунтазам ўрганиб бориш ва умумлаштириш, шу асосда илғор хорижий тажрибаларни Ўзбекистон Республикасида жорий этишга қаратилган ишларни тизимли йўлга қўйиш чораларини кўрсин.

32. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик соҳасини янада ривожлантириш бўйича йўл харитаси (кейинги ўринларда – Йўл харита) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

“Йўл харита”да назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига шахсий жавобгарлик юклансин.

33. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Йўл харита”да назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиб, ҳар йили икки маротаба муҳокама қилиб борсин.

34. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳунармандчилик соҳасини ривожланишини баҳолаш учун тегишли индикаторлар ишлаб чиқсин ва уларни бир ойлик муддатда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

2020 йил 1 январдан бошлаб мазкур индикаторларни ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини таъминласин.

35. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида ҳунармандчилик ва халқ амалий санъат тарихи ва бугунги ривожини кенг тарғиб этиш мақсадида “Маънавият ва маърифат” телеканалида мунтазам чиқадиган ҳунармандчиликка оид телекўрсатувни ташкил этсин.

36. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

37. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

38. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р. Гулямов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                   Ш. Мирзиёев

Умумий таклифлар

848