ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
3769 Центральный банк Республики Узбекистан 04/06/2019 19/06/2019 1

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
ID-3769

Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида  

 

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:  

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/18-сон қарори (рўйхат рақами 3030, 2018 йил 2 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2018 йил 9 июль, 27-сон, 553-модда) билан тасдиқланган Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.  

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

  Марказий банк Раиси

М.Б. Нурмуратов

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2019 йил ____ июндаги

____ - сон қарорига

ИЛОВА

 Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1.  Қуйидаги таҳрирдаги 3-1-банд билан тўлдирилсин:

“3-1. Банк билан истеъмолчи ўртасидаги ўзаро муносабатларда (айниқса олдин берилган кредитлар (қарзлар)ни қайтарилишида ва банк олдидаги бошқа мажбуриятларни ижросини таъминлашга оид талаблар тақдим қилинганда) ҳар иккала тарафга уятли ва ҳақорат мазмунидаги сўзларни ишлатиш, бир-бирларининг, шунингдек оила аъзоларининг ҳаёти ва соғлигига хавф солиш билан қўрқитиш таъқиқланади”. 

2.  5-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:    

“5. Банк хизматларини тақдим этиш шартлари, шунингдек ушбу шартларнинг ўзгариши ҳақидаги ахборот ўзгаришлар кучга киргунга қадар камида ўн иш куни олдин банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши, шунингдек банк ахборот стендларида доимий равишда жойлаштириб борилиши шарт.

Бунда, валюта айирбошлаш курсларининг ўзгариши тўғрисидаги маълумот зудлик билан чоп этилиши лозим”.

3.  Қуйидаги таҳрирдаги 5-1-банд билан тўлдирилсин:

“5-1. Банкнинг ахборот стендлари унинг фронт-офиси ҳудудида ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиладиган бошқа жойларда жойлаштирилиши лозим”.

4.  Қуйидаги таҳрирдаги 6-1-банд билан тўлдирилсин:

“6-1. Истеъмолчи банк хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома лойиҳасини (кредит, депозит, банк ҳисобварағига хизмат кўрсатиш, лизинг, банк карталари ва бошқалар бўйича) у имзоланганига қадар банк ташқарисида танишиб чиқиш учун қўлига олишга ҳақли ва шартнома имзоланганига қадар банк истеъмолчини ушбу ҳуқуққа эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт”.

5. Низом қуйидаги таҳрирдаги 12-1-банд билан тўлдирилсин:

“12-1. Банк хизматини кўрсатиш тўғрисида истеъмолчи билан ёзма шартнома тузилган кунда, банк ушбу имзоланган шартноманинг бир асл нусхасини истеъмолчига – шартнома бўйича контрагентга тақдим этиши шарт. Бунда банк истеъмолчига у билан тузилган банк хизматини кўрсатиш шартномасини тақдим этмаганлиги ёки кечиктириб тақдим этганлиги учун жавобгар ҳисобланади”.

6. Қуйидаги таҳрирдаги 24-1-банд билан тўлдирилсин:

“24-1. Банк омонатчилар учун қонунчиликда кўзда тутилмаган бирон-бир чекловлар ўрнатишга ҳақли эмас”.

7. 26-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:   

“26. Банк омонати шартномаси тузилгунга қадар банк истеъмолчига оғзаки тарзда қуйидаги ахборотни тақдим этади:

омонат тури (талаб қилиб олгунча, муддатли, жамғарма);

омонат муддати (мавжуд бўлганда);

омонатнинг энг кам суммаси;

фоиз ставкалари;

омонат бўйича асосий сумма ва фоизли даромадларни тўлаш бериш тартиби;

қўшимча битим тузмаган ҳолда омонат муддатини узайтириш шартлари;

омонатга қўшимча маблағ киритиш имкониятлари;

омонатни тўлиқ ёки қисман муддатидан олдин қайтариб олиш шартлари;

банк кассасига нақд пулларни топшириш ёки банк ҳисобварағига пулларни ўтказишдан аввал банк билан депозит шартномасини расмийлаштириш шартлиги;

омонатга нақд пулларни кирим қилиш қандай ҳужжат билан расмийлаштирилиши;

банк омонати шартномаси бўйича назарда тутилган банк ва истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг жавобгарлиги тўғрисида”.

8. 27-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:   

“27. Кредит шартномаси тузилгунга қадар банк истеъмолчига қуйидаги ахборотни тақдим этади:

кредитнинг энг кўп миқдори ва валютаси, шу жумладан чет эл валютаси билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлари (чет эл валютаси бўйича курслар ўзгариши натижасида юзага келадиган молиявий йўқотиш билан боғлиқ таваккалчилик) ҳақида огоҳлантиради;

 истеъмолчи томонидан кредит олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш, кредитни тақдим этиш ва ундан фойдаланиш муддатлари;

фоиз ставкасининг йиллик номинал қиймати, шунингдек истеъмолчи мурожаат қилган санадаги кредитнинг тўлиқ қиймати (шу жумладан мутлоқ кўрсаткичда, бунда шартнома тузиш ва уни бажариш билан боғлиқ тўловлар, жумладан кредитнинг асосий қарзи, фоизлар, комиссион харажатлар ва бошқа тўловларнинг суммаси алоҳида кўрсатилиши шарт);

воситачилик ҳақлари, тарифлар ва кредит олиш ҳамда унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларнинг батафсил рўйхати ва миқдорлари;

кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда истеъмолчининг жавобгарлиги ва таваккалчиликлари;

гаровга қўювчи, кафил (кафолат берувчи) ва кредит шартномасининг тарафи ҳисобланган бошқа шахснинг жавобгарлиги;

банк ва истеъмолчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан муддати ўтказиб юборилган қарздорликни ундириш жараёнида истеъмолчининг ҳуқуқлари, шунингдек банк хизматларини кўрсатиш шартномасида кўзда тутилган тарафларнинг жавобгарлиги ҳақидаги маълумотлар.

