ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
841 Министерство народного образования Республики Узбекистан 04/10/2018 19/10/2018 2

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
«ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ФИДОЙИСИ» КЎКРАК НИШОНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
ID-841

Халқ таълими соҳасида баркамол авлодни вояга етказишда фидокорона меҳнат қилаётган, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, маънавиятимизни юксалтириш, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий ва жамоатчилик фаолияти, ватанпарварлик фазилатлари билан эл-юрт ўртасида ҳурмат қозонган фаол, ташаббускор, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни ватанпарварлик ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшаётган халқ таълими тизими педагог ва ходимларини муносиб тақдирлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3907-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида

1. «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилсин.

2. Қуйидагилар:

«Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;

«Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари
2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тайёрланишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш учун зарур пул маблағларини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан ажратсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.

1-ИЛОВА

«Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони тўғрисидаги

низом

1. «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони (кейинги ўринларда – кўкрак нишони) билан Халқ таълими соҳасида баркамол авлодни вояга етказишда фидокорона меҳнат қилаётган, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, маънавиятимизни юксалтириш, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий ва жамоатчилик фаолияти, ватанпарварлик фазилатлари билан эл-юрт ўртасида ҳурмат қозонган фаол, ташаббускор, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни ватанпарварлик ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшаётган халқ таълими тизими педагог ва ходимлар тақдирланадилар.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

2. Кўкрак нишони билан бошқа вазирликлар ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасаларининг педагог ва ходимлари ҳам ёшларга таълим-тарбия беришда эришган муваффақиятлари учун ушбу вазирликлар ва идоралар тавсияномасига асосан тақдирланишлари мумкин.

3. Кўкрак нишони билан тақдирлашга номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, вазирлик тасарруфидаги республика ташкилотлари ва муассасалари томонидан ҳар йили 1 июнгача Халқ таълими вазирлигига тақдим этилади.

4. Кўкрак нишонига тавсия этиш, тақдим этилган тавсияномаларни кўриб чиқиш ва кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодларни танлаб олиш тартиби ҳамда ҳар йилги тақдирланадиганлар квотаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

5. Кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия этилаётган номзодларнинг таълим соҳасида самарали меҳнат қилиб, жамоада ҳурмат-эътибор қозонган, ўз йўналиши бўйича фаолияти давомида юқори натижаларга эришиб келаётган, «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси», «Йилнинг энг яхши дарслик муаллифи» ва Халқ таълими тизимида ўтказиладиган бошқа кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган, халқаро конференциялар ҳамда республика анжуманларида ўз маърузалари билан фаол иштирок этиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлган, янги дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, электрон дарс ишланмаларини яратган ҳамда янги авлод дарсликларини тажриба-синовдан ўтказган, янги педагогик технологияларни амалиётга жорий этган, иш тажрибалари туман, вилоят ва республика миқёсида оммалаштирилган, соҳага оид Давлат дастурлари ва Ҳукумат қарорлари ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатиб келаётган, соҳага илғор инновацион технологияларни тадбиқ этган, ўқувчилари фан олимпиадалари, «Билимлар беллашуви» ва Халқ таълими тизимида ўтказиладиган бошқа кўрик-танловларда юқори ўринларни эгаллаган бўлишига алоҳида эътибор қаратилади.

6. Кўкрак нишон билан тақдирлаш Халқ таълими вазирининг буйруғи билан амалга оширилади.

Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруқ Халқ таълими вазирлигининг ахборот воситаларида эълон қилинади.

7. Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.

Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари ҳар йили Халқ таълими вазирлигининг мурожаатномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

8. Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси Мустақиллик ҳамда “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни байрамлари арафасида ва бошқа тадбирлар муносабати билан Халқ таълими вазири, ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари раҳбарлари (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали равишда топширилади.

9. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларнинг халқ таълими тизими ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ва ибратли фаолиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида халқ таълими ташкилотлари ҳамда таълим муассасалари биноларига ўрнатиладиган «Халқ таълими фидойилари» ахборот пешлавҳасида улар ҳақидаги маълумотлар киритилади.

10. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар туман (шаҳар) Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари Кенгаши томонидан мамлакатимиз санаторийларида даволанишлари учун бепул йўлланма олиш имтиёзига эга бўладилар.

11. Кўкрак нишони такроран берилмайди.

12. Йўқолган кўкрак нишони ўрнига қонунчиликда ўнатилган тартибда дубликат берилиши мумкин.

