ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9106 Национальная гвардия Республики Узбекистан 19/10/2019 30/10/2019 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА
ID-9106

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-модда. Ушбу қонунинг мақсади

Қўриқлаш фаолиятининг ташкилий ва ҳуқуқий асосларини белгилаш, жисмоний ва юридик шахсларга қўриқлаш хизматини кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ушбу қонуннинг мақсади ҳисобланади.

2-модда. Ушбу қонунда қўлланилган асосий тушунчалар ва уларнинг таърифлари

Ушбу қонунда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

қўриқлаш фаолияти – жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари, ташкилотлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг объектлари, мулкларини ғайриқонуний тажовузлардан, жумладан уларга ноқонуний киришдан ҳимоя қилиш, рухсат бериш ва объект ички режимларини таъминлаш, жисмоний шахсларни қўриқлаш, шунингдек давлат органлари, ташкилотлар, хусусий корхоналарнинг қўриқлаш воситалари ва тизимларини лойиҳалаштириш, ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш, ушбу йўналишларда маслаҳатлар бериш борасидаги фаолияти;

қўриқдаги объект – юридик ва жисмоний шахсларнинг қўриқлаш фаолияти билан шуғулланадиган ташкилотларга ҳимоя учун топширилган бинолари, қурилмалари, иншоотлари, маълум жойлари, транспорт воситалари, транспортда ташилаётган юклари, пул воситалари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулклари, белгиланган тартибда ҳимояга олинган шахс;

объектни ёки жисмоний шахсни қўриқлаш – қўриқдаги объектлар, жисмоний шахсларни ғайриқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш борасидаги тадбирлар;

қўриқлаш воситаси – қўриқланаётган объектларни ғайриқонуний тажовузлардан ҳимоя қилишда фойдаланиладиган, мустақил функцияларни бажарадиган, конструктив якунланган қурилма;

қўриқлаш тизимлари – қўриқланаётган объектга ўрнатилган ва муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялар тизимига бирлаштирилган ҳамкорликда ҳаракат қиладиган қўриқлаш воситаларининг йиғиндиси (ташвиш сигнализацияси, хабарларни узатиш тизими, атрофни назорат қилиш ва бошқариш,  телевизион видеокузатув ва бошқа тизимлар);

якка тартибда фойдаланиладиган қўриқлаш воситалари – жисмоний шахслар томонидан шахсий мақсадларда фойдаланиладиган қўриқлаш восита ва тизимлари (автотранспорт воситаларининг хабарлашиш-олиб қочишга қарши қўриқлаш воситалари ва бошқа воситалар):

муҳандислик-техник ҳимоя воситалари – қўриқланаётган объектда ғайриқонуний тажовузларга механик қарши туриш учун қўлланиладиган воситалар (ҳимоя хоналари, эшиклар, қопқоқлар, ойна, панжаралар, зулфинлар, қулфлар, маҳкамланувчи қурилмалар, сейфлар, бойликлар омборхоналари, механик тўсиқлар, деворлар ва бошқа воситалар);

объект ички режими − қўриқланадиган объектда белгиланган ички тартиб ва ёнғин хавфсизлигини қоидалари ҳамда тадбирларини амалга ошириш тартиби;

рухсат бериш режими − қўриқланадиган объектга шахсларнинг кириши (чиқиши), транспорт воситаларининг чиқиши (кириши), қўриқланадиган объектларга мол-мулкни олиб кириш ва ундан олиб чиқишни назорат қилишни тартибга солувчи қоидалар йиғиндиси;

махсус қўриқлаш органи – Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўриқлаш фаолияти соҳасидаги вазифалар ва функцияларни амалга оширишга ваколат берилган таркибий бўлинмаси;

давлат органлари қўриқлаш бўлинмалари  – Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлиги давлат хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ахборот коммуникациялари ва технологияларини ривожлантириш вазирлиги ва уларга бўйсунувчи юридик шахслар таркибидаги, шартнома асосида ёки идоравий қўриқлаш услубида қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи бўлинмалар;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш – республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг объектлар ва мол-мулкни ғайриқонуний тажовузлардан қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича махсус вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган юридик шахс бўлмаган таркибий бўлинмаси;

идоравий қоровуллик – республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларининг объектлар ва мол-мулкни ғайриқонуний тажовузлардан қўриқлаш учун ташкил этиладиган юридик шахс бўлмаган таркибий бўлинмаси;

хусусий қўриқлаш корхоналари –  қўриқлаш воситалари ва тизимларини лойиҳалаштириш, ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш, ушбу йўналишларда маслаҳатлар бериш борасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган, мазкур фаолият учун лицензияга эга бўлган, юридик шахс мақомидаги хусусий корхона;

буюртмачи – шартнома асосида қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар хизматларидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар.

3-модда. Қўриқлаш фаолиятининг ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, мазкур Қонун, қонунчиликнинг бошқа ҳужжатлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган халқаро шартномалар қўриқлаш фаолиятининг ҳуқуқий асослари саналади.

Халқаро шартномада ушбу Қонунда белгиланганидан ўзга тартиб назарда тутилган бўлса, халқаро шартнома қоидаси қўлланилади.

4-модда. Қўриқлаш фаолиятининг вазифалари

Қўриқлаш фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки, объектларини жиноий ва ғайриқонуний тажовузлардан ҳимоялаш;

жисмоний шахсларни ҳаёти ва соғлигини жиноий ва бошқа ғайриқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг объектларида рухсат бериш ва объект ички режимларини таъминлаш;

қўриқлаш воситалари ва тизимларини лойиҳалаштириш, ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш, ушбу йўналишларда маслаҳатлар бериш.

5-модда. Қўриқлаш фаолиятининг принциплари

Ўзбекистон Республикасида қўриқлаш фаолияти қонунийлик, фуқаролар, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларига риоя этиш ва ҳурмат қилиш принципларига асосланади.

