ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
6809 Государственный комитет Республики Узбекистан по земельным ресурсам, геодезии, картографии и государственному кадастру 23/08/2019 08/09/2019 15

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини ўрнатишда автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-6809

ЛОЙИҲА

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

 

 

 

Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини ўрнатишда автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 

 

Сўнги йилларда республикамизда ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, уларни муҳофаза қилишда таъсирчан назоратни таъминлаш ҳамда ер муносабатларини тартибга солишда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги “Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ-5065-сонли Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3024-сонли қарорига асосан жойларда ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш юзасидан назоратни кучайтириш мақсадида жами 937 та муҳандис-ер тузувчи штат бирликлари шакллантирилди. Уларнинг моддий-техника базаси такомиллаштирилди, автотранспорт воситалари ва учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда ўлчов ускуналари билан таъминланди.

Шунингдек, Ҳукумат қарорига асосан 2018-2021 йиллар давомида аэрокосмик суръатга олиш ва учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида давлат координаталар тизимига боғланган ҳолда республикамиз маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини қайта кўриб чиқиш ва белгилаш, ер ресурсларининг барча тоифаси ва турларини ялпи хатловдан ўтказиш ишлари қайта тикланди ва ушбу тадбирларни олиб бориш тизимли ташкил этилди. Натижада ArcGIS дастури асосида электрон хариталар тузилиб, автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида ер ҳисоботини юритиш ва барча ер тоифаларида бўладиган ўзгаришлар, шу жумладан ноқонуний ҳолатларни ўз вақтида аниқлашга имкон берадиган кўп мақсадли ер маълумотларининг автоматлаштирилган yergeoportal.uz ягона тизимни шакллантириш учун ташкилий ишлар амалга оширилиб, ҳуқуқий асослар яратилмоқда.

Мавжуд 21 млн гектар яйловларни ўсимликлар билан қопланганлик ҳолатини белгилаб берувчи геоботаник тадқиқот ишлари ҳамда суғориладиган ерларда ҳар 5 йилда, лалми ерларда ҳар 10 йилда бир маротаба тупроқ балл бонитетини аниқлаш ишлари тизимли йўлга қўйилди. Шу кунга қадар республикамизнинг 2 млн 685 минг гектар яйлов ер майдонларида геобатаник тадқиқот ишлари ўтказилган ва таҳлиллар натижасида ушбу майдонларнинг
399 минг гектари, яъни 14,8 фоиз яйловлар деградацияга учраганлиги аниқланиб, уларни инқироздан чиқариш чоралари белгиланди.

Шу билан бирга, ер ресурсларини муҳофазасига оид амалиёт таҳлили ушбу соҳада бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди, хусусан:

биринчидан, ер ресурсларини муҳофазасига оид амалдаги қонунчилик нормаларида ваколатли давлат органларининг ҳуқуқларидан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги жумладан, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этилган ерга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни махсус ваколатли органлар томонидан тўғридан-тўғри кўриб чиқиш механизми мавжуд эмаслиги;

иккинчидан, ерга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, ортиқча қоғозбозлик ва ҳисоботбозликка чек қўйилмаганлиги, ерларни муҳофаза қилишнинг таъсирчан механизмини қўллаш имкониятининг чекланганлиги, ер қонунбузилишларни узоқ муддатда кўриб чиқилиши тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларни ортиқча оворагарчилигига, айрим ушбу билан боғлиқ жараёнларда коррупцион ҳолатлар келиб чиқишига, ерга оид қонунбузилишларни кўплаб ва такроран содир этилишига, охир оқибат ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари қонуний ердан фойдаланувчисига қайтарилмасдан қолиб кетаётганлиги;

учинчидан, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни назорат қилиш бўйича махсус ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг давлат ер инспектори штат бирлигида фаолият кўрсатаётган ходимлар сонини чекланганлиги, ҳаттоки айрим туман ва шаҳарларда эса давлат ер инспектори штатлари умуман мавжуд эмаслиги, натижада ушбу худудларда ер назоратини ташкил этиш имкони бўлмаётганлиги;

тўртинчидан, ер ресурсларини муҳофаза қилишда рағбатлантирувчи нормалар ва жамоатчилик таъсир чораларининг мавжуд эмаслиги, ерга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек фуқароларга ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда юксак ҳуқуқий маданият ва қонунга ҳурмат ҳиссини сингдириш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишларининг етарли даражада эмаслиги;

бешинчидан, ердан фойдаланувчилар томонидан тупроқ унумдорлигини оширганлиги учун рағбатлантириш ёки аксинча тушириб юборганлик учун таъсирчан чораларни қўллаш механизмининг мавжуд эмаслиги;

олтинчидан, ерга оид қонун бузилишлар, уларни бартараф этиш ҳақидаги маълумотларни ҳамда айбдор шахсларни жавобгарлик масаласини кўриб чиқишда тезкорлик ва очиқликни таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ишлари қониқарсиз даражада эканлиги.

Юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликлар натижасида республикада ер ресурсларини талон-тарож қилиш, айниқса суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, белгилангандан бошқа мақсадларда фойдаланиш ёки маҳаллий ҳокимликлар томонидан суғориладиган ер майдонларини ноқишлоқ хўжалик мақсадлари учун ажратиш ҳолатлари ҳанузгача барҳам топгани йўқ.

Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда таъсирчан давлат назоратини кучайтириш, махсус ваколатли давлат органлари, суд, прокуратура ва давлат бошқарув органларининг ушбу соҳадаги фаолиятида
ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, ерга оид ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишнинг шаффоф механизмини жорий этиш, бюрократик омилларни, қоғозбозлик ва расмиятчиликни бартараф этиш, ортиқча ҳужжатлар айланишини янада қисқартириш, асосланмаган ҳисобот ва ахборот-маълумотнома тарзидаги материалларни сўраш амалиётини кескин чеклаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (қишлоқ хўжалиги ерлари билан боғлиқ қисми) ва уларнинг худудий бўлинмаларига ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, ердан фойдаланувчилар томонидан уларга ажратиб берилган ерлардан фойдаланиш ҳолатини (молиявий хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда) мунтазам мониторинг қилиб бориш ва натижаси бўйича ерга оид ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбдор бўлган шахсларни, шу жумладан юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ва (ёки) бошқа ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2457 ва 2661-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқи берилсин.

 

 2. Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда таъсирчан давлат назоратини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг республикани барча туман ва шаҳар маъмурий-ҳудудий бирликларида давлат ер инспектори штатларини тўлиқ жорий этиш юзасидан:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига бюджетдан молиялаштириладиган қўшимча 32 та туман ва шаҳар бўлимларига бўлим бошлиғи, бош давлат инспектори штат бирликларини жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча жами 1093 та, шундан 95 фоизини қўмитанинг туман ва шаҳар бўлимларига муҳандис-ер тузувчи (давлат инспектори) штат бирликларини жорий этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларининг Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш шўъбалари бошлиқларига бошқарма бошлиғининг ўринбосари мақоми бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларнинг штат жадвалларига
2019 йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб бюджетдан сақланадигган бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимини киритиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

3. Белгилансинки, 2019 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, унинг ҳудудий ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари, туман ва шаҳар бўлимлари ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,8 бараварга оширган ҳолда қўлланилади.

Ушбу бандни амалга ошириш билан боғлиқ ҳаражатлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

4. Маъмурий судлар томонидан ерга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилган маъмурий жарималардан тушадиган маблағларнинг 10 фоизи Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига, 30 фоизи Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармасига, қолган 60 фоизи давлат бюджетига ундирилиши белгилансин.

Шунингдек, ўтказилган тупроқ тадқиқотлари натижаларига асосан ердан фойдаланувчилар томонидан тупроқ унумдорлиги (балл бонитети) оширилганлиги аниқланганда уларга нисбатан белгиланган ер солиғини 3 йил давомида олдинги ставкада тўлаш ҳуқуқи берилсин, тупроқ унумдорлиги тушганлиги аниқланганда уларга нисбатан белгиланган жорий йил солиқ даври учун ер солиғи ставкасининг хар бир камайтирилган балл учун ўн фоиз оширилган миқдори қўлланилсин.

Қишлоқ хўжалиги ва томорқа ерларида ернинг унумдор қатламини рухсатсиз сидириб олинган ёки ноқишлоқ хўжалик эхтиёжлари учун ажратиб берилганда ернинг устки унумдор қатлами олинмасдан фойдаланилган ҳолларда етказилган зарар қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун олиб қўйиладиган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ҳисобланадиган тўлов миқдори қишлоқ ҳўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариш нобудгарчилигини ҳисоблаш тартиби асосида ҳисоблансин. Ҳисобланган зарар миқдорининг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларининг махсус ҳисоб рақамларига, 50 фоизи қўмитанинг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармасига ундирилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан:

ундирилган маъмурий жарималар суммасининг 10 фоизи қўмита тизимидаги муҳандис-ер тузувчи (давлат инспектори)ни ҳар ойлик мукофотлаш учун фойдаланишга;

давлат инспектори лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида устама (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) қўллашга;

