ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
4449 Агентство информации и массовых коммуникаций при Администрации Президенте Республики Узбекистан 08/07/2019 23/07/2019 29

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-4449

Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4151-сон қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

 

1. Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги уч ой муддатда матбаа фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларининг ҳужжатларини мазкур қарор билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

 

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Бош вазири                                                                      А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил____________ даги ____-сон қарорига илова

Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиби тўғрисида

низом

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом нусха кўчириш, дизайнерлик ва фотостудия хизмати, матн териш, оригинал макет тайёрлаш фаолиятларига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Матбаа фаолияти – босма маҳсулотларнинг қолипларини тайёрлаш, шу жумладан муҳр ва штампларни ясаш, чоп этиш, муқовалаш ва чоп этишдан кейинги жараёнларидир. Мазкур жараёнларнинг барчаси ёки алоҳида жараёни ҳам матбаа фаолияти ҳисобланади.

Матбаа фаолияти қуйидаги жараёнлардан иборат:

Босма маҳсулотларнинг қолипларини тайёрлаш – чоп этишгача бўлган жараён бўлиб, матн ва тасвирлар асосида офсет, трафарет ёки шойитрафарет, флексо, юқори босма, чуқур босма, термо босма ва тампо босма усулларида чоп этиш учун босма қолипларни тайёрлаш;

Чоп этиш усуллари:

Офсет усулида чоп этиш – матбаа фаолиятида асосан кўп ададли (тираж)  матбаа маҳсулотларини тайёрлашда фойдаланиладиган жараён бўлиб, матн ва тасвирларни фото қолиплардан қоғозга ўтказиб чоп этиш усули;

Флексо усулида чоп этиш – фотополимер хом ашё ёки юмшоқ резинадан  рельефли чоп этиш қолипи ва суюқ бўёқлар билан чоп этиш усули бўлиб, қоғоз, полиэтилен ва шу турдаги бошқа материалларга матн ва тасвирларни тушириш жараёни;

Босма қолипларсиз чоп этиш – рақамли чоп этиш технологиялари ёрдамида  матн ва тасвирларни қоғоз, полиэтилен ва бошқа материалларга чоп этиш усули;

Трафарет ёки шойитрафарет усуслида чоп этиш – фотомеханик усулда ёки қўлда тайёрланган трафаретдан турли материалларга ёки тайёр саноат маҳсулотларига матн ёки тасвирларни аксини тушириш;

Брайл усулида чоп этиш – олти нуқта комбинациясига асосланган бўртма нуқта ҳамда бўртма рельеф асосида кўзи ожизлар учун матн ва тасвирларни чоп этиш усули; 

Тайёр маҳсулотлар ва материалларга босиш – тайёр саноат маҳсулотлари ва материалларга матн ва тасвирни қиздириш ёки эластик босма элемент (тампон) орқали босиш;

Чоп этишдан кейинги жараёнлар ва муқовалаш – буклаш ва саралаш,  тикиш, кесиш ва шакл бериб кесиш, елимлаш, ламинациялаш, лаклаш,  муқовани тайёрлаш, муқовалаш ва бошқа жараёнлар.

3. Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари (кейинги ўринларда – ҳудудий бошқармалар деб юритилади) томонидан матбаа фаолияти амалга ошириладиган ҳудуд бўйича берилади.

4. Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат сифатида мазкур Низомнинг 1-иловасида тасдиқланган шаклга мувофиқ гувоҳнома (кейинги ўринларда гувоҳнома) берилади.

5. Гувоҳнома уч йил муддатга берилади.

6. Матбаа фаолияти юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

7. Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун юридик шахснинг балансида матбаа ускуналари бўлиши шарт. Матбаа ускуналаридан ижара ёки бошқа асосларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

II. Матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш учун

талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати

8. Матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат олиш қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) 2-иловага мувофиқ шаклда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун ариза;

б) юридик шахс давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

в) 3-иловага мувофиқ шаклда матбаа ускуналарининг рўйхати;

г) матбаа ускуналарининг ариза берувчи балансида эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

д) матбаа фаолияти амалга ошириладиган объектининг тўлиқ почта манзили ва объект (кўчмас мулк)га эгалик ҳуқуқи ёки ундан фойдаланиш бўйича ижара шартномасининг нусхаси;

е) матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш учун белгиланган миқдорда давлат божи тўлангани тўғрисидаги тўлов топшириқномаси.

