ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
9078 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 14/10/2019 29/10/2019 16

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
ID-9078

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига

ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон, “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2018 йил августдаги ПФ-5505-сон Фармонларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда профессор-ўқитувчи ва ходимлар меҳнатини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан муносиб рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                                          А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил ___ октябрдаги _____ - сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига
киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида” 2008 йил 1 августдаги 164-сон қарорининг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

“4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, олий таълим муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идораларнинг кундузги ўқиш бўйича олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларини:

2009/2010 ўқув йилидан бошлаб - 1:10,5;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб - 1:12,0;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб - 1:14,0;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб - 1:16,0 нисбатида белгилаш;

шунингдек, олий таълим муассасаси кенгашларига зарур ҳолларда мазкур нисбатларни 50 фоизгача ўзгартириш ваколатини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, таълим соҳалари блоклари ва шакллари бўйича бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг нормативлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади”.

2. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси минтақавий олий ўқув юртларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 1995 йил 31 майдаги 196-сон қарорида:

а) 1-банднинг 9-хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

            “Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби ва шартлари тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.”

Вазирлар Маҳкамасининг
1995 йил 31 майдаги
196-сон қарорига
ИЛОВА

 

Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби ва шартлари тўғрисида

Низом

 

1. Умумий қоидалар

1.1. Мазкур Низом Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби ва шартларини белгилайди.

1.2. Ушбу Низом илмий-тадқиқот, ўқув-тарбиявий ишлар билан боғлиқ бажариладиган ишлар сифати ва даражасини оширишни рағбатлантириш учун ишлаб чиқилган.

1.3. Олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантириш пул мукофотлари кўринишида, шунингдек меҳнат фаолиятида юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги эришган ютуқлари учун раҳбарият томонидан асосий иш ҳақига устама ва қўшимча ҳақлар белгилаш орқали бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

1.4. Устамалар, қўшимча ҳақлар ва мукофотлар миқдори ҳар бир ходимнинг таълим муассасаси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қўшган шахсий ҳиссаларига қараб белгиланади.

1.5. Олий таълим муассасаси раҳбарлари (ректор, проректор, филиал директори ва ўринбосарлари)га меҳнат фаолиятида эришган юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги ютуқлари учун устама ва қўшимча ҳақлар ҳамда мукофотлар юқори турувчи ташкилотларнинг тегишли қарорлари (розилиги) билан белгиланади.

1.6. Мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим муассасаларининг илмий-интеллектуал салоҳияти ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасаси маъмурияти (ректорати) ҳар йили профессор-ўқитувчи ва ходимлар томонидан бажарилган ишларнинг самарадорлиги ва сифатига қараб моддий рағбатлантириш тартиби ва ҳажмларини белгилаши шарт.

1.7. Моддий рағбатлантириш нафақат бир ходим учун, балки таълим муассасаси раҳбарияти ёки бошқа бошқарув органлари томонидан жамотчилик ишларини бажарган бутун бир жамоа, кафедра, факультет, илмий лаборатория ва бошқа бўлинмалар ходимларига ҳам берилиши мумкин. Бунда, моддий рағбатлантириладиган ходимларнинг рўйхати бажарилган ишларнинг аниқ кўрсаткичлари, эришилган натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим.

2. Моддий рағбатлантириш кўрсаткичлари ва уни амалга оширилиши

2.1. Олий таълим муассасаси раҳбариятига бажарилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида нотўғри маълумот тақдим этган ходимлар моддий рағбатлантирилмайди.

2.2. Олий таълим муассасаси раҳбарияти касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда тегишли тузилмавий бўлимларнинг тақдимномалари асосида ходимларни ҳақиқатда бажарган ишлари, амалда эришилган натижалари учун ушбу Низомга ҳамда олий таълим муассасалари томонидан тасдиқланган мезонларга мувофиқ рағбатлантирилади.

2.3. Олий таълим муассасасининг ўқув-тарбиявий, илмий-тадқиқот ва иқтисодий фаолиятининг самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида ходимларни рағбатлантириш ўқув йили давомида амалга оширилиши мумкин.