ўз вазифаларини виждонан, шунингдек алоҳида муҳим ва масъулиятли ишларни бажараётган ходимларни йилда икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида мукофотлашга;

кўп йиллик ҳамда бекаму кўст хизмати (меҳнати) учун юбилей саналари ва пенсияга чиқиши муносабати билан ходим лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) 3 баравари миқдоригача мукофотлашга;

байрам саналар муносабати билан ходим лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) 1 баравари миқдоригача мукофотлашга;

овқатланиш харажатларини қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдордаги ойлик тўловлар тўлашга;

йўлкира харажатларини қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридаги ойлик тўловлар (хизмат автотраспорт воситаси бириктирилган ходимлар бундан мустасно) тўлашга;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш учун йилда бир маротаба энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида моддий ёрдам тўлашга;

хизмат вазифасини сидқидилдан ва самарали бажариб келаётган ходимларнинг лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) 200 фоизи миқдоригача ҳар ойлик устамалар қўллашга;

ер ресурсларини муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ерга оид қонунбузилишлар тўғрисида махсус ваколатли органларни ўз вақтида аниқ ва ишончли маълумотлар билан хабардор этган фуқароларни энг кам иш ҳақининг бир баробаридан уч баробаригача бўлган миқдорда моддий рағбатлантиришга рухсат берилсин.

6. Белгилансинки:

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларни кўриб чиқиш жараёнлари “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда “E-YER NAZORAT” ААТ деб аталади) орқали юритилади;

“E-YER NAZORAT” ААТ ни яратиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади, бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни электрон рўйхатга олишнинг ягона ахборот тизими ҳамда республика бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона марказлаштирилган электрон базаси билан интеграцияланиши назарда тутилсин;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси “E-YER NAZORAT” ААТ оператори ҳисобланади ва онлайн тарзда юритилишини таъминлайди;

ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва “E-YER NAZORAT” ААТ га жойлаштириш қуйидаги ваколатли органлар томонидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан барча ер тоифалари бўйича ваколат доирасида;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ерларни ишлаб чиқариш ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар ҳамда оқова сувлар билан ифлослантирганлик ҳамда шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг ерларига, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларга, сув фонди ерларига оид қисми бўйича ваколат доирасида;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан қишлоқ хўжалиги ерлари билан боғлиқ қисми бўйича ваколат доирасида.

“E-YER NAZORAT” ААТ га киритилган ерга оид ҳуқуқбузарликларни ваколат доирасида кўриб чиқиш ва натижалари тўғрисидаги маълумотларни тизимга жойлаштирилишини Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Бош прокуратура, Суд идоралари, Ички ишлар вазирлиги ва Мажбурий ижро бюроларининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимликлари томонидан “E-YER NAZORAT” ААТ ни мазкур давлат органларининг электрон ахборот тизимлари билан интеграция қилиш орқали таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси “E-YER NAZORAT” ААТ ёрдамида ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларни кўриб чиқиш жараёнлари самарадорлиги юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Респубикаси Вазирлар Маҳкамасига, йил якуни билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобот беради.

7. “E-YER NAZORAT” ААТ га уланадиган ваколатли идоралар рўйхати
1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва улар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда интернет тармоғига уланганлик ҳамда “E-YER NAZORAT” ААТ га уланиш имконини берадиган компьютер ва бошқа технологик ускуналар билан тўлиқ жиҳозланиш ҳолатини хатловдан ўтказсин.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия ва картография давлат кадастри давлат қўмитаси 2020 йил 1 январдан бошлаб ўз фаолиятида ерга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш ва рўйхатга олишнинг қисқа рақамли автоматлаштирилган маълумотлар тизимини жорий этсин.

 

8. Қорақалпоқистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари барча мақсадлар учун ер участкаларини ажратиш юзасидан қабул қилган қарорларини бир кунлик муддатда “E-YER NAZORAT” ААТ га киритилишини таъминласинлар.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси маҳаллий ҳокимликлар томонидан ер участкаларини ажратиш юзасидан қабул қилинган қарорларни қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилишини таъминласин.

9. “Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш ва ерга оид ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги юзасидан тушунтириш ва тарғибот тадбирларини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошевлар зиммасига юклансин.

 

 

 

        Ўзбекистон Республикаси

                  Президенти                                                             Ш.Мирзиёев

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2019 йил ____авгусдаги ПҚ______сон қарорига
1-илова

 

 

 

“E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизимига
уланадиган ваколатли идоралар

РЎЙХАТИ

 

 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари.

3. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

4. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва ҳудудий прокуратура органлари.

6. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва судлари.

8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий ички ишлар органлари.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2019 йил ____августдаги ПҚ______сон қарорига 2-илова

 

Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг ўрнатишда автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш ва ерга оид ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом юридик ва жисмоний шахслар томонидан ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини, шунингдек ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органлари, суд, прокуратура ва давлат бошқарув органларининг ушбу соҳадаги фаолиятини “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга ошириш тартибини белгилайди.

Автоматлаштирилган ахборот тизим ёрдамида ер қонунчилиги бузилишининг барча турлари, уларнинг оқибатларини бартараф этилиши ва айбдор шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи асосида чоралар кўрилиши назорат қилиб борилади.

Мазкур тизим Ўзбекистон Республикасининг ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи барча махсус ваколатли органлар, шунингдек судлар, прокуратура, маҳаллий ҳокимликларнинг тармоқларига уланган бўлиб, улар ўртасида “онлайн” режимида ўзаро маълумот алмашиш имконини беради.

“E-YER NAZORAT” ААТ га маълумотлар ва хужжатлар фақатгина электрон рақамли имзо билан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикасида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини ўрнатишда ер қонунбузилиш ҳолатларини ҳисобга олиш “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизимининг оператори ҳисобланади.

“E-YER NAZORAT” ААТ операторига қуйидаги ваколатлар берилади:

Тизимдан фойдаланган ҳолда ер тўғрисидаги қонун бузилишининг турлари бўйича ҳисобга олиш ва оқибатлари бартараф этилгандан сўнг ҳисобдан чиқариш.

 

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

«E-YER NAZORAT» автоматлаштирилган ахборот тизими - ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширадиган автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда «E-YER NAZORAT» ААТ деб аталади);

махсус ваколатли давлат органлари - ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиниши устидан давлат назоратини ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан иш юритиш ва тегишли жазо чораларини қўллаш ваколатига эга бўлган давлат органлари, жумаладан:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

махсус ваколатли давлат органнинг раҳбари – махсус ваколатли давлат органларининг ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари.

ердан фойдаланувчи – қонун хужжатларда белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкаларининг фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорлари.

ерга оид ҳуқуқбузарлик – ер ҳуқуқи нормаларига қарама-қарши бўлган айбли ҳатти-ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.

ерлардан хўжасизларча фойдаланиш – берилган ерларнинг ҳолатини яхшилаш ҳамда тупроқни муҳофаза қилиш бўйича зарур бўлган тадбирларни амалга оширмасдан хўжалик фаолиятини юритиш натижасида мазкур ер майдонларида тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган сув ва шамол эрозиясидан, шунингдек тупроқ қатлами унумдорлигининг пасайиши ва (ёки) муомаладан чиқиши оқибатида ерлардан белгиланган мақсади бўйича фойдаланиш ёки самарали фойдаланиш имкони бўлмайдиган ҳолатга келадиган усулларда фойдаланиш бузилган ерларни рекультивация қилмаслик.

ерлардан белгилангандан бошқа мақсадда фойдаланиш – муайян мақсадда ажратилган ер участкасидан бошқа мақсадда фойдаланиш;

ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш – қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратиб берилмаган ер участкаларини эгаллаш;

 

II. Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан
давлат назоратини амалга ошириш тартиби

 

3. Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати махсус ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Қуйидагилар ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан назорат бўйича махсус ваколатли давлат органлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давергеодезкадастр қўмитаси деб юритилади);

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат экология қўмитаси деб юритилади);

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб юритилади).

Давергеодезкадастр қўмитаси Давлат экология қўмитаси ҳамда Инспекциянинг ваколатига кирмайдиган ер қонун бузилишига доир ишлар бўйича ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширади.

Давлат экология қўмитаси ерларнинг ишлаб чиқариш чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар, оқова сувлар билан ифлосланиши, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадидаги ерлардан, сув фонди ерларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан, Инспекция қишлоқ хўжалиги ерлари билан боғлиқ қисми устидан давлат назоратини амалга оширади.

4. Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни назорат қилишни амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органлари ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, ердан фойдаланувчилар томонидан уларга ажратиб берилган ерлардан фойдаланиш ҳолатини (молиявий хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда) мунтазам мониторинг қилиб боради.

Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни назорат қилиш юзасидан мониторинг - бевосита жойига чиққан ҳолда ёки аэрокосмик суратларни ўрганиш ва таҳлил қилиш ёхуд масофадан туриб учувчисиз учиш қурилмалари ёрдамида ер фондидаги ўзгаришларни, шу жумладан ноқонуний ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва оқибатларини бартараф этилганлик ҳолатини мунтазам кузатиб бориш мақсадида ўтказилади.