2-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШДА ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

 

6-модда. Қўриқлаш фаолияти соҳасини давлат томонидан тартибга солиш

Қўриқлаш фаолияти соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, махсус қўриқлаш органи ва бошқа давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади ва ўзида қуйидагиларни мужассам қилади:

давлат сиёсатини белгилаш ва амалга ошириш;

меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

қўриқлаш хизматлари (ишлари)ни кўрсатиш (бажариш) тартибини белгилаш;

лицензиялаш;

қўриқлаш воситалари ва тизимларини техник меъёрлар ва стандартлар соҳасидаги талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш;

қўриқлаш фаолияти соҳасидаги амалдаги қонунчилик талаблари бажарилишини назорат қилиш;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа чораларни кўриш.

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қўриқлаш фаолияти соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатлари доирасида:

давлат томонидан қўриқлаш фаолиятини тартибга солишни амалга оширади, жумладан ушбу соҳада давлат сиёсатини белгилайди;

давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган объектлар, хусусан ўта муҳим, тоифаланган объектлар рўйхатини тасдиқлайди;

ўта муҳим, тоифаланган объектларнинг техник мустаҳкамлигига қўйиладиган талабларни ва уларнинг қўриқланиш тартибини белгилайди;

махсус қўриқлаш органини тузади, қайта тузади, тарқатиб юборади;

махсус қўриқлаш органи ходимлари томонидан фойдаланиладиган қурол-аслаҳаларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

махсус қўриқлаш органи қурол-аслаҳаларининг муомалада бўлиши (харид қилиш, ташиш, сақлаш, ҳисобини юритиш, олиб юриш, таъмирлаш, йўқ қилиш) тартибини белгилайди;

махсус қўриқлаш органи раҳбарини лавозимига тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

қонунчиликда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қўриқлаш фаолияти соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қўриқлаш фаолияти соҳасида:

ўз ваколатлари доирасида давлат томонидан тартибга солишни, жумладан давлат сиёсатини амалга оширади;

махсус қўриқлаш органи ҳақидаги низомни тасдиқлайди;

қўриқлаш фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомилларини белгилайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлашни ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари рўйхатини ва идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлашнинг намунавий низомини тасдиқлайди, ҳар бир корхона, ташкилот учун идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлашнинг энг юқори сонини белгилайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ходимларининг касбий тайёргарлигини амалга ошириш тартибини белгилайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ходимларининг хизмат гувоҳномаси ва жетонлари намуналари ва тасвирини тасдиқлайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идоравий қоровуллик ходимлари томонидан шахсларни шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириш қоидаларини белгилайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идоравий қоровуллик ходимларига вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилувчи касалликлар ва жисмоний нуқсонлар рўйхатини тасдиқлайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ходимлари томонидан фойдаланиладиган қурол-аслаҳаларнинг тури, русумини ва таъминот меъёрларини, шунингдек идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ходимлари томонидан фойдаланишга рухсат этилган махсус воситаларнинг рўйхати ва таъминот меъёрларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни транспортировка қилиш жараёнида қўриқлаш қоидаларини тасдиқлайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш қурол-аслаҳаларининг муомалада бўлиши (харид қилиш, ташиш, сақлаш, ҳисобини юритиш, олиб юриш, таъмирлаш, йўқ қилиш) тартибини белгилайди;

қонунчиликда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

9-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш фаолияти соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш фаолияти соҳасида:

ўз ваколати доирасида қўриқлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;

идорадан ташқари ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идорадан ташқари қоровуллик бўлинмалари ходимларининг формали кийим-бош намуналари ва фарқловчи белгиларини тасдиқлайди;

махсус қўриқлаш органи томонидан қўриқлаш хизматини (ишларини) кўрсатиш (бажариш) ҳақидаги намунавий шартномалар шаклини тасдиқлайди;

махсус қўриқлаш органи ходимлари томонидан фойдаланишга рухсат этилган махсус воситаларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

давлат органлари қўриқлаш бўлинмаларининг фаолиятини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

махсус қўриқлаш органи фаолиятини бошқаради;

махсус қўриқлаш органининг ташкилий тузилмасини, хизмат кўрсатиш тарифларини тасдиқлайди;

 махсус қўриқлаш органи томонидан ташкилотларнинг қўриқлаш воситалари ва тизимларини, якка тартибда фойдаланиладиган қўриқлаш воситаларидан ташқари, лойиҳалаш, ўрнатиш, ишга тушириш ва техник хизмат кўрсатиш фаолияти устидан назоратни амалга ошириш тартибини белгилайди;

махсус қўриқлаш органи томонидан қўриқланиши мажбурий бўлган объектларнинг қўриқлаш воситалари ва тизимлари билан жиҳозлаш тартиби ва шартларини, ушбу объектларнинг муҳандислик-техник ҳимоя воситалари билан жиҳозлаш талабларини, уларга ўрнатиладиган қўриқлаш воситалари ва тизимларининг турларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикасининг лицензиялашни тартибга солиш борасидаги қонунчилигига мувофиқ қўриқлаш фаолиятини лицензиялашни амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг идоравий қоровуллик бўлинмаларини инспекторлик кўригидан ўтказилишини таъминлайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ходимларини юклатилган вазифаларни бажариш жараёнида ўқотар қурол ва махсус воситалар, жисмоний кучни қўллашга лойиқлигини текшириш тартибини, идоравий қоровуллик ходимларини махсус воситаларни, жисмоний кучни қўллашга лойиқлигини текшириш тартибини белгилайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идоравий қоровуллик ходимларига фойдаланишга рухсат берилган махсус воситаларни харид қилиш, ташиш, сақлаш, ҳисобини юритиш, таъмирлаш ва йўқ қилиш қоидаларини тасдиқлайди;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идоравий қоровуллик ва хусусий қўриқлаш корхоналари ходимлари билан касбий тайёргарлик машғулотларини ўтказиш тартибини белгилайди;

