ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
818 Хокимият города Ташкент 03/10/2018 18/10/2018 6

Муҳокама якунланди

Ҳоким қарори
Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиш тартиби тўғрисида
ID-818

Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиш тартиби тўғрисида  

Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 9-сон, 320-модда) 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси
Ер кодексининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5-6-сон, 82-модда) 5-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 августдаги “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш
чора-тадбирлари тўғрисида”
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2018 йил 20 август, 33-сон, 674-модда) ПФ-5511-сон фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳрида енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиб беришни тартибга солиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш, уларни жадал ривожлантириш учун қулай
шарт-шароит яратиш мақсадида,

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

юридик ва жисмоний шахсларнинг енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиб бериш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқувчи ишчи гуруҳ таркиби (кейинги ўринларда матнда – “Ишчи гуруҳ” деб юритилади) 2-иловага мувофиқ;

енгил турдаги қурилмани кундузги ва тунги кўринишининг намунавий эскиз лойиҳаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбрикорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Қ.Арипов), Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи (Ғ.Расулов), Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи (Б.Холматов):

Тошкент шаҳри ҳудудидаги ер участкаларини мониторингини пухта таҳлил қилиш натижаларига кўра, фойдаланилмаётган ер участкаларини аниқланиши таъминлансин, кейинчалик, уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри музокаралар асосида ажратиб бериладиган ер участкалари рўйхатига киритсинлар;

 юридик ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида мурожаат таклифларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ фаолияти ташкил этилсин, ойдинлик ва ошкоралик тамойилларига риоя этилиши таъминлансин;

енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиш тартиби тўғрисида низомнинг мазмун моҳияти, жойлаштириладиган объектларга фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун яратилиши лозим бўлган иш ўринлар сонини, сотилиши мумкин бўлган товарлар рўйхати расмий
веб-сайтларга жойлаштирилишини таъминласин.

3. Туман ҳокимлари, Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси (Н.Турсунов), Давлат санитария эпидемиология назорати маркази (Б.Адилов), Қурилиш бош бошқармаси (Б.Холматов), Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси (М.Тохиров):

енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини олган юридик
ва жисмоний шахсларни
қонун ҳужжатларига, шу жумладан, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига, санитария қоидаларига, нормалар ва гигиеник нормативларга қатъий риоя қилиш;

харидорлар билан нақд пулда ҳисоб-китоб қилишда фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш;

банк пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминали мавжудлигини таъминлаш;

атроф ҳудудни зарур тарздаги санитария ҳолатида сақлаш;

иш куни тамом бўлгандан кейин савдо жойини зарур тарздаги санитария ҳолатига келтириш масалалари назоратга олинсин.

4. Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Қ.Арипов):

енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиб бериш тўғрисида ариза берган юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилаётганлиги доимий муҳокама қилиб борилсин.

5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

6. “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталари таҳририяти (А.Акромов), “Компьютерлаштириш маркази” ДУК (М.Асамов):

Ушбу қарор расмий эълон қилиниши ва www.toshkent.uz веб-сайтига жойлаштирилиши таъминлансин.

7. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2000 йил 18 февралдаги “Тошкент шаҳридаги умумий фойдаланишдаги ер майдонларида енгил турдаги савдо, хизмат кўрсатиш ва мавсумий ишлайдиган умумий овқатланиш иншоотларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида ”ги 98-сонли ўз кучини йўқотган деб топилсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ.Арипов зиммасига юклатилсин.

Тошкент шаҳар ҳокими

вазифасини бажарувчи                                 Ж.Артикходжаев

Тошкент шаҳар ҳокимининг

2018 йил ___ _________даги

______-сон қарорига

1-ИЛОВА

Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 I БОБ. Умумий қоидалар.

II БОБ. Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш юзасидан талаблар ва шартлар.

III БОБ. Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратишга зарур бўлган ҳужжатлар.

IV БОБ. Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ва ер ажратиш ёки ушбу ер участкасини ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

V. БОБ. Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек натижаларини расмийлаштириш.

VI БОБ. Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкаси ажратиб берилган юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган узоқ муддатли ижара ҳуқуқларининг амал қилиш муддатини узайтириш, бекор қилиш.

VII БОБ. Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкаси ажратиб берилган юридик ва жисмоний шахслар ҳисобини юритиш.

VIII БОБ. Якунловчи қоидалар.

Илова. Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиш схемаси.

I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР.

1. Мазкур Низом "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш
тартиб-таомиллари тўғрисида", "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 15 августдаги ПФ-5511-сон Фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳрида енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиб бериш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низом талаблари қуйидагиларга:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида" 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон қарорига мувофиқ намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилаётган массивларга;

б) қуйидагилар учун мўлжалланган ер участкалари берилган ҳолатларда:

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг қарорларида назарда тутилган давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини бериш тартибига биноан барпо этилаётган муайян турдаги объектларни қуришга;

в) белгиланган тартибда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкаларига;

г) Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 25 октябрдаги ПҚ-3356-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 16 январдаги 29-сон қарорига мувофиқ эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга;

д) тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга беришга;

е) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган ҳолларга;

ё) давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишга;

и) давлат улуши 100 фоиз бўлган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилмайди.

