ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
3957 Министерство здравоохранения Республики Узбекистан 18/06/2019 04/07/2019 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари, фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари ҳақидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида
ID-3957

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари, фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари ҳақидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 майдаги “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4310-сон қарори ижросини таъминлаш, кадрлар тайёрлашнинг узлуксизлиги, таълим, илм ва амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида тиббий ва фармацевтика муассасаларининг клиник, ўқув ҳамда ўқув-амалиёт базаларини янада ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизими муассасаларини малакали тиббий ходимлар билан таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари, фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари ҳақидаги намунавий Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига:

бир ой муддатда тиббиёт олий таълим муассасаларининг клиник ва ўқув базалари ҳақида намунавий Низоми ишлаб чиқилсин ва тасдиқлансин;

бир ой муддатда тиббиёт ва фармацевтика таълим муассасаларининг клиник ва ўқув базалари рўйхати тасдиқлансин;

республика ихтисослаштирилган илмий-амалий ва илмий тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари, илмий текшириш институтлари, республика, вилоят, шаҳар кўп тармоқли клиникалари, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича интеграциялашган клиник ўқув базалари ташкил этилсин ва ўқув жараёнида даволаш-профилактика муассасалари етакчи мутахассисларининг фаол иштироки таъминлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда аввал қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мослаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шадманов ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклатилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                                                                 А.Арипов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил  “___”_________ даги  ____-сон  қарорига

илова

Тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари, фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари ҳақидаги намунавий низом

1-боб. Умумий қоидалар

1. Тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари ва фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари ҳақидаги намунавий Низом (кейинги ўринларда - Низом деб аталади) тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари ҳамда фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини белгилайди.

2. Мазкур Низом тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари ҳамда фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари учун қўлланилади.

3. Низом тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари (кейинги ўринларда - Клиника деб аталади) ва фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари фаолиятини бошқаради.

4. Клиника тиббиёт олий таълим муассасасининг таркибий тузилмаси ва клиник фанларни ўқитиш учун асосий база бўлиб ҳисобланади, шунингдек таълим жараёнини ташкил этиш, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, кафедра ходимлари билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда фаол иштирок этади.

5. Клиниканинг 50% дан кам бўлмаган шифокор ходимларини тиббиёт  олий таълим муассасалари кафедраларининг профессор-ўқитувчилари таркибидан шаклланишини таъминлайди.

6. Тиббиёт олий таълим муассасалари кафедралари ходимларини ўқув режаси ва дарс жадвалига мос равишда зарур миқдордаги ўқув аудиториялари билан таъминлайди, шунингдек педагогик ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти учун керакли шароитларни яратади.

7. Тиббиёт олий таълим муассасаси клиникаси ўз фаолиятини тиббиёт олий таълим муассасаси номидан амалга оширади.

8. Тиббиёт олий таълим муассасаси клиникаси тиббиёт олий таълим муассасасига тегишлилигини кўрсатилиши билан номланган ўз бланкаси ва муҳрига эга бўлади.

9. Тиббиёт олий таълим муассасаси клиникаси Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан ташкил этилади, тугатилади ёки қайта ташкил этилади.

10. Фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базаларида таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Клиниканинг вазифа ва функциялари

11. Клиниканинг асосий вазифалари:

амалдаги қонунчилик доирасида амбулатория ва стационар шароитида беморларга бирламчи тиббий-санитар, ихтисослаштирилган, жумладан юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш;

ўрнатилган тартибда олий ўқув юртлари томонидан тасдиқланган ўқув ва илмий-тадқиқот режаларига мос равишда тиббий ва фармацевтик кадрларни тайёрлаш бўйича таълим жараёнини  ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур шароитлар яратиш;

янги таълим ва тиббиёт технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

12. Клиниканинг функциялари:

