ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
7988 Хокимият Ташкентской области 17/09/2019 03/10/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Республика бўйсунувидаги Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида
ID-7988

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика бўйсунувидаги шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 4 июндаги ПФ-5738-сон Фармони билан юклатилган аниқ вазифалар ижросини таъминлаш учун Олмалиқ шаҳрида 2020-2022 йилларда бажариладиган асосий тадбирлар қуйидагилар этиб белгилансин:

 биринчидан, Олмалиқ шаҳрининг Бош режасини танқидий ўрганиб, йўл-транспорт инфратузилмаси, шоҳ кўчалар, кўп қаватли уйлар қурилиши, парклар, булварлар, замонавий савдо марказлари, инфратузилма объектлари ва саноат зоналарини жойлаштириш масалаларини муҳандислик тармоқлари билан биргаликда кўриб чиқиб, таклифларни тайёрлаш ҳамда яқин 3-5 йиллик шаҳарсозлик вазифаларини белгилаб олиш;

архитектуравий қиёфани замонавийлаштириш, кўп қаватли уй-жой фондини сифат жиҳатдан яхшилаш, коммунал хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатишни жорий этиш; 

муҳандислик-коммуникация тармоқлари, хусусан ичимлик суви ва сув оқава тизимларини қайтадан қуриш, автомобиль йўллари ва ички кўчалар ҳолатини яхшилаш, шаҳар кўчаларидаги массивларда тунги ёритиш тизимларини янгидан замонавий ҳолатга келтириш;

ички ва шаҳарлараро йўналишларда ҳаракатланувчи жамоат транспортларининг янги йўналишларини ташкил этиб, аҳолига сифатли ва қулай транспорт хизматларини кўрсатишни ташкил этиш;

транспорт хизматларини кўрсатувчи янги хусусий корхоналар ташкил этиб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали замонавий жамоат транспорт воситаларини харид қилиш;

иккинчидан, шаҳарда экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли саломатлигига салбий таъсирни камайтириш чораларини кўриш, кўкаламзорлаштириш, дарахтларни ўтқазиш ва яшил майдонлар, гулзорлар ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш;

бунда, мазкур тадбирларни амалга ошириш учун шаҳарларда очиқ ва ёпиқ ер ости суғориш тизимларини барпо этиб, ирригация тармоқларини бугунги кун талабида қайта тиклаш;

учинчидан, ижтимоий соҳа муассасалари ҳолатини яхшилаш, биноларини таъмирлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, жиҳозларини янгилаш, мутахассисларни малакасини ва хизмат маданиятини ошириш орқали кўрсатиладиган хизматлар сифатини кескин ошириб, бу соҳада хусусий сектор улуши кўпайтириш;

замонавий тиббий хизмат кўрсатиш клиникалари ва ташхис марказларини барпо этиш;

хотин-қизларни турли касбларга ўргатиш ҳамда қизларни ҳаёт мактабига тайёрлашга ихтисослашган ўқув марказлари фаолиятини кенг йўлга қўйиш;

тўртинчидан, аҳолининг маънавияти ва маданиятини ўстириш билан алоқадор тизимли тадбирларни амалга ошириш, хусусан қаровсиз қолган ва зарур даражада фойдаланилмай турган маданият ва санъат саройларини янгидан таъмирлаб, соҳа учун зарур бўлган жиҳозлар билан таъминлаш;  

бешинчидан, ўсиб келаётган ёшларни спортга кенг жалб этиш учун давлат умумтаълим мактабларида самарасиз фойдаланилаётган спорт майдонларида, спорт залларида давлат шерикчилик ва бошқа асосларда ташаббускорлар, Ёшлар иттифоқи, Спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ёшларни, шунингдек ўрта ёшдаги аҳолини спортга жалб этиш;

олтинчидан, шаҳарлар ичидан оқиб ўтувчи сув бўйи ҳудудларини ободонлаштириш, аҳоли кўнгил очар масканларини, сайилгоҳларни барпо этиш;

