ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
4019 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 21/06/2019 06/07/2019 17

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Йўналишли таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-4019

ЛОЙИҲА

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Йўналишли таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллиштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 6 мартдаги ПҚ–4230-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида йўналишли таксилар фаолиятини тартибга солиш, улар томонидан йўловчилар ташиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ва хавфсизлигини ошириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Йўналишли таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2020 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги:

2020 йил 1 январдан бошлаб ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаган, ташқи ва ички маълумотларга эга бўлмаган йўналишли таксиларга лицензиялар берилишини тақиқласин;

бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарорнинг талаблари ва топшириқларини амалда бажариш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

юридик шахсларга тегишли бўлган йўналишли таксиларга бериш учун
I тип – рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг махсус
“YT...” сериясини ажратсин;

оммавий ахборот воситаларида йўналишли таксиларга бериладиган давлат рақами белгилари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2020 йил 1 январгача бўлган муддатда ташувчилар, маҳаллий бюджет ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобига йўналишли таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойлари қурилишини (барпо этилишини) таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:

йўналишли таксилар техник ҳолати ва асбоб-ускуналарининг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ташқи ва ички маълумотларга эга бўлиш талабларига мувофиқлигини назорат қилиш борасида зарур ташкилий ишларни амалга оширсинлар;

автотранспорт воситалари эгалари ўртасида йўналишли таксилар ишига жорий этилаётган талаблар, тадбиркорлик ва туризмни ривожлантириш учун, шу жумладан йўналишли таксиларда йўловчилар ташиш соҳасида яратилаётган қулай шарт-шароитлар тўғрисида кенг тушунтириш ишларини амалга оширсинлар.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш _____________________ зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                           А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил _______ даги ___-сон қарорига
ИЛОВА

 

 

Йўналишли таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган т ғалаблар тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом йўналишли таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талабларни белгилайди.

Мазкур Низом ҳайдовчилари йўловчиларни йўналишли ташиш бўйича хизматлар кўрсатадиган автотранспорт воситаларининг (йўналишсиз таксилар, автобус ва хорижий меҳмонлар (туристлар)ни ташийдиган автотранспорт воситалардан ташқари) барча турларига татбиқ этилади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

йўналишли такси – йўловчиларга белгиланган маршрут бўйича ташиш хизматларини кўрсатадиган автотранспорт воситаси;

йўналишли таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойи –маълумотлар кўрсаткичлари билан жиҳозланган, тегишли йўл белгилари қўйилган ҳамда йўловчиларни ўтқазиш (тушириш) ва йўналишли таксиларнинг тўхтаб туриши учун мўлжалланган, кўчаларнинг йўловчи юрмайдиган қисмидаги махсус майдонча;

лицензия карточкаси – йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаси учун белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан бериладиган йўналишли таксиларда йўловчилар ташишни амалга оширишга рухсатнома (ҳуқуқ).

2-боб. Ягона таниш белгилари

3. Ташқи ва ички маълумотлар билан жиҳозлаш белгилари йўналишли таксилар учун ягона таниш белгилари ҳисобланади.

4. Ягона таниш белгилари транспорт оқимида автотранспорт воситасининг ажралиб туришини ва танилишини таъминлаш учун мўлжалланган ҳамда улар йўналишли таксиларда йўловчилар ташишни амалга оширувчи барча ташувчилар учун мажбурий ҳисобланади.

5. Йўналишли таксиларни ташқи маълумотлар билан жиҳозлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги юридик шахс – йўловчи ташувчининг номи;

б) йўналишли таксилар учун мўлжалланган махсус сериядаги автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси;

6. Йўналишли таксиларни ички маълумотлар билан жиҳозлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва фотосурати, иш вақтининг бошланиши ва тугаши, йўлкира қиймати (сўмларда), йўловчи ташувчининг манзили ва телефон рақами, лицензия карточкасининг рақами ва амал қилиш муддати, шунингдек мажбурий суғурта қилинганлик ҳақидаги маълумот кўрсатилган табличка.

Табличка автотранспорт воситасининг йўловчилар бемалол ўқий оладиган жойига ўрнатилади.

3-боб. Йўналишли таксиларга қўйиладиган талаблар

7. Йўналишли такси сифатида фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситаси техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлиши ва автомобиль транспортида йўловчилар ташиш қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши, шунингдек қуйидагиларга жавоб бериши керак:

ушбу Низомнинг 5 ва 6-бандларида белгиланган ягона таниш белгиларининг мавжуд бўлиши;

соз ҳолатдаги пломбаланган спидометр жиҳозларининг, белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган назорат-касса машинасининг, шунингдек тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиб олиш учун ҳисоб-китоб терминалининг мавжуд бўлиши;

йўналишли таксининг техник ҳолати ва жиҳозларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши.

Йўналишли такси белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, ушбу автотранспорт воситаси учун лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиш тарзидаги таъсир кўрсатиш чоралари қўлланади.

4-боб. Йўналишли таксилар ҳайдовчиларига қўйиладиган талаблар

8. Йўловчилар ташиш учун мўлжалланган йўналишли таксиларни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида:

енгил турдаги автотранспорт воситаларини бошқариш учун “В” рухсат белгиси бўлган;

автобус, микроавтобус туридаги автотранспорт воситаларини бошқариш учун “D” рухсат белгиси бўлган;

21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчи стажига эга бўлган шахслар қўйилади.

9. Йўналишли таксиларнинг ҳайдовчилари йўналишда ишлаётганда тегишли лицензия карточкасига ҳамда йўлга чиқишдан олдин автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисида белгилар қўйилган йўл варақасига эга бўлиши керак.

10. Ҳайдовчи йўловчиларни йўналишли таксига ўтқазишни ва ундан туширишни йўналишли таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойларида, тегишли ҳаракатдаги таркибнинг тўхташига рухсат берилган кўча-йўл охобчалари участкаларида амалга оширади.

11. Йўналишли такси ҳайдовчисининг белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолларда ҳайдовчига нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган интизомий ёки маъмурий таъсир чоралари қўлланилади.

5-боб. Якуний қоидалар

12. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ушбу Низомнинг қуйидаги қисми талабларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширадилар:

юридик шахсларнинг ушбу Низомнинг 5 ва 6-бандларида белгиланган ягона таниш белгилари билан жиҳозланган йўналишли таксиларда йўловчилар ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар бериш;

юридик шахслар томонидан йўналишли таксиларда йўловчилар ташишни амалга оширувчи талабгорлар учун белгиланган лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши.

13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

йўналишли таксилар учун I тип – рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг махсус “YT...” серияси ажратилиши юзасидан;

йўналишли таксилар техник ҳолати ва жиҳозларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан;

йўловчилар ташиш учун мўлжалланган йўналишли таксиларни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида:

енгил турдаги автотранспорт воситларини бошқариш учун “В” рухсат белгиси бўлган;

автобус, микроавтобус туридаги автотранспорт воситларини бошқариш учун “D” рухсат белгиси бўлган;

21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчи стажига эга бўлган шахсларнинг қўйилиши юзасидан назоратни амалга оширади.

14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари йўналишли таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойларини қуриш (барпо этиш) юзасидан ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қиладилар.

15. Ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ишларни умумий мувофиқлаштириб бориш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.

16. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Умумий таклифлар

620