ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
5026 Генеральная прокуратура Республики Узбекистан 23/07/2019 07/08/2019 2

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-5026

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БОШ ПРОКУРОРИНИНГ

Б У Й Р У Ғ И

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси
магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги
низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги “Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5438-сон Фармонига асосан

 

Б У Ю Р А М А Н :

 

1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2018 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 201-сон буйруғининг 5-иловасига мувофиқ тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига қабул қилиш ва ўқишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Буйруқ ижроси устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг соҳага масъул ўринбосари зиммасига юклатилсин.

4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокурори

3-даражали Давлат адлия

маслаҳатчиси

 

 

 

Н. Йўлдошев

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг

2019 йил  __ июлдаги  ___ -сон буйруғига

Илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси (кейинги ўринларда Академия деб юритилади) магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Академия магистратурасига (кейинги ўринларда Магистратура деб юритилади) ўқишга қабул прокуратура органларининг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, Бош прокуратура ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан белгиланадиган қабул квоталарига мувофиқ давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

3. Магистратурага қуйидагилар имтиҳон шаклидаги танлов асосида қабул қилинади:

“Юриспруденция” таълим йўналиши бўйича таянч олий юридик маълумотга эга бўлган фуқаролар;

бошқа таълим йўналишлари бўйича олий маълумотга ва бевосита прокуратура органларида камида 5 йиллик меҳнат стажига ва даражали унвонга эга бўлган прокуратура органлари ходимлари.

Магистратура битирувчиларига тегишли мутахассисликлар бўйича давлат намунасидаги диплом ва “ҳуқуқ магистри” даражаси берилади.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

номзод – Магистратурага ўқишга қабул қилиш учун ҳужжат топширган прокуратура органининг ходими, шу жумладан амалдаги кадрлар захирасидаги ходими (ички номзод) ва бошқа жисмоний шахс (ташқи номзод);

Академия қабул комиссияси (Қабул комиссияси) – Магистратурага ўқишга қабул қилиш бўйича танловни ўтказиш, номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш ва уларга маслаҳат хизматларини кўрсатиш, имтиҳонни ўтказиш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш учун Бош прокурор томонидан Академия бошлиғи раислигида ташкил этиладиган комиссия;

махсус комиссия – ёзма имтиҳон жавоблари холис текширилиши ва баҳоланиши учун Академия бошлиғи томонидан ташкил этиладиган комиссия;

суҳбат бўйича комиссия – номзодлар билан суҳбат ўтказиш учун Академия бошлиғи томонидан ташкил этиладиган комиссия;

апелляция комиссияси – имтиҳон натижалари бўйича номзодларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун Бош прокурор ўринбосари томонидан ташкил этиладиган комиссия;

эксперт гуруҳи – имтиҳон саволлари ва вазифаларини тузиш мақсадида Академия ходимлари ва тегишли соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат таркибда Академия бошлиғи томонидан ташкил этиладиган гуруҳ.

Ушбу бандда қайд этилган комиссиялар фаолиятига Академия ва прокуратура органлари ходимлари, шунингдек бошқа ташкилот ва таълим муассасалари вакиллари, тегишли фанлар бўйича экспертлар ва бошқа фуқаролар жалб қилиниши (шу жумладан шартнома асосида) мумкин.

5. Қабул комиссиясининг жорий ишлари Қабул комиссияси масъул котиби (кейинги ўринларда масъул котиб деб юритилади) томонидан ташкил этилади.

6. Магистратурага қабул очиқ танлов ва қабулнинг ягона қоидаларига мувофиқ, кириш имтиҳонларида тўпланган баллардан келиб чиқиб, белгиланган қабул квоталари бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

7. Магистратурага қабул икки босқич – дастлабки танлов ва кириш имтиҳонларидан иборат бўлиб, ушбу Низомнинг иловасида келтирилган схема асосида амалга оширилади.

8. Дастлабки танлов қабул йилининг 10 июнидан 10 августига қадар амалга оширилади.

9. Кириш имтиҳонлари ёзма имтиҳон ва суҳбатдан иборат бўлиб, барча мутахассисликлар учун ягона шаклда ўтказилади.

10. Ёзма имтиҳон мутахассислик фанлари ва чет тили бўйича ўтказилади.

