ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
7737 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 11/09/2019 26/09/2019 3
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Сирдарё вилоятида “Binary” халқаро тадбиркорлик ва менежмент Университетини ташкил этиш тўғрисида
ID-7737

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сон “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш,тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида” Фармони ижросини таъминлаш, ҳудудларда аҳолининг тадбиркорлик саводхонлигини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг, Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида Малайзиянинг “Binary” Университети (кейинги ўринларда – ҳамкор университет) билан ҳамкорликда  Ўзбекистон халқаро “Binary” тадбиркорлик ва менежмент университетини (кейинги ўринларда - Университет) ташкил этиш бўйича таклифларига розилик берилсин.

2. Университетнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжни ҳамда амалга оширилаётган мақсадли ривожлантириш дастурларини ҳисобга олган ҳолда чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш;

хорижий мутахассисларни, шунингдек хорижда фаолият юритаётган ватандоршларимизни жалб этган ҳолда тадбиркорлик соҳасида фаолият юритувчи етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот муасасалари билан кооперацион алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ўзаро малака алмашинувини йўлга қўйиш;

республика ҳудудларида, хусусан Сирдарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича мавжуд тизимли муаммоларни фундаментал илмий-тадқиқотлар асосида ўрганиш ва тегишли ечимлар ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятларини ўрганган ҳолда илғор хорижий тажриба асосида янги тадбиркорлик йўналишларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

3. Белгилансинки:

Университетнинг умумий фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан амалга оширилади;

Университет таълим жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширади;

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалдаги мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади;

Университетда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади;

Университетга абитуриентларни қабул қилиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан белгиланади;

Университетни молиялаштириш талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

4. Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри жойлашган Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари оператив бошқариш ҳуқуқи билан Университетга берилсин.

Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқишни тамомлагунларига қадар Университетга берилган биноларда ўқишни давом эттиришлари белгилаб қўйилсин.

5. Университетнинг Васийлик Кенгаши таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Васийлик Кенгаши Университет фаолиятининг жамоатчилик бошқаруви олий органи ҳисобланади.

6. Васийлик Кенгаши ҳамкор университет билан келишган ҳолда икки ой муддатда:

Университет Уставини тасдиқласин, шунингдек, унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Университетнинг тузилмаси ва штат жадвалини тасдиқласин.

7. Университетга ўқитувчилик қилиш ва илмий иш олиб бориш учун таклиф этиладиган хорижлик профессорлар ва ўқитувчиларнинг яшаши ҳамда транспорт харажатларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича, тузиладиган шартномалар асосида ҳақ тўлашга рухсат берилсин.

8. 2022 йилнинг 1 июлигача:

Университет — барча турдаги солиқларни тўлашдан ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

Университетнинг жалб этиладиган хорижлик ходимлари — ягона ижтимоий тўловни ва жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни тўлашдан;

Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш мақсадида ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб келинадиган ускуналар, компьютер техникаси ва ташкилий техникалар, ўқитишнинг техник воситалари, адабиёт, мультимедиа маҳсулоти, инвентар ва бошқа моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Университет буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Университет буюртмаларига биноан Университет талабалари, хорижий профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

11. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Университет буюртмаларига биноан талабалари, малакали хорижий (Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган) мутахассисларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Иытисодиёт ва саноат вазири Б.А. Ходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Мажидов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                                                                     Ш.Мирзиёев


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил ____даги ПҚ-_____-сонли қарорига

ИЛОВА

Сирдарё вилоятидаги Ўзбекистон халқаро “Binary” тадбиркорлик ва менежмент университетини Васийлик Кенгаши таркиби

1.

Ж. А. Қўчқоров

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, молия вазири, Васийлик Кенгаши раиси

2.

Б.А.Ходжаев

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири, Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари

3.

И.У. Мажидов

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

4.

Ғ.Ғ. Мирзаев

Сирдарё вилояти ҳокими

5.

Б.Ш. Усмонов

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари

6.

Б.Б. Ашрафхонов

Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари

7.

А.И.Икрамов

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси

8.

Ю.Р. Джуманазаров

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Департамент бошлиғи,  Васийлик Кенгаши котиби

Умумий таклифлар

363