ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
8961 Министерство культуры Республики Узбекистан 10/10/2019 25/10/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-8961

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини
асрашга доир фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида
низомни тасдиқлаш ҳақида

 

“Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ, шунингдек, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ушбу қарор 2019 йилнинг 31 ноябрь кунидан эътиборан кучга киради.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг
                Бош вазири                                                                                                                            А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил ____ _________даги ____-сон қарорига
1-илова

 

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш тўғрисида
НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

  1. Ушбу Низом моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди.
  2. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти (кейинги ўринларда лицезияловчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.
  3. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини (кейинги ўринларда объект деб аталади):

консервациялаш;

реставрация қилиш;

таъмирлаш;

замонавий фойдаланишга мослаштириш;

тиклаш ишларига қуйидагиларга тадбиқ этилади.

  1. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш:

археология ёдгорлигида археология тадқиқотларини олиб бориш ва археология ёдгорлигини тегишли рухсатномага эга бўлган археолог томонидан бирламчи концервация қилиш ишларига;

манументал санъат ёдгорликларини консервациялаш, реставрация қилиш, таъмирлаш ва янгидан яратиш ишларига қуйидагиларга тадбиқ этилмайди.

  1. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолияти билан ушбу Низом талабларига мувофиқ белгиланган тартибда лицензия олган юридик шахслар шуғулланишлари мумкин.
  2. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
  3. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия (кейинги ўринларда лицензия деб аталади) лицензия даъвогарининг сўровномасига кўра қуйидаги қуйидаги тоифалар бўйича берилади:

I тоифадаги лицензия – маҳаллий аҳамиятга эга бўлган объектларда асрашга доир ишларни амалга ошириш учун;

II тоифадаги лицензия – республика ва маҳаллий аҳамиятига эга бўлган объектлар бўйича асрашга доир ишларни амалга ошириш учун.

Лицензияларнинг амал қилиши лойиҳалашнинг барча босқичларига татбиқ этилади.

  1. Лицензия амал қилиш муддати беш йил муддатга берилади.
  2. Лицензия бериш тўғрисидаги сўровнома билан мурожаат қилган юридик шахсларга лицензия объектларнинг тегишли тоифасида асрашга доир фаолиятни амалга ошириш учун берилади.
  3. Давлат хизматлари марказлари ва лицезияловчи орган ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

 

2-боб. Лицензия талаблари ва шартлари

 

  1. Қуйидагилар лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

б) ваколатли органга тақдим этилган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишлар учун рухсатнома талаблари ва шартлари риоя қилиш;

в) лицензиат томонидан лицензияланадиган фаолият тури соҳасида олиб бораётган иши юзасидан лицензияловчи органга ахборот бериш;

г) асрашга доир ишларда объектга салбий таъсирларнинг олдини олиш ва авария ҳолатига қарши ишларни бажариш;

д) археология ёдгорликларини консервация қилишда тегишли рухсатномага эга бўлган археологни шартнома асосида жалб этиш;

е) I тоифадаги лицензия учун устав фонди базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан кам бўлмаслиги ҳамда II тоифадаги лицензия учун устав фонди базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан кам бўлмаслиги;

ж) юридик шахснинг штатида талабга жавоб берадиган қуйидаги мутахассисларнинг мавжуд бўлиши:

I тоифадаги лицензия учун ‒ тегишли мутахассислик бўйича олий маълумот ёки лицезияловчи орган томонидан устанинг малакасини тасдиқловчи маълумотга эга бўлган ва соҳада икки йил иш стажига эга бўлган 2 нафар мутахассис (тарихий маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш; санъат асарлари ва меъморий ёдгорликларни таъмирлаш; тасвирий ва амалий санъат безаги; архитектура ёдгорликларини реконструкция ва реставрация қилиш; архитектура назарияси, тарихи, архитектура ёдгорликларини тиклаш) асосий иш жойи бўйича ишлаши;

II тоифадаги лицензия учун ‒ тегишли мутахассислик бўйича олий маълумот ёки лицезияловчи орган томонидан устанинг малакасини тасдиқловчи маълумотга эга бўлган ва соҳада уч йил иш стажига эга бўлган 4 нафар мутахассис (тарихий маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш; санъат асарлари ва меъморий ёдгорликларни таъмирлаш; тасвирий ва амалий санъат безаги; архитектура ёдгорликларини реконструкция ва реставрация қилиш; архитектура назарияси, тарихи, архитектура ёдгорликларини тиклаш) асосий иш жойи бўйича ишлаши;

з) юридик шахс ушбу фаолият тури билан I тоифадаги лицензия учун камида уч йил, II тоифадаги лицензия учун камида беш йил иш олиб борган бўлиши;

и) юридик шахсда ушбу фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун зарур бўлган, унга мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган бинолар, хоналар, асбоб-ускуналар ва жиҳозларнинг мавжуд бўлиши.