Матбаа фаолияти амалга оширишга рухсат бериш учун назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатларни тақдим этилишига йўл қўйилмайди.

9. Матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш гувоҳномаси учун талаб этиладиган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўплами ариза берувчи томонидан бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки замонавий ахборот-технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тегишли ҳудудий бошқармаларга тақдим этилиши мумкин. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

10. Ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда ариза берувчига дарҳол қайтарилади ёки юборилади.

11. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, акси суд томонидан исботланганига қадар, барча ҳолатларда тўғри ҳисобланади.

III. Матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ёки

рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш

12. Матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ушбу Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

13. Ариза берувчининг аризаси тегишли ҳудудий бошқарма томонидан қабул қилиб олинган санадан эътиборан, ўн беш иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилади ва матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

     Ҳудудий бошқармалар ҳузурида матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш, гувоҳнома амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш масалаларини ўрганувчи, камида уч нафар аъзодан иборат таркибдаги матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат этиш ва уларга тегишли гувоҳнома бериш бўйича ишчи гуруҳ тузилади.

        Зарурат туғилганда, Ишчи гуруҳ матбаа соҳасида тажрибага эга малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин.

14. Ишчи гуруҳ ўн иш кунида тақдим қилинган ҳужжатларни, шунингдек, аризачининг ишлаб чиқариш имкониятлари ва матбаа ускуналарининг техник талабларга жавоб бериши масалаларини ўрганиб чиқади. Ўрганиш натижаси бўйича тегишли хулоса чиқаради.

15. Ишчи гуруҳ беш иш кунида чиқарилган хулоса асосида ариза берувчига матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

  Тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай ариза берувчига гувоҳномани расмийлаштиради ёки ариза берувчига матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш рад этилганлиги тўғрисида аниқ асосларни кўрсатган ҳолда уни ёзма равишда хабардор қилади.

16. Тегишли ҳудудий бошқарма гувоҳнома берилган корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларни давлат реестрига киритади.

17. Матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат беришни рад этишга қуйидагилар асос бўлади:

шу номдаги матбаа фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахс аввал рўйхатга олинган бўлса;

ариза берувчи томонидан ушбу Низомнинг 8-бандида белгиланган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилса;

матбаа корхонасининг балансида тегишли матбаа ускуналари мавжуд бўлмаса;

ишчи гуруҳнинг асослантирилган салбий хулосаси берилган бўлса;

ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги аниқланса.

Матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш тўғрисидаги ариза қайта кўриб чиқишда рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган асослар бўйича такроран рад этилишига йўл қўйилмайди.

18. Рад этишга асос бўлган сабаблар бартараф этилиб, белгиланган муддатда ариза қайта берилганда, тақдим этилган ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн иш кунида кўриб чиқилади.

Қайтарилган ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган тақдирда давлат божи умумий тартибда ундирилади.

IV. Гувоҳномани қайта расмийлаштириш, унинг муддатини узайтириш ва дубликат бериш тартиби

19. Гувоҳнома қуйидаги ҳолларда қайта расмийлаштирилади:

Тадбиркорлик субъекти гувоҳномада кўрсатилмаган матбаа фаолиятининг бошқа турларини амалга оширишни истаса;

матбаа фаолиятини амалга оширадиган юридик шахс номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи ўзгарса.

Ариза берувчилар гувоҳномани қайта расмийлаштириш ҳақидаги ариза билан юқорида кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни тегишли ҳудудий бошқармага тақдим этади.

