ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
8355 Министерство сельского хозяйства Республики Узбекистан 24/09/2019 09/10/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Тошкент вилоятининг Паркент, Бўстонлиқ ва Оҳангарон туманларида ғалла экишдан қисқартириладиган ер майдонларида мевачилик ва узумчилик, сабзавотчилик, картошкачилик йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-8355

Тошкент вилоятининг Паркент, Бўстонлиқ ва Оҳангарон туманларида ғалладан қисқартириладиган ер майдонларини танлов асосида мева-узумчилик, сабзовот-картошкачилик йўналишидаги йирик лойиҳаларга беришни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:     

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,  “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг ғалладан қисқартириладиган ер майдонларини тажриба-синов тариқасида мева-узумчилик, сабзавот-картошкачилик билан шуғулланиш мақсадида очиқ тендер танловлари орқали узоқ муддатли ижарага бериш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

2. Тошкент вилояти Паркент, Бўстонлиқ ва Оҳангарон туманларида ғалла экишдан  қисқартириладиган ер майдонларини тажриба-синов тариқасида танлов асосида мева-узумчилик, сабзавот-картошкачилик йўналишидаги йирик лойиҳаларга ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

тендер танлови ва шартларида ернинг жойлашган манзили, майдони ва чегаралари (контурлар кесимида), ер фондидаги тоифаси, ҳолати, балл бонитети, сув тармоғи, экилиши лозим бўлган экин тури ва бошқа муҳим параметрлари тасдиқланади ва оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади;

Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда ғалладан қисқартириладиган ер майдонларини ҳар бир ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб ихтисослаштириш, ушбу ерларга интенсив боғлар ва токзорлар барпо этиш, сабзавот, полиз ва картошка экинларини жойлаштириш бўйича тавсияларини ишлаб чиқсин ҳамда улар тендер танловига тақдим этилсин.

4. “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва Тошкент вилояти хокимлигига ғалладан қисқартириладиган ер майдонларида мева-узумчилик ва сабзавот-картошкачилик йўналишидаги йирик лойиҳалар ишлаб чиқишни таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаев ва Тошкент вилояти ҳокими в.б. Р.Холматов зиммаларига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг
                            Бош вазири                                                                 А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

20__ йил “___” __________даги _____-сон қарорига

илова

 

Тошкент вилояти Паркент, Бўстонлиқ ва Оҳангарон туманларида ғалла экишдан  қисқартириладиган ер майдонларини тажриба-синов тариқасида танлов асосида мева-узумчилик, сабзавот-картошкачилик йўналишидаги йирик лойиҳаларга ажратиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Тошкент вилояти Паркент, Бўстонлиқ ва Оҳангарон туманларида ғалла экишдан  қисқартириладиган ер майдонларини тажриба-синов тариқасида танлов асосида мева-узумчилик, сабзавот-картошкачилик йўналишидаги йирик лойиҳаларга ажратиш
(кейинги ўринларда танлов деб аталади) тартибини белгилайди.

2. Мева-узумчилик, сабзавот-картошкачилик соҳасидаги лойиҳаларни танлови қуйидаги тамойилларга асосан ташкил этилади:

ахборотнинг очиқлиги ва эркинлиги;

ташаббускорларнинг тенг ҳуқуқлилиги;

ташаббускорлар томонидан мажбуриятларни бажарилиши.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

танлов ташкилотчиcи - Тошкент вилояти ҳокимлиги (кейинги ўринларда Танлов ташкилотчиси деб аталади);

бюртмачи - туман (шаҳар) ҳокими;

ташаббускор - танловда иштирок этишни сўраб Комиссияга ариза берган жисмоний ёки юридик шахс;

4. Лойиҳалар танловини амалга ошириш учун ташаббускорларни жалб қилиш қуйидаги мақсадлар учун амалга оширилади:

ҳалқаро стандартлар бўйича, шунингдек, худудларнинг тупроқ иқлим шароитларидан келиб чиқиб, инновацион технологияларини қўллаган ҳолда мева, узум, сабзавот ва картошка етиштириш, йиғиб-териб олиш ва реализация қилиш, шунингдек, экспорт қилиш;

мева-узумчилик, сабзавот-картошкачилик сохасидаги танловида юқори ҳосилдорликка, сифатга эга, зарарли организм ва касалликларга чидамли, юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар етиштириш тизимини яратиш;

ташаббускорнинг ўз маблағи ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, шунингдек, тижорат банклари кредитларини жалб этиш ҳисобига мева, узум, сабзавот ва картошка етиштириш ва чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш.

