ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
47 Центральный банк Республики Узбекистан 31/07/2018 15/08/2018 0

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Постановление Правления Центрального банка
ID-47

Очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларини тасдиқлаш

тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:

1. Очиқ валюта позициясини юритиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки раиси М. Нурмуратов

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2018 йил ___ __________

_____сонли қарорига

ИЛОВА

Очиқ валюта мавқеини юритиш қоидалари

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ва “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ тижорат банклари томонидан очиқ валюта мавқеи лимитлари талабларига риоя этилиши қоидаларини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

валюта мавқеи – тижорат банклари томонидан чет эл валютасини олди-сотди операциясини, шунингдек, бошқа операцияларни амалга ошириш натижасида чет эл валютасида ифодаланган талаблар ёки мажбуриятларнинг ўзгаришига олиб келадиган тижорат банкининг чет эл валютасидаги активлари (талаблари) ёки мажбуриятлари ўртасидаги нисбатни ифодаловчи кўрсаткич.

очиқ валюта мавқеи - тижорат банкининг чет эл валютасидаги талаблари унинг чет эл валютасидаги мажбуриятлари суммасига мос (тенг) бўлмаган ҳолатдаги валюта мавқеи.

узун валюта мавқеи - тижорат банкининг чет эл валютасидаги талабларининг суммаси унинг чет эл валютасидаги мажбуриятлари суммасидан ортиқ бўлган ҳолдаги очиқ валюта мавқеи.

қисқа валюта мавқеи –тижорат банкининг чет эл валютасидаги мажбуриятларининг суммаси унинг чет эл валютасидаги талаблари суммасидан ортиқ бўлган ҳолдаги очиқ валюта мавқеи.

очиқ валюта мавқеининг жами суммаси – барча валюта турлари бўйича узун (қисқа) мавқеиларнинг жами йиғиндиси.

тижорат банкининг чет эл валютасидаги талаблари – чет эл валютаси билан боғлиқ активлар ва кўзда тутилмаган ҳолатлар (ҳосила молиявий воситалар бўйича трансакциялар)дир.

тижорат банкининг чет эл валютасидаги мажбуриятлари – чет эл валютаси билан боғлиқ бўлган мажбуриятлар ва кўзда тутилмаган ҳолатлар (ҳосила молиявий воситалар бўйича трансакциялар).

очиқ валюта мавқеиларининг лимити – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ҳар бир чет эл валютаси тури бўйича алоҳида ўрнатилган очиқ валюта мавқеи, очиқ валюта мавқеиларининг йиғма (жами) лимили ва банкнинг регулятив капитали бўйича ўрнатилган чекловлардир.

кўзда тутилмаган ҳолатлар бўйича талаб ва мажбуриятлар – тижорат банкининг чет эл валютаси билан боғлиқ бўлган ҳосила молиявий воситалар (валюта деривативлар: фючерс, форвард, опцион, своп) харид қилиш ёки сотиш бўйича тузилган битимлар натижасида вужудга келадиган талаблари ва мажбуриятларидир.

2-боб. Очиқ валюта мавқеини ҳисоблаш тартиби

2. Қуйидаги операциялар очиқ валюта мавқеи ўзгаришига таъсир қилувчи операциялар жумласига киради:

маблағларни дарҳол ўтказиш орқали чет эл валютасини харид қилиш ва сотишга доир операциялар (битим тузилган санадан кейинги икки банк иш кунидан кечиктирмаган ҳолда), шунингдек, маблағларни муайян муддат ичида (битим тузилган санадан кейинги икки банк иш кунидан ортиқ бўлган муддатда) ўтказиб бериш йўли билан, шу жумладан нақд чет эл валютаси билан амалга ошириладиган операциялар;

даромадларни чет эл валютасида ҳисоблаш ва олиш;

харажатларни чет эл валютасида ҳисоблаш ва тўлаш;

ушбу битимлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш усули ва шаклидан қатъи назар чет эл валютасидаги талаблар ва бажбуриятлар вужудга келадиган, чет эл валютаси билан боғлиқ бўлган ҳосила молиявий воситалар (валюта деривативлари: форвард, фьючерс, опцион, своп шартномалари) бўйича операциялар;

чет эл валютасида амалга ошириладиган бошқа операциялар (чет эл валютасида харид қилинган активлар, ўз акцияларини чет эл валютасига сотиш ва валюта қимматликлари билан боғлиқ бошқа битимлар, агар ушбу битимлар шартларига мувофиқ у ёки бу шаклда чет эл валютасининг айирбошланиши (конверсияси) кўзда тутилган бўлса).

