ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
7270 Государственный комитет Республики Узбекистан по лесному хозяйству 04/09/2019 19/09/2019 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида “Яшил қопламалар”– ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш ҳамда Мўйноқ шаҳрини кўкаламзорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-7270

Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида экологик муҳитни барқарорлаштириш ҳамда табиий мувозанатни тиклаш мақсадида “Яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ва Мўйноқ шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бунинг учун, 2018 йил қиш ва 2019 йил баҳор мавсумларида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ташаббуси билан 2 та самолёт, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят ҳокимликлари ташаббуси билан 500 та техника ва 2000 нафар ишчи-ходимлар жалб этилди.

Натижада, ушбу ҳудудда 1126 минг гектар майдон экишга тайёрланиб, 461 минг гектарда ўрмон барпо қилиш ишлари амалга оширилди, жумладан 93 км масофада ҳимоя тўсиқлари ташкил этилиб, келгуси экиш мавсумларида ушбу ҳудуддаги экиш ишларини давом эттириш учун 420 гектар майдонда саксовул ниҳолхоналари ташкил этилди.

Бундан ташқари, Мўйноқ шаҳрида қатор ижтимоий-маданий, саноат ҳамда соғломлаштириш объектлари, кўп қаватли ва намунавий уй-жойлар қурилиб, йўл инфратузилмаси яратилди ва манзарали дарахтлар экилиши ҳисобига кўкаламлаштириш ишлари амалга оширилди.

Келгусида ушбу ҳудудда амалга ошириладиган тадбирларни самарали ташкил этиш билан бирга Мўйноқ шаҳрини кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Орол денгизининг суви қуриган тубида “Яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари (кейинги ўринларда “Яшил қопламалар” деб аталади) барпо этишни давом эттириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019-2020 йилларда:

“Яшил қопламалар” барпо этиш параметрлари 1-иловага мувофиқ;

чўл ўсимликлари уруғлари тайёрлаш ҳажмлари 2-иловага мувофиқ;

“Яшил қопламалар” барпо этишни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббускор ташкилотлар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (Абдуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Сариев) ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Бакиров) билан биргаликда бир ой муддатда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудини хатловдан ўтказсин, бунда:

тупроқ типларини ва шўрланиш даражасини ўрганилишига алоҳида эътибор қаратилсин;

2019-2020 йилларда “Яшил қопламалар” барпо этиладиган майдонларни аниқласин ва харитасини ишлаб чиқсин;

2019-2020 йилларда “Яшил қопламалар” барпо этиладиган ер майдонларини доимий фойдаланиш учун давлат ўрмон фондига ўтказиб берилишини таъминласин.

4. “Яшил қопламалар” барпо этиш учун истисно тариқасида:

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги ўрмон хўжалиги органлари — буюртмачи ва пудратчи этиб;

“Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда “Ўрмонлойиҳа” ДУК деб аталади) — бош лойиҳачи этиб белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

а) “Яшил қопламалар” барпо этиладиган ҳудудларни ўрмон хўжаликларининг имкониятидан келиб чиқиб бириктирилишини, “Яшил қопламалар” амалга ошириладиган ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорлари ўз муддатида ва сифатли барпо этилиши назорат қилинишини таъминласин;

“Яшил қопламалар” барпо этиладиган ўрмон хўжаликлари ходимларига Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибига асосан белгиланган тартибда компенсация харажатлари тўланиши назарда тутилишини таъминласин;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019 йилнинг куз-қиш ва 2020 йил давомида жами 700 минг гектар майдонда “Яшил қопламалар” барпо этилишини ташкил этсин;

в) “Ўрмонлойиҳа”ДУК томонидан:

ўрмон хўжаликларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилган майдонларда лойиҳа-қидирув ишлари ўтказилишини, ўрмон барпо қилишга яроқли ер майдонларини аниқлаш ва ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича режа ишлаб чиқилишини;

режага асосан ўрмон барпо этиш усулларини, ҳар бир ўрмон хўжалиги бўйича ўрмон барпо этишга зарур бўладиган техниканинг сони ва турлари, хомашё ва бажариладиган ишлар ҳажми бўйича смета харажатларининг аниқ ҳисоб-китоби ишлаб чиқилишини;

ўрмон барпо этиш ишларида лойиҳани бажарилиши бўйича назорат ўтказилишини таъминласин.

6. Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджетининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобига ажратиладиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

 халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида “Яшил қопламалар” барпо этишни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига “Яшил қопламалар” барпо этиш учун 2019-2020 йиллар давомида Молия вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси олдидаги “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг қарздорлиги ҳисобидан
босқичма-босқич маблағ ажратилиши тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

8. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2019-2020 йилларда халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлари грант маблағларини жалб этишни жадаллаштирсин ва амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар ой якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси “Яшил қопламалар” барпо этиш учун:

Тизим ташкилотларидан кўшимча 1000 нафар ходим жалб этилишини;

Ишчиларни озиқ-овқат ва махсус кийим-кечаклар билан таъминлашини;

чўл ўсимликлари уруғларини захирасини жамғаришни ва экиш учун узлуксиз етказиб беришни;

зараркунандаларга қарши курашиш воситалари билан таъминлашни;

вақтинчалик бино ва иншоотлар қуришни;

авиация, алоқа ва бошқа хизматларини жалб этишни;

зарурий техника ва асбоб-ускуналарни сотиб олишни ва бошқа тадбирларни мувофиклаштириб борсин.

Бунда, “Яшил қопламалар” барпо этишда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизим ташкилотларига юқоридаги тадбирларни ташкиллаштириш учун зарурий маҳсулот (ишлар, хизматлар) харид қилишда, уларни етказиб берувчилари билан, истисно тариқасида тўғридан-тўғри шартнома тузиш ҳуқуқи берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг “Яшил қопламалар” барпо этиш учун зарур бўлган сарф-ҳаражатларни инобатга олган ҳолда ҳисоб-китоблари асосида 2019-2020 йилларда молиялаштириш харажатлар сметасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.

11. “Яшил қопламалар” барпо этишдаги ташкилий масалаларни ҳал этиш учун:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши – ишчи ходимларни ичимлик суви етказилишини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Транспорт вазирлиги билан биргаликда – заруратга кўра кичик аэродромлар ташкил этилишини;

Транспорт вазирлиги – ишчи ходимларни ҳудуддаги яшаш жойидан иш жойигача бўлган масофага ташиш учун 20 дона автобус ва уруғ ташиш учун 10 дона юк ташиш транспорт воситаларини ҳудудга етказилишини;

Энергетика вазирлиги – ишчиларни яшаш шароитини иситиш ва овқатланишини ташкиллаштириш учун етарли миқдорда газ баллонлар ва сиқилган газ етказилишини;

Иқтисодиёт ва саноат, Энергетика, Молия вазирликлари ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ биргаликда – зарурий талабдан келиб чиқиб, ёқилғи мойлаш маҳсулотларини лимити ажратилишини ва белгиланган имтиёзли нархларда узлуксиз етказиб берилишини;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги – “Яшил қопламалар” барпо этилаётган ҳудудда зарур алоқа воситаларидан фойдаланиш учун
шарт-шароитларни яратилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги давлат дастури асосида эълон қилинган амалий илмий-техник лойиҳалар ва инновацион ишланмалар танлови доирасида Оролбўйи минтақасида экологик ҳолатни яхшилаш, Орол фожиасининг салбий оқибатларини камайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини самарали муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон хўжалигини ривожлантириш муаммолари билан боғлиқ фундаментал, амалий, илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларга ўрнатилган тартибда экспертиза хулосалари олингандан кейин грант маблағлари йўналтирилишини таъминласин.

13. Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги қўмитаси, Мўйноқ туман ҳокимлиги билан биргаликда Мўйноқ шаҳрини кўкаламзорлаштириш учун мос бўлган дарахт кўчатларини етиштириш, тайёрлаш, экиш ва парваришлаш ишларини тизимли ташкил этсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж. Бакиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р. Сариевлар зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                    Бош вазири                                                       А. Арипов

                    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил ____-сентябрдаги ___________-сонли қарорига 1-илова
                           
Орол денгизининг суви қуриган худудида 2019-2020 йилларда "Яшил қопламалар" - ҳимоя ўрмонзоралари барпо этиш ҳажмлари
                           
                        минг гектар
Дарахт ва бута турлари Жами 2019-2020 йилларда ўрмон барпо қилиш тадбирлари: шу жумладан:
2019 йил куз 2020 йил баҳор 2020 йил куз
жами шундан: жами шундан: жами шундан: жами шундан:
уруғдан кўчатдан уруғдан кўчатдан уруғдан кўчатдан уруғдан кўчатдан
1 саксовул 356,5 256,5 100,0 114 84,5 29,0 115,0 83,0 32,0 128,0 89,0 39,0
2 қандим 130,0 130,0   70 70,0         60,0 60,0  
3 қорабуроқ 213,5 213,5   62,5 62,5   75,0 75,0   76,0 76,0  
  жами: 700 600 100 246 217,0 29,0 190,0 158,0 32,0 264,0 225,0 39,0
        Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил ____-августдаги ___________-сонли қарорига 2-илова
           
Орол денгизининг суви қуриган худудида 2019-2020 йилларда "Яшил қопламалар" барпо этиш учун чўл ўсимликлари уруғлари тайёрлаш ҳажмлари
          тонна
Дарахт ва бута  турлари Жами 2019-2020 йилларда тайёрланадиган уруғ миқдори шу жумладан
2019 йил куз мавсумида 2020 йил баҳор мавсумида 2020 йил куз мавсумида
1 Саксовул 1026 338 332 356
2 Қандим 520 280   240
3 Қарабуроқ 854 250 300 304
  Жами 2400 868 632 900

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ____-августдаги __________-сонли қарорига 3-илова

 

Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019-2020 йилларда “Яшил қопламалар” барпо этишни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббускор ташкилотлар рўйхати

 

  1. Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджетининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан;
  2. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди;
  3. Ўзбекистонда Оролбўйи минтақаси учун БМТ нинг инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Жамғармаси (Трастфонд);
  4. Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар
  5. Халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар маблағлари
  6. Юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари

Умумий таклифлар

285