ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
6823 Государственный таможенный комитет Республики Узбекистан 23/08/2019 07/09/2019 4

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-6823

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб боришни янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритишни тубдан соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ, ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ушбу қарорга 1-иловада кўрсатиб ўтилган маълумотлар юзасидан идентификация рақамларини шакллантириш орқали амалга оширилади.

2. Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ушбу қарорнинг 1-бандидан келиб чиқадиган тегишли ўзгартиришларни киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг  2-иловага  мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

5. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

6. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари  Э.М. Ганиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси
Бош вазири                         А. Арипов

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
“___” _________даги ____-сон қарорига
1-ИЛОВА

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом (кейинги ўринларда матнда Низом деб юритилади) “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасининг валютани назорат қилувчи органлари ва банкларида ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартибини белгилаб беради.

2. Ушбу Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ташқи савдо контрактлари – хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт, импорт, экспорт ва импорт биржа (ярмарка), экспорт консигнация, марказлаштирилган экспорт ва импорт, бартер, қайта ишлаш контрактлари, шунингдек товарларни республика ҳудудида етказиб бериш назарда тутилган экспорт контракти;

хўжалик юритувчи субъектлар  – Ўзбекистон Республикасининг экспорт қилувчилари ва импорт қилувчилари;

экспорт қилувчилар  – юридик шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар – товарлар, ишлар ва хизматлар экспортига Ўзбекистон Республикаси норезидентлари билан ташқи савдо келишувларини (контракт, инвойс) тузган Ўзбекистон Республикаси резидентлари;

импорт қилувчилар – юридик шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар – товарлар, ишлар ва хизматлар импортига Ўзбекистон Республикаси норезидентлари билан ташқи савдо келишувларини (контракт, инвойс) тузган Ўзбекистон Республикаси резидентлари;

товарлар экспорти – агар қонунчиликда ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, товарларни уларни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиш;

ишлар (хизматлар) экспорти  – экспорт қилувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг норезидентларига ишлар бажарилиши (хизматлар кўрсатилиши), улар бажарилиши (кўрсатилиши) жойидан қатъи назар;

товарлар импорти – товарларни уларни қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириш;

ишлар (хизматлар) импорти  – Ўзбекистон Республикасининг норезиденти томонидан импорт қилувчига ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш), улар бажарилиши (кўрсатилиши) жойидан қатъи назар;

экспорт контракти  – товарлар, ишлар ва хизматлар экспортига экспорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган хўжалик шартномаси, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ экспорт контрактларига тенглаштирилган контрактлар (бартер контрактларидан ташқари);

экспорт биржа (ярмарка) контракти – биржа (ярмарка) савдоларида – товарлар, ишлар ва хизматлар экспортига экспорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

экспорт консигнация контракти – консигнант ва консигнатор орасида товарни консигнатор орқали сотишга тузилган контракт, бунда консигнатор омборига тушган товарга эгалик ҳуқуқи товар харидорга сотилишига қадар консигнантга тегишли бўлади;

марказлаштирилган экспорт контракти – ҳукумат номидан ёки унинг кафолати остида давлат эҳтиёжлари учун зарур ҳажмларда экспорт товарларини етказиб беришга тузилган контракт;

қайта ишлаш (республика ҳудудида) бўйича контракт – товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари тарзида олиб чиқиш назарда тутилган экспорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

республика ҳудудида экспорт контракти – экспорт қилувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш назарда тутилган ўзида ишлаб чиқарилган товар (иш, хизмат)ларни етказиб беришга Ўзбекистон Республикасининг норезиденти билан хорижий валютада тўғридан-тўғри тузилган контракт; 

импорт контракти – товарлар, ишлар ва хизматлар импортига импорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

импорт биржа (ярмарка) контракти – биржа (ярмарка) савдоларида – товарлар, ишлар ва хизматлар импортига импорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

марказлаштирилган импорт контракти – ҳукумат номидан ёки унинг кафолати остида давлат эҳтиёжлари учун зарур ҳажмларда импорт товарларини етказиб беришга тузилган контракт;

қайта ишлаш (республикадан ташқарида) бўйича контракт – Ўзбекистон товарларини божхона ҳудудидан ташқарига қайта ишлаш ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик божхона ҳудудига олиб кириш назарда тутилган импорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

бартер контракти – пул маблағларида ўзаро ҳисоб-китоблар қилмаган ҳолда муайян миқдордаги бир ёки бир неча турдаги товарларни (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бошқасига алмаштириш назарда тутилган хўжалик юритувчи субъект билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

инвойс  – товарлар (ишлар ва хизматлар) экспорти ва импортига счёт-фактура.

Ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ идентификация рақамлари шакллантирилади.

II. Ташқи савдо контрактларига ва инвойсга

қўйиладиган энг кам талаблар

3. Ташқи савдо контрактларида қуйидаги асосий бўлимлар ва маълумотлар бўлиши керак:

а) Муқаддима. Контрактнинг кириш қисмида контрактнинг тартиб рақами, контракт тузилган жой ва сана, юридик шахсларнинг тўлиқ номи, контрактни тузган шахсларнинг лавозими, фамилияси ва исми. Агар шахс контрактни ишончнома асосида тузса, бу контрактнинг муқаддимасида кўрсатилади ва ушбу ишончнома контрактга илова қилинган ҳолда унинг ажралмас қисми ҳисобланади.

