ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
6257 Государственный комитет Республики Узбекистан по лесному хозяйству 13/08/2019 28/08/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ўрмон фонди ерларини эгалик қилиш, фойдаланиш ва давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-6257

Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ–5742-сон “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўрмон фонди ерларини эгалик қилиш, фойдаланиш ва давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Ж.Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж.Бакиров зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

              Бош вазири                                                  А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___”  _________даги

 ____-сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Ўрмон фонди ерларини эгалик қилиш, фойдаланиш ва давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги ва “Ижара тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сонли “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, ўрмон фонди ерларини эгалик қилиш, фойдаланиш ва давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат ўрмон фонди ерлари – ўрмон хўжалиги давлат органларига ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлар;

ўрмон участкаси– давлат ўрмон фондининг бир қисми бўлиб, улар давлат ўрмон кадастрида кўрсатилган муайян чегарага, майдонга, жойлашган ерига, ҳуқуқий режимга ва бошқа хусусиятларга эга бўлади;

ижарага берувчи — Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (кейинги ўринларда –Қўмита). Айрим ҳолларда Қўмита ижарага берувчи ваколатини унинг буйруғи билан Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармаларига юклаши мумкин;

ижарага олувчи — ушбу Низомда белгиланган шартларда ва тартибда ўрмон фонди участкалари бўйича ижара шартномасини тузган юридик ёки жисмоний шахс;

балансда сақловчи — ижарага берилаётган ўрмон фонди участкаси унинг балансида ҳисобга олинган Қўмита тизимидаги ўрмон хўжалиги давлат органи;

давлат-хусусий шериклик  давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлиги;

давлат шериги — Ўзбекистон Республикаси бўлиб, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган бошқа органлар (ташкилотлар) ёки уларнинг бирлашмалари унинг номидан иш юритади;

хусусий шерик — Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган, давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузган тадбиркорлик фаолияти субъекти ва шундай субъектларнинг бирлашмаси.

3. Ушбу Низом давлат ўрмон фонди еридан ташқари ерларга татбиқ этилмайди.

4. Мазкур Низомга мувофиқ ўрмон фонди ерлари таркибидаги қуйидаги ерлар давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилиши мумкин:

ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ерларида янгидан барпо этилган ва камида бир йилгача бўлган муддатда парваришланган ўрмонлар жойлашган ерлар (кейинги ўринларда – парваришланган ўрмонлар);

ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ва келгусида ўрмон барпо этиш мумкин бўлган ерлари (кейинги ўринларда – ўрмон билан қопланмаган ерлар);

давлат ўрмон фонди ерларида ўрмондан ўрмон-овчилик, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун, илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ҳамда эстетик мақсадларда, шунингдек экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш мумкин бўлган ерлар;

давлат ўрмон фонди ерларида кўчатчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинлари экиш ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлган ерлар.

Ўрмон фонди участкаларида пичан ўриш, чорва молларини ўтлатиш ва асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

5. Ўрмон фонди ерлари юридик ёки жисмоний шахсларга ўрмон хўжалиги органлари томонидан ижара шартномасига кўра 50 йилгача бўлган муддатга давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилади.

6. Ижарага берувчи балансда сақловчининг ўрмон фонди участкасини давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш бўйича танлов ўтказиб бериш тўғрисидаги ёзма илтимосномасига кўра очиқ электрон танлов эълон қилади.

Бир ой давомида электрон танловда талабгор бўлмаган ҳолларда, ижарага берувчи томонидан ўрмон фонди участкасини биринчи ташаббускорга тўғридан-тўғри шартнома орқали давлат-хусусий шериклик асосида ижарага беришга ҳақли.

7. Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлмаган юридик ёки жисмоний шахсларга ўрмон фонди участкаси Қўмита билан тўғридан-тўғри тузилган ижара шартномаси асосида инвестиция киритиш шартлари билан берилади.

8. Давлат шериги тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланадиган хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.

Тендерлар бир босқичли ёки икки босқичли бўлиши мумкин.

9. Давлат-хусусий шериклик объекти жойлашган ва (ёки) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкаси хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланадиган муддатга берилади.

Ер участкаси хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун шартнома асосида танлов ўтказмасдан берилади.