2.4. Рағбатлантириш кўрсаткичлари бажарилган ишларнинг хусусияти, ўзига хослиги ва таълим муассасаси (унинг таркибий бўлинмалари)нинг йўналишидан келиб чиқиб аниқлаштирилган бўлиши лозим. Жамоа (аниқ бир ходим)ни моддий рағбатлантирилишида ҳақиқатан ҳам эришиши мумкин бўлган кўрсаткичлардан икки ёки учтадан кўп бўлмаган мукофотлаш мезонларини белгилаш тавсия этилади.

2.5. Ходимларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ ҳар бир ходим учун олий таълим муассасаси раҳбари томонидан имзоланиб, касаба уюшма қўмитаси билан келишилади, олий таълим муассасалари раҳбарлари учун эса юқори турувчи ташкилотнинг қарори тегишли бошқарма ва бўлимларининг тавсиясига биноан тайёрланади.

2.6. Меҳнат интизомининг бузилиши белгиланган (ёки белгиланадиган) рағбатлантиришни бекор қилинишига асос бўлиши мумкин.

2.7. Интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди.

2.8. Иш сифати ёмонлашганда, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганда, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизоми бузилганда устамаларни бекор қилиш ёки камайтириш интизомий жазо чораси ҳисобланмайди.

2.9. Иш сифати ёмонлашганда, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганда, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизоми бузилганда устамаларни бекор қилиш ёки камайтириш олий таълим муассасаси раҳбарининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. Шу муносабат билан, ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари мавжуд бўлганда раҳбар мазкур устамани бекор қилиш ёки камайтиришга ҳақли, бироқ бу раҳбарнинг мажбурияти ҳисобланмайди.

2.10. Қуйидаги ҳолларда олий таълим муассасалари ходимларига уларнинг мурожаатига асосан касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси билан моддий ёрдам тўланади:

          яқин қариндошлари (ота-она, ака-ука, опа-сингил, эр-хотин) вафот этганда;

          ходимнинг тўйи ёки юбилей тантанаси муносабати билан;

          ходимнинг ўз соғлиғини тиклаши муносабати билан;

          табиий офатлар оқибатлари ва бошқа шунга ўхшаш ҳолларда.

3. Рағбатлантириш миқдори ва манбалари

3.1. Профессор-ўқитувчиларга иш ҳақи учун устама ҳақ ва қўшимча ҳақлар белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шакллантирилган таълим муассасаларининг моддий рағбатлантириш жамғармасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 5 июлдаги 236-сонли қарорига биноан белгиланган миқдорда, олий таълим муассасасининг бошқа тоифадаги ходимларига эса муассаса касаба уюшмасининг тавсиясига биноан ректорнинг буйруғи билан миқдорлар белгиланади ва тўланади.

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасаларида юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида профессор-ўқитувчи ва ходимларга устамалар ҳамда моддий рағбатлантириш турлари ва миқдорлари молиявий имкониятдан келиб чиқиб, мустақил белгиланади.

3.2. Олий таълим муассасасини моддий рағбатлантириш жамғармаси ўқитишнинг тўлов-контракт асосида тушадиган маблағлар, бошқа таълим хизматлари кўрсатишдан тушган маблағлар, ҳомийлик маблағлари, тадбиркорлик асосида ишлаб топилган маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа бюджетдан ташқари тушадиган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

3.3. Ўқитишнинг тўлов-контракт асосида тушадиган маблағларнинг 30 фоиздан кўп бўлмаган қисми таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва бошқа ходимларини моддий рағбатлантиришга сарфланиши мумкин.

4. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчи ва бошқа ходимларини моддий рағбатлантиришнинг асосий мезонлари

4.1. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчи ва бошқа ходимларини рағбатлантиришнинг асосий мезонлари сифатида қуйидагилар ҳисобга олинади:

ўқув жараёнини ташкил этишдаги салмоқли ютуқлари, уларни дунё стандартлари даражасида доимий равишда янгилаб бориш, фан, техника, янги технологиялар ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари ҳамда истиқболлари, илмий-техник ва ижтимоий тараққиётни белгилайдиган соҳаларда махсус курслар ташкил этиш;

ўқув ва ўқув-услубий ишларнинг самарадорлиги ва сифатини таъминловчи юқори педагогик маҳоратга, талабанинг ижодий ҳамда идрок қилиш қобилиятини оширишни таъминловчи ўқитишнинг илмий-методик даражасига эга бўлиш;