5. Мева-узумчилик, сабзавот-картошкачилик соҳаларидаги лойиҳалар танлов асосида амалга ошириш мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Ер участкаларини танлов орқали ижарага бериш учун маълумотлар базасини яратиш.

6. Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими туман Қишлоқ хўжалиги бўлими билан биргаликда мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ ғалладан қисқартириладиган бўш турган ёки захирага олинган ерларнинг рўйхатини шакллантиради, дастлабки лойиҳа йўналишини, қишлоқ хўжалиги массивларининг (ҳудудлар) ихтисослашувига эътибор берган ҳолда белгилаб, тасдиқлаш учун туман ҳокимига тақдим қилади.

7. Ҳар бир ер участкаси бўйича рўйхатга қуйидагилар илова қилинади:

ер участкасининг майдони (гектарда), ер участкасининг ер фондидаги ер тоифаси ва ер турлари кесимида маълумот, балл бонитети, сув билан таъминланиш даражаси, инфратузилма объектлари ҳақида қисқача маълумот;

ер участкасининг (М 1:10 000 миқиёсдаги) қишлоқ хўжалиги харитасидан кўчирмаси, ер участкасининг чегаралари ва манзилларини кўрсатилган ҳолда жойлашиш режаси.

8. Туман ҳокими маълумотларни кўриб чиқади ва лойиҳа йўналишини тасдиқлаб, лойиҳа тузиш учун бир иш кун муддатда танлов ташкилотчисига юборади.

9. Танлов ташкилотчиси:

туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган лойиҳалар йўналишлари бўйича аммовий-ахборот воситаларида танлов ўтказиш юзасидан эълон беради;    

иштирокчилардан танлов таклифларини қабул қилади, уларнинг ҳисобини юритади, танлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда хат жилд очилгунга қадар бутлигини, махфийлигини таъминлайди.

10. Қуйидагилар учун Комиссиянинг хулосаси асосида туман ҳокимининг қарорига асосан танлов ўткзилмасдан ер майдонлари ажратилади:

 сабзавотчилик, картошкачилик, боғдорчилик-узумчилик лойиҳаларига қўшимча 10 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган талабгорларга ва кластер корхоналарига маблағлар банкдаги ҳисобварағида кўринганидан сўнг, жорий йилда мақсадли ишлатиш шарти билан  энг кам ўлчамлари 100 гектардан кам бўлмаган хажмда инвестиция мажбуриятлари асосида.

Бунда, мазкур талаблар асосида ер участкаси ажратилган ёки янгидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги корхоналари бизнес режасида кўрсатилган мажбуриятларини бажармаган тақдирда, ер ижара шартномаси туман ҳокими томонидан бир томонлама бекор қилиниши учун асос ҳисобланади.

3-боб. Ташаббускор тарафидан лойиҳани амалга оширишни
илгари суриш тартиби

11. Мевачилик, узумчилик, сабзавотчилик ва картошкачилик соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишга хоҳиш билдирган юридик шахс (кейинги ўринларда – талабгор деб аталади) Танлов ташкилотчисига тегишли ариза тақдим этади.

12. Талабгор танловда иштирок этиш учун Танлов ташкилотчисига аризага илова қилган ҳолда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

юридик шахс рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома;

танловда иштирок этиш учун тақдим этилган ариза санасидан бир ойдан кўп бўлмаган, солиқлар, йиғимлар, бошқа мажбурий тўловлар ва бошқа молиявий санкциялар бўйича қарздорликлар мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотлар;

лойиҳа амалга оширилишининг молиявий имкониятини тасдиқловчи ташаббускорнинг соф активлари, лойиҳа қийматининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги бошқа ташкилотнинг кафиллиги тўғрисида маълумотлар;

мевачилик, узумчилик, сабзавотчилик ва картошкачилик соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар;

Танловда иштирок этиш учун қайта ташкил этиш, ликвидация ёки мол-мулкига банд солинган банкротлик жараёнидаги талабгорлар қўйилмайди.

4-боб. Танлов ўтказиш тартиби

13. Танлов ташкилотчиси танлов бошланишидан ўн календар кун олдин мажбурий тартибда ўз расмий сайтида, шунингдек, бошқа оммавий ахборот воситалари манбаларида, шу жумладан, Интернет тармоғида танлов ўтказиш тўғрисида эълон жойлаштиради.

14. Танлов тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлари бўлиши талаб этилади:

Танлов ташкилотчиси номи, почта манзили, алоқа телефон рақамлари ва электрон почта манзили;

объектнинг номи, жойлашуви, миқдори ва тавсифи (характеристикаси);

лойиҳани амалга ошириш шартлари;

талаб этиладиган инвестицион мажбуриятларнинг энг кам миқдори;

танлов ўтказиш санаси, вақти ва жойи;

танлов таклифлари қабул қилинадиган охирги муддат (йил, ой, кун ва соати кўрсатилган ҳолда).

