ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
6929 Агентство по управлению государственными активами Республики Узбекистан 26/08/2019 10/09/2019 1
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Бузилиши мўлжалланган биноларни баҳолаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида
ID-6929

Бугунги кунда республикада шаҳарлар, қишлоқлар ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва янада ривожлантириш бўйича ишлар фаол олиб борилмоқда. Бунда тураржой ва нотураржойларнинг бир қисми, шу жумладан дарахтлари бор ер участкалари (бундан буён бинолар деб аталади) бузилиш зонасига тушиб қолмоқда. Биноларни бузишда мулкдорларга етказиладиган зарар миқдорини аниқлаш мақсадида бузиладиган биноларнинг мустақил баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳоланиши амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бир қатор ҳолларда бузилаётган бинони номуносиб ва нотўғри баҳолаш, унинг нархини ошириб юбориш ҳолатлари учрамоқда. Баъзи бир ҳолларда баҳолаш мулкдорларнинг розилигисиз бинолар бузиб ташлангандан кейин амалга оширилмоқда.

Биноларни бузишни ўтказишда баҳолашнинг бузилаётган мулк эгалари қонуний ҳуқуқларини ҳисобга оладиган ҳолда адолатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар эътиборга олинсин:

биноларни баҳолаш қатъиян кадастр ҳужжатлари асосида амалга оширилади;

кадастр ҳужжатларида акс эттирилмаган бинолар баҳолаш объектига киритилмайди;

кадастр ҳужжатларида бўлмаганда биноларни баҳолашни ўтказишга йўл қўйилмайди.

2. Белгилансинки:

баҳолаш буюртмачиси фақат бинонинг мулкдори бўлади. Бино мулкдорининг баҳолашни ўтказиш билан боғлиқ харажатлари кейинчалик унга тўланадиган зарар суммасига киритилади;

баҳолаш объектини такроран баҳолашга йўл қўйилмайди;

баҳолаш натижаларидан норози бўлинган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ баҳолаш ҳақида ҳисоботнинг тўғрилиги экспертизаси ўтказилади;

баҳолаш ҳақида ҳисоботнинг тўғрилиги экспертизасини ўтказиш буюртмачиси фақат Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бўлиши мумкин;

битта баҳолаш объпектини такроран баҳолашни амалга оширган баҳоловчи ташкилотлар лицензияларининг амал қилиши Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан суд қарорисиз тўхтатилади.

3. Бузилиши мўлжалланган биноларни баҳолаш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мажбурий тартибда, бузишни бошлашдан олдин бинолар мулкдорлари билан бузиладиган биноларни баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш вазифалари юклатилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳақиқий вазиятдан келиб чиқиб, бузиш зонасига тушган биноларни хатловдан ўтказиш ва уларга тегишли кадастр ҳужжатлари ва ҳуқуқни ўрнатувчи ҳужжатларни расмийлаштиришни таъминласин.

6. Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси ва Ўзбекистон баҳоловчилари жамияти ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ўн кун муддатда тураржой бинолари тикланиш қийматининг, жумладан, хусусий ва кўп хонадонли уйларнинг замонавий қурилиш ва меъморлик тенденцияларини ҳисобга оладиган яхлитланган (катталаштирилган?) кўрсаткичларини қайта кўриб чиқиш ва янгилашни таъминласин.

7. Давлат активларини бошқариш агентлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига мазкур қарорлар келиб чиқадиган қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳақида таклифларни киритсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев зиммасига юклатилсин.

Бош вазири Ўзбекистон Республикаси А. Арипов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил «___» ________ йилдаги _____-сон
қарорига илова

Бузилиши мўлжалланган биноларни баҳолаш тартиби

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу тартиб олиб қўйиладиган ер участкасида жойлашган, бузилиши мўлжалланган тураржой ва нотураржой биноларини, дала ҳовли участкаларини, кўп қаватли уйлардаги квартираларни, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқларини, нотураржой биноларидаги дов-дарахтларни ва қишлоқ хўжалиги мақсадларидаги объектларни (бундан буён бинолар деб аталади) мулкдорларга етказиладиган зарарни қоплаш мақсадида баҳолаш тартибини белгилайди.