б) Контрактнинг мавзуси. Ушбу бўлимда товарлар, ишлар ва хизматларнинг номи, шунингдек битишув тури кўрсатилади. Товарнинг номи билан биргаликда унинг тавсифи ҳамда миқдори ва сифати бўйича ассортименти кўрсатилади.

Бунда товарнинг умумий қабул қилинган халқаро стандартлари, Ўзбекистон Республикасида амал қилувчи ГОСТлари, шунингдек хусусияти бўйича унинг типи, модели, маркаси, нави, тури ҳам кўрсатилиши лозим.

Товарнинг миқдори қабул қилинган ўлчовларнинг метрик тизимида халқаро бирликларда ифодаланади. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган ўлчов ва оғирликлар тизими миқдорларини белгилаш тартибига мувофиқ ўлчов бирлигини аниқлаш мумкин.

Товарнинг сифат тавсифи товардан фойдаланиш учун унинг яроқлилигини акс эттирувчи хоссалар жамини белгилайди. Шунингдек, ТИФ ТН бўйича товарнинг кодига ҳавола ҳам зарур.

Машиналар, асбоб-ускуналар ва технологик линияларни етказиб бериш учун контрактда уларнинг янгилиги ёки улардан фойдаланганлиги ҳолати кўрсатилади (фойдаланилганлари учун – эскириш фоизи ёки фойдаланиш муддати).

в) Етказиб беришнинг базис шартлари (“Инкотермс-2010” халқаро қоидалари бўйича).

“Инкотермс-2010”дан фойдаланилганда етказиб бериш жойи (темир йўл станцияси, порт, аэропорт ва бошқаларнинг номи) кўрсатилиши керак (қисқартирилган сўзларнинг бош ҳарфлари билан биргаликда).

г) Товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш муддати ёки санаси кўрсатилади.

Товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш санаси дейилганда сотувчи томонидан контрактларда кўрсатилган товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш шартларига мувофиқ ўз мажбуриятларининг бажарилиши тушунилади.

д) Контрактнинг умумий суммаси, товарнинг ўлчов бирлигидаги нархи кўрсатилади.

Товарнинг ўлчов бирлиги ТИФ ТНдаги ўлчов бирлигига мувофиқ белгиланади.

Контрактнинг умумий суммаси сотилаётган товар, ишлар ва хизматларнинг қийматини англатади. Ишларни бажаришга ва хизматлар кўрсатишга контрактни тузиш пайтида контракт суммасини белгилаш имкони бўлмаган ўзига хос контрактлар тузилган тақдирда контрактнинг умумий суммаси кўрсатилмайди.

Етказиб берувчилар томонидан монтаж ва (ёки) ишга тушириш-созлаш ишлари амалга оширилишини, улар томонидан ходимларни ўқитиш хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатилишини, роялти тўланишини назарда тутувчи асбоб-ускуналар, қурилмалар, механизмлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар харид қилишга (сотишга) ташқи савдо контрактлари бўйича контрактларда (спецификацияларда) бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар ва роялти суммаси алоҳида кўрсатилади.

е) Тўлов шартлари. Контрактдаги тўлов шартларида валюта, тўлов шакли ва муддати белгиланади. Агар тўлов валютаси контракт валютасидан фарқ қилса, у ҳолда валютани қайта ҳисоблаб чиқиш курси ва ушбу курсни аниқлаш манбаи кўрсатилади.

Ташқи савдо контрактлари ва инвойсларда тўлов валютаси хорижий валютада кўрсатилади (қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно).

ё) Товарнинг келиб чиқиши, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойи. Контрактда етказиб берилаётган товар келиб чиққан мамлакат ва ишлаб чиқарувчи, шунингдек ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойи (мамлакати) кўрсатилади.

ж) Томонларнинг жавобгарлиги. Қабул қилинган мажбуриятларнинг томонлар томонидан бажарилишини таъминловчи шартлар сифатида контрактда, қоидага кўра, контракт мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонлар тўлайдиган пеня ва/ёки жарима шаклидаги жазо назарда тутилади. Айбдор томонга зарар кўрган томоннинг талабига кўра унга неустойка тўлаш мажбурияти юкланади.

з) Томонларнинг реквизитлари. Контракт матни томонларнинг реквизитларини кўрсатиш билан тугалланади. Почта реквизитлари, манзил, банк реквизитлари ва юклаб жўнатиш реквизитлари кўрсатилади. Контракт хўжалик юритувчи субъектларнинг имзолари билан тасдиқланади.

и) Бартер контрактларида импорт товарларни жадал етказиб беришни ёки муқобил банк кафолатлари тақдим этишни назарда тутувчи шартлар мажбурий тартибда ҳисобга олинади.

к) Ташқи савдо контрактининг матни давлат тилида ёки рус тилида баён қилиниши керак. Агар контракт матни бошқа тилда тузилган бўлса, контракт давлат тилига ёки рус тилига таржима қилиниши ва белгиланган тартибда тасдиқланиши керак.

4. Контракт шартларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги маълумотлар қўшимча битим билан қайд этилиши керак ҳамда контрактлар билан бўлгани сингари тартибда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (кейинги ўринларда ТСОЯЭАТ деб аталади) киритилади.

