ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
858 Министерство народного образования Республики Узбекистан 05/10/2018 20/10/2018 8

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Умумий ўрта таълим муассасасининг Кузатув кенгаши тўғрисида намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-858

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги                     “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПФ-5538-сонли Фармонига мувофиқ буюраман:

1. Умумий ўрта таълим муассасасининг Кузатув кенгаши тўғрисида намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. АКТ маркази (Ш.Каюмов) томонидан 2019 йил 1 сентябрга қадар Кузатув кенгашлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида интернет тармоғида махсус ахборот тизими яратилсин.

3. Мазкур буйруқ қабул қилиниши муносабати билан Халқ таълими вазирининг 2012 йил 13 июндаги “Халқ таълими муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 185-сонли буйруғи ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб  кучга киради.

ЛОЙИҲА

 


ИЛОВА

 

Умумий ўрта таълим муассасасининг

 Кузатув кенгаши тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим муассасасининг Кузатув кенгаши фаолияти, унинг мақсад ва вазифаларини, ваколатларини белгилайди.
  2. Ушбу Низом барча турдаги умумий ўрта таълим муассасаларига (кейинги ўринларда таълим муассасаси деб юритилади) нисбатан қўлланилади.
  3. Таълим муассасасида жамоатчилик назорат тизимини жорий этиш мақсадида, юридик шахс мақомига эга бўлмаган умумий ўрта таълим муассасасининг Кузатув кенгаши (кейинги ўринларда Кузатув кенгаши деб юритилади) ташкил этилади.
  4. Кузатув кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, фармонлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, таълим муассасасининг Устави ҳамда мазкур Низом асосида амалга оширади.

2-боб. Кузатув кенгашининг асосий вазифалари

  1. Кузатув кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

        Вазирлик томонидан тавсия этилган номзодлардан таълим муассасаси раҳбарини сайлаш, шунингдек, белгиланган тартибда уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиш;

        таълим муассасасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;

        таълим муассасаси раҳбарининг муассаса фаолиятини такомиллаштириш, молиявий-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисоботларини вақти-вақти билан тинглаш;

        таълим муассасаси раҳбарининг тақдимномаси бўйича йиллик молиявий режаларни, кўрсатилаётган пуллик хизматлар нархининг миқдорларини ва муассаса мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи миқдорини, шу жумладан аукциондаги бошланғич нархни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

        ўқувчилар учун яратилган шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш;

        ўқувчилар ва улар ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиш, умумтаълим муассасасининг педагог ва раҳбар ходимлари фаолияти тўғрисида ижтимоий сўровларни ўтказиш;

        таълим муассасаси ўқувчиларининг ўқиши ва маънавий-маърифий, маданий ҳамда спорт бўйича камол топишларига, ушбу йўналишлардаги тадбирларда иштирок этишлари учун мавжуд шарт-шароитларни яхшилашда ота-оналар ва жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

        таълим муассасасида айрим ўқувчиларни камситиш, уларга зўравонлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ишлаб чиқиладиган дастурлар тайёрланишида иштирок этиш, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;

        таълим муассасасининг фаолиятини ташкил этишга тааллуқли бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш.

  1. Мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда Кузатув кенгашининг функциялари қуйидагилар ҳисобланади:

        таълим муассасалари директорларини Халқ таълими вазирлиги тавсия этган номзодлар орасидан танлаб олиш, шунингдек уларни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш бўйича таклифлар киритиш;

        таълим муассасасини ривожлантиришга доир устувор йўналишларни белгилаш бўйича таълим муассасаси раҳбарининг дастур ва режалари юзасидан ҳудудий халқ таълими бўлимлари ва маҳаллий ҳокимият идораларига таклифлар киритиш;

