ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
940 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 16/10/2018 31/10/2018 10

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-940

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча

чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5538-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага, умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишга ваколатли давлат органлари ва ташкилотлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, 2-иловадаги рўйхатдан ташқари жисмоний ва юридик шахсларнинг умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш учун киришига йўл қўйилмайди.

3. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил ___ __________даги

___-сон қарорига

1-ИЛОВА

Умумтаълим муассасалари фаолиятини

текшириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом умумтаълим муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш, педагоглар ва бошқа ходимларнинг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувга чек қўйиш, таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, таълим сифатининг давлат томонидан самарали назорат қилинишини таъминлаш мақсадида давлат ва нодавлат умумтаълим муассасалари (кейинги ўринларда умумтаълим муассасаси деб юритилади) фаолиятини текшириш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низом талаблари:

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни доирасида;

қўзғатилган жиноят ва маъмурий ишлар доирасида;

умумтаълим муассасалари фаолиятига оид жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш доирасида;

норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги таълим муассасалари фаолиятида;

фавқулодда вазиятлар, турли ҳодисалар юзасидан суриштирув ва терговга қадар текширувлар доирасида ўтказиладиган текширувларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

текширишга ваколатли органлар – умумтаълим муассасалари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари;

текшириш – умумтаълим муассасалари томонидан қонунлар ҳамда улар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари қандай бажарилаётганлигини текширишга ваколатли органларнинг бир марта назорат қилиши;

режали текшириш – тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари билан келишилган ҳолда тасдиқланган текширишлар режа-жадвалига асосан ўтказиладиган текшириш;

режадан ташқари текшириш – тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари билан келишилган ҳолда тасдиқланган текширишлар режа-жадвалида белгиланмаган ҳолда ўтказиладиган текшириш;

назорат тартибида текшириш – умумтаълим муассасаларининг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан текширишга ваколатли органлар амалга оширадиган текшириш.

2-боб. Умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишнинг

мақсад ва вазифалари

4. Умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишдан мақсад умумий ўрта таълим бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишда умумтаълим муассасаларининг роли ва масъулиятини кучайтириш, ўқувчиларга давлат таълим стандартларига мувофиқ сифатли таълим берилишини таъминлаш учун шарт-шароит яратиш, умумтаълим муассасасидаги ижро интизомини мустаҳкамлаш, умумтаълим муассасаларини текширишларнинг самарадорлигини ошириш орқали педагоглар ва бошқа ходимларнинг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувга чек қўйиш, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан таълим сифатига таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.

5. Умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

умумтаълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнининг сифати, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини оширишга кўмаклашиш;

қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни содир этиш шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ўз вақтида ва сифатли равишда таъминланишини ташкил этиш;

умумтаълим муассасалари фаолиятида кам самарали тафтишларни қисқартириш билан бир вақтда тўлақонли текширишлар самарадорлигини ошириш;

умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик,шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

умумтаълим муассасалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг умумтаълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаш ва тартибга солиш.

3-боб. Умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишни тайинлаш, уни ўтказиш муддатлари ва мезонлари

6. Умумтаълим муассасаларининг фаолиятини текшириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

режали текшириш;

режадан ташқари текшириш;

назорат тартибида текшириш;

статистик маълумотлар ва бошқа турдаги маълумотларни таҳлил қилиш.

7. Умумтаълим муассасаларининг фаолиятини ўз йўналишларига мувофиқ ҳолда текшириш мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ рўйхати тасдиқланган давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда текширишга ваколатли органлар деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

8. Тасарруфида умумтаълим муассасалари бўлган давлат бошқарув органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ўз бўйсунувидаги умумтаълим муассасаларини тўғридан-тўғри текширадилар;

9. Умумтаълим муассасаларида таълим соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш устидан давлат назоратини амалга ошириш ва таълим сифатини давлат томонидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (бундан буён матнда Бош прокуратура деб юритилади), Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (бундан буён матнда Давлат инспекцияси деб юритилади) ҳамда уларнинг қуйи тузилмалари томонидан амалга оширилади.