3. Юридик ва жисмоний шахсларга Тошкент шаҳри ҳудудида енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиш Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилади.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

енгил турдаги қурилмалар - вақтинчалик асосда жойлаштирилган (мавсумий хусусиятга эга ҳам бўлиши мумкин), шунингдек, қисмларга ажратиш ва кўчириш имконияти мавжуд бўлган савдо объектлари  (замонавий архитектура талабларига жавоб берадиган енгил конструкциялардан иборат қурилма);

енгил турдаги қурилмалар жойлаштирилган жой - Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорида енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ажратилаётган ер участкаси жойлашган жой;

ариза берувчи - енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиб бериш тўғрисида мурожаат қилган (берган) юридик ва жисмоний шахс.

5. Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори, ушбу ер участкасини жойлашиш схемаси илова қилинган ҳолда бевосита Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан берилади.

6. Юридик ва жисмоний шахсларнинг енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиб бериш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқувчи Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан тузиладиган ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда матнда – “Ишчи гуруҳ” деб юритилади) томонидан ҳар ойнинг 15-20 саналари ва 1-5 саналари оралиғида амалга оширилади.

7. Юридик ва жисмоний шахсларга енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкаси узоқ муддатли 3 (уч) йилдан кам бўлмаган, лекин 10 (ўн) йилдан ошмаган муддатга ижарага ажратиб берилади.

8. Юридик ва жисмоний шахсларга енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун узоқ муддатли ижарага ажратилган ер участкаси ёки унинг бир қисми учинчи шахсларга фойдаланишга берилиши тақиқланади.

9. Енгил турдаги қурилмаларга нисабатан мулк ҳуқуқи берилмайди ва улар бегоналаштириш (олди-сотди, ҳадя ва бошқ.) объекти хисобланмайди.

10. Юридик ва жисмоний шахсларга енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун узоқ муддатли ижарага ажратилган ер участкаси бўйича материалларни тайёрлаш ва келишиш Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.

11. Ишчи гуруҳ ариза берувчини танланган ер участкасини ажратиш масаласини кўриб чиқишда:

тегишли туман ҳудудида жойлаштирилиши режалаштирилган савдо, хизмат кўрсатиш ва мавсумий овқатланиш объекти (кейинги ўринларда матнда – “Объект” деб юритилади), орқали сотилиши мумкин бўлган товарлар рўйхатини ҳамда хизмат турларини – Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, объект жойлашиши схемасини – тегишли равишда Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси билан келишади.

12. Объектлар давлат органлари бинолари, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари, аэропортлар, метрополитен, майдонлар, жамоат транспорти бекатларига туташиб кетган ҳудудларга жойлаштирилиши режалаштирилган бўлса, ушбу муассаса, корхона ва ташкилотлар билан ҳам қўшимча келишилади.

 II БОБ. ЕНГИЛ ТУРДАГИ ҚУРИЛМАЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ЕР УЧАСТКАСИНИ АЖРАТИШ УЧУН ТАЛАБЛАР ВА ШАРТЛАР

13. Енгил турдаги қурилмалар жойлаштирилган жойда савдо, хизмат кўрсатиш ва мавсумий овқатланиш фаолиятини амалга оширишда қуйидаги талабларга риоя қилиниши шарт:

қонун ҳужжатларига, шу жумладан, чакана савдо қоидаларига, санитария қоидаларига, нормаларга ва гигиеник нормативларга қатъий риоя қилиш;

харидорлар билан нақд пулда ҳисоб-китоб қилишда фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш;

банк пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминали мавжудлиги;

объект ва атроф ҳудудни зарур тарздаги санитария ҳолатида сақлаш;

объектдаги масъул ишчи ва ходимларда сотиладиган товарларнинг келиб чиқиши, сифати ва хавфсизлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг асл нусхалари бўлиши, шунингдек, улар назорат органларининг мансабдор шахслари талабларига кўра кўрсатилиши керак;

иш куни тамом бўлгандан кейин объект ва унинг атроф ҳудудини зарур тарздаги санитария ҳолатига келтириш;

маиший мақсадларидаги техник жиҳатдан мураккаб товарлар;

тез бузиладиган товарлар ва болалар овқати маҳсулотлари;

ҳайвонлар;

акциз солиғига тортиладиган товарлар савдосини амалга оширмаслик керак.

III БОБ. ЕНГИЛ ТУРДАГИ ҚУРИЛМАЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ЕР УЧАСТКАСИНИ АЖРАТИШГА ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР.

14. Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш учун ариза берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Тошкент шаҳар ҳокимлигига ариза беради.

Ер участкасини ажратиб бериш тўғрисидаги аризада ер участкасидан фойдаланиш мақсади, унинг тахминий жойлашган жойи ва ўлчами, сўралаётган майдон, қурилиш ишларини бошлаш ва тугаллашнинг муддатлари, почта манзили, юридик шахснинг реквизитлари ёки жисмоний шахснинг паспортига оид маълумотлар;

ажратилиши сўралаётган ер участкасини уч тарафдан кўринишидаги 15х20см. фотосурати;

жойлаштирилиши режалаштирилган енгил турдаги қурилмани кундузги ва тунги кўринишидаги эскиз лойиҳаси тақдим этилиши керак.

15. Ариза берувчи томонидан ўз ихтиёрига кўра қўшимча равишда жойлаштирилиши режалаштирилган енгил турдаги қурилма ва унинг атроф ҳудудини:

замонавий услубдаги ёритиш тизимлари билан жиҳозлаш;

бепул интернет тармоғини (WI-FI) ўрнатиш;

миллий хунармандчилик ёки замонавий дизайндаги ўриндиклар, чиқиндиларни ташлаш қутилари, хожатхона (шу жумладан био хожатхоналар) иншоотларини ўрнатиш;

объектнинг фаолияти даврида электр энергия, сув ва оқава сув хизматларидан фойдаланишнинг муқобил ва тежамкор турларини амалиётда жорий қилиш ҳақидаги режа ва таклифларини ҳам тақдим қилиши мумкин.

IV БОБ. ЕНГИЛ ТУРДАГИ ҚУРИЛМАЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ЕР АЖРАТИШ ТЎҒРИСИДАГИ АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЕР АЖРАТИШ ЁКИ УШБУ ЕР УЧАСТКАСИНИ АЖРАТИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

16. Объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарор Тошкент шаҳар ҳокими томонидан қабул қилинади.

17. Объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарор учун йиғим ундирилмайди.

18. Объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиб бериш тўғрисидаги ариза Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ариза тушган кундан бошлаб ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

19. Объектни жойлаштириш учун айни бир жойга бир нечта ариза тушган тақдирда биринчи бўлиб ариза берган ариза берувчи ушбу ҳуқуқни олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлади.

20. Объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги ариза Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилгандан кейин Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори расмийлаштирилади ва белгиланган тартибда ариза берувчига юборилади.

21. Қуйидаги ҳолларда объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш рад этилиши мумкин:

объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш ҳақидаги аризага илова қилиниши лозим зарур бўлган ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаслиги;

объект жойлаштирилиши режалаштирилган жой қурилиш, санитария, ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига номувофиқлиги;

ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузилган маълумотлар мавжудлиги;

агар объект жойлаштирилиши режалаштирилган ер участкаси бўйича бошқа лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган бўлса.

22. Объектни жойлаштириш учун ер участкаси ажратиб бериш рад этилса, рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва ариза берувчи кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда белгиланган тартибда ариза берувчига юборилади. Ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат, рад этилганлиги тўғрисидаги хат олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.

23. Объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратишни рад этилиши учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар ариза берувчи томонидан белгиланган муддатда бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, ер участкани ажратиб бериш ёки уни ажратиб беришни рад этиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги ариза ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатлар олинган кундан бошлаб икки иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

24. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ер участкасини ажратиб бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хатда олдин баён қилинмаган рад этиш сабаблари келтирилишига йўл қўйилмайди, олдин кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши, шунингдек, агар объектни жойлаштириш учун ер участкасини ариза берилган жойига бошқа шахсга ер ажратиш тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган тақдирда рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.

25. Ариза берувчи томонидан объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиб бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хатда кўрсатилган муддат тамом бўлгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза деб ҳисобланади ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.

26. Ариза берувчи объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиб бериш рад этилиши, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

27. Ишчи гуруҳ ҳар ойнинг 15-20 ва 1-5 саналарида ариза берувчилардан ушбу Низомнинг 14-15 бандлари талабалари доирасида келиб тушган ҳужжатларни умумлаштирадилар ва уларни ер участкалари ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш ва келишиш учун Қурилиш бош бошқармасига юборади.

28. Қурилиш бош бошқармаси ўзининг ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашида ер участкалари ажратиш бўйича материалларни тайёрлайди ва ҳар бир ер участкасини шаҳарсозлик норма ва қоидаларга мувофиқлигини баҳолайди.

Шаҳарсозлик норма ва қоидаларга номувофиқ бўлган ер участкалари юзасидан Қурилиш бош бошқармаси асосланган билдиришномани Тошкент шаҳар ҳокимлигига киритади ва ажратилиши режалаштирилган ушбу ер участкаси, уларга тақдим этилган рўйхатлардан чиқариб ташланади.

