ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
8952 Государственный комитет ветеринарии Республики Узбекистан 10/10/2019 25/10/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисида
ID-8952

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Қонунчилик палатаси томонидан ___________қабул қилинган

Сенат томонидан ___________ маъқулланган

Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ветеринария паспорти – ҳайвонга берилган идентификация рақамига мувофиқ расмийлаштирилган, ҳайвон эгасини белгиловчи, ҳайвонлар касалликлари профилактикаси ва уларни даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб бориладиган ҳужжат;

визуал бирка – ҳайвонлар қулоғига махус мосламалар ёрдамида ўрнатиладиган (тақиладиган), идентификация рақами ёзилган сирға;

давлат ветеринария хизматининг вакили – туман (шаҳар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг ветеринария участкаси ходимлари;

ҳайвонларни идентификация килиш – биркалаш, чип ўрнатиш (электрон идентификация) орқали ҳайвонларни аниқлаш имконини берадиган индивидуал рақам бериш, шунингдек, ҳайвонлар тўғрисида маълумотларни электрон ахборот тизимига киритиш ва уларга ветеринария паспортини расмийлаштириш;

идентификация рақамини сақловчи атрибут – ҳайвонлар қулоғига махус мосламалар ёрдамида ўрнатиладиган (тақиладиган), идентификация рақами ёзилган сирға, қисқа радио тўлқинга эга, идентификация рақамини хотирасида сақлайдиган электрон сирға, электрон рақамларни узатиш имкониятига эга бўлган (биокапсуласи) электрон микрочип;

индивидуал рақам – ҳайвонларни аниқлаш имконини берадиган ҳарфлардан ва рақамлардан иборат код;

хўжалик – ҳайвонларни сақлаш (парваришлаш) ва урчитиш билан шугулланувчи жисмоний ва юридик шахслар;

ҳайвонлар – жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган (парваришланадиган) ва урчитиладиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя, ит, мушук, цирк ва ҳайвонот боғи ҳайвонлари, шунингдек, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонлар;

электрон бирка – ҳайвонлар қулоғига маҳсус мосламалар ёрдамида ўрнатиладиган (тақиладиган), қисқа радио тўлқинга эга, идентификация рақамини хортирасида сақлайдиган электрон сирға;

электрон микрочип – қисқа радио тўлқин орқали электрон рақамларни узатиш имкониятига эга бўлган биокапсула;

электрон ахборот тизими – идентификация қилинган ҳайвонлар ҳисоби ва уларни ҳисобга қўйиш, ҳисобдан чиқариш ва бошқа ҳаракатлар тўғрисида мавжуд маълумотлар базаси;

қаровсиз ҳайвонлар – маълум бир хўжалик ва/ёки жойда сақланмайдиган, идентификация қилинмаган назоратсиз қолган (юрган) ҳайвонлар;

ҳайвоннинг идентификация рақами – ҳайвонга бир марта бериладиган, бошқа ҳайвонларда такрорланмайдиган ҳарфли ва рақамли код;

ҳайвон эгалари – ҳайвонларни ўз эҳтиёжи ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун сақлаш (парваришлаш) ва урчитиш билан шуғулланувчи, ветеринария паспорти асосида ҳайвонга эгалик қилувчи ҳамда мажбуриятлар олувчи жисмоний ва юридик шахслар;

ҳайвонлар ҳисоби – ҳайвонларнинг яшаш даври давомида уларнинг келиб чиқиши, кўпайиши (кўпайтирилиши) ва ҳаракати, шунингдек, ҳайвонларда учрайдиган касалликларга қарши профилактика, ташхис қўйиш ва даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар мажмуи;

ҳайвонларни ҳисобга қўйиш – ҳайвонларни идентификация қилиш ва электрон ахборот тизимига ҳайвон ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, унга берилган идентификация рақами ва ветеринария паспортида қайд этилган ахборотларни киритиш;

ҳайвонларни ҳисобдан чиқариш – идентификация қилинган ҳайвонларга тегишли бўлган маълумотларни белгиланган тартибда электрон ахборот тизимида фаоллигини тўхтатиш;

UZ – Ўзбекистон Республикасининг ҳарфли (литер) коди;

4-модда. Мазкур Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳайвонларни идентификация қилиш, сақлаш (парваришлаш), кўчириш ва урчитишда жисмоний ва юридик шахслар ўртасида вужудга келадиган муносабатларга татбиқ этилади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланмайдиган (парваришланмайдиган) ва урчитилмайдиган ҳайвонлар қонуннинг объекти ҳисобланмайди;

5-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш субъектлари

Ҳайвон эгалари, шу жумладан хўжаликлар, ҳайвондан олинган маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар, идентификация воситаларини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ҳайвонларни идентификация қилиш субъектлари ҳисобланади.