Давлат инспекцияси ва тасарруфида умумтаълим муассасалари бўлган давлат бошқарув органларининг ваколатли мутахассислари ҳудудий таълимни бошқариш органларининг хабардорлиги ёки вакили ҳамроҳлигида Республикадаги мавжуд барча умумтаълим муассасаларини тўғридан-тўғри текшириш ваколатига эга.

Бунда, текшириш натижалари ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади ва текширишларни ҳисобга олиш китоби ўрнатилган тартибда тўлдирилади.

Мактаб раҳбарияти ҳудудий таълимни бошқариш органларининг хабари бўлмаган ёки вакили ҳамроҳлик қилмаган текширувчиларни мактаб ҳудудига киритмасликка ҳақли.

10. Нодавлат умумтаълим муассасаларининг фаолияти Давлат инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тўғридан-тўғри текширилади.

11. Мазкур низомнинг 8-10-бандларида кўрсатилган давлат органлари ва ташкилотларининг текширишларидан ташқари барча текширишлар тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва унга бўйсунувчи прокуратуралар билан келишилган ҳолда амалга оширилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

12. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ҳамда умумтаълим муассасаларининг фаолиятига оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва унга бўйсунувчи прокуратура органлари томонидан;

ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш, давлат хизматларини кўрсатиш, ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий ахборотни тарқатиш

ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;

ўқув-тарбия жараёнлари, педагоглар таркиби, кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, ўқувчилар билимларининг Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари, давлат талаблари ва малака талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш, умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш, умумтаълим муассасаларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;

умумтаълим муассасаси ўқувчилари ўртасида назоратсизлик

ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилинишини ўрганиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари томонидан;

ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилинишини ўрганиш, ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда уларни ўчиришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий ва илмий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;

аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилинишини ўрганиш, санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш, ўқувчиларнинг санитария маданияти даражасини ошириш, давлат санитария назоратини амалга ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази ва ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан;

меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий бандликка кўмаклашиш ва аҳолини иш билан таъминлаш марказлари томонидан;

бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилинишини ўрганиш, умумтаълим муассасалари томонидан молиявий қонун бузилиши ҳолларини аниқлаш, бартараф этиш ва унга йўл қўймаслик, бюджет соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ваколатли органлар томонидан;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ва зарарини камайтириш юзасидан чораларни амалга ошириш, фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракат қилишга тайёр бўлишни ташкил этиш, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;

ер, ер ости бойликлари, сув, дарахтлар ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат экологик назоратни ўрнатиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш борасида ягона сиёсатни амалга ошириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, ўқувчиларнинг экологик маданиятини ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

13. Умумтаълим муассасаларида режали текширишларни ўтказиш текширишга ваколатли органлар билан тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан тасдиқланадиган текширишларнинг йиллик режа-жадвалларига қатъиян мувофиқ ҳолда амалга оширилади. Бунда кейинги йил учун текширишларнинг йиллик режа-жадваллари ҳар йили 25 декабрга қадар тасдиқланади.

Нодавлат таълим муассасаларини текширишларнинг йиллик режа-жадваллари текширишга ваколатли органлар ва Давлат инспекцияси томонидан тасдиқланади.

14. Текширишга ваколатли органлар томонидан текшириш режалаштирилаётган йилдан олдинги йилнинг 1 ноябригача бўлган муддатда умумтаълим муассасаларини йиллик текширишларнинг режа-жадвали лойиҳаси умумтаълим муассасалари рўйхати, уларнинг манзили, тўлиқ номи, режали текшириш даврийлигини аниқ кўрсатган ҳолда электрон шаклда тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идораларга тақдим этилади.

15. Умумтаълим муассасаларининг фаолиятини текширишлар даврийлиги умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича тузилган рейтингда (кейинги ўринларда рейтинг деб юритилади) эгаллаб турган ўрнига мутаносиб равишда белгиланади.

