ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9185 Агентство информации и массовых коммуникаций при Администрации Президенте Республики Узбекистан 16/10/2019 31/10/2019 3

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида (янги таҳрири)"
ID-9185

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Оммавий ахборот воситалари тўғрисида

(янги таҳрири)

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади оммавий ахборот воситаларининг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасида ташкил этиладиган ва фаолият кўрсатадиган оммавий ахборот воситаларига, шунингдек чет давлатлар оммавий ахборот воситаларига улар маҳсулотининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатилишига тааллуқли қисмига нисбатан татбиқ этилади.

3-модда. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

оммавий ахборот воситаси – оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар) уч ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган (бундан буён матнда чиқариладиган деб юритилади), қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари;

оммавий ахборот – омма учун мўлжалланган босма, аудиовизуал ва бошқа хабарлар ва материаллар;

оммавий ахборот воситаси маҳсулотлари – даврий босма нашр алоҳида сонининг адади ёки ададининг бир қисми ёхуд теле-, аудио-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларнинг оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон тарздаги алоҳида чиқарилиши, алоҳида нашри ёки тармоқ нашрининг янгиланиши, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган маълумотларнинг босма нашри ёки қисман чоп этиладиган қисми;

даврий босма нашр – доимий номи, жорий адади сонига эга бўлган
ва камида уч ойда бир марта нашр этиладиган газета, журнал, альманах, ахборот бюллетени ва бошқа ахборот нашри;

эфирга узатиш – аналог ва рақамли электромагнит тизимлардан фойдаланган ҳолда телевизион, радио дастурлар, аудио-визуал ёзувларни узатиш;

оммавий ахборот воситалари мониторинги – оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тўплаш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлигини таҳлил қилиш жараёни;

оммавий ахборот воситаларини тарқатиш – даврий нашрларни сотиш (обуна, етказиб бериш, тарқатиш), радио ва телевидение дастурларини трансляция
ва ретрансляция қилиш, янгиликлар дастурларини намойиш қилиш ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш;

расмий хабар – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан оммавий ахборот воситаларида тарқатиш мақсадида тақдим этиладиган маълумотлар;

тарқатувчи – муаллиф, ношир розилиги билан ёки бошқа қонуний асослар бўйича келишув асосида оммавий ахборот воситаларини тарқатадиган жисмоний ёки юридик шахс;

телевидение, радиоканал – жорий эшиттириш, трансляция ва/ёки ретрансляция қилиш учун телерадиоешиттиришлар тармоғига мувофиқ шакллантирилган телевизион ва радио дастурлари ва аудиовизуал асарлар, ҳикоялар ва материаллар комбинацияси бўлган оммавий ахборот воситаси;

телерадиоешиттиришлар дастури – тегишли номга, эшиттириш ҳажмига эга бўлган ва телерадиоканалнинг бошқа қисмларидан мустақил равишда фойдаланиш мумкин бўлган телевизион ва радиоканалнинг мазмунли равишда тўлдирилган қисми;

цензура – хабарлар ва материаллар ёки уларнинг қисмларини тарқатишни чеклаш ёки тақиқлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари томонидан давлат органлари, мансабдор шахслар ва бошқа ташкилотлар томонидан уларнинг илтимосига биноан ёки бошқа сабабларга кўра олдиндан келишиш.

5-модда. Ушбу Қонуннинг асосий принциплари

Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги;

оммавий ахборотлар воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги;

оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

оммавий ахборотлар воситалари фаолияти соҳасида сўз эркинлиги, ошкоралик
ва очиқлик
;

оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги.

6-модда. Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир.

Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.

Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

7-модда. Оммавий ахборотлар воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги

Оммавий ахборотлар воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлиги давлат ҳимоясида бўлади.

Оммавий ахборотлар воситалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бошқа имтиёзлар берилиши мумкин.

8-модда. Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат оммавий ахборот воситаларини қуйидаги йўллар билан қўллаб-қувватлаши мумкин:

солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш;

давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари тизими орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;

моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида инновацион технологиялар яратиш ва уларни қўллашга кўмаклашиш;

таҳририятлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолиятини ташкил этиш;

оммавий ахборот воситаларини мулкий, ахборот, маслаҳат, ташкилий ва ўқув-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

таҳририятлар ходимларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.

Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан оммавий ахборот воситаларининг мустақил касбий фаолиятини чеклаб қўйиш учун фойдаланилиши мумкин эмас.

9-модда. Цензурага йўл қўйилмаслиги

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

10-модда. Оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги

Оммавий ахборот воситаларидан:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;

уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм
ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш;

давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатиш;

агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

порнографияни тарғиб этиш;

қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

Ноқонуний хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) натижасида жабрланган вояга етмаганлар тўғрисидаги, шу жумладан унинг фамилияси, исми, отасининг исми, фотосурати ва видео тасвирларини, овозининг аудио ёзуви, унинг ота онаси ва бошқа вакиллари, туғилган санаси, доимий турар жойи ёки вақтинчалик турар жойи, ўқиш ёки иш жойи ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида шунингдек ахборот
ва телекоммуникация тармоқларида тарқатилиши тақиқланади. Бундай вояга етмаган шахснинг шахсини бевосита ёки билвосита аниқлаш ушбу Қонуннинг 41-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Оммавий ахборот воситаларидан жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

11-модда. Оммавий ахборот воситаларининг тили

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширади.

