ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
6928 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 26/08/2019 10/09/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш, амалга ошириш ва ҳисобот тизимини юритиш ҳамда ушбу жараёнда давлат бошқаруви органларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-6928

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш учун шахсий масъулиятини янада ошириш тўғрисида” 2019 йил 24 августдаги ПҚ-4426-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш, амалга ошириш ва ҳисобот тизимини юритиш ҳамда ушбу жараёнда давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 21 июлдаги “Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш механизмини такомиллаштириш ва амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 154-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Ушбу қарордан келиб чиқиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров, Иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А.Ходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                      А.Арипов


Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил ___ августдаги ___ сон
қарорига илова

Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш, амалга ошириш ва ҳисобот тизимини юритиш ҳамда ушбу жараёнда давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом республикада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси алоқаларини ривожлантиришда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмаларининг ушбу жараёнлардаги вазифалари ва ўзаро ҳамкорлигини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

импортни мақбуллаштириш импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш, импортни тариф, нотариф бошқариш ва бошқа чоралар билан тартибга солиш орқали товарлар (ишлар, хизматлар) импортини тартибга солиш;

лойиҳа ташаббускорлари – маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида, шу жумладан, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштирган, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тадбиркорлик субъектлари;

маҳаллийлаштириш жараёни – импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, хомашё ва материалларни ишлаб чиқариш (ишлар, хизматлар);

маҳаллийлаштириш жараёни иштирокчилари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Давлат божхона қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчиси) ва у раҳбарлигидаги ҳудудий Ишчи гуруҳлари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари;

маҳаллийлаштириш маҳсулотлари – импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, хомашё ва материаллар (ишлар ва хизматлар);

маҳаллийлаштиришни ривожлантириш масалалари бўйича ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (кейинги ўринларда – ваколатли орган);

Ишчи гуруҳи – вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларига ҳокимнинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси ва у раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳи аъзолари;

Тадқиқотлар маркази – Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази;

2-боб. Маҳаллийлаштириш жараёни иштирокчиларининг вазифалари ва ўзаро ҳамкорлиги

3. Лойиҳа ташаббускори:

импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифни ваколатли орган ва Ишчи гуруҳига тақдим этади;

саноатда кооперация алоқаларини ривожлантириш юзасидан маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик қилиш истиқболини белгилайди ҳамда ваколатли органга киритади;

маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш ва кооперация алоқалари жараёнида юзага келаётган муаммоли масалаларни ваколатли орган ва Ишчи гуруҳига киритиб боради;

маҳаллийлаштириш лойиҳасини самарали ва ўз вақтида амалга оширади ҳамда белгиланган параметрларга эришишни таъминлайди.

4. Ҳоким ёдамчиси ва Ишчи гуруҳи:

ҳудудий импорт ҳажми ва номенклатурасини чуқур таҳлил қилади;

ҳудуддаги мавжуд ресурсларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллийлаштиришга тавсия этиладиган маҳсулотларнинг аниқ рўйхатини шакллантиради;

ҳудудий маҳаллийлаштириш дастурлари лойиҳаларини шакллантириш, уларни амалга оширишни ташкил этишда, шунингдек ҳамкорлар топиш, узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда лойиҳа ташаббускорларига доимий равишда амалий ёрдам кўрсатади;

ҳудуддаги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари Маъмурий кенгаши аъзоси сифатида маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратади, шунингдек, ушбу йўналишдаги лойиҳаларни илгари суради;

хорижий шерикларнинг салоҳияти ва таклифларини ўрганиш асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотларнинг энг кўп талаб қилинадиган турларини ўзлаштириш бўйича уларни саноат кооперациясига кенг жалб қилишга доир таклифлар ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ҳудуддаги хўжалик юритувчи субъектларга республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг турлари, техник тавсифлари
ва сифат кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот бериш орқали ҳудудий саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади ва мунтазам равишда Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари билан ҳудудий саноат ярмаркаларини ташкил этади;

ҳудудий маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳалар бўйича чораклик статистик ҳисоботларни тақдим этилишини таъминлайди;