шартномалар асосида идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идоравий қоровуллик ходимларини бошланғич тайёргарликдан ўтказиш, малакасини оширишни таъминлайди;

идоравий қоровуллик ходимларининг хизмат гувоҳномаси ва жетони намуналари ва тасвирини тасдиқлайди;

қўриқлаш фаолияти соҳасида идоравий халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

қонунчиликда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

10-модда. Махсус қўриқлаш органининг қўриқлаш фаолияти соҳасидаги ваколатлари

Махсус қўриқлаш органи қўриқлаш фаолияти соҳасида:

қўриқлаш фаолиятига доир давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чораларни кўради;

шартномалар асосида қўриқлаш фаолиятини амалга оширади;

махсус қўриқлаш органи томонидан мажбурий қўриқланиши белгиланган объектлар қўриғини амалга оширади;

қўриқлаш воситалари ва тизимларини лойиҳалаш, ишлаб чиқариш соҳасида техник талабларга риоя этилиши таъминлайди, шунингдек қўриқлаш воситалари ва тизимларини жорий қилиш ва фойдаланиш устидан назоратни амалга оширади;

давлат органлари қўриқлаш бўлинмалари, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идоравий қоровуллик фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

 ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан қўриқлаш фаолиятини лицензиялашда иштирок этади;

қўриқланаётган объектларда, постлар ва йўналишлар ҳудудларида жамоат тартибини сақлашни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб автомобиль транспортида ташиладиган товарлар, қимматбаҳо бойликлар ва (ёки) транспорт воситаларини қўриқлаш-кузатишни (божхона кузатувини, мажбурий кузатувни) амалга оширади;

 қонунчиликда ўрнатилган тартибда қўриқлаш воситалари ва тизимларини техник меъёрлаш ва стандартлаш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлайди;

қўриқлаш фаолияти соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ишчи касблари ва хизматчилар лавозимларининг малака ва тариф-малака тоифаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

қонунчиликда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

3-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИНГ ТУРЛАРИ,  УЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ

 

11-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг турлари

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга:

давлат органларининг қўриқлаш бўлинмалари;

махсус қўриқлаш органи;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари;

идоравий қоровул бўлинмалари;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга хусусий қўриқлаш корхоналари.

12-модда. Шартнома асосида қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар

Қуйидагилар шартнома асосида, ҳақ эвазига бошқа юридик ва жисмоний шахсларга қўриқлаш фаолияти борасида хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади:

махсус қўриқлаш органи – махсус қўриқлаш органи томонидан қўриқлаш мажбурий қилиб белгиланган объектларга, шунингдек ихтиёрий равишда мурожаат қилган юридик ва жисмоний шахсларга, қўриқлаш фаолиятининг барча йўналишлари бўйича;

Мудофаа вазирлиги – Мудофаа вазирлиги томонидан қўриқлаш мажбурий қилиб белгиланган давлат ва стратегик аҳамиятга эга объектларга, қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича;

хусусий қўриқлаш корхоналари – ихтиёрий мурожаат қилган юридик ва жисмоний шахсларга, фақат лицензия олинган йўналиш бўйича.

13-модда. Шартнома тузмасдан қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар

Қуйидагилар қонунчиликда қўриқлашни амалга ошириш бўйича ўз зиммаларига юклатилган ваколатлар доирасида шартнома тузмасдан қўриқлаш фаолияти борасида хизматларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади:

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари;

идоравий қоровул бўлинмалари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлиги хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;

Ахборот коммуникациялари ва технологияларини ривожлантириш вазирлиги.

14-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг мажбуриятлари

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар қўриқланаётган объектда, қўриқлаш постлари, йўналишлари ҳудудида:

ғайриқонуний қилмишларга чек қўйиш, фуқароларнинг хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш чораларини кўради, жиноят, ҳуқуқбузарлик ва ҳодиса изларининг сақланишини таъминлайди;

жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш, чек қўйиш ва фош этиш, шунингдек уларни тайёрлаш ва содир этишга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда топиш чораларини кўради;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлайди ҳамда бартараф этиш чораларини кўради.

Шунингдек:

юридик ва жисмоний шахсларнинг қўриққа олинган объектлари, мулкини, шахсни қўриқлаш ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида барча зарур чораларни кўриши;

хизматга доир ахборотнинг, шунингдек хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлаши шарт.

Қўриқлаш фаолиятини кўрсатувчи субъектлар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

15-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг ҳуқуқлари

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жисмоний ва юридик шахсларга тегишли мол-мулкни улар билан тузилган шартномалар асосида қўриқлаш;

 ўз фаолиятларини амалга оширишда замонавий техника, технологиялардан фойдаланиш;

фуқаролардан қонун ҳужжатларига риоя этишни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эса мажбурлов чораларини қўллаш;

ташкилотлар ва фуқаролардан қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни бепул олиш, бундан қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган ҳоллар мустасно;

радиоалоқани амалга ошириш учун ўрнатилган тартибда радиотўлқиндан фойдаланиш;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш учун хизмат ва қоровул итларидан фойдаланиш;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш учун буюртмачидан керакли ҳужжатларни, маълумотларни олиш, буюртмачининг вакили розилиги билан қўриқланаётган ҳудудни, бинони, хонани, мол-мулкни кўздан кечириш.

Қўриқлаш фаолиятини кўрсатувчи субъектлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

16-модда.  Қўриқлаш фаолияти субъектларининг жавобгарлиги

Шартнома орқали қўриқлаш фаолияти амалга оширувчи субъектлар буюртмачига ўзининг ҳаракати, ҳаракатсизлиги натижасида етказилган зарарни тўлиқ қоплайди. Қўриқлаш фаолияти юзасидан хизматлар кўрсатиш борасида икки томонлама тузилган шартномада етказилган зарарнинг қоплаш шартлари ва миқдори белгиланади.