5. Мониторинг ишлари қуйидаги махсус ваколатли давлат органларининг маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қоидаларга риоя этилишини текшириш ва (ёки) назорат қилиш қонун ҳужжатлари билан зиммасига юклатилган мансабдор шахслари (кейинги ўринларда мансабдор шахслар) томонидан ўтказилади:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан барча ер тоифалари бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ерларнинг ишлаб чиқариш чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар, оқова сувлар билан ифлосланиши, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадидаги ерлардан, сув фонди ерларидан фойдаланиш бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан қишлоқ хўжалиги ерлари билан боғлиқ қисми бўйича.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳамда махсус ваколатли давлат органлари томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлар ёхуд махсус ваколатли давлат органлари таркибидаги корхона ва ташкилотлар иштирокида ер мониторинги ўтказилиши мумкин.

Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

III. Мониторинг натижасида аниқланган ерга оид ҳуқубузарликларни расмийлаштириш ва бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни белгилаш тартиби

6. Мониторинг натижасида ерга оид ҳуқубузарлик аниқланган тақдирда мансабдор шахслар томонидан қонун бузилишининг турларини, ерга оид қонун ҳужжатлар талаблари бузилиши туфайли етказилган зарарни (мавжуд бўлса), айбдор шахсларни аниқлайдилар ва қонун бузилиши тўғрисидаги материалларни расмийлаштирадилар.

7. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ шахснинг ҳатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги маъмурий ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарса мансабдор шахслар қонунбузилиш аниқланган жойнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”нинг 281-моддаси талабидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузади.

8. Баённомага ер қонунбузилиш ҳолати содир этилган ер участкасининг фотосурати, интернет тармоғи орқали олинган космик сурат, ер қонун бузилиш ҳолати содир этилган майдоннинг шартли белги билан кўрсатилган худуднинг 1:10000 масштабдаги қишлоқ хўжалиги харитаси (мавжуд бўлса) ва ишга таллуқли бошқа ҳужжатларни илова қилган ҳолда бир иш куни мобайнида ўзининг бўйсунувидаги махсус ваколатли давлат органи раҳбарига тақдим этади.

9. Тақдим этилган материаллар махсус ваколатли давлат органи раҳбари томонидан таҳлил қилинади (зарур ҳолларда тегишли маълумотлар билан тўлдиради) ва ҳуқуқбузарлик Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан малакаланади.

10. Махсус ваколатли давлат органи раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўзига берилган ваколатлари доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқади, ишни кўриб чиқиш натижалари, қўлланилган жазо чораларини ихтиёрий ижро этилганлиги ёки мажбурий ижрога қаратилганлигига доир маълумотлар “E-YER NAZORAT” ААТ га киритилади.

Бунда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида тўпланган материалларнинг ягона нусхаси ҳуқуқбузарликни аниқлаган махсус ваколатли давлат органнинг ўзида сақаланади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш учун иш материалларини қоғоз шакли талаб этилмайди.

Шу билан бирга, ерга оид қонун ҳужжатлари бузилишининг сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ер участкаларини олиб қўйиш, шу жумладан ерларни ижарага бериш шартномаларини муддатидан олдин бекор қилиш ҳақидаги, шунингдек ерлардан фойдаланишни чеклаш ва тўхтатиб қўйиш тўғрисида“E-YER NAZORAT” ААТ орқали тақдимнома юборади.

11. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўн беш кун муддатда тақдимномани кўриб чиқиб, ваколат доирасида ердан фойдаланувчиларни ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини бекор қилишгача бўлган чораларни қўллайди ва натижаси тўғрисидаги маълумотни “E-YER NAZORAT” ААТ га киритади.

12. Ҳуқуқбузар жаримани белгиланган муддат ичида тўламаган тақдирда, жарима солиш тўғрисидаги қарор махсус ваколатли давлат органи раҳбари томонидан жаримани мажбурий тартибда ундириб олиш учун уч кун муддатда “E-YER NAZORAT” ААТ орқали Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига юборилади.

13. Махсус ваколатли давлат органнинг ҳуқуқбузарга жарима солиш тўғрисидаги қарори асосида қўлланилган маъмурий жарима мажбурий тартибда ундирилади ва бу тўғридаги маълумотни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси “E-YER NAZORAT” ААТ га киритади.

14. Агар, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш ваколати бошқа органга белгиланган бўлса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 281-моддаси талаблар асосида тўпланган материаллар “E-YER NAZORAT” ААТ орқали маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган тегишли органга юборилади.