  1. амбулатория ва стационар шароитларда беморларга замонавий ихтисослаштирилган режали ва шошилинч профилактик, маслаҳат-ташхисий, даволаш, шунингдек реабилитацион ёрдам кўрсатиш;
  2. замонавий таълим усуллари, энг янги илмий-тадқиқот натижаларини ўқув жараёнига татбиқ этиш учун зарур  шароитларни яратиш;
  3. тиббиёт олий таълим муассасалари кафедра ходимларини  дарс жадвали, ўқув режаси ҳамда педагогик ва илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун зарур шароитлар, шунингдек ўқув аудиторияларига қўйиладиган санитар қоида ва меъёр талабларига мос холда етарли миқдордаги ўқув аудиториялари билан таъминлаш;
  4. ОТМ клиник базаларида ўрнатилган тартибда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун шароит яратиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, олинган натижалар муҳокамаси ва уларни чоп этишда иштирок этиш;
  5. ўқув ва илмий жараённи ташкил этишни ҳисобга олган ҳолда клиниканинг койка фондидан максимал самарали фойдаланиш;
  6. ўқув ва илмий жараённи ташкил этишни ҳисобга олган холда даволаш, ташхисий ва бошқа тиббий техникалардан, шунингдек ёрдамчи аппаратуралардан оқилона ва самарали фойдаланиш;
  7. қуйидагиларни ОТМ клиник кафедралари билан ҳамкорликда амалга ошириш:

клиника фаолиятининг даволаш-ташхисий жараён сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган шакл ва усулларини ҳамда уларда ишни ташкил этишни такомиллаштириш;

илмий-амалий ишлар натижалари ва услубий қўлланмаларни тайёрлаш ва чоп этиш;

клиник синовлар, янги самарали ташхис усулларини эксперт баҳолаш, беморларни реабилитация қилиш, касалликлар ва уларнинг асоратларини олдини олиш усулларини ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда амалга ошириш;

илғор тажрибани ўрганиш ва соғлиқни сақлашга кенг жорий этиш, соғлиқни сақлаш амалиёти, шунингдек ОТМнинг бошқа бўлинмалари билан ташкилий-услубий, маслаҳат ва илмий ишлар ўтказиш ва мувофиқлаштириш;

клиника ходимлари ва клиника базаларида фаолият юритувчи кафедралар профессор-ўқитувчилари таркибини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шунингдек ўрнатилган тартибда уларнинг даволаш фаолияти йўналишига мос бўлган мутахассислиги бўйича лицензия олишга тайёрлаш;

даво-ташхисий жараёнлар самарадорлигини ошириш ва янги тиббий технологияларни жорий этилишини таъминловчи клиник ва патологоанатомик анжуман, семинар, илмий-амалий анжуман ва бошқа тадбирлар ўтказиш.

3-боб. Тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари фаолиятини ташкил этиш

13. Клиниканинг тузилмаси, йўналиши ва қуввати таълим, илмий жараён ва соғлиқни сақлаш амалиёти эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ОТМ Илмий Кенгаши томонидан аниқланади ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда ректор томонидан тасдиқланади.

14. Клиника таркибига стационар клиник бўлинмалар, маслаҳат-ташхисий поликлиника, ёрдамчи даволаш-ташхисий бўлинмалар, ёрдамчи тиббий ва бошқа ёрдамчи бўлинмалар кириши мумкин.

15. Клиниканинг штат жадвали даволаш ишлари бўйича проректор тақдимномасига асосан ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган холда бир календар йил учун ОТМ ректори томонидан тасдиқланади.

4-боб. Клиникани бошқариш

16. Фан ва таълим бош бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг республика тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаларининг таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштирувчи асосий ишчи органи ҳисобланади.

17. Клиника фаолиятининг умумий раҳбарлигини даволаш ишлари бўйича проректор амалга оширади.

18. Тиббиёт олий таълим муассасасининг таълим жараёни билан бир қаторда даволаш ишини олиб борувчи кафедралари ва Клиниканинг даволаш-ташхисий, таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган тиббий кенгашдир. Тиббий кенгашни даволаш иши бўйича проректор бошқаради ва у ректор буйруғи томонидан тасдиқланадиган ва ОТМ Кенгаши томонидан қабул қилинадиган тиббий кенгаш ҳақидаги Низомга мос равишда фаолият юритади.