  1. Тегишли мутахассислик бўйича олий маълумотга эга бўлмаган, бироқ ёдгорликлари консервация, реставрация қилиш, таъмирлаш, тиклаш ишларида 10 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлган малакали усталарга лицезияловчи органнинг ҳудудий бошқармасининг тавсияномасига асосан лицезияловчи орган томонидан устанинг малакасини тасдиқловчи маълумот берилади.

Лицезияловчи органнинг ҳудудий бошқармаси тавсияномада уста шахсан иштирокида консервация, реставрация қилиш, таъмирлаш, тиклаш ишлари олиб борилган ёдгорликлари ва уларда бажарилган иш сифати, устанинг малака ва тажрибаси, иш стажи ҳақида маълумот берилади.

  1. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятда бош пудратчи ҳисобланадиган лицензиат томонидан лицензияга эга бўлмаган субпудрат ташкилотларини жалб этиш қуйидаги талаблар ва шартларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади:

         пудрат ишларини амалга ошириш учун моддий-техника базасининг  мавжуд бўлиши;

         субпудрат ташкилотларини моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларини бажаришга жалб этишга лойиҳа-смета ҳужжатларининг алоҳида бўлимлари бўйича йўл қўйилади;

         субпудрат ташкилотларига лойиҳа-смета ҳужжатлари фақат уларга тааллуқли қисми бўйича тақдим этилиши мумкин;

         лицензиат субпудрат ташкилотлари ва уларнинг ходимлари томонидан объект режими билан белгиланган қоидаларга риоя этилиши учун тўлиқ жавоб беради.

 

3-боб. Лицензия бериш тартиби

 

  1. Лицензия даъвогари лицензия олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
  2. Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими лицензия даъвогари номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса лицензия даъвогари мустақил равишда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

         Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

         тегишли мутахассислик бўйича олий маълумот бўйича диплом нусхаси ёки лицезияловчи орган томонидан устанинг малакасини тасдиқловчи маълумот;

         тегишли мутахассислик бўйича олий маълумотга эга бўлган асосий иш жойи бўйича ишлаётган мутахассиснинг меҳнат давтарчаси нусхаси;

         асрашга доир ишлар бўйича камида уч йил амалий иш тажрибага эга эканини тасдиқловчи ҳужжат (объект номи ва унда бажарилган асрашга доир ишлар бўйича маълумот);

         шакллантирилган устав фонди миқдори тўғрисида далолат берувчи ҳужжат нусхаси;

         мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун зарур бўлган бино-иншоот ҳамда асбоб-ускуналар ва инвентарларнинг даъвогарга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари.

Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан, электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган ҳужжатлар бундан мустасно.

Лицензия даъвогарларидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

  1. Зарур маълумотлар расмийлаштирилгандан ва сўровномага киритилгандан сўнг лицензия даъвогари уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда сўровномани ЭРИси билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

 

  1. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади. Лицензия олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ушбу бандда кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Давлат хизматлари кўрсатилганда йиғим тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар лицезияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

5 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

5 фоизи Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар лицезияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия даъвогари лицензия бериш рад этилган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида лицензияни олиш учун йиғимни тўламасдан қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

  1. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, лицензия олиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.

  1. Лицензия даъвогари давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.

Лицензия даъвогари давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

  1. Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни лицензияловчи органга юборадилар.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда лицензияловчи органга юборилади.

 

 

4-боб. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш

 

  1. Лицензияловчи орган сўровнома тушганидан сўнг етти иш куни мобайнида сўровномада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширади ва лицензия даъвогарига лицензия бериш учун ҳисобварақ-фактурани лицензия беришнинг давлат божи қийматини кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки лицензия даъвогарига (электрон шаклда мурожаат қилган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади ёки рад этишнинг аниқ сабабларини ва қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда уни юборишни рад этади.

Давлат хизматлари маркази ҳисобварақ-фактура тушганидан бошлаб бир соат мобайнида бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали лицензия даъвогарини хабардор қилади.

  1. Лицензия даъвогари ҳисобварақ-фактура тушганидан сўнг бир ой мобайнида лицензия беришнинг давлат божи қийматини ҳисобварақ-фактурада қайд этилган миқдорда тўлайди.

Лицензия бериш учун давлат божи қиймати тўланганлиги ахборот-коммуникация тизими орқали тасдиқланади.

Белгиланган муддатда тегишли давлат божи тўланмаслиги лицензия беришни рад этиш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатларда лицензия даъвогари умумий тартибда давлат хизматидан фойдаланиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли.

Давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

  1. Лицензия берилганлиги учун ундириладиган давлат божи миқдорлари қуйидагича белгиланади:

I тоифадаги лицензия учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг
30 баравари миқдорида;

II тоифадаги лицензия учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг
50 баравари миқдорида.