6-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш объектлари

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган (парваришланадиган) ва урчитиладиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя, ит, мушук, цирк ва ҳайвонот боғи ҳайвонлари, шунингдек, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонлар ҳайвонларни идентификация қилиш объектлари ҳисобланади.

2-боб. Ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш

7-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасининг асосий йўналишлари

Ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳайвонларни идентификация қилишни ташкил этиш;

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат томонидан ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги нормаларни белгилаш;

ҳайвонларни идентификация қилишда назоратни амалга ошириш;

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

ҳайвонларни идентификация қилиш билан боғлиқ ҳаражатлар манбаларини белгилайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этади;

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;

тегишли ҳудудда ҳайвонларни идентификация қилишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кўради;

ҳайвонларни идентификация қилиш тадбирларини ўтказиш чораларини кўради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (бундан буён матнда Ветеринария
ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси деб юритилади):

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда улар амалга оширилишида иштирок этади;

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

ҳайвонларни идентификация қилишда давлат назоратини амалга оширади;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда ҳайвонларни идентификация қилишни ташкил этади ва мувофиқлаштириб боради;

ҳайвонларни идентификация қилиш, ҳайвонларни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш ишларининг самарадорлиги юзасидан мониторингни амалга оширади;

ҳайвонларни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқаришни амалга оширади;

ҳайвон эгаларига ҳайвон учун белгиланган тартибда ветеринария паспорти беришни амалга оширади;

ҳайвонларни идентификация қилиш шартлари ва тартибини белгилайди;

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

11-модда. Ҳайвонларни идентификация қилишда Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари
ва фуқароларнинг иштирок этиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

ҳайвонларни идентификация қилишни ташкил этишда давлат ветеринария хизматига кўмаклашади;

тегишли ҳудудда ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролар ҳайвонларни идентификация қилишни таъминлашда иштирок этувчи ваколатли давлат органлари ва бошқа органларга кўмаклашиши ҳамда зарур ёрдам кўрсатиши мумкин.

3-боб. Ҳайвонларни идентификация қилиш, ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш

12-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш, ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқаришнинг асосий талаблари

Ўзбекистон Республикаси худудида сақланаётган (парваришланаётган) ва урчитилаётган ҳайвонлар белгиланган тартибда идентификация қилиниши, рўйхатга олиниши ва сўйилганда (нобуд бўлганда), экспорт қилинганда рўйхатдан чиқарилиши мажбурийдир.

Идентификация қилинмаган ҳайвонлар, улардан олинган маҳсулот ва хом ашёлар импорт қилишга йўл қўйилмайди.

Идентификация қилинмаган ҳайвонлар ҳамда улардан олинган маҳсулот ва хом ашёларни реализация қилиш тақиқланади.

Шахсий эхтиёж учун хонадонларда ҳайвонларни сақлашда уларнинг бош сонларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

13-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш

Қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари туғилганидан ўн тўрт кундан кейин бир ойликдан кечикмасдан, қулунлар ва хўтиклар тўрт ойлигидан, чўчқа болалари бир ойлигидан, ит ва мушуклар уч ойлигидан идентификация қилинади.

Цирк ва ҳайвонот боғи ҳайвонлари фойдаланишга олинишидан олдин, шунингдек, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонлар босқичма – босқич идентификация қилинади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш давлат ветеринария хизмати томонидан амалга оширилади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

белгиланган тартибда ҳайвонларга индивидуал рақам бериш;

электрон ахборот тизимига ҳайвонлар идентификация қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш;

ветеринария паспортини расмийлаштириш.

Ҳайвонлар эгаси алмашганда, шунингдек, бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчирилганда идентификация рақамини сақловчи атрибут алмаштирилмайди ва бу бўйича электрон ахборот тизими ҳамда ветеринария паспортига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Сўйиш мақсадида импорт қилинган ҳайвонлар идентификация қилинмайди. Ушбу ҳайвонлар келтирилган вақтдан бошлаб етти календарь кунида сўйилиши шарт.

14-модда. Ҳайвонларга индивидуал рақам бериш

Ҳайвонлар турларига қараб индивидуал рақам бериш қуйидаги икки усул орқали амалга оширилади:

визуал ва электрон биркалаш усули – қорамол, қўй ва эчки, туя, чўчқа ва бошқаларнинг қулоғига биркаларни тақиш орқали амалга оширилади ва у ҳайвонларнинг яшаш даври давомида олинмайди;

электрон микрочип ўрнатиш (электрон идентификация) усули – ҳайвонларнинг барча турларига қўлланилиши мумкин.