Республикага товарларни олиб кириш назарда тутилган контрактларга ёки инвойсларга қўшимчалар киритилиб, уларга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар, хорижий ҳамкорлар ва уларнинг реквизитлари ўзгарган тақдирда, хўжалик юритувчи субъектлар ушбу қўшимчалар ҳақидаги маълумотлар ТСОЯЭАТга киритилган санадан бошлаб 10 иш куни давомида “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштирилган божхона юк декларацияларига тегишли ўзгартиришларни киритиш бўйича давлат божхона хизмати органларига мурожаат этишлари шарт.

5. Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товарларни, ишлар ва хизматларни экспорт ва импорт контрактларини тузмасдан, инвойслар асосида экспорт ва импорт қилишга, шунингдек ушбу инвойслар бўйича тижорат банклар орқали хорижий ҳамкорлар билан ўзаро тўловларни амалга оширилишига йўл қўйилади (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3351-сон қарорига иловада  кўрсатилган хом ашё товарларини экспорт қилиш ҳоллари бундан мустасно).

Бунда экспорт товарлари, ишлар ва хизматлар хўжалик юритувчи субъектларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисоб рақамларига олдиндан тўлов 100 фоиз тушгандан сўнг амалга оширилиши, импорт товарлари, ишлар ва хизматлар эса улар бўйича тўловлар хорижий ҳамкорга ўтказилмасдан аввал амалга оширилиши лозим.

6. Инвойсларда қуйидаги асосий маълумотлар бўлиши керак:

хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва унинг реквизитлари;

хорижий шерикнинг номи ва унинг реквизитлари;

инвойс суммаси;

хўжалик юритувчи субъектнинг идентификация рақами (СТИР);

товарлар (ишлар, хизматлар) номи;

товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ўлчов бирлиги;

товарлар (ишлар, хизматлар) миқдори;

товарлар (ишлар, хизматлар) нархи;

товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш қиймати;

ИНКОТЕРМС-2010 бўйича етказиб бериш шартлари;

ташиш тури.

Инвойслар хўжалик юритувчи субъектнинг имзоси билан тасдиқланиши керак.

7. Ушбу бўлим талабларига риоя этилиши учун масъулият хўжалик юритувчи субъектларга юкланади.

III. Ташқи савдо операциялари устидан

мониторинг олиб бориш тартиби

8. Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тизими хўжалик юритувчи субъектларнинг тузилган ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бажарилиши устидан зарур назоратни таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар, валютани назорат қилувчи органлар, товар-хомашё биржаси, ғазначилик бўлинмалари ва тижорат банклари ўртасида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича ТСОЯЭАТ орқали ахборот айирбошлаш мақсадида жорий этилади.

Бунда Ягона ғазна ҳисобварағи билан қамраб олинган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг ташқи савдо контрактлари бўйича тўловларнинг амалга оширилиши бўйича тегишли маълумот ТСОЯЭАТга ғазначилик бўлинмалари томонидан киритилади.

9. ТСОЯЭАТ реал вақт режимида ишлайди ва унда ушбу Низомга 3-иловада келтирилган маълумотлар мавжуд бўлади.

10. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари мониторингини олиб бориш мақсадида тижорат банклари:

аванс тўловлар (олдиндан ҳақ тўлаш) амалга оширилишида ёки импорт контрактлар бўйича аккредитив очишда;

олдиндан тўланган ҳақ (аванс тўлови) тушганлиги, аккредитив очилганлиги, банк кафолати расмийлаштирилганлиги, экспорт контрактини суғурталаш бўйича полис берилганлиги тўғрисидаги белгиланган тартибда берилган ҳисоб-китоб маълумотномаларини ТСОЯЭАТда расмийлаштиришда ТСОЯЭАТдаги маълумотларни (шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли вазирлик ва идораларнинг хулосаси мавжудлигини) солиштирадилар, ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳисоб-китоб маълумотномаси фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3351-сон қарорига иловада  кўрсатилган хом ашё товарларини, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини, инвойс асосидаги товарларни (кейинги ўринларда олдиндан тўлов кафолатланган товарлар деб аталади) экспорт қилишда расмийлаштирилади.

Контракт билан хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ТСОЯЭАТга киритилган маълумотлар ўртасида фарқлар мавжуд бўлмаган тақдирда банклар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу контракт бўйича банк операцияларини амалга оширадилар.

Бунда олдиндан тўлов кафолатланган товарларни экспорт қилиш назарда тутилган контрактлар ва инвойслар бўйича ҳисоб-китоб маълумотномалари ТСОЯЭАТга товарларнинг божхона расмийлаштирувига қадар киритилиши лозим.

11. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг ташқи савдо амалиётлари мониторингини амалга ошириш мақсадида ғазначилик бўлинмалари тўловларни амалга оширишда ёки аккредитив очишда ТСОЯЭАТдаги маълумотларни контракт шартлари билан солиштиришни амалга оширадилар.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан ТСОЯЭАТга киритилган маълумотлар ўртасида фарқлар мавжуд бўлмаган тақдирда ғазначилик бўлинмалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу контракт бўйича операцияларни амалга оширадилар.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лойиҳаолди, лойиҳа, тендер ҳужжатлари ва контрактларни экспертизадан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 20 февралдаги ПҚ-3550-сон қарорининг 2-банди “в” кичик бандида кўрсатилган меъзонларга мос келувчи стратегик, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар, чет эл грантлари ва ташқи қарзлар, давлат иштирокидаги корхоналар, давлат аҳамиятидаги лойиҳалар ва давлат харидларига оид ташқи савдо контрактлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК томонидан экспертизадан ўтказилади ва рўйхатга олинади.

13. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг божхона постлари хўжалик юритувчи субъект томонидан ТСОЯЭАТга киритилган контракт (шу жумладан инвойс) маълумотларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)”, “экспорт” божхона режимларида расмийлаштирилган божхона юк декларацияси маълумотлари билан, шунингдек тижорат банклар томонидан ТСОЯЭАТга киритилган ҳисоб-китоб маълумотномасида кўрсатилган валюта миқдорини тўлов кафолатланган товарларнинг экспорт қийматига нисбатан мувофиқлиги ёки ортиқлиги билан солиштирадилар ҳамда фарқлар мавжуд бўлмаганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона юк декларациясини расмийлаштирадилар, ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Бунда экспортга божхона расмийлаштируви, тўлов кафолатланган товарлардан ташқари, ТСОЯЭАТга ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотномаларсиз амалга оширилади.

Ҳисоб-китоб маълумотномаси асосида экспорт қилиниши белгиланган товарлар “экспорт” божхона режимига расмийлаштирилаётганда товарларнинг умумий фактура қиймати ҳисоб-китоб маълумотномасида кўрсатилган қийматдан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.

14. Қуйидагиларга:

улар бўйича тўлов импорт қилувчининг ўз валюта маблағлари ҳисобига амалга оширилган бир хўжалик юритувчи субъектнинг икки ва ундан ортиқ импорт контрактлари доирасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга;

бир хўжалик юритувчининг икки ва ундан ортиқ экспорт контрактлари доирасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга йўл қўйилади.

15. Ташқи савдо контракти бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар хўжалик юритувчи субъектнинг агар қонун ҳужжатларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, унинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкидаги ҳисоб рақами орқали амалга оширилиши мумкин.

16. Экспорт қилувчилар инвойслар бўйича маълумотлар ва тўлиқ тўлов уларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисоб рақамларига тушгандан ва ушбу ахборотлар ТСОЯЭАТга киритилгандан сўнг экспорт контрактларини расмийлаштирмасдан Интернет тармоғидаги он-лайн дўконлар орқали товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини божхона юк декларацияси асосида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Бунда, 5000 (беш минг) АҚШ долларгача бўлган товарлар электрон тижорат орқали божхона юк декларациясини расмийлаштирмасдан, почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ реализация қилиниши мумкин.

17. Экспорт қилувчилар товарлар (хом ашё товарлари бундан мустасно), ишлар ва хизматлар экспортини тўлиқ тўлов уларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ҳисоб рақамига тушгандан ва ушбу ахборот ТСОЯЭАТга киритилгандан кейин экспорт контрактисиз инвойс асосида амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.

18. Экспорт қилувчилар товарлар, ишлар (хизматлар) экспортини, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича айрим товарлардан ташқари, Интернет тармоғининг электрон савдо майдончалари воситасида экспорт контракти тузмасдан ва товарлар, ишлар (хизматлар) экспорти учун банк воситачилик ҳақи олинмасдан амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

19. Ташқи савдо операцияларини амалга оширилиши устидан назорат қилиш ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ тартибда амалга оширилади.

20. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари мониторингини амалга ошириш бўйича давлат божхона ва солиқ хизматлари органлари ҳамда тижорат банклари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

21. Давлат божхона хизмати органлари, тижорат банклари ва ТСОЯЭАТга уланган бошқа идоралар ўз ваколатлари доирасида тизимдаги мавжуд ахборотни рухсат берилмаган фойдаланишдан, маълумотларни бузишдан ёки ташқи савдо операцияларини амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектларга ёки давлатга зарар етказиши мумкин бўлган бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ташкилий ва техник чора-тадбирларни кўришлари керак.

Давлат божхона хизмати органлари, тижорат банклари ва ТСОЯЭАТдаги мавжуд маълумотлардан фойдаланадиган бошқа идораларнинг раҳбарлари ва бошқа ходимлари мазкур маълумотларни ошкор қилиш, улардан шахсий мақсадларда ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида фойдаланиш, шунингдек шу жумладан ахборотни ҳимоя қилишнинг белгиланган қоидаларини бузиш оқибатида учинчи шахсларнинг маълумотларни олишига имконият яратиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар.

ТСОЯЭАТдаги мавжуд ахборотни ҳимоя қилишнинг белгиланган қоидалари бузилганлиги, улардан ташқи савдо операцияларини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларга ёки давлатга зарар етказилишига олиб келган шахсий мақсадларда ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида фойдаланганлиги учун идораларнинг айбдор раҳбарлари ёки бошқа ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

ТСОЯЭАТдан фойдаланувчининг ташаббуси ёки таклифи билан ТСОЯЭАТни дастурий таъминлашга ўзгартиришлар киритиш ёки ҳисобот шаклларини жорий этиш зарур бўлган тақдирда ТСОЯЭАТни дастурий таъминлашга ўзгартиришлар киритишни ва ҳисобот шаклларини жорий этишни молиялаштириш дастурий таъминлашга ўзгартиришлар киритишнинг ташаббускори бўлган идора томонидан ва унинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Бунда ТСОЯЭАТга киритиладиган ўзгартиришлар ва ҳисобот шакллари Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг
олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ташқи савдо контрактлари ва инвойсларга идентификация рақамларини бериш ТАРТИБИ

Ушбу Тартиб ташқи савдо контрактлари ва инвойсларга идентификация рақамлари бериш қоидаларини белгилайди.