Давлат божи лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

  1. Лицензия Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келишилган шакл бўйича электрон шаклда расмийлаштирилади ва лицензияловчи органнинг ЭРИси билан тасдиқланади.

Лицензияловчи орган лицензия учун давлат божи тўлиқ тушганидан сўнг бир иш куни мобайнида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензияни электрон шаклда расмийлаштиради ва тегишли Давлат хизматлари марказига юборади.

  1. Давлат хизматлари маркази лицензия тушганидан сўнг ўн минут мобайнида уни лицензия даъвогарининг электрон манзилига юборади ва лицензия даъвогарини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази лицензия даъвогарининг сўровига кўра унга лицензияни электрон шаклда ёки қоғоз шаклида бериши мумкин.
  2. Агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш учун ҳисобварақ-фактура ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, кўрсатилган муддат ўтганидан сўнг лицензия даъвогари сўровномада кўрсатилган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига бу ҳақда лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда эга бўлади.

Бунда лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг ёзма хабари олинганидан кейин беш иш куни ичида унга лицензия бериши шарт. Тақдим этилган ҳужжатларнинг улар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган рўйхати ҳамда лицензия даъвогари томонидан лицензияловчи органга юборилган ёзма хабар лицензия олингунига қадар лицензияга тенглаштирилади ва шундай фаолиятни амалга ошириш учун асос бўлади. Бунда лицензия даъвогари лицензиясиз фаолият билан шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

  1. Қуйидагилар лицензия беришни рад этиш учун асос бўлади:

Лицензия даъвогарининг ҳужжатларни лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этиши;

лицензия даъвогари тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига номувофиқлиги.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан, лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

 

5-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш

 

  1. Лицензиат ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида сўровнома бериши шарт.

Янгидан ташкил этилган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензияга эга лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатилган тақдирда, лицензия қайта расмийлаштирилади.

  1. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида даъвогардан сўровнома қабул қилинган кундан эътиборан ёки лицензиянинг амал қилишини лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун ичида амалга оширилади.

  1. Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия даъвогарининг лицензия бериш тўғрисидаги сўровнома кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

Бунда, йиғим миқдори ушбу Низомнинг 17-банди талаблари асосида тақсимланади.

 

6-боб. Лицензия талаблари ва шартларига
риоя этилишини назорат қилиш

 

  1. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат амалга оширилаётганда лицензияловчи органлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

лицензиатлар лицензия талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текширувлар ўтказиш;

лицензия талаблари ва шартларига лицензиат томонидан риоя этилиши юзасидан қисқа муддатли текширишларни жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида махсус ваколатли органнинг қарорига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур маълумотларни талаб қилиш ва олиш;

текширув натижалари асосида лицензиат йўл қўйган лицензия талаблари ва шартларининг аниқ қоидабузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш.

Лицензияловчи органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.

  1. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини ўрганиш вақтида лицензияловчи органнинг масъул ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, унинг бир нусхаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.

 

7-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш,
тўхтатиш ва лицензияни бекор қилиш

 

  1. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
  2. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига асосан амалга оширилади.
  3. Лицензияни бекор қилиш Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
    24-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
  4. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Бундай қарорнинг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.

 

8-боб. Лицензиялар реестри

 

  1. Лицензияловчи орган Лицензия ахборот тизимлари комплекси воситасида лицензиялар реестрини шакллантиради, унда қуйидагилар кўрсатилади:

лицензиатнинг номи ва унинг жойлашган жойи (почта манзили);

алоқа телефони рақами;

ҳисоб-китоб рақами;

электрон манзили (веб-сайт);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

лицензиянинг берилган санаси ва рақами;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, қайта тиклаш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилиш асослари ва санаси;

лицензияларни қайта расмийлаштиришнинг асослари ва санаси.

Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

  1. Лицензиялар реестридаги маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтидаги Лицензия ахборот тизимлари комплексида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.

 

9-боб. Якунловчи қоидалар

 

  1. Давлат хизматлари марказлари ва лицензияловчи орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган лицензия олувчи ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши керак.
  2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Низом талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назоратни ва мониторингни амалга оширадилар.
  3. Лицензия даъвогари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
  4. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг
201
9 йил ____ _________даги ____-сон қарорига
2-илова

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. Вазирлар Маҳкамасининг “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2002 йил 28 июндаги 236-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2002 й., 11-12-сон, 97-модда) 1-иловада “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги” бўлимидан кейин қуйидаги мазмундаги бўлим қўшилсин:

“Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолият”.

2. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарорида:

4-илованинг 11-банди “в” кичик бандига қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши қўшилсин:

“моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни амалга ошириш учун лицензия беради”;

11-илованинг 8-банди тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

“моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни амалга ошириш учун лицензия нусхаси”.

Умумий таклифлар

187