15. Агар, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материаллари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 281-моддаси талаблари асосида тузилмасдан юборилган ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материаллари бир иш кунида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузган органга “E-YER NAZORAT” ААТ орқали қайтарилади.

16. Қайтариб юборилган маъмурий ишларга оид материаллардаги хато ва камчиликлар махсус ваколатли давлат органи томонидан уч кун муддатда бартараф этилиб, иш материаллари ушбу Низомга асосан қайтадан махсус ваколатли давлат органига юборилади. Бунда, кўрсатилган камчиликлар бартараф этилиб тизимга қайтадан юборилган хужжатлар бошқа сабаблар билан маъмурий ишни кўриб чиқишни рад этиш тариқасида қайтарилиши мумкин эмас.

17. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги хужжатларда жиноят аломатлари аниқланган тақдирда махсус ваколатли давлат органи раҳбари томонидан ишга доир хулоса расмийлаштирилади ва тўпланган материаллар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддасига асосан бир кун муддатда “E-YER NAZORAT” ААТ орқали прокуратура органларига тақдим этади.

Агар ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги материалларнинг қоғоз шакли талаб этилган тақдирда унинг ягона нусхаси бир кун муддатда топшириш-қабул қилиш баённомаси асосида прокуратура органларига тақдим қилинади.

18. Кўриб чиқиш учун қабул қилинган материаллар прокуратура органлари томонидан ўн беш кун муддатда ўрганилади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 329-330-моддаларига асосан тегишли қарор қабул қилинади ва натижаси юзасидан маълумот “E-YER NAZORAT” ААТ га киритилади.

Агар, иш материаллари прокуратура органларига тааллуқли бўлмаганда ёки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 281-моддаси талаблар асосида тузилмасдан юборилганда ёхуд талаб этилган қоғоз шакли муддатида тақдим этилмаганда иш материаллари уни юборган органга ахборот тизими орқали электрон рақамли имзо билан қайтарилади.

19. Қайтариб юборилган ишга оид материллардаги хато ва камчиликлар махсус ваколатли давлат органи томонидан уч кун муддатда бартараф этилиб, ушбу Низомга асосан прокуратура органларига қайтадан юборилади.

20. Кўрсатилган камчиликлар бартараф этилиб қайтадан юборилган хужжатлар прокуратура органлари томонидан бошқа сабаблар билан кўриб чиқишни рад этиш тариқасида қайтарилиши мумкин эмас.

21. Ерга оид ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича айбдор шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги принципи сўзсиз таъминланади.

 

IV. Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатидаги қонунбузилишларга нисбатан кўриладиган таъсир чоралар ҳамда уларни бартараф этиш тартиби.

 

22. Махсус ваколатли давлат органи томонидан ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган, шунингдек суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаган ердан фойдаланувчи бўлган айбдор шахсга ер участкасини қайтариш ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини ўз ҳисобидан бартараф қилиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилади.

Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган шахс томонидан ер участкасини қайтариш ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини ўз ҳисобидан бартараф қилишни махсус ваколатли давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан ҳамкорликда назорат қилади.

23. Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатидаги ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс ёзма кўрсатма асосида ўн беш кун муддатда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса жавобгарликдан озод этилади (ердан фойдаланувчиларнинг кўрган зарарларини (шу жумладан бой берилган фойда)ни қоплаб бермаслик ҳолати бундан мустасно).

Акс ҳолда, ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича тўпланган материалларни кўриб чиқиш учун “E-YER NAZORAT” ААТ орқали тегишли Маъмурий судга юборилади.

24. Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича махсус ваколатли давлат органи томонидан суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаган айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича тўпланган материаллар кўриб чиқиш учун “E-YER NAZORAT” ААТ орқали тегишли Маъмурий судга юборилади.

25. Маъмурий суд томонидан ўн беш кун муддатда кўриб чиқилган иш натижалари, қўлланилган жазо чораларини ихтиёрий ижро этилганлиги ёки мажбурий ижрога қаратилганлигига доир маълумотлар “E-YER NAZORAT” ААТ орқали юборилади.

26. Махсус ваколатли давлат органи томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини айбдор шахснинг ўзбошимча эгалигидан қайтариш, ноқонуний қурилишларни айбдор шахс ҳисобидан бартараф этиш ҳамда ер участкасини олдинги ҳолатига келтириш тўғрисида таалуқлиги бўйича тегишли Судга “E-YER NAZORAT” ААТ орқали даъво аризаси киритади.

