ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
8912 Государственная инспекция по контролю за использованием питьевой воды при Кабинете Министров Республики Узбекистан 09/10/2019 24/10/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
ID-8912

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил ... ... даги ПФ– ... – сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, ичимлик сув ва оқова сув хизматлари кўрсатиш ва улардан фойдаланишдаги давлат назорати самарадорлигини ошириш мақсадида,  

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда Давсувинспекция деб аталади) ташкилий тузилмаси 1 – иловага мувофиқ;

Давсувинспекция марказий аппаратининг тузилмаси 2 – иловага мувофиқ;

ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияларининг намунавий тузилмаси 3 – иловага мувофиқ;

Давсувинспекция тўғрисидаги Низом 4 – иловага мувофиқ;

юридик шахс ҳисобланмайдиган, Давсувинспекциянинг ривожлантириш ва унинг ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) тўғрисидаги низом 5 – иловага мувофиқ таcдиқлансин.

2. Давсувинспекция бошлиғига қуйдаги ҳуқуқлар берилсин:

а) зарурат бўлганда:

Давсувинспекция ва ҳудудий инспекциялар тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони, хизматга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан, Давсувинспекция ва унинг ҳудудий бўлимларига қўшимча штат бирликларини киритиш;

б) Давсувинспекцияга юклатилган вазифаларни бажаришда, давлат ва бошқа органлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасаларининг юқори малакали ходимларини, шунингдек ҳалқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари ва уларнинг ходимларини маслаҳатчи сифатида жалб қилиш.

3. Белгилансинки:

а) Давсувинспекция бошлиғи ва унинг ўринбосари Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

б) Давлат инспекцияси бошлиғи ва унинг ўринбосари мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

в) Давсувинспекция таъминоти билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

г) Давсувинспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бинолар ва хоналарга жойлаштирилади;

д) Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалардан шакллантирилади:

Давсувинспекция томонидан қўлланилган жарималарнинг 50 фоизи;

Давсувинспекция томонидан аниқланган сув таъминоти ва канализация тармоқларига ноқонуний уланиш, улардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, сув ўлчаш воситалари ва улардаги пломбалардан фойдаланиш ҳамда сақлаш юзасидан талаблар бузилган ҳолатлар натижасида сув таъминоти корхоналари фойдасига расмийлаштирилган қўшимча тўловларнинг 20 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига жойлаштириш орқали олинадиган даромадлар 100 фоизи.

4. Тошкент шаҳар ҳокимлигига Давсувинспекция марказий аппаратини Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Ниёзбек йўли кўчаси 1-уйга жойлаштирилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига – бир ой муддатда:

Давсувинспекцияга қўшимча юклатилган вазифаларни бажариш учун ҳар бир ҳудудий инспекцияга 1 тадан жами 14 та хизмат автотранспорт воситаси ва уларни сақлаш учун маблағ ажратилсин;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда, Давсувинспекцияга 79 та қўшимча бошқарув ходимлари штат бирлиги ажратган ҳолда инспекциянинг штат жадвалига ва сметасига ўзгартириш киритилсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Давсувинспекциянинг ҳудудий инспекциялари жойлашган жойлар ўрганилиб, зарурий ҳолларда уларни янги жойларга жойлаштирилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давсувинспекция марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлимларини ўрнатилган тартибда телефон алоқаси (марказий аппаратни ҳукумат алоқаси билан) билан таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги:

2020 йил 1 январдан бошлаб, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларида қуриш ва реконструкция қилиш юзасидан тузилган лойиҳа-смета ҳужжатларнинг бир нусхаси Давсувинспекцияга тақдим этилсин;

2020 йил 1 январга қадар – ичимлик сув иншоотларидан тармоқларга узатилаётган сувларни аниқ ҳисобини юритиш тўлиқ йўлга қўйилсин;

2020 йилдан бошлаб ичимлик сув ва оқова сув олиб чиқиш хизматлари учун шакллантирилган тарифлар ва уларни декларация қилишга асос бўлган ҳужжатлар Молия вазирлигидан олдин Давсувинспекциядан таҳлилдан ўтказилсин;

сув таъминоти ҳамда канализация тизимларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш бўйича қабул қилинадиган қарорлар Давсувинспекция билан келишилган ҳолда амалга оширилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги 2020 йил 1 январдан бошлаб, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларида қуриш ва реконструкция қилиш юзасидан тузилган лойиҳа-смета ҳужжатларининг бир нусхаси Давсувинспекцияга тақдим этилганлиги мазкур инспекция билан ҳамкорликда ўрганилсин ва ўрганиш натижаларига асосан, бу турдаги ҳужжатлар экспертизадан ўтказилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, 2020 йилдан бошлаб, Давсувинспекция томонидан таҳлил этилмаган ҳолда ичимлик сув ва оқова сув олиб чиқиш хизматлари учун тарифлар белгилаш тақиқлансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига, Давсувинспекция билан биргаликда, сув таъминоти корхоналарининг лабораторияларини энг камида ҳар чоракда назоратдан ўтказилсин ва аниқланган салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан жавобгар шахсларга таклиф киритилсин.