29. Ер участкасини ажратиб бериш бўйича материаллар қуйидаги таркибда тайёрланади:

ер участкаси, шу жумладан ундан жорий фойдаланиш ва режалаштирилаётган мақсадда фойдаланиш тўғрисидаги қисқача ахборот;

туташ ер участкаларидан фойдаланиш турлари;

ер участкасининг М-500 масштабли чегара режаси;

ер участкасининг уни камида икки томондан ўраб турган объектлар кўрсатилган ҳолдаги фотосурати (15 х 20 см).

30. Қурилиш бош бошқармаси Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ариза берувчининг тақдим этган ҳужжатлари келиб тушганидан кейин бир ҳафталик муддатда ер участкасини ажратиш бўйича материалларни тайёрлайди ва уларни ваколатли ташкилотлар билан келишади.

31. Ер участкаси ажратиш бўйича материаллар тайёрлаш давомида:

унинг умумий майдони аниқланади;

шаҳарсозлик ва ер тузиш ҳужжатлари, ер ва шаҳарсозлик кадастрлари маълумотлари ўрганилади;

ер участкаларини бинолар ва иншоотларни асоссиз кўчириш, сув хўжалиги объектлари ва муҳандислик инфратузилмасидан фойдаланишда ноқулайлик пайдо бўлиши истисно этиладиган ҳолда жойлаштириш имконияти қидирилади.

32. Ер участкасини ажратиш бўйича материаллар:

туман ҳокими билан;

Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси билан;

Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан;

Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази билан;

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг ёнғин хавфсизлиги бошқармаси билан;

маданий мерос ёдгорликлари қўриқланадиган зонада объект жойлаштирилиши учун ер участкаси танлашда - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маданий мерос объектларини қўриқлаш ва улардан фойдаланиш бош илмий-ишлаб чиқариш бошқармаси минтақалараро (минтақа) давлат инспекцияси билан;

қўриқланадиган табиий ҳудудлар, магистрал қувурлар, темир йўллар ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари, шунингдек аэродромлар ҳамда чиқиндиларни ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинидаги қўриқланадиган, сувни муҳофаза қилиш ва санитария ҳимоя зоналарида ер участкалари танлашда - тегишли режимли ҳудудлар ва иншоотлардан фойдаланадиган ва уларни ишлатадиган ташкилотлар билан;

автомобилларнинг тўхтаб туриш жойлари ва йўл ҳаракати хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи бошқа объектлар учун ер участкаси ажратиладиган ҳолатларда - давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси билан келишилади.

Ер участкасини ажратиб бериш бўйича материалларни ваколатли органлари ва бошқа шахслар билан келишиш 10 иш куни мобайнида амалга оширилади.

Тошкент шаҳри қурилиш бош бошқармасига мурожаат олинган кундан бошлаб белгиланган муддат мобайнида ваколатли ташкилотлар томонидан хулосалар тақдим этилмаган тақдирда ер участкасини жойлаштириш режаси келишилган ҳисобланади.

Ер участкалари ажратиб бериш бўйича материалларни келишишда ваколатли ташкилотлар томонидан қўшимча ҳужжатлар тақдим этишга доир талабларни белгилаш тақиқланади.

33. Ер участкасини ажратиш бўйича материалларни келишишда ваколатли ташкилотлар томонидан айни бир вақтда қуйидаги хулосалар берилади:

Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг хулосаси;

"ТошкентбошрежаЛИТИ" ДУКнинг хулосаси;

атроф-муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳасини тақдим этиш шарти билан ер участкасини ажратиш мумкинлиги ҳақида Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосаси;

Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг хулосаси;

Ички ишлар бош бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг хулосаси.

Хулосаларда унинг шаҳарсозлик, санитария, табиатни муҳофаза қилиш, ёнғинга қарши ҳамда бошқа норма ва қоидаларга риоя этиш бўйича мажбуриятларида ҳисобга олинадиган талаблар баён қилинади.

34. Ер участкалари ажратиб бериш бўйича материаллар Тошкент шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган ишчи гуруҳга қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини қабул қилиниши учун киритилади.

35. Ишчи гуруҳ ҳар ойнинг 15-20 ва 1-5 санасигача бўлган муддатда, ер участкаларини ажратиб бериш бўйича келишилган материаллар асосида, танланган ер участкасини ариза берувчига ажратиш масаласини кўриб чиқади.