19. Клиника фаолиятини оператив бошқариш бош шифокор томонидан амалга оширилади. Бош шифокор яширин овоз бериш йўли билан тиббиёт олий таълим муассасаси Кенгаши тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

20. Бош шифокор кафедра ходимларининг таълим, даво-ташхисот ва илмий фаолиятини тўлақонли ташкил этилишини таъминлашга шахсий жавобгардир.

21. Клиниканинг тузилмавий бўлинмаларига бевосита раҳбарликни бўлим мудири ва бўлим раҳбари амалга оширади. Бўлим мудири (даволаш ишини ташкил этиш бўйича кафедранинг масъул ходими ҳисобланади) этиб тегишли мутахассислик ҳамда ташкилий иш кўникмаларига эга бўлган клиниканинг энг малакали ходими қонунчиликда  ўрнатилган тартиб бўйича ректор томонидан тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Мутахассислик бўйича кафедра мудири бўлим раҳбари ҳисобланади.

22. Ўрта ва кичик тиббиёт фаолиятини қонунчиликда ўрнатилган тартиб бўйича ректор буйруғи билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган клиниканинг бош ҳамшираси мувофиқлаштиради. Клиниканинг бош тиббиёт ҳамшираси бевосита клиниканинг бош шифокорига бўйсунади.

23. Кечки ва тунги вақтларда, дам олиш ва байрам кунлари клиника ишига раҳбарликни даволаш ишлари бўйича проректор томонидан тасдиқланган жадвалга мос равишда масъул навбатчи шифокор амалга оширади.

5-боб. Клиник кафедраларнинг педагог ходимларини клиниканинг маслаҳат-ташхислаш ва даволаш фаолиятида иштирок этиш тартиби

24. Бўлим раҳбари – профиль кафедра мудири ва клиник кафедраларнинг педагог ходимлари клиниканинг маслаҳат-ташхисий ва даволаш фаолиятида бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.

25. Бўлим раҳбари – профиль кафедра мудири ўқув дастурларига мос равишда клиника (бўлим)нинг 15% штат койкалари доирасида мавзули беморларни танлаш ҳуқуқига эга.

Мазкур доирада мавзули беморларни клиникага ётқизиш ҳақидаги фармойиш клиника ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.

26. Педагог ходимлар таркибига кирувчи мутахассислар тегишли соҳа ва ихтисослашувдаги бўлим(бўлинма)ларнинг шифокор лавозимига мос равишда даво-ташҳисот фаолиятни амалга оширади, даволовчи врач вазифалари, тиббий муолажаларни бажариши, операция қилувчи хирург ёки унинг ассистенти сифатида жарроҳлик операцияларида қатнашиши мумкин.

27. Педагог ходимларнинг аниқ турдаги даволаш фаолиятини амалга ошириши учун рухсат ҳар йили даволаш ишлари бўйича проректор тақдимномаси ва ушбу фаолият турини амалга ошириш бўйича зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолда ходимнинг тегишли бўлим мудири ва кафедра мудири билан келишилган шахсий аризаси асосида ректор буйруғи билан расмийлаштирилади.

28. Даволаш фаолиятини амалга ошириш рухсатномасига эга педагог ходимлар таркибига кирувчи мутахассислар даволаш масалалари бўйича қонунчиликда белгиланган тартиб асосида беморларни даволаш учун жавобгар ҳисобланади. Педагог ходимлар таркибига кирувчи мутахассисларнинг даволаш тавсияларини амалга ошириши мажбурийдир.

29. Даволаш ишига жалб этилган мутахассисларнинг бўлим ва кафедрадаги иш режаси профиль бўлим мудири ва бўйсинувига мос равишда кафедра мудири билан келишилиши лозим.