12. Давсувинспекция:

а) ҳар чоракда, технологик аудит жараёнида аниқланган эгасиз ва муҳофазасиз иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, шунингдек сифатсиз ичимлик сув ишлаб чиқаришни бартараф этиш юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига таклифлар киритсин;

б) Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда – сув таъминоти ва канализация тармоқларига ноқонуний уланиш, улардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, сув ўлчаш воситалари ва улардаги пломбалардан фойдаланиш ҳамда сақлаш юзасидан талаблар бузилган ҳолатларни аниқлаш, расмийлаштириш ҳамда қўшимча тўлов ҳисоблаш тартиби ишлаб чиқилиб ҳамкорликда тасдиқлансин;

уч ой муддатда – ичимлик сувни ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш жарёнида сувни технологик йўқотиш бўйича ўрнатилган тартиб тасдиқлансин ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминлансин;

в) оқова сув тармоқларига ифлослантирувчи моддаларнинг меъёр даражасида оқизилишини чеклаш бўйича Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Давлат экология қўмитаси томнидан белгиланган тадбирлар самарадорлигини юзасидан ҳар олти ойда Вазирлар Маҳкасига ҳисобот киритсин;

г) уч ой муддатда – сув таъминоти корхоналари ичимлик сув сифатини таҳлил қилиш учун оладиган наъмуна нуқталари келишиладиган органлар қаторига Давсувинспекция қўшиш ташкил этилсин.

д) 2020 йил 1 мартга қадар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимидаги ичимлик сув иншоотларидан тармоқларга узатилаётган сувларни аниқ ҳисобини юритиш тўлиқ йўлга қўйилганлиги назоратдан ўтказилиб, тегишли маълумотлар Вазирлар Маҳкамасига киритилсин;

е) уч ой муддатда – Давсувинспекция томонидан маъмурий ишларни юритиш бўйича йўриқнома тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилсин;

ё) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда, ичимлик сув ва канализация соҳасини такомиллаштириш бўйича инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича хорижий донор ташкилотларнинг грант маблағларини жалб этиш чораси кўрилсин;

ж) 2020 йил 1 мартга қадар республиканинг марказлашган ичимлик сув билан таъминланмаган ҳудудларига транспортда сув етказиб сотиш юзасидан тартиб ишлаб чиқилсин ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминлансин;

з) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар сув таъминоти корхоналарининг тармоқларидаги ичимлик сув сифатини таҳлил қилиш учун наъмуна оладиган нуқталари аниқланиб, бу борада тузилган рўйхат ҳамкорликда тасдиқлансин.

и) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

сувдан фойдаланиш тартибини бузган шахсларга маъмурий чоралар кўриш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексини такомиллаштириш;

истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш  қоидаларини такомиллаштириш;

қонун ҳужжатларига ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мазкур қарордан келиб чиққанадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш Давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2899-сонли қарори ўз кучини йўқотган ҳисоблансин.

14. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги томонидан Давсувинспекция томонидан амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни ташкил этилсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — Транспорт вазири А.Ж.Раматов зиммасига юклансин.

 

 

          Ўзбекистон Республикаси

                    Президенти                                                            Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

20___ йил «___» ________ ПҚ –_____ - сон
қарорига

4-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш

давлат инспекцияси тўғрисидаги низом
 

1 боб. Умумий қоидалар.

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давсувинспекция деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида”ги 2017 йил 18 апрелдаги ПФ-5018-сон Фармонига асосан ташкил этилган давлат бошқаруви органи ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикасида сув таъминоти ва канализация соҳасида ягона давлат назорат органлари тизимини ташкил этади.

2. Давсувинспекция ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

3. Давсувинспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қapopлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Рсспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

4. Давсувинспекция ваколати доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

5. Давсувинспекция ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий инспекциялари (кейинги ўринда ҳудудий инспекциялар) юридик шахс мақомига Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири тушурилган ва ўз номлари давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ғазначилик ҳисоб рақамларига эга.

6. Давсувинспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари фаолияти давлат бюджети ва Давсувинспекциянинг ривожлантириш ва унинг ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

7. Давсувинспекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси, қисқартирилган – Давсувинспекция;

б) рус тилида:

тўлиқ – Государственная инспекция по контролю за использованием питьевой воды при Кабинете Министров Республики Узбекистан, қисқартирилган – Госводинспекция;

в) Инглизтилида:

тўлиқ – State Inspection for Oversight over Use of Drinking Water under Cabinet of Ministers of Republic of Uzbekistan, қисқартирилган – Statewaterinspection.

8. Давсувинспекция марказий аппарати Тошкент шаҳри, Ниёзбек йўли
1 уйда
жойлашган.

боб. Давсувинспекциянинг тузилмаси

9. Давсувинспекция тизимига:

Давсувинспекция марказий аппарати;

Ҳудудий инспекциялар киради.