Шартномалар тузмасдан қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари қўриқлаш бўлинмалари, идоравий қўриқлаш бўлинмалари субъектларининг ҳаракати, ҳаракатсизлиги натижасида қўриқланаётган мол-мулкка, объектга зарар етказилганда, жавобгарлик қонунчиликда ўрнатилган тартибда белгиланади.

17-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширишда қуйидагилар тақиқланади:

ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фаолиятига, шунингдек қонунчиликда белгиланган ваколатларни амалга ошираётган давлат органлари ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш;

қонунчиликда ҳарбий бўлинмалар ва ҳуқуқ-тартибот органлари учун белгиланган мол-мулкдан фойдаланиш, давлат органлари қўриқлаш бўлинмалари бундан мустасно;

ҳарбий бўлинмалар, ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа назорат органларига тегишлилик белгиларидан (номлари, рамзлари, белгилари, форма кийим-бошлари ва ҳ.к.) фойдаланиш, давлат органлари қўриқлаш бўлинмалари бундан мустасно;

қўриқлаш фаолияти давомида маълум бўлиб қолган тарқатилиши чекланган маълумотларни, шунингдек қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш борасида кўрилаётган чоралар ҳақидаги маълумотларни тарқатиш, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш жараёнида атрофдаги фуқароларнинг соғлиги, ҳаётига хавф солувчи, атроф-муҳитга зарар етказувчи қўриқлаш техника ва технологияларидан фойланиш;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш бўйича буюртмачининг,  қўриқланаётган объект маъмурияти ёки эгасининг манфаатдорлигидан қатъий назар тайёрланаётган, содир этилган жиноят ҳолатларини яшириш;

жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этаётган ёки содир этишга тайёрларлик кўраётган шахсларни қўриқлаш;

шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларига, эркинлигига, мол-мулкига тажовуз қиладиган, шунингдек уларнинг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўси, соғлиги ва ҳаётини хавф остига қўядиган ҳаракатларни содир этиш;

радотўлқиндан фойдаланишга рухсатномаси бўлмаган ҳолда, радиоалоқа воситаларини ишлатиш;

Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонунида белгиланган тезкор-қидирув фаолиятига оид тадбирларни амалга ошириш;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш жараёнига махсус тайёргарликдан ўтмаган, ушбу қонуннинг 25-моддасидаги кўрсатилган шахсларни жалб қилиш;

суд қарорларини ижро этиш жараёнларида иштирок этиш;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш учун амалда ушбу фаолият учун талаб этиладиган ва ўрнатилган меъёрдан ортиқ штат бирликлари киритиш;

 қўриқлаш фаолиятига боғлиқ бўлмаган фаолият билан шуғулланиш.

18-модда. Давлат органлари қўриқлаш бўлинмалари

Давлат органи қўриқлаш бўлинмалари қонунчиликда белгиланган доирада ва ваколатлар бўйича қўриқлаш фаолиятини амалга оширади.

Давлат органи қўриқлаш бўлинмалари ўз фаолиятларини ташкиллаштириш ва амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ўзлари тегишли бўлган вазирлик ва ташкилотлар томонидан белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилади.

Давлат органи қўриқлаш бўлинмалари қўриқлаш фаолиятини амалга оширишда амалдаги қонунчиликка мувофиқ ушбу қонунда белгиланмаган ваколатлар ва ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

19-модда. Махсус қўриқлаш органи

Махсус қўриқлаш органи Ўзбекистон Республикасида қўриқлаш фаолиятини тартибга солиш, мувофиқлаштириш, объектлар ва моддий бойликлар, мол-мулкларни қўриқлаш борасида давлат миқёсида фаолият кўрсатувчи орган ҳисобланади.

Қонунчиликда ўзга ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, давлат ва хўжалик бошқарувининг барча объектлари, мол-мулклари, моддий бойликлари, шунингдек давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган объектларни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлаш фақат махсус қўриқлаш органи томонидан амалга оширилади.

Махсус қўриқлаш органи:

махсус қўриқлаш органи томонидан қўриқланиши белгиланган объектларнинг қўриғи ва хавфсизлигини таъминлайди;

қўриқлаш фаолияти борасидаги давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлайди;

жисмоний ва юридик шахсларга қўриқлаш фаолиятининг барча йўналишлари бўйича шартнома асосида, пуллик хизматлар кўрсатади;

ҳар икки йилда бир марта ҳар бир давлат ва хўжалик бошқаруви органининг идоравий қоровуллик бўлинмалари қўриғидаги объектларнинг қўриқланиши, рухсат бериш ва назорат-ўтказиш режимлари ҳолати, муҳандислик-техник ҳимоя воситалари ва қўриқлаш воситалари, тизимлари билан жиҳозланиш аҳволини, идоравий қоровуллик бўлинмалари фаолиятининг ташкиллаштирилишини назорат текширувларидан ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда хусусий қўриқлаш корхоналарига лицензиялар берилишини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда хусусий қўриқлаш корхоналари томонидан лицензия талабларига риоя этилишини ўрганиб боради, лицензия талабларига риоя қилмаган хусусий қўриқлаш корхоналарининг лицензияларини бекор қилиш борасида иш қўзғатади;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идоравий қоровуллик бўлинмаларининг намунавий низомларини, ушбу бўлинмалар нарядларининг хизмат ўташ тартиб-қоидалари бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

қонунчиликка мувофиқ зиммасига юклатилган бошқа вазифаларни амалга оширади.

20-модда. Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари вазирликлар, ташкилот ва корхоналар таркибида, юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади.

