ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9121 Хокимият Ферганской области 15/10/2019 30/10/2019 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
2020-2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-9121

Лойиҳа

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

 

2020-2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш

чора-тадбирлари тўғрисида

 

Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарлари қулай географик жойлашуви, тарихи, моддий ва маданий мероси, музейлари, ҳунармандчилиги, меҳнат салоҳияти, туризм объектлари билан ўзига хос хусусиятга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади.

Мазкур шаҳарларда ҳунармандчилик анъаналари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йилдан-йилга ривожланиб, замонавий услубларга хос тарзда шаклланиб бормоқда. Айниқса, йиллар давомида шаклланган ҳунармандчилик мактаби бутун дунёда тан олингани мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ўтган йилларда Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, даромадлари ва турмуш даражасини изчил ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида инфратузилма объектларини янада ривожлантириш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар кўламини ошириш, урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, аҳолига кўп қаватли, шу жумладан арзон уй-жой комплексларини барпо этиш ва доимий иш ўринларини ташкил этиш бўйича келгуси 5 йилга мўлжалланган аниқ Дастур ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш зарур бўлмоқда.

Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларида мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, аҳоли бандлиги, даромадлари ва турмуш даражасини ошириш мақсадида:

1. Қуйидагиларни ўз ичига олувчи Фарғона вилояти Қўқон ва Марғилон шаҳарларини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур деб аталади) тасдиқлансин:

2020-2022 йилларда Қўқон ва Марғилон шаҳарларида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати
1-иловага мувофиқ;

2020-2024 йилларда Қўқон ва Марғилон шаҳарларида кўп қаватли
уй-жойлар қуриш режаси 2-иловага мувофиқ;

2020-2024 йилларда Қўқон ва Марғилон шаҳарларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш комплекс чора-тадбирлар режаси 3-3д-иловаларга мувофиқ;

2020-2024 йилларда Қўқон ва Марғилон шаҳарларида ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларнинг моддий-техник таъминотини юқори даражага кўтариш комплекс чора-тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ.

2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.Ғаниев, Ж.Қўчқоров Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Марказий банк, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Марғилон ва Қўқон шаҳарларида инфратузилма объектларини ривожлантириш ва урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур бўлган халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилинишини таъминласин.

3. Фарғона вилоятининг тўртта сектор (ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ бошқармалари) раҳбарлари:

тегишли давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари томонидан Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таҳлил қилиб борсин;

муаммоли масалаларни мунтазам равишда ўрганиб борсин ва уларни ҳал этиш юзасидан тезкор чора-тадбирларни кўрсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда жаҳон стандартлари асосида халқаро бозорларда талаб юқори бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, замонавий технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий инвестицияларни, биринчи галда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Туркия Республикасининг “ГЕБЗЕ” саноат зонаси тажрибасини “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида жорий қилиш чораларини кўрсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлигининг “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиларига ер майдони ажратиш, инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш, лойиҳа ташаббускорларига эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомини беришни истисно тариқасида “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” ДУК томонидан амалга оширилиши бўйича таклифига розилик берилсин.

6. Давлат божхона қўмитаси республикамизга, шу жумладан Фарғона вилоятига импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини камайтириш, ушбу маҳсулотларни маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида импорт ҳисобига келтирилаётган маҳсулот турлари тўғрисидаги маълумотларни “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекциясига” ДУКга тақдим этиб борсин.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Давлат божхона қўмитаси томонидан тақдим этилган импорт маҳсулотлари рўйхати асосида ушбу турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси иштирокчилари ва талабгорлари билан ўрганиб чиқиб, уни эркин иқтисодий зона ҳудудида ишлаб чиқариш чораларини кўриб борсин.

7. Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат Божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги Фарғона вилоятидаги “Uzwoolentex” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқариладиган жун аралашмали матолар ва улардан тикиладиган кийимларни икки йил давомида тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олиш бўйича зарурий тадбирларни амалга оширсин.

Бунда, юқоридаги идораларга жун аралашмали матолардан кийим тикадиган республика ҳудудидаги ишлаб чиқарувчиларга зарур матоларни “Uzwoolentex” қўшма корхонасидан олиш тавсия этилсин.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2020 йил якунига қадар “Uzwoolentex” қўшма корхонасини тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш, лойиҳани иккинчи босқичида қўшимча ускуналарни олиб келиб ўрнатиш, биноларнинг қолган қисмидаги қурилиш ва реконструкция ишларини якунлаш, белгиланган миқдордаги инвестицияларни ўзлаштириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги Марғилон ва Қўқон шаҳарларида тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда 2020 йил якунига қадар камида иккитадан:

“Ўзчармсаноат” уюшмаси чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси;

“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси;

АТ “Алоқабанк” чинни ва керамик буюмлар ишлаб чиқариш корхонаси;

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси тикув-тўқимачилик корхонасини ташкил этиш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ва лойиҳаларнинг ташаббускорлари билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда 1-иловага мувофиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб, тасдиқланишини таъминласин;

лойиҳаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилиши, муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиқиб, уларни ҳал этилиши юзасидан тезкор ва зарур чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда дастурнинг бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

Бунда, Фарғона вилояти ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда тижорат банклари билан келишган ҳолда дастурда назарда тутилган инвестиция лойиҳаларининг қиймати ва иш ўринлари сонини сақлаб қолиш шарти билан дастурга, заруратга кўра, қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

10. Тижорат банкларига саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда жалб қилинган, шу жумладан бошқа тижорат банклари орқали жалб қилинган, хорижий кредит линияларидан белгиланган тартибда кредитларни ажратиш тавсия этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда дастур доирасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда талаб этиладиган ташқи муҳандислик-коммуникацияларига уланиш учун энг мақбул техник шартларни тақдим этиш, рухсат берувчи ҳужжатларни қисқа муддатда расмийлаштириш чораларини кўрсин.

12. Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, лойиҳалаштириш институтлари билан биргаликда қонунчиликда белгиланган муддатда урбанизация жараёнларининг асосий йўналишларига асосланган ҳолда Қўқон ва Марғилон шаҳарларининг бош режаларига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.

13. Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Марғилон ва Қўқон шаҳарларида қурилиши режалаштирилаётган янги кўп 9, 12 ва 16 қаватли арзон уй-жойлар учун “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан ишлаб чиқилган янги турар жой массивларининг бош режаларига асосан вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларидан танланган ер майдонларини белгиланган тартибда ажратилишини ва ушбу шаҳарлар ҳудудига ўтказилишини таъминласин.

Бунда, 2020-2024 йилларда Қўқон ва Марғилон шаҳарларида 2-иловага мувофиқ қуриладиган кўп қаватли уй-жойлар қуриш бўйича буюртмачи этиб “Узшаҳарқурилишинвест” АЖ тайинлансин.

14. Қурилиш вазирлиги, “Ўзшаҳарқурилишинвест” ИК, “Қишлоққурилишинвест” ИК, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Марғилон ва Қўқон шаҳарларини 2020-2024 йилларда комплекс ривожлантириш дастури доирасида қурилиши белгиланган кўп қаватли
(9, 12, 16 қаватли) уйларнинг 35 тасини жорий йилда қурилишини бошлаш чораларини кўрсин.

15. Қурилиш вазирлиги, Урбанизация агентлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Марғилон ва Қўқон шаҳарларининг янги замонавий шаҳарчаларида аҳоли жойлашуви, талаб ва эҳтиёжлари ҳамда келгусида уларнинг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда, янги инфратузилма объектларини қурсин ҳамда мавжудларини таъмирласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

2020 йилга мўлжалланган инвестиция дастурига республика бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган ижтимоий соҳа объектларига зарур маблағлар ажратиш бўйича чоралар кўрсин;

2020-2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича объектлар киритилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Уй-жой хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги 2020 йилда амалга ошириладиган муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ва ижтимоий соҳа объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини жорий йилнинг 1 декабрь кунига қадар якунласин.

18. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобил йўллари қўмитаси, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

қарорнинг 3, 3а-3д-иловаларидаги инфратузилма объектларини ўз вақтида ишга туширилиши учун талаб этиладиган маблағлар, шу жумладан халқаро молия институтларининг кредитларини жалб қилиш;

дастур доирасида ичимлик ва оқава суви тармоқлари, автомобил йўллари, электр энергияси ва газ таъминотини қуриш ва таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, амалга ошириш ҳамда белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш чораларини кўрсин.

19. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Давлат хусусий шериклик Агентлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

ижтимоий соҳа объектларни қуриш ва таъмирлаш бўйича замонавий, энергия тежамкор, маҳаллий хомашёлардан тайёрланган қурилиш материалларидан фойдаланишни назарда тутувчи лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва амалга оширилишини таъминласин;

Қўқон ва Марғилон шаҳарларида таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва маданият объектларини халқаро молия институтлари маблағлари билан бир қаторда давлат хусусий-шериклик асосида ташкил этиш чораларини кўрсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фарғона вилоят хокимлиги манфаатдор тармоқ хўжалик бирлашмалари билан биргаликда Марғилон шаҳридаги Мотрудий, Айланма йўли, Ибрат кўчаларида жойлашган бўш турган ер майдонларини ўрганиб чиқиб, бир ой муддатда ушбу ҳудудларда кичик саноат зоналарини ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Мудофа вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Қўқон шаҳридаги аэродромдан янада самаралари фойдаланишни ташкил этиш, эркин иқтисодий зона иштирокчилари ва ёндош ҳудуддаги тадбиркорлар учун логистика бўйича қулай шароит яратиш мақсадида маҳсулотларни тушириш, юклаш ва жўнатиш маркази (Cargo)ни ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифларни киритсин.

22. Молия вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Хитойнинг “ССЕСС” компанияси ўртасида вилоятнинг Қўқон ва Марғилон шаҳарлари ва бошқа ҳудудларида оқава сув тизимларини модернизация қилиш учун Хитойнинг “Эксимбанк”дан паст фоизли кредит маблағларини жалб қилиш юзасидан эришилган келишувга асосан 15 йил муддатга 100 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини олиш учун белгиланган тартибда кафиллик берсин.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Хитойнинг “Эксимбанк”дан олинадиган 100 млн АҚШ доллари миқдорида кредит маблағларини 15 йил давомида маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан қоплаш чораларини кўрсин.

23. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг “Korea District Heating” компанияси ўртасида Фарғона вилоятининг Қўқон ва Марғилон шаҳарларида иссиқлик тизимини модернизация қилиш мақсадида имзоланган умумий қиймати 67 млн. АҚШ долларлик келишувларни амалга ошириш учун Жанубий Кореянинг KOICA жамғармаси грант маблағларини жалб этиш бўйича музокараларни олиб борсин.

24. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг “Posco International Corporation” компанияси ўртасида “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси Қувасой филиалини давлат-шерикчилиги асосида модернизация қилиш орқали 50 мВт электр энергияси ҳамда 30 гКл иссиқлик ишлаб чиқариш лойиҳасини ўрганиб чиқиб, аниқ ҳисоб-китоблар асосида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

25. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзаков ва Фарғона вилояти ҳокими Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

 

 

                           Ўзбекистон Республикаси

                                    Президенти                                                                                                                                                                Ш. Мирзиёев

Умумий таклифлар

192