ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
380 Генеральная прокуратура Республики Узбекистан 04/09/2018 19/09/2018 14

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг "Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруғи
ID-380

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ–5490-сон “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан буюраман:

1. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга қиради.

3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонуни кучга киргунга қадар амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг
2018 йил “___” августдаги ___–сон буйруғига

ИЛОВА

 

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ–5490-сон “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан назорат қилувчи органлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари (бундан буён матнда назорат қилувчи органлар деб юритилади) томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказишнинг вақтинчалик тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом талаблари:

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни доирасида;

қўзғатилган жиноят ишлари доирасида;

тугатилаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида;

бюджет ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқаруви органлари фаолиятида;

норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасалари ва ваколатхоналари фаолиятида;

нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида;

тадбиркорлик субъектлари ўз ташаббуси билан ўтказиладиган текширувларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

тадбиркорлик субъектлари  белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик
ва жисмоний шахслар
;

назорат қилувчи органлар – тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирлик ва идоралар;

текширув – тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунлар ҳамда улар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари қандай бажарилаётганлигини назорат қилувчи органларнинг бир марта назорат қилиши;

ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари.

3. Текширувларни келишиш ва ўтказиш мазкур Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

4. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органларнинг марказий аппарати томонидан ташкил этиладиган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (бундан буён матнда Бош прокуратура деб юритилади), уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтказиладиган текширувлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари (бундан буён матнда вилоят прокуратуралари деб юритилади) билан келишилади.

5. Текширув ўтказишни ваколатли орган билан келишиш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими (бундан буён матнда Ягона тизим деб юритилади) орқали амалга оширилади.

Ягона тизим тўлиқ ишга туширилгунга қадар текшириш ўтказишни келишиш билан боғлиқ бўлган ёзишмалар қоғоз шаклида расмийлаштирилиши мумкин.

Назорат қилувчи орган ва ваколатли орган ўртасидаги давлат сири билан боғлиқ бўлган текширувларни ўтказишга оид ахборот алмашинуви давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади ҳамда бундай текширувлар ҳақидаги маълумотлар Ягона тизимга киритилмайди.

6. Муддати бир кун бўлган текширувларни келишиш вилоят прокуратураси томонидан, муддати бир кундан ортиқ бўлган текширувларни келишиш фақат Бош прокуратура томонидан амалга оширилади.

7. Тадбиркорлик субъектлари уларда ўтказилаётган текширув ҳақидаги ҳамда уларнинг фаолиятини текшираётган назорат қилувчи органлар тўғрисидаги маълумотни Бош прокуратура ёки вилоят прокуратураларидан ёзма шаклда ёки ахборот коммуникация технологияларидан, шу жумладан Ягона тизимдан фойдаланган ҳолда электрон шаклда бепул олишга ҳақлидир.

8. Ўтказилган текширувдан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотларига ёки белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

2-боб. Текширувларни келишиш

 

9. Назорат қилувчи органлар қуйидаги асослар мавжуд бўлганда:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида;

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар асосида ваколатли органга текширув ўтказишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.

Бунда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аноним эмаслиги ҳамда текширув ўтказилиши режалаштирилаётган тадбиркорлик субъектининг амалда фаолият кўрсатаётганлиги назорат қилувчи орган томонидан дастлаб ўрганиб чиқилиши лозим.

10. Бир кунлик муддатда ўтказиладиган текширувни келишиш учун буюртма назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги ҳудудий бўлинмаси орқали вилоят прокуратурасига киритилади.

Муддати бир кундан ортиқ бўлган текширувни келишиш учун эса буюртма назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги ҳудудий бўлинмаси орқали унинг марказий аппарати томонидан Бош прокуратурага киритилади.

11. Назорат қилувчи органнинг туман (шаҳар) бўлинмаси ташаббуси билан ўтказиладиган текширувларни келишиш текширувга асос бўлган ҳужжатларни ушбу органнинг вилоят даражасидаги бўлинмасига электрон ҳужжат алмашинувидан фойдаланган ҳолда тақдим этиш орқали амалга оширилади.