ҳудудий маҳаллийлаштириш дастуридаги лойиҳаларда белгиланган мақсадли параметрларга эришишнинг тизимли мониторингини олиб боради;

мониторинг натижалари бўйича аниқланган тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифларни ваколатли органга киритиб боради.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:

товарлар импорт ҳажми ва номенклатурасини чуқур таҳлил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли орган, ваколатли орган ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, ҳудудий божхона бошқармалари орқали ҳоким ёрдамчиларига ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар товарлар импорти ва экспорти билан боғлиқ бўлган барча маълумотларни тақдим этиб боради. Бунда, товарнинг тўлиқ номи (савдо, тижорат ёки бошқа анъанавий номи), товар белгилари, маркалари, моделлари, артикуллари, навлари, сифати, стандартлари ва бошқа техник ва тижорат тавсифлари (давлат стандартлари, техник регламентлар ҳамда стандартлар ва ҳ. к.) кўрсатилиши лозим;

халқаро тажрибани, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш асосида импортни мақбуллаштириш, шу жумладан импорт товарларни тариф ва нотариф талаблар асосида бошқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органга киритади;

республикадаги барча хўжалик юритувчи субъектларнинг асосий фаолиятига хос бўлмаган импорт тўғрисидаги маълумотларни ҳар ой якуни билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органга киритади;

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига асосан республикада ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган товарларга (ишларга, хизматларга) ўхшаш товарларни (ишларни, хизматларни) импорти тўғрисидаги маълумотларни ҳар ой якуни билан ваколатли орган хамда тадқиқотлар марказига киритади;

экспорт ва импорт учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати билан бирга юридик ва жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган (импорт) ва чиқиб кетаётган (экспорт) махсулотлар тўғрисидаги маълумотларни иловадаги наъмунали шаклга  асосан тадқиқотлар марказининг электрон-ахборот порталида юритиш учун тақдим этади;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ташқи савдо операцияларини амалга оширилишида валюта ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини мониторинг қилади ва натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органга таклифлар киритади.

6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

Давлат божхона ва статистика қўмиталари маълумотларига асосан импорт ҳажми ва номенклатурасини чуқур таҳлил қилади;

халқаро тажрибани, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш асосида импортни мақбуллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

импортёр ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида маҳсулотлар импорти учун қўлланиладиган божхона имтиёзларини доимий ўрганади, шу жумладан импорт товарларни тариф ва нотариф талаблар асосида бошқариш ва мақбуллаштириш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органга таклифлар киритади;

ташқи бозорлар конъюнктурасини тизимли ўрганиш асосида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш (кенгайтириш) бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли орган хамда тадқиқотлар марказига таклиф киритиб боради;

маҳаллий маҳсулотлар сифатини ошириш бўйича дастур ва концепциялар ишлаб чиқишда иштирок этади;

республикага хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, ваколатли орган хамда тадқиқотлар марказига таклиф киритиб боради;

импорт ўрнини босувчи янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилганидан токи маҳсулот ишлаб чиқариш етарли қувватга етганига қадар “инвестициядан кейинги мониторинг” (“постинвестицион мониторинг”) тизимини жорий этади ва амалга оширади.

7. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси товарларнинг (ишлар, хизматлар) монополлашганлик, рақобатбардошлик, нарх омиллари, ўзаро ўрнини босиш даражасини ҳисобга олган ҳолда ички бозорни тўйинганлик даражасини баҳолаб боради ва шу асосида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифларни ҳар ой якуни ҳисобот ойининг 5-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ваколатли орган ҳамда тадқиқотлар марказига киритиб боради.