1. Ташқи савдо контрактлари ва инвойсларга идентификация рақамлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (кейинги ўринларда матнда ТСОЯЭАТ деб юритилади) орқали ушбу Тартиб талабларига мувофиқ берилади.

2. ТСОЯЭАТда идентификация рақамлари қуйидаги тартибда шакллантирилади:

1

2

3

4

5

6

7

8

9

10

11

12

13

14

15

16

17

18

19

20

21

22

23

24

25

26

27

А

Б

В

Г

Д

A қисми 9 та рақамдан иборат бўлиб, ташқи савдо контракти ёки инвойс бўйича банк операцияларини амалга ошираётган тижорат банкининг СТИР кўрсатилади. Ташқи савдо контракти биржа (ярмарка)да тузилса, А қисмида ушбу биржа (ярмарка)нинг СТИР кўрсатилади.

Б қисми 9 та рақамдан иборат бўлиб, СТИР (импорт қилувчи/экспорт қилувчи – Ўзбекистон Республикасининг резиденти) кўрсатилади.

В қисми 2 та рақамдан иборат бўлиб, йил кўрсатилади (масалан: 04, 05 ва ҳ. к.з.).

Г қисми 2 та рақамдан иборат бўлиб, ташқи савдо келишувлари турлари бўйича кўрсатилади, яъни:

“01” экспорт контракти;

“02” импорт контракти;

“03” бартер контракти;

“04”  марказлаштирилган экспорт контракти;

“05”  марказлаштирилган импорт контракти;

“06”  импорт биржа (ярмарка) контракти;

“07”  экспорт биржа (ярмарка) контракти;

“08” экспорт-консигнация контракти;

“09” республика ҳудудида экспорт контракти;

“10”  интернет орқали дастурий таъминот экспорти;

“11” – қайта ишлаш (республика ҳудудида) бўйича экспорт контракти;

“12” – қайта ишлаш (республикадан ташқарида) бўйича импорт контракти;

“13” интернет тармоғидаги савдо майдонлари орқали экспорт контракти; 

“14” инвойс асосида экспорт;

“15” инвойс асосида импорт.

Д қисми 5 та рақамдан иборат бўлиб, ташқи савдо контракти ва инвойснинг ТСОЯЭАТ томонидан рақамланадиган тартиб рақами кўрсатилади.

3. ТСОЯЭАТда ташқи савдо контрактлари ва инвойсларнинг тартиб рақамлари ҳар йилнинг бошида 00001 рақами билан бошланади. Бунда рақамлаш ТСОЯЭАТда  ҳар бир хўжалик юритувчи субъект бўйича алоҳида юритилади. Ташқи савдо контракти биржа (ярмарка)да тузилса, рақамлаш уни биржада (ярмаркада) рўйхатга олиш журнали (реестри) бўйича юритилади.

4. Ташқи савдо контракти ва инвойснинг идентификация рақамида ушбу Низомда назарда тутилмаган ажратиш белгиларига (“каср”, “тире”, “нуқта”, “вергул” ва ҳ к з) йўл қўйилмайди.

 

 

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш
СХЕМАСИ

1-босқич

Хўжалик юритувчи субъект,
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК

 

Импорт контрактларини қонун ҳужжатларга мувофиқ экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш

қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

Хўжалик юритувчи субъект

Ташқи савдо контрактлари
ва инвойслар бўйича маълумотларни  (умумий ахборот) Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритиш

контракт ёки инвойс бўйича ташқи савдо операциялари (маблағларнинг ҳаракати ва божхона юк декларациясини  рўйхатга олиш, ишлар ва хизматлар бажарилиши) бошлангунга қадар, тегишли импорт контрактлари бўйича қонун ҳужжатларга мувофиқ экспертизадан ўтказилганидан  ва рўйхатга олингандан кейин

 

 

 

 

 

 

 

Товар-хомашё биржаси

Биржа (ярмарка) контрактлари бўйича маълумотларни  (умумий ахборот) ТСОЯЭАТга киритиш

контракт бўйича ташқи савдо операциялари (божхона юк декларациясини  рўйхатга олиш) бошлангунга қадар

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

Тижорат банклари, ғазначилик бўлинмалари, товар хомашё биржаси

Кортракт ва инвойслар бўйича маблағларнинг ҳаракати тўғрисида ахборотларни ТСОЯЭАТга киритиш

ҳисоб-китобларни  амалга оширишда:

доимо

 

 

 

 

 

 

Давлат божхона хизмати органлари

Контракт ва инвойс бўйича божхона юк декларацияси маълумотларини ТСОЯЭАТга киритиш.