12. Назорат қилувчи орган томонидан ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ тақдим этилган текширувни келишиш тўғрисидаги буюртмада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

текширув ўтказувчи орган номи;

текширув ўтказиладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили;

текширув ўтказиш учун асос;

талаблари бузилиши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўғрисида маълумот;

текширув ўтказиш муддати;

текширув предмети;

текшириладиган фаолият даври.

13. Буюртмага жисмоний ёки юридик шахснинг қонунбузилиш ҳолатлари ҳақидаги мурожаати нусхаси, “хавфни таҳлил этиш” тизими орқали аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича батафсил маълумот ҳамда текширув дастури илова қилинади.

Текширув дастури ушбу мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар ёки “хавфни тахлил этиш” тизими орқали аниқланган қонунбузилишлар доирасида тузилиши шарт.

Текширув дастури назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланиши шарт.

14. Буюртма ваколатли орган томонидан уч иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ҳамда текширувни ўтказишни келишиш ёки рад этиш тўғрисида ушбу Низомнинг 3 ва 4-иловаларига мувофиқ қарор қабул қилинади.

Фавқулодда вазиятлар юзага келиши, шу жумладан инсон ҳаёти
ва соғлигининг хавф остида қолиши, атроф-муҳит зарарланиши, жиддий моддий талафотлар келиб чиқиши ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар бўйича текширувларни келишиш тўғрисидаги буюртмалар бир иш куни ичида кўриб чиқилади.

15. Бош прокуратура томонидан қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг солиқ ва божхона соҳаларидаги қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш учун масъул ўринбосари, йўқлигида эса унинг ваколатини амалга ошириш юклатилган Бош прокурорнинг бошқа ўринбосари томонидан имзоланади.

Вилоят прокуратуралари томонидан қабул қилинган қарорлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари томонидан, улар йўқлигида эса солиқ ва божхона соҳаларидаги қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш учун масъул прокурор ўринбосарлари томонидан имзоланади.

16. Текширув ўтказишни келишиш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан бошлаб бир иш кунидан кечикмасдан назорат қилувчи органга юборилади.

3-боб. Текширувларни ўтказиш

 

17. Назорат қилувчи орган текширувни ўтказиш келишилган кундан бошлаб уч иш куни ичида текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади.

Буйруқда текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами
ва санаси, назорат қилувчи органнинг текширувда иштирок этадиган масъул ходимлари таркиби, текшириладиган тадбиркорлик субъектининг
номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили, текширув мақсади, муддати ва текшириладиган фаолият даври кўрсатилади ҳамда текширув дастури илова қилинади.

18. Назорат қилувчи органнинг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан ўтказиладиган текширувга унинг бошқа таркибий бўлинмаларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари жалб этилиши мумкин.

Назорат қилувчи органнинг юқори ташкилоти ўзи ўтказадиган текширувни қуйи бўлинмаларига юклатишга ҳақли.

19. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ–5490-сон “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 1 ва 2-иловаларида белгиланган муддатлардан ошмаслиги шарт.

20. Текширув ўтказиш жараёнида назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари ўз ваколатлари ва текширув дастурида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқмаслиги лозим.

21. Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарини (раҳбарнинг вазифасини бажарувчи шахсни) ёки якка тартибдаги тадбиркорни текширув мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатади, шунингдек текширувни ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар (текширув ўтказиш келишилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, назорат қилувчи органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва текширув дастури) нусхаларини тилхат олган ҳолда топширади.

Тадбиркорлик субъекти ўз сўровига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни Ягона тизимдан қисқа хабар (SMS) кўринишида ва реал вақт режимида интернет тармоғи орқали олиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳаракатлар назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари томонидан текширув тугаллангунга қадар амалга оширилади.

22. Текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган тадбиркорлик субъектига тилхат олинган ҳолда топширилган кун текширувни ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.