Ёзма имтиҳон номзодларнинг мутахассислик фанлари бўйича таҳлил, ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш ҳамда ҳуқуқий масалалар бўйича хулосаларни баён этиш борасида қобилиятларини, шунингдек чет тилларини билишнинг тегишли даражасини аниқлашга қаратилган.

11. Суҳбат номзодларнинг:

юриспруденция соҳасида профессионал билим даражаси ва кўникмаларини, хусусан назарий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий манбалар билан ишлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаш ва қўллаш, аниқ ҳуқуқий қарор қабул қилиш учун мавжуд далил ва ҳолатларни юридик жиҳатдан тўғри баҳолаш қобилиятини аниқлашга;

илмий-тадқиқот олиб бориш, хусусан таҳлил қилиш, фикрлаш, юриспруденцияга оид муаммоларни аниқлай олиш, илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш, асосий илмий тушунчалар ва илмий-тадқиқот ишлари усулларини тушуниш қобилиятини баҳолашга;

салоҳият даражасини, хусусан муаммоларни ҳал қилишга ноанъанавий ёндашувни қўллаши, ўз устида ишлаши ва малакасини оширишга бўлган интилишини аниқлашга қаратилган.

12. Кириш имтиҳонлари Магистратурада ўқитиладиган тилда ўтказилади.

Кириш имтиҳонлари, қоида тариқасида, ҳар йили август ойида ўтказилади.

13. Магистратурада ўқиш муддати 1 йил.

2-боб. Ҳужжатларни қабул қилиш

 

14. Қабул комиссияси, қоида тариқасида, дастлабки танлов бошланишидан бир ой олдин номзодларни қабул қилиш муддатлари, мутахассислик номлари, квоталар (ўринлар сони) ва бошқа маълумотлар тўғрисида хабардор қилади.
Бу ҳақда эълон Бош прокуратура ва Академиянинг расмий веб-сайтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилади.

15. Дастлабки танлов давомида ташқи номзодлар томонидан Қабул комиссияси раиси номига ариза топширилади ва унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

сўровнома;

таржимаи ҳол;

паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат;

3,5 х 4,5 см ўлчамли 4 дона рангли фотосурат;

олий маълумот тўғрисидаги диплом (иловаси билан) ёки дипломдан кўчирма (Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун);

чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи белгиланган даражадаги миллий ёки халқаро сертификатларнинг асл нусхаси (мавжуд бўлганда).

Мазкур бандда қайд этилган ҳужжатлар ариза билан бирга ташқи номзоднинг доимий ёки вақтинча яшаш манзили бўйича Қабул комиссияси аъзоси – прокуратура органларининг кадрлар тармоқларига топширилади.

16. Қабул комиссиясининг қарорига асосан номзодлар томонидан ҳужжатлар комиссия томонидан белгиланадиган тартибда электрон шаклда Интернетнинг халқаро ахборот тармоғи орқали ҳам тақдим этилиши мумкин.

17. Номзодлар маълумоти, чет тилини билиш даражаси, иш тажрибаси ва касб малакасига оид қўшимча маълумотларни тақдим этишлари мумкин.

18. Ташқи номзодлар томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгандан сўнг, уларга бу ҳақда Қабул комиссияси томонидан билдиришнома берилади.

19. Ҳужжатлар белгиланган муддатда тўлиқ тақдим этилмаган ёки ушбу Низом талабларига мос бўлмаган тақдирда, номзодга камчиликларни бартараф этиш ва ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддати тугагунга қадар уларни такроран тақдим этиш имконияти берилади.

Ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади.

20. Магистратурада ўқиш истагини билдирган ички номзод томонидан Қабул комиссияси раиси номига ариза ва унинг бевосита раҳбари томонидан ёзилган тавсиянома Қабул комиссияси аъзоси – тегишли прокуратура органининг кадрлар тармоғига топширилади.

Барча номзодларнинг аризалари рақамланган ва муҳрланган китобда рўйхатга олинади.

21. Ички номзодларнинг назарий билим ва амалий салоҳияти даражаси, шунингдек илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш учун зарур бўлган қобилият ва кўникмаларга эга эканлигини аниқлаш мақсадида улар хизмат олиб бораётган жойдаги аттестация комиссияси томонидан суҳбат ўтказилади ва номзодларга оид ҳужжатлар ўрганилади.