8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Фанлар академияси билан биргаликда:

илмий-тадқиқот, тажриба - конструкторлик ишларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларига жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади ва кенг миқёсда тарғиб қилади;

импорт ўрнини босувчи инновацион маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича “start - up” лойиҳаларини Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан молиялаштиришни ташкил этади.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати остидаги кредит маблағлари ҳисобига маҳаллийлаштириш дастурига киритиш таклиф қилинаётган лойиҳалар амалга оширилган тақдирда, иқтисодий самарадорликни келишиш юзасидан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини баҳолаш натижалари бўйича экспертиза ўтказади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли органга хулосалар беради.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги:

яқин истиқболдаги ва узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ишлаб чиқиладиган техник иқтисодий асосномалар ёки бизнес режаларни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш нуқтаи назаридан шакллантиради;

иқтисодиётда талаб юқори бўлган импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш мақсадида, республикада мавжуд бўш турган ишлаб чиқариш қувватлари, бинолар, иншоотлар тўғрисидаги маълумотларни ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда ваколатли органга киритиб боради;

*устав фонди (капитали)даги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, устав фонди (капитали)даги давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарга тегишли юридик шахслар бошқарув органлари раҳбарларининг маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда ахборот технологиялари масалалари бўйича биринчи ўринбосари фаолияти самарадорлигини баҳолайди ва амалга оширилган ишлар натижадорлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органга ахборот бериб боради.

11. Ваколатли орган:

импорт товарларига бўлган республика эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали тармоқ ва ҳудуд корхоналарининг саноат салоҳиятини ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш чораларини кўради;

маҳаллийлаштириш жараёни иштирокчиларининг таклифлари асосида иқтисодиётда талаб юқори бўлган маҳаллийлаштириш маҳсулотларини ўзлаштириш юзасидан импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар рўйхатини шакллантириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқади;

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун олинган кредитнинг 50 фоиздан кўп бўлмаган миқдорига кафиллик бериш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни амалга ошириш учун тижорат банклари кредитларининг фоиз ставкаларини 5 фоизгача қоплаш шаклида қўллаб-қувватлашни ташкиллаштиради;

республикада ишлаб чиқариладиган, импорт қилинадиган ва иқтисодиётда талаб юқори бўлган маҳсулотлар (ишлар ва хизматлар) номенклатураси ва турлари, шу жумладан ускуналарнинг техник-хусусиятлари, ўзини қоплаш муддати, маҳаллий хомашё билан таъминланиши, сарфланадиган материаллар ҳисоб-китоби тўғрисида хўжалик юритувчи субъектларга ахборот бериш мақсадида электрон-ахборот порталини яратади ва уни мунтазам равишда янгилаб боради;

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги  Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан фойдаланиладиган (ускуналарнинг техник хусусиятлари, ўзини қоплаш муддати, маҳаллий хомашё билан таъминланиши, сарфланадиган материаллар ҳисоб-китоби ва бозорлар, шу жумладан, хорижий бозорлар баҳосини ўз ичига олган) электрон каталоги ваколатли органи тадқиқотлар марказининг ягона ахборот тизими (электрон-ахборот портал) негизида шакллантирилади;

бозорларда импорт товарларга бўлган талаб ва таклифни ўрганади, импорт ўрнини босиш ва истеъмол бозорини талаб юқори бўлган товарлар билан тўлдириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқади;

маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш бўйича тармоқ ва ҳудудий корхоналар томонидан амалга оширилаётган тадбирларни мувофиқлаштиради;

импортни мақбуллаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини самарали жойлаштириш бўйича тайёрланган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлигига киритиб боради;

маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларнинг мақсадли кўрсаткичларини бажарилишини тизимли мониторинг қилиб боради, ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоларни ваколатли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда жойига чиққан ҳолда бартараф этиш чораларини кўриш.

12. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси:

хўжалик юритувчи субъектларни харид фаолиятига жалб қилиш орқали республика ва ҳудудий миқёсидаги миллий саноат маҳсулотлари ярмаркаларининг ўтказилишини ташкил этади;

маҳаллийлаштириш ва саноат кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича тадбиркорлик субъектларининг иштирокидаги бизнес-анжуманлар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ўтказади.