Текширилаётган тадбиркорлик субъектининг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширувни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган тадбиркорлик субъекти мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда назорат қилувчи органнинг масъул ходими томонидан далолатнома тузилади. Бунда далолатнома расмийлаштирилган кун текширувни ўтказиш бошланган кун ҳисобланади.

23. Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлдириши шарт.

Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли тўлдирилади. Бунда қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.

Текширув натижалари тўғрисидаги далолатномага “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда – электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмаганда – унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилади.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдиришдан бош тортган тақдирда, тадбиркорлик субъекти текширув ўтказилишига йўл қўймасликка ҳақли.

24. Тадбиркорлик субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда эса палата вакиллари иштирок этиши мумкин.

Солиқ маслаҳатчилари ва (ёки) адвокатлар томонидан тадбиркорлик субъектига текширув давомида шартнома асосида тегишли хизматлар кўрсатилиши мумкин.

25. Текширув давомида назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари ҳамда текширилаётган тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 16 ва 17-моддаларида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва мажбуриятларга амал қиладилар.

26. Текширув билан тадбиркорлик субъектининг бевосита текширув ўтказиш йилидан олдинги уч календарь йилдан кўп бўлмаган фаолияти қамраб олиниши мумкин. Бунда:

текширув ўтказилаётган календарь йилнинг ўтган даври текширилиши мумкин;

текширувни ўтказаётган назорат қилувчи орган томонидан илгари текширилган фаолият даври бўйича қайта текширув ўтказилмайди.

27. Текширувни белгиланган муддатда ўтказиш имкони бўлмаган ҳолларда, шунингдек текширув бошлангандан кейин текширувда иштирок этиши лозим бўлган шахс иштирок эта олмаган, талаб этилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки соҳавий мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, текширув назорат қилувчи органнинг буйруғи асосида тўхтатилиб, унинг асослантирилган мурожаатига кўра текширув ёки унинг қолган муддати ваколатли органнинг рухсати билан бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.

Муддати кўчирилган текширувни ўтказиш текширув тўхтатилган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунидан кечиктирмасдан таъминланиши лозим. Ушбу муддатда ўтказилмаган текширув якунланган ҳисобланади.

Бунда текширув ўтказиш муддатини ҳисоблаш ҳам тўхтатилади.

28. Текширув ўтказиш жараёнида ўрганиш лозим бўлган қўшимча ҳолатлар аниқланган тақдирда, текширув муддати назорат қилувчи органнинг асослантирилган мурожаатига кўра Бош прокуратуранинг рухсати билан фақат бир марта, бироқ текширув келишилган муддатдан ошмаган вақтга узайтирилиши мумкин (масалан, олти кунга келишилган текширувни узайтиришда кўпи билан яна олти кун қўшиб берилиши мумкин).

29. Текширув муддатини кўчириш ва узайтириш текширув ўтказишни келишиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

30. Текширувни субъект рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган манзилда ўтказиш имконияти бўлмаган тақдирда, уни тадбиркорлик субъектининг розилиги билан ушбу субъект рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган ҳудуддаги назорат қилувчи орган биносида ўтказиш мумкин.

31. Текширувлар натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади. Текширув далолатномаси камида икки нусхада тузилади.

Бир кунлик муддатда ўтказиладиган текширув далолатномаси текширув ўтказилган кунда, муддати бир кундан ортиқ бўлган текширув бўйича эса, текширув муддатининг охирги кунидан кечиктирмасдан расмийлаштирилиши шарт.

Бунда, текширув далолатномасининг нусхалари назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари ва тадбиркорлик субъектининг раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан имзоланади ҳамда бир нусхаси тадбиркорлик субъекти раҳбарига (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсга) ёки якка тартибдаги тадбиркорга уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади.

32. Текширилган тадбиркорлик субъекти ўтказилган текширув натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада ёзма равишда акс эттириши мумкин.

33. Текширилган тадбиркорлик субъекти текширув далолатномасини олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, назорат қилувчи органнинг масъул ходими бу ҳақда далолатномага тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан текширув тугаган ҳисобланади.

