ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
7831 Центральная избирательная комиссия Республики Узбекистан 13/09/2019 28/09/2019 0

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Сайловлар ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисида йўриқнома лойиҳаси
ID-7831

ЛОЙИҲА

Сайловлар ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА

 

Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (бундан буён матнда Сайлов кодекси деб юритилади) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига (бундан буён матнда маҳалий Кенгаш деб юритилади) сайловлар ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартибини белгилайди.

I боб. Марказий сайлов комиссияси томонидан
ҳужжатларни сақлаш ва архивга топшириш

1. Қуйидаги ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясининг идоравий архивида ўн беш йил мобайнида сақланиб, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивига топширилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари, мажлис баённомалари;

б) сайлов ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар;

в) сиёсий партиялар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризалари иловалари билан бирга;

г) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига рўйхатга олинган номзодлар рўйхатлари;

д) Сенат аъзолигига номзодларни кўрсатишга доир Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар, вилоятлар ва туман (шаҳар) Кенгашлари қўшма йиғилиши баённомалари, комиссиянинг сайлов ва референдум натижалари тўғрисидаги баённомалари;

е) сайланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Қонунчилик палатаси депутатларининг, Сенат аъзоларининг рўйхатлари ва ҳисоб карточкалари;

ж) сайлов ва референдум натижалари бўйича молиявий ҳужжатлар;

з) Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган сайлов ва референдум ўтказувчи округ комиссияларининг сайлов ва референдум натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари.

2. Марказий сайлов комиссиясига сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясида улар келиб тушганидан сўнг олти ой мобайнида сақланади ва мазкур йўриқномада белгиланган тартибда йўқ қилинади.

3. Сайлов ва референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига доир Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган шикоят ва аризалар, улар юзасидан қабул қилинган қарорлар уч йил мобайнида сақланади ва мазкур йўриқномада белгиланган тартибда йўқ қилинади.

II боб. Вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси томонидан
ҳужжатларни архивга топшириш

4. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари томонидан қуйидаги ҳужжатлар сайлов якунлари расман эълон қилинганидан сўнг вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат архивларига сақлаш учун топширилади:

а) вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссияларининг қарорлари, мажлис баённомалари;

б) сиёсий партиялар раҳбарларининг Халқ депутатлари вилоят
ва Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзодларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризалари иловалари билан бирга;

в) вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига рўйхатга олинган номзодлар рўйхатлари;

г) сайланган вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларининг рўйхатлари ва ҳисоб карточкалари;

д) сайлов натижалари бўйича молиявий ҳужжатлар;

е) сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига доир шикоят
ва аризалар, улар юзасидан қабул қилинган қарорлар;

ж) Вилоят ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этилган округ сайлов комиссияларининг сайлов натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан.

5. Туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан қуйидаги ҳужжатлар сайлов якунлари расман эълон қилинганидан сўнг туман ва шаҳар давлат архивларига сақлаш учун топширилади:

а) туман (шаҳар) сайлов комиссияларининг қарорлари, мажлис баённомалари;

б) сиёсий партиялар раҳбарларининг халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши депутатлигига номзодларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризалари иловалари билан бирга; 

в) туман (шаҳар)  Кенгаши депутатлигига рўйхатга олинган номзодлар рўйхатлари;

г) сайланган туман (шаҳар)  Кенгаши депутатларининг рўйхатлари
ва ҳисоб карточкалари; 

д) сайлов натижалари бўйича молиявий ҳужжатлар;

е) сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига доир шикоят
ва аризалар, улар юзасидан қабул қилинган қарорлар;

ж) туман (шаҳар) сайлов комиссиясига тақдим этилган округ сайлов комиссияларининг сайлов натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан.

III боб. Округ ва участка сайлов комиссиялари ва
референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиялари
томонидан ҳужжатларни давлат архивига топшириш

6. Округ ва участка сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиялари томонидан қуйидаги ҳужжатлар сайлов
ва референдум якунлари расман эълон қилинганидан сўнг тегишинча вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар давлат архивларига сақлаш учун топширилади:

а) сайлов ва референдум ўтказувчи округ комиссияларининг қарорлари ва мажлис баённомалари;

б) сайлов ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлари;

в) округ комиссияларининг сайлов ва референдум натижалари тўғрисидаги баённомаларининг иккинчи нусхалари;

г) участка комиссияларининг овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларининг биринчи нусхалари иловалари билан бирга;

7. Участка сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи участка комиссиялари томонидан қуйидаги ҳужжатлар сайлов ва референдум якунлари расман эълон қилинганидан сўнг тегишинча шаҳарлар ва туманлар давлат архивларига сақлаш учун топширилади:

а) участка комиссияларининг қарорлари, мажлис баённомалари;

б) овоз бериш натижалари тўғрисидаги баённомаларининг иккинчи нусхалари;

в) фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва улар юзасидан қабул қилинган қарорлар;

г) комиссия аъзоларининг алоҳида фикрлари ҳамда бошқа ҳужжатлар

IV боб. Округ ва участка сайлов комиссиялари ва
референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиялари томонидан ҳужжатларни ҳокимликлар идоравий архивларига топшириш

8. Сайловчилар рўйхатлари (сайловчилар рўйхатларининг электрон версияси), шунингдек референдумда овоз берувчилар рўйхатлари тегишлилиги бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларига топширилиб, уларнинг идоравий архивларида навбатдаги сайлов ёки референдумга қадар фойдаланилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ чеклаб қўйиладиган ҳужжатлаштирилган ахборот сифатида сақланади.

9. Сайлов бюллетенлари, шунингдек референдумда овоз бериш бюллетенлари сайлов ёки референдум якунлари расман эълон қилинганидан сўнг тегишлилиги бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларига топширилиб, уларнинг идоравий архивларида бир йил давомида сақланади.

10. Округ ва участка сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи округ ва участка комиссияларининг молиявий ҳисоботлари сайлов ёки референдум якунлари расман эълон қилинганидан сўнг тегишлилиги бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларига топширилиб, уларнинг идоравий архивларида беш йил давомида сақланади. Кейинчалик тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар давлат архивларига топширилади.

11. Сайлов ва референдум пайтида автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган тақдирда компьютер тизимига киритилган маълумотлардан иборат бўлган, қоғозга чиқарилган матн (8-бандда кўрсатилган ҳужжатлар бундан мустасно) участка комиссияси баённомасининг иккинчи нусхасига илова қилинади ҳамда сайлов ёки референдум якунлари расман эълон қилинганидан сўнг тегишлиги бўйича шаҳар ва туман давлат архивларига топширилади.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари қўшма мажлисининг Сенат аъзолари сайлови якунлари тўғрисидаги баённомасининг иккинчи нусхаси ва Сенат аъзолари сайловини ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари архивларида сақланади.

13. Сайлов ёки референдум ўтказиш билан боғлиқ жиҳозлар шу жумладан муҳрлар, сайлов қутилари, давлат герби ва байроғи, сайлов кабиналари каби моддий қимматликлар тегишли равишда вилоят, туман
ва шаҳар ҳокимликларининг идоравий архивига масъул шахсларига топширилади ва уларнинг жавобгарлигида сақланади.

Ҳокимликларининг идоравий архивига масъул қилиб белгиланган шахслар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ёки бошқа ишга ўтган тақдирда сайлов ва референдумга оид ҳужжатлар ва қимматликлар далолатномага асосан бошқа мансабдор шахсга топширилиши шарт.

14. Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, вилоят, шаҳар ва туман архивларига ҳужжатларни топшириш Вазирлар Маҳкамасининг
2012 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги 101-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

V боб. Ҳужжатларни йўқ қилиш тартиби

15. Мазкур Йўриқнома билан белгиланган сақлаш муддати тугаб, амалий аҳамиятини йўқотган қуйидаги ҳужжатлар йўқ қилинади:

имзо варақалари;

референдумда овоз бериш бюллетенлари;

сайлов бюллетенлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига доир ҳужжатлар.

16. Амалий аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни йўқ қилиш бўйича Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида эксперт комиссиялари тузилади.

17. Имзо варақалари ва Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги эксперт комиссияси томонидан йўқ қилинади.

Сайлов бюллетенлари ва референдумда овоз бериш бюллетенлари бошқа сайлов комиссияларига келиб тушган мурожаатлар билан боғлиқ ҳужжатлар тегишинча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида эксперт комиссиялари томонидан йўқ қилинади.

18. Йўқ қилинадиган ҳужжатлар дастлабки саралаш ва экспертизани ўтказган шахслар томонидан тегишли вилоят, туман, шаҳар ҳокими тасдиқлаган далолатнома асосида йўқ қилинади (далолатнома шакли илова этилади).

19. Сайлов бюллетенлари ва референдумда овоз бериш бюллетенларини йўқ қилишда мазкур Йўриқноманинг иловасига мувофиқ намунадаги далолатнома тузилади. Мазкур ҳужжатларнинг йўқ қилингани ҳақидаги далолатноманинг бир нусхаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим қилинади.

20. Сайлов бюллетенлари ва варақалари, референдумда овоз бериш бюллетенлари ҳамда бошқа ҳужжатлар кўпи билан 2-3 кв.см. бўлакларга майдалаш йўли билан йўқ қилинади. Майдалаш учун тегишли ускуна бўлмаган тақдирда ҳужжатлар ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинади.

21. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни ва сиёсий партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этишини қўллаб-қувватлаш имзо варақалари ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинади.

22. Бегона шахсларнинг йўқ қилинаётган ҳужжатлар билан танишиши, ҳужжатларнинг уларни тиклаш мумкин бўлган даражада йўқ қилиниши истисно этилади.

VI боб. Якуний қоидалар

23. Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан келишилган.

 

 

Умумий таклифлар

101