ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
5743 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 05/08/2019 20/08/2019 5

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ташқи иқтисодий фаолиятнинг ноҳалол иштирокчилари рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-5743

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 

Ташқи иқтисодий фаолиятнинг ноҳалол иштирокчилари рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 июндаги “Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 464-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва муддати ўтган дебитор қарздорликни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ташқи иқтисодий фаолиятнинг ноҳалол иштирокчилари рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банки билан ҳамкорликда икки ой муддатда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимини (кейинги ўринларда ТСОЯЭАТ деб аталади) такомиллаштириш ҳамда фойдаланиш ва назорат тадбирларининг самарадорлигини ошириш мақсадида реал вақт режимида маълумот ва таҳлилий ҳисоботларни шакллантириш имкониятини яратсин.

3. Қуйидагилар ТСОЯЭАТга тегишли ахборотларни тўғри ва ҳаққоний киритилишига, уларни ўз вақтида янгилаб борилишига ҳамда шаклланган маълумотларнинг тўғрилиги учун масъул этиб белгилансин:

ташқи савдо шартномаларининг тўлов (иш, хизмат)лар билан боғлиқ қисмига – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки;

товарлар ҳаракати билан боғлиқ қисмига – Давлат божхона қўмитаси.

4. ТСОЯЭАТда шаклланган нотўғри маълумотлар асосида тадбиркорлик субъектлари қонуний манфаатларига зарар етказилганда, жумладан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жавобгарликка тортилган ҳолатларида етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишлилиги бўйича тадбиркорлик субъектлари фойдасига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Давлат божхона қўмитаси ҳисобидан қопланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев ва Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                  Бош вазири                                                       А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “____”_______даги
______-сон қарорига

ИЛОВА

 

Ташқи иқтисодий фаолиятнинг ноҳалол иштирокчилари
рўйхатини юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом ташқи иқтисодий фаолиятнинг ноҳалол иштирокчилари рўйхатини юритиш ҳамда валюта назоратини амалга оширувчи органлар ва тижорат банклари томонидан уларнинг фаолиятини алоҳида мониторинг қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомнинг амал қилиши барча турдаги ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширувчи маҳсулот (иш, хизмат)ларни экспорт-импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан татбиқ этилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчадан фойдаланилади:

ноҳалол ташқи савдо операциялари иштирокчилари реестри (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) - ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (кейинги ўринларда ТСОЯЭАТ деб аталади) экспорт-импорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлари мавжуд бўлган ёки импорт операцияларини амалга ошираётган, солиқ қарзи мавжуд бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг реал вақт режимида автоматик равишда шаклланадиган электрон рўйхати.

2-боб. Муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорлик ҳамда солиқ қарзи бўйича маълумот алмашиш

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банки ўртасида реал вақт режимида Ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлар тўғрисидаги ҳамда солиқ қарзи бўйича ТСОЯЭАТ орқали маълумотлар алмашиш иловадаги схема асосида амалга оширилади.

5. Ташқи савдо шартномалари бўйича дебитор қарздорлик муддатлари валютани тартибга солиш борасидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

6. Ташқи савдо шартномалари бўйича кредитор қарздорликлар муддатлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси талабларига биноан белгиланади ва  даъво муддати ўтган қарз муддати ўтган кредитор қарз сифатида эътироф этилади.

 

3-боб. Муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлар ҳамда солиқ қарзи билан ишлаш

 

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва унинг қуйи тузилмалари томонидан ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлар ТСОЯЭАТ маълумотлари асосида ҳар бир шартномалар кесимида таҳлил қилинади.

8. Таҳлил натижасига кўра муддати ўтган дебитор қарздорликка йўл қўйилганлиги аниқланган ҳолларда, ушбу маълумотлар давлат солиқ хизмати органларининг “Таҳлика-таҳлил” дастурий маҳсулига киритилади.

Муддати ўтган дебитор қарздорликка йўл қўйилганлиги учун экспорт-импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан суд орқали жарима қўллаш ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши таъминланади.

Даъво муддати ўтган кредитор қарздорликка йўл қўйилганлиги учун хўжалик юритувчи субъектлар томонидан даъво қилиш муддати ўтган санадан кейинги солиқ даврида мажбурий тартибда даромадга олиниб, солиқ солиш базасига киритилади.

9. Реестр ТСОЯЭАТга киритилган маълумотлар асосида муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорлиги ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлган импорт қилувчи хўжалик юритувчилар бўйича реал вақт режимида автоматик равишда шаклланади.

10. Хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги асосларда реал вақт режимида ТСОЯЭАТдаги Реестрдан чиқарилади:

хизмат кўрсатувчи тижорат банклари томонидан экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик суммасидан кам бўлмаган миқдорда хорижий валюта тушумининг келиб тушганлиги ёки бажарилган иш ва кўрсатилган хизматлар тўғрисидаги маълумотлар киритилганда;

божхона органлари томонидан республикага “эркин муомала учун чиқариш” режимида товарлар олиб кирилганлиги ва расмийлаштирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилганда;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарзи тўлиқ бартараф этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилганда.