V БОБ. ЕНГИЛ ТУРДАГИ ҚУРИЛМАЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ЕР АЖРАТИШ ТЎҒРИСИДАГИ АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ, ШУНИНГДЕК НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

 36. Объектни жойлаштириш учун ер ажратиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни ташкил этиш ва ўтказиш Ишчи гуруҳ томонидан тўғридан-тўғри музокаралар йўли билан қуйидагича амалга оширилади:

Қурилиш бош бошқармаси (бунда ваколатли органларнинг хулосалари инобатга олинади) ва ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш;

ариза берувчи билан тўғридан-тўғри музокара жараёнида Тошкент шаҳрининг архитектуравий қиёфаси, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, объектнинг замонавий ёҳуд миллий услубдаги дизайни, молиялаштириш манбалари ва бошқа таклифларини ва зарур ҳужжатларни қабул қилиш;

тўғридан-тўғри музокарада таклифларини баҳолаш ва энг мақбул ариза берувчини аниқлаш ҳамда натижаларини расмийлаштириш;

ишчи гуруҳ аниқлаган энг мақбул таклифни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.

37. Ишчи гуруҳ:

Қурилиш бош бошқармаси ва ваколатли органлар томонидан ариза берувчининг объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги ижобий хулосалари билан келиб тушган материалларни қабул қилиб олинган кундан биринчи тўғридан-тўғри музокара олиб бориладиган ойнинг 1-5 санасида, 5чи санадан кейин материаллар келиб тушганда эса 15-20 саналар оралиғида ариза берувчини таклиф қилган ҳолда кўриб чиқади;

бунда, ижобий хулосалар асосида объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш ҳақидаги таклифни бошқа юридик ва жисмоний шахсларни жалб қилиш мақсадида, камида уч кун олдин Савдо-саноат палатасининг, Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида ер участкаларининг рўйхатини кўрсатган ҳолда расмий эълон қилинишини таъминлайди;

юридик ва жисмоний шахсларнинг сўровлари бўйича зарур ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этади;

тўғридан-тўғри музокарада қатнашиш учун берилган ариза берувчиларни рўйхатини шакллантиради ва қатнашувчилар ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинишини олдини олади;

ариза берувчи юридик ва жисмоний шахслар ер участкаси билан танишиши учун шарт-шароитлар яратади;

тақдим этиладиган ҳужжатларнинг намуналари билан таъминлайди ҳамда уларни расмийлаштиришда кўмаклашади;

аниқлаган энг мақбул таклифни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

38. Қурилиш бош бошқармаси томонидан Ишчи гуруҳга тақдим этилган ҳужжатларда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

Объектни жойлаштириш учун ажратилиши режалаштирилган ер участкаларининг тавсифи, фойдаланиш мумкин бўлган мақсади (савдо, хизмат ва бошқалар) ва жойлашган жойи;

 ер участкасидан фойдаланиб бўлмайдиган мақсадлари (мавжуд бўлганда);

 ваколатли органларнинг хулосалари ва қурилиш бош бошқармасининг объектни жойлаштириш мақсадга мувофиқ ёки номувофиқлиги тўғрисида якуний хулоса.

39. Объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш бўйча ҳужжатлар йиғма жилдига Ишчи гуруҳ томонидан қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ариза берувчи учун йўриқнома (кейинги ўринларда матнда “Йўриқнома” деб юритилади);

бунда, энг мақбул таклифни танлаб олишни техник қисми, тижорат қисми, шунингдек энг мақбул таклифни танлаб олиш мезонлари бўлиши керак.

40. Йўриқномада қуйидагилар бўлиши керак:

тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш тартиби ва бошқа маълумотни олиш мумкин бўлган маъсул шахснинг почта манзили, алоқа телефони, электрон почта манзили;

тўғридан-тўғри музокарада қатнашиш учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби;

таклифларини расмийлаштириш бўйича талаблар;

таклифини тақдим этиш тартиботига оид талаблар;

объектни жойлаштиришни бошлаш ва якунлашнинг тахминий муддатлари;

таклифларини баҳолаш тартиби;

 автомобиллар тўхтаб туриш жойининг, ҳудудга кириш ва ҳудуддан чиқиш йўлларининг, ер участкасини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришнинг тахминий майдонларини аниқлаштирувчи ҳужжатлар;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, шунингдек санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилиш бўйича мажбуриятлар;

маданий мерос объектларини ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни сақлашга қўйиладиган талабларга риоя этиш бўйича мажбуриятлар;

ташкил этиладиган иш ўринларининг энг кам сони бўйича таклиф;

назарда тутилаётган инвестициялар ҳажми бўйича таклиф.

41. Тўғрида-тўғри музокараларда белгиланган муддатларда қатнашиш учун қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган мурожаат тақдим этилади:

йўриқномада белгиланган талабларга мувофиқ тузилган таклифлар;

объектнинг фасадларини ва бош режасини ўз ичига олувчи лойиҳа эскизи (кундузги ва тунги вақтлардаги кўринишлари);

кўрсатиладиган савдо ёки хизматлар тури бўйича таклифлар;

лойиҳанинг талабгорнинг ўз маблағлари, шунингдек кредит ресурслари ҳисобига молиялаштириш билан таъминланганлиги тўғрисидаги маълумотлар.