2. Бузилиши мўлжалланган биноларни баҳолаш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Тураржой ва Ер кодекслари, Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом”, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган  “Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари ижарачилари ва мулкдорларининг кўрган зарарларини, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом” Мулкни баҳолаш миллий стандартлари 1-сон МБМС “Баҳолашнинг умумий тушунчалари ва принциплари” (рўйхат рақами 1604, 24.07.2006й), 2-сон МБМС “Бозор қиймати баҳолаш базаси сифатида” (рўйхат рақами 1605,

24.07.2006й.) ҳамда 10-сон МБМС “Кўчмас мулк қийматини баҳолаш” (рўйхат рақами 2044, 18.11.2009 й.) талабларига мувофиқ амалга оширилади.

3. Баҳолаш объектлари бузилиши мўлжалланган тураржой ва нотураржой бинолари бўлиб, улар ўз ичига олиб қўйилаётган ер участкаларига бўлган мулкий ҳуқуқларни, олиб қўйилаётган ер участкасида бузилиш пайтида бўлган дов-дарахтларни (бундан буён баҳолаш объекти деб аталади) олади.

4. Баҳолаш объектининг бозор қиймати аниқланиши керак. Бунда баҳолаш объектининг қиймати бу объект олиб қўйилишидан, ёки унинг олиб қўйилиши ҳақидаги хабар объект қийматига таъсир кўрсатишидан бевосита олдинги пайт ҳолатига аниқланади.

5. Баҳолаш объектини баҳолаш қонун ҳужжатларига мувофиқ баҳолаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияга эга баҳоловчи ташкилотлар томонидан олиб борилади. Баҳолашнинг Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази томонидан ўтказилишига йўл қўйилмайди.

6. Баҳоловчи ташкилотлар баҳолаш объектини мулкдор билан тузилган баҳолаш ҳақидаги шартномада белгиланган, аммо бузиш ҳақидаги қарор санасидан эрта бўлмаган санага баҳолайдилар.

7. Баҳолаш ҳақидаги ҳисобот у мулкдорга берилган санадан эътиборан олти ой давомида ҳақиқий деб тан олинади. Агар мулкдорга пуллик компенсация олти ойдан ўтгандан кейин ҳам тўлаб берилмаган бўлса, баҳолаш объекти қайта баҳоланиши лозим. Янги баҳолаш санаси сифатида мулкдор такроран баҳолашни ўтказишни сўраб мурожаат қилган ойнинг 1-чи санаси қабул қилинади.

8. Баҳолаш ташкилотлари ва баҳоловчилар ўз фаолиятида мустақилдир. Буюртмачи ёки учинчи шахсларнинг баҳолаш жараёнига аралашиши ёки босим ўтказиши тақиқланади.

9. Баҳолаш буюртмачиси фақат баҳолаш объектининг мулкдори ёки унинг ишончли шахси (бундан буён мулкдор деб аталади) бўлиши мумкин, у баҳолаш ташкилотлари билан баҳолаш объпктини баҳолаш ҳақида шартнома тузади.

10. Қуйидагиларга:

Баҳолаш объектига кадастр ҳужжатлари (шу жумладан ҳуқуқни ўрнатувчи ҳужжатлар) бўлмаганда баҳолашни ўтказишга;

Баҳолаш объекти таркибига кадастр ҳужжатлари акс эттирилмаган биноларни киритишга йўл қўйилмайди.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари (бундан буён ҳокимлик деб аталади) баҳолаш буюртмачиси бўлишга ва баҳоловчи ташкилотлар билан баҳолашни ўтказиш ҳақида шартномалар тузишга ҳақли эмас.

12. Мулкдор баҳолаш натижаларидан норози бўлган тақдирда, у баҳолаш ҳақидаги ҳисоботни уч кун муддатда Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси ва Ўзбекистон баҳоловчилари жамияти томонидан тузилган Жамоат эксперт кенгашига ёки унинг ҳудудий бўлинмасига (бундан буён эксперт кенгаши деб аталади) шартнома асосида юборади. Баҳолаш натижаларини кўриб чиққанлиги учун эксперт кенгашига мулкдор баҳолаш ҳақидаги ҳисобот эксперт кенгашига юборилган кунда амалда бўлган базавий ҳисоб-китоб миқдорининг бир баравари миқдорида ҳақ тўлайди.