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари тузиш ҳуқуқига эга бўлган вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, шунингдек уларнинг ушбу қўриқлаш тури билан қўриқланиши лозим объектлар, мол-мулкнинг рўйхатини тасдиқлайди.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ходимлари хизмат вазифаларини махсус қўриқлаш органи билан келишган ҳолда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган тегишли белгилари бўлган ягона намунадаги формали кийим-бошда (ҳар бир орган (ташкилот) учун алоҳида) бажарадилар.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимларининг хизмат гувоҳномалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмасини ташкил этиш учун қуйидагилар бўлиши талаб этилади:

битта объектда камида иккита 24 соатлик қўриқлаш пости ва/ёки назорат ўтказиш пункти;

объектда идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаси нарядларининг қурол-аслаҳаларини сақлаш учун қуролхона;

наряднинг дам олиши, овқатланиши, хизмат ўташи учун санитария-тозалик қоидалари асосида жиҳозланган хоналар.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаси нарядларининг хизмати Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг гарнизон ва қоровул хизмати низомида белгиланган қоровул хизматини ташкиллаштириш ва ўташ тартиблари асосида амалга оширилади.

21-модда. Идоравий қоровул бўлинмалари

 Идоравий қоровул бўлинмалари ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс томонидан ўзига тегишли объектлар ва мол-мулкни қўриқлаш учун, юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади.

Объектлар ва мол-мулкни қўриқлаш бўйича хизматни ўташни ташкил этиш тартиби республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг идоравий ҳужжатлари билан белгиланади.

Идоравий қоровул бўлинмалари ходимларининг иш вақти, идоравий қоровул бўлинмалари нарядларининг сменалари давомийлиги Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигига асосан белгиланади.

Идоравий қоровул бўлинмалари ходимларининг иш вақти 24 соатлик смена асосида ташкил этилиши мумкин эмас.

22-модда. Хусусий қўриқлаш корхоналари

Хусусий қўриқлаш корхоналари жисмоний ва юридик шахсларнинг объектлари, мол-мулкига қўриқлаш воситалари ва тизимларини лойиҳалаштириш, ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш, ушбу йўналишларда маслаҳатлар бериш борасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган тижорат ташкилоти саналади.

Хусусий қўриқлаш корхоналари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда  вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси томонидан берилган лицензия ва давлат рўйхатидан ўтказилган низомга асосан амалга оширади.

Хусусий қўриқлаш корхоналари ходимларининг иш тартиби Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилиги асосида ташкил этилади.

4-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ ХОДИМЛАР, ИШЧИ, ХИЗМАТЧИЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ

 

23-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходимлар, ишчи, хизматчиларнинг мажбуриятлари

Объектлар, мол-мулклар, транспорт воситалари, уларнинг юклари ва жисмоний шахсларни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашни амалга оширишга жалб этилган ходимлар, ишчи, хизматчилар қўриқлаш тури, шакли, усулидан қатъий назар, хизмат ўташ жараёнида қуйидагиларга мажбур:

объектларни қўриқлаш ва ғайриқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш, мол-мулкини қўриқлаш ва уларни кузатиб бориш. Бунда белгиланган тартиб ва қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш;

ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкларини ҳимоя қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида барча лозим чораларни кўриш;

қўриқлашнинг илғор муҳандислик-техник воситалари ва усулларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш;

қўриқланадиган объектларда техноген ва табиий тусдаги фавқулодда ҳодисалар ва вазиятларнинг олдини олиш ва уларни тугатишда қатнашиш;

қўриқланаётган мол-мулкнинг ўғирланиши ёки бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хўжасизлик ва бепарволик намоён бўлишининг ҳар қандай кўринишига ўз вақтида муносабат билдириш;

хизмат ўташ жойларида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва уларга чек қўйиш;

қўриқланаётган объектда жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ҳодисалар изларининг сақланишини таъминлаш;

қўриқланаётган объектда ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, уларни содир этишга олиб келувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

хизмат кўрсатиш ҳудудидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилган жойда жабрланган, шунингдек ночор ҳолатдаги  фуқароларга биринчи тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш ёки шундай ёрдам кўрсатилишини ташкиллаштириш;

объектлар ва мол-мулкни қўпорувчилик-террористик ҳаракатлар содир этилишидан, ёқиш, ўғирлаш ва бошқа жиноий тажовузлардан ишончли қўриқлашни ташкил этиш масалалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа давлат органлари, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлик қилиш;

режимли-махфий орган биносига кириш ҳуқуқисиз давлат сирини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирни ташкил этадиган маълумотлар сақланишини таъминлаш тадбирларини ўтказишда қатнашиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ўзларига юкланган вазифаларни ҳал этишда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиш;

қўриқланадиган объектларда табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда ҳодиса ва ҳолатларни олдини олиш, бартараф этишда иштирок этиш;

хизмат ўташ жойи назорат-ўтказиш пунктларида бўлганда қўриқлаш хизмати раҳбарлари билан келишган ҳолда объект маъмурияти тасдиқлаган кириб-чиқиш йўриқномасига асосан объектда ички ва рухсат бериш режимига риоя этилишини таъминлаш;

ишониб топширилган табел қуроллари, махсус ва техник воситалар, шахсий ҳимоя воситалари, хизмат кийим-бошлари, мол-мулкни эҳтиёт қилиш ва уларни соз ҳолда сақланишини таъминлаш;

хизмат вазифаларини бажаришда эгаллаб турган лавозимига мувофиқ белгиланган формали кийим-бошни кийиш ва фарқлаш белгиларини тақиш;

хизмат маълумотлари, шунингдек хизмат вазифасини бажариш жараёнида ўзларига маълум бўлган, давлат сирлари ёки қонун билан ҳимояланадиган бошқа махфий маълумотларнинг сақланиши ва ошкор этилмаслигини таъминлаш.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходимлар, ишчи, хизматчилар зиммасига қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

24-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходимлар, ишчи, хизматчиларнинг ҳуқуқлари