Давлат оммавий ахборот воситаларини ташкил қилиш ва тарқатишда, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ, ҳар бир инсоннинг ўз она тилидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлайди.

Оммавий ахборот воситаларида у чиқарилаётган тилнинг расмий қоидаларига амал қилиниши шарт.

2-боб. Оммавий ахборот воситалари фаолиятини ташкил этиш

 

12-модда. Оммавий ахборот воситасини таъсис этиш

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари, уларнинг бирлашмалари оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқига эгадирлар. Оммавий ахборот воситалари юридик шахс шаклида ҳам, юридик шахснинг таркибий бўлинмаси шаклида ҳам таъсис этилиши мумкин. Оммавий ахборот воситаси бир нечта муассис томонидан ҳам таъсис этилиши мумкин.

Жисмоний шахслар оммавий ахборот воситасининг муассиси бўлганда тегишли шартнома асосида ўзи муассиси бўлган ва/ёки бошқа оммавий ахборот воситаларига нисбатан таҳририят, муҳаррир, журналист, ношир, тарқатувчи сифатида қатнашиши мумкин.

Қуйидагилар оммавий ахборот воситасининг муассиси (бундан буён матнда муассис деб юритилади) бўлиши мумкин эмас:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ёхуд суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс;

фаолияти қонун билан тақиқланган нодавлат нотижорат ташкилоти.

Устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши ўттиз ва ундан ортиқ фоизни ташкил этган юридик шахслар томонидан оммавий ахборот воситалари таъсис этилишига йўл қўйилмайди.

13-модда. Таъсис ҳужжатлари

Оммавий ахборот воситасининг таъсис ҳужжатлари таъсис шартномаси
ва оммавий ахборот воситаси таҳририятининг (бундан буён матнда таҳририят деб юритилади) уставидан (низомидан) ёки фақат таҳририятнинг уставидан (низомидан) иборатдир.

14-модда. Таъсис шартномаси

Таъсис шартномаси бир нечта муассис ўртасида тузилади.

Таъсис шартномасида қуйидагилар назарда тутилади:

муассисларнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва жойлашган ери (почта манзили);

таъсис этилаётган оммавий ахборот воситасининг тури, номи, тили, мақсади, ихтисослашуви ва даврийлиги;

таҳририятнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли;

таҳририятнинг устав фонди миқдори ва шакллантириш тартиби;

таҳририятни молиялаштириш манбалари;

муассисларнинг таҳририят фаолиятида иштирок этишга доир ҳуқуқ
 ва мажбуриятлари;

таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби;

фойдани тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби;

оммавий ахборот воситаси чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тартиби;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.

15-модда. Таҳририят устави (низоми)

Таҳририят қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган ва муассис томонидан тасдиқланган устав (низом) асосида фаолият кўрсатади.

Таҳририят уставида (низомида) қуйидагилар белгиланади:

оммавий ахборот воситасининг тури, номи, тили, мақсади, ихтисослашуви, даврийлиги ва ҳажми;

таҳририятнинг жойлашган ери (почта манзили);

муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари;

таҳририятни молиялаштириш манбалари;

таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби;

фойдани тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби;

оммавий ахборот воситаси чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш асослари
ва тартиби;

таҳририятни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

уставни (низомни) қабул қилиш ва унга ўзгартишлар киритиш тартиби;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидалар.

Таҳририят уставининг нусхаси ёки унинг ўрнини босадиган шартнома рўйхатдан ўтказувчи органга ушбу оммавий ахборот воситаси биринчи марта эълон қилинган (эфирга берилган) кундан бошлаб уч ойдан кечиктирмай юборилади.

16-модда. Муассис ва таҳририят ўртасидаги шартнома

Муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномада қуйидагилар белгиланади:

муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари;

оммавий ахборот воситасини тайёрлаш ва чиқариш шартлари;

таҳририят фаолиятини молиялаштириш тартиби;

таҳририят ходимларининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маиший меҳнат шароитларини ташкил этиш тартиби;

учинчи шахслар билан ўзаро муносабатлар тартиби;

тарафларнинг жавобгарлиги;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.

Агар муассис ва таҳририят сифатида бир шахс иш юритса, шартнома тузиш талаб этилмайди.

17-модда. Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби

Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказиш деб юритилади). Оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза рўйхатдан ўтказувчи органга белгиланган тартибда муассис томонидан берилади.

Муассиснинг оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаси рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак.

Оммавий ахборот воситаси ваколатли орган оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган ва рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаларининг реестрига тегишли ёзув киритган пайтдан бошлаб рўйхатдан ўтган ҳисобланади. Рўйхатдан ўтказувчи орган тегишли қарор қабул қилинган куни рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаларининг реестрига ёзувлар киритилишини таъминлаши шарт.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳамда қайта рўйхатдан ўтказганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда давлат божи олинади.

