ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
6596 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 20/08/2019 04/09/2019 4

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори
ID-6596

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида

 

 

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини ривожлантириш, шунингдек, таълим жараёни, ўқув режа ва фан дастурларини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириб бориш, ўқитишнинг самарали шакллари, усуллари ва ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини қўллаган ҳолда таълим муассасаларини ривожлантириш бўйича тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказинегизида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш марказини(кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

олий таълим тизими фаолиятини илмий-методик таъминлаш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини ўрганиш асосида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга йўналтирилган тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда республикада юқори малакали кадрлар тайёрлашни ташкил этишга кўмаклашиш;

таълим муассасалари фаолиятида илғор педагогик технологиялар ва инновацион ўқитиш методларидан кенг фойдаланиш асосида ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш ҳамда таълим жараёни сифатини ошириб бориш, ўқитишнинг самарали шакллари, усуллари ва ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини жорий этишда кўмаклашиш;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналиш ва мутахассисликлари дастурларига кирувчи барча фанлар бўйича янги авлод ўқув адабиётларини тайёрлаш ва ўқув адабиётларини нашр этишни ташкиллаштириш;

олий таълим тизимининг меъёрий-ҳуқуқий, меъёрий-услубий ҳужжатларининг таъминотини, давлат намунасидаги қатъий назоратдаги ҳужжатлар ҳисобини юритиш, электрон базасини шакллантириш ва улар билан таълим муассасаларини таъминлаш;

олий таълим тизимининг давлат таълим стандартларини, талабалар мустақил таълими бўйича тавсияларни ишлаб чиқишни ташкиллаштириш ва такомиллаштириш, шунингдек таълим муассасаларида ўқув жараёнининг ўзаро боғлиқлиги ва узлуксизлигини услубий таъминлаш;

идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар республика олий таълим муассасаларининг рақобатдошлигини оширишга қаратилган ўқув-услубий соҳада таълим хизматлари турларини кенгайтириш (диверсификациялаш);

олий таълим тизимини илмий-тадқиқот институтлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, шунингдек кадрлар истеъмолчилари талаблари билан интеграциялашув жараёнларини ташкиллаштиришда таълим муассасаларига тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш.

3. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

республика илмий-тадқиқот лойиҳа грантлари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва ҳайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, Марказ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда таълим муассасаларига қуйидаги хизматларни шартнома асосида амалга оширади:

олий таълим тизимига тегишли қатъий назоратдаги, давлат намунасидаги ҳужжатларни нашрга тайёрлаш ва улар билан таълим муассасаларини таъминлаш;

олий таълим тизимида юритиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва таълим муассасаларини таъминлаш;

олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими дастурларига кирувчи барча фанлар бўйича янги авлод ўқув адабиётларини нашр этишни мувофиқлаштириш, ташкиллаштириш ва улар билан таълим муассасаларини таъминлаш;

идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар, олий таълим муассасалари фаолиятидаги меъёрий-услубий ҳужжаларини юритиш, таълим сифатини ошириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, педагог кадрлар фаолиятини оширишга қаратилган таълим хизматларининг белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқлиги бўйича услубий кўмаклашиш;

олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими фаолиятини ўқув-услубий томонидан мувофиқлаштириш, янги таълим йўналишларининг меъёрий-услубий ҳужжалар билан таъминлаш, таълим йўналишлари ва таълим муассасаси объектлари бўйича ягона таълим хизматларини кўрсатувчи миллий реестрни шакллантириш.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш марказ тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Марказ директорига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда ходимларнинг умумий белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида Марказ тузилмасига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда Марказнинг Низомини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

7. 2019 йил 1 сентябрдан Марказ директорининг маоши олий таълим муассасаси ректорлари лавозим маошига, директорнинг илмий-методик масалалар бўйича маслаҳатчиси ва директор ўринбосарларининг маоши – проректор лавозими учун белгиланган, бошқарма ва бўлим бошлиқларининг маоши – факультет декани учун белгиланган, бош мутахассиснинг маоши –факультет декани ўринбосари учун белгиланган, етакчи мутахассиснинг маоши – доцент унвонлари учун белгиланган лавозим маошларига тенглаштирилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасидан умумий тушумларнинг икки фоизгача миқдоридаги ажратмалар ажратиш белгилансин.

9. Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасидан ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

ўқув-услубий ишланмаларни такомиллаштиришда илмий-амалий конференциялар, семинарлар, танловлар ўтказиш;

олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими дастурларига кирувчи барча фанлар бўйича янги авлод ўқув адабиётларини тайёрлаш ва уларни экспертизадан ўтказиш ҳаражатлари;

Марказнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш;

Марказ раҳбарлари ва ходимларини моддий рағбатлантириш.

10. Белгилаб қўйилсинки:

а) ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Марказ бошқарув ходимлари лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентларини бир ярим баравар миқдорида қўллаш ҳамда бу билан боғлиқ қўшимча ҳаражатларни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Марказ ходимларининг:

фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари ойлик иш ҳақига – 30 фоиз;

фан доктори ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари ойлик иш ҳақига – 35 фоиз устамалар белгилаш;

в) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказнинг ходимлари ойлик лавозим маошига олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида хизмат қилган умумий иш стажи учун 3 йилдан 5 йилгача – 10 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача – 20 фоиз,
10 йилдан 20 йилгача – 30 фоиз, 20 йилдан ортиқ – 40 фоиз ойлик устамалар тўлаш.

11. Тошкент давлат техника университетига тегишли бўлган Тошкент шаҳар Олмазор тумани, Шифонур кўчаси, Талабалар шаҳарчаси 75-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди (кейинги ўринларда объект деб аталади) билан бирга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Марказга бепул берилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги  Марказ биносини капитал таъмирлаш ишлари харажатларини қоплаш учун зарур маблағларни 2020 йилги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобларида ижтимоий соҳага белгиланган маблағлар ҳисобидан ажратсин.

Объектни капитал таъмирлаш бўйича буюртмачи этиб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси белгилансин.

Бош лойиҳалаштирувчи ва пудратчи ташкилотлар танлов (тендер) савдолари натижалари бўйича белгиланган тартибда аниқланади.

13. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда қурилиш-монтаж ишларини бажаришда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширилиши назарда тутилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказ буюртмаси асосида белгиланган тартибда юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини ҳамда зарур телефон алоқаси билан таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ушбу қарорда назарда тутилган харажатлар учун зарур бюджет маблағларини 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳага назарда тутилган маблағлар доирасида ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ушбу соҳага ажратилган маблағлар доирасида назарда тутсин;

ушбу қарордан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил учун тасдиқланган харажатларига тегишли ўзгартиришлар киритсин;

Марказга 3 та, шу жумладан 2 та бириктирилган ва 1 та навбатчи автотранспорт воситасига лимит ажратсин;

Марказнинг моддий-техника базасини шакллантириш учун зарур бўлган жиҳозлар ва ахборот-коммуникация технологияларини харид қилиш учун уч ой муддатда Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда
Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

 

А. Арипов