кўп қаватли уйлар орасида сунъий қопламали футбол, баскетбол майдонлари ва майдончалари, болалар майдончалари барпо этиш ҳамда дам олиш, ҳордиқ чиқариш ўриндиқларини ўрнатиш;

еттинчидан, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун замонавий парклар барпо этилиб, уларда замонавий кўнгил очар хизмат кўрсатиш турлари ташкил этиш;

саккизинчидан, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ҳамда ишсизлик даражасини сўнгги 3 йилда 5 фоиз даражагача пасайтириш мақсадида, тадбиркорларни жалб этган ҳолда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаштармоғини жадал ривожлантириш;

саноат тармоқларини ривожлантириш учун тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажмини кескин ошириш, маҳаллий хом-ашёдан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали шаҳар иқтисодиётига валюта тушимини кўпайтириш борасида самарали ишларни ташкил этиш;

мавжуд кичик санаот зоналари иштирокчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаб, янги ҳудудларда истиқболли лойиҳаларни жойлаштириш йўли билан саноат зоналарини ташкил этиш;

тўққизинчидан, солиққа тортиш базасини кенгайтириш орқали маҳаллий бюджетга даромадлар тушумини кескин ошириш.

Олмалиқ шаҳрида 2020-2022 йилларда бажарилиши белгилаб олинган асосий тадбирларни амалга ошириш ҳамда шаҳарни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришучун мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни ўз ичига олувчи Республика бўйсунувидаги Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур деб аталади) тасдиқлансин:

Комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг молиялаштириш манбалари 1-иловага мувофиқ;

саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини комплекс ривожлантириш, саноат маҳсулотлари, жумладан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари, хусусан аёллар учун иш ўринларини яратиш, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган бино-иншоотлардан, ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини ошириш тадбирлари 2-иловага мувофиқ;

муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини жадал ривожлантиришга ҳамда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга замин яратувчи комплекс тадбирлар 3-иловага мувофиқ;

мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини моддий-техник таъминотини юқори даражага кўтариш, ушбу соҳаларда кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ҳамда қамрови даражасини кескин ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга асос яратувчи халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, маърифат бўйича комплекс тадбирлар 4-иловага мувофиқ;

ободонлаштириш, экологик муҳитни яхшилаш, шаҳар аҳолисига муносиб яшаш шароитини яратиш бўйича комплекс тадбирлар 5-иловага мувофиқ;

кўп қаватли ўй-жойларни бошқариш, аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини тубдан ошириш, ободонлаштириш ҳамда экологик муҳитни яхшилашга қаратилган тадбирлар 6-иловага мувофиқ.

2. Дастур параметрлари бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби (кейинги ўринларда – Республика ишчи гуруҳи деб аталади) 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика ишчи гуруҳи (Р.Жалилов):

тегишли давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари томонидан Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг белгиланган муддатларга амалга оширилишини таҳлил қилиб борсин ва мувофиқлаштирсин;

муаммоли масалаларни мунтазам равишда ўрганиб борсин ва уларни ҳал этиш юзасидан тезкор чора-тадбирларни кўрсин;

зарурият бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда, Дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.

3. Тошкент вилояти ҳокимлиги, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги тегишли давлат ва хўжалик бошқарув органлари, тижорат банклари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда бир ой муддатда Дастурдаги кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда тармоқ жадваллари ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

4. Тижорат банкларига Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан чет эл валютасидаги кредитлар ажратиш тавсия этилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги:

Дастурга киритилган лойиҳалар ижросини таъминлашда лойиҳа ташаббускорларига ер танлаш ва ажратишни белгиланган тартибда, бош режага асосан амалга оширсин.