22. Ўрганиш ва суҳбат натижасига кўра, аттестация комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

ички номзодни Магистратура кириш имтиҳонларида иштирок этишга тавсия этиш тўғрисида;

ички номзодни Магистратура кириш имтиҳонларида иштирок этишга тавсия этишни рад қилиш тўғрисида.

23. Аттестация комиссиялари томонидан кириш имтиҳонларида иштирок этиши тавсия этилаётган номзодлар рўйхати, уларнинг аризалари ва номзоднинг бевосита раҳбари томонидан ёзилган тавсиянома аттестация комиссияси қарорига илова қилинган ҳолда Қабул комиссиясига юборилади.

24. Ички номзодлар рўйхатини шакллантириш, аттестация комиссияларида кўриб чиқиш, уларнинг ҳужжатларини Қабул комиссиясига юбориш дастлабки танлов муддати давомида амалга оширилиши лозим.

3-боб. Кириш имтиҳонларини ўтказиш

 

25. Кириш имтиҳонларини ушбу Низомга қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш ва ўтказиш Қабул комиссиясига юклатилади.

26. Кириш имтиҳонларини ўтказиш санаси масъул котиб тақдимномасига асосан Қабул комиссияси раисининг буйруғи билан тасдиқланади ва унга кириш имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган номзодлар рўйхати илова қилинади.

27. Кириш имтиҳонларига киритилган фанлар дастури, қоида тариқасида, имтиҳон бошланишидан бир ой олдин Академия расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

28. Кириш имтиҳонлари ўтказилишига қадар Қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ консультациялар ташкил этилади.

29. Кириш имтиҳонларини ўтказиш жараёни видеотасвирга олинади, видеотасвирдан нусха кўчириш тақиқланади.

30. Кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бинода кириш имтиҳонлари материалларини тарқатиш, йиғиб олиш ва сақлаш учун имтиҳон вақтида сейфлар билан жиҳозланган махсус хона-штаб тайёрланади.

31. Кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бино ва аудиторияларда уларни ўтказиш учун санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган зарур техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилади.

32. Кириш имтиҳонлари Қабул комиссияси ва (ёки) у белгилаган бошқа ваколатли ташкилот томонидан ўтказилади.

Қабул комиссияси раиси томонидан комиссия аъзолари ва Академиянинг бошқа ходимлари аудиторияларга масъул (аудитория кузатувчиси) этиб жалб қилинади.

Кириш имтиҳонларининг очиқ ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида Қабул комиссияси қарорига асосан бошқа ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари аудитория кузатувчилари сифатида жалб қилиниши ҳамда кириш имтиҳонларини ўтказиш жараёни Академия расмий веб-сайтида тўғридан-тўғри намойиш этиб борилиши мумкин.

33. Магистратуранинг барча мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонлари топшириқлари эксперт гуруҳи томонидан мутахассислик фанлари ва чет тиллари бўйича саволлар ва вазифалар шаклида тузилади.

34. Имтиҳон саволлари ва вазифаларини тузишда қуйидаги талабларга алоҳида эътибор қаратилади:

а) мутахассислик фанлари бўйича:

номзодларда таҳлилий фикрлаш даражасини, ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш, шунингдек ҳуқуқий масалалар бўйича хулосаларни баён этиш қобилиятини аниқлашга қаратилиши;

тегишли фан ўқув дастурига, шунингдек тегишли соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги;

мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини акс эттириши;

лўнда, оддий ва равон тилда баён этилиши;

фойдаланилган тушунча ва атамаларни турлича изоҳлаш имкониятини истисно этиши, шунингдек уларнинг қонун ҳужжатларида ва фанда қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилиши;

умумқабул қилинган грамматик, орфографик, пунктуация қоидаларига мувофиқ расмий тил услублари ва юридик терминологиядан фойдаланган ҳолда тузилиши;

б) чет тиллари бўйича:

номзодларнинг матн ва атамаларни тушуниш ва улардан фойдалана олиш даражасини аниқлашга қаратилиши;

қисқа, аниқ ва тушунарли тил билан ифодаланиши ва В2 даражасига мувофиқлиги;

умумқабул қилинган грамматик, орфографик ва пунктуация қоидаларига мувофиқлиги.