13. “Ўзстандарт” агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан тақдим этиладиган маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларга асосан, ушбу маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда мажбурий тартибда сертификатланадиган маҳсулотлар рўйхатига киритиш чораларини кўради ҳамда импорт товарларни нотариф талаблар асосида бошқариш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб, ваколатли органга ҳисобот даври якуни билан киритиб боради;

ишлаб чиқариладиган маҳсулотни сифати ва дизайни бўйича замонавий талаблар ва стандартлар даражасига етказиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади ва ваколатли органга тақдим этади;

давлат реестрига киритилган республикада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рўйхатини, ишлаб чиқарувчи корхоналар номи, маҳсулот номи, ТИФ ТН коди ва техник параметрлари орқали қидириш имкониятини кўзда тутган ҳолда агентликнинг расмий сайти ҳамда ваколатли органнинг электрон кооперация порталига жойлаштириб боради;

маҳаллийлаштирган янги маҳсулот турларини стандартлар билан таъминлашда, ишлаб чиқаришга жорий этилишида, рўйхатга олишда лойиҳа ташаббускорларига беғараз амалий ёрдам кўрсатади.

14. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 1 январдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электрон шаклда тўлдирилган ҳисоб-варақ фактураларида мавжуд маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмлари, нархлари, ходимлар сони тўғрисидаги маълумотларни ҳимояланган алоқа канали орқали онлайн тарзда ваколатли органи тадқиқотлар марказига ҳар ой якуни кейинги ойнинг 5 санасига қадар тақдим этиб боради.

15. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли орган, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда ваколатли органи тадқиқотлар марказига:

ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмлари ҳамда яратилган иш ўринлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси котибиятлари, вазирликлар ва идоралар, ҳудудий корхоналар кесимида тасдиқланган ҳисобот шаклидаги;

ҳар чорак якуни бўйича, кейинги ойнинг 10-санасига қадар Вазирлар Маҳкамаси котибиятлари, вазирликлар ва идоралар, ҳудудий корхоналар кесимидаги ТИФ ТНнинг подсубпозиция даражасидаги товарлар (ишлар ва хизматлар) импорти ва экспорти тўғрисидаги;

ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 10-санасига қадар йирик корхоналар кесимидаги, шунингдек йил якуни бўйича кейинги йилнинг 25 март санасига қадар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари кесимидаги товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш кўрсаткичлари (маҳсулотлари номи, миқдори, ҳажми, ишлаб чиқариш қуввати) тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;

Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзстандарт” агентлигига – республикада ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган маҳсулотлар тўғрисида, шунингдек  маҳаллийлаштириш дастурига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни ҳар ҳисобот даври якуни билан тақдим этиб боради.

16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнига салоҳиятли хорижий инвесторларни кенг жалб этиш ишларини, ишлаб чиқаришга замонавий илғор, энергиядан самарали фойдаланадиган ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш ишларини ташкил этиш орқали тармоқ ва ҳудудий импортни босқичма-босқич мақбуллаштиради;

тармоқ ва ҳудудий бўйсунувдаги корхоналарнинг, шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларининг тармоқлараро саноат кооперациясини йўлга қўйишни ташкиллаштиради;

импортни мақбуллаштиришга доир таклифлар тайёрланишини ташкил этади;

илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, назарий, илм-фан, илмий ва амалий изланишлар бўйича технологик жараён ва инновациялар соҳасидаги энг сўнгги ютуқларини маҳаллийлаштириш жараёнига тадбиқ этилишини мувофиқлаштиради, шунингдек бу борадаги илмий ходимларни рағбатлантириш бўйича тизимли ишларни ташкиллаштиради;

тармоқ ва ҳудудий бўйсунувдаги корхоналар, шу жумладан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчилари кесимида, мавжуд ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, аниқ ва мақсадли кўрсаткичлар асосида маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш назарда тутувчи дастурларни тасдиқлайди;

импорт ҳажми таҳлилларини инобатга олиб, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, шу жумладан янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш юзасидан буюртмаларни жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил этади;

маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси жараёнларини мониторинг қилиб боради ҳамда натижаси бўйича асосли таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ҳисоб палатасига киритиб боради.

