ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
8532 Министерство сельского хозяйства Республики Узбекистан 29/09/2019 13/10/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган маҳаллий навларини қайта тиклаш ва улар асосида органик уруғчиликни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-8532

Республикада йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навларини тиклаш, фойдали хўжалик белгиларини яхшилаш йўналишидаги селекция фаолиятини ҳамда ноёб навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш, ушбу фаолият билан шуғулланувчи илмий-тадқиқот институтларида инновацион ресурстежамкор технологиялар асосида қишлоқ хўжалиги экинларини очиқ майдонлар ва иссиқхоналар учун органик уруғчилигини ривожлантириш борасида қатор илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Бироқ, ҳудудларда тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, сифатли, экспортбоп, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган маҳаллий навларнинг селекциясини ва бирламчи органик уруғчилигини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда минерал ўғитлар, заҳарли кимёвий препаратлардан тизимсиз фойдаланиш ҳисобига экологик вазият ёмонлашиши каби кўплаб муаммолар сақланиб қолмоқда:

биринчидан, республикада йўқолиш хавфи остида турган қишлоқ хўжалиги экинлари навларини яхшилаш йўналиши бўйича селекция ишларини ташкил этиш учун илмий-тадқиқот институтлари замонавий лаборатория асбоб ускуналари билан ҳамда маблағ билан етарли даражада таъминланмаган;

иккинчидан, республикада қишлоқ хўжалиги экинларининг ноёб таъм ва фойдали хўжалик белгиларига эга бўлган маҳаллий навлари генофондини бойитиш, сақлаш ва ўрганиш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган;

учинчидан, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илмий-тадқиқот институтларида қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб бориш хавфи остида турган навлари бирламчи уруғчилигини тиклаш асосида ички ҳамда ташқи бозорлар учун органик уруғчилик тизими йўлга қўйилмаган;

тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги экинларининг генофондини сақлаш объектлари техник ҳолати замон талабига жавоб бермайди, уруғликларни қайта ишловчи, тозаловчи, сараловчи, қадоқловчи махсус техникалар мавжуд эмас, мавжудлари эса таъмир талаб;

бешинчидан, ҳозирда органик қишлоқ хўжалигини шу жумладан органик уруғчилик тизимини йўлга қўйишнинг илмий–амалий асослари ҳамда ҳуқуқий асосларини яратиш масалалари ҳал этилмаган. Бу борадаги ишлар илмий маърузалардан нарига ўтмаган.

Республикада органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг сифатли, экспортбоп, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган маҳаллий навларнинг бирламчи органик уруғчилигини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси икки ой муддатда:

қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий тур ва навлари бўйича йўқолиб кетиш хавфи остида бўлганлигини баҳолашга имкон берувчи мезонларни ишлаб чиқсин;

ишлаб чиқилган мезонлар асосида республикада йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий тур ва навлари бўйича реестрини шакллантирсин;

2. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган маҳаллий нав намуналарини мавжуд генетик банк базасидан фойдаланган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ҳамда маҳаллий илмий экспедициялар ташкил қилиш орқали генетик банкни бойитишнинг илмий, ташкилий ва молиявий жиҳатларини қамраб олган асослантирилган таклифлар ишлаб чиқсин ҳамда кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин. Бунда:

республикада 2021-2022 йилларда замонавий технологиялар асосида қишлоқ хўжалиги экинларининг миллий генофондни сақлаш учун махсус объект генбанкларни таъмирлаш, жиҳозлаш ишларини ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот институтларида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги экинлари генофондини эксплуатация қилиш билан боғлиқ жорий харажатлар сметаси ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш;

қишлоқ хўжалиги экинлари генетик ресурсларини замонавий сақлаш объектларини қуриш, таъмирлаш ишларини молиялаштириш манбаларини аниқлаш, шу жумладан Ҳалқаро молия институтларининг маблағларини жалб этиш масалалари кўзда тутилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази, Фанлар академияси 2020 йилнинг март ойига қадар:

органик қишлоқ хўжалиги ва шу жумладан органик уруғчилик тизимини йўлга қўйишнинг ташкилий-иқтисодий ва молиявий масалаларини қамраб олган илмий асосларини ишлаб чиқишга қаратилган амалий;

қишлоқ хўжалиги экинларининг ноёб маҳаллий навлари генофонди асосида ҳосилдорлиги ва маҳсулот сифати юқори бўлган, транспортбоп, жаҳон бозори талабларига мос келадиган навлари ва дурагайларини яратиш бўйича фундаментал тадқиқотлар грант танловларини ташкил этсин.

4. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларини жалб қилган ҳолда 2020 йилнинг апрель ойига қадар республикада 2020-2025 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг юқори сифатли органик уруғликларини ишлаб чиқиш бўйича истиқболли намунавий технологик карталар ишлаб чиқсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Фанлар академияси, “Ўзагрокимёхимоя” АЖ билан биргаликда қишлоқ хўжалиги экинларининг органик уруғчилик тизимини ривожлантиришни эътиборга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларида учрайдиган касаллик ва зараркунанларга биологик усулда кураш ишларини тизимли равишда амалга ошириш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсинлар ҳамда ижросини таъминласинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг органик уруғчилиги ва уруғшунослиги бўйича таълим йўналишини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин.

7. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Уруғчиликни ривожлантириш маркази  қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб бориш хавфи остида турган ноёб сифат хусусиятларига эга бўлган маҳаллий навларининг юқори ҳосилли, сифатли, жаҳон андозаларига мос экспортбоп маҳсулотлар етиштириш имконини берувчи навларининг органик уруғларини кўпайтириш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқарувчи субъектларга мунтазам равишда етказиб беришнинг самарали тизимини йўлга қўйсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб бориш хавфи остида турган маҳаллий навлари бўйича юқори авлодли органик уруғликлар етиштириш билан шуғулланувчи уруғчилик фермер хўжаликлари танловларини ўтказиш мезонлари ва шартларини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой давомида йўқолиб бориш хавфи остида турган қишлоқ хўжалиги экинларининг навлари бўйича ишлаб чиқилган юқори авлодли уруғликларни мажбурий сертификатлаш тартибини ишлаб чиқишсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

йўқолиб бориш хавфи остида турган қишлоқ хўжалиги экинларининг ишлаб чиқарилган юқори авлодли органик уруғликларини сертификатлаш, бундай ваколат олиш учун аккредитациядан ўтган давлат органлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази қишлоқ хўжалиги экинларининг органик уруғликлар электрон базаси шакллантирилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб бориш хавфи остида турган маҳаллий навлари бўйича юқори авлодли органик уруғликлар етиштириш билан шуғулланувчи оригинаторлар ва уруғчилик фермер хўжаликларини иқтисодий рағбатлантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритишни таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот институтлари ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларини эътиборга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари навлари бўйича бирламчи органик уруғчилик тизимини ташкил этиш юзасидан илмий асосланган тавсиялар, қўлланмалар ишлаб чиқиб жойларда илмий-амалий, кўргазмали семинарлар тарзида фермер хўжаликларига етказиб беришни ташкил этсинлар.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Аграр ва озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Вахабов, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев зиммасига юклатилсин.

 

 

 

                                                                            Ўзбекистон Республикасининг

                                                                                            Бош вазири                                                                         А. Арипов

Умумий таклифлар

114