ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
8928 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 10/10/2019 25/10/2019 35

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Академик лицейлар ва профессионал таълим тизими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тўғрисида
ID-8928

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ

 

Академик лицейлар ва профессионал таълим тизими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни

такомиллаштириш тўғрисида

 

 

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, иқтисодиёт тармоқларига зарур кадрларни етказиб беришда таълим тизимининг барча бўғинларидаги ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтган давр мобайнида мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақларини босқичма-босқич ошириш бўйича аниқ чоралар кўрилди.

Республикамизда фаолият кўрсатаётган академик лицейлар ва профессионал таълим муассасаларидаги раҳбар ва педагог ходимлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлаш, самарали ишлашлари учун муносиб шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг:

Академик лицейлар ва профессионал таълим тизимидаги таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда – Таълим муассасалари) раҳбар ва педагог ходимлари ҳамда ўқув ёрдамчи ходимларининг лавозим маошларини:

     а) 2020 йил 1 январдан - 2 бараварга ошириш;

     б) 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб - 1,2 бараварга ошириш;

    в) 2020 йил 1 январдан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра техник, хизмат кўрсатувчи ва бошқа ходимларнинг лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентларини бир ярим баравар миқдорида қўллаш;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти (кейинги ўринларда – Институт)нинг профессионал таълимни инновацион ривожлантириш тузилмасига тегишли бошқарма ва бўлимларида (малака ошириш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи бошқарма ва бўлимлар бундан мустасно) фаолият кўрсатаётган услубчи ва дастурчи-муҳандис лавозимлари негизида бош мутахассис ва етакчи мутахассис лавозимларини жорий этиш, шунингдек, бошқарма (бўлим) бошлиқлари, бош ва етакчи мутахассисларнинг лавозим маошларини мос равишда олий таълим муассасаси доценти, катта ўқитувчиси ва ассистенти базавий лавозим маошларига тенглаштириш;

Институтнинг қўшимча таълим хизматларини кўрсатиш асосида ишлаб топган бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Институт ходимлари лавозим маошларига 200 фоизгача устама ҳақ тўлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда:

2020 йил 1 январдан Таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари ҳамда техник, хизмат кўрсатувчи, ўқув ёрдамчи ва бошқа ходимларининг лавозим маошларини белгилашда, меҳнатга ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган механизмини жорий этсин;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Таълим муассасаларининг кундузги ўқиш бўйича таълим йўналишлари, касблар ва мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган ўқувчилар сони нисбатининг чекланган нормативларини 1:10,0 нисбатида белгиласин.

Белгилансинки, таълим йўналишлари, касблар ва мутахассисликлари бўйича бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган ўқувчилар сони нисбатининг нормативлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.

3. 2020 йил 1 январдан бошлаб:

а) Таълим муассасалари ходимларига устамалар белгилаш, мукофотлар тўлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш йўли билан уларни рағбатлантириш мақсадида, таълим муассасаларида бюджет ташкилотлари учун қўлланиладиган ходимларни моддий рағбатлантириш махсус фонди ташкил этилсин.

б) Таълим муассасаларининг педагог ходимларига қўшимча ҳақ, “Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори”нинг:

     гуруҳ раҳбарлиги учун - 50 фоиз;

     ёзма ишларни текшириш учун - 25 фоиз;

     ўқув ва лаборатория кабинетларига мудирлик учун - 25 фоиз миқдорларда белгилансин.

Мазкур қўшимча ҳақлар билан боғлиқ харажатлар таълим муассасаларини молиялаштириш манбаасидан келиб чиқиб, мос равишда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.  

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Таълим муассасалари педагог ходимлари таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-методик, илмий ва илмий-методик ишларини белгилаш қоидаларини;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда Таълим муассасаларининг бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатларини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Бадиий академияси икки ой муддатда ўз тизимидаги таълим муассасаларида меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорларини мазкур Фармондан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу Фармонда назарда тутилган харажатлар учун зарур бюджет маблағларини 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар доирасида назарда тутсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш ва улар меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тартибини назарда тутувчи қарор қабул қилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

 

 

                                                    Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                       Ш.Мирзиёев

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2019 йил “___” октябрдаги ПФ – _____-сон Фармонига

илова

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш ва улар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида 2008 йил 30 июлдаги ПҚ-929-сон Қарори. (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 31-32-сон, 296-модда).

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2002 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ўқитувчилар ва ўқув юртлари муаллимларининг, илмий ходимларнинг иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида” 2002 йил 7 августдаги ПФ-3112-сонли Фармони 2-банд 4-хатбошиси. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 8-cон, 138-модда; 2017 й., 13-сон, 198-модда).

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим Фармонларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” 2017 йил 18 мартдаги ПФ-4993-сон Фармони 1-илова 2-банд 5-хатбошиси. (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 13-сон, 198-модда).

Умумий таклифлар

3587