Давлат шериги томонидан хусусий шерикка ер участкасини ёки унга бўлган ҳуқуқларни беришга доир мажбуриятнинг бажарилмаганлиги хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бир томонлама бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тугатилиши давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун берилган ер участкасига нисбатан шартномавий муносабатларни тугатиш учун асос бўлади.

10. Ваколатли давлат органи (Ўрмон хўжалиги органлари) давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бажарилишининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этилиши нуқтаи назаридан мониторингини амалга оширади. Хусусий шерик мониторингни амалга ошириш мақсадлари учун давлат-хусусий шериклик объектларига кирилишини ва тегишли ҳужжатлардан фойдаланилишини таъминлаши шарт.

11. Ўрмон фонди участкаси қуйидаги ҳолларда, яъни илгари тузилган ўрмон фонди участка ижара шартномасининг мажбуриятлари бажарилмаганда;

ижарага олувчининг муомалага лаёқатсизлиги ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида ишончли маълумот мавжуд бўлганда ижарага берилмайди.

12. Ижарага берилган ўрмон фонди участкаси (шунингдек, унинг бир қисми) бўйича ижарага олувчининг ижарага олиш ҳуқуқи ўзгага берилиши, гаровга қўйилиши ёки бошқача тарзда ижарага олувчи томонидан учинчи шахсларга ўтказилиши мумкин эмас.

Ижарага олувчи ижарага олинган ўрмон фонди участкасини учинчи шахсларга, шу жумладан субижара (иккиламчи ижара) шартларида беришга ҳақли эмас.

13. Ижарага олувчи ижарага олинган ўрмон фонди участкаси ҳудудидаги ўсимлик дунёсига ўзбошимчалик билан зарар келтириши мумкин эмас.

14. Ижарага олувчи ижарага олинган ҳудуддаги ўсимлик дунёсига ўз ҳисобидан агротехник тадбирларни амалга ошириши ва уни сақлаш бўйича харажатларни қоплаши шарт.

15. Ўрмон фонди участкасини ижарага бериш жараёни ҳар қандай жисмоний ва юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда ташаббус кўрсатувчи) ташаббуси асосида бошланиши мумкин.

Ушбу мақсадларда ташаббус кўрсатувчи ўрмон фонди участкаси жойлашган жойдаги балансда сақловчига:

ўрмон фонди участкасининг тавсифини ва у жойлашган жойни;

балансда сақловчини (бундай маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда) кўрсатган ҳолда тегишли таклифни тақдим этади.

Таклиф кўриб чиқилиши ва таклиф олинган пайтдан бошлаб бир ҳафта муддатда ташаббус кўрсатувчига асосланган жавоб юборилиши шарт.

2-боб. Ўрмон фонди ерларини вақтинчалик фойдаланиш учун ижарага бериш

16. Ўрмон фонди ерларини (янги ўрмонзорлар, доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва бошқа) фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахсларга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан эллик йилгача муддатга шартнома асосида ижарага берилиши мумкин.

Ижара шартномасида:

ижарага берилаётган ер майдони;

ижара муддати;

ижара ҳақи шартлари ва миқдори, уни тўлаш муддатлари;

ижарага берилаётган ер тоифалари, турлари ва ҳолати;

ижарачининг ердан фойдаланиш шартлари;

шартноманинг амал қилиши тўхтатилганидан кейин ижарачининг ерни ижарага берувчига қандай ҳолатда ва қай тартибда қайтариши;

ижарага берилган ерни ҳолатини сақлаш ва яхшилаш юзасидан томоннинг мажбурияти;

Ерни мўлжалланган мақсадга мувофиқ ҳолда оқилона фойдаланиш юзасидан ижарачининг мажбуриятлари кўзда тутилган қоидалар ҳам киритилади.

Ижара шартномасига бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.

17. Ўрмондан вақтинча фойдаланиш қисқа муддатли — уч йилгача ва узоқ муддатли — эллик йилгача бўлиши мумкин.

18. Ижарага олувчи ёнғин хавфсизлигига риоя этилиши, дарахтлар ва буталарни синдиришга, кесишга, ўрмон экинларига шикаст етказилишига, ўрмонларнинг маиший ҳамда бошқа чиқиндилар билан ифлосланишига, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити йўқ қилинишига ва урчиш жойлари бузилишига йўл қўймаслиги, шунингдек ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа талабларни бажариши шарт.

19. Чегара зонасида ўрмондан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари билан белгиланади.