товарлар тушганда ёки юклаб жўнатилганда:

доимо

 

 

 

 

 

 

Хўжалик юритувчи суюъект

Ишлар ва хизматлар далолатномасини ТСОЯЭАТга киритиш

далолатнома тузилгандан бошлаб 15 кун ичида

 

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

Давлат божхона хизмати органлари ва тижорат банклари

 

Божхона ва валюта қонунчилиги, ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби бузилиши аломатлари аниқланганда ахборотни солиқ органларига тақдим этиш

 

ҳолатлар аниқланганда

ҳар ой якуни бўйича

 

 

 

 

 

 

 

5-босқич

Валютани назорат қилувчи органлар
ва тижорат банклари

 

Мониторинг олиб бориш

доимо

 

 

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 
3-ИЛОВА

 

Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига
 киритиладиган маълумотлар тўғрисидаги
АХБОРОТ

 

а) Контракт бўйича умумий ахборот*:

импорт қилувчи (экспорт қилувчи)нинг номи ва реквизитлари, шу жумладан СТИР;

хорижий шерикнинг номи ва унинг реквизитлари;

контрактнинг санаси ва тартиб рақами;

контракнинг ушбу Низомга 1-иловасига мувофиқ тури;

контрактнинг предмети (товар ёки ишлар ва хизматлар);

контрактнинг умумий суммаси;

контрактнинг валютаси;

тўлов валютаси;

товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш шартлари ва муддатлари;

тўлов шартлари;

қўшимча битимларнинг санаси ва тартиб рақами;

бажарилган ишлар ва/ёки кўрсатилган хизматларнинг далолатномалари;

контракт бўйича операцияларни тугаллаш.

Бунда далолатнома ҳақидаги ахборотга қуйидагилар киритилади:

далолатнома рақами ва санаси;

кўрсатилган ишлар ва хизматларнинг тури;

кўрсатилган ишлар ва хизматларнинг ўлчов бирлиги ва ҳажми;

кўрсатилган ишлар ва хизматларнинг қиймати.

б) Маблағлар ҳаракати тўғрисидаги ахборот**:

тўлов санаси ва суммаси;

тўлов топшириғининг санаси ва тартиб рақами;

аккредитив очиш санаси, тартиб рақами, суммаси ва муддати ҳамда унинг бажарилиши тўғрисидаги ахборот;

берилган кафолатнинг санаси, тартиб рақами, суммаси ва муддати, кафилнинг номи ва кафолат бажарилганлиги тўғрисидаги ахборот;

берилган суғурта полисининг санаси, тартиб рақами, суммаси ва муддати, суғурта компаниясининг номи;

контрактлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар;

дебиторлик ва кредиторлик қарзларни ҳисобдан чиқариш;

жазо жарималари ва норезидентнинг даромадига солиқ тўлаш;

хорижий банкнинг воситачилик ҳақи.

в) Товарлар юклаб жўнатилганлиги ва тушганлиги тўғрисидаги ахборот***:

товарнинг номи ва ТИФ ТН бўйича код;

товарнинг миқдори;

товар келиб чиққан мамлакат;

божхона юк декларацияси расмийлаштирилган сана ва унинг тартиб рақами;

товарнинг фактура, божхона ва статистика қиймати;

божхона режими;

ўлчашнинг қўшимча бирлиги, коди (зарурат бўлганда);

товарнинг оғирлиги;

ташқи савдо контракти ва инвойс бўйича хўжалик юритувчи субъект
ва хорижий ҳамкор номи ва реквизитлари.

г) инвойс бўйича умумий маълумот *:

экспорт қилувчининг (импорт қилувчининг) номи ва реквизитлари,
шу жумладан СТИР;

хорижий шерикнинг номи ва унинг реквизитлари;

инвойснинг санаси ва тартиб рақами;

инвойснинг ушбу Низомга 1-иловасига мувофиқ тури;

инвойснинг предмети;

инвойс суммаси;

инвойс валютаси.

д) Товар-хомашё биржаси ****:

импорт қилувчи (экспорт қилувчи)нинг номи ва реквизитлари, шу жумладан СТИР;

хорижий шерикнинг номи ва унинг реквизитлари;

ҳужжатнинг санаси ва тартиб рақами;

контракнинг ушбу Низомга 1-иловасига мувофиқ тури;

контрактнинг предмети;

контрактнинг умумий суммаси;

контрактнинг валютаси;

тўлов валютаси;

тўлов шартлари;

қўшимча битимларнинг санаси ва тартиб рақами;

маблағлар ҳаракати тўғрисидаги ахборот.

Изоҳ:

* Маълумотлар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан киритилади.

** Тижорат банклари томонидан киритилади.

*** Давлат божхона хизмати органлари томонидан божхона юк декларациялари расмийлаштирилгандан сўнг киритилади.

**** Товар-хомашё биржаси томонидан киритилади.

ТСОЯЭАТда ташқи савдо контрактларини ва инвойсларни ижро этиш билан боғлиқ тўлдириладиган бошқа маълумотлар ҳам бўлиши мумкин.

 

 

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 
4-ИЛОВА

 

 

 

Ташқи савдо операцияларини амалга оширилиши
устидан назорат қилиш
ТАРТИБИ

 

 

Мазкур тартиб валютани назорат қилувчи органлар ва тижорат банкларида ташқи савдо операцияларини содир этилиши устидан назорат қилиш тартибини белгилайди.

1. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо контрактлари
ва инвойслари юзасидан мониторинг валюта назорати органлари ва тижорат банклари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (кейинги ўринларда матнда ТСОЯЭАТ деб юритилади) орқали амалга оширилади.

Бунда ушбу органлар ва тижорат банклари ўртасида ТСОЯЭАТда шаклланган маълумотларни ўзаро талаб этиш тақиқланади.