13. Эксперт кенгаши олинган баҳолаш ҳақидаги ҳисоботни беш иш куни ичида кўриб чиқади ва баҳоловчига ҳисобот бўйича эътирозлар ва тавсияларни юборади. Зарурат бўлганда эксперт кенгаши йиғилишига баҳолаш ҳақидаги ҳисоботи кўриб чиқилаётган баҳоловчи таклиф қилиниши мумкин. Баҳоловчи уч иш куни мобайнида баҳолаш ҳақидаги тузатилган ҳисоботни ёки, эътирозлар ва тавсиялардан норози бўлса, асосланган жавобни тақдим этиши лозим. Кўриб чиқилган баҳолаш объектини баҳолаш ҳақидаги ҳисобот хусусидаги эксперт кенгашининг қарори бу қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда мулкдорга юборилади.

14. Эксперт кенгаши баҳолаш ҳақидаги ҳисоботнинг баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эмаслиги ҳақида қарор қабул қилган тақдирда, эксперт кенгаши уч кун муддатда ушбу қарорни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига (бундан буён Агентлик деб аталади) юборади. Олинган эксперт кенгаши қарори асосида Агентлик уч кун муддатда баҳолаш ҳақидаги ҳисобот суд томонидан нотўғри деб тан олингунга қадар тегишли баҳолаш ҳақидаги ҳисоботни тузган баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида қарор чиқаради. Агентлик баҳоловчи ташкилотни қабул қилинган қарор ҳақида уч кун муддатда хабардор қилади.

15. Мулкдор баҳолаш объектини баҳолаш ҳақидаги ҳисоботни ҳокимликка ҳисоботни олган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация олиш учун тақдим этади.

16. Хокимлик баҳолаш ҳақидаги ҳисоботдан норози бўлган тақдирда, уч кун муддатда бошқа баҳоловчи ташкилот билан мулкдор тақдим этган баҳолаш ҳақидаги ҳисоботнинг тўғрилигини экспертиза қилиш ҳақида қонунчиликка мувофиқ шартнома тузади, тўлов ҳокимликнинг бюджетдан ташқари ва бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Экспертизанинг Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази томонидан ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Ҳокимлик томонидан баҳолаш объектини такрор баҳолашни ўтказиш уун бошқа баҳоловчи ташкилот билан шартнома тузиши тақиқланади.

17. Ҳокимлик ва/ёки мулкдор экспертиза натижаларидан норози бўлган тақдирда, баҳолаш объектини баҳолаш ҳақидаги ҳисобот ва ушбу ҳисобот бўйича эксперт хулосаси улар томонидан уч кун муддатда шартнома асосида эксперт кенгашига юборилади. Баҳолаш натижалари кўриб чиққанлиги учун эксперт кенгашига баҳолаш ҳақидаги ҳисобот ва/ёки экспертиза хулосаси эксперт кенгашига юборилган кунда амалда бўлган базавий ҳисоб-китоб миқдорининг бир баравари миқдорида ҳақ тўланади;

18. Эксперт кенгаши беш иш куни мобайнида олинган баҳолаш объектини баҳолаш ҳақидаги ҳисоботни ҳамда у бўйича эксперт хулосасини кўриб чиқади ва баҳоловчиларга баҳолаш объектини баҳолаш ҳақидаги ҳисобот ва/ёки эксперт хулосаси бўйича эътирозлар ва тавсияларни юборади. Зарурат бўлса, эксперт кенгаши йиғилишига баҳолашни ва экспертизани ўтказган баҳоловчилар таклиф этилиши мумкин. Баҳоловчилар уч иш куни мобайнида тузатилган ҳисоботни ёки/ва тузатилган эксперт хулосасини, ёхуд, эътирозлар ва таклифлардан норози бўлган тақдирда, асосланган жавобни тақдим этишлари шарт. Кўриб чиқилган баҳолаш объектини баҳолаш ҳақида ҳисобот ва у бўйича эксперт хулосаси хусусидаги эксперт кенгашининг қарори бу қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда ҳокимликка ва мулкдорга юборилади.