3 боб. Давсувинспекциянинг вазифа ва функциялари

1 §. Давсувинспекциянинг вазифа ва функциялари

10. Давсувинспекциянинг асосий вазифалари:
 

1) қуйидагилар бўйича давлат назоратини ўрнатиш:

ичимлик сувини ишлаб чиқариш, етказиб бериш, реализация қилиш ва фойдаланишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши;

канализация хизмати кўрсатиш ва ундан фойдаланишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши;

мулкчилик шаклидан қатъий назар ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими объектлари, шунингдек ер ости қудуқлари талаб даражасида сақланиши ва улардан фойдаланиш шартларига риоя этилиши;

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларида вужудга келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш, шунингдек содир бўлганларини бартараф этиш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқилиши ҳамда ушбу тадбирларни ўз вақтида бажарилиши;

истеъмолчиларга белгиланган сифатда ичимлик сув етказиб берилиши;

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими объектларини, қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда бу мақсадлар учун ер ости қудуқларини бурғулаш, жумладан бу борада лойиҳа ҳужжатларни тузилиши;

ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тарифларни шаклланиши ва тасдиқлаш учун тақдим этилиши;

оқова сув тармоқларига ифлослантирувчи моддаларнинг меъёрдан ортиқча оқизилишини чеклаш бўйича белгиланган тадбирлар бажарилиши;

 

сув таъминоти ва канализация тизимларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга беришни тенг ҳуқуқлилик ва ошкоралик асосида ўтказилиши, шунингдек давлат хусусий шериклари томонидан соҳадаги тартибларга амал қилиниши;

сув таъминоти корхоналари томонидан сувни технологик йўқотилиши;

сув таъминоти ва канализация тизимига уланишнинг техник талабларига риоя этилиши ҳамда сув таъминоти ва канализация тизимига ўзбошимчалик билан уланиб олишга йўл қўймаслик;

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими ташкилотлари, уларнинг бўлинмаларини соҳага оид техник, хизмат ва бошқа тегишли ҳужжатлар билан таъминланиши;

2) ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими ташкилотлари, уларнинг бўлинмаларини соҳага оид техник, хизмат ва бошқа тегишли ҳужжатлар билан таъминланиши;

3) ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими ташкилотлари, уларнинг бўлинмаларини соҳага оид техник, хизмат ва бошқа тегишли ҳужжатлар билан таъминланиши;

4) аниқланган қоидабузарликлар бўйича ваколати доирасида тегишли чоралар кўриш;

5) сув таъминоти корхоналари ичимлик сув сифатини таҳлил қилиш учун оладиган наъмуна нуқталарини келишиш;

6) тарғибот ишларини амалга ошириш.

11. Давсувинспекция унга юклатилган вазифалари доирасида, қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) ичимлик сув таъминоти соҳасида:

сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик сувини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

мулкчилик шаклидан қатъий назар истеъмолчилар томонидан ичимлик сувдан фойдаланиш (истеъмол қилиш) борасида белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

ичимлик сувидан оқилона, самарали ва фақатгина рухсат этилган мақсадлар учун фойдаланиш (истеъмол қилиш) юзасидан назорат ўрнатиш;

ичимлик сув таъминоти тизими объектларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилинишини назорат қилиш;

ичимлик сув таъминоти тизими объектлари белгиланган даражада муҳофаза этилганлигини назорат қилиш;  ва улар орқали истеъмолчилар учун хавфсиз хизматлар кўрсатилишини назорат қилиш;

сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик сув таъминоти объектларида, истеъмолчиларга марказлашган холда сув етказиб берувчи қувурларда содир бўлиши мумкин бўлган носозликларни олдини олиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилишини назорат қилиш;

 

сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик сув таъминоти тизими объектларида, истеъмолчиларга марказлашган холда сув етказиб берувчи қувурларда содир бўлган носозликларни ўз вақтида бартараф этилишини назорат қилиш;

сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими объектларида, истеъмолчиларга марказлашган холда сув етказиб берувчи қувурларда содир бўлган носозликларни ўз вақтида бартараф этилишини назорат қилиш;

сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик сув сифатини ўз вақтида лаборатория таҳлилидан ўтказилишини назорат қилиш;

сув сифатини аниқлаш мақсадида тармоқлардан намуналар олиш нуқталарини рўйхатини келишиш;

сув таъминоти корхоналарининг тегишли ходимлари белгиланган муддатларда тибий кўрикдан ўтказилганлигини назорат қилиш;

сув таъминоти ва оқова сув хизматлари ва харажатларнинг ҳажмини таҳлил қилиш;

сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тарифларни тарифларни тўғри ва адолатли шаклланишида назорат  ўрнатиш;

сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тарифларни декларация қилинишида ва тасдиқлаш учун тақдим этишда назорат ўрнатиш;

сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тарифлар ўзгариши бўйича истеъмолчиларни ўз вақтида огохлантиришда назорат ўрнатиш;

сув таъминоти тизимларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга беришда иштирок этиш;

сув таъминоти тизимларини давлат-хусусий шериклари томонидан соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига амал қилинишида ягона давлат назоратини ўрнатиш;

тегишли давлат идораларига давлат хусусий шерикликни тўхтатиш бўйича таклиф ва кўрсатмалар киритиш;

ичимлик сув ишлаб чиқариш ва истеъмол учун олинган, ишлаб чиқарилган, йўқотилган, етказиб берилган ва реализация қилинган сув миқдори ҳақидаги маълумотларни юритилишида назорат ўрнатиш;