Бунда, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ва (ёки) қурилиш қилган айбдор жисмоний шахс бўлганда Фуқаролик ишлари бўйича Судига, юридик шахс бўлганда Иқтисодий судга юборилади.

Агар ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги материалларнинг қоғоз шакли талаб этилган тақдирда унинг ягона нусхаси бир кун муддатда топшириш-қабул қилиш баённомаси асосида суд органига тақдим қилинади.

27. Даъво аризаси Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ўн беш кун муддатда кўриб чиқилади, натижаси бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори (ажрим) “E-YER NAZORAT” ААТ га киритилади.

28. Махсус ваколатли орган ва суд ўртасида маълумотларни алмашиш “E-YER NAZORAT” ААТ ҳамда Суд ишларини юритиш ягона электрон тизимини интеграция қилиш орқали ўзаро ҳамкорлик келишуви ҳамда технологик йўриқнома асосида амалга оширилади.

 

V. Ерга оид қонун ҳужжатларининг бузилиши оқибатларини тугатиш (бартараф этиш)

 

29. Ердан фойдаланишда фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик ер қонун меъёрларини бузиш натижасида етказилган мулкий ва номулкий зарарни тўла қоплашни назарда тутади.

30. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик (ёки жиноий жавобгарлик) тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилиши билан бир вақтда, уларнинг салбий оқибатларини ҳуқуқбузар шахслар ҳисобидан тугатиш (бартараф этиш) масаласи ҳал этилади.

Бунда, махсус ваколатли давлат органи томонидан ҳуқуқбузарликнинг салбий оқибатларини ўз ҳисобидан бартараф қилиш тўғрисида ҳуқуқбузарга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма беради.

31. Агар, ёзма кўрсатма асосида ўн беш кун муддатда ҳуқуқбузарликнинг салбий оқибатлари тугатилмаган (бартараф этилмаган) тақдирда айбдор шахс ҳисобидан бартараф этиш ҳамда ер участкасини олдинги ҳолатига келтириш тўғрисида таалуқлиги бўйича тегишли Судга “E-YER NAZORAT” ААТ орқали даъво аризаси киритилади.

 

VI. Ерга оид қонун ҳужжатларининг бузилишларини ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш

 

32. Ер қонунчилиги бузилишининг барча турлари “E-YER NAZORAT” ААТ га киритилган маълумотлар асосида тизим оператори томонидан ҳисобга олинади.

33. Ер қонунчилиги бузилишининг оқибатлари тўлиқ бартараф этилиб, айбдор шахсларга нисбатан чоралар кўрилгандан сўнг тизим оператори томонидан ҳисобдан чиқарилади.

34. Тизим оператори томонидан ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларни кўриб чиқиш жараёнлари самарадорлиги юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Респубикаси Вазирлар Маҳкамасига, йил якуни билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобот беради.

 

VII. Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги

 

35. Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар ўз фаолиятининг тўғри ташкил этилиши ва амалга оширилиши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини ўрнатишда автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш тўғрисида Низомга
Илова

Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг
“E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга ошириш

 

 

Босқичлар

 

Тадбирлар

 

Масъуллар

 

Муддати

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

Давлат инспекторлари барча тоифадаги ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш холати юзасидан молиявий хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда мониторинг олиб боради, аниқланган ер қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ваколати доирасида маъмурий-ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади ва ўзининг бўйсунувидаги махсус ваколатли давлат органи раҳбарига тақдим этади.

 

Давергеодезкадастр қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқарма, туман (шаҳар) бўлимлари

 

1 кун
муддатда

 

 

 

 

 

 

 

Давлат инспекторлари ерларнинг ишлаб чиқариш чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар, оқова сувлар билан ифлосланиши, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадидаги ерлардан, сув фонди ерларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан молиявий хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда мониторинг олиб боради, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий-ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади ва ўзининг бўйсунувидаги махсус ваколатли давлат органи раҳбарига тақдим этади.

 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий бошқарма ва туман(шаҳар) инспекциялари

 

 

 

 

 

 

 

 

Давлат инспекторлари қишлоқ хўжалиги ерлари билан боғлиқ қисмида молиявий хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда мониторинг олиб боради, аниқланган ер қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий-ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади ва ўзининг бўйсунувидаги махсус ваколатли давлат органи раҳбарига тақдим этади.

 

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлимлари

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

 

 

Махсус ваколатли давлат органи раҳбарлари ваколати доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқади, ишни кўриб чиқиш натижалари, қўлланилган жазо чораларини ихтиёрий ижро этилганлиги ёки мажбурий ижрога қаратилганлигига доир маълумотлар “E-YER NAZORAT” ААТга электрон рақамли имзо билан киритилади.