Тўғридан-тўғри музокарада қатнашиш учун мурожаатга илова қилинган барча ҳужжатлар тўғридан-тўғри музокара олиб бориладиган куни тақдим этилади.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг барчаси ариза берувчининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

 Ишчи гуруҳ қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри музокара куни мурожаатни қабул қилмайди:

белгиланган муддат тамом бўлгандан кейин тақдим этилганда;

йўриқномада белгиланган талабларга риоя қилинмаган ҳолда ҳужжатлар тақдим этилганда;

мурожаатларни қабул қилиш рад этилишининг бошқа асосларига йўл қўйилмайди.

Ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинмаган ҳужжатлар, унинг қабул қилинмаслик сабабларини кўрсатган ҳолда ўша вақтнинг ўзида ариза берувчига қайтарилади.

42. Қабул қилиб олинган мурожаатлар тартиб рақамлари қўйилган махсус журналда рўйхатдан ўтказилади.

43. Ишчи гуруҳи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) ўз иш регламентини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

б) тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш кунини объектив сабабларга кўра узоғи билан навбатдаги тўғридан-тўғри музокаралар кунига қолдириш (ариза берувчиларни огоҳлантирган ҳолда);

в) келиб тушган таклифларини кўриб чиқиш ва энг мақбул таклифни аниқлаш;

г) таклифлар йўриқнома талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, ариза берувчини таклифларини рад этиш, бу ҳақда хабар бериш ва рад этиш сабабларини кўрсатиш;

д) бир нечта ариза берувчилар томонидан тақдим этилган таклифлар орасидан кўпчиликни овоз бериши йўли билан мустақил равишда энг мақбул таклифни аниқлаш;

барча тушган таклифлар йўриқнома шартларига мувофиқ бўлмаганда тўғридан-тўғри музокарани бўлиб ўтмаган деб эълон қилиш.

44. Ишчи гуруҳ қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини ҳозир бўлиш тартибида ташкил этиш;

тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш, ишчи гуруҳ аъзоларини ва ариза берувчиларни иштирок этиши учун шароит яратиш;

таклифларни йўриқнома талабларига риоя қилинган ҳолда тақдим этилганини текшириш;

тўғридан-тўғри музокараларнинг ўтказиш жараёнини назорат қилиш;

энг мақбул таклиф тақдим этган шахсни аниқлашда холисона ёндошиш;

ушбу Низом, бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бузилган, тил бириктириш ва тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш тартибини бузадиган бошқа олдиндан кўрилмаган ҳолатлар аниқланган тақдирда, музокараларни ўтказишни тўхтатиш.

 45. Таклифлар тақдим этилган мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўғридан-тўғри музокара куни кўриб чиқилади ва ушбу ҳужжатлар асл нусхалари ишчи гуруҳнинг маъсул котибида сақланади.

Барча ариза берувчилар тўғридан-тўғри музокаралар куни тақдим этилган таклифлар билан ошкора танишиб чиқиши мумкин.

46. Таклифларни баҳолаш ва энг мақбул таклифни аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

таклифларини лойиҳа эскизини баҳолаш;

ташкил этиладиган иш ўринларининг энг кам сони бўйича таклифини баҳолаш;

назарда тутилаётган инвестициялар ҳажми бўйича таклифини баҳолаш;

кўрсатиладиган савдо ва хизматлар тури бўйича таклифини баҳолаш;

лойиҳани амалга ошириш бўйича бизнес-режа (мавжуд бўлганда);

лойиҳанинг ариза берувчининг ўз маблағлари, шунингдек кредит ресурслари ҳисобига молиялаштириш билан таъминланганлиги.

Зарурият бўлганда, таклифларини баҳолаш учун ишчи гуруҳ томонидан қўшимча равишда мазкур Низомнинг 15-бандидаги ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин.

47. Ишчи гуруҳ энг яхши таклифни тақдим этган ариза берувчини энг мақбул таклиф эгаси деб эътироф этади.

48. Энг мақбул таклифни аниқлаш тўғридан-тўғри музокаралар кунида ўтказилади.

Энг мақбул таклифни аниқлаш юзасидан қарор ишчи гуруҳ аъзоларининг умумий сонининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда ишчи гуруҳ раҳбари ҳал қилувчи овозга эга бўлади.

Агар тўғридан-тўғри музокарада ишчи гуруҳ аъзоларининг камида тўртдан уч қисми қатнашса ишчи гуруҳ қарори қонуний ҳисобланади.

49. Ишчи гуруҳ тўғридан-тўғри музокарларда кўриб чиқилган таклифлар натижаларини дарҳол эълон қилади ва баён шаклида расмийлаштиради.