сув миқдорини ўлчаш (ҳисоблаш) ускуналари метрология талаблари доирасида ишлаши устидан назорат ишларини амалга ошириш;

ичимлик сувни технологик йўқотишни ҳисоблашда тартиб ўрнатиш ҳамда бу борада меъёрларни белгилашда иштирок этиш ва келишиш;

ичимлик сувни технологик йўқотиш меъёрларига амал қилинишида назорат ўрнатиш;

сув таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларни ичимлик сув тармоқларига улаш талабларига амал қилинишини назорат қилиш;

ичимлик сув тармоқларига улаш бўйича берилган техник шартлар талабларига амал қилмаган ҳолда уланиш ва фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш тадбирларини олиб бориш;

ичимлик сув тармоқларига ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини аниқлаш тадбирларини амалга ошириш;

ичимлик сув таъминоти хизматларидан ўзбошичалик билан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш тадбирларини амалга ошириш;

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими ташкилотлари, уларнинг бўлинмаларини соҳага оид техник, хизмат ва бошқа тегишли ҳужжатлар билан таъминланиши юзасидан назорат ўрнатиш;

ўтказилган технологик аудит натижаларига асосан, ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими объектларининг самарадорлигини ошириш ва уларда энерго тежаш бўйича таклиф ҳамда хулосалар ишлаб чиқиш;

ўтказилган техник аудит натижаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идора ва ташкилотлар томонидан техник ва маънавий эскирган объектлар, техника-технологиялар, асбоб ва ускуналарнинг фойдаланишдан чиқариш, шунингдек энерго тежовчи техника-технологиялар жорий этишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқилиши ва бажарилиши бўйича назорат ишларини амалга ошириш;

эгасиз, муҳофазасиз ва сифатсиз сув ишлаб чиқарувчи иншоотларни аниқлаш тадбирларини амалга ошириш;

эгасиз, муҳофазасиз ва сифатсиз сув ишлаб чиқарувчи иншоотлардан эгалик ҳуқуқи асосида, самарали ва истеъмолчилар учун хавфсиз тарзда фойдаланиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳисобга олинмаган, шартномасиз ва ноқонуний уланган сув таъминоти истеъмолчилари томонидан сув таъминоти корхоналарига келтирилган зарарни ҳисобланишини ташкил этиш;

аҳоли яшаш жойларини марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлигини мунтазам ўрганиб бориш;

аҳоли яшаш жойларига ичимлик сув тизимларини ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, мутасадди ташкилотларга киритиш; 

кенг жамоатчилик орасида, фуқарорларни ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим масканларида, хусусан ёшлар орасида тарғибот ишларини амалга ошириш.

аккредитация соҳасига мувофиқ ичимлик сувларни сифатини ўрганиш ва назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш;

ичимлик сув таъминоти соҳасини тартибга солувчи қонун ва норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, уларни такомиллаштириш тадбирларини амалга ошириш;

ичимлик сув таъминоти хизматларидан оқилона фойдаланиш ва истеъмол қилиш ҳамда ушбу соҳага илғор технологияларни олиб кириш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш.

2) канализация хизмати соҳасида:

канализация хизмати кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

канализация тизими объектларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилинишини назорат қилиш;

канализация тизими объектлари белгиланган даражада муҳофаза этилганлигини назорат қилиш;  ва улар орқали истеъмолчилар учун хавфсиз хизматлар кўрсатилишини назорат қилиш;

канализация тизими объектларида содир бўлиши мумкин бўлган носозликларни олдини олиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилишини назорат қилиш;

канализация тизими объектларида содир бўлган носозликларни ўз вақтида бартараф этилишини назорат қилиш;

оқова сув тармоқларига ифлослантирувчи моддаларнинг меъёрдан ортиқча оқизилишини чеклаш ҳамда бу борда локал зарарсизлантириш иншоотларидан фойдаланиш бўйича назорат тадбирларини амалга ошириш;

мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона ва ташкилотлар томонидан оқизилаётган оқова сувларни таҳлилдан ўтказиш бўйича кўрсатмалар бериш;

оқова сув тармоқларига ифлослантирувчи моддаларнинг меъёрдан ортиқча оқизиш ҳолатлари аниқланганда белгиланган тартибда компенсация тўловлар ҳисобланишини ташкил этиш;

сув таъминоти корхоналари томонидан оқова сув тармоқларига ифлослантирувчи моддаларнинг меъёрдан ортиқча оқизишни олдини олиш ва бу борада компенсация тўловларни ҳисобланишини назорат қилиш;

канализация тизимларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга беришда иштирок этиш;

канализация тизимларини давлат-хусусий шериклари томонидан соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига амал қилинишида ягона давлат назоратини ўрнатиш;

сув таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларни канализация тармоқларига улаш талабларига амал қилинишини назорат қилиш;

канализация тармоқларига улаш бўйича берилган техник шартлар талабларига амал қилмаган ҳолда уланиш ва фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш тадбирларини олиб бориш;

канализация тармоқларига ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини аниқлаш тадбирларини амалга ошириш;

канализация хизматларидан ўзбошичалик билан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш тадбирларини амалга ошириш;

ҳисобга олинмаган канализация хизматлари истеъмолчилари томонидан сув таъминоти корхоналарига келтирилган зарарни ҳисобланишини ташкил этиш;

аҳоли яшаш жойларини марказлашган канализация билан таъминланганлигини мунтазам ўрганиб бориш;

аҳоли яшаш жойларига канализация тизимларини ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, мутасадди ташкилотларга киритиш; 

канализация ҳизматлари соҳасини соҳасини тартибга солувчи қонун ва норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, уларни такомиллаштириш тадбирларини амалга ошириш;

канализация хизматларидан белгиланган тартибда фойдаланиш ҳамда ушбу соҳага илғор технологияларни олиб кириш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш.