Ариза ҳудудий бошқарма томонидан ўн иш куни ичида кўриб чиқилади. Ариза берувчиларнинг қайта расмийлаштириш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқиш рухсат бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Гувоҳнома қайта расмийлаштирилгандан сўнг ҳудудий бошқарма давлат реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

20. Гувоҳномани қайта расмийлаштириш талаб этилган ҳолларда ариза берувчи ёхуд унинг ҳуқуқий вориси юридик шахс сифатида қайта рўйхатдан ўтгандан кейин етти иш куни ичида тегишли ҳудудий бошқармага матбаа фаолиятини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани белгиланган маълумотлар ва тасдиқловчи ҳужжатлар тўпламини илова қилган ҳолда топшириши шарт.

21. Гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаганда, унинг муддати матбаа фаолиятини амалга оширадиган юридик шахснинг аризасига кўра узайтирилади. Гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги ариза ҳудудий бошқармага мазкур ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугашига қадар, ўн кун ичида топшириши лозим.

      Гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ва қайта расмийлаштириш учун ўрнатилган давлат божининг ярми миқдорида давлат божи ундирилади.

      Гувоҳноманинг амал қилиш муддати ўтганидан кейин топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ҳудудий бошқарма томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.

22. Гувоҳнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган тақдирда аризачининг аризасига кўра унинг дубликати берилади.

Ҳудудий бошқарма гувоҳнома дубликатини ариза, шунингдек гувоҳнома яроқсиз ҳолга келганда унинг асл нусхаси ҳамда гувоҳнома дубликати берилганлиги учун ариза берувчи томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат олинган кундан бошлаб бир иш кунидан кўп бўлмаган муддатда бериши (юбориши) шарт.

Берилган гувоҳнома бланкасининг ўнг юқори қисмида “Дубликат” сўзи ёзилган бўлади ва унда берилган сана қайд этилади. Дубликатда муқаддам берилган гувоҳноманинг рақами ва санаси такрорланади.

Гувоҳноманинг дубликатини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг базавий ҳисоблаш миқдорида бир баравар миқдорида давлат божи ундирилади.

23. Ариза берувчи ҳудудий бошқарманинг матбаа фаолиятига рухсат беришни рад этиш, гувоҳнома амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

V. Давлат божи ставкалари 

24. Матбаа фаолиятига рухсат бериш учун 4-иловага мувофиқ миқдорларда базавий ҳисоблаш миқдорида давлат божи ундирилади.

Матбаа фаолиятининг бир неча турлари бўйича амалга ошириш учун давлат божи миқдори тегишли матбаа фаолияти тури учун белгиланган божнинг энг юқори ставкаси бўйича тўланади.

25. Матбаа фаолиятини амалга оширадиган юридик шахс қўшимча матбаа фаолиятини амалга ошириш учун гувоҳномани қайта расмийлаштираётганда, давлат божи умумий тартибда ундирилади.

26. Матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш, қайта рўйхатга олиш ёки гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш учун тўланадиган давлат божи суммасининг 80 фоизи Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма)га, 20 фоизи тегишли тартибда маҳаллий бюджетларнинг ҳисоб варағига ўтказилади.

Дубликат бериш учун давлат божи Жамғармага ўтказилади.

Матбаа фаолиятини амалга оширадиган юридик шахслар томонидан Жамғармага ўтказилган маблағлар, қўшимча маблағ сифатида Агентлик ҳудудий бошқармаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш учун сарфланади.

27. Ҳудудий бошқарма томонидан рухсат бериш рад этилганда ёки ариза берувчи аризадан воз кечган тақдирда, матбаа фаолиятига рухсат бериш учун ундирилган давлат божи қайтарилмайди.

VI. Давлат реестри

28. Ҳудудий бошқармалар давлат реестрини юритади.

Давлат реестрида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

ариза берувчининг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, манзили, телефони;

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

гувоҳноманинг берилган санаси ва тартиб рақами;

гувоҳноманинг фаолият тури тўғрисидаги маълумотлар;

гувоҳномани қайта расмийлаштириш, уни тўхтатиб туриш ва амал қилишини тиклашнинг асослари ва санаси;

гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

гувоҳномани бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат беришнинг асослари ва санаси.

Ҳудудий бошқармалар давлат реестрига киритилган маълумотларни ҳар ой якуни бўйича Агентликка доимий равишда тақдим этиб борадилар.