19. Эксперт кенгаши ҳисобот бўйича эксперт хулосаси баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эмаслиги ҳақида қарор қабул қилган тақдирда, эксперт кенгаши уч кун муддатда ушбу қарорни Агентликка юборади. Олинган эксперт кенгаши қарори асосида Агентлик уч кун муддатда эксперт хулосаси суд томонидан нотўғри деб тан олингунга қадар тегишли эксперт хулосасини тузган баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида қарор чиқаради. Агентлик ушбу баҳоловчи ташкилотни қабул қилинган қарор ҳақида уч кун муддатда хабардор қилади.

20. Мулкдор ёхуд ҳокимлик эксперт кенгаши қароридан норози бўлган тақдирда, мулкдор ёхуд ҳокимлик уч кун муддатда баҳолаш объектини баҳолаш бўйича материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 28 июлдаги 161-сон “Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш механизмини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ судга юборади.

21. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 28 июлдаги 161-сон “Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш механизмини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ суд баҳолаш объектини баҳолаш бўйича материалларни Агентликка юборади.

22. Баҳолаш объектини баҳолаш бўйича материалларни кўриб чиқиш натижалари суд сўровига кўра Агентлик томонидан тегишли қарорни чиқариш учун судга юборилади.

Суд қарорининг натижаларига кўра Агентлик қонунчиликка мувофиқ лицензияларининг амал қилиши тўхтатиб қўйилган баҳоловчи ташкилотларга нисбатан тегишли қарор қабул қилади.

23. Суд қарори ҳокимлик учун мулкдорга бузиш натижасида етказилган зарар учун пуллик компенсация тўлаш учун асос бўлади.

2-боб. Баҳолашни ўтказиш тартиби

24. Баҳолаш объектини баҳолаш қуйидаги босқичлардан иборат:

баҳолаш объектини баҳолаш ҳақида шартнома тузиш;

мулкдор ва баҳоловчи ташкилот ўртасида кадастр ҳужжатлари асосида баҳолашни ўтказишга топшириқни белгилаб олиш;

ахборотни тўплаш ва таҳлил қилиш;

баҳолашга ёндашувларни танлаш, асослаш ва қўллаш;

натижаларни қўлланилоган баҳолашга ёндашувларни келишиб олиш;

баҳолаш объектининг якуний қийматини белгилаш;

баҳолаш ҳақида ҳисобот тузиш.

25. Баҳолашга топшириқ мулкдор томонидан баҳоловчи ташкилот билан биргаликда тузилади ҳамда баҳолаш объктини баҳолаш ҳақидаги шартномага илова сифатида расмийлаштирилади. Баҳолашга топшириқда қуйидагилар бўлиши керак:

баҳолаш объектининг таърифи;

баҳолаш санаси;

баҳолаш мақсади (мақсадлари) ҳамда баҳолаш натижаларидан мўлжалдаги фойдаланиш;

баҳолаш мақсадига мувофиқ келадиган қиймат тури;

фаразлар ва чекловчи шартлар;

мулкдор ёки бошқа ваколатли шахс тақдим этиши лозим бўлган дастлабки ахборот рўйхати;

баҳолаш ишларини олиб бориш муддатлари.

Баҳолашнинг мақсади ва баҳолаш объектининг хусусиятларига қараб, баҳолашга топшириқда бошқача ахборот ҳам бўлиши мумкин.

26. Баҳоловчи баҳолаш объекти ҳақидаги ахборотни ва бозор ахборотини баҳолашга ёндашувлар ва баҳолаш усулларини танлаш ва қўллаш учун зарур ва етарли бўлган ҳажмда тўплайди ва таҳлил қилади.

27. Мулкдор баҳоловчига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

Баҳолаш объектига кадастр ҳужжатлари, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва у ҳақда тузилган битимлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома;

баҳоланаётган баҳолаш объектининг конструктив ва ҳажмли-тарх тавсифлари ҳақида ахборотга эга ҳужжатлар;

ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;

ҳокимият органларининг ер участкасини бериш (ажратиш) ҳақидаги қарори.