Баёнда:

Ишчи гуруҳнинг таркиби;

Иштирок этаётган ариза берувчилар ва уларнинг таклифлари тўғрисидаги маълумотлар;

ер участкаси жойлашган жой ва унинг майдони;

ер участкасидан фойдаланишнинг мақсади;

энг мақбул таклиф берган шахс;

овоз бериш натижалари ва ишчи гуруҳ аъзоларининг қарори;

ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини муддати, энг мақбул таклиф берган шахсни танлашга асос бўлган шартлар кўрсатилади.

Баён Ишчи гуруҳнинг барча аъзолари, энг мақбул таклиф берган шахс томонидан имзоланади ва ишчи гуруҳ раҳбари томонидан тасдиқланади.

50. Тўғридан-тўғри музокаралар натижалари расмийлаштирилгандан кейин уч иш куни мобайнида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий веб сайтига жойлаштирилади.

51. Ишчи гуруҳ тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида, тўғридан-тўғри музокаралар натижалари тўғрисидаги тасдиқланган баённи энг мақбул таклиф эгасига юборади.

52. Ўтказилган тўғридан-тўғри музокаралар натижалари тўғрисидаги протокол расмийлаштирилгандан кейин бир иш куни мобайнида Тошкент шаҳар ҳокимига тақдим этилади, ҳоким 5 кун мобайнида:

объектни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади;

ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорни ер ижара шартномасини тузиш ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатдан ўтказиш учун Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига юборади.

53. Энг мақбул таклиф эгаси ишчи гуруҳ баёнида белгиланган мажбуриятларини бажариш бош тортган ёки уни рад этган тақдирда тўғридан-тўғри музокара натижалари ишчи гуруҳ томонидан бекор қилинади ва ишчи гуруҳ қарори билан белгиланган муддатларда такрорий тўғридан-тўғри музокара ўтказилади.

Такрорий тўғридан-тўғри музокарада дастлабки музокара шартлари қайта кўриб чиқилмайди.

VI БОБ. ЕНГИЛ ТУРДАГИ ҚУРИЛМАЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ЕР УЧАСТКАСИ АЖРАТИБ БЕРИЛГАН ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ ЕР УЧАСТКАСИГА БЎЛГАН УЗОҚ МУДДАТЛИ ИЖАРА ҲУҚУҚЛАРИНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ, БЕКОР ҚИЛИШ.

54. Юридик ва жисмоний шахслар уларга ажратиб берилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларидан унинг муддати тугашидан олдин воз кечганларида;

юридик шахслар тугатилганида;

юридик ва жисмоний шахсларга ажратиб берилган ер участкасига бўлган узоқ муддатли ижара ҳуқуқи тугаганида;

объектни ишчи гуруҳ маъқуллаган эскиз лойиҳаси доирасидан четга чиққан ҳолда жойлаштирилганда;

юридик ва жисмоний шахслар мазкур низом табларига риоя қилмаганларида тугатилади.

55. Юридик ва жисмоний шахсларнинг уларга ажратиб берилган ер участкасига бўлган ҳуқуқлари, ажратиб берилган ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан ҳам тугатилиши мумкин.

56. Ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида юридик ва жисмоний шахслар бу ҳақда камида ўттиз кун олдин ёзма равишда огоҳлантирилади.

57. Мазкур низом талабларига риоя қилмаслик оқибатида юридик ва жисмоний шахсларга ажратиб берилган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги “Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 41-сонли қарорига мувофиқ туман ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш ҳудудий комиссияларининг (кейинги ўринларда матнда “туман ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар” деб юритилади) тақдимномаси ва Ишчи гуруҳнинг хулосаси асосида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан бекор қилинади.

58. Юридик ва жисмоний шахсларнинг ажратиб берилган ер участкасига бўлган ҳуқуқлари муддати тугаганида, уларнинг яна ушбу ёки бошқа ер участкасига бўлган ҳуқуқни олиш ҳақида аризаси умумий тартибда кўриб чиқилади.

VII БОБ. ЕНГИЛ ТУРДАГИ ҚУРИЛМАЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ЕР УЧАСТКАСИ АЖРАТИБ БЕРИЛГАН ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ

59. Объектни жойлаштириш учун ер участкаси ажратиб берилган юридик ва жисмоний шахслар ҳисобини Ишчи гуруҳ маъсул котиби юритади ва доимий равишда ишчи гуруҳ раҳбарига хисобот тақдим этиб боради.

60. Ишчи гуруҳ маъсул котиби енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкаси ажратиб берилган юридик ва жисмоний шахслар ҳисобини юритишда қуйидаги маълумотларни жамлаб боради:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

жисмоний шахснинг паспорт маълумотлари, доимий рўйхатда туриш манзили, телефони;

ер участкаси ажратиб берилган жой манзили;

ер участкаси ажратиб берилган Тошкент шаҳар ҳокими қарорининг сана ва рақами;

ер участкаси ажратиб берилган узоқ муддатли ижара ҳуқуқини муддати;

ер участкасига бўлган ҳуқуқни тўхтатилишининг асоси ва санаси.