Агар, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш ваколати бошқа органга  белгиланган бўлса, материаллар “E-YER NAZORAT” ААТ орқали маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган тегишли органга юборилади.

Шу билан бирга, ерга оид қонун ҳужжатлари бузилишининг сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ер участкаларини олиб қўйиш, шу жумладан ерларни ижарага бериш шартномаларини муддатидан олдин бекор қилиш ҳақидаги, шунингдек ерлардан фойдаланишни чеклаш ва тўхтатиб қўйиш тўғрисида “E-YER NAZORAT” ААТ орқали электрон рақамли имзо билан тақдимнома юборади.

 

 

Давергеодезкадастр қўмитаси
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бошқарма, туман (шаҳар) бўлимлари

 

15 кун

муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўн беш кун муддатда тақдимномани кўриб чиқиб, ваколат доирасида ердан фойдаланувчиларни ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини бекор қилишгача бўлган чораларни қўллайди ва натижаси тўғрисидаги маълумотни “E-YER NAZORAT” ААТга электрон рақамли имзо билан киритади.

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

 

15 кун

муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

 

 

 

Ҳуқуқбузар жаримани белгиланган муддат ичида тўламаган тақдирда,
жарима солиш тўғрисидаги қарор махсус ваколатли давлат органи раҳбари томонидан жаримани мажбурий тартибда ундириб олиш учун уч кун муддатда “E-YER NAZORAT” ААТ орқали электрон рақамли имзо билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига юборилади.

 

 

 

 

 

Давергеодезкадастр қўмитаси
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бошқарма, туман (шаҳар) бўлимлари

 

3 кун

муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

5-босқич

 

Махсус ваколатли давлат органнинг ҳуқуқбузарга жарима солиш тўғрисидаги қарори асосида қўлланилган маъмурий жарима мажбурий тартибда ундирилади ва бу тўғридаги маълумотни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси “E-YER NAZORAT” ААТга электрон рақамли имзо билан киритади.

 

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси

 

белгиланган

муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

6-босқич

 

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги хужжатларда жиноят аломатлари аниқланган тақдирда махсус ваколатли давлат органи раҳбари томонидан ишга доир хулоса расмийлаштирилади ва тўпланган материаллар бир кун муддатда “E-YER NAZORAT” ААТ орқали прокуратура органларига электрон рақамли имзо билан тақдим этади.

 

Давергеодезкадастр қўмитаси
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бошқарма, туман (шаҳар) бўлимлари

 

1 кун

муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

7-босқич

 

Кўриб чиқиш учун қабул қилинган материаллар прокуратура органлари томонидан ўн кун муддатда ўрганилади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 329-330-моддаларига асосан тегишли қарор қабул қилинади ва натижаси юзасидан маълумот “E-YER NAZORAT” ААТга электрон рақамли имзо билан киритилади.

 

прокуратура органлари

 

10 кун

муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

8-босқич

 

Махсус ваколатли давлат органи томонидан ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган, шунингдек суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаган айбдор шахс ер участкасини қайтариш ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини ўз ҳисобидан бартараф қилиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилади.

Ўн беш кун муддатда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминламаса ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилмаса тўпланган материалларни кўриб чиқиш учун “E-YER NAZORAT” ААТ орқали тегишли судларга электрон рақамли имзо билан юборилади.

Бунда, маъмурий жавобгарлик масаласи бўйича Маъмурий судга, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ва (ёки) қурилиш қилган айбдор жисмоний шахс бўлганда Фуқаролик ишлари бўйича Судига, юридик шахс бўлганда Иқтисодий судга юборилади.

 

Давергеодезкадастр қўмитаси,
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бошқарма, туман (шаҳар) бўлимлари

 

 

15 кун

муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

9-босқич

 

Маъмурий суд томонидан ўн беш кун муддатда кўриб чиқилган иш натижалари, қўлланилган жазо чораларини ихтиёрий ижро этилганлиги ёки мажбурий ижрога қаратилганлигига доир маълумотлар “E-YER NAZORAT” ААТ орқали электрон рақамли имзо билан юборилади.

 

 

 

 

Маъмурий судлар

 

 

15 кун

муддатда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

10-босқич

 

Даъво аризаси судлар томонидан ўн беш кун муддатда кўриб чиқилади, натижаси бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори (ажрим) E-YER NAZORAT” ААТ га электрон рақамли имзо билан киритилади.

 

 

 

 

Фуқаролик ишлар бўйича судлар,

Иқтисодий судлар

 

 

 

15 кун

муддатда

 

Умумий таклифлар

788