Баҳолаш мақсади ва баҳолаш объектининг хусусиятларига қараб баҳоловчи баҳолаш жараёнида бошқа керакли қўшимча ахборотни сўраши мумкин.

28. Баҳоловчи ташкилот баҳоловчиси мулкдор билан биргаликда:

баҳолашни бошлашдан олдин баҳолаш объектини инвентаризация қилади;

ҳақиқий мулкнинг кадастр ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлайди.

Ажратилган ер участкасида кадастр ҳужжатларида кўрсатилмаган ёки ноқонуний қурилма сифатида кўрсатилган иморатлар аниқланганда баҳоловчи мулкдорни ушбу иморатлар баҳолаш объекти таркибига киритилиши ва баҳоланиши мумкин эмаслиги ҳақида хабардор қилиши керак. Баҳоловчи томонидан мулкдорнинг розилигисиз баҳолаш объекти таркибидан кадастр ҳужжатларида кўрсатилмаган иморатларни чиқариб ташлашга йўл қўйилмайди.

Баҳоловчи мулкдорга кадастр ҳужжатларини янгилаб, унга барча мавжуд иморатларни киритишни тавсия этиши керак. Бунда баҳолаш жараёни кадастр ҳужжатларини қайта баҳолаш ва янгиланган кадастр ҳужжатларини тақдим этиш вақтига тўхтатиб турилади. Кадастр хизматлари ушбу иморатларни кадастрга киритишлари ва уларни белгиланган тартибда қонунийлаштиришлари шарт.

29. Баҳоловчи томонидан баҳолаш объектини кўздан кечиришда яхшиланишларнинг тавсифлари ва ҳақиқий ҳолати ҳақида маълумотларни тўплаш мақсадида у текширувдан ўтказилади. Бунда қуйидагилар аниқланиши керак:

асосий қурилиш конструкцияларининг типи;

асосий қурилиш материалларининг тури;

геометрик тавсифлар;

қурилиш конструкциялари ва муҳандислик ускуналарининг ҳақиқий ҳолати.

Лойиҳа-смета ҳужжатлари бўлганда ҳақиқий конструктив ечимлар, ишлатилган қурилиш материаллари ва қурилиш-монтаж ишлари ҳажмлари ҳужжатларда кўрсатилганлар билан солиштирилади.

Лойиҳа-смета ҳужжатлари бўлмаганда баҳолаш объектининг геометрик тавсифлари кадастр ҳужжатларидан олинади.

Конструктив элементлар, муҳандислик тизимлари ва ускуналарининг ҳақиқий ҳолати ташқи кўздан кечириш йўли билан аниқланади.

30. Баҳоловчи қўшимча тарзда бозор ахборотини тўплаши ва таҳлил қилиши лозим, бу ахборот:

баҳолаш объекти жойлашган минтақада кўчмас мулк бозорини ҳамда баҳолаш объекти тегишли кўчмас мулк бозори сегментини;

баҳолаш объектининг жойлашган жойини (атроф-муҳитнинг жорий тавсифлари, атрофдаги ҳудудларни ривожлантириш режаларини).

31. Баҳолаш объектини баҳолашни ўтказишда баҳоловчи баҳолашга даромад ёндашуви, қиёсий ёндашув ва харажат ёндашувини қўллаши ёки қўллашни рад этганини асослаб бериши лозим.

32. Баҳолашга ҳар бир ёндашув доирасида усулларни танлаш баҳоловчи томонидан баҳолаш мақсадини, ахборотнинг борлиги ва тўлиқлигини ҳисобга олган ҳолда мустақил амалга оширилади.

33. Баҳолаш объектининг харажат ёндашуви билан аниқланадиган қиймати, жамғарилган эскиришни чегирган ҳолда, ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқлар қийматидан ҳамда тикланиш қиймати ёки тадбиркорнинг фойдасини ўз ичига оладиган ўрнини босувчи яхшиланишлар қийматидан иборат.

34. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқлари қиймати сотувларни қиёсий таҳлил қилиш усули билан бозор ахбороти асосида ёки ажратиш усулида баҳоланади. Бозор ахбороти бўлмаганда ер рентасини капиталлаштириш усули қўлланилади.

35. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқлари бозор қийматида баҳоланиши керак. Олиб қўйилаётган ер участкаси ҳуқуқи ўрнига ер участкасига бўлган ҳуқуқ бериладиган тақдирда берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати аниқланиши керак. Олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда ушбу кўрсатилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бозор қийматлари ўртасидаги фарқ аниқланади, у мулкдорга қоплаб берилиши лозим.

36. Тикланиш қиймати ёки яхшиланишларни ўрнини босиш қиймати баҳолаш объектини қуриш бошланиши ҳолатига лойиҳа-смета ҳужжатлари бўлганда баҳолаш санаси ҳолатига базис-индекс усулида аниқланади. Баҳолаш объектини қуриш бошланиши ҳолатига лойиҳа-смета ҳужжатлари бўлмаганда унинг тикланиш қиймати ёки алмаштириш қиймати баҳолаш санаси ҳолатига Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Иморатлар тикланиш қийматининг йириклаштирилган кўрсаткичлари тўплами бўйича қиёсий бирлик усули билан аниқланади.

37. Бинолар жисмоний эскириши миқдори мазкур Тартибга иловага мувофиқ аниқланади.

38. Тадбиркор фойдаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг баҳолаш санасидаги қайта молиялаштириш ставкасига тенг миқдорда олинади.

39. Якка тартибда тураржой иморатларини қуриш учун ажратилган ер участкасидаги мева бермайдиган дов-дарахтлар фақат харажат ёндашуви билан баҳоланади.

Мева берадиган дов-дарахтлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари ижарачилари ва мулкдорларининг кўрган зарарларини, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ баҳоланади.

40. Қиёсий ёндашув 10-сон МБМС “Кўчмас мулк қийматини баҳолаш”да назарда тутилган тартибда қўлланилади. Бунда аналоглар сони учтадан кам бўлмаслиги керак. Тураржой биноларини таққослашда умумий майдонга фақат тураржой майдони қўшилади. Қиёсий ёндашув билан тураржой бинолари бўйича олинган қийматга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган тураржой иморатлари қўшилади, улар харажат ёндашувида ҳисобланади.

41. Тураржой уйлари, дала ҳовли участкалари ёки квартираларни баҳолашни ўтказишда даромад ёндашуви ушбу иморатлар мулкдор томонидан ижарага бериш учун фойдаланилаётгани ҳақидаги ҳужжатлар тақдим этилганда қўлланилади. Бунда ижара ставкалари қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган шартномалардан келиб чиқиб қабул қилинади. Даромад ёндашуви билан баҳолаш 10-сон МБМС “Кўчмас мулк қийматини баҳолаш”да назарда тутилган тартибда қўлланилади. Даромад ёндашуви билан баҳолаганда фақат тураржой бинолари майдони ҳисобга олинади. Тураржой уйларини ҳисоблашда капиталлаштириш ставкаси республиканинг барча минтақалари учун 20 фоиз даражасида белгиланади. Тураржой кўчмас мулки бўйича даромад ёндашуви билан олинган қийматга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган нотураржой иморатлари қўшилади, улар харажат ёндашуви билан ҳисобланади.

42. Баҳолаш объктининг бозор қиймати ҳақида асосланган хулоса чиқариш учун баҳоловчи тураржой ва нотураржой кўчмас мулки бозори, баҳолаш объектининг жойлашган жойи ва баҳолаш объектининг тавсифлари ҳақидаги ахборотни йиғиши ва таҳлил қилиши керак.

Қурилиш материаллари ва қурилиш-монтаж ишларининг қиймати ҳақида ахборотни таҳлил қилишда Давлат статистиеа қўмитасининг қурилиш-монтаж ишларининг қимматлашиши индексларидан фойдаланилади. Давлат статистика қўмитасининг ахбороти бўлмаганда мазкур минтақада ёки унга туташ минтақада қурилиш материалларининг улгуржи бозоридаги баҳоловчи ёки мулкдор томонидан тасдиқланган нархлар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланилиши керак.