20. Ижарага берилган ер участкаси ёки унинг бир қисмини иккиламчи ижарага бериш тақиқланади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

21. Ижарага берилган ер участкалари олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.

22. Ер участкалари ижарасининг шартлари ва муддатлари тарафларнинг келишувига биноан белгиланади ва шартномада мустаҳкамлаб қўйилади. Ўрмон фонди ерлари ижарага эллик йилгача бўлган муддатга берилиши мумкин.

23. Ижарачи ер участкалари ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин шартномани янгилашда бошқа тенг шароитларда устун ҳуқуққа эга.

24. Ер участкаларини ижарага олганлик учун ҳақ тўлаш тартиби ва унинг миқдори ижара шартномасида қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

25. Ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

3-боб. Ўрмон фонди ерларини доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) учун бериш

26. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари давлат ўрмон хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон фонди участкаларини беради, бундан ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақалари, ерлари, ўрмонларнинг овланадиган қимматли балиқлар увулдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақалари, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонлар, давлат қўриқхоналарининг, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, умумдавлат аҳамиятига молик буюртма қўриқхоналарнинг, умумдавлат аҳамиятига молик курорт табиий ҳудудларнинг, давлат биосфера резерватларининг, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрмонлари мустасно;

27. Ўрмон фонди ерларида ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган ишларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар ўрмонларни қайта тиклаш, ўрмон фондининг ҳолати бузилган ерларини рекультивация қилиш бўйича чоралар кўриши шарт.

28. Ўрмон фонди ерларида геология-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа қидирув ишларини амалга оширувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бу ишларни белгиланган тартибда ўрмон хўжалиги органлари розилиги билан туман ҳокими томонидан қабул қилинган қарор асосида ўрмон хўжалиги органларидан ер участкаларини олиб қўймаган ҳолда амалга оширишлари мумкин.

29. Қидирув ишларини олиб борувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар иш давомида бузилган ер участкаларини белгиланган мақсадларда фойдаланиш учун ўз ҳисобларидан яроқли ҳолатга келтиришлари ва ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ер участкаларининг ижарачиларига ҳамда мулкдорларига топширишлари, ерлар, экинзорлар, дов-дарахтлар, ўрмонлар, сувлар ва бошқа табиат объектларининг, трубопроводлар, канализация, мелиорация тармоқлари ва бошқа иншоотларнинг яроқли ҳолда сақланишини таъминлаш чораларини кўришлари, шунингдек ер участкаларини вақтинча эгаллаб туриш муносабати билан ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ер участкаларининг ижарачиларига ҳамда мулкдорларига етказилган зарарни (шу жумладан бой берилган фойдани) қоплашлари, бузилган ерларни қайта тиклаб (рекультивация) ўрмон хўжаликларига далолатнома асосида топширишлари шарт.

4-боб. Ўрмон фонди ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарнинг ўрни (шу жумладан бой берилган фойда)ни қоплаш

30. Ўрмон фонди ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарнинг ўрни (шу жумладан бой берилган фойда) қуйидаги ҳолларда тўла ҳажмда қопланиши керак:

ерлар олиб қўйилган, қайта сотиб олинган ёки вақтинча эгаллаб турилганда;

сувни муҳофаза қилиш зоналари, қирғоқбўйи минтақалари, сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналари, ер усти ва ер ости сувларининг ҳосил бўлиш зоналари, курорт табиий ҳудудлар зоналари, давлат биосфера резерватлари зоналари, давлат қўриқхоналари, буюртма қўриқхоналар, давлат табиат ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектлари, сув ташламалари, йўллар, трубопроводлар, алоқа ва электр узатиш линиялари атрофида муҳофаза зоналари белгиланиши муносабати билан уларнинг ҳуқуқлари чекланганда;

сув ҳавзалари, каналлар, коллекторлар, шунингдек қишлоқ хўжалиги экинлари ва дов-дарахтлар учун зарарли моддалар чиқарадиган бошқа объектлар қуриш ва улардан фойдаланишнинг таъсири ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳосил камайишига ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифати ёмонлашувига олиб борадиган бошқа хатти-ҳаракатлари оқибатида ерларнинг сифати ёмонлашган тақдирда.

