ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
541 Хокимият города Зарафшан 19/09/2018 04/10/2018 0

Муҳокама якунланди

Ҳоким қарори
“Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2019 йилда иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида”
ID-541

Л О Й И Ҳ А

ЗАРАФШОН ШАҲАР ҲОКИМИНИНГ

ҚАРОРИ

“Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2019 йилда иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддаси, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24-майдаги ПҚ-3001-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низом асосан 2019 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 25-моддаларига асосан

Қ А Р О Р Қ И Л А М А Н:

1. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун шаҳардаги йигирма нафардан ортиқ ишловчи ходимлари мавжуд 31 та корхона, ташкилот ва муассасалар учун ходимларнинг рўйхат бўйича умумий сони 24528 кишини ташкил этганда, шундан ўртача 2,8 фоиз миқдорида – 697 та шу жумладан:

ўн тўрт ёшгача болалари бўлган ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун - 13,6 фоиз (95 киши);

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилар учун – 71,7 фоиз (500 киши);

сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун – 5,1 фоиз (36 киши);

ногиронлиги бўлган шахслар учун – 3,4 фоиз (24 киши);

пенсияолди ёшидаги шахслар учун – 0,7 фоиз (5 киши);

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар учун – 4,4 фоиз (31 киши);

одам савдоси қурбонлари учун учун – 0,2 фоиз (2 киши);

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг таклифи бўйича шаҳар ҳокими томонидан фуқароларнинг ижтимоий муҳофаза мухтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган бошқа тоифалари, шунингдек, атрофдагилар учун хавф тўғдирмайдиган ижтимоий аҳамиятли касалликлардан азоб чекувчи шахслар учун – 0,5 фоиз (4 киши);

2. Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарларига:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласинлар; Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуни 18-моддаси 3-қисмига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича шаҳар ҳокимининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик белгиланади; ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни иш билан таъминлаш учун 2019 йилнинг 1 январ кунига қадар квота иш жойлари умумий микдорининг камида 25 фоизи учун, 2019 йилнинг 10 апрель санасидан кечикмай иш жойларининг қолган қисми 75 фоизини барпо этиш (ажратиш ёки банд қилиб қўйиш) тўғрисидаги, яъни ҳар бир квота тоифаси бўйича иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар, мутахассисликлар кесимидаги маълумотларни ва буйруқ нусхаларини шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига тақдим этиш вазифалари юклатилсин;

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил

5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 21-бандига асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш бўйича қарорини бажармаганлик учун жаримани тўлаган ташкилотни банд қилиб қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини ташкил этишдан озод қилмайди.

4. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини шаҳар ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил

5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларнинг бир қисмини шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан тузилган шартнома асосида иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.

5. Шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (В.Эшқувватов) беш кун муддатда мазкур қарорни иловасида кўрсатилган корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари эътиборига етказилишини ва қарорнинг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатилишини таъминласин.

6. “Олтин водий” газетаси таҳририяти Давлат корхонаси (М.Ҳусанов) қарорнинг расмий нашрда эълон қилинишини, шаҳар ҳокимлиги Бош юрисконсульти (А.Ғойибов) қарорни вилоят адлия бошқармасига давлат ҳисобига олиш учун тақдим этилишини, шаҳар ҳокимлиги Девонхонаси икки кунлик муддатда шаҳар ҳокимлиги расмий веб-сайтида жойлаштирилишини таъминласин.

7. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

8. Мазкур қарор кучга кирган кундан эътиборан шаҳар ҳокимининг 21.02.2018 йилдаги “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2018 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида”ги Қ-124 сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг ўринбосари О.Ҳакимов зиммасига юклатилсин.

Зарафшон шаҳар ҳокими А.Раджабов

Умумий таклифлар

677