3) Ер ости қудуқлари ва сувларидан фойдаланиш соҳасида:

ичимлик сув таъминотидаги ер ости қудуқларининг сақланиши, фойдаланилиши ва муҳофазасини назорат қилиш;

ичимлик сув таъминоти мақсадлари учун ишлатилаётган ер ости қудуқларни ва кузатув қудуқларини йўқ қилиб юбориш ёки шикастлантиришни олдини олиш тадбирларини амалга ошириш; 

ичимлик сув таъминоти мақсадлари учун яроқсиз қудуқларни консервациялашга ёки йўқ қилишга доир чораларни бажарилишини назорат қилиш;

ичимлик сув таъминоти мақсадлари учун сифатли ер ости сувлари ҳосил бўладиган теграда ер ости сувлари ифлосланишининг ёки сифати ёмонлашишининг манбаи бўлиб қолиши мумкин бўлган саноат, қишлоқ хўжалиги иншоотларини ва бошқа объектларни жойлаштиришни чеклаш тадбирларини амалга ошириш;

ичимлик сув ва канализация мақсадлари учун сув қудуқларини бурғулашнинг белгиланган қоидалари ва технологиясига амал қилинишида назорат ўрнатиш;

ичимлик сув ва канализация мақсадлари учун ер ости қудуқлари бурғулаш ишларини рухстанома ва экологик экспертиза асосида амалга оширилишини назорат қилиш;

ер ости сувларидан фойдаланишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига амал қилинишида назорат ўрнатиш;

ер ости сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини амалга ошириш.

 

4) ичимлик сув таъминоти ва канализация объектлари қурилиши ҳамда реконструкция қилиш соҳасида:

ичимлик сув ва канализация объектлари қуриш ва реконструция қилиш бўйича давлат дастурларининг манзилли рўйхатини шакллантиришда иштирок этиш;

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими объектларини, қуриш ва реконструкция қилишнинг лойиҳа ва смета ҳужжатлари тузилишида назорат ўрнатиш;

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими объектларини, қуриш ва реконструкция қилишда салоҳиятли пудрат ташкилотларни жалб этишда назорат ўрнатиш;

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими объектларини, қуриш ва реконструкция қилиш ишларини белгиланган талабларга асосан ҳамда лойиҳа ҳужжатларига амал қилган ҳолда амалга оширилишида назорат ўрнатиш;

давлат дастурлари асосида ичимлик сув ва канализация объектлари қуриш ва реконструция қилиш ишларини белгиланган талаблар асосида ўз муддатида бажарилиши устидан назоратдан ўрнатиш;

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими объектларини белгиланган муддатларда топиширилишида назорат ўрнатиш.

5) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик ва молиявий жарималар бўйича ишларни юритиш соҳасида:

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими объектлари қуриш ва реконструкция қилиш, жумладан ер ости қудуқларини бурғулаш, ичимлик сув ҳисобини юритиш ва унинг лимитларига қилиш, сув таъминоти иншоотларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилиш, сув таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, шунингдек ичимлик сув таъминоти ва канализация тармоқларига уланиш талабларини бузиш ҳолатларига нисбатан маъмурий ва молиявий жарима чоралар қўллаш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ва молиявий жарималарни қўллашга доир ишларни юритади, ваколатига тааллуқли ишларни кўриб чиқади ва маъмурий ҳамда молиявий жазоларни қўллаш;

жарималар қўллаш бўйича ишларни юритилиши амалиётини таҳлил қилиш, қўлланилган жарималар ҳисобини олиб бориш ҳамда бу борада ягона амалиётни шакиллантириш;

ваколатига тааллуқли ишлар бўйича терговга қадар текширув ўтказиш;

маъмурий ишлар ва молиявий жарималар бўйича ишларни юритишда расмийлаштириладиган ҳужжатларни намуналарини ишлаб чиқиш;

маъмурий ишларни юритиш тартиб тамоилларини доимий равишда ўрганиб бориш, ушбу масалага тегишли ҳужжатларни такомиллаштириш;

канализация тармоқларига меъёридан ортиқ ифлосланган ишлаб чиқариш оқова сувларни оқизиш ҳолатлари учун белгиланган тартибда компенсация тўловларини ҳисоблаш.