31. Зарарнинг ўрни олиб қўйилаётган ер участкалари ажратиб бериладиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан, шунингдек фаолияти ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари чекланишига ёки яқин атрофдаги ерларнинг сифати ёмонлашувига олиб борган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

32. Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларининг кўрган зарарлари тегишли равишда Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар томонидан кўриб чиқилади ҳамда ер участкаларини танлаш ва ажратиш материаллари билан биргаликда давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.

33. Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларининг кўрган зарарлари ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар янги эгага, фойдаланувчига ва ижарачига топширилгунига қадар қопланади.

34. Ер участкаси олиб қўйиладиган ва ер участкаси ажратиладиган ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказиладиган зарар миқдорларига рози бўлмаган ҳолларда судга мурожаат қилишлари мумкин.

35. Ер участкаларини ёки уларнинг бир қисмини олиб қўйишда, ҳақ тўлаб олишда ёки вақтинча эгаллаб турилганда:

Ўрмон хўжаликлари ер участкасида жойлашган мулк қиймати;

иморатлар ва иншоотлар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек, агар ер олиб қўйилиши муносабати билан улардан бундан кейин фойдаланиш мумкин бўлмаса, ажратиладиган участкадан ташқаридаги объектлар қиймати;

мева-резавор, иҳота дарахтлари ва бошқа кўп йиллик дарахтлар қиймати;

тугалланмаган қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши қиймати;

бой берилган фойда қопланади.

36. Мева берадиган мева-резавор дарахтлари, шунингдек иҳота дарахтлари ва бошқа кўп йиллик дарахтларни баҳолаш кўчатларнинг қиймати ҳамда уларни экиш ва мева бергунга ёки шох-шаббаларнинг туташиб кетишига қадар етиштириш харажатлари баҳолаш давридаги жорий нархлари бўйича амалга оширилади.

37. Мева бермайдиган мева-резавор дарахтлари, шунингдек шохлари туташмаган иҳота дарахтлари ва бошқа кўп йиллик дарахтларни баҳолаш амалдаги харажатлар бўйича амалга оширилади.

38. Сарфланган материаллар (уруғлик, минерал ва органик ўғитлар, заҳарли дорилар, гербицидлар ва ҳоказолар) қийматини ҳамда амалда бажарилган ишлар қийматини (тупроқни экишга тайёрлаш, тозалаш ва дренаж тармоғини тозалаш, уруғ экиш, суғориш, ўрмон ва қишлоқ хўжалиги экинларига ишлов бериш ва бошқаларни) ўз ичига оладиган тугалланмаган ўрмон ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши қиймати бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари бўйича қабул қилинади.

39. Ўрмон дов-дарахтлари учун зарарли моддалар чиқарадиган бошқа объектлар қуриш ва улардан фойдаланишнинг таъсири ҳамда ҳосил камайишига, ўрмон ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ёмонлашувига олиб борадиган бошқа хатти-ҳаракатлари оқибатида юзага келган таъсир натижасида қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмонзорларнинг сифати ёмонлашуви билан боғлиқ бўлган зарарлар миқдори қишлоқ хўжалиги ерларининг сифати ёмонлашувига олиб келадиган сабабларни тугатиш бўйича тадбирлари ва ушбу ерларнинг илгариги сифат ҳолатини тиклаш бўйича тадбирлари қиймати сифатида аниқланади.

40. Ер участкаларини олиб қўйиш, ҳақ тўлаб олиш ёки вақтинча эгаллаб туриш, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари чекланиши ёхуд ерларининг сифати ёмонлашуви туфайли уларнинг кўрган зарарларини шу жумладан бой берилган фойдани қоплаш учун мўлжалланган маблағлар уларга ер участкаси ажратиладиган тегишли юридик ва жисмоний шахслар томонидан зарар етказилган юридик шахслар (ўрмон хўжаликлари)нинг ҳисоб-китоб (жорий) ҳисоб рақамларига ўтказилади.

41. Ўрмон фондидан вақтинча фойдаланиш учун олинган ер майдонларидан фойдаланиш муддати тугаганда вақтинча фойдаланувчилар томонидан бузилган ерларни қайта тиклаб (рекультивация) ўрмон хўжаликларига далолатнома орқали топширишлари шарт.

5-боб. Ижара тўловини аниқлаш

42. Энг кам ижара ставкаси ижара туридан қатъий назар ўрмон фонди участкасининг бир йилга бир гектар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баробари миқдорида ҳисобланади.