6. Тошкент вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлигининг илғор ривожланган давлатлар тажрибалари асосида хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда Олмалиқ шаҳридаги “Қурувчилар” номли маданият ва истироҳат боғи (9,8 га) негизида замонавий истироҳат боғи барпо этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

7. “Олмалиқ КМК” АЖнинг:

шаҳарда экологик вазиятни юмшатиш ва яхшилаш мақсадида “Кимёгар”, “Сўфи Оллоёр”, “Ойдин”, “А.Қаҳҳор”, “Бобур”, “Мустақиллик”, “Камалак”, “Фурқат”, “А.Яссавий”, “Коинот”  маҳаллаларидамарказлашган магистрал суғориш тизимини яратиш, майдонлар, ҳиёбонлар ва йўллар четидаги ҳамда кўп қаватли уйлар олдидаги майдонларда “яшил майдон” ташкил этиш, кўп йиллик манзарали кўчат, дарахт ва гуллар экиш, майсазор ва дарахтзорларни суғориш учун ёмғирлатиб суғориш тизимини яратиш, кўчалар бўйидаги, ҳиёбонлар ва истироҳат боғлари ҳудудида мавжуд ирригация тармоқлари тизимини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, кўчалар ҳиёбонлар ва истироҳат боғлари ҳудудига замонавий энергиятежамкор тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш тўғрисидаги;

шаҳар аҳолисини узлуксиз иссиқлик таъминоти билан таъминлаш мақсадида “Иссиқлик манбаи” ИЧБни ўз тасарруфига олиш тўғрисидаги;

“Ёшлик” кони ўзлаштириш муносабати билан “Калмоқир” маҳалласидаги 946 та ҳамда комбинат чиқиндилари ташланадиган ҳудудга яқин жойлашган “Дўстлик”, “У.Носир” маҳаллалардаги 23 та хонадон эгаларини ҳавфсиз ҳудудга кўчириш ёки уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

8. “Аммофос-Максам” АЖнинг шаҳарда экологик вазиятни юмшатиш ва яхшилаш мақсадида “Ойдин”, Кўрпасой”, “С.Оллоёр” маҳаллаларида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, жумладан марказлашган магистрал суғориш тизимини яратиш, майдонлар, ҳиёбонлар ва йўллар четидаги ҳамда кўп қаватли уйлар олдидаги майдонларда “яшил майдон” ташкил этиш, кўп йиллик манзарали кўчат, дарахт ва гуллар экиш, майсазор ва дарахтзорларни суғориш учун ёмғирлатиб суғориш тизимини яратиш, кўчалар бўйидаги, ҳиёбонлар ва истироҳат боғлари ҳудудида мавжуд ирригация тармоқлари тизимини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, кўчалар ҳиёбонлар ва истироҳат боғлари ҳудудига замонавий энергиятежамкор тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

9. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Олмалиқ шаҳридаги собиқ сил касалликлари шифохонаси биносида Хиндистонлик ҳорижий инвесторлар (AKASH вa MANIPAL  HOSPITAL) томонидан кўп тармоқли марказий клиника ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги Олмалиқ шаҳрида экологик муҳитни яхшилаш, айниқса кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллалардаги майдонларда манзарали-ҳавони тозаловчи, кислород берувчи дарахтларни ўтқазиш, майсазорлар ва гулзорларни ташкил этиб, аҳолига муносиб яшаш шароитларини яратиш мақсадида, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан ишлаб чиқиб тасдиқланган схема асосида шаҳарни суғориш тизимини барпо этиш учун 2020-2022 йилларда инвестиция дастури доирасида зарур маблағларни ажратилишини таъминласин.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Олмалиқ шаҳри суғориш тизимини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Инвестиция дастурига киритган ҳолда молиялаштириш ҳамда ижрога қаратилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ҳар йилги Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда, молиялаштириш ҳажмлари ва манбааларини аниқлаштирган ҳолда, ушбу қарорга мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳаларни белгиланган тартибда киритиб борсинлар.

12. Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ҳар чорак якуни билан Дастурдаги тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича лойиҳа ташаббускорлари фаолиятининг натижадорлиги юзасидан вилоят ва шаҳар фаоллари йиғилишларида муҳокама қилсинлар ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсинлар.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари Ж.Қўчқоров, Вазирлар Маҳкамаси Республика бўйсунувидаги шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлими мудири Р.Жалилов, Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Р.Холматов ва Олмалиқ шаҳар ҳокими У.Рахимов зиммасига юклансин.

            Ўзбекистон Республикасининг

          Бош вазири

 

                                            А. Арипов

Умумий таклифлар

137