4 боб. Давсувинспекция ва унинг ҳудудий инспекцияларининг
хуқуқлари ва жавобгарлиги

13. Давсувинспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари ўзларига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги хуқуқларга эга:

1) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Давсувинспекцияга  юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига киритиш;

2) Фаолиятига даҳлдор бўлган қонун, норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатларни ишлаб чиқилишида иштирок этиш;

3) Давсувинспекция ваколатига кирадиган масалаларда Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

4) Давсувинспекция ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистика ахборотини давлат статистика органларидан бепул асосда олиш;

5) Давсувинспекция ва унинг ҳудудий инспекцияларининг давлатга тегишли мол-мулкини ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бир инспекциядан бошқа инспекцияга белгиланган тартибда бериш;

6) Давсувинспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари ходимлари томонидан ўз соҳасида улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда уларни моддий рағбатлантириш тартиби, миқдорлари ва шартларини белгилаш;

7) Давсувинспекция ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиш;

8) Давсувинспекция ваколатига кирадиган масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

9) Давсувинспекция ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;

10) мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тоифадаги сув таъминоти ва канализация ташкилотларида, жумладан, ер ости тик қудуқларидан фойдаланувчи такшилотларда, уларнинг объектларида ваколати доирасига кирувчи масалаларда текширув ўтказиш;

11) текшириш ишлари амалга оширилаётган (оширилган) корхона ва ташкиотларнинг текширишга дахлдор бўлган хужжатлари билан танишиш;

12) юридик ва жисмоний шахсларга тегишли объектларда, шу жумладан яшаш жойларида, сув таъминоти ва канализация тизимларига уланиш ҳамда фойдаланиш талабларига риоя этилишини белгиланган тартибда текшириш;

13) сув таъминоти ва канализация ташкилотларида ходимлари соҳа бўйича билим даражасини текшириш;

14) сув таъминоти ва канализация соҳасида қоидабузарликларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳадаги тарифларни қайта кўриш бўйича бўйича давлат органлари, хўжалик бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

15) вазифа ва функцияларини амалга ошириш жараёнида аниқланган салбий ҳолатлар ҳамда қоидалар бузилганлиги бўйича белгиланган тартибда жарималар қўллаш;

16) лимитдан ортиқча олинган, ноқонуний ўзлаштирилган ёки исроф қилинган ичимлик сув натижасида молиявий жарималар қўллаш;

17) ер ости сув заҳираларини камайиши ёки ер ости сувларидан норационал ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, ер ости сувларини олишни тўхтатиш ёки бу борада ажратилган лимитини белгиланган тартибда қисқартириш чорасини кўриш;

18) ичимлик сув таъминоти ва канализация тизими хизматлари тизимининг барча объектларини ва иншоотларини ҳамда улардаги техника ва жиҳозларни технологик аудитдан ўтказишни;

19) зарурат бўлганда, ичимлик ва оқова сувларни, ускуна ва материалларни, ишчилар ва атрофдаги табиий муҳитни  тегишли ташкилотлар томонидан назорат синовидан ва таҳлилдан, шунингдек лойихавий қарорларни белгиланган тартибда экспертизадан ўтказишни белгилаш;

20) вазирликлар, давлат қўмиталари, муассаса, хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ижро органлари ва ташкилотлардан ваколати доирасига кирувчи масалаларда зарурий ахборотларни бепул олиш;

21) Давсувинспекция ходимларини малакасини ошириш курсларини ташкил этиш;

22) зиммасига юклатилган вазифалар доирасида тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган назорат тадбирларини, текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиш;

23) Давсувинспекция ходимлари белгиланган тартибда назорат ишларини амалга оширишда, ўз ваколатлари доирасида, хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда сув таъминоти ва канализация хизмати фаолиятини амалга ошираётган корхоналар ва ташкилотларга тўсиқсиз киришга ҳақлидирлар.

Давсувинспекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

боб. Давсувинспекция фаолиятини ташкил этиш

1§. Давсувинспекциянинг раҳбарияти

15. Давсувинспекцияга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Давсувинспекция бошлиғи ўз мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.

Зарурат бўлганда, Давсувинспекция бошлиғи инспекция марказий аппарати ва ҳудудий инспекциялар тузилмасига белгиланган бошқарув штатлар бирлиги доирасида  ўзгартириш киритади.

Давсувинспекция бошлиғи инспекциянинг марказий аппарат ва ҳудудий инспекциялар штат бирлиги ва ҳаражатлар сметасини тасдиқлайди.

 

Ҳудудий инспекциялар бошлиқлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хокимлари тақдимномасига биноан Давсувинспекция бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод қилинади.

16. Давсувинспекция бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосарига эга бўлади.

17. Давсувинспекция бошлиғи йўқ вақтларда, бошлиқ ўринбосари томонидан бошлиқнинг ваколатлари бажарилади.

18. Ҳудудий инспекциялар тўғрисидаги низом Давсувинспекция томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.

19. Ҳудудий инспекциялар ходимлари Давсувинспекция марказий аппарати билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади.

2§. Ҳайъат ва бошқа муҳокама қилувчи,
маслаҳатлашув, эксперт органлари

20. Давсувинспекция бошлиғи раис бўлган ва унинг ўринбосари ҳамда бошқа тегишли ходимлардан иборат бўлган таркибда, инспекциянинг фаолиятини асосий йўналишларини мувофиқлаштириб борувчи ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Ўзбекистон  Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, Давсувинспекция бошлиғининг тақдимномасига асосан тасдиқланади.