35. Тузиладиган саволлар ва вазифаларнинг сифати, мазмуни ҳамда уларнинг ошкор этилмаслиги бўйича масъулият эксперт гуруҳи раҳбарига юкланади.

36. Чет тилидан имтиҳон саволлари ва вазифалари инглиз, немис ёки француз тилларида ёхуд Қабул комиссияси қарорига кўра, номзоднинг хоҳишини инобатга олиб, бошқа тилда ҳам тузилиши мумкин.

37. Эксперт гуруҳи томонидан билетлар шаклида тузилган кириш имтиҳонлари саволлари ва вазифалари масъул котибга сақлаш учун топширилади.

Ҳар бир билет:

мутахассислик фанлари бўйича, қоида тариқасида, 5 та савол ва вазифадан (ёзма иш учун 2 тадан ва суҳбат учун 3 тадан);

чет тили бўйича, қоида тариқасида, 25 та савол ва вазифадан иборат бўлади.

38. Ҳар бир билет Қабул комиссияси аъзолари иштирокида конвертга солинади, улар ўз навбатида тегишли мутахассисликлар ва аудиториялар сонини ҳисобга олган ҳолда алоҳида пакетларга солинади. Конвертлар ва пакетлар Қабул комиссияси муҳри билан тасдиқланиб, штабда сақланади.

39. Кириш имтиҳонлари, қоида тариқасида, бир ҳафта ичида ўтказилади.

40. Кириш имтиҳонларини топшириш учун номзодлар шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан белгиланган вақт ва жойга келиши лозим.

Белгиланган вақтдан кеч қолган номзодлар имтиҳонга киритилмайди, шунингдек келмаган номзодлар учун қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.

41. Кириш имтиҳонларини топшириш учун номзодлар мутахассисликлар бўйича гуруҳларга бўлинади.

42. Имтиҳон куни аудиторияга ўқув адабиёти, луғат, маълумотнома, жадвал, конспект, ёзув дафтари, қоғоз ёки электрон шаклдаги шпаргалкалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, алоқа воситалари, аудио, фото ва видео ёзиш қурилмаларини олиб кириш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек имтиҳон саволлари ва вазифалари юзасидан номзодларнинг ўзаро суҳбатлашиши тақиқланади.

43. Номзодларнинг кириш имтиҳонлари давомида аудиториядан чиқиши тақиқланади. Соғлиғининг ёмонлашиши ва бошқа зарур ҳолатларда номзодларга имтиҳон материалларини қолдириб, кузатув остида аудиториядан чиқишга рухсат берилади.

44. Кириш имтиҳонларини ўтказишнинг белгиланган тартибини бузган номзод имтиҳондан четлаштирилади, бунда аудитория кузатувчиси томонидан далолатнома расмийлаштирилиб, ушбу номзоднинг имтиҳон жавоблари баҳоланмайди ҳамда у имтиҳонда иштирок этмаган ҳисобланади.

45. Магистратурага киришда максимал балл 250 баллни ташкил этади ва у қуйидагилардан ташкил топади:

ёзма иш ва суҳбат – ҳар бири 0 баллдан 100 баллгача. Бунда ҳар бир жавоб 100 баллик тизимда баҳоланиб, ушбу баллар қўшилади ҳамда саволлар ва вазифалар сонига бўлинади, ҳосил бўлган қиймат тегишинча ёзма иш ва суҳбатдан олинган якуний балл ҳисобланади;

чет тили – 0 баллдан 50 баллгача.

46. Миллий сертификат ёки халқаро сертификатларнинг қуйидаги даражаларига эга бўлган номзодларга чет тилидан имтиҳонларсиз максимал балл берилади:

инглиз тили учун – B2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки International English Language Testing System (IELTS 5.5), Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72), Cambridge Assessment English FCE халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

немис тили учун – B2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки Goethe-Zertifikat, Deutsches Sprachdiplom (DSD), Test Deutsch als Fremdsprache (Test DAF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

француз тили учун – B2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки Diplôme d'Etudes en Langue Française (DELF), Тest de Connaissance du Français (TCF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

япон тили учун – B2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки Japanese Language Proficiency Test (JLPT № 2) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

бошқа тиллар учун – B2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражаси B2 ва ундан юқори.