18-модда. Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

муассис тўғрисидаги маълумотлар;

оммавий ахборот воситасининг номи, тили ва тури;

мақсад ва вазифалари;

ихтисослашуви;

тарқатилиш ҳудуди;

даврийлиги;

молиялаштириш манбалари;

таҳририятнинг жойлашган ери (почта манзили) ва таҳририят тўғрисидаги бошқа маълумотлар;

ҳажми;

тармоқ нашри учун Интернет телекоммуникация тармоғида сайтнинг домен номи;

давлат божларини тўлаш тўғрисидаги маълумотлар;

муассис ва таҳририят бошқа қайси оммавий ахборот воситаларига нисбатан муассис, ишончли бошқарувчи, ношир, тарқатувчи эканлиги ҳақидаги (барча аффилланган шахсларнинг ва улардан ҳар бирининг таҳририят устав фондидаги улуши миқдорлари кўрсатилган) маълумотлар.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризага оммавий ахборот воситасининг таъсис ҳужжатлари илова қилинади.

Агар муассис битта шахсдан иборат бўлса, рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этиладиган оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризага фақат таҳририят устави (низоми) илова қилинади.

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган тақдирда веб-сайтнинг домен номи кўрсатилади, бунда ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишда ушбу моддада назарда тутилганидан бошқа талаблар қўйиш тақиқланади.

Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи—бешинчи хатбошиларида, шунингдек иккинчи қисмида кўрсатилган маълумотлар ва ҳужжатларга оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ўзгартишлар киритилган тақдирда, у белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтиши шарт. Қолган ҳолларда муассис ёки таҳририят киритилган ўзгартишлар тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органни бир ой муддатда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

19-модда. Рўйхатдан ўтказилмайдиган оммавий ахборот воситалари

Қуйидагиларнинг рўйхатдан ўтказилиши талаб этилмайди:

фақат ўз расмий хабарлари ва материалларини, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини эълон қилиш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан таъсис этиладиган оммавий ахборот воситалари;

корхона, муассаса, ташкилотнинг (шу жумладан ўқув ва илмий муассасанинг)
ўз эҳтиёжларини қондириш учун адади юзтагача нусхада чоп этиладиган даврий босма нашрлар;

кабель тармоқлари орқали олиб бериладиган (кўрсатиладиган) теле-, радио-, видео, кинохроникал дастурлар, шунингдек тарқатилиши бир корхона, муассаса, ташкилот
 (шу жумладан ўқув ва илмий муассаса) биноси ва (ёки) ҳудуди билан чекланадиган аудио-, аудиовизуал хабар ва материаллар.

20-модда. Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишни рад этиш

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

оммавий ахборот воситасининг мақсад ва вазифалари қонун ҳужжатларига зид бўлса;

оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза ушбу Қонунга мувофиқ оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик ёки жисмоний шахс номидан берилган бўлса;

оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаса;

бундан аввал айнан бир хил ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшаш номдаги оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилган бўлса.

Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган тақдирда, қарор чиқарилгандан кейин бир кун ичида аризачига ёзма шаклда,
шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда билдириш юборилади (топширилади), унда рад этиш сабаблари, шунингдек аризачи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади.

Муассис рўйхатдан ўтказувчи органнинг оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиши мумкин.

21-модда. Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш

Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Қуйидагилар рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади:

оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги;

агар оммавий ахборот воситаси бир йилдан ортиқ вақт давомида нашр этилмаган бўлса (эфирга узатилмаган бўлса);

агар таҳририят устави ёки унинг ўрнини босадиган шартнома оммавий ахборот воситаларида биринчи марта эълон қилинган (эфирга қўйилган) кундан бошлаб уч ой мобайнида рўйхатга олиш органига юборилмаган бўлса;

агар оммавий ахборот воситаси қайта рўйхатдан ўтказилган бўлса.

Бунда рўйхатдан ўтказувчи орган оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши шарт. Суднинг оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарори кучга кирган санадан бошлаб беш иш куни ичида рўйхатдан ўтказувчи орган оммавий ахборот воситаларининг ягона реестрига тегишли ёзув киритади.

Жисмоний шахс вафот этган ёки оммавий ахборот воситасининг таъсисчиси бўлган ва ушбу Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ ҳуқуқ
ва мажбуриятлари таҳририятга ўтказилмаган юридик шахс тугатилган тақдирда, оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаларининг реестрига тегишли шахсни вафот этганлиги ёки юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига юридик шахснинг тугатилганлиги тўғрисида маълумот киритилган пайтдан бошлаб бир йил ўтгандан кейин оммавий ахборот воситаларининг ягона реестрига тегишли ёзув киритади.

Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

22-модда. Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш

Оммавий ахборот воситасининг фаолияти фақат муассиснинг қарори билан ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг аризаси асосида суднинг қарорига кўра тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши мумкин.

Муассис оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таҳририят уставида (низомида) ёки муассис ва таҳририят ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибда тўхтатиб туриш ёки тугатишга ҳақлидир.