2. Товарларни республикага олиб кириш ва “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштириш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш ёки импорт контрактлари бўйича улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида тузилган контрактлар бўйича ёки контрактлар Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларни амалга ошириш доирасида Бошқарувчи қўмита томонидан тасдиқланган тақдирда – импорт контрактларида белгиланган муддатлардан;

электротехника саноати тармоғи корхоналари томонидан ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун технологик ускуналарга тузилган импорт контрактлари бўйича – тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 270 календарь кундан;

бошқа импорт контрактлари бўйича – тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак.

3. Экспорт операциялари бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати:

муассислар Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан чет элдаги ташкилотларга (савдо уйлари, савдо ваколатхоналари, шуъба корхоналар, фирма дўконлар, дилерлик шохобчалари ва консигнация омборлари), шунингдек
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси аъзолари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Палатанинг савдо-инвестиция уйлари номига олиб чиқилаётган товарлар бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кундан;

электротехника саноати тармоғи корхоналари томонидан ўзлари ишлаб чиқарган электротехника электромаиший маҳсулотлар бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кундан; 

қолган товарлар бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб, хизматлар (ишлар) бўйича бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 120 кундан ошиб кетмаслиги керак.

Бунда енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) таъсири юзага келган ҳолатда хорижий валютадаги тушумнинг тушиши муддати ушбу таъсир юз берган давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган, енгиб бўлмайдиган кучнинг амал қилиши даврига узайтирилади.

4. Экспорт контрактлари бўйича тўловлар вакил банклар орқали амалга оширилган ва вакил банкнинг банк воситачилик ҳақи экспорт қилувчининг ҳисоб рақамига тушувчи маблағлар ҳисобига тўланадиган ҳолларда, у дебиторлик қарз сифатида ҳисобга олинмаслиги, балки экспорт қилувчи балансининг харажат қисмида ҳисобга олиниши керак.

Шунингдек, аванс тўловлар бўйича маблағлар қайтариб берилганда ёки вакил банкнинг банк воситачилик ҳақи импорт қилувчининг маблағлари ҳисобига тўланганда импорт контрактлари бўйича товарлар тўлиқ етказиб берилмаган ҳолларда, у дебиторлик қарз сифатида ҳисобга олинмаслиги, балки импорт қилувчи балансининг ҳаражат қисмида ҳисобга олиниши керак.

5. Хизматлар экспортини амалга оширувчи ва импорт қилувчининг мамлакатида кўрсатилган хизматлар учун олинган даромадлардан (фойдадан) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқлар тўлаган экспорт қилувчилар ўзининг тижорат банкига ушбу солиқлар чет элда тўланганлиги тўғрисидаги тасдиқномани тақдим этадилар. Бунда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланган сумма контракт бўйича дебиторлик қарз сифатида ҳисобга олинмайди.

Ушбу солиқлар асоссиз тўланганлиги, уларнинг камайтирилганлиги ёки қайтарилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда контракт бўйича дебиторлик қарз тикланиши керак.

6. Чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган экспорт қилувчилар, шунингдек, “эркин муомалага чиқариш (импорт)” режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни 30 банк кунидан ортиқ таъминламаган импорт қилувчилар (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун – 60 банк куни) белгиланган муддатлар тамом бўлгандан кейин:

белгиланган муддатлардан 180 кунгача кечикканда – тушмаган валюта маблағлари ёки “эркин муомала учун чиқариш” режимида расмийлаштирилмаган товарлар (бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар) суммасининг
10 фоизига тенг миқдорда;

белгиланган муддатлардан 180 кундан 365 кунгача кечикканда – тушмаган валюта маблағлари ёки “эркин муомала учун чиқариш” режимида расмийлаштирилмаган товарлар (бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар) суммасининг 20 фоизига тенг миқдорда қўшимча;

белгиланган муддатлардан 365 кундан ортиқ кечикканда – тушмаган валюта маблағлари ёки “эркин муомала учун чиқариш” режимида расмийлаштирилмаган товарлар (бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар) суммасининг
70 фоизига тенг миқдорда республика бюджети даромадига қўшимча жарима тўлайдилар.

Ушбу Тартибда белгиланган жарима санкциялари қўлланилган тақдирда, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ундирилиши муддатларидан қатъи назар, айни бир қарздорлик предмети
ва товарлар (ишлар, хизматлар)нинг амалдаги экспорти ҳажми бўйича экспорт қилувчига такрорий санкциялар қўлланилмайди.

Экспорт контрактининг суғурта полиси бўйича суғурта қопламаси суммаси (миллий ва (ёки) хорижий валюталарда) экспорт қилувчининг ҳисоб рақамига тушганда, ушбу экспорт контракти бўйича дебитор қарздорлик суммаси молиявий санкцияларни қўллаш мақсадлари учун тушган суғурта қопламаси суммасига камайтирилади.

Хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт контрактлари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, агарда асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмайди.

7. Ташқи савдо операцияларида хорижий ҳамкорлар томонидан олдиндан ўтказилган пул маблағлари бўйича товарларни “экспорт” божхона режимига расмийлаштириш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) ёки Ўзбекистон Республикасига экспорт қилинган товарлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) бўйича Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали пул маблағларини ўтказиш муддати 365 кундан ошиб кетмаслиги керак.