47. Аудитория кузатувчилари номзодлар гувоҳлигида саволлар ва вазифалар ёзилган билетлар солинган конвертлар муҳрланганлигига ишонч ҳосил қилгач, уларни очади.

Аудитория кузатувчилари имтиҳон билетлари ҳамда саволлар ва вазифаларга жавоб ёзиш учун мўлжалланган қатъий ҳисобда турувчи рақамланиб муҳрланган дафтарларни тартиб билан тарқатади.

Бунда дафтарларнинг варақлари алмаштириш имконини истисно қиладиган тарзда Қабул комиссияси муҳри ва комиссия раисининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

48. Аудитория кузатувчилари номзодларга дафтар муқовасида ўз фамилияси, исми, отасининг исмини кўрсатиши, дафтар варақларини букламаслик, фарқ қилувчи белгилар қўймаслик, ёзувлар тагига чизмаслик, жавобларни белгилашда кўк ҳаворанг шарикли ручкадан бошқа ручкадан фойдаланмаслик ҳақида тушунтириш бериши, шунингдек ушбу талабларни бузиш ёзма имтиҳон ўтказиш тартибини бузиш деб ҳисобланиши ҳақида уларни огоҳлантириши лозим.

49. Ёзма ишни ёзишга тўрт соат вақт берилади.

50. Имтиҳон якунлангач, аудитория кузатувчилари ҳар бир дафтарнинг муқоваси ва биринчи варағига махсус шифрлар қўйиб, дафтарлар муқовасини йиртиб олади ва дафтарлар солинган қутиларни, шунингдек муҳрланиб, имзоланган конвертга солинган дафтарлар муқоваларини масъул котибга топширади.

51. Ёзма ишларни текшириш ва баҳолаш мақсадида имтиҳон якунланган заҳоти махсус комиссия ташкил этилади.

52. Махсус комиссия аъзолари томонидан ёзма ишларни текшириш ва баҳолаш учун ажратилган хонага уяли телефонлар, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситаларини олиб кириш тақиқланади.

Махсус комиссия томонидан ёзма ишларни текшириш жараёнини онлайн кузатиб боришни таъминлаш мақсадида мазкур жараён Академия расмий веб-сайтида тўғридан-тўғри намойиш этиб борилиши мумкин.

53. Махсус комиссия раиси дафтарлар солинган қутиларни масъул котибдан қабул қилиб олиб, махсус комиссия аъзолари иштирокида очади ва дафтарларнинг муқовалари ажратилганлиги ва шифрланганлигини текширади.

Муқоваси ажратилмаган, шифрланмаган ёки номзоднинг шахсини аниқлаш имконини берувчи бошқа белгилар мавжуд бўлган дафтарлар аниқланган тақдирда, далолатнома тузилади. Бундай ишлар текширилмайди.

54. Ёзма ишлар махсус комиссия аъзолари томонидан Қабул комиссияси томонидан тасдиқланган мезонларга мувофиқ баҳоланади.

55. Ёзма иш натижалари тегишли шифрлар билан алоҳида қайдномага киритилади.

Дафтарлар ва ёзма иш натижалари қайдномаси қутиларга солинади ҳамда махсус комиссия раиси томонидан масъул котибга топширилади.

56. Чет тили бўйича имтиҳон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ушбу Низом қоидаларини инобатга олган ҳолда, белгиланган тартибда ўтказилади ва баҳоланади.

57. Ёзма иш учун белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаган номзодлар суҳбатга киритилмайди ва улар Магистратурага кириш имтиҳонларидан ўта олмаган ҳисобланадилар. Бу ҳақдаги қарор Қабул комиссиясининг раиси томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

58. Суҳбат бўйича комиссия ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик тамойиллари асосида амалга оширади.

Суҳбат бўйича комиссия раиси комиссия фаолиятини мувофиқлаштиради, унинг фаолиятини ташкилий таъминлаш унинг котибига юклатилади.

59. Суҳбат ўтказишда номзод саволлар берилган билетни танлайди. Суҳбатга тайёрланиш учун 20 дақиқа ажратилади, бунда номзод суҳбатга тайёрланиш учун қоғоз варақлардан фойдаланиши мумкин.