Муассис оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин ўз қарори ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни уч кун ичида ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор этиши шарт. Мазкур хабарнома ушбу оммавий ахборот воситаси чиқарилишининг тўхтатиб турилиши ёки тугатилишидан олдинги сўнгги чиқарилишларидан бирига жойлаштирилиши керак.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини суд қарорига кўра тўхтатиб туриш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан таҳририятга нисбатан чиқарилган огоҳлантиришга сабаб бўлган қонун ҳужжатлари бузилиши такрорий ёзма огоҳлантиришдан кейин бир ой ичида бартараф этилмаган тақдирда амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини қайта бошлаш рўйхатдан ўтказувчи орган аниқлаган қонун ҳужжатлари бузилишлари бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар муассис ва (ёки) таҳририят томонидан судга тақдим этилганидан кейин суд қарорига асосан амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқариш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан муассис ва (ёки) таҳририят номига илгари камида икки марта ёзма огоҳлантириш ёки тақдимномалар юборилганидан кейин бир йил давомида бундай қонунбузилишларнинг такрор содир этилганлиги;

суднинг оммавий ахборот воситасини чиқаришни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори бажарилмаганлиги;

оммавий ахборот воситасининг олти ойдан зиёд вақт мобайнида чиқарилмаганлиги;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳоллар.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилишига сабаб бўлади.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш тўғрисида муассис томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, таҳририят муассиснинг рухсати билан худди шундай номдаги оммавий ахборот воситасини белгиланган тартибда таъсис этишга ҳақлидир. Бундай ҳолда оммавий ахборот воситасини қайта рўйхатдан ўтказиш талаб қилинади.

3-боб. Оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳаси субъектларининг ҳуқуқий мақоми

 

23-модда. Оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот
ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

оммавий ахборот воситалари (даврий нашрлар, ахборот агентликлари
ва Интернет нашрлари) ни рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга оширади;

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

рўйхатдан ўтказилган оммавий ахборот воситаларининг реестрларини юритади;

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳаси субъектларига уларнинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларда услубий ва маслаҳат ёрдами кўрсатади;

давлат органлари томонидан ташкил этиладиган оммавий ахборот воситалари фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни мақбуллаштириш ва илғор инновациялар ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

журналистларни аккредитация қилиш қоидаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

оммавий ахборот воситалари фаолияти мониторингини юритади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиладиган хорижий даврий нашрларнинг ҳисобини юритади;

оммавий ахборот воситалари соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

Оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органининг
ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат
ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ижро этилиши учун мажбурийдир.

24-модда. Муассиснинг ҳуқуқлари

Муассис:

оммавий ахборот воситасининг рўйхатда қайд этилган номидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантиришда таъсис шартномаси, таҳририят устави (низоми) ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиш;

фойдани тақсимлашда ва зарарларнинг ўрнини қоплашда иштирок этиш;

энг катта ҳажми ва чиқариладиган муддати таҳририят уставига (низомига) ёки муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномага мувофиқ белгиланадиган, реклама тусида бўлмаган хабар ёки материални ўз номидан оммавий ахборот воситасида бепул жойлаштириш;

таҳририятнинг фаолияти тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкни ёки унинг қийматини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда олиш ҳуқуқига эга.

Муассис таҳририятдан ўз номидан хабар ёки материал бепул
 ва белгиланган муддатда тарқатишни буюртма қилишга ҳақлидир. Муассис буюртмасининг максимал миқдори, харажатларни қоплаш тартиби таҳририят уставида, унинг шартномасида ёки муассис билан тузилган бошқа шартномада белгиланади.

Муассис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Муассис оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига аралашишга ҳақли эмас, ушбу Қонунда, таҳририят уставида, муассис ва таҳририят (бош муҳаррир) ўртасидаги келишувда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Муассис ўз ҳуқуқ
ва мажбуриятларини таҳририят ва ҳаммуассисларнинг розилиги билан учинчи томонга ўтказиши мумкин. Агар оммавий ахборот воситасининг муассиси (муассислари) жисмоний шахс (жисмоний шахслар) бўлса, унинг (уларнинг) ҳуқуқлари
ва мажбуриятлари унинг қонуний ворисларига мерос бўлиб ўтиши мумкин.

25-модда. Муассиснинг мажбуриятлари

Муассис:

таҳририятни ташкил этиши;

таҳририят уставини (низомини) тасдиқлаши;

таҳририят билан шартнома тузиши;

оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таъминлаши;

оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаши;

муассиснинг устав фонди ўзгарганлиги ҳақида, агар устав фондида чет
эл инвестициялари улуши ушбу Қонун
12-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган чегарадан ортиб кетган бўлса, ваколатли давлат органини хабардор этиши шарт.

Муассиснинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

26-модда. Таҳририят

Таҳририят оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши (эфирга узатилиши)ни амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмасидир.

Таҳририят қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин.

Таҳририят ўз касб фаолиятида мустақилдир.

Таҳририят таркибига ўз ваколатларини ушбу Қонун, таҳририят устави
ва муассис ва таҳририят (бош муҳаррир) ўртасидаги келишув асосида амалга оширадиган бош муҳаррир раҳбарлик қилади.

Қуйидагилар бош муҳаррир бўлиши мумкин эмас:

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар;

Таҳририят оммавий ахборот воситаси давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин
ўз фаолиятини бошлаши мумкин.

Муассис ва таҳририят ўртасидаги муносабатлар устав ва шартнома билан тартибга солинади.

Таҳририят фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

27-модда. Ахборот агентлиги

Ахборот агентлиги - Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатга олинган, фаолияти ахборот хабарлари ва материалларини тўплаш, қайта ишлаш ва тарқатишга қаратилган юридик шахсдир.