Бунда ушбу муддат товарларни “экспорт” божхона режимига расмийлаштириш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) хорижий ҳамкорлар томонидан ўтказилган пул маблағлари экспорт қилувчиларнинг хизмат кўрсатувчи тижорат банкларида қайд этилган кундан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали пул маблағларини ўтказиш хорижий ҳамкорлар томонидан Ўзбекистон Республикасига экспорт қилинган товарлар “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштирилган (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар далолатномаси имзоланган) кундан бошлаб ҳисобланади.

Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган кредитор қарздорлик ҳосил бўлганлиги учун давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик учун назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Бунда жавобгарлик чоралари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ушбу қарздорликнинг ҳосил бўлиши ҳужжатли асослантирилмаган тақдирда қўлланилади.

8. Хўжалик юритувчи субъектлар, тижорат банклари, бюджет ташкилотлари, бюджет маблағлари олувчилар, ғазначилик бўлинмалари ва давлат божхона хизмати органлари тегишли ахборот ТСОЯЭАТга ўз вақтида ва тўғри киритилиши учун жавоб берадилар.

9. Давлат божхона хизмати органлари:

товарларнинг келиб тушиши ёки юклаб жўнатилиши тўғрисидаги божхона юк декларациялари маълумотларини ТСОЯЭАТга ўз вақтида ва тўғри киритилиши учун жавоб берадилар, товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича маълумотларни ҳамда улар бўйича амалга оширилган божхона тўловларини таҳлил этадилар, шунингдек божхона юк декларациялари маълумотларининг электрон базаси ТСОЯЭАТга ўз вақтида қўшилишини таъминлайдилар;

контрабанда операциялари амалга оширилиши йўллари ва механизмларини аниқлаш, товарлар ва бошқа моддий бойликларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний олиб кирилиши ҳолларига барҳам бериш, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги бошқа жиноятларни очиш бўйича тезкор-таҳлилий ва қидирув чора-тадбирлари ўтказилишини таъминлайдилар.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган товарларга божхона қийматини белгиланиши устидан доимий мониторинг олиб борадилар. Мониторинг натижалари бўйича Давлат божхона қўмитасининг расмий сайтида электрон шаклда жойлаштириладиган муқобил манбалардан олинган маълумотлар асосида импорт қилинадиган товарларга нарх маълумотлари бюллетени тузилади ва электрон шаклда Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар порталига жойлаштириб борилади.

Импорт товарларнинг нархлари тўғрисидаги маълумотларнинг муқобил манбалари сифатида ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки етказиб берувчиларнинг расмий эълон қилинадиган маълумотномалари, бюллетенлари, биржа котировкалари, прайс-варақлардан, улар уюшмалари ёки бирлашмаларининг йиғма нарх маълумотномаларидан, товарларни ишлаб чиқарувчи хорижий компаниялар ваколатхоналарининг, уларнинг расмий рўйхатдан ўтказилган дилерлари ёки дистрибьюторларининг маълумотларидан, шунингдек нархлар конъюнктурасини холис шакллантирадиган умумий фойдаланиладиган нарх тўғрисидаги маълумотларнинг бошқа ишончли манбаларидан фойдаланиш мумкин.

11. Бюллетень хўжалик юритувчи субъектлар томонидан импорт қилинадиган товарларни божхонада расмийлаштириш тартиб-қоидаларини самаралироқ ва холисона амалга ошириш учун хизмат қилади.

Бюллетень маълумотлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар
ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилади.

Бюллетендан божхона органлари баҳолашда ва божхона қийматини назорат қилишда Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида назарда тутилган ҳолларда фойдаланади.

12. Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан тушум қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тушмаганлиги ёки тўлиқ тушмаганлиги ёхуд импорт бўйича товарлар тўлиқ тушмаганлиги (ишлар ва хизматлар бажарилмаганлиги) (аванс тўлови қайтарилганлиги) ҳолатлари тўғрисидаги ахборот ТСОЯЭАТда шакллантирилади. Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ ва божхона хизматлари органлари тегишли чора-тадбирлар кўриш учун ТСОЯЭАТ маълумотларидан фойдаланади.

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил

“___” _________даги ____-сон қарорига
2-ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига
киритилаётган ўзгартиришлар

 

 

1. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2014 йил 21 июлдаги 199-сон қарорида:

а) 2-банднинг иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

б) 31-банддаги “уч” сўзи “беш” сўзи билан алмаштирилсин;

в) иловада:

1 ва 5-бандларда “б” кичик бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи савдо операцияларини амалга оширишда хорижий валютадаги маблағлардан фойдаланиш устидан назоратни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 1996 йил 13 мартдаги 95-сон қарорининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг “Экспорт-импорт операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарорида:

а) 1-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин;

б) 2-бандининг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси божхона юк декларациялари асосида маълумотларнинг электрон базасини шакллантирадилар ҳамда товарларнинг келиб тушиши ёки юклаб жўнатилиши тўғрисидаги ахборотларнинг Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ўз вақтида ва тўғри киритилиши учун жавоб берадилар.».

в) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“4. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда экспертизадан ўтказиладиган ва рўйхатга олинадиган импорт контрактлари бўйича маълумотларни хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш ушбу марказнинг тегишли хулосаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.”;

г) 5-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.

Умумий таклифлар

364