Бунда умумтаълим муассасаларини режали тартибда текширишлар рейтингга кўра:

биринчи ўриндан беш юзинчи ўрингача бўлган умумтаълим муассасаларида кўпи билан 4 йилда бир марта;

беш юзинчи ўриндан мингинчи ўрингача бўлган умумтаълим муассасаларида кўпи билан 3 йилда бир марта;

мингинчи ўриндан паст бўлган умумтаълим муассасаларида кўпи билан 2 йилда бир марта ўтказилиши мумкин.

Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш даврийлиги учун белгиланган муддатда бир мартадан ортиқ режали текшириш ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Янги ташкил этилган умумтаълим муассасалари дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

16. Йиллик текширишлар режа-жадвали лойиҳасига ёки тасдиқланган текширишлар режа-жадвалига текширишга ваколатли органлар билан тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан келишилган ҳолда ўзгартиришлар киритилади.

17. Текширишлар режа-жадвали лойиҳаси:

тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идораларга – текширишга ваколатли органларнинг марказий аппарати томонидан;

тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларига – текширишга ваколатли органларнинг вилоят ва туман (шаҳар) бўлинмалари томонидан;

нодавлат умумтаълим муассасалари бўйича Давлат инспекциясига – текширишга ваколатли органларнинг марказий аппарати томонидан тақдим этилади.

Белгиланган муддатдан кейин тақдим этилган таклифлар тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан кўриб чиқилмаслиги мумкин.

18. Қуйидаги ҳолларда умумтаълим муассасалари йиллик текширишлар режа-жадвалига киритилмайди:

умумтаълим муассасаси фаолиятини текшириш учун белгиланган муддатлар инобатга олинмаган бўлса;

умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишларнинг йиллик режа-жадвалини шакллантиришнинг қоидалари бузилган бўлса;

умумтаълим муассасалари тугатилган ёки тугатиш жараёнида бўлса;

умумтаълим муассасаларининг режа-жадвалга киритилиши қонун ҳужжатларига зид бўлса.

19. Тасдиқланган йиллик текширишлар режа-жадвали текширишга ваколатли органлар ва тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идораларнинг Интернетдаги расмий сайтларига жойлаштирилади.

20. Текширишга ваколатли органлар томонидан умумтаълим муассасалари фаолиятини режали, режадан ташқари ва назорат тартибида текширишлар муддати қоида тариқасида 15 календарь кундан ошмаслиги керак.

21. Текшириш ўтказиш жараёнида ўрганилиши лозим бўлган қўшимча ҳолатлар аниқланган тақдирда, текшириш муддати текширишга ваколатли органларнинг тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари билан келишилган асослантирилган мурожаатига кўра, тегишли прокуратура органларининг рухсати билан 15 календарь кунга узайтирилиши мумкин, текширишни бошқа узайтиришга йўл қўйилмайди.

Асосли сабабларга кўра текшириш вақтинча тўхтатилиши мумкин. Бунда текшириш ўтказиш муддатини ҳисоблаш ҳам тўхтатилади.

22. Режадан ташқари текширишлар текширишга ваколатли органлар томонидан тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари вакиллари билан биргаликда ёхуд уларни хабардор қилган ҳолда:

умумтаълим муассасалари тугатилаётганида;

тасарруфидаги умумтаълим муассасаси фаолиятини текшириш тўғрисида вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари текширишга ваколатли органга мурожаат этган тақдирда;

умумтаълим муассасаси фаолиятига оид қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг топшириқлари ҳамда давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ўз муддатида ва сифатли ижро этилишини тезкор ўрганиш талаб этилганда;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг, фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш, педагоглар ва ўқувчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли омилларнинг пайдо бўлиши, санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашиши, шунингдек бошқа давлатлардан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли мавжуд бўлганда;

умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлигига салбий таъсир қилган ёки салбий умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг эришган ютуқлари ўрнатилган меъёрлардан, олдин эришилган ютуқлардан ёки республика (ҳудуд) мактабларининг ўртача рейтинг кўрсаткичларидан паст бўлган тақдирда;