15. Лойиҳани амалга ошириш бўйича келиб тушган аризаларни лойиҳалар билан бирга танлов комиссияси томонидан беш иш куни мобайнида мазкур Низом шартларига мувофиқлиги бўйича кўриб чиқилади.

16. Мазкур Низомда кўрсатилган талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган ҳужжатлар бир иш куни мобайнида талабгорга қайтарилади.

Тақдим этилган аризада йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолда қонунчилик нормаларига мувофиқ танлов ташкилотчиси қайта кўриб чиқиш учун такрорий тақдим этиш муддатлари аниқ кўрсатилган ҳолда ёзма равишда, шунингдек, электрон ахборот тизими воситасида талабгорга хабарнома юборилади.

Талабгор томонидан камчиликлар бартараф этиш ва ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиш муддати ёзма ёки электрон хабарнома қабул қилингандан бошлаб ўн кундан муддат кам бўлмаслиги керак.

Қайта тақдим этилган ҳужжатлар қайта тақдим этилган куни қабул қилинган деб ҳисобланади.

17. Танлов ўтказиш жараёни видеотасвирга олинади, ундан нусха кўчириш тақиқланади. Видео ёзувларининг сақланиши учун танлов Комиссияси раиси масъул ҳисобланади.

18. Танлов ғолибини аниқлаш хатжилдлар очилиш кунида танлов комиссиясининг ёпиқ мажлисида ўтказилади.

19. Танлов комиссияси томонидан белгиланган кун ва соатда танлов таклифлари солинган биринчи хатжилдлар очилади. Иккинчи хатжилдлар танлов ташкилотчисида сақланади ва танлов таклифлари маъноси бўйича низолар вужудга келган тақдирда очилади.

Талабгорлар танлов таклифлари солинган хатжилдлар очилишида иштирок этишлари мумкин.

Танлов комиссияси томонидан танлов таклифлари солинган хатжилдлар очилишида танлов шартлари ва жараёнларига амал қилиш, танлов ҳужжатларида кўрсатилган ҳужжатлар мавжудлиги текширилади.

20. Танлов таклифларини баҳолаш ва танлов ғолибини аниқлаш мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ амалга оширилилади.

21. Танлов ғолибларини аниқлашда қуйидагилар асосий мезон ҳисобланади:

мева, узум сабзавот ва картошка маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган тўлақонли мевачилик, узумчилик, сабзавотчилик ва картошкачилик лойихаларини амалга ошириш учун кафолатларининг мавжудлиги;

таклиф этилган инвестицион лойиҳанинг амалга оширилишидан энг юқори ижобий самара;

лойиҳа амалга оширилишига кетадиган энг қисқа муддатлар;

лойиҳа амалга оширилишига киритиладиган ўз инвестицияларининг энг юқори ҳажмлари;

таклиф этилган лойиҳа амалга оширилишида энг кам хатар;

лойиҳа харажатларининг қопланишига энг кам муддат;

юқори сифатли, харидоргир, жахон бозорида рақобатбардош мева, узум, сабзавот ва картошка маҳсулотларини етиштиришда илғор агротехнологияларини, замонавий технологияларни татбиқ қилиш нияти;

илмий-амалий фаолият учун шароит яратиш нияти.

22. Танлов талабларига мувофиқ таклиф параметрлари тақдим этган, бироқ танлов ҳужжатларига мувофиқ танлов таклифи тақдим этган ғолиб параметрларидан пастроқ натижалари бўйича захирадаги ғолиб ҳам аниқланади.

23. Танлов комиссияси қарорлари комиссия йиғилишларида комиссия аъзоларининг иштирок учда икки қисмидан кам бўлмаган ҳолларда ҳақиқий ҳисобланади.

24. Танловда ҳар бир комиссия аъзоси томонидан талабгорга қўйилган баллар йиғиндиси, балл қўйган аъзолар сонига бўлинади ва талабгорга қўйилган ўртача балл автоматик равишда ҳисоблаб чиқарилади.

Мазкур низомнинг 4-иловасига Танловда қатнашиш учун танлаш босқичида тўпланган балл ва танловда олинган ўртача балл йиғиндиси талабгорнинг якуний бали ҳисобланади.

Қарорлар йиғилишда иштирок этган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг келган ҳолларда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Энг кўп якуний балл тўплаган талабгор танлов ғолиби деб топилади ва танлов ўтказилган куннинг ўзида эълон қилинади ва электрон почта орқали ҳабардор этилади.