Ушбу Қонун ахборот агентликларига нисбатан қўлланилган тақдирда, уларга бир вақтнинг ўзида оммавий ахборот воситасининг таҳририяти, ношири, тарқатувчиси мақоми ҳамда ҳуқуқий режими татбиқ этилади.

Ахборот агентлиги томонидан таъсис этиладиган, доимий номга эга бўлган ахборотнома, хабарнома, бошқа нашр ёки дастур ушбу Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Ахборот агентлигининг хабарлари ва материаллари бошқа оммавий ахборот воситаси томонидан тарқатилган тақдирда, ахборот агентлигининг номи кўрсатилиши шарт.

4-боб. Оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш

 

28-модда. Тарқатиш тартиби

Оммавий ахборот воситаси маҳсулотини тарқатиш бевосита таҳририят томонидан, шунингдек белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахслар томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш уларга обуна ташкил этиш, шунингдек чакана савдо тармоғи орқали амалга оширилади. Рўйхатдан ўтказилган даврий босма нашрлар ададини чакана савдо орқали,
 шу жумладан қўлда сотиш нашрлар таҳририятларининг штатдаги тарқатувчилари томонидан ёки савдо тармоғига эга бўлган юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситасининг ҳар бир алоҳида чиқарилишининг тарқатилишига бош муҳаррир унинг чиқарилиши учун рухсат берганидан кейингина йўл қўйилади.

Кўрсатув ва эшиттириш узлуксиз давом этганда оммавий ахборот воситаси маҳсулотининг тарқатилишига бош муҳаррир дастлабки рухсат берган пайтдан эътиборан ҳамда кўрсатув ва эшиттиришдаги танаффусга қадар йўл қўйилади.

Фуқаролар, фуқароларнинг бирлашмалари, мансабдор шахслар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, давлат органлари томонидан оммавий ахборот воситаларининг қонуний равишда тарқатилишига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.

Агар ҳақ тўланадиган бўлса, медиа маҳсулотларни тарқатиш тижорат деб ҳисобланади. Нотижорат тарқатиш учун мўлжалланган маҳсулотлар "Бепул" деб белгиланиши керак ва улар тижорий мақсадда тарқатилиши мумкин эмас.

Тарқатувчи томонидан муаллифларнинг мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқлари бузилган тақдирда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда, оммавий ахборот воситаларини тарқатиш суд қарори билан тўхтатилиши мумкин.

29-модда. Расмий хабарлар ва ахборотни эълон қилиш

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситалари шу органларнинг расмий хабарлари
ва материалларини, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини эълон қилиши шарт.

Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги шошилинч хабарлар ёки ваколатли давлат органлари томонидан жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш мақсадида берилган хабарлар барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Суднинг айнан шу оммавий ахборот воситасида эълон қилиш тўғрисидаги кўрсатмаси бўлган, қонуний кучга кирган қарорини таҳририят суд қарорида кўрсатилган муддатда бепул эълон қилиши шарт.

Ушбу модданинг биринчи — учинчи қисмларида назарда тутилганидан бошқа ҳар қандай ахборот, хабар ва эълон таҳририят билан тузиладиган шартнома асосида эълон қилинади.

30-модда. Реклама жойлаштириш (тарқатиш)

Реклама воситаларини оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш (тарқатиш) Ўзбекистон Республикасининг реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

31-модда. Эфирга узатиш

Эфир учун мўлжалланган медиа маҳсулотларини тарқатиш фақат бош муҳаррир томонидан тарқатишга (эфирга чиқишга) рухсат берилганидан кейингина амалга оширилади.

32-модда. Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишига доир маълумотлар

Ҳар бир даврий нашрнинг чиқарилишида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

даврий нашрнинг номи;

давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва рақами;

муассис (муассислар);

бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

ҳар бир даврий нашр чиқарилиши учун масъул бўлган таҳририят ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми;

тартиб рақами ва чиқарилган санаси, даврий босма нашрлар учун эса босишга рухсат берилиб, имзо қўйилган вақт (жадвалда белгилангани
ва амалдагиси);

даврий босма нашрлар учун — индекси, адади, баҳоси ёки «Келишилган нархда», «Бепул» деган ёзувлар;

таҳририят ва босмахонанинг манзили (почта манзили);

ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси.

Даврий босма нашрнинг электрон шаклида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

даврий нашрнинг номи;

давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг санаси
ва рақами;

муассис (муассислар);

бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

индекс, таҳририятнинг манзили (почта ва электрон манзили).

Теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларга ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шаклларига доир маълумотлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

33-модда. Даврий босма нашрнинг электрон шакли

Ахборот ташувчи жисмларга ёзилган, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштирилган, электрон техник қурилмалар ёрдамида фойдаланишга мўлжалланган газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқа даврий босма нашрлар даврий босма нашрнинг электрон шаклидир.

Даврий босма нашрнинг электрон шакли даврий босма нашрни тарқатиш усулларидан биридир.

Тегишли даврий босма нашрнинг босма ва электрон шаклларининг мазмуни айнан бир хил бўлган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган тақдирда, даврий босма нашр таҳририяти даврий босма нашрнинг электрон шаклини мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказмасдан тарқатишга ҳақлидир.

