ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
4039 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 22/06/2019 07/07/2019 9

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Қўқон университетини ташкил этиш тўғрисида
ID-4039

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Қўқон университетини ташкил этиш тўғрисида

 

Бугунги кунда, Ўзбекистонда барча соҳалар қаторида олий таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш учун ҳар томонлама замин яратилмоқда.

Жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда олий маълумотли рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий алоқасини кучайтириш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакат минтақаларидаги ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини ривожлантириш мақсадида:

1. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Da Vinci» масъулияти чекланган жамиятининг (кейинги ўринларда Муассис деб аталади)  Қўқон шаҳрида давлат-хусусий шерикчилиги асосида нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи Қўқон университетини (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Университет фаолиятининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

Университетда Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг олий таълим дастурларини жорий этиш;

республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;

хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

таълим жараёнига хорижий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб этиш;

профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг малакавий амалиётини етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;

университетни замонавий лабораториялар, замонавий ўқув ва илмий адабиётлар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш.

3. Белгилансинки:

Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Университет ректори Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Муассис томонидан тасдиқланади;Университет таълим жараёнини Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасига оид қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон олий таълим давлат стандартлари асосидаги малака талаблари, ўқув режа ва дастурлари бўйича амалга оширади;

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалдаги мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квоталари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади;

Университетга абитуриентларни қабул қилиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан белгиланади;

Университетда таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган давлат намунасидаги диплом берилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Университетга таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқишда ва уларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишида кўмаклашсин.

5. Университетга Қўқон шаҳри, Туркистон кўчаси, 28-а уйда жойлашган Қўқон сервис ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудуд бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан берилсин.

Қўқон сервис ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари ўқишни тамомлагунларига қадар Университетга берилган биноларда ўқишни давом эттиришлари белгилаб қўйилсин.

6. Белгилаб қўйилсинки, Университетнинг жорий фаолиятини молиялаштириш, унинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, зарур ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари, мебель, компьютер техникаси, ўқув ва методик адабиётлар ҳамда бошқа моддий-техник воситалар билан таъминлаш:

Университет муассисларининг маблағлари;

тўлов-шартнома асосида талабаларни ўқитишдан тушган маблағлар;

Университет томонидан шартнома асосида ишлар ва хизматлар амалга оширилишидан олинадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар, шу жумладан, хорижий ҳамкорларнинг молиявий маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

7. Университетга ҳар йили янги ўқув йили бошлангунига қадар мавжуд талаб ва эҳтиёжни ҳамда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олиб, меҳнат бозори конъюнктурасининг тез ўзгарувчан шароитида юқори малакали кадрларнинг амалий тайёргарлигини таъминлайдиган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга рухсат берилсин.

8. Муассис ва Қўқон шаҳар ҳокимлиги 2019/2020 ўқув йили бошлангунига қадар Университет фаолиятини йўлга қўйишни таъминлаган ҳолда унинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича зарур лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашда, ўқитувчи ва талабалар учун турар жой биносини қуришда, зарур ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва кутубхона фондлари билан жиҳозлашда ҳамкорлик қилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Университет буюртманомаларига кўра ушбу қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кириш визалари учун консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси университетда таълим сифати ва қонунчилигига риоя этилишини назорат қилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Университет буюртманомаларига кўра Университетнинг ушбу қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинаётган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимларига, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар берилишини ва кўп марталик визалар муддати узайтирилишини, шунингдек, улар Ўзбекистон Республикасида яшаш жойи бўйича вақтинча прописка қилинишини ва вақтинча прописка муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

12. 2023 йил 1 январга қадар:

Университет барча турдаги солиқларни тўлашдан;

Университетга жалб этиладиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар ягона ижтимоий тўловни ва жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни тўлашдан;

Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантирилувчи рўйхатлар бўйича Муассис ва Университет томонидан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан, лаборатория ускуналари), компьютер техникаси, электрон доскалар, проекторлар, мультимедиа маҳсулотлари, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентарь божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.

Белгилансинки, четдан олиб келинадиган товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда имтиёзлар берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириб олинади.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов зиммасига юклансин.

 

 

                                                                                                     Ўзбекистон Республикасининг

                                                                                                                    Бош вазири                                                                                       А. Арипов

 

Умумий таклифлар

1880