ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
7340 Министерство народного образования Республики Узбекистан 05/09/2019 20/09/2019 0

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Етим болалар ҳамда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун давлат тарбия муассасаларига ажратиладиган ҳомийлик маблағлари ва мол-мулкларидан фойдаланиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-7340

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги ПҚ–4185-сон “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳамда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун давлат тарбия муассасаларига ажратиладиган ҳомийлик маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарор қилади:

1. Етим болалар ҳамда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун давлат тарбия муассасаларига ажратиладиган ҳомийлик маблағлари ва мол-мулклардан фойдаланиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

 

Халқ таълими вазири

 

 

 

 

Ш. Шерматов

Тошкент ш.,

2019 йил ___ _________,

_____ -сон

 

 

 

 

 

 

 

 

Олий ва ўрта махсус таълим вазири

 

 

 

 

 

И. Маджидов

Тошкент ш.,

2019 йил ___ _________,

_____ -сон

 

 

 

 

 

 

 

 

Соғлиқни сақлаш вазири

 

 

 

 

 

 

А. Шадманов

Тошкент ш.,

2019 йил ___ _________,

_____ -сон

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Халқ таълими вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
2019 йил “____” ________даги

_____-сон қарорига

ИЛОВА

 

Етим болалар ҳамда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун давлат тарбия муассасаларига ажратиладиган ҳомийлик маблағлари ва
молк-мулклардан фойдаланиш тўғрисидаги

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4185-сонли қарорига мувофиқ етим болалар ҳамда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун давлат тарбия муассасаларига ажратиладиган ҳомийлик маблағлари ва мол-мулклардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом етим болалар ҳамда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун давлат тарбия муассасаларига (кейинги ўринларда давлат тарбия муассасаси деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

2. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида” Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 октябрдаги “Меҳрибонлик уйи тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 230-сонли қарори ва 2019 йил 22 апрелдаги Халқ таълими тизимидаги муассасаларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 344-сонли қарорлари асосида ишлаб чиқилган.

2-боб. Ҳомийлик мақсади

3. Ҳомийлик ташкилотлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар (кейинги ўринларда ҳомийлар деб юритилади) томонидан давлат тарбия муассасасига мол-мулкни, шунингдек пул маблағларини (ҳомийлик хайриялари) қайтармаслик шарти билан ёки имтиёзли шартларда беришда, ишларни бажаришда, хизматлар кўрсатишда ва бошқача шаклда қўллаб-қувватлашда ифодаланадиган ихтиёрий беғараз ёрдамлар кўрсатилиши мумкин.

4. Давлат тарбия муассасаларига ҳомийлик қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилиши мумкин:

тарбияланувчиларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш,

тарбияланувчиларнинг моддий аҳволини яхшилаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва уларга маънавий-руҳий ёрдам кўрсатиш;

болаликни ҳимоя қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва уларнинг маънавий камол топишига кўмаклашиш;

турли маданий-маърифий, спорт ва бошқа кўринишдаги дам олиш дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш;

давлат тарбия муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга.

Ҳомийлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мақсадларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

3-боб. Ҳомийлик Кенгаши

5. Ҳар бир давлат тарбия муассасасида амалга оширилган ҳомийлик ёрдамларининг тўғри сарфланишини таъминлаш мақсадида Ҳомийлик кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) тузилади.

6. Кенгаш 7 кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат қуйидаги таркибда тузилади:

кенгаш раиси – муассаса директори;

кенгаш котиби – муассаса касаба уюшмаси раиси;

кенгаш аъзолари - директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари, бош ҳисобчи, тиббиёт ходими, юмшоқ буюмлар бекаси, 1 нафар тажрибали тарбиячи.

7. Кенгашнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ҳомийлик ёрдамларини тегишли далолатнома асосида қабул қилиш ва мақсадли сарфланиши таъминлаш;

ҳомийлик ва хайрия маблағлари, мол-мулкларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат олиб бориш.

8. Кенгаш ҳар чоракда бир марта йиғилади. Зарур ҳолларда навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин. Кенгаш йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади.

9. Кенгаш йиғилишида унинг умумий аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этганда Кенгаш қарор қабул қилиши мумкин.

 

4-боб. Ҳомийликни қабул қилиш тартиби

10. Ҳомийлар ҳомийликни амалга ошириш учун дастлаб давлат тарбия муассасаси Кенгаши аъзолари билан учрашиб, уларга ҳомийлик мақсадини маълум қилади.

11. Ҳомийлик мақсадига аниқлик киритилгандан сўнг ҳомийдан қабул қилинган беғараз ёрдам, жумладан пул, озиқ-овқат маҳсулоти, маиший техника ва бошқалар муассасасининг тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларига ва балансига кирим қилинади.

12. Ҳомийлар давлат тарбия муассасаси тарбияланувчилари билан учрашиб, уларнинг шахсан ўзларига рухсат этилган товар-моддий бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини Кенгаш аъзолари иштирокида тарқатиши мумкин.

13. Ҳомийлар томонидан давлат тарбия муассасасининг олиб келинган товар-моддий бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотларга эҳтиёжи бўлмаган тақдирда, давлат тарбия муассасаси раҳбарияти ушбу товар-моддий бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилмаслиги мумкин.

14. Ҳомийлар Кенгаш билан келишган ҳолда муассасада хайрия тадбирларини шунингдек, маънавий-маърифий, спорт ва бошқа тадбирлар ташкил этиши ва болалар учун меҳмондорчилик дастурхонини ёзиши мумкин.

Давлат тарбия муассасасига ташқаридан тайёр таомлар олиб кириш таъқиқланади. Дастурхонга қўйиладиган таомлар давлат тарбия муассасаси ҳудудида тайёрланиши лозим.

15. Дастурхонга қўйиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари давлат тарбия муассасасининг тиббиёт ходими томонидан белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилиши шарт.

16. Кенгаш аъзолари ҳомийлик асосида қабул қилинган товар-моддий бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли далолатнома тузиш йўли билан расмийлаштиради. Далолатномани расмийлаштиришда ҳомий томонидан ўзи тўғрисидаги маълумотларнинг киритилишини хохламаган тақдирда, ҳомийнинг исми шарифи ўрнига “номаълум шахс” дея кўрсатилади.

17. Далолатнома расмийлаштирилгандан сўнг, ушбу далолатнома давлат тарбия муассасаси бухгалтериясига тақдим этилади.

Шунингдек, ҳомийлик ёрдами сифатида қабул қилинган товар-моддий бойликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган тартибда кирим дафтарига қайд этиб борилади.

18. Давлат тарбия муассасасида ходимлар, тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан турли хил сабаблар билан Кенгаш аъзолари, давлат тарбия муассасаси директори ва бошқа ходимлари томонидан пул маблағларини ҳомийлик мақсадида йиғиш қатъиян тақиқланади.

 

5-боб. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи

 

19. Бухгалтерия ҳисобини юритиш шунингдек, ҳомийликдан тушадиган маблағларнинг кирим қилиниши ва сарфланиши тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

20. Ҳомийлар томонидан давлат тарбия муассасига кўрсатилган ҳомийлик маблағларининг барча суммаси, агар ҳомий билан махсус ўзгача ҳол келишилмаган бўлса, бюджет ташкилотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга сарфланади.

6-боб. Якуний қоидалар

21. Ушбу Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.

Умумий таклифлар

383