60. Суҳбат жараёнида номзод ўзининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўрнига унга Қабул комиссияси томонидан берилган шифрни айтиб, саволларга жавоб беради.

61. Суҳбатдан ўтиш жараёнида номзодга билетдаги саволлар мазмуни бўйича қўшимча 3 тагача савол берилиши мумкин. Битта номзод билан суҳбат 20 дақиқагача давом этади.

62. Суҳбат натижаларини баҳолаш учун суҳбат бўйича комиссиянинг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил равишда баҳолаш варағини номзоднинг шифри билан бирга тўлдириб, уни имзолайди ҳамда суҳбат бўйича комиссия котибига топширади. Котиб номзодга суҳбат бўйича комиссия аъзолари томонидан қўйилган ўртача баллни ҳисоблаб чиқади.

63. Суҳбат жараёни ва натижалари суҳбат бўйича комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланадиган ва Қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланадиган йиғилиш баённомасида қайд этилади.

64. Имтиҳон жавоблари ҳамда апелляция куни ва вақти ҳақида Академия расмий веб-сайтида эълон берилади.

65. Ёзма иш, чет тили бўйича имтиҳон ва суҳбат натижалари бўйича шикоятлар улар бўйича жавоблар Академия расмий веб-сайтида эълон қилинган кундан эътиборан икки иш куни давомида қабул қилинади. Апелляция комиссияси шикоятларни икки иш куни ичида кўриб чиқади.

66. Зарур ҳолларда, апелляцияни кўриб чиқиш жараёнига махсус комиссия аъзолари, аудитория кузатувчилари ва бошқа шахслар жалб қилиниши мумкин.

67. Шикоятни кўриб чиқиш натижасида апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

номзоднинг шикоятини қаноатлантириш тўғрисида;

кириш имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида.

Номзоднинг шикояти қаноатлантирилган тақдирда, апелляция комиссияси номзоднинг имтиҳон ишига узил-кесил балл қўяди ва қабул қилинган якуний қарор ҳақида номзодга хабар беради.

Комиссия қарори узил-кесил ҳисобланади.

68. Қабул комиссияси томонидан номзодларнинг кириш имтиҳонларидан олган баллари жамланиб, умумий қайдномада ҳар бир мутахассислик бўйича ташқи ва ички номзодларнинг алоҳида рўйхати шакллантирилади.

Рўйхатда номзодлар ҳар бир мутахассислик бўйича тўпланган энг юқори баллдан бошлаб камайиб бориш тартибида ҳамда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинганлар кетма-кетликда жойлаштирилади.

4-боб. Магистратурага ўқишга қабул қилиш

69. Кириш имтиҳонлари натижалари ҳамда қабул квоталарини ҳисобга олган ҳолда, Қабул комиссияси томонидан минимал ўтиш баллари белгиланади.

70. Умумий қайднома асосида Қабул комиссияси томонидан 10 сентябрга қадар номзодларни Магистратурага ўқишга қабул қилишга тавсия этиш тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

71. Ҳар йили 15 сентябрга қадар Академия бошлиғининг Қабул комиссияси баённомасига асосан номзодларни давлат гранти асосида Магистратура тингловчилари сафига қабул қилиш ҳамда тўлов-контракт асосида номзодларни дарсга қўйиш ҳақидаги буйруғи чиқарилади ҳамда бу ҳақдаги маълумот Академиянинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тавсия этилган номзодлар шартномада белгиланган тўлов суммасининг ярмини 1 октябрга қадар тўлаган тақдирда Академия бошлиғининг Магистратура тингловчилари сафига қабул қилиш ҳақида буйруғи чиқарилади.

72. Тўлов-контракт асосида дарсга қўйилган номзодлар белгиланган муддатда тўлов суммасини тўлиқ амалга оширишлари лозим.

Тўлов-контракт бўйича шартнома шартларини белгиланган муддатда бажармаган номзодлар дарсга қўйилмайди ва бу ҳақда Академия бошлиғининг буйруғи чиқарилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

73. Магистратурага ўқишга қабул қилинган номзодларнинг кириш имтиҳонлари билан боғлиқ ҳужжатлари уларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдига тикиб қўйилади.