30. Клиник кафедра ходимлари беморларни бўлимга ётқизишга йўллаш ҳуқуқига эга.

31. Даволаш фаолиятига жалб этилган мутахассислар белгиланган иш вақти давомийлиги доирасида ўрнатилган тартибда бўлимларда бемор маслаҳатини амалга оширадилар.

32. Клиник кафедраларнинг ходимлари клиник муҳокамалар ўтказиш, беморларни намойиш этиш ва ўқув дастурлари доирасида бошқа турдаги ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Беморлар билаш ишлаш даволовчи шифокор ёки бўлим мудири билан келишув асосида амалга оширилади.

33. Мавжуд амалдаги меъёрий ҳужжатларга мос равишда даволаш фаолиятига жалб этилган ва таълим учун жавобгар бўлган кафедра ходимининг назорати остида ўқувчилар, бакалавриат ва магистратура талабалари, клиник ординатор (резидент)лар, курсантлар, докторантлар, изланувчилар даво-ташҳисот жараёнида иштирок этиши мумкин.

6-боб. Ўқув базасининг моддий-техник таъминоти

34. Ускуналар ва жиҳозлар, тиббий мебел ва бошқа материаллар билан таъминлаш ўрнатилган тартибда тақдим этилган талабномалар асосида ОТМнинг маъмурий-хўжалик бўлими орқали амалга оширилади.

35. Дори воситалари ва сарфланадиган материаллар клиника бўлимлари ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда клиника аптекасидан олинади.

36. Кафедралар жойлашган бино ва хоналар, лаборатория ва аудиторияларни капитал ва жорий таъмирлаш ўқишдан ташқари даврда, ҳам Клиника, ҳам ОТМ бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

7-боб. Ўқув базасининг олий таълим муассасасининг бошқа таркибий бўлинмалари билан муносабатлари

37. Клиника ОТМ маъмуриятининг ташкилий-бошқарув ва меъёрий ҳужжатлари, Уставидан келиб чиққан ҳолда ОТМ тузилмасига мос равишда унинг қуйидаги тузилмалари билан ўзаро муносабатларини ташкил этади ва бошқаради:

ОТМнинг даволаш фаолиятини олиб борувчи кафедралари ва ОТМнинг таълим жараёни ҳамда илмий ишлар бўйича илмий бўлинмалари;

клиника ходимларининг дипломдан кейинги таълими масалалари бўйича қўшимча ва олий таълимдан кейинги касбий таълим деканатлари ва факультетлари;

клиника фаолиятини режалаштириш ва молиявий таъминлаш масалалари бўйича режа-молия бошқармаси;

меҳнат муносабатларини шакллантириш, статистик ҳисоботлар ва клиника тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш масалалари бўйича кадрлар бўлими;

клиника фаолиятининг ҳуқуқий таъминоти масалалари бўйича юридик бўлим;

хоналарни таъмирлаш, ускуна ва жиҳозлар, тиббий мебель ва бошқа материаллар билан таъминлаш масалалари бўйича маъмурий-хўжалик бўлими;

зарур тиббий адабийтлар билан таъминлаш, ходимларни янги нашрлар ҳақида хабардор қилиш масалалари бўйича кутубхона;

молия-хўжалик фаолияти, шу жумладан клиника ходимларига маошларни белгилаш ва тўлаш масалалари бўйича ОТМ бухгалтерияси;

соҳага тегишли масалалар бўйича ОТМнинг бошқа бўлинмалари.

8-боб. Клиникадаги ўқув базаси жавобгарлиги

38. Бош шифокор клиника фаолияти учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

39. Клиника ходимларининг жавобгарлиги уларнинг лавозим йўриқномалари ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан белгиланади.

9-боб.  Фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва  ўқув-амалиёт базалари фаолиятини ташкиллаштириш

40. Фармацевтика таълим муассасаларинининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари – юқори даражада моддий-техник жиҳозланган фармацевтика корхоналари бўлиб, улар замонавий ташкилий-услубий, илмий-тадқиқот ва илмий-ишлаб чиқариш фаолияти негизида таълим муассасаси кафедрасининг ихтисослигига мос равишда барча турдаги фармацевтика хизматини амалга оширади.