3. Ҳар бир чет эл валютаси учун очиқ валюта мавқеи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ҳисобот даври учун чет эл валютасини сўмга нисбатан белгиланган қиймати бўйича ҳар бир банк иш куни охирида ҳисобланади.

4. Очиқ валюта поизциясини ҳисоблаш учун тижорат банкининг чет эл валютасидаги мажбуриятлари суммаси унинг чет эл валютасидаги талаблари суммаси билан таққосланади. Бунда, қисқа валюта мавқеи “-” белгиси билан, узун валюта мавқеи “+” белгиси билан белгиланади.

5. Очиқ валюта мавқеининг жами миқдорининг ҳақиқий ҳажми узун (қисқа) валюта мавқеилари бўйича алоҳида ва ҳар бир чет эл валютаси бўйича жамланган ҳолда аниқланади.

Баланслантирувчи (мувозанатлантирувчи) мавқеини сўмда ҳисоблаш учун барча узун очиқ валюта мавқеиларининг сўм ҳисобидаги мутлақ ва барча қисқа очиқ валюта мавқеларининг сўм ҳисобидаги мутлақ миқдори ўртасидаги фарқ ҳисоблаб чиқилади. Барча узун (сўмдаги баланслаштирувчи (мувозанатлаштирувчи) мавқеини, агар у узун бўлса, ҳамда ҳисобга олган ҳолда) ва барча қисқа (сўмдаги баланслаштирувчи (мувозанатлаштирувчи) мавқеини, агар у қисқа бўлса, ҳам ҳисобга олган ҳолда) очиқ валюта мавқеиларининг жами суммалари миқдори ўзаро тенг бўлиши шарт.

6. Валюта мавқеини ҳисоблаш учун тижорат банкининг чет эл валютасидаги талаблари ва мажбуриятлари “Валюталар олди-сотди ва валюта мавқеилари” ҳамда “Кўзда тутилмаган ҳолатлар” баланс ҳисобрақамлари бўйича аниқланади. Ушбу ҳисобрақамларда тузилган олди-сотди битимлари бўйича ҳамда валюта қимматликлари билан ўтказиладиган бошқа операциялар, шу жумладан, битимлар шартларига кўра чет эл валюталарини у ёки бу шаклда айирбошланиши (конверсияси) кўзда тутилган операциялар бўйича суммалар ҳисоби юритилади.

7. Очиқ валюта мавқеи чет эл валютасини сотиб олиш ва сотишга доир битимлар имзоланган санасида, чет эл валютасидаги фоиз даромадларининг (харажатларини) ҳисоблаб ёзиш ва ҳисобвараққа бошқа даромадлар (харажатлар) киритилган (ҳисобдан чиқарилган) санада вужудга келади. Кўрсатилган саналар, шунингдек, ҳисоботда очиқ валюта мавқеилари миқдорининг тегишли ўзгаришлари акс эттирилган санани ҳам кўрсатади.

3-боб. Очиқ валюта мавқеининг лимитилари

8. Тижорат банкларининг миллий валюта курсининг чет эл валюталарига нисбатан қийматининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган валюта хатарини чеклаш (олдини олиш) мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари учун очиқ валюта мавқеларининг қуйидаги лимитларини белгилайди:

чет эл валютасининг ҳар бир тури бўйича очиқ валюта мавқеи;

очиқ валюта мавқеларининг жами миқдори;

қисқа ва узун мавқеилар бўлган чет эл валютаси турлари бўйича очиқ валюта мавқеиларининг умумий миқдори.