Визуал биркаларнинг идентификация рақамлари қуйидаги ўн иккита белгидан иборат бўлади:

биринчи ва иккинчи белги – Ўзбекистон Республикасининг ҳарфли UZ (литер) коди;

учинчи белги – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳарфли коди;

тўртинчи белги – ҳайвонлар турининг рақамли коди;

бешинчи белгидан ўн иккинчи белгигача – саккиз хонали рақамдан иборат ҳайвонларнинг индивидуал рақами.

Электрон биркаларда идентификация рақамлари ҳалқаро тартибга мувофиқ рақамлардан иборат бўлади.

15-модда. Ҳайвонларни ҳисобга олиш

Ҳайвонни эгалигига олганида етти кун ичида, қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари туғилганидан ўн тўрт кундан кейин бир ойликдан кечикмасдан, қулунлар ва хўтиклар тўрт ойлигидан, чўчқа болалари бир ойлигидан, ит ва мушуклар уч ойлигида яшаш жойи бўйича ҳисобга олинади.

Ҳайвонлар ҳисобга олинганидан сўнг унинг эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатга асосан ветеринария паспорти расмийлаштирилади.

Идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспорти ҳайвоннинг яшаш даври давомида сақланади.

Ҳайвондан идентификация рақамини сақловчи атрибутни ечиш, ўзгартириш, бошқа ҳайвон идентификация рақамини сақловчи атрибут билан алмаштириш, ветеринария паспортига ўзбошимчалик билан ўзгартириш ва қўшимчалар, турли ёзувлар киритиш, шунингдек, нобуд бўлган (сўйилган, йўқ қилинган) ҳайвонларнинг идентификация рақамини сақловчи атрибут
ва ветеринария паспортини сақлаш тақиқланади.

16-модда. Ягона электрон маълумотлар базаси

Идентификация қилинган ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотлар базаси ягона ахборот тизими орқали шакллантирилади.

Электрон ахборот тизимига киритиладиган маълумотлар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан белгиланади.

17-модда. Идентификация қилинган ҳайвонларга ветеринария паспортини расмийлаштириш

Ветеринария паспорти ҳайвонга эгалик қилиш ҳуқуқини беради ва у ҳайвоннинг яшаш даври давомида сақланади.

Сақланаётган (парваришланаётган) ва урчитилаётган ҳар бир бош ҳайвонга ветеринария паспорти расмийлаштирилади (қўй ва эчкиларга гуруҳ усулида ветеринария паспорти расмийлаштирилиши мумкин).

Ветеринария паспортига ҳайвонларнинг идентификация рақами (янги туғилган ҳайвонлар билан бирга уни туққан ҳайвон тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритилади), ҳайвонларнинг касалликларга қарши профилактикаси ва уларни даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритилади.

Ветеринария паспорти туман (шаҳар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи томонидан имзоланади ва муҳр босилади.

Ветеринария паспорти йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганда унинг дубликати берилади.

18-модда. Ҳайвонларни ҳисобдан чиқариш

Ҳайвон эгалари ҳайвон сўйилганда (нобуд бўлганда, йўқ қилинганда) ҳайвоннинг идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспорти, электрон микрочип ўрнатилганида эса фақатгина ветеринария паспортини етти кун муддатда яшаш манзили бўйича давлат ветеринария хизматига ҳисобдан чиқариш учун тақдим қилади.

Давлат ветеринария хизмати ҳайвон тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон маълумолтлар базасидан чиқаради, атрибут ва ветеринария паспортни йўқ қилади.

4-боб. Ҳайвонларни идентификация қилувчи мутахассиси, идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ҳамда ҳайвон эгаларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

19-модда. Ҳайвонларни идентификация қилувчи мутахассисларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ҳайвонларни идентификация қилувчи мутахассислар:

ҳайвонларни идентификация қилиш объектларига монеликсиз кириш ва ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ҳамда ҳайвон эгаларидан ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган, идентификация ишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ўтказилишини, шунингдек ҳайвонларни идентификация қилиш учун зарур бўлган ахборот тақдим этилишини талаб қилиш;

ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш ҳақида муассасалар ва ташкилотлар раҳбариятига кўриб чиқиш учун тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга.

Ҳайвонларни идентификация қилувчи мутахассислар:

ҳайвонларни идентификация қилишни ўз вақтида амалга ошириши;

идентификация қилинмаган ҳайвонларни идентификация қилиш бўйича барча зарур чора-тадбирларни кўриши;

ягона электрон маълумотлар базасини юритиш ҳамда маълумотларни ўз вақтида киритиши шарт.