41. Фармацевтика таълим муассасалари ўқув ва ўқув-амалиёт базалари билан ҳамкорликда ўқув, илмий ва ўқув-услубий фаолият тўғрисида шартнома тузади.

42. Ўқув ва ўқув-амалиёт базаларининг фаолияти мазкур Низом ҳамда фармацевтика таълим муассасалари ва тегишли корхона ўртасида тузилган шартнома билан бошқарилади.

43. Қуйидагилар фармацевтика таълим муассасалари ўқув ва ўқув-амалиёт базаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

тизимли равишда янги дори воситалари, технологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;

таълим муассасаси ходимларининг педагогик ва илмий-тадқиқот фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратиш;

таълим олувчилар ва илмий ходимларга ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини ўташ имкониятини яратиш;

талабаларнинг ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётлари, курс ва диплом иш (лойиҳа)лари, магистрлик диссертацияларини бажариш учун илмий-тадқиқот ишларини ташкиллаштириш ва амалга оширишда корхона (ташкилот, муассасаса) мутахассисларининг иштирокини таъминлаш;

курс, диплом иш (лойиҳа)лари, магистрлик диссертацияларини ёзиш учун материал йиғишда ёрдам бериш;

курс, диплом иш (лойиҳа)лари, магистрлик диссертацияларини мутахассис-амалиётчилар томонидан тақриз қилиш;

корхона (ташкилот, муассаса)ларда амалиёт ҳисоботлари, диплом иш (лойиҳа)лари ва магистрлик диссертацияларининг сайёр ҳимояларини ўтказиш имкониятини яратиш;

бўш иш ўринлари мавжуд бўлган ҳолда таълим муассасалари талабалари ва битирувчиларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш;

корхона (ташкилот, муассаса)лар ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларини ташкил этиш;

ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини бажариш ва илмий изланиш натижаларни жорий этиш ва бошқалар.

44. Қуйидагилар фармацевтика бўйича ихтисослик кафедраларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

касбий кўникмалар, меҳнатни ташкиллаштириш ва бошқаришнинг замонавий усулларини эгаллашга қаратилган мутахассисларни амалий тайёрлаш нуқтаи назаридан корхона (ташкилот, муассаса)лар билан ҳамкорлик ўрнатиш;

ўқув жараёни учун ўқув-услубий адабиётларни ишлаб чиқишга корхона (ташкилот, муассасаса) мутахассисларини жалб этиш;

базаларда семинар, маҳорат дарслари ва малака ошириш курсларини ташкил этиш.

45. Ўқув ва ўқув-амалиёт базаларидаги ўқув аудиторияларини жиҳозлаш, лаборатория ва аудиторияларни капитал ва жорий таъмирлаш ўқишдан ташқари даврда ҳам ўқув базаси ҳам фармацевтика таълим муассасаси бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4-боб. Якуний қоидалар

46. Тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари ва фармацевтика таълим муассасалари ўқув ва ўқув-амалиёт базаларининг раҳбарлари ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарлари тиббий ва фармацевтика таълими жараёнида амалиётга йўналтирилган ўқитишни тўғри ташкил этилишига жавобгардир.

47. Тиббиёт олий таълим муассасасининг клиникаси ўрнатилган тартибда ҳисоботларни юритади, уларни олий таълим муассасаси ректори билан келишилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Давлат статистика қўмитаси ва бошқа ташкилотларга тақдим этади, келишилган рўйҳатга асосан ҳужжатларнинг хавфсизлиги ва уларни давлат томонидан сақланиши учун тақдим этилишига масъул ҳисобланади.

48. Тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаси ва фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари фаолиятини ташкил этилишини назорат қилиш ва текшириш ваколат доирасида соғлиқни сақлаш, солиқ ва молия, бошқа давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Умумий таклифлар

457