таъсир қилиши кутилаётган мактаб бошқарувидаги жиддий камчиликлар мавжуд бўлган ҳолатда;

оммавий ахборот воситалари ёки Интернетдаги манбаларда умумтаълим муассасалари фаолиятига доир қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

умумтаълим муассасаларида ташкилий-бошқарув, ўқув-услубий, маънавий ва молиявий жиҳатдан жиддий нуқсонлар мавжудлиги тўғрисида ишончли маълумот бўлганда амалга оширилади.

23. Назорат тартибида текширишларни ўтказиш текширишга ваколатли органлар томонидан уларнинг ўзлари илгари ўтказган текшириш натижалари бўйича фақат далолатномада (маълумотномада) белгиланган ҳолатлар бўйича ва муддатларда ёки тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари мурожаатига асосан ундан олдинроқ муддатларда, бир иш куни давомида текширишга ваколатли органнинг буйруғи асосида тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмаларини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда 10 календарь кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.

24. Илгари ўтказилган текшириш натижалари бўйича далолатномада (маълумотномада) муддат кўрсатилмаган бўлса, назорат тартибида ўтказиладиган текширишлар илгари текшириш ўтказилган санадан бошлаб олти ойдан ошиб кетиши мумкин эмас.

Умумтаълим муассасаси томонидан назорат тартибида текширишлар ўтказишга тўсқинлик қилиниши мумкин эмас.

25. Статистик маълумотлар ва бошқа турдаги маълумотларни таҳлил қилиш текширишга ваколатли органларнинг ўз манзилларида умумтаълим муассасалари ёки текширишга ваколатли органлар томонидан ваколат берилган ташкилотлар ёки масъул шахслар тақдим этган умумтаълим муассасалари фаолиятига оид ҳужжатлар ва маълумотларни ўрганиш, шунингдек муассасаларнинг Интернет тармоғидаги расмий сайтларига жойлаштирилган ишончли ахборотларни таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.

Статистик маълумотлар ва бошқа ахборотларни таҳлил қилиш шаклидаги текширишлар бир йил давомида бир марта 10 календарь кундан ошмаган ҳолда ўтказилади. Текшириш натижалари бўйича далолатнома (маълумотнома) расмийлаштирилади.

4-боб. Текширишларни ўтказиш тартиби

26. Текширишга ваколатли органлар томонидан ўтказиладиган режали, режадан ташқари ва назорат тартибидаги текширишлар тасарруфида умумтаълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари хабардорлиги ёки бевосита вакили ҳамроҳлигида амалга оширилади.

27. Текширишга ваколатли органлар умумтаълим муассасалари фаолиятини режали ва режадан ташқари текширишларни тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва унга бўйсунувчи прокуратура органлари (кейинги ўринларда прокуратура органлари деб юритилади) билан келишган ҳолда амалга оширадилар, тасарруфида умумтаълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Давлат инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари бундан мустасно.

Прокуратура органлари билан келишиш текширишларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига маълумот киритиш ёки расмий хат йўллаш орқали амалга оширилади.

Бунда текширишга ваколатли органлар томонидан уларнинг режали ёки режадан ташқари текшириш дастури ёки саволномаси прокуратура органига тақдим этилади.

28. Текширишга ваколатли органлар текширишлар режа-жадвалига киритилган ёки прокуратура органлари билан келишилган умумтаълим муассасаларида ўтказиладиган текширишларни амалга оширишни ўзларининг қуйи бўлинмаларига топширишга ҳақли.

Текширишга ваколатли органлар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтказиладиган текширишларга уларнинг бошқа ҳудудий бўлинмалари ходимлари жалб этилиши мумкин.

29. Текширишга ваколатли органлар режали текшириш ҳақида умумтаълим муассасасини текшириш бошланиши белгиланган муддатдан камида 10 календарь кун олдин текшириш ўтказиш муддати ва предметини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилади.