Ўрмон фонди участкасининг ер тоифасидан ва жойлашиш зонасидан келиб чиқиб, ижара тўловини (ижара тўловининг таянч ставкаси) ҳисоблаб чиқиш қуйидаги тарзда аниқланади:

Тс=Эс*Кч+Эс*Кэ+Эс*Кқт+Эс*Кт+Эс*Кп, бунда:

Тс — бир йилга бир гектар учун ижара тўловининг таянч ставкаси;

Эс — бир йилга бир гектар учун энг кам ставка

Кч  – чўл майдони учун 0,5%;

Кэ  – экин майдон учун 1%;

Кқт  – қир адир ва тоғли учун 0,75%;

Кт  – тўқайзор майдон учун 0,75%;

Кп  – парваришланган ўрмонлар учун 1,25%.

Парваришланган ўрмонларни ижарага беришда ер тоифаси ва жойлашиш зонасидан қатъий назар “Кп”дан бошқа коэффициентлар қўлланилмайди.

43. Ижара тўлови тўлиқ Қўмитанинг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

6-боб. Ўрмон фонди участкасини давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш тартиби

44. Ижарага берувчи ўрмон фонди участкасини ижарага бериш мақсадида:

ижарага берилаётган ўрмон фонди участкасини балансда сақловчи орқали хатловдан ўтказади;

ижарага берилаётган ўрмон фонди участкасини рақамлайди;

ижарага берилаётган ўрмон фонди участкаси рўйхатини тузади;

ижара шартномаси лойиҳасини, ўрмон фонди участкасини ижарага бериш шартларини, ижара объекти, шу жумладан ундан фойдаланиш шартлари тўғрисидаги маълумотларни ва бошқа зарур ахборотни тайёрлайди;

ижарага берилаётган ўрмон фонди участкаси рўйхатини эълон қилади;

ўрмон фонди участкаси ижарасига буюртманомаларни қабул қилади ва уларнинг рўйхатдан ўтказилишини, махфийлигини ва сақланишини таъминлайди;

ташаббус кўрсатувчи талаби бўйича уларга ижарага берилаётган ўрмон фонди участкаси, унинг тавсифлари билан танишиш имкониятини беради;

қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.

45. Ўрмон фонди участкаси даврий нашрларда, шунингдек Қўмитанинг веб-сайтларида фойдаланилмаётган ўрмон фонди участкаси ижарага берилиши тўғрисида мажбурий тарзда эълон қилиш шарти билан берилади.

Эълонда қуйидаги маълумотлар берилади:

ижарага берувчининг номи ва почта манзили, унинг алоқа телефони ва факси, электрон почта манзили;

ижарага берилаётган ўрмон фонди участкаси рақами, миқдори, тавсифи ва таркиби, у жойлашган жой, балансда сақловчининг номи;

ижара муддати;

ўрмон фонди участкасини ижарага бериш шартлари, шу жумладан ундан фойдаланиш шартлари;

ижарага берувчининг хоҳишига кўра бошқа маълумотлар.

Ижарага олувчи ижара шартномаси муддатини узайтириш тўғрисида ёзма равишда мурожаат қилган тақдирда, агар қонунда ёки ижара шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, ўз вазифаларини зарур тарзда бажариб келган ижарага олувчи шартнома муддати тугагандан кейин, шартлар тенг бўлган ҳолатларда ижара шартномасини янги муддатга тузишда бошқа шахсларга нисбатан устунлик ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган энг кўп муддатлар тугагач ижарага берилаётган ўрмон фонди участкаси ижарага умумий асосларда берилади.

46. Ҳар бир ижара шартномаси бўйича буюртманомалар ижарага берувчи томонидан фойдаланилмаётган ўрмон фонди участкасини ижарага бериш тўғрисида эълон берилгандан кейин биринчи буюртманома рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб, ҳар бир буюртманомага тартиб рақами берилган ҳамда буюртманома берилган сана ва вақт кўрсатилган ҳолда, ўн иш куни мобайнида махсус дафтарда рўйхатдан ўтказилади.

Кўрсатиб ўтилган муддат тамом бўлгандан кейин тушган талабномаларни (буюртманомаларни) кўриб чиқиш икки иш кунидан ошмайдиган муддат мобайнида амалга оширилади.