43. Баҳолаш натижаларини келишиб олиш 10-сон МБМС “Кўчмас мулк қийматини баҳолаш”га мувофиқ амалга оширилади.

3-боб. Баҳолаш натижаларининг баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини тасдиқлаш

44. Баҳолаш ҳақидаги ҳисоботни мулкдорга тақдим этишдан олдин ушбу ҳисоботни тузган баҳоловчи ташкилот ҳисоботни баҳолаш натижаларининг баҳолаш фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқлиги тасдиғини ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсияларни олиш учун эксперт кенгашига юбориш ҳуқуқига эга.

45.  Баҳолаш ҳақида ҳисоботни тузган баҳоловчи ташкилот ҳисобот кўриб чиқилгани учун эксперт кенгаши берган ҳисобрақамга баҳолаш ҳақидаги ҳисобот эксперт кенгашига юборилган кун ҳолатида амалда бўлган базавий ҳисоб-китоблар миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим тўлайди.

46. Эксперт кенгаши юборилган ҳисоботни уч иш куни давомида кўриб чиқади ҳамда баҳоловчи ташкилотга баҳолаш фаолияти ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига номувофиқликларни бартараф этиш учун тақдим этади.

47. Баҳоловчи ташкилот эксперт кенгаши тавсияларини бажаришдан бош тортган тақдирда баҳолаш ҳақида ҳисобот нусхаси тавсиялар билан бирга Агентликка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 28 июлдаги 161-сон “Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш механизмини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ баҳолаш ҳақидаги ҳисоботнинг тўғрилигини экспертиза қилиш учун юборилади.

4-боб. Якуний қоидалар

48. Эксперт кенгашининг аъзолари баҳоловчи тақдим этган ҳужжатларда мавжуд махфий ахборотни тарқатишга ҳақли эмас.

49. Эксперт кенгашининг аъзолари иш давомида ўзларига маълум бўлиб қолган баҳоловчилар ҳақидаги ахборотни фош қилишга ҳақли эмас.

50. Мазкур Вақтинчалик тартиб талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Бузилиши мўлжалланган
биноларни баҳолаш
Тартибига илова

Бузилиши мўлжалланган биноларнинг жисмоний эскириши

Таъмирлашга тахминий харажатлар, тикланиш қийматига нисбатан фоизларда

Техник ҳолатининг асосий тавсифи

Техник ҳолати

Жисмоний эскириш, фоиз

0

Евро услубда таъмирланган янги иморат.

евро

0 – 3

1 – 5

Иморат аъло даражада таъмирланган, ёриқлар, деформациялар, томдан сув ўтиши ва ҳоказолар белгилари йўқ.

Аъло

4 – 7

6 – 11

Шикастланган ва деформацияланган жойлар йўқ. Жорий таъмир билан бартараф этиладиган майда нуқсонлар бор, улар конструктив элементдан фойдаланишга таъсир кўрсатмайди. Тўсувчи конструкциялар нуқсонларга эга. Шикастланишлар таъмирлаш жараёнида осон бартараф этилади.

Яхши

8 – 20

12 – 36

Конструктив элементлар умуман олганда фойдаланиш учун яроқли. Баъзи элементлар учун капитал таъмир талаб қилинади.

Қониқарли

21 – 40

37 – 90

Иморатнинг таянч элементлари жиддий шикастларга эга. Алоҳида элементларни мустаҳкамлаш ёки янгиларига алмаштириш талаб этилади. Конструктив элементлардан фақат жиддий капитал таъмирлаш шарти билан фойдаланиш мумкин.

Қониқарсиз

41 – 60

91 – 120

Таянч конструкцияларнинг аксарияти авария ҳолатида. Уларни мустаҳкамлаш мақсадга номувофиқ, иқтисодий фойдали эмас, улар янгиларига тўлиқ алмаштирилиши зарур. Тўсувчи конструкциялар эскирган (чириб кетган?) ва бутунлай алмаштирилиши талаб қилинади.

Эскирган

61 – 80

Умумий таклифлар

227