30. Умумтаълим муассасаларининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган филиаллари фаолиятини текширишлар улар таркибига кирадиган умумтаълим муассасаларида ўтказиладиган текширишлар доирасида амалга оширилади.

31. Текширишга ваколатли орган томонидан ҳар қандай текширишни амалга оширишдан олдин текшириш ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилинади.

Текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғида текшириладиган умумтаълим муассасаси номи, текшириш мақсади, текширувчи мансабдор шахслар таркиби, текшириладиган давр, текшириш ўтказиш муддати ва текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами ва санаси кўрсатилади ҳамда текширув дастури ёки саволномаси илова қилинади.

Текшириш жараёнида текширишга ваколатли органнинг ваколатлари ва текшириш дастури ёки саволномасида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқилмайди.

32. Текширишга ваколатли органнинг масъул ходимлари текшириш бошланишидан олдин умумтаълим муассасаси раҳбарини (раҳбар бўлмаган тақдирда, унинг вазифасини бажарувчи шахсни) текшириш мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларнинг (текширишлар режа-жадвалидан кўчирма, текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва текшириш дастури ёки саволномасидан нусха, текширишнинг прокуратура органи билан келишилганлигини тасдиқловчи хат) нусхаларини топширади.

33. Текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган умумтаълим муассасасига тилхат олинган ҳолда топширилган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.

Текширилаётган умумтаълим муассасасининг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган умумтаълим муассасаси мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, текширишга ваколатли органнинг мансабдор шахси томонидан унинг ўзи ва текширилаётган умумтаълим муассасаси раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда, унинг вазифасини бажарувчи шахс) имзолайдиган далолатнома тузилади. Мазкур далолатномани умумтаълим муассасаси раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда, унинг вазифасини бажарувчи шахс) имзолашдан бош тортганда, далолатномага текширишга ваколатли орган томонидан тегишли ёзув киритилади. Бу ҳолда далолатнома имзоланган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.

34. Текширишга ваколатли органнинг масъул ходимлари умумтаълим муассасаси томонидан тақдим этилган “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдириши шарт.

Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли тўлдирилади. Бунда китобнинг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.

35. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага (маълумотномага) “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда – электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмаганда – унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилади.

36. Текширишга ваколатли органнинг масъул ходимлари “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдиришдан бош тортган тақдирда, умумтаълим муассасаси текшириш ўтказилишига йўл қўймасликка ҳақли.

37. Текширишга ваколатли орган томонидан илгари текширилган масалалар бўйича қайта текшириш ўтказилмайди, назорат тартибида текшириш бундан мустасно.

38. Текширишни белгиланган муддатда ўтказиш имкони бўлмаган ҳолларда, жумладан текширишда иштирок этиши лозим бўлган шахс иштирок эта олмаган, талаб этилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки зарур мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, текширишга ваколатли органнинг буйруғи асосида текшириш тўхтатилиб, текшириш ёки унинг қолган муддати текширишга ваколатли орган билан тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари келишувига кўра бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.

39. Муддати кўчирилган текширишни ўтказиш текшириш тўхтатилган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунидан кечиктирмасдан таъминланиши лозим. Ушбу муддатда ўтказилмаган текширишни қайта ўтказишга йўл қўйилмайди.

40. Текширишлар натижалари камида икки нусхада тузиладиган далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштирилади.

Умумтаълим муассасаларини текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) туман (шаҳар) ёки вилоят миқёсида умумлаштирилиши мумкин.

41. Бир кун муддатда ўтказиладиган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) текшириш ўтказилган кунда, муддати бир кундан ортиқ бўлган текшириш бўйича эса текшириш муддатининг охирги кунидан кечиктирмасдан расмийлаштирилиши шарт.

