ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
4598 Министерство юстиции Республики Узбекистан 11/07/2019 26/07/2019 10

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-4598

Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, уларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳадаги ишларни ҳар томонлама амалга оширилишини таъминлаш, вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурати тобора ортиб бормоқда.

Васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ва уларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда болаларга ғамхўрлик қилишдаги масъулиятини янада ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгилансин:

васийлик ва ҳомийлик органларининг вазифа, функция ва ваколатларини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;

васийлик ва ҳомийлик органлари фаолияти самарадорлигини таъминлаш мақсадида улар ўртасида идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини яратиш;

васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш;

васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш;

васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича илғор хориж тажриба асосида таклифлар тайёрлаш;

васийлик ва ҳомийлик органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чораларини кўриш;

васийлик ва ҳомийлик соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини самарали ташкил қилиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Адлия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

назоратидаги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сони 200 тадан ортиқ бўлган туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тузилмаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан молиялаштириладиган васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи 1 нафардан жами қўшимча 97 нафар штат бирликларини ажратиш;

васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи штат бирликларига қоида тариқасида биринчи навбатда “психология”, “юриспруденция” ва “ижтимоий иш” соҳалари бўйича олий маълумотга эга бўлган фуқаролар тайинланиши;

2019 йил 1 сентябрдан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тузилмаларида васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи мутахассислари лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 2 баравар кўпайтирилган миқдорда қўлланилиши.

3. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига – етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги вазифаларнинг самарали ижро этилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига – муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган, шунингдек соғлиғининг ҳолатига
кўра ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари томонидан васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги вазифаларнинг ижро этилиши ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиянинг самарали фаолият юритиши учун;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига васийлик ва ҳомийлик соҳасида туман (шаҳар) ҳокимларига юклатилган вазифаларнинг амалга оширилиши, туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузурида васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда бевосита жойларга чиққан ҳолда васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур ўргансин, ўрганиш натижалари ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда асослантирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда қуйидагиларга алоҳида
эътибор қаратилсин:

васийлик ва ҳомийлик соҳасида давлат сиёсатини белгиловчи ягона тизимни шакллантириш;

васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларнинг вазифа, функция ва ваколатларини аниқ чегаралаш;

васийлик ва ҳомийлик органлари ўртасида улар фаолияти самарадорлигини таъминлаш мақсадида идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини яратиш;

васийлик ва ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари устунлиги ва дахлсизлигини таъминлаш;

васийлик ва ҳомийлик органларининг, уларга юклатилган вазифаларни бажарилиши ва ваколатларини амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган қонуний талабларини умуман ёки лозим даражада бажармаслик ёхуд уларнинг қонуний фаолият олиб боришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш;

айрим тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича васийлик ва ҳомийлик органлари мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомаларни расмийлаштириш ва судга юбориш;

васийлик ва ҳомийлик органларининг ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини самарали ташкил этиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қуйидаги ўзгартиришларни назарда тутувчи Қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унга кўра:

ота-онанинг ўзи бевосита васийлик ва ҳомийлик органларига ўз вояга етмаган фарзандларига васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги ариза билан бевосита мурожаат қилганларида аризанинг нотариал тасдиқланган бўлишига оид талаб бекор қилинади. Бунда, ота-онанинг ўз вояга етмаган фарзандларига васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги аризаси васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан тасдиқланади;

ота-она, улардан бири вафот этган тақдирда ота ёки она хорижий давлатга чиқиши муносабати билан ота-оналик мажбуриятларини бажара олмайдиган давр учун, уларнинг аризаси асосида вояга етмаган фарзандларига уларнинг ўзаро келишувига мувофиқ танланган қариндошларидан бири ёки оила қурган вояга етган фарзанди васий ёки ҳомий этиб тайинланади. Бунда, васий ёки ҳомий этиб, боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, тайинланаётган шахснинг аризаси, унинг шахсини ҳамда қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлардан ташқари бошқа ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин эмас;

хорижий давлатга чиқиб кетган ва уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатдан қайтмаган ота-онанинг, улардан бири вафот этган тақдирда ота
ёки онанинг вояга етмаган фарзандлари мавжуд бўлиб, уларга нисбатан васий ёки ҳомий тайинланмаган бўлса ёхуд ота-онанинг, улардан бири вафот этган тақдирда ота ёки онанинг вояга етмаган фарзандига нисбатан васий ёки ҳомий тайинлаш тўғрисидаги аризаси бўлмаса, васийлик ва ҳомийлик органининг ташаббусига асосан ота-онанинг розилиги мавжуд бўлишидан қатьий назар болага нисбатан вақтинча васий ёки ҳомий тайинланади. Бунда, васий ёки ҳомийга ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминоти, унга тарбия, таълим бериш ва унинг соғлиғини сақлаш мажбурияти юклатилади;

васийлик ва ҳомийлик органларига уларга юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ва ваколатларни амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ахборот ва маълумотларни давлат органлари, ташкилотлари ва бошқа идоралардан талаб қилиб олади, Қонун билан қўриқланадиган сирлар бундан мустасно.

6. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда васийлик ва ҳомийлик соҳасида кадрлар тайёрлаш учун мутахассисликлар рўйхатини кенгайтиришни назарда тутган ҳолда, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини қайта кўриб чиқсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил ва келгуси йиллар учун Инвестиция дастурларини шакллантиришда васийлик ва ҳомийлик органларининг биноларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва замонавий ускуналар, мебель компьютер техникаси билан жиҳозлаш ишлари учун зарур маблағларни назарда тутсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

мазкур қарорнинг амалга оширилиши учун зарур маблағларни 2019 йилда “Ижтимоий” соҳа учун ажратилган маблағлар доирасида ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ҳар йили назарда тутсин;

Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сони 200 нафардан ортиқ бўлган туман (шаҳар)лар рўйхатини заруратга қараб янгиланиб борилишини таъминласин;

Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритсин.

9. Васийлик ва ҳомийлик органлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланади.

Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур бандда назарда тутилган талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида огоҳлантирилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

            Президенти                                                                                                                                           Ш.Мирзиёев

Умумий таклифлар

807