Талабгорлар (талабгор) талабномаларни (буюртманомаларни) кўриб чиқишда қатнашиши мумкин. Буюртманомаларни кўриб чиқишда қатнашмаган талабгор кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёзма равишда (факс, электрон почта, почта орқали) хабардор қилинади.

47. Талабгорларнинг буюртманомаларини кўриб чиқиш балансда сақловчи иштирокида ижарага берувчи ҳузурида ташкил этиладиган Комиссия томонидан кўриб чиқилади, кўриб чиқиш натижалари баённома билан расмийлаштирилади.

Комиссия иши регламенти Қўмита томонидан белгиланади.

48. Икки ва ундан ортиқ талабгорлардан таклифлар тушган тақдирда ижара шартномаси ижаранинг белгиланган шартларига риоя қилинган ҳолда ўрмон фонди участкаси учун ижара тўловининг энг кўп миқдорини таклиф этган талабгор билан тузилади.

Талабгорларнинг таклифлари тенг бўлган тақдирда ижара шартномаси, агар талабгорлардан бири буюртманомаларни кўриб чиқиш жараёнида ижара тўловининг дастлабки таклифидан ортиқ бўлган миқдорда ижара тўловини таклиф этмаса, бошқалардан олдин буюртманома берган талабгор билан тузилади. Ушбу ҳолатда шартнома ижара тўловининг энг юқори миқдорини таклиф этган талабгор билан тузилади.

Ўз мажбуриятларини зарур тарзда бажарган ижарага олувчи бошқа шартлар тенг бўлган тақдирда янги муддатга ижара шартномасини тузишда бошқа талабгорлар олдида устунлик ҳуқуқига эга бўлади.

Фақат бир нафар талабгордан буюртманома тушган тақдирда ижара шартномаси унинг таклифлари тегишли эълонда кўрсатилган шартларга мувофиқ бўлган тақдирда у билан тузилади ёхуд унга ижара шартномаси тузишнинг сабаблари асосланган рад жавоби юборилади.

49. Ижарага олувчи келишмаган тақдирда ижара шартномаси бекор қилинади ва ижара объекти белгиланган тартибда ижарага берилади.

50. Ўрмон фонди участкаси юридик ва жисмоний шахсларга бошқа ягона электрон савдо майдончасида онлайн-аукционлар йўли билан ҳам ижарага берилиши мумкин.

7-боб. Ўрмон фонди участкасининг ижара шартномасини тузиш

51. Буюртманомаларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённома Комиссия томонидан қарор қабул қилинган кунда Комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва унинг раиси томонидан тасдиқланади.

Буюртманомаларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги имзоланган баённома асосида тегишли ўрмон фонди участкасининг ижара шартномаси тузилади.

52. Ижара шартномаси ижарага берувчи, ижарага олувчи ва балансда сақловчи ўртасида тузилади. Ижара шартномасини буюртманомаларни кўриб чиқиш баённомасида кўрсатилган муддат мобайнида, лекин кўпи билан ўн кун муддатда барча томонлар имзолаши керак.

53. Ижара шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

ижарага берилаётган ўрмон фонди участкасининг таркиби ва қиймати;

ижара муддати;

ижара тўловининг ставкаси ва умумий миқдори, уни тўлаш шартлари ва муддатлари;

ижара тўлови миқдорларини қайта кўриб чиқиш муддатлари ва шартлари;

ўрмон фонди участкасининг ҳолати ва балансда сақловчи уни ижарага олувчига бериши керак бўлган муддат;

ижарага олувчи томонидан ўрмон фонди участкасидан фойдаланиш, шу жумладан коммунал тўловларни ва бошқа фойдаланиш тўловларини тўлаш шартлари;

шартнома тўхтатилгандан кейин ўрмон фонди участкасини қайтариш ҳолати ва тартиби;

ижарага олинган ўрмон фонди участкасини тиклаш, фойдаланиш, зарур агротехник тадбирларни амалга ошириш, қурилиш ва бошқа иш(тадбир)лар бўйича мажбуриятлар;

ахборотлар ҳажми ва уларни ижарага берувчига тақдим этиш муддатлари;

ижара шартномасини, шу жумладан ижара тўловларини тўлаш муддатларининг бузилиши муносабати билан бекор қилиш шартлари;

томонларнинг жавобгарлиги;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар.

54. Ижара шартномасини бекор қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.

55. Ўрмон фонди участкасининг ижара шартномаси:

ўрмон фонди участкаси ижарага берилганда, Қўмита рўйхатидан ўтказилиши шарт.