42. Текшириш далолатномасининг (маълумотноманинг) нусхалари текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказаётган масъул ходимлари ва умумтаълим муассасаси раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда, унинг вазифасини бажарувчи шахс) ёки тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёхуд уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари вакили томонидан имзоланади ва бир нусхаси умумтаълим муассасаси раҳбарига (раҳбар бўлмаган тақдирда, унинг вазифасини бажарувчи шахсга) ёки тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёхуд уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари вакилига уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Текширилган умумтаълим муассасаси ўтказилган текшириш натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада (маълумотномада) ёзма равишда акс эттириши мумкин.

Текширилаётган умумтаълим муассасаси текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани (маълумотномани) олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, текширишга ваколатли органнинг масъул ходими бу ҳақда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага (маълумотномага) тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Бундай ҳолатда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) нусхаси бир иш куни давомида умумтаълим муассасасига ёки тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмаларига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

Текшириш натижалари тўғрисида далолатнома (маълумотнома) текширишга ваколатли органнинг ички идоравий ҳужжати билан белгиланган тартибда рўйхатга олиб борилади.

43. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) қуйидагилар ўз аксини топади:

текшириш жараёнида аниқланган камчиликлар ва умумий хулоса;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари ва уларнинг муддати;

текшириш жараёнида аниқланган қонун ва қоида бузилиши ҳолатларига нисбатан қонунчиликда белгиланган таъсир чоралари.

44. Текшириш тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) нусхаси текширишга ваколатли органлар томонидан тегишлилиги бўйича:

тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмаларига;

ҳудудий прокуратура органига;

ҳудудий ҳокимликларга киритилиши мумкин.

Улар ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича далолатномада (маълумотномада) кўрсатилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.

45. Текшириш ўтказиш вақтида умумтаълим муассасалари адвокат хизматидан фойдаланиши мумкин.

46. Текширишга ваколатли органлар асосли сабабларга кўра текшириш ўтказиш имкони бўлмаган ёки зарурати қолмаган (тугатилганлиги сабабли молия-хўжалик фаолияти юзасидан якуний текшириш ўтказилган, жиноят иши юзасидан текширилган, бошқа муассасага қўшилган, фаолият юритмаётган, текшириш даврида текшириладиган объект мавжуд бўлмаган) умумтаълим муассасаларини текширишлар режа-жадвалидан чиқариш тўғрисидаги тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмаларига таклиф киритиб борадилар.

47. Ўтказилган текшириш натижаларидан норози бўлган умумтаълим муассасалари низоли масалаларга аниқлик киритиш учун юқори ташкилотларга, судга ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Умумтаълим муассасалари низоли масалаларга аниқлик киритиш учун текширишга ваколатли органларнинг юқори ташкилотларига мурожаат этган тақдирда, текширишга ваколатли органлар прокуратура билан қўшимча равишда келишмасдан, фақат умумтаълим муассасаларининг мурожаатларида кўрсатилган низоли масалалар юзасидан аниқлик киритадилар.

5-боб. Текшириш жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

48. Текширишга ваколатли органлар умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

умумтаълим муассасаларидан текширишни самарали ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни талаб қилиш;

текшириш жараёни билан боғлиқ зарур ҳужжатлардан нусха олиш;

ваколатлари доирасида умумтаълим муассасаларида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

тегишли ваколатга эга органларга текшириш жараёнида аниқланган қоидабузарликларга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани киритиш;

текшириш жараёнига тегишли мутахассислар, экспертлар ва аудиторлик ташкилотларини белгиланган тартибда жалб этиш;

асослар мавжуд бўлганда, текширишларнинг муддатини кўчириш тўғрисида таклиф киритиш.

Текширишга ваколатли органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

49. Текширишга ваколатли органлар умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш жараёнида қуйидагиларга мажбур:

умумтаълим муассасаларига текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни тақдим этиш;

умумтаълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнларига халал бермаслик;

“Текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни белгиланган тартибда тўлдириш;

текширишлар натижалари тўғрисида далолатнома (маълумотнома) расмийлаштириш, унинг бир нусхасини текшириш тугаган куни умумтаълим муассасасида қолдириш;

текшириш жараёнида аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари ҳақида қонун ҳужжатларида белгиланган чораларни кўриш ёки масъул органга хабар бериш.