Ҳайвонларни идентификация қилувчи мутахассислар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

20-модда. Идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчилар:

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг рухсати билан ягона электрон маълумотлар базасидан маълумотлар олиш;

ҳайвонларни идентификация қилиш субъектлари билан шартномалар тузиш;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.

Идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчилар:

идентификация рақамини сақловчи атрибутларни сандарт талаблари асосида ишлаб чиқиши;

шартнома мажбурияти бўйича идентификация рақамини сақловчи атрибутларни ўз муддатида етказиб бериши;

ишлаб чиқилган идентификация рақамини сақловчи атрибут рақамларининг кетма-кетлиги бўйича Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига ҳисобот тақдим этиши шарт.

Идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

21-модда. Ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ҳайвон эгалари:

ветеринария паспорти асосида ҳайвонга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш;

ягона электрон маълумотлар базасидан ўзига тегишли бўлган ҳайвон тўғрисидаги маълумотларни олиш;

ҳайвонларни идентификация қилиш хизматининг ноқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳайвон эгалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ҳайвон эгалари:

ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

ҳайвонларни идентификация қилувчи мутахассисларининг ҳайвонларни идентификация қилишга оид кўрсатмаларини бажариш;

ҳайвонларни белгиланган муддатларда ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш;

ҳайвонларнинг идентификация рақамини сақловчи атрибутларни
ва ветеринария паспорти сақланишини таъминлаш;

ҳайвонга берилган идентификация рақамини сақловчи атрибути ва ветеринария паспорти учун белгиланган тўловларни ўз вақтида тўлашга мажбурдир.

идентификация қилинмаган ҳайвонларни сақлаш (парваришлаш) ва урчитиш тақиқланади.

Ҳайвон эгалари ҳайвонларниннг соғлиғи ва белгиланган тартибларга мувофиқ сақланишига ҳамда ҳайвон томонидан одамларнинг соғлиғига, жисмоний ва моддий етказилган ҳар қандай тарздаги зарар учун жавобгар ҳисобланади.

Ҳайвонлар эгаларининг зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

5-боб. Якунловчи қоидалар

22-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш ишларини молиялаштириш

Ҳайвонларни идентификация қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳайвон эгалари ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш ва бу билан боғлиқ бўлган ишларни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан таъминланиши мумкин.

23-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш фаолиятга аралашишга йўл қўйилмаслик

Ҳайвонларни идентификация қилиш ишларини амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятига аралашиш, идентификация қилишни амалга оширувчи шахсларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида уларга ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш тақиқланади.

24-модда. Низоларни ҳал этиш

Ҳайвонларни идентификация қилиш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

25-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

26-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

27-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Президенти                                                  Ш.Мирзиёев

 

Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги
Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳасига

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

I. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг асосланиши, лойиҳани қабул қилишнинг зарурияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 20 июлдаги ПҚ-4406-сон қарори билан тасдиқланган “2019 – 2021 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича” Йўл харитасининг 34-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурияти қуйидагилар билан асосланади:

биринчидан – Чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш, чорва ҳайвонлари ва ҳайвон эгаларининг ягона реестрини яратиш ва уларни ҳисобини юритувчи ягона электрон ахборот тизимини жорий қилиш. Идентификация бўйича давлат ахборот тизимини яратиш ва уни бошқариш бўйича ваколатли давлат органини белгилаш. Идентификацияни амалга оширишда ваколатли орган ва маҳаллий ҳокимятларнинг функция ва вазифалари белгилаш;

иккинчидан – Ҳайвонларни касалликларга қарши профилактика, эмлаш, даволаш тадбирларини амалга ошириш, эпизоотик ҳолат бўйича маълумотларни умумлаштириш ва келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб бўлган маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлашга эришиш, ички ва ташқи бозорларни хавфсиз ва сифатли чорва маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда маҳсулотларни экспорт қилиш;

учинчидан – мамлакатимизда чорвачиликни янада ривожлантириш, аҳолимиз чорва молларини бош сонларини кўпайтириш ва уларнинг маҳсулдорлиги ошириш эвазига қўшимча даромад олиб, арзон ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш;

тўртинчидан – республика ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликларини кириб келишининг олдини олиш ва ветеринар осойишталикни таъминлашга йўналтирилган тадбирларни тизимли равишда амалга ошириш имкони яратилади.

II. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчининг номи

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган.