56. Айрим ҳолларда Қўмита ижарага берувчи ваколатини унинг буйруғи билан Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармаларига юкланганда, ижарага олувчи билан тузиладиган шартномада ҳисоб-китоб қилиш тартиби аниқ кўрсатилиб ўтилиши керак.

8-боб. Ўрмон фонди участкаси ижараси шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш

57. Ижара тўлови бўйича шартномада фақат ижара тўловини ҳисоб-китобларини ўз ичига олади.

58. Ижара тўлови ижарага олувчи томонидан:

Ижара шартномаси кучга киргандан кундан 30 кун муддат ичида жорий йилнинг қолган даври учун 100 фоиз;

Кейинги йилларда ижара тўловининг белгиланган миқдорида шу йилнинг ёки ҳар чоракнинг биринчи декадасида тенг миқдордаги тўловлар билан тўланади. Тўлов ижара шартномасида кўрсатилган муддатларда ҳар бир навбатдаги давр (йил, чорак) учун юз фоиз олдиндан тўлаш шаклида амалга оширилади.

Ижара суммаси тўлов амалга оширилган кундаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори бўйича ҳисобланади.

59. Ижара тўловини, пеня ва жарималарни ўз вақтида ва тўлиқ тушишини назорат қилиш балансда сақловчи томонидан амалга оширилади.

60. Ижарага берувчи ҳисоб рақамига тушадиган ижара тўлови кечиктирилганлиги учун ундирилган пеня ва шартнома мажбуриятлари бузилганлиги учун жарималар суммаси ҳар ойда қуйидаги тартибда тақсимланиши лозим:

ижара тўловини тўлаш кечиктирилганлиги учун ундирилган пеня суммаси ва шартнома мажбуриятлари бузилганлиги учун жариманинг 50 фоизи Жамғарма тасарруфида қолади ва 50 фоизи балансда сақловчининг шахсий ғазначилик ҳисоб рақамига ўтказилади.

61. Айрим ҳолларда Қўмита ижарага берувчи ваколатини унинг буйруғи билан Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармаларига юкланганда, ижара шартномаси бўйича ундириладиган маблағни Жамғармага ундириш тартиби сақлаб қолинади.

Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармаларининг харажатларини қоплаш учун, ижарага беришдан келиб тушган суммасининг 10 фоизи миқдорида, уларнинг шахсий ғазначилик ҳисоб рақамига ўтказилади.

9-боб. Ўрмон фонди участкасини бериш ва қайтариш тартиби

62. Тузилган ижара шартнома шартларига мувофиқ балансда сақловчи ижарага берувчи иштирокида ўрмон фонди участкасини шартнома шартларига ва ўрмон фонди участкасининг мўлжалланган мақсадига мувофиқ ҳолатда ижарага олувчига бериши, ижарага олувчи эса ижара муддати тугагач ёки ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб ҳисобланганда балансда сақловчига қайтариши шарт.

63. Ўрмон фонди участкаси бериш ва қайтариш ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарага олувчи ўртасида уч томонлама топшириш-қабул қилиш далолатномасини тузган ҳолда, томонларнинг ваколатли вакиллари иштирокида амалга оширилади, далолатномада қуйидагилар кўрсатилади:

далолатнома тузилган жой ва сана;

ижара шартномасининг реквизитлари (тузилган санаси, тартиб рақами);

ўрмон фонди участкасининг ҳолати.

Бериш далолатномаси томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади ва томонларнинг муҳрлари (мавжуд бўлса) билан тасдиқланади.

64. Ижарага олинган ўрмон фонди участкасида камчиликлар аниқланган тақдирда (қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари) участкани қабул қилиб олувчи томонлар бошқа томон ўрмон фонди участкасини шартномада белгиланган муддатларда ижара шартномаси шартларига мувофиқ ҳолатга келтиргунгача ёки етказилган зарарни қоплагунгача уни қабул қилиб олишни ва ўрмон фонди участкасини топшириш - қабул қилиш далолатномасини имзолашни рад этишга ҳақлидир.

65. Ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб ҳисобланганда балансда сақловчига қайтаришни рад этган ҳолатларда, ижарага берувчи ёки балансда сақловчи томонидан огоҳлантириш хати юборилади.