Магистратурага ўқишга қабул қилинмаган номзодларнинг ҳужжатлари олти ой давомида сақланади ва кейинчалик белгиланган тартибда йўқ қилинади, уларнинг шахсий ҳужжатлари ўзига ёки ишончли вакилига қайтариб берилади.

74. Магистратурага ўқишга қабул қилинган прокуратура органларининг амалдаги ходимлари эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даври мобайнида сақлаб қолинади.

75. Қабул комиссияси унинг уч ва ундан ортиқ аъзолари ҳамда раиси иштирок этганда ушбу Низомда белгиланган вазифалар доирасида ваколатли ҳисобланади.

76. Ушбу Низом билан тартибга солинмаган масалалар, шунингдек уни қўллашда юзага келадиган келишмовчиликлар Қабул комиссияси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

77. Мазкур Низомда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар прокуратура органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан қопланади.

78. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига ўқишга

қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга

илова

 

Бош прокуратура Академияси магистратурасига
ўқишга қабул қилишни ташкил этиш ва ўтказиш

СХЕМАСИ

 

Босқичлар

 

Масъуллар

 

Ўтказиладиган тадбирлар

 

Бажариш муддатлари

 

 

 

1-босқич

 

Бош прокуратура Академияси қабул комиссияси

 

Бош прокуратура Академияси магистратурасига ўқишга қабул бошланиши, номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш муддатлари, мутахассислик номлари, квоталар (ўринлар сони) ва бошқа маълумотлар тўғрисида Бош прокуратура ва Академия расмий веб-сайтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон бериш

 

10 май-
10 июнь

 

 

 

2-босқич

 

Бош прокуратура Академияси қабул комиссияси аъзоси – прокуратура органларининг кадрлар тармоқлари,

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари, прокуратура органлари аттестация комиссиялари

 

Дастлабки танлов

 

I. Ташқи номзодлар бўйича:

Ташқи номзодлар томонидан ариза ва тегишли ҳужжатларни Қабул комиссиясига топшириш;

 

II. Ички номзодлар бўйича:

1. Ички номзодлар томонидан ариза ва тавсияномани (бевосита раҳбари томонидан берилган) Қабул комиссиясига топшириш;

2. Ички номзодлар билан суҳбат ўтказиш ва уларнинг кириш имтиҳонида иштирок этишига оид аттестация комиссияси қарорини қабул қилиш.

 

Кириш имтиҳонида иштирок этадиган номзодларнинг аризалари ва уларга илова қилинган ҳужжатларни Қабул комиссиясига юбориш.

 

10 июнь-

10 август

 

 

 

3-босқич

 

Академия қабул комиссияси масъул котиби

 

Кириш имтиҳонлари олинадиган фанлар дастурини Академия расмий веб-сайтига жойлаштириш

 

Кириш имтиҳонидан бир ой олдин

 

 

 

4-босқич

 

Академия қабул комиссияси

 

Кириш имтиҳонлари

1. Ёзма имтиҳон (ёзма иш ва чет тилидан имтиҳон) ни ўтказиш.

2. Ёзма ишни муваффақиятли топширган номзодлар билан суҳбат ўтказиш.

 

Қоида тариқасида, бир ҳафта ичида

 

 

 

5-босқич

 

Номзодлар

 

 

 

 

Апелляция комиссияси

 

1. Кириш имтиҳони натижалари бўйича шикоят қилиш;

 

 

 

 

2. Шикоятларни кўриб чиқиш.

 

Имтиҳон жавоблари эълон қилинган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида

 

2 иш кунида

 

 

 

6-босқич

 

Бош прокуратура Академияси қабул комиссияси

 

Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодларни Магистратурага ўқишга қабул қилишга тавсия этиш

 

10 сентябрга қадар

 

 

 

7-босқич

 

Бош прокуратура Академияси бошлиғи

 

Қабул қилишни расмийлаштириш 1. Номзодларни давлат грантлари асосида Магистратурага қабул қилиш ва тўлов-контракт асосида номзодларни дарсга қўйиш ҳақида буйруқ чиқариш;

2. Номзодларни тўлов-контракт асосида Магистратурага қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқариш.

 

 

15 сентябрга қадар

 

 

 

1 октябрга қадар, шартномада белгиланган тўлов суммасининг ярми тўлангандан сўнг

 

 

 

 

Умумий таклифлар

537