III. Мақсади ва вазифалари ҳамда қонун билан белгиланадиган асосий қоидалар

Ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш қонуннинг мақсади ҳисобланади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган (парваришланадиган) ва урчитиладиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя, ит, мушук, цирк ва ҳайвонот боғи ҳайвонлари, шунингдек, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонлар ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш вазифаси ҳисобланади.

IV. Лойиҳани қабул қилишдан кутилаётган натижалар. 

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши орқали:

ҳайвонларни ҳисобини юритиш, ҳайвонларнинг насли билан боғлиқ
ва уларнинг соғлиги тўғрисидаги ягона электрон тизими яратилади;

ҳайвонларда юқумли касалликларнинг олди олинади ҳамда мамлакатимизда озиқ – овқат маҳсулотлари ҳавсизлиги тъаминланади;

ички ва ташқи бозор учун ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот прогнози тўғрисида аниқ маълумотлар базаси яратилади;

ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотларни халқаро стандарт талаблари асосида жахон бозорига экспорт қилиш имкониятлари яратилади;

истеъмол учун чиқариладиган барча маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни олиш имкони яратилади;

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, ваколатлари белгиланади;

ҳайвонларни идентификация қилиш тизими қонун билан тартибга солинади;

ҳайвон эгаларининг ҳайвонга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари кафолатланади.

V. Халқаро амалиёт

Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилотининг “Ер усти ҳайвонлари” Кодекси ва бошқа халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ҳайвонларни идентификация қилиш билан боғлиқ нормалар, шунингдек, қатор хорижий давлатлар (хусусан, Белорусь Республикаси, Россия Федерацияси, Туркия, Қирғизистон) ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун мавжуд. Масалан, “Ер усти ҳайвонлари” Кодексининг 4-бўлими “Тирик ҳайвонларни идентификация қилиш ва уларни кузатишнинг умумий тамойиллари” деб номланган.

VI. Қонун лойиҳаси мазмунининг тавсифи

Лойиҳада Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мақсад ва вазифалари, амал қилиш доираси, ушбу муносабат иштирокчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва жавобгарликларини аниқ чегаралари белгилаб қўйилган.

Ушбу қонун лойиҳаси 6 боб, 32-моддадан иборат. Қонуннинг 1-моддаси унинг мақсадини белгилаб берган. Шунингдек, 3-моддасида кўрсатилган асосий тушунчалар берилган.

Лойиҳанинг 1-бобда Қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, унинг амал қилиш соҳаси, субъекти ва объектини ўз ичига олган.

2-бобда давлат томонидан тартибга солиниши, асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамаси, Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг ваколатлари ҳамда Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирок этиш доираси белгиланган.

3-бобда Ҳайвонларни идентификация қилиш, ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқаришнинг асосий талаблари, ҳайвонларни идентификация қилиш, ҳайвонларга индивидуал рақам бериш, ҳайвонларни ҳисобга олиш, ягона электрон маълумотлар базаси, ветеринария паспортини расмийлаштириш, ҳисобдан чиқариш тартибини белгилаб берган.

4-бобда Ҳайвонларни идентификация қилувчи мутахассисларининг, Идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ва Ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган.

Сўнги 5-бобда ўз ичига ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик, мазкур Қонун ижросини ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришга масъул органлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш масалалари ва қонуннинг кучга кириш муддати белгиланган.

VII. Қонун қабул қилиниши муносабати билан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурияти

Мазкур Қонун қабул қилиниши муносабати билан Ҳукумат қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лозим бўлади. Хусусан, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳайвонларни идентификация қилиш бўйича масуъл давлат бошқарув органлари сифатида белгиланиши улар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этади.

VIII.Лойиҳа бўйича молиявий харажатларнинг зарурлиги ва унинг молиявий таъминоти, шу жумладан, молиялаштириш манбалари.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида давлат бюджети маблағлари йўқотилишига олиб келмайди.

IХ. Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилганлиги ҳамда ўтказилган жамоатчилик муҳокамасининг натижалари тўғрисидаги ахборот.

Вазирлар Маҳкамасининг “Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2014 йил 2 декабрдаги 328-сон ва “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 8 апрелдаги 284-сон қарорларида белгиланган нормалардан келиб чиқиб, мазкур лойиҳа 2019 йил 8 октябрда Интерактив давлат хизматлари ягона порталида ҳамда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига жойлаштирилди.

Х. Лойиҳани манфаатдор органлар билан келишилганлиги

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат кўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишиш назарда тутилган.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария
ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси раиси                                                             Б.Норқобилов

 

Умумий таклифлар

217