ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
4183 Хокимият Ферганской области 08/07/2019 23/07/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-4183

Лойиха

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш

чора-тадбирлари тўғрисида

Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудга хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, замонавий инфратузилмани жадал ривожлантиришни таъминлаш, кўрсатилаётган туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматларини кенгайтириш ва сифатини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг:

Фарғона туманининг Шохимардон ва Ёрдон фуқаролар йиғинларида (кейинги ўринларда - Туристик мажмуа) туризмни ривожлантириш ҳамда туристик мажмуаларни барпо этиш;

Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузурида “Шохимардон туризмни ривожлантириш Дирекцияси” (кейинги ўринларда - Дирекция) давлат унитар корхона шаклида ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Фарғона вилоят ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Туристик мажмуа ҳудудининг бош режаси ва ҳудуднинг батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин, бунда туристик инфратузилма объектларининг жойлаштирилиши инобатга олинсин.

3. Қуйидагилар Дирекциянинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

Туристик мажмуада замонавий туризм инфратузилмаси объектлари (меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар)ни, туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шароитларни таъминлаган ҳолда, махсус функционал ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг инвестицияларини жалб қилиш;

ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос туристик йўналишларни ташкил этиш;

транспорт воситаларининг арзонлигини таъминлаш, ҳудудда транспорт ҳаракатининг янги (автобус), шу жумладан, муқобил энергия манбаларида ҳаракатланувчи турларини жорий этиш, йўловчи транспорти йўналишларини кенгайтириш, унинг тўхтовсиз ҳаракатини ташкил этиш, тегишли транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;

туристлар хавфсизлигининг қўшимча шароитларини, шу жумладан, туристик инфратузилма объектларини видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш, огоҳлантириш тизимларини ташкил этиш, минтақа ҳудудига келувчи туристлар ҳақида ягона маълумотлар базасини, фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам бериш тизимини жорий этиш йўли билан яратиш;

туризмни ривожлантириш лойиҳаларини тасдиқлаш учун Фарғона вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгашига киритиш.

4. Дирекциянинг бошқарув ходимлари чекланган сони 5 нафардан иборат ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Қуйидагилар Дирекциянинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, иш ҳақи, транспорт ва бошқа харажатларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

тасдиқланган харажатлар сметаларига мувофиқ вилоят маҳаллий бюджет маблағлари;

дирекция қатнашчиларига ҳизматлар кўрсатишдан тушган даромадлар, шу жумладан, ҳудудларни сақлаш ва қўриқлашдан тушган даромадлар;

Қонун хужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар.

6. Фарғона вилоят ҳокимлиги Дирекцияни қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши, шунингдек дирекцияни туризмни ривожлантириш соҳасида етарли тажриба ва малакага эга бўлган
раҳбар-ходимлар билан бутланишини;

Дирекцияни келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан 2019-2020 йиллар даврида сақлаш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан асосланган ҳисоб-китоблар бўйича зарур маблағлар ажратилишини таъминласинлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

Туристик мажмуа ҳудудида замонавий меҳмонхоналар,
маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар қуриш, шунингдек, муҳандислик инфратузилма объектларини ташкил этиш ҳамда туризмни ривожлантириш бўйича тегишли ишларни амалга оширилишини,

Туристик мажмуа ҳудудидагибўш турган давлат кўчмас мулк объектлари негизида туризмни ривожлантириш учун лойиҳаларни ишлаб чиқилишини таъминласинлар.

8. Белгилаб қўйилсинки:

Фарғона вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Туристик мажмуа ҳудудидаги бўш турган объектларни хатловдан ўтказади ҳамда мулкдорлар билан биргаликда уларнинг фаолиятини тиклаш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқади;

Туристик мажмуа ҳудудидаги бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари фақат туризм йўналиши бўйича уларни баҳоламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда ўрнатилган тартибда сотилади;

Туристик мажмуа ҳудудидаги давлат кўчмас мулк объектларидан ижара даврида фойдаланиш учун ижарага олинган майдонда амалга оширилаётган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда ортиб борадиган коэффициентни қўлланилмасдан ижара тўловининг энг кам ставкаси белгиланади;

вазирлик ва идоралар бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сақлашга зарурат бўлганда, ушбу объектдан самарали фойдаланиш бўйича “Йўл хариталари”ни тасдиқлаш учун Фарғона вилоят ҳокимлигига тақдим этади.

Дирекциянинг тегишли мурожаати келиб тушгандан сўнг бир ойлик муддатда балансда сақловчи ташкилотлар томонидан давлат кўчмас мулк объектлари негизида туристик лойиҳалар тақдим этилмаган ёки лойиҳалар тасдиқлангандан сўнг икки ойлик муддатда амалга оширилмаган ёхуд “Йўл хариталари”да назарда тутилган чора-тадбирлардан камида иккитасининг муддатига риоя қилинмаган тақдирда, ушбу давлат кўчмас мулк объектлари Дирекцияга ўтказилади.

9. Туристик мажмуа худудида “Хавфсиз туризм ҳудуди” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида, қуйидагиларни назарда тутувчи:

Ички ишлар вазирлиги ҳудудда дам олаётган сайёҳлар ҳамда доимий истиқомат қилувчи фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситаларини йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш чораларини кўриш ҳамда турли хил кўнгилсизлик ва қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича;

Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ҳудудда рўй бериши мумкин бўлган табиий офат ва фавқулотда вазиятларни олдини олиш ҳамда эвакуацияни амалга ошириш бўйича;

Гидрометрология қўмитаси кунлик тартибда об-ҳаво маълумотлари таҳлил қилиш, ноқулай об-ҳаво сабабли юзага келиши мумкин бўлган табиий офатлардан сайёҳлар ва маҳаллий фуқароларни ҳимоя қилиш, ўз вақтида Дирекция ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларини огоҳлантириш бўйича ўзларининг чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва ижросини таъминласин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Ў. Умурзақов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.б А.Ў. Аккулов ва Фарғона вилояти ҳокими Ш.М. Ғаниев зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг 

қарори лойиҳасига      

илова              

 

 

 

 

 

Фарғона вилояти “Шохимардон туризмни ривожлантириш Дирекцияси”нинг
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

 

 

Дирекция ходимлари сони5 бирлик.

 

Умумий таклифлар

249