4-боб. Маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантириш тартиби

17. Маҳаллийлаштириш дастурига лойиҳаларни киритиш таклифи, уларнинг кўрсаткичлари қуйидаги мезонларга жавоб берган ҳолда амалга оширилади:

маҳаллийлаштириладиган маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати ва мавжуд хомашё базаси негизида қўшилган қиймат занжирини яратиш;

тармоқлар ва ҳудудлардаги корхоналарнинг технологик ускуналарининг тез ишдан чиқувчи бутловчи буюмлари, эҳтиёт қисмлари ва материалларини ишлаб чиқариш; 

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражаси камида 36 фоиздан паст бўлмаганлиги;

маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотга ички бозорда талабнинг мавжудлиги;

йирик ва кичик корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйилганлиги;

республикага доимий равишда импорт қилинаётган ҳамда улуши юқори бўлган товарларни маҳаллийлаштиришни назарда тутган ҳолда шакллантириб, ваколатли органга тақдим этади.

18. Маҳаллийлаштириш дастурига лойиҳаларни киритиш, лойиҳа кўрсаткичларига ўзгартириш ва қўшимчалар (ишлаб чиқарилаётган маҳсулот миқдори ва маҳаллийлаштириш даражаси, техник параметрлари, лойиҳа номи, корхона номи) киритиш ҳамда истиқболсиз лойиҳалар ўрнига кўрсаткичлари бўйича улардан кам бўлмаган янги лойиҳалар билан тўлдириш ваколатли орган томонидан амалга оширилади;

Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳа ташаббускорлари ўз лойиҳалари доирасида истиқболли режа-кўрсаткичларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда муаммоли масалалар юзасидан ваколатли органга таклиф киритиши мумкин.

19. Маҳаллийлаштириш даражаси қуйидаги тарзда ҳисобланади:

МД=(1-ИМ/МТ)*100%, бунда 0<ИМ<МТ,

МД- маҳаллийлаштириш даражаси;

ИМ- импорт бўладиган хомашё, материал ва бутловчи қисмларнинг хорижий валютадаги қиймати (божхона тўловларини ҳисобга олган ҳолда) сўмда ифодаланган;

МТ- бир дона маҳсулот таннархи.

(Импортга олиб келинган хомашёлар маҳаллий етказиб берувчилардан сотиб олинганда маҳаллий хомашё сифатида кўрсатилиши таъқиқланади).

4-боб. Якунловчи қоидалар

20. Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёни иштирокчиларнинг истиқболли режа кўрсаткичлари самарадорлиги, ваколатли орган томонидан доимий тарзда баҳолаб борилади ҳамда рағбатлантириш ва тегишли чора кўриш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

21. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор деб топилган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.

 

 

Изоҳ: *мазкур низомнинг 2-иловасида рўйхати кўрсатилган.


Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил ___ августдаги ___ сон
қарори иловасидаги
Низомга 1-илова

ЗАЯВКА  НА  ПОКУПКУ  ИНОСТРАННОЙ  ВАЛЮТЫ

 

Наименование и ИНН заявителя

 

 

 

Почтовый адрес

 

 

 

Телефона, факса

 

 

 

Ф.И.О. и должность сотрудника, уполномоченного на решение вопросов по сделке:

 

 

 

Счет в сумах

 

 

 

 

 

Счет в иностранной валюте №

 

 

 

 

 

 

 

Специальный счет в иностранной валюте  №

 

 

 

 

 

 

Цель использования покупаемой иностранной валюты (нужное подчеркнуть):

 

а) для импорта оборудования;

 

           
 

Наименование оборудования

 

Код ТН ВЭД оборудования

 

Год изготовления

 
 

Mощность

 

Страна происхождения

 

Техническая характеристика оборудования

 

 

 

 

 

б) для импорта комплектующих изделий;

 

           
 

Техническая характеристика комплектующих изделий

 

Цена комплектующего изделия

 

Код ТН ВЭД комплектующего изделия

 

 

 

в) для импорта сырья и материалов;

 

           
 

Общая характеристика сырья и материалов

 

Цены на сырьё и материалы

 

Код ТН ВЭД сырья и материалов

 

 

 

г) для импорта услуг;

 

           
 

Виды услуг

 

Стоимость импортируемых услуг

 

Код ТН ВЭД услуг

 

 

 

д) для импорта потребительских товаров;

 

           
 

Наименование и код ТН ВЭД

 

Единица измерение

 

Количество

 
 

Виды импортируемых потребительских товаров

 