Объектлар, мол-мулклар, транспорт воситалари, уларнинг юклари ва жисмоний шахсларни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашни амалга оширишга жалб этилган ходимлар, ишчи, хизматчилар ўз хизматлари жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

хизмат ўташ жойи назорат-ўтказиш пунктларида бўлганда қўриқланаётган объектлар мансабдор шахслари, ишчи-хизматчилари ва объект ҳудудидаги бошқа шахслардан ўрнатилган рухсат бериш ва объект ички режимига риоя қилишни ҳамда жамоат тартибини сақлашни талаб қилиш;

қўриқланаётган объектдан мол-мулк, моддий бойликлар ва турли юкларни ноқонуний олиб чиқишга ёки олиб киришга уринаётган шахсларни ушлаш (шахсларни қўлга олиш ва ушлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари асосида амалга оширилади);

қўриқланаётган объектлардаги мол-мулкни сақлаш шарт-шароитлари, муҳандислик-техник воситалари ҳолатини текшириш;

қўриқланаётган объект маъмурияти, мансабдор шахсидан объектни муҳандислик-техник мустаҳкамлигида, сигнализация тизимларида юзага келган бузилишлар, камчиликларни бартараф этилишини талаб этиш;

қўриқланаётган объектларга ноқонуний кирганлар ёки қонунбузарлик қилганларнинг шахсини аниқлаш, қўриқлаш хизмат хоналарига олиб келиш, ушлаб туриш (бундай ваколат бўлмаган тақдирда тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини чақириш);

амалдаги қонунлар талабларига мувофиқ қўриқланаётган объект (пост, йўналиш) ҳудудида фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, агар уларда қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив ёки заҳарли моддалар, портлатиш қурилмалари, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар, қўриқдаги объект ҳудудига олиб кирилиши ва ундан олиб чиқиб кетилиши тақиқланган ашёлар, буюмлар, воситалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлса, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказишни, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳамда мазкур нарсалар, воситаларни ва моддаларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда уларни олиб қўйиш, транспорт воситаларини кўздан кечириш ва ташиб ўтилаётган юкларни товар-транспорт ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш;

пост ҳудуди, патруллик йўналиши, қўриқланаётган объектда юз берган ҳолатни ҳужжатлаштириш ёки ҳуқуқбузарлик изларини сақлаб қолиш учун зарур бўлса, фуқаролардан жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини тарк этишни талаб қилиш;

қўриқланаётган объектлар назорат-ўтказиш жойлари ва ҳудудларида ноқонуний олиб чиқилаётган, олиб кирилаётган мол-мулкни аниқлаш, шунингдек ғайриқонуний ҳаракатларни аниқлаш учун фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига, текширилаётган мол-мулк ва атроф-муҳитга зиён етказмайдиган замонавий техник воситалардан фойдаланиш;

қўриқланадиган объектларга ғайриқонуний равишда кирган ёки киришга уринган шахсларни аниқлаш, бундай хатти-ҳаракатларни олдини олишда хизмат итларидан фойдаланиш;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар ва белгиланган тартибга мувофиқ жисмоний куч, хизмат ҳайвонларини қўллаш, ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ва фойдаланиш.

Объектлар, мол-мулклар, транспорт воситалари, уларнинг юклари ва жисмоний шахсларни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашни амалга оширишга жалб этилган ходимлар, ишчи, хизматчилар соғлиққа зарарли омиллар мавжуд бўлган объектларда хизмат ўтаганда ушбу объект ишчи ва хизматчиларига бериладиган барча имтиёзлардан фойдаланади. Қўриқлаш шартномасида ушбу харажатлар ўз ифодасини топади.

Қўриқланадиган корхоналарнинг ишчи ва хизматчиларига хизмат қиладиган поликлиника, касалхона, оромгоҳлар, дам олиш уйлари, болалар дам олиш оромгоҳлари, болалар боғчалари қўриқлаш бўлинмалари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига ҳам хизмат кўрсатади.

Объектлар, мол-мулклар, транспорт воситалари, уларнинг юклари ва жисмоний шахсларни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашни амалга оширишга жалб этилган ходимлар, ишчи, хизматчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

25-модда. Қўриқлаш фаолияти билан шуғулланишга жалб этиладиган ходимлари, ишчи, хизматчиларига қўйиладиган талаблар

Қуйидаги шахсларнинг:

доимий яшаш жойига эга бўлмаган;

ўзига нисбатан жиноят иш қўзғатилган;

қасддан жиноят содир этган жинояти учун тугалланмаган ёки олиб ташланмаган судланганлиги бўлган;

жиноий жазони ўтаётган;

мулкка тажовуз қиладиган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган, шунингдек жамоат тартибига ёки бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун бир йил мобайнида такроран маъмурий жавобгарликка тортилган;

руҳий касалликларга, гиёҳвандликка, токсикоманияга, алкоголизмга чалинган бемор сифатида диспансер ҳисобида турган, шунингдек соғлиғининг ҳолати тўғрисида тегишли тиббий хулоса тақдим этмаган;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган ёки муомала лаёқати чекланган;

умумий ўрта маълумотга эга бўлмаган;

хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг қўриқлаш фаолияти билан боғлиқ ишларга, бўлинмаларига ишга қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

5-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ ХОДИМЛАР, ИШЧИ, ХИЗМАТЧИЛАР ТОМОНИДАН ЖИСМОНИЙ КУЧ ИШЛАТИШ, МАХСУС ВОСИТАЛАРНИ ВА ЎҚОТАР ҚУРОЛНИ ҚЎЛЛАШ

 

26-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш шартлари

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходимлар, ишчи, хизматчилар ўзига бириктирилган ўқотар қурол ва махсус воситаларни хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олиб юриш, сақлаш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига фақат амалдаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга бўлади.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходимлар, ишчи, хизматчилар махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини текшириш учун даврий текширувдан ўтиши шарт.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходимлар, ишчи, хизматчилар махсус тайёргарликдан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг таълим муассасаларида ўтади. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга ўрнатилган намунадаги сертификат берилади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчи ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчи, агар юзага келган вазиятда махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун мазкур моддада ҳамда ушбу Қонуннинг 28 ва 29-моддаларида назарда тутилган асослар вужудга келиши мумкин деб ҳисобласа, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун тайёрлаш ҳамда уларни жанговар ҳолатга келтириш ҳуқуқига эга.

Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши, шунингдек имкон қадар қисқа вақт ичида тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши шарт.

Жисмоний куч ишлатилган, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчи бевосита бошлиғига ёки раҳбарига дарҳол ахборот бериши шарт.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчининг жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида ўз ваколатлари доирасидан чиққанлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Агар жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш қонунда белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчи жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Агар қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчи томонидан жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида фуқарога тан жароҳати етказилса ёхуд у ҳалок бўлса, қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчи ҳодиса жойини ўзгаришсиз сақлашга қаратилган чораларни кўриши шарт.

27-модда. Жисмоний куч ишлатиш

Агар куч ишлатилмайдиган усуллар қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

қўриқланаётган объект, мол-мулкка жиноий тажовузни тўхтатиш учун;

қўриқланаётган ҳудудда жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарли содир этган шахсни тутиш, ушлаб туриш учун ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар нарядларига топшириш учун;

қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчи ушбу Қонунда махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

28-модда. Махсус воситаларни қўллаш

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчи қуйидаги ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

қўриқланадиган объектлар ва мол-мулкка ҳужумни қайтаришда;

қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчига ёки қўриқланадиган объектлардаги шахсларга ҳужумни қайтаришда;

хизмат вазифаларини бажаришда ҳуқуқни бузувчи томонидан қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчига кўрсатиладиган қаршиликка барҳам беришда;

қўриқланадиган объектларда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этаётган шахсларни ушлаш ҳолларида, башарти кўрсатиб ўтилган шахслар яширинишга уринсалар ёхуд улар қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчига қаршилик кўрсатиш ниятида эканлигининг етарлича асослари мавжуд бўлса;

ушланган шахсларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, шунингдек қўриқлаш хизматининг хизмат биносига келтиришда қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчига қаршилик кўрсатилганда;

ҳайдовчиси қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчи талабларини бажармаган транспорт воситасини қўриқланадиган объектларда тўхтатиш зарур бўлганда.

Махсус воситалар қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчи томонидан ҳуқуқбузарларга огоҳлантирувчи таъсир кўрсатишнинг бошқа барча шакллари фойдаланилган ва исталган натижаларни бермаган тақдирда қўлланади.

Махсус воситаларнинг қўлланилиши учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирмаслиги ва мол-мулкига зарар етказмаслиги керак.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан махсус воситаларнинг қўлланилиши тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходим, ишчи, хизматчининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

29-модда. Ўқотар қуролни қўллаш

Махсус қўриқлаш органи, давлат органи қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий  ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ходимлари қуйидаги ҳолларда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга:

қўриқланадиган объект ва мол-мулкка қуролли ёки гуруҳ бўлиб ҳужум қилишни қайтаришда;

қўриқланадиган объектлардаги шахсларни, шунингдек қўриқланаётган шахсни уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган ҳужумдан ҳимоя қилишда;

махсус қўриқлаш органи, давлат органи қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий  ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ходимларига, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид қилаётган ҳужумни қайтариш, шунингдек уларнинг ўқотар қуролини эгаллаб олишга уринишга барҳам беришда;

ҳуқуқбузарликлар содир этишда гумонланиб, қўриқланадиган объект ҳудудидан яширинишга уринаётган ёхуд махсус қўриқлаш органи, давлат органи қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий  ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ходимларига қуролли қаршилик кўрсатувчи шахсларни ушлашда;

башарти транспорт воситасининг ҳайдовчиси қўриқланадиган объект ишчи-хизматчиларининг ёхуд қўриқланадиган объектдаги шахсларнинг, қўриқдаги шахснинг ҳаёти ёки соғлиғига аниқ хавф туғдирган, шунингдек кўрсатиб ўтилган шароитларда тўхташни рад этган, ёхуд махсус қўриқлаш органи, давлат органи қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, қўриқланадиган объектларга киришга ёки қўриқланадиган объектлардан чиқишга интилган ҳолларда транспорт воситасига шикаст етказиш йўли билан транспорт воситасини тўхтатишда;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солаётган ҳайвонларни зарарсизлантиришда;

ўқ отар қуролни қўллаш нияти тўғрисида огоҳлантиришда, тревога сигналини бериш ёки ёрдамга чақириш зарур бўлганда.

Махсус қўриқлаш органи, давлат органи қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий  ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ходими ўқотар қуролни қўллашдан олдин огоҳлантириши шарт, бундан унинг ҳаётига ёки фуқароларнинг ҳаётига бевосита хавф таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.

Аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўқотар қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд махсус қўриқлаш органи, давлат органи қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий  ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Ўқотар қурол қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса, махсус қўриқлаш органи, давлат органи қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий  ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ходими кўп фуқаролар тўпланганда уни қўллаш ҳуқуқига эга эмас.

30-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг қоровул итларидан фойдаланиши

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар юклатилган вазифани бажаришда қоровул ёки хизмат итларидан фойдаланиши мумкин. Бунда қоровул ва хизмат итлари хизматга фойдаланишга яроқли деб топилган, ветеринар паспорти бўлиши лозим.

Қўриқлаш бўлинмалари ходими қоровул ёки хизмат итларидан қўриқланаётган объектга ғайриқонуний киришга уринишни ва қўриқланаётган объектга ғайриқонуний равишда кирган  шахсларни аниқлашда  фойдаланиши мумкин.