Даврий босма нашрнинг босма шаклида мавжуд бўлган реклама хабарларининг электрон шаклдан олиб ташланиши ва (ёки) бутунлай ёки қисман алмаштирилиши, шунингдек электрон шаклда ифодаланган материаллар ҳажмининг босма шаклидагига нисбатан қисқартирилиши мазмуннинг айнан бир хиллиги бузилиши деб қаралмайди.

Даврий босма нашр таҳририяти даврий босма нашрнинг электрон шакли тарқатилиши тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органни ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

34-модда. Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси Интернет тармоғидаги таҳририй-ноширлик жиҳатидан ишлов берилган, ўзгартирилмаган тарзда тарқатиш учун мўлжалланган, электрон шаклдаги ҳужжатлар ва маълумотларни
ўз ичига олган ахборот ресурсидир.

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситасининг мазкур веб-сайти бош саҳифасида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

даврий нашрнинг номи;

давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва гувоҳнома рақами;

муассиснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

индекс, таҳририятнинг жойлашган ери (почта ва электрон манзили).

35-модда. Даврий босма нашрларга иловалар

Даврий босма нашрлар иловалар билан чиқарилиши мумкин. Иловалар қайси даврий нашрга тааллуқли бўлса, уларда ўша асосий даврий босма нашрнинг номи кўрсатилиши керак.

Даврий босма нашрнинг алоҳида номга эга бўлган иловаларига мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида қаралади ва у умумий асосларда рўйхатдан ўтказилиши керак.

36-модда. Назорат нусхалари ва мажбурий нусхалар

Даврий босма нашрларнинг назорат нусхалари таҳририятга, муассисга
 ва рўйхатдан ўтказувчи органга бепул юборилади.

Даврий босма нашрларнинг мажбурий нусхалари юбориладиган муассасалар
 ва ташкилотларнинг  рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

37-модда. Оммавий ахборот воситалари бозорини монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги

Оммавий ахборот воситалари бозорини монополлаштиришга йўл қўйилмайди.

Биронта ҳам юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситаларининг тегишли марказий ёки маҳаллий бозорига чиқариладиган оммавий ахборот воситаларининг йигирма беш фоизидан ортиғига муассис (ҳаммуассис) бўлишга ва (ёки) уларни шунча миқдорда ўз мулкида, эгалигида, фойдаланишида, тасарруфида, юритувида ёхуд бошқарувида (бевосита ёки аффилланган шахслар орқали) сақлашга ҳақли эмас.

38-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет давлатлар оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет давлатлар оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибга, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Чет давлатларнинг оммавий ахборот воситалари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилган тақдирда, уларнинг маҳсулотини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш тугатилиши мумкин.

39-модда. Ахборот хабарларини ва (ёки) материалларни сақлаш

Оммавий ахборот воситаларининг таҳририяти ўзи тарқатган ахборот хабарлари
ва (ёки) материалларнинг асл нусхаларини улар тарқатилгандан кейин олти ой давомида сақлаши шарт.

5-боб. Оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан муносабатлари

 

40-модда. Муаллиф материалларидан ва хатлардан фойдаланиш

Оммавий ахборот воситаларида муаллиф материалларидан, фан, адабиёт
ва санъат асарларидан қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилишига йўл қўйилади.

Таҳририятга келган хатларни эълон қилишга тайёрлаш чоғида уларнинг мазмунини бузмаган ҳолда матнини қисқартириш ҳамда таҳрир қилишга йўл қўйилади.

Таҳририят қонуний асосларда рад этган материални оммавий ахборот воситасида мажбуран эълон қилдиришга ҳеч ким ҳақли эмас.

41-модда. Ахборотнинг махфийлигини таъминлаш

Таҳририят ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбаининг номини, шунингдек тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас, бундан мазкур маълумот суд томонидан, унда кўриб чиқилаётган иш билан боғлиқ тарзда талаб қилинган ҳолатлар мустасно.

Таҳририят ахборот манбаининг ёки тахаллусини қўйган муаллифнинг талабига биноан уларнинг номидан судда иштирок этиши мумкин.

Таҳририят тарқатилаётган хабар ва материалларида жиноятни содир этган ёки жиноят содир этишда гумон қилинётган вояга етмаган шахснинг, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жамиятга қарши ҳарактлар қилган шахснинг номини бевосита ёки билвосита кўрсатувчи маълумотларни вояга етмаган шахснинг ва унинг ҳуқуқий вакилининг розилигисиз ошкор этиш ҳуқуқига эга эмас.

Таҳририят ушбу қонуннинг 10-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган ахборотни, ўз тарқатаётган хабарлар ва материалларида беришга ҳақли эмас, агар ушбу ахборот  қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар(ҳаракатсизлик) туфайли жабрланган вояга етмаган шахснинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тарқатилаётган бўлса, бундай ҳолатлар бундан мустасно. Бундай ҳолатларда ушбу ахборотлар оммавий ахборот воситаларида, шунингдек ахборот-телекоммуникация тармоқларида:

қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли жабрланган,
ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаган шахснинг ўз розилиги ва унинг ҳуқуқий вакилининг розилиги билан;

қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли жабрланган,
 ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг ҳуқуқий вакилининг розилиги билан;

агар ушбу розиликни олиш мумкин бўлмаса, ёхуд ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаган шахснинг қонуний вакили мазкур ҳуқуқбузарликни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган бўлса, қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли жабрланган, ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаган шахснинг ва (ёки) унинг ҳуқуқий вакилининг розилигисиз тарқатилиши мумкин.