61. Объектни жойлаштириш учун ер участкаси ажратиб берилган юридик ва жисмоний шахслар маълумотлар базаси очиқ бўлади.

VIII БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

62. Объектни жойлаштириш учун ер участкаси ажратиб берилган юридик ва жисмоний шахслар томонидан мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш белгиланган тартибда:

лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилиши - Тошкент шаҳри қурилиш бош бошқармаси;

объектнинг жойлаштириш бўйича қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилиши - туман ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялари;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик бўйича қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилиши - Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси;

инвестициявий мажбуриятлар қисмига мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилиши - туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

63. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

64. Объектни жойлаштириш учун ер участкаси ажратиб беришда вужудга келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Тошкент шаҳар ҳокимининг

2018 йил “___” _________даги

______-сон қарорига

2-ИЛОВА

Юридик ва жисмоний шахсларнинг енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун ер участкасини ажратиб бериш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқувчи ишчи гуруҳ таркиби

1.

Ж.Артикходжаев

-

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи,

ишчи гуруҳ раҳбари

 

2.

Қ.Арипов

-

Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари

 

3.

М.Тўрабеков

-

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси,

ишчи гуруҳ котиби

 

Ишчи гуруҳ аъзолари:

 

4.

Лавозимига кўра

-

Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари

 

5.

Б.Холматов

-

Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи

 

6.

Ғ.Расулов

-

Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармаси бошлиғи

 

7.

Н.Турсунов

-

Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи

 

8.

Ф.Махмудхўжаев

-

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

 

9.

Б.Адилов

-

Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори

 

10.

А.Тошматов

-

Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси бошлиғи

 

11.

С.Султонов

-

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи

 

Изоҳ: Ишчи гуруҳ аъзоси бошқа ишга ўтган тақдирда унинг ўрнига тайинланган шахс ишчи гуруҳ аъзоси ҳисобланади.

Низомга

ИЛОВА

Енгил турдаги қурилмаларни жойлаштириш учун муддатли фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Бажариш муддатлари

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

Ариза берувчи

 

      

1. Енгил турдаги қурилмани жойлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

 

2. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимлигига ариза беради.

        

 

ариза берувчининг

ташаббус билдирган муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

Ишчи гуруҳ

 

       

Енгил турдаги қурилмани жойлаштириш учун ер учаскасини ажратиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Қурилиш бош бошқармасига юборади.

         

 

ариза олинган кундан кейин бир кунда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Қурилиш бош бошқармаси

 

          

1. Енгил турдаги қурилмани жойлаштириш учун берилган аризани кўриб чиқади.

 

2. Енгил турдаги қурилмани жойлаштириш учун аризани кўриб чиққандан кейин уни ваколатли органлар билан келишади.

 

3.  Ер учаскаси ажратишни рад этиш тўғрисида хулосага қелинганда,  рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномани белгиланган тартибда ишчи гуруҳга юборади. 

         

 

 

 

ариза келиб тушган кундан бошлаб беш кунда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Ишчи гуруҳ

 

        

Қурилиш бош бошқармаси томонидан тақдим этилган билдиришнома асосли бўлганда бу ҳақда ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади.

       

 

билдиришнома келиб тушган санада

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

5-босқич

 

Ариза берувчи

 

      

Қурилиш бош бошқармаси ваколатли органларнинг ижобий хулосалари олиниб, ер учаскасини ажратиш мумкинлиги ҳақидаги йўланма хатини Ишчи гуруҳга юборади 

        

 

      

ариза келиб тушган кундан беш кунлик муддатда

       

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

6-босқич

 

Ишчи гуруҳ

 

      

Ер участкасини ажратиш тўғрисидаги ҳужжатларни Ишчи гуруҳнинг навбатдаги тўғридан-тўғри музокаралар ўтказадиган санасида кўриб чиқилиши ҳақида ариза берувчини ёзма хабардор қилади. 

        

 

   

Қурилиш бош бошқармасидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган куни

       

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

7-босқич

 

Ишчи гуруҳ

 

      

Ер участкасини ажратиш тўғрисидаги ҳужжатларни тўғридан-тўғри музокаралар ўтказадиган санасида кўриб чиқилади  

        

 

   

ҳар ойнинг 1-5 ёки 15-20 саналарида

       

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

8-босқич

 

Ишчи гуруҳ

 

Тўғридан-тўғри музокарада энг мақбал таклиф эгасини аниқлаш бўйича баённомани расмийлаштириш ва баённома нусҳасини энг мақбул таклиф эгасига тақдим этиш 

 

уч кунлик муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

9-босқич

 

 Тошкент шаҳар ҳокимлиги

 

Ишчи гуруҳнинг баённомаси асосида энг мақбул таклиф эгасига ер участкасини ажратиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини қабул қилиш

 

беш кунлик муддатда

 

 

 

НАМУНАЛАР

 

Умумий таклифлар

2131