21. Ҳайъатга қуйдаги вазифалар юклатилади:

1) Давсувинспекциянинг мазкур низомда белгиланган фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

2) ҳудудий инспекциялар бошлиқларининг ҳисоботлари тизимли асосда эшитиб борилишини ташкил этиш, қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан Давсувинспекция раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

3) Давсувинспекция фаолиятига оид ҳудудий ва тармоқ дастурларини амалга ошириш самарадорлигини ҳар чоракда ва тизимли кўриб чиқиш;

4) ҳайъатнинг кенгайтирилган кўчма йиғилишларини ўтказиш, соҳадаги долзарб масалаларининг жойларда муҳокама этилишини таъминлаш;

5) Давсувинспекция марказий аппарати ва унинг тизимидаги лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

6) Давсувинспекция номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масаласини кўриб чиқиш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Давсувинспекция раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат шунингдек, ўзининг ваколатига кирувчи бошқа масалаларни кўриб чиқишга ҳақили ҳисобланади.

22. Давсувинспекция ваколатига кирувчи масалаларда, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари Ҳайъат йиғилишларига таклиф этилиши мумкин.

23. Ҳайъат йиғилишда ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқиладиган масала юзасидан ҳайъат қарори кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

24. Ҳайъат қарорлари Давсувинспекция бошлиғининг буйруқлари (қарорлари) билан амалга оширилади.

25. Давсувинспекция бошлиғи ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчилик юзага келган ҳолатда инспекция бошлиғи мустақил қарор қабул қилади ва келишмовчиликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради. Ҳайъат аъзолари ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз фикрини билдириши мумкин.

26. Ҳайъат фаолиятини тартиби, ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламентга асосан белгиланади.

6 боб. Давсувинспекцияни молиялаштириш, моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиш

27. Давсувинспекция ва унинг ҳудудий инспекцияларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади ва моддий таъминланади.

28. Давсувинспекциянинг ходимларининг иш ҳақи – лавозим маоши, мукофот, рағбатлантириш, қўшимча ва устама ҳақ кўринишидаги тўловлардан ташкил топади.

Ходимларга, уларнинг лавозим маошларига рағбатлантириш тарзидаги ойлик қўшимча ва устамалар Давсувинспекциянинг бошлиғи томонидан тасдиқланган тартибга асосан тўланади.

29. Давсувинспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари ходимларига узлуксиз иш стажи (узоқ муддат узлуксиз хизмати) учун давлат бюджети ҳисобидан устама тўланади.

30. Узлуксиз иш стажи учун ҳар ойлик устама фақат асосий иш жойи бўйича ҳар ойда ва ходимнинг лавозим маошига белгиланган разряд тариф ставкасига нисбатан қуйидаги фоизларда ҳисобланади:

 

Иш стажи бўйича гуруҳ

Узлуксиз стаж учун устама миқдори

1 йилдан 3 йилгача

15%

3 йилдан 5 йилгача

30%

5 йилдан 10 йилгача

45%

10 йилдан 15 йилгача

60%

15 йил ва ундан ортиқ

75%

 

31. Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалари, шунингдек қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар Давсувинспекция ходимларига маошларни тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш ҳамда Давсувинспекция ва унинг ҳудудий инспекцияларини моддий техника негизини такомиллаштириш манабалари ҳисобланади.

7 боб. Давсувинспекцияни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси девонининг тегишли хизмати олдидаги ҳисобдорлиги

32. Давсувинспекция раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тизимли равишда инспекция фаолияти бўйича ҳисобот берадилар.

33. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг котибият раҳбарлари, Давсувинспекция раҳбарияти фаолиятини, уларга юклатилган вазифаларни бажарилиши самарадорлиги бўйича мунтазам мониторинг қиладилар, инспекция фаолияти самарадорлигига объектив баҳо берадилар.

34. Амалга оширилган мониторинг ва баҳолаш натижаларига асосан Давсувинспекциянинг раҳбарияти, мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги учун ишдан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортиладилар.

8 боб. Якуний қоидалар

35. Давсувинспекцияни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

20___ йил «___» ________ ПФ–_____-сон
Фармонига

5-ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

 

I боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5018-сонли Фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-2899-сонли қарорига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича бюджетдан ташқари жамғармаси (кейинги ўринларда “Жамғарма” деб юритилади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом қуйидаги мақсадларда қабул қилинган:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда – “Давсувинспекция” деб юритилади) моддий-техника базасини мустаҳкамлашни таъминлаш ва ходимларни ижтимоий ҳимоясини, шунингдек, моддий мукофотлашнинг рағбатлантирувчи ролини кучайтириш;

Давсувинспекция ходимларининг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш самарадорлигини орттириш.

II боб. Жамғарма маблағларини шакиллантириш
ва ундан фойдаланиш тартиби

3. Жамғарма қуйидаги маблағлар ҳисобидан шакиллантирилади:

сув таъминоти ва канализация соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун Давсувинспекция ходимлари томонидан қўлланган жарималардан ажратмалар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезедентларидан хайрия маблағлари;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа даромадлар.