42-модда. Яширин ёзув

Яширин аудио ва видео ёзувлар, кино ва фотосуратлар ёрдамида тайёрланган хабарлар ва материалларни тарқатишга қуйидаги ҳолларда рухсат берилади:

яширин ёзувдаги шахсларнинг ўз розилиги билан;

агар яширин ёзув шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига, қонуний манфаатларига зид келмаса;

агар жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш зарур бўлса ва яширин ёзувдаги шахсларни аниқлаш мумкин бўлмаслиги чоралари кўрилса;

агар ёзувни намойиш қилиш суднинг қарори билан амалга оширилган бўлса.

43-модда. Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи

Юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир.

Эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар мазкур оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавобни эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб берилишига сабаб бўлган материал босилган айни ўша саҳифада махсус рукн остида эълон қилиниши керак.

Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.

Теле-, радио-, видео, кинохроникал дастурлар ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шакллари таҳририяти томонидан олинган раддия ёки жавоб айнан ўша дастур ёки туркумда, келган кунидан эътиборан бир ойдан кечиктирмай эфирга берилади.

Агар раддия ёки жавобни эълон қилиш ҳажми ва вақти оммавий ахборот воситасининг фаолиятига зарар етказиши мумкин бўлса, матнни ахборот манбаи ёки муаллиф билан келишилган ҳолда асосланган таҳрир қилишга йўл қўйилади.

Оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

44-модда. Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти
ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўрови

Оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда
 (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади.

Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти
 ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади.

Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади.

6-боб. Оммавий ахборот воситалари соҳасида халқаро ҳамкорлик

 

45-модда. Халқаро ҳамкорлик

Оммавий ахборот соҳасидаги халқаро ҳамкорлик халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

Таҳририятлар, журналистларнинг профессионал бирлашмалари бошқа давлатларнинг фуқаролари ва юридик шахслари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан тузилган шартномалар асосида оммавий ахборот воситалари соҳасидаги халқаро ҳамкорликда қатнашадилар.

46-модда. Хорижий оммавий ахборот маҳсулотини тарқатиш

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижий оммавий ахборот воситаларининг хабарлари ва материалларидан тўсиқсиз фойдаланиш кафолатланади.

Тўғридан-тўғри телевидение дастурларини қабул қилишни чеклашга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади. Чет эл телеканалини ёки чет эл радиоканалининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатилишига ушбу Қонуннинг талабларига мувофиқ рўйхатдан ўтганидан кейин йўл қўйилади.

Хорижий даврий босма нашрнинг маҳсулотларини, яъни Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтмаган ва таъсисчиси ёки таҳририяти доимий равишда унинг чегараларидан ташқарида жойлашган, шунингдек хорижий давлатлар, юридик шахслар ёки фуқаролар томонидан молиялаштириладиган нашрни тарқатиш учун Ўзбекистон Республикаси ваколатли органи томонидан қатъий ҳисоби юритиладиган, ваколатли орган томонидан белгиланган шаклдаги рухсатнома олиш талаб этилади.

 

47-модда. Чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг ваколатхоналари
 ва вакилларини аккредитация қилиш

Чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг ваколатхоналари
ва вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинганидан кейин Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятини амалга оширади.

Чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган ваколатхоналари ва вакилларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда касбий фаолиятини амалга ошириш шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

7-боб. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

48-модда. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Таъсисчилар, таҳририятлар, ноширлар, тарқатувчилар, давлат органлари, ташкилотлар, муассасалар, корхона ва жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар, журналистлар, тарқатилган ахборот ва материаллар муаллифлари Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликлари учун жавобгар ҳисобланадилар.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши деб, қуйидагилар ҳисобланади:

оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш фирибгарлик, алдов йўли билан ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганлик, шунингдек ихтисослашган йўналишдаги оммавий ахборот воситаларига татбиқ этиладиган имтиёзлар асосидаги лицензияни ноқонуний асосда олинганлиги;

босма маҳсулотларни оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказмасдан, ёки унинг фаолиятини тўхтатиш ёки тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан кейин ҳам тайёрлаш ҳамда тарқатилиши;

Ўзбекистон Республикасининг сайловлар ва референдумлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган сайловолди ташвиқоти, референдумни ўтказиш, сайловолди ташвиқоти материалларини тарқатиш тартиби ва шартлари, референдумолди ташвиқоти қоидаларини бузган ҳолатда олиб борилиши;

оммавий ахборот воситалари томонидан “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган талабларни бузилиши;

таҳририят низомида белгиланган мажбурий ахборотларни, реклама
 ва дастурларни тарқатиш қоидаларини бузилиши;

оммавий ахборот воситаларининг чиқиш даврийлиги тўғрисидаги маълумотларини кўрсатиш, мажбурий нусхаларни етказиш, телевидение
ва радиоэшиттириш материалларини сақлаш тартибини бузилиши.