11. Реестр экспорт-импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), хизмат кўрсатувчи банки, шартнома рақами, санаси ва идентификация рақами, тўлов муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлар суммаси ва солиқ қарзи тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг веб-сайтлари билан интеграция қилинади.

12. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо шартномалар бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлар юзага келган ҳолларда улар бўйича фақат кафолатланган (аккредитив, хорижий банк кафолати, суғурта полиси) тўлов турларидан фойдаланиш ёки товарлар импорт қилинганлигини тасдиқлаш талаб этилади.

13. Реестрга кирган хўжалик юритувчи субъектлар ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи товарларга давлат божхона органлари томонидан божхона юк декларацияларини расмийлаштиришни тўхтатиш йўли билан Реестрдан чиқарилгунга қадар чекланади.

 

4-боб. Якуний қоидалар

 

14. Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширувчи маҳсулот (иш, хизмат)ларни экспорт-импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланадилар.

15. Мазкур Низом талабларини бажармаганликлари учун ташқи савдо шартномаларининг тўлов (иш, хизмат)лар билан боғлиқ қисмига – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, товарлар ҳаракати билан боғлиқ қисмига – Давлат божхона қўмитаси ва солиқ қарзи билан боғлиқ қисмига – Давлат солиқ қўмитаси айбдор шахслари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ташқи иқтисодий фаолиятнинг ноҳалол

иштирокчилари рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга

илова

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банки ўртасида реал вақт режимида Ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлар тўғрисидаги ҳамда солиқ қарзи бўйича ТСОЯЭАТ орқали маълумотлар алмашиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Чора-тадбирлар

 

Ижро қилиш муддати

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

Марказий банк

 

Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига ташқи савдо шартномалари кесимида муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорлик тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида  ТСОЯЭАТ орқали юбориш.

 

Доимий равишда (реал вақт режимида  ТСОЯЭАТ орқали)

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

Давлат солиқ қўмитаси

 

1. Ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорлик қуйидаги омиллар бўйича таҳлил қилинади:

- дебитор ва кредитор қарздорликларни муддатлари ўтган санаси ва суммаси аниқлаш;

- енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) таъсири юзага келган ҳолатда хорижий валютадаги тушумнинг тушиши муддати ушбу таъсир юз берган давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланганлиги;

- товарлар, ишлар ва хизматлар экспорт қилувчининг ҳисоб рақамига экспорт контрактини суғурталаш полиси бўйича суғурта қопламаси суммаси (миллий ва/ёки хорижий валюталарда) тушганлик ҳолатлари ўрганиш.

2. Муддати ўтган дебитор қарздорликка йўл қўйилганлиги учун жарима қўллаш ва мансабдор шахсларга чоралар кўриш.

Импорт қилувчиларнинг солиқ қарзи тўғрисидаги маълумотларни ТСОЯЭАТ базасига юклайди.

Муддати ўтган кредитор қарздорликларни корхонанинг даромадига олиб борилиши ва тегишли солиқлар тўланишини назорат қилиш. 

 

Маълумот олингандан бошлаб 20 кун мобайнида

3-босқич

 

Давлат божхона қўмитаси

 

1. Муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлганда қуйидаги чораларни кўради:

- ташқи иқтисодий фаолиятнинг ноҳалол иштирокчилари рўйхатини юритади;

- ноҳалол экспортчилар томонидан товарлар экспорти фақат олдиндан тўлов, очилган аккредитив, шунингдек, харидор банкларининг кафолати ёки экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлган ҳолда амалга оширилишини назорат қилиш;

- ноҳалол экспортчилар томонидан олдиндан тўлов, очилган аккредитив, шунингдек, харидор банкларининг кафолати ёки экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлган ҳолда амалга оширилган икки ва ундан ортиқ экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келган ҳолларда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи экспорт қилинадиган товарларга божхона юк декларацияларини расмийлаштиришни тўхтатиш йўли билан вақтинча (муддати ўтган дебитор қарздорликлар бартараф этилгунга қадар) чеклаш;

- солиқ қарзи мавжуд бўлган ҳолларда ноҳалол импортчилар томонидан солиқ қарзи тўлиқ тўлангунга қадар товарларга божхона юк декларацияларини расмийлаштиришни тўхтатиш йўли билан вақтинча чеклаш.

 

Маълумот олингандан бошлаб 5 кун мобайнида

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Марказий банк

 

Импорт операцияларини амалга оширилишида муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келган ҳолларда импорт шартномалари бўйича хорижий ҳамкорларга тўловлар амалга оширилишини (бартараф этилгунга қадар) чеклаш.

 

Муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келгандан кейин реал вақт режимида  

5-босқич

 

Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк

 

Ташқи иқтисодий фаолиятнинг ноҳалол иштирокчилари рўйхатидан муддати ўтган дебитор қарздорликлар ва солиқ қарзи бартараф этилганда Реестрдан чиқарилади.

 

 

Бартараф этигандан сўнг

(реал вақт режимида  ТСОЯЭАТ орқали)

 

 

Умумий таклифлар

543