Қўриқлаш бўлинмалари ходими қоровул ёки хизмат ити билан қўриқланаётган ҳудудни айланиш вақтида қоровул ёки хизмат ити тасмада ва тумшуқбоғда бўлиши лозим. Одамлар кўп тўпланган, жамоат жойларида қоровул итларидан, шунингдек махсус тайёргарликдан ўтмаган хизмат итларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Одамлар бўлмаган ёпиқ ҳудудларда қоровул ёки хизмат ити бўш ҳолда қўйилиши мумкин, бунда уларнинг ҳаракати қўриқлаш ходимлари томонидан назорат қилинади.  Бунда кўзга ташланадиган жойга огоҳлантирувчи ёзувлар жойлаштирилиши лозим.

31-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг  қурол-аслаҳа, махсус воситалар таъминоти

Махсус қўриқлаш органи ва давлат органларининг қўриқлаш бўлинмалари, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва махсус воситалар таъминоти, уларнинг турлари  билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибда ва меъёрларда амалга оширилади.

Идоравий қоровул бўлинмаларининг махсус воситалар таъминоти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилган тартибда ва меъёрларда амалга оширилади. Идоравий қоровул бўлинмалариларини қурол-аслаҳа, ўқ-дори бирлан таъминлаш тақиқланади.

6-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ

 

32-модда. Қўриқлаш фаолиятини лицензиялаш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўриқлаш фаолияти лицензия орқали амалга оширилади.

Қўриқлаш фаолиятини лицензиялаш ушбу қонунда назарда тутилган ҳолатлар, ўзига хосликларни эътиборга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг лицензиялаш фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилиги талабларига асосан амалга оширилади.

Қонунчиликда бевосита қўриқлаш фаолияти билан шуғулланиш ваколати кўрсатилмаган бўлса, қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсга қўриқлаш фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикасида қўриқлаш фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

33-модда. Қўриқлаш фаолиятини лицензиялаш тартиби

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари қўриқлаш фаолияти билан шуғулланиш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан лицензияланади.

Идоравий қўриқлаш бўлинмалари, уларда ташкил этилган штатлар сони 50 бирликдан ошганда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан лицензияланади

Давлат органлари қўриқлаш бўлинмалари, махсус қўриқлаш органи томонидан амалга ошириладиган қўриқлаш фаолияти лицензияланмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл давлатларининг қўриқлаш ташкилотларининг, шунингдек чет эл давлатларининг хусусий қўриқлаш корхоналарининг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди. Қисқа муддатга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига давлат ташрифи билан келган олий мартабали меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳолатлари бундан мустасно.

34-модда. Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходимлар, ишчи, хизматчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш

Қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходимлар, ишчи, хизматчилар ўрнатилган тартибда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларидан ўтади.

Хусусан:

давлат органлари қўриқлаш бўлинмаларининг қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчи ва хизматчилари ўзлари тегишли бўлган орган томонидан тасдиқланган ўқув дастури асосида;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходимлари, ишчи ва хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таълим муассасаларида, шартнома асосида;

махсус қўриқлаш органи қўриқлаш бўлинмаларининг қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ходимлари, ишчи ва хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таълим муассасаларида;

идоравий қоровул бўлинмалари қўриқлаш бўлинмаларининг қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи ишчи ва хизматчилари мустақил равишда ҳамда ихтиёрий равишда, шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таълим муассасаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларидан ўтади.

35-модда. Қўриқлаш фаолияти билан шуғулланувчи бўлинмалар ходимлари, ишчи ва хизматчиларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги

Махсус қўриқлаш органи ходимларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги тартиб-қоидалари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан белгиланади.

Давлат органлари қўриқлаш бўлинмаларининг ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчи, хизматчиларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги тартиб-қоидалари ўзлари тегишли бўлган орган томонидан белгиланади.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ва идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари, ишчи ва хизматчилари махсус дастурлар асосида касбий (хизмат, жисмоний ва жанговар) тайёргарликдан  ўтадилар:

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларида - ойига 8 соат (ўқув йилига  80 соат);

идоравий қоровуллик бўлинмаларида ойига 4 соат (ўқув йилда 40 соат).

Ушбу машғулотлар идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идоравий қоровуллик бўлинмалари ходимлари, ишчи, хизматчиларининг иш вақти ҳисобига киритилади.

Махсус қўриқлаш органи, давлат органлари қўриқлаш бўлинмалари, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ва идоравий қоровуллик бўлинмаларининг барча ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчи-хизматчилари мажбурий тартибда ҳар йили камида бир марта тиббий кўрикдан, шунингдек жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва қуролни қўллаш билан боғлиқ шароитларда ҳаракат қилишга яроқлилик юзасидан жорий текширишлардан ўтадилар.

Ўз хизмат вазифаларини ва махсус ўқув дастурларини ўзлаштирмаган ҳарбий хизматчилар, ходимлар, ишчи ва хизматчилар объектни қўриқлаш бўйича қўриқлаш фаолиятини кўрсатиш хизматига қўйилмайди.

7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

 

36-модда.  Қўриқлаш фаолияти устидан назорат

Қўриқлаш фаолияти устидан умумий назорат вазифаси махсус қўриқлаш органи томонидан амлага оширилади. Махсус қўриқлаш органи ва унинг ҳудудий бўлинмалари қўриқлаш фаолияти субъектларининг, қўриқлаш фаолияти учун берилган, амал қилиши тўхтатилган ёки бекор қилинган лицензиялар  ҳисобини юритади.

37-модда. Ғайриқонуний равишда қўриқлаш фаолияти билан шуғулланганлик учун жавобгарлик

Қўриқлаш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, давлат бошқарув органларининг тегишли қарорисиз қоровул, қўриқлаш бўлинмалари ташкил этиш, мазкур қонунда белгиланган тартибларга амал қилмай қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Умумий таклифлар

120