49-модда. Жавобгарликдан озод қилиш

Таҳририят, Бош муҳаррир, шунингдек, журналист оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлмайди:

агар бу маълумотлар расмий хабарлардан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ёки расмий статистика ҳисоботлари маълумотларидан ёхуд ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари, шунингдек уларнинг расмий веб-сайтлари орқали олинган бўлса;

агар бу маълумотлар олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга бериладиган муаллифлик чиқишларида мавжуд бўлса ёки чиқишларнинг сўзма-сўз такрорланиши (стенография, аудио-, видеоёзуви) бўлса;

агар улар тўғридан-тўғри эфирга узатилган дастурлардан, муллифлик ҳуқуқи асарларидан, шунингдек, мазкур қонунга мувофиқ таҳрир қилинмайдиган матнлардан олинган бўлса;

агар улар бошқа оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган хабарлар
ва материаллар ёки уларнинг қисмларидан сўзма-сўз такрорланган ҳолатда олинган бўлса.

50-модда. Оммавий ахборот воситаси эркинлигини бузганлик учун жавобгарлик

Қуйидагилар оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини бузиш деб топилиши мумкин:

фуқаролар, давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахслари, жамоат бирлашмалари томонидан таъсисчилар, таҳририятлар, оммавий ахборот воситалари ноширлари ва тарқатувчиларининг, шунингдек журналистларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш

цензура;

таҳририят фаолиятига ноқонуий аралашиш ва унинг ихтисослашув эркинлигининг бузилиши;

оммавий ахборот воситаларининг ноқонуний тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши;

таҳририятнинг маълумот сўраш ва олиш ҳуқуқи бузилиши;

босма нашрни чоп этишнинг ноқонуний тўхтатилиши, унинг бир қисми ёки тўлиқ ададининг йўқ қилиниши;

қонуний асосда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаси маҳсулотининг тарқатилишига тўсиқ қўйиш, даврий нашрлар босма нашрларнинг чакана савдосига ноқонуний чекловлар қўйиш;

журналистни ахборотни тарқатиш ёки уни тарқатишни рад этишга мажбур қилиш;

журналист билан мулоқот қилиш ва унга ахборот тақдим этишга асоссиз чегара қўйилиши, тижорат ёки қонун билан қўриқланадиган, давлат сири таркибига кирувчи маълумотлар бундан мустасно;

Ушбу қонунда белгиланган журналист ҳуқуқларининг бузилиши – Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий, маъмурий, интизомий ёки бошқа жавобгарликка сабаб бўлади.

51-модда. Оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилганлик учун жавобгарлик

Оммавий ахборот воситаларининг эркинликларини суиистеъмол қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ жиноий, маъмурий, интизомий ёки бошқа жавобгарликка сабаб бўлади.

52-модда. Низоларни ҳал этиш

Оммавий ахборот воситаларининг ташкил этилиши, фаолият кўрсатиши
 ва фаолиятининг тугатилиши соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

53-модда. Шикоят қилиш тартиби

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик, фуқаролик процессуал
ва маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ судга қуйидаги ҳолатларда шикоят қилиниши мумкин:

оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишни рад этиш, рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан рўйхатдан ўтказиш тартиби ва муддатлари бузилганлиги, рўйхатдан ўтказувчи органнинг бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлари;

асоссиз равишда эфирга узатиш бўйича лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилиниши;

сўралган маълумотларни беришнинг сабабсиз рад этилиши ва кечиктирилиши ёки давлат органлари, ташкилот, муассаса, корхона, жамоатчилик бирлашмалари мансабдор шахслари ва ахборот хизматлари ходимлари томонидан ушбу талабларнинг бажарилмаслиги;

аккредитациядан ўтказишдан бош тортиш, аккредитациядан маҳрум қилиш, шунингдек, аккредитация қилинган журналист ҳуқуқларининг бузилиши.

Агар суд қабул қилинган қарор ёки ҳаракатни (ҳаракатсизликни) ноқонуний деб топса, шикоятнинг асослилиги, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш ва етказилган зарарни қоплаш, шу жумладан, муассис, таҳририят ва лицензия эгаси олиши керак бўлган даромадни қоплаш мажбурияти тўғрисида қарор қабул қилади.

54-модда. Маънавий зарарни қоплаш

Оммавий ахборот воситалари томонидан ҳақиқатга тўғри келмайдиган, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ёки унга бошқа маънавий зарар келтирадиган ахборот тарқатилиши натижасида фуқарога етказилган зарар суд қарори асосида белгиланган миқдорда оммавий ахборот воситалари, шунингдек, бунга айбдор бўлган мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан тўланади.

8-боб. Якунловчи қоидалар

 

55-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги 541-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 1-сон, 10-модда; 2002 й., 9-сон, 165-модда)

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида”ги 542-I-сон Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 1-сон, 11-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 15 январда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-78-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 3-сон, 20-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)

4) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-476-сон Қонуни (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон) 27-моддаси.

56-модда. Ушбу Қонун ижросини таъминлаш, унинг моҳияти ва мазмунини етказиш, тушунтириш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот
ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, унинг моҳияти ва мазмуни кенг жамоатчиликка етказилиши
 ва тушунтирилишини таъминласин.

57-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органларининг ушбу Қонунга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишини таъминласин.

58-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Умумий таклифлар

700