9. Ортиқча миқдорда чет эл валютасини шакллантиришни, шунингдек валюта риски юзага келишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг қарори билан тижорат банкларининг очиқ валюта мавқеларига меъёрлар белгиланади.

10. Очиқ валюта мавқелари белгиланган лимитлардан ошиб кетган ҳолда уни тижорат банки томонидан кейинги операцион кунга ўтказилиши мумкин эмас. Очиқ валюта мавқелари белгиланган лимитларидан ошиб кетган тақдирда, тижорат банки очиқ валюта мавқеларини белгиланган лимитлари меъёригача қисқартириш мақсадида жорий кун якунигача тегишли баланслаштирувчи (мувозанатлаштирувчи) битимларни амалга ошириши лозим (масалан, чет эл валютасини сотиш).

4-боб. Очиқ валюта мавқеларининг лимитларига риоя этишни назорат қилиш ва тижорат банкларининг ҳисоботи

11. Очиқ валюта мавқелари лимитларига риоя қилиниш устидан назорат тижорат банклари томонидан ҳар бир иш якуни ҳолати бўйича жамланган ҳолда амалга оширилади.

12. Тижорат банклари ўзларининг филиаллари учун очиқ валюта мавқеи лимитларини мустақил равишда белглайдилар ва бу ҳақида уларга ёзма ёки электрон шаклда хабардор қиладилар. Бунда улар томонидан филиаллар учун очиқ валюта мавқеиларига доир лимитларни улушбай тақсимлаш мазкур Қоидалар билан белгиланган лимитлар доирасида амалга оширилади ва тижорат банки бўйича очиқ валюта мавқеилари лимитлари ушбу Қоидаларнинг 3-бобида белгиланган талабларга мос келиши лозим.

Очиқ валюта мавқеилари бўйича лимитлар тижорат банкининг филиаллари ўртасида бир операцион иш куни давомида тақсимлашга рухсат этилади.

13. Тижорат банкларининг очиқ валюта мавқеиларининг назорати Марказий банк томонидан қуйидагилар асосида амалга оширилади:

ҳар бир иш куни учун очиқ валюта мавқеи тўғрисидаги ҳисобот маълумотлари;

текширув маълумотлари;

тижорат банкларининг баланс ҳисоботларини кунлик мониторинг қилиш.

14. Очиқ валюта мавқеининг лимитлари бузилган ҳолларда, тижорат банки Марказий банкка йўл қўйилган хатолик сабабларини ва уни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида ёзма равишда маълумот тақдим этиши лозим. Ушбу маълумот тижорат банкини очиқ валюта мавқеи лимитларини бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди.

Агар очиқ валюта мавқеи бўйича ўрнатилган меъёр миқдори такроран оширилган ҳолларда, Марказий банк тижорат банкига нисбатан йўл қуйган хатоликлар учун жарима ундириши ёки муайан валюта операциялари бўйича чеклов жорий қилиши мумкин.

15. Тижорат банклари очиқ валюта мавқеи тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига кунлик тақдим этади.

16. Очиқ валюта мавқеилари ҳолати тўғрисидаги ҳисобот тижорат банки томонидан бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида тузилади.

Ҳисоботда чет эл валютасининг ҳар бир тури бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича сўмдаги эквивалентда очиқ валюта мавқелари (узун ва қисқа) ва уларнинг тижорат банкининг регулятив капиталига бўлган фоиздаги нисбати, шунингдек амалга оширилган баланслаштирувчи (мувозанатлаштирувчи) битимларнинг натижалари бўйича вужудга келган сумдаги очиқ валюта мавқеи (баланслаштирувчи (мувозанатлаштирувчи)), очиқ валюта мавқеларининг йиғма миқдори ҳамда уларнинг тижорат банкининг регулятив капиталига бўлган фоиздаги нисбати акс эттирилади.

Ҳисобот маълумотларининг тўғрилиги ва ўз вақтида тақдим этилиши учун жавобгарлик тижорат банклари раҳбарлари зиммаларига юкланади.

5-боб. Якуний қоида

17. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Умумий таклифлар

741