Бу ҳолда текширув далолатномасининг бир нусхаси у тузилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан тадбиркорлик субъектига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

34. Текширув далолатномаси назорат қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинади.

35. Ўтказилган текширув натижалари бўйича тузилган далолатномада қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар текширув якунлангандан сўнг уч иш куни ичида, тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар (ёзма кўрсатма, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома, молиявий ва иқтисодий жарималарни қўллаш тўғрисида қарорлар, суд қарорлари) мазкур чоралар қўлланилгандан сўнг уч иш кунидан кечиктирмасдан назорат қилувчи органлар томонидан Ягона тизимга киритилиши лозим.

Бош прокуратура билан келишилган ҳолда ўтказилган текширувлар натижалари тўғрисидаги маълумотлар назорат қилувчи органнинг марказий аппарати, вилоят прокуратуралари билан келишилган текширувлар бўйича маълумотлар назорат қилувчи органнинг вилоят даражасидаги тегишли бўлинмаси томонидан Ягона тизимга киритилади.

36. Текширув натижасида аниқланган банк сирига оид маълумотлар Ягона тизимга киритилмайди.

4-боб. Ваколатли органни хабардор этиш тартибида текширув ўтказиш

37. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ–5490-сон “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 2-иловасида (бундан буён матнда Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхати деб юритилади) белгиланган текширувлар назорат қилувчи органлар томонидан ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказилади.

38. Текширувлар Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатининг:

1 ва 2-бандлари бўйича – ишончли маълумотлар мавжуд бўлган ҳолларда;

3, 6, 10 ва 15-бандлари бўйича – назорат қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган график асосида;

4, 5, 7, 8, 9, 11–14, 16–25-бандлари бўйича – заруратга қараб ўтказилади.

39. Текширув назорат қилувчи органнинг текширувни ўтказиш тўғрисидаги буйруғи, шунингдек ишончли маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар ёки текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган график Ягона тизимга киритилгандан сўнг амалга оширилади.

Бунда Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатининг 4, 8, 12, 14, 16, 17, 21, 22 ва 24-бандларидаги масалалар бўйича маълумотлар текширув якунлангандан кейин ҳам Ягона тизимга киритилиши мумкин.

40. Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатида кўрсатилган икки ёки ундан ортиқ назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувлар тўғрисида ваколатли органни хабардор қилиш ҳар бир орган томонидан алоҳида амалга оширилади.

41. Хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар келишиладиган текширувларни ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

42. Жисмоний ва юридик шахсларнинг Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатида назарда тутилган масалалар бўйича мурожаатлари асосида текширувларни ўтказиш ваколатли органни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

Агар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида бир нечта масала кўрсатилиб, улардан камида биттаси келишиш тартибида текширув ўтказилишини талаб этадиган бўлса, текширувлар ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказилади.

5-боб. Текширувларнинг ўтказилишини мониторинг қилиш

43. Ваколатли орган назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар белгиланган тартибда ўтказилганлигини Ягона тизим орқали доимий равишда мониторинг қилиб боради.

44. Ваколатли орган томонидан мониторинг натижаларига кўра назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний текширув ўтказганлиги ёки текширув давомида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги аниқланган ҳолатларда уларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

6-боб. Якуний қоидалар

 

45. Ваколатли орган ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари мазкур Низом талабларига риоя этилиши, текширув муносабати билан ўзига маълум бўлган тижорат сири, хизмат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар, шунингдек ошкор этилмаган ахборотлар муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт.

46. Назорат қилувчи органларнинг:

раҳбарлари текширув ўтказишга рухсат олиш ёки ваколатли органни текширув ўтказиш тўғрисида хабардор этиш учун тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги учун;

масъул ходимлари ўз ваколатлари ва назорат соҳасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширув ўтказилмаслиги учун жавобгардир.

47. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

48. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил

 

2018 йил “____” ___________

 

 

 

 

 

 

Д. Касимов

 

 

 

Савдо-саноат

палатаси раиси

 

2018 йил “____” ___________

 

 

 

А. Икрамов