Текширишга ваколатли органларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

50. Умумтаълим муассасалари текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти текширилиши тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш;

текширишга ваколатли органларнинг масъул шахсларидан уларнинг хизмат гувоҳномаси ва текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларни талаб қилиш;

текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўймаслик;

текширишга ваколатли органлар масъул шахсларининг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ва текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материалларни тақдим этмаслик;

текшириш тугаган куни текширишга ваколатли органларнинг масъул шахсларидан текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) нусхасини беришни талаб қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш натижалари устидан шикоят қилиш.

Умумтаълим муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

51. Умумтаълим муассасалари текшириш жараёнида қуйидагиларга мажбур:

текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларга эга бўлган текширишга ваколатли органларни умумтаълим муассасаси ҳудудига киритиш;

текширишга ваколатли органларнинг қонуний талабига биноан текшириш ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш;

текшириш жараёнига халал бермаслик, текширишга ваколатли органлар томонидан текширишни самарали ўтказиш учун шарт-шароит яратиш;

текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) кўрсатилган қоидабузарлик ҳолатларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш.

Умумтаълим муассасаларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

52. Прокуратура органлари умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

текшириш учун етарли асослар бўлмаганда, умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишга йўл қўймаслик;

умумтаълим муассасасини текшириш жараёнининг қонунийлигини текширишнинг ҳар қандай босқичида ўрганиш;

ўзи билан келишилмай амалга оширилган текширишлар натижаларини бекор қилиш ва текширишнинг бошқа муддатини белгилаш.

Прокуратура органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

53. Прокуратура органлари текшириш жараёнида қуйидагиларга мажбур:

умумтаълим муассасаларини текшириш масалалари бўйича текширишга ваколатли органлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

текширишга ваколатли органларнинг умумтаълим муассасаларини текшириш масалалари бўйича бир-бирининг ишини такрорлашига йўл қўймаслик;

умумтаълим муассасаларини текшириш учун асослар мавжуд бўлганда, текширишга ваколатли органларнинг текшириш жараёнини бошлаш тўғрисидаги сўровларини зудлик билан қаноатлантириш.

Прокуратура органларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

6-боб. Якуний қоидалар

54. Текширишга ваколатли органларнинг раҳбарлари умумтаълим муассасаларида текшириш ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларнинг ишончлилиги ҳамда текширишга ваколатли органлар масъул шахсларининг ўз ваколатлари доирасидан чиқмаслиги учун жавобгар ҳисобланади.

55. Текширишга ваколатли органлар томонидан текширишлар мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилганлиги прокуратура органлари томонидан доимий равишда мониторинг қилиб борилади.

Умумтаълим муассасаларида ноқонуний текшириш ўтказган ёки текшириш жараёнида ўз ваколат доирасидан чиққан текширишга ваколатли органларнинг ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

56. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил _____________ даги

___ -сон қарорига

2-ИЛОВА

Умумтаълим муассасаларининг фаолиятини текшириш ваколатига эга бўлган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар

РЎЙХАТИ

Умумтаълим муассасаларининг фаолиятини текширишга ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари

Текшириш даврийлиги

Тўғридан тўғри текширишга ваколатли органлар

1.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва унга бўйсунувчи прокуратура органлари

Режа асосида

2.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Режа асосида

3.

Тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар

Мунтазам

Келишув асосида текширишга ваколатли ўрганлар

1.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари

Кўпи билан беш йилда

бир марта

2.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Кўпи билан йилига

бир марта

3.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

Режа асосида

4.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази ва ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари

Қўшма тасдиқланган график асосида

5.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий бандликка кўмаклашиш ва аҳолини иш билан таъминлаш марказлари

Мурожаатга асосан

6.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ваколатли органлар

Уч йилда бир марта

7.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Фавқулодда ҳолатларда

8

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Мурожаатга асосан

Умумий таклифлар

1128