ўқитишнинг фаол усулларидан фойдаланиш ва билимларни назорат қилиш, таълим ва тарбиянинг уйғунлигини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг юксак ахлоқий жиҳатларини шакллантириш, беш ташаббус йўналишлари бўйича ютуқларга эришиш;

янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини яратиш ва ишлаб чиқиш;

барча турдаги ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш ва ўтказишни такомиллаштириш, талабалар конструкторлик тўгаракларини, ёшлар ижодий марказларини ҳамда талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини бошқариш, шунингдек талабалар орасидан иқтидорлиларини саралаб олиш, танловларда, конференциялар ва симпозиумларда фаол қатнашиш;

ўқув жараёнида замонавий компьютер техникаларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг янги шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, талабаларнинг мустақил таълим олишини шакллантириш;

тайёрланаётган мутахассислар сифатини ошириш мақсадида олий таълимнинг долзарб масалалари бўйича илмий-тадқиқот ишларида қатнашиш ва уларни ўқув-тарбиявий жараёнига татбиқ этиш;

илмий-услубий кенгашлар ва ўқув-услубий бирлашмаларда самарали иш олиб бориш, ўқув режа ва дастурларини ҳамда халқ хўжалигининг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;

фан ва техника ҳамда халқ хўжалигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшадиган мақолалар, монографиялар ва китобларни нашр этиш;

Ўзбекистон Республикаси манфаатларини кўзлаб турли хилдаги ижтимоий-сиёсий ва оммавий тадбирларда фаол иштирок этиш;

илмий ва педагог кадрлар тайёрлашда, докторантлар, жумладан хориж давлатларидаги докторантларга илмий раҳбарлик қилишда ижобий натижаларга эришиш;

фан доктори дипломини олгандан сўнг талабгор (агар олий таълим муассасасида фаолият юритаётган бўлса) ва унинг илмий раҳбарига;

ҳисобот йили давомида амалиётга татбиқ қилинадиган диплом лойиҳаларига раҳбарлик қилиш;

чет тилларидан (инглиз, француз, немис ва бошқа) бири ёрдамида ўқув жараёнини ташкил этиш;

бюджетдан ташқари маблағларни кўпайтиришда, шунингдек таълим муассасаси моддий техника базасини ҳомийлик асосида беғараз бойитилишидаги шахсий ташаббус кўрсатиш;

ҳар бир ходимнинг таълим муассасаси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қўшган шахсий ҳиссаси, берилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариши ҳамда жамоат ишларида фаол қатнашиши.

4.2. Олий таълим муассасаси раҳбарларини рағбатлантиришда қуйидаги мезонлар ҳисобга олинади:

олий таълим муассасасида тайёрланган мутахассисларнинг сифат кўрсаткичлари;

профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти бўйича таркиби ва уларнинг малакасини оширганлик даражаси, олий таълим муассасасида фаолият юритаётган хориждан жалб қилинган малакали профессор-ўқитувчи (мутахассис)ларнинг салмоғи;

Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги тармоқларини ривожлантиришга қўшган илмий салоҳияти;

олий таълим муассасасидаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси ва бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш усуллари;

таълим муассасасининг даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси натижалари (охири йиллар ўсиш динамикаси таҳлили асосида);

ҳукумат ва бошқа бошқарув органларига олий таълимни ислоҳ қилиш ҳамда миллий иқтисодиёт  ва маданиятни ривожлантириш муаммолари бўйича таклифлар киритиш;

олий таълим муассасасида жамоанинг маънавий, ахлоқий ва психологик муҳитининг ҳолатига кўрсатаётган ижобий таъсири.

4.3. Рағбатлантириш чора-тадбирларининг самарадорлигини ошириш мақсадида олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифа ходимларининг илғор тажрибасини ва фаолияти самарадорлигини оммавий ахборот воситаларида ёритиш ҳамда олий таълим муассасаси сайтига жойлаштириш тавсия этилади.

5. Якуний қоидалар

5.1. Олий таълим муассасасининг штатдаги ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг амалдаги тизимида кўзда тутилган рағбатлантириш бўйича бошқа тўловлар ҳам қўлланиши мумкин.

5.2. Устама ҳақларини қатъий мезонларга мувофиқ белгилаш ва тўлаш учун жавобгарлик олий таълим муассасаси раҳбарларига юклатилади.

Умумий таклифлар

813