13. Кўкрак нишони билан тақдирлаш шахснинг вафотидан кейин ҳам амалга оширилиши мумкин.

14. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

2-ИЛОВА

«Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишонининг

тавсифи

«Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони диаметри 35 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Кўкрак нишонининг олд томони 25 миллиметрли айлана билан ўралган, айлананинг ичида очилган китоб ҳамда китоб устида ёйилиб турган ўн дона қуёш нури тасвири туширилган, диаметри 35 миллиметрли доира ва 25 миллиметрли айлана оралиғида пастки қисмида айлана ва доира бўйлаб икки тарафдан тепа томонга қараб лавр барги тасвири ҳамда ушбу доира ва айлана оралиғи тепа қисмида «XALQ TA’LIMI FIDOYISI» сўзлари ёзилган. Ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр, ёзувлар зарҳалланган, «XALQ TA’LIMI FIDOYISI» сўзлари ва икки лавр ўрталарида уч дона диаметри
1 миллиметрли нуқталар билан ажратилган.

Кўкрак нишонининг орқа томонида доира марказида тўрт қатордан иборат ёзув жойлашган бўлиб, биринчи қаторда «XALQ TA’LIMI», иккинчи қаторда «TIZIMI SOHASI RIVOJIGA», учинчи қаторда «QO‘SHGAN» ва тўртинчи қаторда «HISSASI UCHUN» сўзлари ёзилган. Ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр.

Тасвирлар ва ёзувлар қабариқ.

Кўкрак нишонининг қалинлиги 2,2 миллиметр.

Кўкрак нишонининг олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ айлана билан ўралган.

Кўкрак нишони ҳалқа ва илмоқчалар ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.

Қадағичнинг эни 25 миллиметр, бўйи 16 миллиметрдан иборат. Қадағич эни
21 миллиметр, бўйи 14 миллиметрли горизонтал жойлаштирилган Давлат байроғи рамзий тасвири тушурилган шойи лента билан қопланган.

Давлат байроғининг рамзий тасвири туширилган ҳаво, оқ ва яшил рангларнинг қалинлиги 4 миллиметрдан, қизил рангларнинг эни 1 миллиметрдан.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

 

«Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони

3-ИЛОВА

«Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони гувоҳномасининг

тавсифи

«Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони гувоҳномаси 152х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.

Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) яшил рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.

Гувоҳноманинг иккинчи ва учинчи бети эни 4,5 миллиметрли, ички бурчаклари тўрт бурчак шаклида.

Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи бети) юқори чеккасидан 18 миллиметр пастда, 3 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Матнда катта ҳарфларда биринчи сатрда «XALQ TA’LIMI FIDOYISI» ва иккинчи сатрда «KO‘KRAK NISHONI» сўзлари ёзилган. Ундан 20 миллиметр пастда 5 миллиметрли бир сатрдан иборат «GUVOHNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman» шрифти, 20 кегль) сўзи ёзилган. Ёзувлар зарҳал рангида акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) «Тангир» тасвири туширилган оч ҳаво рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан
9 миллиметр пастда, марказда «GUVOHNOMA» (катта ҳарфларда, «Times new Roman» шрифти, 13-кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун «№» белгиси ва
15 миллиметрли чизиқ жойлашган.

«GUVOHNOMA» сўзидан 9 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 7,5 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 4 миллиметр қуйида, марказда оралиғи 3 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «XALQ TA’LIMI» иккинчи сатрда «FIDOYISI» («Times new Roman» шрифти, 17 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 3 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «KO‘KRAK NISHONI» иккинчи сатрда «BILAN MUKOFOTLANDI» («Times new Roman» шрифти, 8-кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 14 миллиметр пастда чап томонда бир сатрдан иборат матн жойлашган. Матнда «VAZIR» (бош ҳарфда, «Times new Roman» шрифти, 8-кегль) сўзи ҳамда
48 миллиметрли чизиқ жойлашган.

Сўнгги сўзлардан 9 миллиметр пастда чап томонда бир сатрдан иборат матн жойлашган. Матнда «BUYRUQ» (бош ҳарфларда, «Times new Roman» шрифти, 8-кегль) сўзи ҳамда буйруқ тартиб рақами учун «№» белгиси ва 42 миллиметрли чизиқ жойлашган.

 

«Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони
ГУВОҲНОМАСИ

 

Умумий таклифлар

922