ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
8989 Хокимият Самаркандской области 11/10/2019 26/10/2019 0

Муҳокама якунланди

Ҳоким қарори
Самарқанд вилоятида бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-8989

          Самарқанд вилоятида бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

             Самарқанд вилояти ҳудудларининг анъанавийлигига эътибор берган ҳолда замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талаблари ҳамда технологияларни ҳисобга олиб ривожлантиришни режалаштириш, шунингдек қуриш лойиҳаларида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш  бугунги куннинг энг асосий вазифаларидан биридир.

           Бироқ, вилоят қурилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг  Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексида  энг асосий вазифаларидан бири сифатида кўрсатилган шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат олиб бориш, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан  ҳудудларда шаҳарсозлик фаолиятини, башарти бу фаолият шаҳарсозлик кодекси  ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаса, чеклаши,  тўхтатиб қўйиши ва ёки  тақиқлаши юзасидан белгиланган  талаблар бажарилмаяпти.

          Натижада, сўнгги йилларда вилоятда, айниқса Самарқанд шаҳар ва Самарқанд туманида кўплаб объектлар ноқонуний қурилиши,  объектларни ўрнатилган тартибда келишилмасдан туриб реконструкция қилиниши, қайта ихтисослаштирилиши, рухсат берувчи ҳужжатларсиз қўшимча қаватлар қуриб олиниши ҳудудлар  қиёфасига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланган вилоят қурилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бажарилишини таъминлаш ва  назорат қилиш борасидаги фаолияти мутлақо қониқарсиз аҳволда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкмасининг 2018 йил 18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 370-сонли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ, бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш, қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш  бўйича келишиш ёки рухсат бериш ишларини амалга ошириш биргина шаҳар ёки туман қурилиш бўлими архитектори томонидан  объект жойига чиқиб ўрганилмасдан, бирор бир ҳужжат расмийлаштирилмасдан, номигагина амалга оширилиб келинмоқда.

Бу борада шаҳар, туман ҳокимликлари билан ҳамкорлик ўрнатилмаган.

Ваҳоланки, Шаҳарсозлик кодексининг 23–моддасида, шаҳар ва туман  қурилиш бўлимлари шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш  асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган маҳаллий давлат ҳокимияти органларига шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш ҳамда муҳандислик, транспортгаа оид ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш юзасидан таклифлар киритиб бориши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш, коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган муаммоларни бартараф этиш, ҳамда вилоятда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида

ҚАРОР    ҚИЛАМАН:

1. Вилоят ҳокимининг  саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (А.Шукуров), шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоят қурилиш бош бошқармаси  ва унинг ҳудудий бўлинмалари,  қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг вилоятда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ишлари қониқарсиз деб ҳисоблансин.

2. Белгилаб қўйилсинки,  вилоят ҳокимининг  саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (А.Шукуров), шаҳар ва туман ҳокимлари,  вилоят қурилиш бош бошқармаси ва унинг  ҳудудий бўлинмалари,  қурилиш соҳасида назорат инспекцияси раҳбарлари  вилоятда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, аҳоли пунктларини комплекс қуриш бош режаларига риоя этилиши юзасидан шахсан жавобгардирлар.

3. Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (А.Шукуров):

вилоят қурилиш бош бошқармаси, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, санитария-эпидемиология назорати маркази,  ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари  томонидан шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатсин;

            аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини мунтазам равишда ўрганиб, натижалари кўриб чиқилишини, шунингдек  тегишли соҳа раҳбарларининг бу борадаги ҳисоботлари эшитиб борилишини таъминласин.

   Вилоят қурилиш бош бошқармаси (Б.Назаров) билан биргаликда лойиҳалаштириш ташкилотлари  томонидан  ҳудудларда қурилаётган ва қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйларнинг ишлаб чиқилган архитектура лойиҳа-сметаларига автотураргоҳ, спорт майдончалари ва болалар ўйингоҳлари, дам олиш айвончалари ва видеокузатув мосламаларининг ўрнатилишини жойлаштирилиши бўйича белгиланган тартибга риоя этилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

4. Вилоят қурилиш бош бошқармаси, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, санитария-эпидемиология назорати маркази, ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шаҳар ва туман ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг           2018 йил  18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 370-сон қарори билан тасдиқланган:

а) “Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”нинг қуйидаги талабларига:

бино ва иншоотларнинг лойиҳа эскизини келишмасдан туриб бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартириш тақиқланиши;

бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш тартиботини амалга оширишда:

вилоят қурилиш бош бошқармаси бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳасини  келишиши;

вилоят ермулккадастри давлат корхонаси филиаллари бино ва иншоот деворларининг режаси, кесими (мавжуд бўлса), фасади ва кадастр паспорти нусхаларини юбориши;

б) “Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти”нинг қуйидаги талабларига:

объектни рухсатномасиз қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш тақиқланиши;

рухсатнома бериш тартиботини амалга оширишда:

туман, шаҳар қурилиш бўлимлари рухсатнома бериши;

вилоят ермулккадастри давлат корхонаси филиали бино ва иншоотнинг деворлари, кесими (агар мавжуд бўлса), фасад режаси ва кадастр паспорти нусхасини юбориши;

в)   “Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”нинг қуйидаги  талабларига:

фойдаланишга қабул қилиш далолатномасисиз объектларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланиши;

         қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиботида:

вилоят ермулккадастри давлат корхонаси далолатнома лойиҳасини ишлаб чиқиши;

шаҳар, туман қурилиш бўлимлари  далолатнома лойиҳаларини келишиши;

         давлат санитария-эпидемиология назорати органлари, давлат ёнғин назорати органлари, қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекциялар объектларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномалари лойиҳаларини келишиши юзасидан белгиланган тартибга қатъий амал қилсинлар.