Стоимость импортируемых потребительских товаров

 

 

 

 

 

е) для обслуживания иностранных кредитов;

ж) для осуществления лизинговых платежей по лизинговым договорам;

з) для репатриации прибыли, дивидендов и других доходов иностранного инвестора;

и) для репатриации превышения доходов над расходами назначенных авиаперевозчиков;

к) для выплаты командировочных расходов;

л) другие цели (указать, какие):___________________________________________________________________________________

 

(вид товара, наименование поставщика и страна, год поступления по ГТД если оплата по факту поставки, если оплата предоплата или аккредитив указать нужную, банк инопартнера и страна,  наименование грузоотправителя и страна,  Код ТНВЭД)___________________________________________________________________________________________________________

 

                 

 

Поручаем заключить от нашего имени и за наш счет сделку на покупку иностранной валюты на нижеследующих условиях:

 

Сумма и наименование покупаемой валюты

Курс покупки в сумах

Общая сумма покупки в сумах по курсу

1

2

3

 

 

 

 

 

№  и дата контракта ___________________________________________________________________________________________

                                                                  (данная графа заполняется при покупке иностранной валюты для целей, указанных в пунктах а-ж)

 

Сумма (в национальной валюте – сумах) по указанному в заявке курсу в размере_______________________________________       зарезервирована на блок-счете №298010001001_____________________________________________________________

В случае заключения сделки поручаем списать с нашего сумового блок-счета:

- эквивалент в сумах купленной иностранной валюты по курсу покупки и комиссию в пользу уполномоченного банка в размере ____ % от суммы совершенной сделки;

- эквивалент в сумах купленной иностранной валюты по курсу покупки и комиссию в пользу УзРВБ в размере 0,2% от суммы совершенной сделки;

 

Прилагаются следующие документы:

1. ___________________________________________________________________________________

2. ___________________________________________________________________________________

 

Руководитель предприятия                                                                                 __________________ (подпись)

                                                                                             М.П.

Главный бухгалтер                                                                                               __________________ (подпись)

 

«___» __________20___г.

 

 

Входящий номер и дата приема заявки по журналу регистрации заявок в уполномоченном банке        

 

_______________________         _________________              _________________________________ (Ф.И.О.)


Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил ___ августдаги ___ сон қарори иловасидаги

Низомга 2-илова

Устав фонди (капитали)даги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, устав фонди (капитали)даги давлат
улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарга тегишли юридик шахслар бошқарув органлари

*РЎЙХАТИ

  1. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
  2. Сув хўжалиги вазирлиги
  3. Соғлиқни сақлаш вазири
  4. “Ўзбекнефтгаз” АЖ
  5. “Ўзтрансгаз” АЖ
  6. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ
  7. “Иссиқлик электр станциялари” АЖ
  8. “Миллий электр тармоқлари ” АЖ
  9. “Ҳудудий электр тармоқлари ” АЖ
  10. “Ўзкоммунхизмат” агентлиги
  11. "Ўзбекгидроэнерго" АЖ
  12. “Ўзкимёсаноат” АЖ
  13. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ
  14. “Ўзметкомбинат” АЖ
  15. “Навоий кон-металлургия комбинати” ДК
  16. Давлат Геология ва Минерал Ресурслар Қўмитаси
  17. "Тошрангметзавод" ХИ АЖ
  18. “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси
  19. “Ўзпахтасаноат” АЖ
  20. “Ўзчармсаноат” уюшмаси
  21. “Ўзбекистон хаво йўллари” МАК
  22. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ
  23.  “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК
  24. “Ўзавтосаноат” АЖ
  25. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
  26. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси
  27. "Ўзмахсусмонтажқурилиш" АК
  28. "Ўзавтойул" АЖ
  29. "Тошшахартрансхизмат" АК
  30. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси
  31. “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ
  32. “Ўздонмаҳсулот” АК
  33. “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси
  34. “Паррандасаноат” уюшмаси
  35. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
  36. "Дори дармон" АК
  37. "Ўзбектелеком" АЖ
  38. “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ
  39. Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги

 

 

Изоҳ: *Мазкур рўйхатга Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг таклифи асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилади.

Умумий таклифлар

235