29. Матбаа фаолиятини амалга оширадиган корхоналар тўғрисидаги очиқ маълумотлар Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларининг расмий веб-сайтларида юридик шахслар ва фуқароларнинг танишиши учун жойлаштирилади.

VII. Матбаа фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши мониторинги

30. Матбаа фаолиятини амалга оширадиган корхоналар томонидан ушбу Низом ҳамда матбаа соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатлари талабларининг бажарилишини мониторинг қилиш белгиланган тартибда Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Юридик шахс (унинг муассиси) томонидан матбаа соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилган тақдирда Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юридик шахс (унинг муассиси)га аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида, бартараф этиш муддатлари кўрсатилган ҳолда, бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар (қарорлар) киритиш;

матбаа соҳасини ривожлантириш, истиқболли режаларини тузиш, матбаа корхонасининг ишлаб чиқариш қуввати(потенциал)ни билиш мақсадида керакли маълумотларни сўраб олиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тегишли рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз матбаа фаолиятини амалга оширганлик ҳолатлари аниқланган материалларни қонунчиликда назарда тутилган чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жўнатади;

белгиланган тартибда берилган гувоҳноманинг амал қилишини ўн кунгача тўхтатиб туриш;

гувоҳномани белгиланган тартибда тугатиш.

31. Матбаа корхоналарининг мажбуриятлари:

Агентлик ва ҳудудий бошқармалар сўровига асосан зарур маълумотларини тақдим этиб бориш (молия-хўжалик ҳужжатлар ва статистик ҳисоботлар бундан мустасно);

матбаа фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд нотурар жой бўлиши ҳамда аҳоли соғлиғига зарар етказмаслигини ва ноқулайликлар яратмаслигини таъминлаш;

матбаа ускуналари жойлаштирилган хоналарда ишчи ходимлар учун фуқаро муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда иш шароитини яратиш;

уруш, зўравонлик, порнография, терроризм, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш ҳамда мавжуд конституциявий тузумни, ҳудудий яхлитликни зўрлик билан ўзгартиришга, мамлакатда хавфсизликни ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асосларини, фуқаролар тотувлигини, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни бузишга даъват қилишга қаратилган, шунингдек Ўзбекистон тўғрисида нотўғри ахборотлар тарқатиш ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатиш учун фойдаланилишини кўзловчи матбаа маҳсулотларини нашр этишга ҳамда қонунчиликда таъқиқланган маълумотларни тарқатишга йўл қўймасликни таъминлаш;

чоп этиш учун тақдим этилган босма маҳсулотларда фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етишига, шахсий ҳаётига аралашувига йўл қўйилмаслигини таъминлаш;

диний мазмундаги нашрлар (китоб, рисола, брошюра, тақвим, қўлланма ва ҳ.к.)ни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли хулосасисиз чоп этмаслик;

нашриёт томонидан чоп этишга топширилган материалларнинг тасдиқланган асл нусхаси ёки оригинал-макетини камида бир йил муддат давомида сақлаш;

тегишли фаолият турларини амалга ошириш учун зарур ускуналарнинг мавжудлигини таъминлаш;

матбаа фаолиятига оид техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар, техника хавфсизлиги талабларига риоя этиш;

ишлаб чиқариш биноси санитария, ёнғин хавфсизлиги, экология талабларига жавоб беришини таъминлаш;

матбаачилик соҳасига оид қонун ва қонуности, соҳавий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган талабларга тўлиқ риоя этиш.

Юқорида қайд этилган мажбуриятларга риоя этмаслик қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.

VIII. Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш,
тугатиш ва бекор қилиш тартиби

32. Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-тамойиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 25-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Амал қилиши тугатилган гувоҳнома ҳудудий бошқармага қайтарилиши шарт.

33. Матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат беришда қалбаки ҳужжатлардан фойдаланилганлик ҳолати аниқланганда, корхонанинг гувоҳномаси суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилади.

IX. Якунловчи қоидалар

35. Ариза берувчилар ахборот-технологияларидан фойдаланган ҳолда ариза топширганда учинчи шахсларнинг электрон рақамли имзосидан фойдаланиши ёки уларнинг манфаатларида ҳаракатланиши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

36. Ушбу Низомни бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Умумий таклифлар

205