        таълим муассасасининг моддий-техника базасини ривожлантириш, унинг биносини таъмирлаш ва ҳудудини ободонлаштиришга амалдаги қонунчиликда тақиқланмаган бюджетдан ташқари ва ҳомийлик маблағларини жалб қилиш ва уларнинг мақсадли сарфланишида шаффофликни таъминлаш;

        таълим муассасаси раҳбари томонидан тақдим этиладиган молиявий-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисоботларини ҳар чоракда камида бир марта тинглаш;

        таълим муассасаси раҳбарининг тақдимномасига асосан кўрсатиладиган пуллик хизматлар тарифлари, таълим муассасаси хоналари, бинолари ва бошқа мол-мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи миқдорини, шу жумладан аукциондаги бошланғич нархни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

        ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиш;

        таълим муассасаси педагог ходимларининг шаъни, қадр-қиммати, обрўсини ҳимоялаш, уларни мажбурий меҳнатга жалб этилишини олдини олиш бўйича назорат ўрнатиш;

        ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг педагог ва раҳбар кадрлар ҳақидаги фикрларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш;

        таълим муассасасида айрим ўқувчиларни камситиш ёки зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва таҳлил қилиш ишларида фаол иштирок этиш, аниқланган ҳолатлар юзасидан ички ишлар органларини хабардор қилиш;

        таълим муассасасининг бюджетдан ташқари ва ҳомийлик маблағларини ижодкор ўқитувчилар ва иқтидорли ўқувчиларни (фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, турли кўрик-танловлар ғолибларини) рағбатлантиришда шаффофликни таъминлаш;

        Кузатув кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифа ва функцияларни амалга ошириши мумкин.

 

3-боб. Кузатув кенгашининг таркиби ва унинг фаолиятини ташкил этиш

  1. Кузатув кенгаши беш кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тузилади ва у жамоатчилик асосида фаолият юритади.
  2.  Кузатув кенгаши таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар ва ҳомийлар киритилади.
  3. Кузатув кенгашининг биринчи йиғилиши туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан ташкил этилади ва йиғилишда Кузатув кенгаши раиси
    ва котиби сайланади.

Бевосита Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларига бўйсунадиган таълим муассасаларда мазкур халқ таълими бошқарув идоралари томонидан Кузатув кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилади.

  1. Ҳар ўқув йили бошида Кузатув кенгаши таркиби кўриб чиқилади.
  2. Таълим муассасаси директори, унинг ўринбосарлари ҳамда уларнинг яқин қариндошлари Кузатув кенгаши аъзолари бўлиши тақиқланади.
  3. Таълим муассасаси маъмурияти Кузатув кенгаши ишини ташкил қилади, йиғилишларини ўтказиш ва керакли жиҳозлар ва маълумотлар билан таъминлайди.
  4. Кузатув кенгаши фаолиятига туман (шаҳар) халқ таълими бўлими аралашмайди ва унга ҳисобдор эмас.
  5. Кузатув кенгаши йиғилиши ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Зарур ҳолларда навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказиши мумкин. Кузатув кенгаши котиби унинг ҳужжатларини юритиш ва сақлашни таъминлайди.
  6. Кузатув кенгаши қарорлари аъзоларнинг тенг ҳуқуқлилиги асосида очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овозлар тенг келиб қолганда, Кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи бўлиб ҳисобланади.
  7. Кузатув кенгаши ҳар чоракда таълим муассасасининг веб саҳифасида, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёки таълим муассасанинг барчага кўринадиган жойида ўз фаолияти ҳақида кенг оммани хабардор этиб боради.
  8. Кузатув кенгаши фаолияти даҳлсизлик, ошкоралик, шаффофлилик, адолатлилик тамойиллари асосида ташкил этилади.

 

4-боб. Кузатув кенгашининг ваколатлари

  1. Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқарув идоралари томонидан таълим муассасаси директори лавозимига тавсия этилган номзодларнинг меҳнат фаолияти, хулқ-атвори, тажрибаси, ташаббускорлиги ҳамда жамоадаги обрўсини ўрганади.
  2. Тавсия этилган номзодлар орасидан энг муносиб номзодни очиқ овоз бериш йўли билан директор лавозимига сайлайди.