5. Вилоят ҳудудида бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш бўйича ваколатли органларга кўмаклашувчи ишчи гуруҳнинг (кейинги ўринларда-ишчи гуруҳ) намунавий таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар,  ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш юзасидан сўровномалар бўйича:

жойига бориб, бино ва иншоот мақсадидан келиб чиққан ҳолда, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш имкониятини ўрганиб чиқиш, бунда:

бутун бино ва иншоотни ёки уларнинг қисмлари ва уларга бириктирилган ер участкасини, шунингдек уларга туташ ҳудуд ва улар яқинидаги бино ва иншоотларни визуал кўрикдан (зарурат бўлганда, махсус ускуналар ва асбоблардан фойдаланган ҳолда) ўтказиш;

бино ва иншоотларни кўздан кечириш, ариза берувчи сўровномасида, шунингдек бино ва иншоотнинг деворлари, кесими (мавжуд бўлса), фасад режалари ва кадастр паспорти нусхаларидаги маълумотларни бино ва иншоотларнинг ҳозирги ҳолатига, бино ва иншоотлар ташқи кўринишини ўзгартиришни келишмасдан, шунингдек, ваколатли орган билан келишилган бино ва иншоотлар фасадининг эскиз лойиҳасидан четга чиққан ҳолда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳолатини аниқлаш юзасидан таққослашни амалга ошириш;

объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатномалар бериш юзасидан сўровномалар бўйича:

объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш, бунда:

бутун бино ва иншоотни ёки уларнинг қисмлари ва уларга бириктирилган ер участкасини, шунингдек, уларга туташ ҳудуд ҳамда бино ва иншоотларни визуал кўрикдан (зарурат бўлганда, махсус ускуналар ва асбоблардан фойдаланган ҳолда) ўтказиш;

бино ва иншоот ўзбошимчалик билан қурилганини (лойиҳа-смета ҳужжатларини келишмасдан ва тегишли тартибда экспертизадан ўтказмасдан туриб қурилганини, объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларидан четга чиққан ҳолда ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузган ҳолда қуриш ва реконструкция қилингани) аниқлаш мақсадида, бино ва иншоотни текширувдан ўтказиш ҳамда ариза берувчи сўровномасида, шунингдек бино ва иншоотнинг деворлари режаси, кесими (мавжуд бўлса), фасад ва кадастр паспорти нусхасида берилган маълумотларни бино ва иншоотнинг ҳақиқий ҳолати билан таққослашни амалга ошириш;

ўрганиш натижалари бўйича далолатнома  расмийлаштириб (объектни камида икки томондан ўраб турган объектлар билан фотосурати (15х20 см) илова қилинади),   ваколатли органлар (тегишлилиги бўйича вилоят қурилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари) га тақдим этиш.

Мазкур далолатнома ваколатли органлар томонидан рухсатнома бериш ёки рухсатнома беришни рад этилишида инобатга олиниши таъминлансин.

6.  Вилоят қурилиш бош бошқармаси, шаҳар ва туман ҳокимлари  ишчи гуруҳ ўз фаолиятини шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида амалга оширишларини, улар фаолияти ваколатли органларнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил  18 майдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентларда белгиланган муддатларда  давлат хизматлари кўрсатишларига тўсқинлик қилмаслигини, ишчи гуруҳлари мурожаатларни келиб тушган кундан бошлаб 2 кун ичида ўрганиб чиқилишини  таъминлашлари бўйича чора-тадбирлар белгиласин.

7.  Вилоят ҳокимининг  саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (А.Шукуров), шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоят  қурилиш бош бошқармаси  ва унинг ҳудудий бўлинмалари  мазкур қарорнинг 5-бандида кўрсатиб ўтилган ишчи гуруҳлар таркиби 5 кун муддатда шакллантирилишини ва улар фаолияти юзасидан мониторинг юритилишини таъминласин.

8. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари - матбуот котиби (М.Мирзаев) мазкур қарорни ”Зарафшон” ва “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталарида расман эълон қилинишини ва вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.

9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуров ва вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Б.Назаровлар зиммаларига юклатилсин.

10. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

 

Вилоят ҳокими                                                          Э.Турдимов

                                                                                                                                                                                                                                                                                    Вилоят ҳокимининг

                                                                                                                                                                                                                                                                                 2019 йил “____”________    

                                                                                                                                                                                                                                                                                 ______сон қарорига илова

 

Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, объектларни қайта ихтисослаштириш ва

реконструкция қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш бўйича ваколатли органларга кўмаклашувчи

ишчи гуруҳининг намунавий таркиби

1. Туман (шаҳар) ҳокимининг ҳокимининг  саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари

2. Туман (шаҳар) қурилиш бўлими бошлиғи- туман архитектори (ваколатли орган)

3. Туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими раҳбари

4. “Ермулккдастр” давлат корхонаси раҳбари

5. Вилоят санитария-эпидемиология назорати маркази бошқармасининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари        

6. Вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари     

7. Ўзини ўзи бошқариш органлари раислари (тегишлилиги бўйича)

 

*Изох: Тарихий шаҳар ва туманларда Маданий мерос бошқармаси комиссия аъзоси ҳисобланади.

Умумий таклифлар

270