Агар танлов натижаларига кўра, танлов ғолиби беш иш куни ичида танловга таклиф этилган маблағлар, мол-мулк ва техника воситаларини устав фондига киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхасини тақдим этмаган тақдирда, Комиссия кейинги календарь кундан кечиктирмай охиргидан олдинги  таклифни билдирган танлов иштирокчисига танлов давомида таклиф этган маблағлар, мол-мулк ва техника воситаларини устав фондига беш иш куни ичида киритишни таклиф қилади.

Агар охиргидан олдинги балл тўплаган танлов иштирокчиси беш иш куни ичида таклиф этилган маблағлар, мол-мулк ва техника воситаларини устав фондига тўлиқ киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхасини тақдим этилганда, у танлов ғолиби деб топилади ва унга танлов ғолиби ҳақидаги хабарномани расмийлаштирилади.

Агар танлов ғолиби беш иш куни ичида лойиҳани олиш истаги йўқлиги тўғрисида хабардор қилса ёки ушбу муддат ичида маблағлар, мол-мулк ва техника воситаларини устав фондига киритмаган тақдирда, лойиҳани олишдан бош тортган деб ҳисобланади.

Танлов комиссиясининг қарори баённома шаклида расмийшатирилади ва бир кунлик муддатда тегишли туман ҳокимлигига юборилади.

Туман ҳокими бир кунлик муддатда комиссия қарорини қарор билан тасдиқлаб, ер ажратиш йиғмажилдини ва ер ижара шартномасини ҳамда ижара ҳуқуқини давлат рўйхатдан ўтказиш учун “Давергеодезкадастр” қўмитаси тизимидаги ер тузиш ва  кўчмас мулк кадастр бўлимига юборади.

Барча ер ажратиш ҳужжатлари йиғмажилдини учта асл нусҳада расмийлаштиради, ер майдонини жойида ўлчаб беради ва ажратилган ер майдонларини жойида кўрсатиш бўйича мазкур низомнинг 5-иловасига мувофиқ далолатнома тузади, чегарадош ердан фойдаланувчилар билан ер участкаси харитасини ва чегараларини келишади, ер майдони тархини электрон харитага географик координата нуқталари асосида жойлаштиради.

Туманнинг давлат кадастрлари ягона тизимини янгилаб бориш мақсадида ижрочи томонидан ер майдони чегараларини географик координата нуқталари билан белгилаб, йиғилган маълумотларга таянган ҳолда туманнинг давлат кадастрлари ягона тизимига жойлаштиради.

Ерларни ижарага беришни расмийлаштириш ишлари тугаллангач ер тузиш йиғмажилди тайёрланади, унда қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлади:

юридик ёки жисмоний шахснинг танловларда қатнашиш тўғрисидаги аризаси;

ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарори;

ер участкасини ижарага бериш шартномаси;

ер участкасини харитаси ва контурлар қайдномаси;

бизнес-режаси ёки фаолият дастури;

ер участкаси чегараларини кўрсатиш далолатномаси:

ер участкасини кадастр рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги хужжати; йиғмажилдни топшириш ва қабул қилиш тўғрисидаги юкхати.

Ер ажратиш йиғмажилдининг бир нусҳасини ижрочининг ўз архивига,  иккинчи нусхасини танлов ғолибига,  учинчи нусҳасини туман ер ресурслари ва  давлат кадастри бўлимига тақдим этади.

Танлов натижаларига кўра чет эл фуқаролари, хорижий корхона ва ташкилотлар ғолиб деб топилганда ижара шартномаси лойиҳасини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ер ижара шартномаси, ер ажратиш кадастр йиғмажилдини шакллантиришга ва давлат рўйхатидан ўтказишга асос бўлади.

25. Буюртмачи танлов ғолиби билан қонунда белиганган тартибда ер ижара шартномасини тузади ва шартнома шартларини бажарилишини назорат қилади.

26. Танлов қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган деб ҳисобланади:

хабарномада кўрсатилган муддатда бирорта ҳам сўровнома келиб тушмаганда;

барча тақдим этилган танлов таклифларининг танлов ҳужжатлари шартларига мувофиқ бўлмаганда;

мазкур Низом шартлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар шартларининг бузилиши, қасддан келишув ва танлов ўтказиш жараёнини бузувчи бошқа кўзда тутилмаган ҳолатлар аниқланганда.

27. Қабул қилинган қарорга рози бўлмаган танлов иштирокчиси судга эътироз билан мурожаат қилишга ҳақлидир.

5-боб. Якуний қоида

28. Мазкур Низом шартларини бузишда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгардирлар.