ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
7229 Министерство финансов Республики Узбекистан 31/08/2019 15/09/2019 18

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини таъминлаш ҳамда ер участкаларининг олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида
ID-7229

ЛОЙИҲА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини таъминлаш ҳамда ер участкаларининг олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 3 августдаги  5491-Ф-сон фармойишига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйиш ер эгасининг ҳамда ердан доимий фойдаланувчининг розилиги билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳалқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг қарори асосида ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ амалга оширилиши белгилансин.
  2. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар ҳамда нотурар жой объектларини бузиш тўғрисида қарор, объектнинг бозор қиймати ва олиб қўйилиши сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин қабул қилинади.
  3. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни ўрнини мол-мулк бериш, ер ажратиш ёки марказлашган жамғармалар ҳисобидан маблағ ажратиш орқали тўлиқ қопланишини таъминлаш мақсадида ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида - 3 та ходим;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигида - 2 та ходимдан иборат шўъба (кейинги ўринларда шўъба деб юритилади) ташкил этилиши;

шаҳар ва туман ҳокимликларида 1 та мутахассис штат бирлиги киритилиши белгилансин.

Бунда, шўъба фаолиятини бевосита мувофиқлаштириш тегишлича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

  1. Қуйидагилар янги ташкил этиладиган шўъба ва хокимлик мутахассисларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

           бузилиши режалаштирилаётган объектларни бузиш учун қонуний асос мавжудлигини ўрганиш ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишини таъминлаш;

           бузилиши режалаштирилган ҳудуддаги турар ва нотурар жойлар рўйхатини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш учун асослантирувчи ҳужжатларни шакллантириш;

           турар ва нотурар жойларни, иншоотларни бузиш натижасида етказилган зарарларни қоплаш манбаси ҳамда қоплаш учун етарли даражада мулк ва маблағларнинг мавжудлигини ўрганиш;

           давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш мақсадида кўриб чиқиб қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига тақдим қилиш;

           қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш, адлия ва прокуратура органлари билан биргаликда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни тўлиқ қоплангандан кейин объектларни бузилишини назорат қилиш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибида ташкил этилаётган шўъба билан биргаликда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат мулкини бошқариш агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бўйича фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш ва мониторинг қилиш юзасидан маълумотлар алмашинуви базасининг Ягона дастурий мажмуасини шакллантирсин.
  2. “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом
    1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
    26 декабрда 1047-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                  Бош вазири                                                              А.Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил ___ _________даги ____-сон қарорига
1-ИЛОВА

 

 

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида

 

 

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

  1. Мазкур тартиб ер участкаси ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш
    ва доимий фойдаланишдаги ҳуқуқни фуқаролар ва юридик шахслардан давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилаётган турар ва нотурар жойлар, иншоотлар
    ва кўчириб ташланган дов-дарахтлар ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқ учун фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарларни тўлов миқдорини ҳисоблаб чиқиш ва қоплаб бериш тартибини белгилайди.
  2. Ер участкаси ёки унинг бир қисмини (кейинги ўринларда ер участкаси деб аталади) давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйиш ер эгасининг, ердан доимий фойдаланувчининг розилиги билан ердан вақтинча фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича — тегишли равишда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар
    ва шаҳарлар Кенгашларининг қарори асосида ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Бунда асосий эътибор:

муайян ҳудудда фуқароларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда талаб юқори бўлган ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик объектларни қуришни назарда тутувчи давлат дастурлари, йирик инвестиция ва бошқа лойиҳаларни ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда амалга ошириш;

ер участкалари олиб қўйилишида уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари билан очиқ муҳокамалар ўтказган ҳолда, биринчи навбатда, эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар (маданий мерос тоифасига кирадиган объектлардан ташқари) билан банд бўлган ер участкаларини танлаб олиш;

тегишли ҳокимлар томонидан ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари, инвестиция ва бошқа ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиш учун ушбу ҳудудда жойлашган турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг розилигини олиш ҳамда ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби, турлари, миқдори
ва муддатларини, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини кўчмас мулк объектларининг мулкдори, манфаатдор ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органи ўртасида тузиладиган ёзма келишув билан белгиланишига қаратилади.

Ер эгаси, ердан доимий фойдаланувчи, ердан вақтинча фойдаланувчи ва ижарага олувчи ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида тегишли Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда ушбу қарор устидан юқори турувчи давлат ҳокимияти органларига ёки судга шикоят қилиши мумкин.

  1. Ер участкасини олиб қўйиш ва турар ҳамда нотурар жойлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш (кейинги ўринларда объектлар деб аталади) тўғрисидаги тегишли халқ депутатлари кенгаши қарори фақат қуйидаги мақсадларда қабул қилинади:

ўрнатилган тартибда тасдиқланган бош режаларга, шунингдек шаҳарлар ва посёлкаларнинг аҳоли пунктлари ва микротуманларини батафсил режалаштириш лойиҳаларини амалга ошириш;

мудофаа ва давлат хавфсизлиги учун ерларни тақдим этиш;

автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолларда.

Юқорида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, турар ҳамда нотурар жойларни, иншоотларни асоссиз бузилишига ва дов-дарахтларнинг кўчириб ташланишига йўл қўйилмайди.

  1. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар ҳамда нотурар жой объектларини бузиш тўғрисида қарор, объектнинг бозор қиймати ва олиб қўйилиши сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин қабул қилинади.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади
ва кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида марказлашган жамғармага ундириб олинади.

 

2-боб. Фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжи ҳамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйиш тартиби

 

  1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
    ва Тошкент шаҳар ҳамда шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари тасдиқланган бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳасига асосан аҳоли пунктлари ва улардан ташқари ҳудудларда турар ҳамда нотурар жойларни, иншоотларни бузиш ҳамда янги қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш ишларини олиб борилишига рухсат беришни сўраб тегишли Халқ депутатлари Кенгашига ёки Вазирлар Маҳкамасига мурожаат этади.

Мурожатга қуйидагилар илова қилинади:

тасдиқланган бош режа, режалаштириш лойиҳасидан кўчирма;

бузилишга тушадиган турар ва нотурар жойлар, иншоотларнинг рўйхати;

тўлаб бериладиган компенсация тури ва маблағининг миқдори тўғрисидаги маълумот;

ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган ҳудуддаги фуқаролар ва юридик шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганлиги бўйича расмийлаштирилган йиғилиш баёни нусхаси.

  1. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар Кенгашларининг қарорига мувофиқ Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйиш ва етказилган зарарларни қоплаш бўйича мурожаатларни ўрганиш ҳамда тегишли хулосалар олиш мақсадида доимий ишловчи Ишчи гуруҳ тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Республика ишчи гуруҳи 1-иловага, Қорақолпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман (шаҳар) ҳокимликларида 2-иловага мувофиқ ҳудудий ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб юритилади) ташкил этилади.

Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси кўчмас мулк объектларини бузиш ишларини энг кам даражада амалга ошириш юзасидан таклиф киритиш, давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйилаётган ер эгасининг (ердан фойдаланувчи, ижарачи) розилигини таъминлаш мақсадида компенсация миқдори ва унинг турини белгилаш ҳамда баҳолаш хужжати ва келишув қарорига мувофиқ зарарни тўлиқ қоплаб берилишига амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

  1. Ишчи гуруҳ аъзолари тегишлиги бўйича ўн иш куни ичида хулоса беради:

бузиш режалаштирилаётган объектлар тасдиқланган бош режа
ва батафсил режалаштириш лойиҳаси асосида амалга оширилаётганлиги, эскирган ва авария ҳолатидаги турар ва нотурар жой объектлари мавжудлиги, бошқа бузиш ҳамда янги қурилиш билан боғлиқ барча ҳолатларни тўлиқ ўрганиш; (тегишлилиги бўйича қурилиш вазирлиги, унга қарашли ҳудудий бошқарма, бўлимларнинг хулосаси)

мурожаатда қайд этилган ҳудудларда буш бўлган ер майдонидан фойдаланиш имконияти, турар ва нотурар жойларни, иншоотларнинг
ва уларга тегишли ер участкаларининг эгалари тўғрисидаги маълумотларни ҳаққонийлигини ва кадастр ҳужжатини мавжудлигини ўрганиш; (тегишлилиги бўйича давергеодезкадастр қўмитаси, унга қарашли ҳудудий бошқарма, бўлимларнинг хулосаси)

турар ва нотурар жой эгалари (мулкдорлар) билан очиқ муҳокама ўтказган ҳолда турар ва нотурар жойлар иншоотлар рўйхатини тўлиқ шакллантирилганлиги ўрганиш; (туман ва шаҳар ҳокимлиги, адлия, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи хулосаси)

    турар ва нотурар жойларни, иншоотларни бузиш натижасида  етказилиши мумкин бўлган зарарларнинг дастлабки миқдорини ўрганиш; (туман ва шаҳар ҳокимлиги, давлат активларини бошқариш агентлигига қарашли бошқармаси, баҳоловчи ташкилотнинг хулосаси);

    турар ва нотурар жойларни, иншоотларни бузиш натижасида етказилган зарарларни қоплаш манбаси, қоплаш учун етарли даражада маблағ ёки мулк мавжудлиги ўрганиш; (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар, туманлар (шаҳар) ҳокимлиги, молия бошқармаси хулосалари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бузилаётган объектлар бўйича республика марказлашган жамғармасидан қопланиши мумкин маблағлар миқдори тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хулосаси);

    тадбиркорлик, кўп қавватли уй-жойларни қуриш, бозорлар
ва бошқа тижорат фаолиятини амалга ошириш мақсадида олинаётган ер участкаси, турар ва нотурар жой объекти бузиш натижасида етказилган зарарни қоплаб бериш тўғрисида янги мулкдор ёки тадбиркорнинг кафолат хати, банк ҳисоб рақамидаги маблағи миқдорини ўрганиш; (туман ва шаҳар ҳокимлиги, тижорат банклари хулосаси).

    Зарурат бўлганда ишчи гуруҳи раҳбарининг хати асосида бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлардан тегишли хулоса олиниши мумкин.

    Ишчи гуруҳ томонидан тўпланган хулоса, маълумот ва хужжатлар адлия органларининг якуний хулосаси асосида қарор чиқариш учун тегишли халқ депутатлари Кенгашига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

  1. Ишчи гуруҳнинг хулосасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси
    ва тегишли халқ депутатлари Кенгашлари ер участкасини олиб қўйиш ҳамда турар ва нотурар жойлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлашни мақуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
  2. Тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ер участкасини олиб қўйиш, турар ва нотурар жойлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарори нусхасини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, ер участкаси, турар ва нотурар жойлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
  3. Вилоят, туманлар (шаҳарлар) халқ депутатлари кенгаши томонидан ер участкаси олиб қўйилиши ва ер участкасида жойлашган турар ва нотурар жойлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин юқорида кўрсатиб ўтилган турар ва нотурар жойлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар бошқа шахсларга берилиши мумкин эмас.

 

 

3-боб. Ер участкалари, турар ва нотурар жойлар, иншоотлар ва кўчириладиган дарахтларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари хамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйилиши муносабати фуқароларга ва юридик шахсларга қоплаб бериладиган компенсация турлари ва ҳисоблаш тартиби

 

  1. Ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилади:

    фуқароларга ва юридик шахсларга уй-жой майдонидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш
ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш;

    бузилаётган ер участкаси, турар ва нотурар жойлар, бино
ва иншоотлар ҳамда дов-дарахтлар қийматини марказлашган ҳудудий жамғарма маблағидан қоплаш;

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бузилаётган ер участкаси, турар ва нотурар жойлар, бино ва иншоотлар ҳамда дов-дарахтлар қийматини марказлашган республика жамғарма маблағидан қоплаш;

    ер участкасини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой бериб, бузилаётган турар ва нотурар жойлар (квартиралар), иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўлиқ тўланган ҳамда ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган бошқа зарарларни қоплаган ҳолда, фуқароларга якка тартибда
уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш;

    давлат ёки жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида жисмоний ва юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк, бино ва иншоотлари, ер участкаси, қўшимча ер участкаси бериш ҳисобига қоплаш;

    фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бузилиши лозим бўлган турар ва нотурар жойлар, иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш;

фуқароларга ва юридик шасхларнинг кўп йиллик ижарага олинган ерлари, бино ва иншоотлар, дов-дарахтларини давлат ёки жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни ер участкаси, қўшимча ер участкаси бериш ҳамда дов-дарахтлар қийматини тўлаш;

    фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган, кимошди савдоси асосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси бериш;

    хусусий мулк бўлган ер участкасини давлат ёки жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйилиши натижасида жисмоний
ва юридик шахсларга етказилган зарарлар, мол-мулк бериш, ер участкаси ажратиш, марказлашган жамғарма маблағи, тадбиркорлик фаолияти учун олинган бўлса тадбиркор маблағи ҳисобига тўлиқ қоплаб берилади.

  1. Ер участкалари, турар ва нотурар жойлар, иншоотлар
    ва кўчириладиган дарахтларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари хамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйилиши муносабати фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарлар миқдорини ҳисоблаш мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан амалга оширилади.

    Бунда турар ҳамда нотурар жойлар, иншоотларни, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкаларидаги кўп йиллик дов-дарахтларни баҳолаш компенсация маблағи ҳисобидан қоплаб бериш шарти билан ариза берувчининг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

    Баҳоловчи ташкилотлар томонидан:

    турар ва нотурар, иншоотларнинг умумий ҳолати, қурилиш конструкцияси (бетон, ғишт, лой ғишт, пахса), қурилиш материаллари, турар ва нотурар жой, иншоотни эскириш фоизи, қўшимча бажарилган қурилиш ишлар;

    яроқли чиқиш мумкин бўлган қурилиш материаллар;

    турар ва нотурар жойлар, бино, иншоотлар ҳамда ер участкасидаги дов-дарахтларни баҳолаш ҳудудда жойлашган турар ва нотурар жой объектларининг ўртача бозор қийматлари билан таққосланган ҳолда амалга оширишга эътибор қаратилиши шарт.

  1. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳар) ҳокимлигида Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қопланиши мувофиқлаштириш” шўъбаси (кейинги ўринларда шўъба деб аталади) мутахассисларига тақдим этилади.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида ташкил этилган шўъба — Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш  бўйича - мувофиқлаштирувчи ишчи орган (кейинги ўринларда ишчи органи деб аталади) ҳисобланади.

Ишчи орган ва ишчи гуруҳ томонидан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни хаққонийлиги ўрганиш зарурияти юзага келганда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар Кенгашларининг розилик хати асосида экспертлар кенгаши томонидан эксперитизадан ўтказилади.

  1. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан турар ва нотурар жой, иншоотлар ва ер участкаларининг баҳолаш қийматидан келиб чиқиб, охирги
    уч йиллик мол-мулк ва ер солиғи Давлат солиқ органлари томонидан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, тафовут ундирилади.
  2. Бузилаётган турар ва нотурар жойлар (квартиралар)ни, олиб қўйилаётган участкадаги бошқа иморатлар ва иншоотларни (ўзбошимчалик билан қурилганлардан ташқари) бузишдан олинган барча яроқли материаллар тўловни мулкдорга тўлиқ тўлаётган ҳокимлик ёки бошқа ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи) ихтиёрида қолади. Ҳокимлик ихтиёрида қолган барча материаллар аукционда сотиш орқали марказлашган ҳудудий жамғармага ўтказилади.

Шунингдек, мулкдорга бериладиган бузишдан олинган материаллар қийматини бузиш вақтида амалда бўлган бозор нархлари бўйича уларнинг эскирганлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши ҳамда келишув қарори асосида баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот суммасидан чегирилиши мумкин.

 

4-боб. Ер участкаларининг давлат ёки жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун турар ва нотурар жойларни олиб қўйилиши муносабати етказилган зарарларни қоплаш тартиби

 

  1. Фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни ўрнини мол-мулк бериш, ер ажратиш ёки марказлашган жамғармалар ҳисобидан маблағ ажратиш орқали тўлиқ қопланади.
  2. Ер участкаларининг давлат ёки жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаро ва юридик шахсларнинг мулки бўлган турар жойлар (квартиралар) бузилган тақдирда мулк эгасининг танлашига кўра ҳамда томонларнинг келишуви хатига асосида тенг қийматли бошқа қулай уй-жой мулк қилиб берилади ҳамда
    дов-дарахтларнинг қиймати тўланади ёхуд бузилаётган турар жойлар (квартиралар), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қиймати тўланади.

Берилаётган турар жойнинг тенг қийматга эгалиги мулкдорнинг бузилаётган турар жойи (квартираси) нархига тенг миқдорда белгиланади.

Бузилаётган турар жой (квартира) қиймати берилаётган турар жой қийматидан ортиқ бўлган тақдирда мулкдорга тафовут тўланиши ёки мулкдордан ундирилиши мумкин.

  1. Бузилаётган турар жой (квартира) эгасининг мол-мулкини янги квартирага ташиш иморат қурувчининг ёки олиб қўйилаётган ер участкаси ўзига ажратиб берилган бошқа ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи)нинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
  2. Юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар ва нотурар жойлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйиш натижасида етказилган зарар унга аввалгисига тенг қийматли
    мол-мулк берилиши, мулкдорлигининг розилик хатига асосида қўшимча ер участкаси бериш, марказлашган ҳудудий жамғарма маблағлари ҳисобидан тўлиқ маблағ ажратиш ҳисобига қопланади.

Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар, ер участкалари мулкдорларига зарарларни ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши кўрган зарарни қоплаш Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ амалга оширилади.

  1. Ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида жисмоний ва юридик шахсларга давлат эхтиёжи учун етказилган зарарлар халқ депутатлари кенгаши қарорига мувофиқ тегишли Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари фармойиши асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Низомда кўрсатилган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар Кенгашларининг қарори тегишли худудий марказлашган жамғарманинг мавжуд маблағлари доирасида қабул қилиниши лозим.

Туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгаши томнидан бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ёки Қорақалпоғистон Республикаси молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармаси хулосаси билан бирга қарори нусхасини етказилган зарарларни қоплаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳузуридаги марказлашган ҳудудий жамғарма кузатув кенгашига тегишли қарор қабул қилиш тўғрисида мурожаатнома юборилади.

Марказлашган ҳудудий жамғарма кузатув кенгаши ишчи органи (шўъба) хужжатларни тўлиқлигини текшириб, кузатув кенгаши йиғилишига қарор қабул қилиш учун киритади ҳамда қарор юзасидан барча тегишли хужжатларни расмийлаштиради. Кузатув кенгаши зарарларни қоплаш юзасидан қарор қабул қилади.

Етказилган зарарларни қоплаш юзасидан маблағ ажратиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан Кузатув кенгаши тақдимномасига асосан қабул қилган қарор ёки фармойишлари асосида амалга оширилади.

  1. Олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ва бошқа тадбиркорларга, ажратиб берилган тақдирда турар ва нотурар жой қийматини тўлаш, уйлар (квартиралар) бериш ва вақтинчалик турар жой бериш, шунингдек янги жойга кўчиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш тегишли туманлар (шаҳарлар) халқ депутатлари қарорига кўра ушбу корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.
  2. Ўзбошимчалик билан барпо этилган, кадастр хужжати мавжуд бўлмаган турар ва нотурар жойлар, иншоотлар қиймати тўланмайди.

 

5-боб. Фуқароларга ва юридик шахсларга бузиладиган турар ва нотурар жой (квартира) ўрнига ер участкаси бериш тартиби ва шартлари

 

  1. Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун олиб қўйилиши муносабати билан турар ва нотурар жойлар (квартиралар) бузилганда мазкур жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг хоҳишига кўра олдинги ер участкасига тенг миқдорда ер участкаси берилади. Бундан ташқари, ер участкаси эгаси, мулкдорнинг аризаси асосида компенсация тўлови сифатида қўшимча ер участкаси ажратилиши мумкин.
  2. Бузилаётган турар ва нотурар жой (квартира) мулкдори ер участкаси олиш бўйича бузиш тўғрисида билдиришнома олингандан кейин бир ой муддатда тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига олдинги ер участкасига тенг миқдорда ер участкаси ажратиш тўғрисида ариза бериши керак. Ер участкасини ажратилишида оиланинг таркиби, доимий яшаётганлар сони ва ижара шартномаси асосида вақтинча турар жойга бўлган эҳтиёжлар инобатга олинмайди.
  3. Уй (квартира) якка тартибда уй-жой қуриш учун мулкдорга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан ва ер участкаси ажратилгандан, шунингдек, ер участкасини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилгандан кейин бузилиши мумкин.

Бунда, ижара тўлови фақат турар жой эгалари учун тўлаб берилади.

 

6-боб. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби роия этилишини назорат қилиш ва жавобгарлик

 

  1. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартибига роия этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қаршиш курашиш департаменти ва Молия вазирлиги таркибидаги Давлат молиявий назорати департаменти томонидан амалга оширилади.
  2. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил ___ _________даги ____-сон қарори билан тасдиқланган Низомга 
1-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйиш ва етказилган зарарларни қоплаш бўйича мурожатларни ўрганиш бўйича республика Ишчи гуруҳи

 

ТАРКИБИ

 

1.

 

 

2.

 

 

3.

 

 

А. Раматов

 

 

М.Истамов

 

 

Э.Йўлдошев

-

 

 

-

 

 

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Транспорт вазири, Ишчи гуруҳ раҳбари

 

Адлия вазири биринчи ўринбосари – Ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори  ўринбосари –

 

 

4.

А. Абдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

 

5.

Б. Закиров

-

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири

 

6.

Ғ. Маматкулов

-

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирининг  ўринбосари

 

7.

Ё.Турсунов

-

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари

 

8.

М.Мирзаев

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

 

9.

 

 

А.Хайдаров

 

-

Давлат мулкини бошқариш агентлиги бошлиғи

9.

Лавозимга кўра

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шўъба мудири  

 

Изоҳ. Республика жамғармаси кузатув кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

          Зарурат бўлганда Ишчи гуруҳи раҳбарининг кўрсатма хати асосида бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлардан тегишли хулоса олиниши мумкин.

 

 

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил ___ _________даги ____-сон қарори билан тасдиқланган Низомга 
2-ИЛОВА

 

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ер участкаларининг олиб қўйиш ва етказилган зарарларни қоплаш бўйича мурожатларни ўрганиш бўйича ҳудудий Ишчи гуруҳи

ТАРКИБИ

 

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Тошкент шаҳар ва вилоятлар, туманлар ва шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари

2.  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда  шаҳарлар адлия бошқармаси (бўлими) бошлиқлари  – Ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари

3. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар  ҳамда шаҳарлар прокурори ўринбосари

4. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси (бўлими) бошлиқлари

5. Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар қурилиш бош бошқармаси (бўлими) бошлиқлари

6. Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси (бўлими) бошлиқлари

7. Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар молия бош бошқармаси (бўлими) бошлиқлари

8. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар давлат солиқ бошқармаси (бўлими) бошлиқлари

9. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари

10. Давлат мулкини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг шўъба мудири (шаҳар ва туманларда мутахассис)

 

Изоҳ. Ҳудудий ишчи гуруҳи  аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

          Зарурат бўлганда Ишчи гуруҳи раҳбарининг кўрсатма хати асосида бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлардан тегишли хулоса олиниши мумкин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “
___”  _________
____ - сон буйруғига
2-ИЛОВА

 

 

Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

 

1. 3-банддаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармонига” деган сўзлар “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 3 августдаги Ф-5491-сон фармойиши”га деган сўзлар билан алмаштирилсин.

2. 5-бандда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи  хатбоши билан тўлдирилсин:

“қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан.”.

3. 6-бандда:

қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

 “тадбиркорларга тижорат ва бошқа мақсадларда ажратилган ерларда бузилган объектлар бўйича тадбиркорлик субъектларининг маблағлари”.

 “қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан.”.

4. 8-банднинг учинчи хатбошида “Тошкент шаҳар” сўзларидан кейин “халқ депутатлари кенгаши ва” сўзлари қўшилсин.

5. Қуйидаги мазмундаги 121-банд билан тўлдирилсин:

“Етказилган зарарларни қоплаш ҳудудий жамғармалар маблағлари ҳисобидан тегишли равишда жамғармалар кузатув кенгашларининг қарорларига асосан маблағ келиб тушган туман ва шахарларга ажратилади, зарур ҳолларда ҳудудий ҳудудий кузатув кенгаши илтимосномасига асосан Республика жамғармаси кузатув кенгаши розилиги билан бошқа туман ва шаҳарларда етказилган зарарларни қоплаш учун йўналтирилади.”.

6. 13-банд иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (янги ташкил этилган шуъба) республика жамғармаси кузатув кенгашининг, Қорақалпоғистон Республикаси (Вазирлар кенгаши), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари эса — ҳудудий жамғармалар кузатув кенгашларининг ишчи органи ҳисобланади.”.

7. 14-банд биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Республика жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан ва ҳудудий жамғармалар ҳудудий молия органлари билан биргаликда:”.

8. 17-банддаги “зарур ҳужжатларни” деган сўзлардан кейин “4-иловага мувофиқ”  деган сўзлар қўшилсин.

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил ____ _________ ____-сон қарорига
3-ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган
айрим қарорлари
рўйхати

 

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори.

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 1 августдаги ПФ-5495-сон Фармони)” 2018 йил 27 ноябрдаги 963-сонли қарори иловасининг 4-банди.

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2011 йил 25 майдаги 146-сонли қарори 3-иловасининг 2-қисми.

Умумий таклифлар

1926