Ижарага олувчи томонидан огоҳлантириш хатида кўрсатилган муддатда ўрмон фонди участкаси қайтарилмаган тақдирда, ижарага берувчи ёки балансда сақловчи, ижарага олувчига шартномада кўрсатилган йиллик ижара тўлови миқдорининг 10 баробари миқдорида жарима қўллашга ҳақли.

10-боб. Ижарага берилаётган ўрмон фонди участкасини ҳисобга олиш, унинг ҳисоботи ва уни назорат қилиш

66. Ижарага берилаётган ўрмон фонди участкасини ҳисобга олиш ва ахборот маълумотлари базасини юритиш ижарага берувчи томонидан амалга оширилади.

67. Ижарага берилаётган ўрмон фонди участкаси реестри ижарага берувчи томонидан шакллантирилади ва ўрмон фонди участкаси тўғрисидаги мавжуд ахборотга мувофиқ ҳар чоракда янгилаб борилади (ижарага берилган, ижара тўлови тўланган, ижара муддати тугаган ва шу кабилар).

Реестрни шакллантириш учун ахборот балансда сақловчи томонидан ҳар чоракда тақдим этиб борилади.

68. Ижарага берилаётган ўрмон фонди участкасини ҳисобга олиш мақсадида ижарага берувчи ижара шартномаси тузилгандан кейин икки иш куни мобайнида реестрга тегишли ёзувни киритади, ижара шартномаси асл нусхасининг ҳар биттасига ҳисобга олингани тўғрисида белги қўяди, ҳисобга олиш ёзуви киритилган санани ва тартиб рақамини кўрсатади, уни муҳр билан тасдиқлайди. Уч нусхада расмийлаштирилган ижара шартномасининг асл нусхалари бир нусхадан баланс сақловчига, ижарага олувчига берилади ва бир нусхаси ижарага берувчида қолади.

69. Ижарага берувчи ёки балансда сақловчи ижара шартномаси амал қиладиган муддат мобайнида ижарага олувчи томонидан зиммасига олинган мажбуриятларнинг ижара шартномасига мувофиқ зарур даражада бажарилишини мунтазам назорат қилиб боради. Ушбу мақсадларда ижарага берувчи ёки балансда сақловчи қуйидагиларга ҳақлидир:

ижарага олувчидан ижара шартномасида назарда тутилган ҳажмларда ахборот сўраш;

зарурат бўлганда, ўрмон фонди участкаси ҳолатини ижарага олувчининг хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда кўздан кечириш;

ижарага олинган ўрмон фонди участкасидан фойдаланиш шартларини, ижарага олувчи томонидан учинчи шахслар ҳуқуқларига риоя қилинишини ўрганиш (сервитут, гаров ва шу кабилар);

ижарага олувчининг ижарага олинган ўрмон фонди участкасини яхшилашни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқиш;

қонун ҳужжатларида ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

70. Балансда сақловчи ижарага берилган ўрмон фонди участкаси тўғрисида ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10 кунигача тегишли равишда ижарага берувчига маълумот тақдим этади.

Ижарага берувчи ижарага берилган ўрмон фонди участкаси бўйича йиғма ахборотни умумлаштиради.

11-боб. Якуний қоидалар

71. Ўрмон фонди участкасини ижарага беришнинг ушбу Низомда кўрсатилмаган шартлари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ белгиланади.

72. Ўрмон фонди участкасини ижарага бериш шартномасини расмийлаштириш ва тузишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши юзасидан ижарага берувчи шахсан жавоб беради.

Балансида сақловчи йил чорагида камида бир марта ўзи унинг юритишида бўлган ўрмон фонди участкасини хатловдан ўтказишга ва фойдаланилмаётган давлат мулки аниқланган тақдирда 10 кун мобайнида ижарага берувчига ўрмон фонди участкаси жойлашган жойни, миқдори, таркиби ва бошқа умумий тавсифларини кўрсатган ҳолда унинг ҳақидаги маълумотларни тақдим этишга мажбур.

Кўрсатиб ўтилган маълумотлар яширилганлиги, ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, шунингдек уларнинг бузилганлиги учун балансида сақловчи ва айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

73. Ижара шартномасига мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларни томонлар бажармаган тақдирда улар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

74. Ўрмон фонди участкасини ижарага бериш муносабати билан пайдо бўладиган низолар қонун ҳужжатларида ва шартномада белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

Умумий таклифлар

480