4. Жамғарма маблағлари Давсувинспекциянинг шахсий ғазна ҳисоб варақларида жамланиб, маблағлар қолдиғи ва даромадлар тушумига кўра, белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатга олинган даромадлар ва харажатлар сметаси доирасида сарфланади.

5. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги молиявий йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.

6. Давсувинспекция инспекторларининг жарима қўллаш ва ундириш ҳақидаги қарорлари бекор бўлган, келгусида ундирилган ва Жамғарма ҳисобига келиб тушган жарималар маблағлари қайтаришга суд қарори ёки ушбу инспекторининг Давсувинспекция юридик хизмати ва бухгалтерияси билан келишилган хулосаси асос бўлади.

7. Жамғарма маблағлари Давсувинспекция бошлиғи ёки унинг вазифасини бажарувчи томонидан тасарруф этилади.

8. Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:

а) Давсувинспекциянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

б) Давсувинспекция ходимларини малакасини ошириш, таклиф этилган мутахассисларни яшаши учун ҳамда ходимларни касбий билимини ошириш мақсадида ташкил этилган ўқув-семинарларни ўтказиш учун харажатлар;

в) Давсувинспекция фаолиятига даҳлдор бўлган даврий нашрлар, шу жумладан чет эл нашрлари, ўқув адабиётлари ва бошқа турдаги китобларни сотиб олиш;

г) ўз хизмат вазифаларини виждонан ва ташаббускорлик билан бажарганлиги учун лавозим маошининг уч баравари миқдоридаги ҳар чораклик шахсий устамалар;

д) иш якунлари (ойлик, чораклик, йиллик) ҳамда байрамлар ва муҳим саналар (Янги йил, Хотин-қизлар куни, Наврўз, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик куни, Конституция куни, “Рўза-хайит” (Ийд-ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни ва  “Қурбон-хайит” (Ийд-ал-Адха) диний байрамининг биринчи куни муносабати билан лавозим маоши миқдорида мукофотлаш;

е) жарима расмийлаштириб, тўлиқ ундирган ходимларни, ушбу жарима суммасининг 10 фоизи миқдорида мукофотлаш;

ж) ходимлар томонидан ўзларининг хизмат мажбуриятларини юқори сифатда бажарганликлари учун, уларнинг лавозим маошларининг уч баробари миқдорида бир марталик рағбатлантириш;

з) алоҳида ҳолатларда (узоқ муддатли касаллик, оила аъзоларининг вафот этиши, никоҳдан ўтиш ва бошқалар) муносабати билан лавозим маошининг уч баробари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;

и) энг кам ойлик иш ҳаққининг икки баробари миқдорида йўл ҳаққи ва овқатланиш учун ҳар ойлик копменсация тўлаш;

к) энг кам ойлик иш ҳаққининг ўн баробари миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;

л) нафақага чиқиши (нафақага чиқишдан аввал Давсувинспекцияда камида уч йил ишлаганда) ва юбилей сана муносабати билан лавозим маошининг уч бароваригача бўлган миқдорда бир марталик рағбатлантириш;

м) лойиҳа институтлари, вазирлик, корхона ва ташкилотлардан жалб этилган юқори малакали мутахассисларнинг ёки штатдан ташқари ходимларнинг меҳнатига ҳақи тўлаш;

н) қонун ҳужжатларига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига биноан ташкиллаштириладиган тадбирлар учун вакиллик ва бошқа ҳаражатлар.

8. Бошлиқ ва ходимларни мукофотлаш, шахсий устамалар, шунингдек бир марталик рағбатлантиришларнинг миқдори ва тўлаш тартиби Давсувинспекциянинг локал норматив ҳужжатларида белгиланади.

III боб. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасини
тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш

9. Режадаги йил учун даромадларни аниқлашда, Жамғарманинг режадаги йил бошидаги қолдиқ сумма ва амалдаги қонунчиликдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда режалаштирилган йилда прогноз қилинган даромадлар миқдори ҳисобга олинади.

Сметанинг харажат қисми давлат бюджети харажатларининг иқтисодий таснифи ва улар бўйича харажатларга мувофиқ моддалар бўйича харажатлар тўлиқ ёйиб кўрсатилган илова билан биргаликда харажатлар гуруҳлари бўйича тузилади.

10. Даромадлар ва харажатлар сметаси Давсувинспекция бошлиғи томонидан тасдиқланади.

11. Зарур ҳолларда, ҳақиқий тушумлардан келиб чиққан ҳолда, жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига Давсувинспекция ташаббуси билан белгиланган тартибда ўзгартириш киритилиши мумкин.

12. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасини рўйхатдан ўтказиш Молия вазирлиги томонидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.

IV боб. Ҳисоб ва ҳисобот

13. Жамғармага маблағлар тушуми ва уларни харакатининг ҳисоби  шахсий ғазна ҳисоб варағи орқали юритилади ва қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.

V боб. Назорат ва жавобгарлик

14. Ушбу Низом талабларига амал қилиниши бўйича масъулият Давсувинспекция бошлиғи, уни вазифасини бажарувчи шахслар ва бош бухгалтер зиммасига юклатилади.

15. Ушбу Низом талабларини бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

Умумий таклифлар

276