         Кузатув кенгаши аъзолари томонидан номзодга қарши овоз берилган тақдирда, кузатув кенгаши уни директорлик лавозимига тайинлашни рад этишга ҳақли ва бу ҳақида уч кун муддатда номзодни тавсия этган халқ таълими бошқарув идорасига маълум қилади.

  1. Меҳнат қонунчилига мувофиқ лавозимга тайинлаш ҳақидаги буйруқни расмийлаштириш учун директор сайланганлиги ҳақидаги Кузатув кенгаши баённомаси ҳудудий халқ таълими бошқарув идорасига тақдим этилади.
  2. Таълим муассасаси директори ва унинг ўринбосарлари бошқарув фаолияти ҳамда таълим-тарбия жараёнини сифатли ташкил этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боради.
  3. Таълим муассасаси директори ва унинг ўринбосарларини ноқонуний фаолияти ва педагогга хос бўлмаган ножўя хатти-ҳаракатлари устидан халқ таълими бошқарув идораларига тақдимнома киритади.
  4. Таълим муассасасининг педагогик кенгаши йиғилишларида иштирок этади, ваколат доирасида муҳокама этилаётган масалалар юзасидан педагогик кенгаш қарорига таклифлар киритади.
  5. Таълим муассасасининг умумий ота-оналар йиғилишларида қатнашади, ўқувчилар ва ота-оналарнинг манфаатларини ҳимоя қилади. 
  6. Таълим муассасасида ўқувчилар, уларнинг ота-оналаридан ноқонуний пул йиғимлари, таъмагирлик, мансабни суъистемол қилиш каби коррупцияга олиб келадиган ножўя ҳатти-ҳаракатлар устидан назорат ўрнатади, тегишли тақдимномалар билан халқ таълими бошқарув идорасига ва ваколатли идораларга мурожаат этади.
  7. Таълим муассасаси педагог ходимларининг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсига путур етказадиган ножўя ҳаракатлар ҳамда уларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари аниқланганда, таъсирчан чоралар кўриш учун Ҳалқ таълими вазирининг Назорат-ҳуқуқий хизматига таклиф киритади.
  8. Таълим муассасаси раҳбарияти ва педагоглари томонидан ўқувчиларни камситиш, уларга зўравонлик қилиш, қўпол муомалада бўлиш каби ножўя ҳолатлар аниқланганда ички ишлар органларини хабардор қилади.
  9. Таълим муассасасида ижтимоий-маънавий муҳитнинг бузилиши, таълим сифатининг пасайиб кетиши, тизимли муаммоларнинг келиб чиқиши, педагоглар билан маъмурият ўртасида ёки ота-оналар билан маъмурият ўртасида низоли ҳолатлар келиб чиққан тақдирда муассаса директорини лавозимидан озод этиш бўйича халқ таълими бошқарув идораларига расмий тақдимнома киритади.

 

5-боб. Якуний қоидалар

 

  1.  Кузатув кенгашининг фаолиятига таълим муассасаси раҳбарияти, ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотлар аралашувига йўл қўйилмайди.
  2. Кузатув кенгаши томонидан ўз ваколати доирасига кирмайдиган ишларга аралашиши ёки ўз вазифаларини тўлиқ таъминлай олмаган ҳолатларда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан тарқатилиб юборилади.
  3. Таълим муассасасида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари)дан турли хил сабаблар билан таълим муассасаси раҳбарияти ва бошқа ходимлари томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.
  4. Кузатув кенгаши аъзоларига мазкур низомда белгиланмаган ваколатларига эга бўлишларига, таълим муассасаси директорининг қонунда белгиланган ваколатларига аралашишига йўл қўйилмайди.
  5. Мазкур Низом Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

Умумий таклифлар

2495