кредит олиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати;

кредит таъминотига қабул қилинадиган гаров турлари”.

9. Қуйидаги таҳрирдаги 30-1- банд билан тўлдирилсин:

“30-1. Кредит олиш учун истеъмолчи – бўлажак қарз олувчи банкка мурожаат этганда, банк истеъмолчи билан биргаликда бепул тарзда мажбурий равишда мазкур Низомга илова қилинган шаклга қатъий амал қилган ҳолда бўлажак кредитнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида ахборот варақчасини тўлдиради ва уни истеъмолчига тақдим этади.

Мазкур бандга асосан мурожаат этиш кредит олиш учун буюртманома ҳисобланмайди.

 Бўлажак кредитнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида ахборот варақчасини "Тimеs Nеw Rоmаn" 12 ўлчамли шрифтдан кам бўлмаган ёки шунга ўхшаш шрифтни қўллаган ҳолда Мiсrоsоft Wоrd матн редакторидан фойдаланилган ҳолда чоп этилиши лозим”.

10. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг иловасига мувофиқ таҳрирда илова билан тўлдирилсин.

11. Қуйидаги таҳрирдаги 36-1, 36.-2, 36-3 ва 36-4 - бандлар билан тўлдирилсин:

“36-1. Истеъмолчи - жисмоний шахс банк хизматлари учун тўловларни амалга ошириш шаклини ўзи мустақил танлаш ҳуқуқига эга, қонун ҳужжатларида истеъмолчига тўловларни фақат нақд пулда ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

36-2. Банкка бир турдаги хизмат учун тўлов шаклига қараб (нақд ёки нақд пулсиз) турли нарх белгилаш таъқиқланади. Шу билан бирга, банк нақд пулсиз шаклдаги тўловлар орқали хизматлар кўрсатилишида чегирма ва бошқа рағбатлантириш шаклларини белгилашга ҳақли.

36-3. Жисмоний шахсларга нисбатан банк томонидан банк хизматларини фақат ўз филиалларининг кассалари (мини-банклари) орқали ва (ёки) нақд пул шаклида тўлаш, шунингдек омонатларга маблағлар фақат нақд пул шаклида қабул қилиш лозимлиги бўйича талаб белгиланишига йўл қўйилмайди.  

36-4. Истеъмолчи - жисмоний шахс яшаш жойидан қатъий назар банкка кредит олиш учун ариза билан мурожаат этишга ҳақли. Банк истеъмолчи-жисмоний шахснинг уни яшаш жойидан (пропискасидан) қатьий назар кредит олиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиши мажбур”. 

12. 38-бандда:

биринчи хатбошидаги “бошқа банкка” сўзлари чиқариб ташлансин;

қуйидаги таҳрирдаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:   

“Мазкур банд талаби ипотека кредитлари бўйича талабни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 майдаги “Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5715-сонли Фармони билан ташкил этилган ипотекани қайта молиялаштириш Компаниясига ўтказиш ҳолатларига тадбиқ этилмайди”.

13. Қуйидаги таҳрирдаги 47-1, 47.-2, 47-3, 47-4, 47-5, 47-6 ва 47-7 - бандлар билан тўлдирилсин:

“47-1. Истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бепул амалга оширилади. Банк истеъмолчини унга мурожаат қилиш имкониятини маҳрум қилишга ёки бирор-бир сабабга кўра чеклашга ҳақли эмас. Мурожаатни қабул қилишни рад этилишига йўл қўйилмайди.

47-2. Банк ўзига тегишли  расмий веб-сайт орқали электрон мурожаатларни қабул қилиш имкониятини яратиши лозим.

47-3. Банклар истеъмолчилар билан телефон орқали боғланишини таъминловчи колл-марказларига эга бўлишлари лозим. Мазкур колл-марказлар орқали истеъмолчиларга банк фаолияти билан боғлиқ оғзаки маслахат ва тушунтиришлар берилади.

47-4. Колл-марказларнинг алоқа телефонларининг рақамлари банк расмий веб- сайтининг бош саҳифасида, шунингдек унинг филиаллари ва мини-банкларининг ахборот стендларида жойлаштирилиши лозим.

 47-5. Колл-марказининг телефонига қўнғироқ қилувчининг оператор билан уланиш вақти икки дақиқадан ошмаслиги керак.  

47-6. Колл-марказининг иш тартиби иш кунларида камида соат 9-00 дан 18-00 гача давом этиши керак.   

47-7. Агар истеъмолчининг оғзаки мурожаатида баён этилган масала қўшимча ўрганишни ёки қўшимча текшириш ўтказишни талаб этмаса, ушбу мурожаатга жавоб оғзаки равишда, телефон орқали ёки шахсий қабул давомида тезкор равишда берилиши мумкин. Агар истеъмолчининг оғзаки мурожаатида баён этилган масалани тезкор равишда кўриб чиқиш имкони бўлмаса ва қўшимча ўрганишни талаб этса, у ҳолда истеъмолчига мурожаатни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ёзма равишда баён этиш таклиф этилади”. 

14. Қуйидаги таҳрирдаги 49-1, 49-2 ва 49-3 - бандлар билан тўлдирилсин:

“49-1. Истеъмолчиларнинг ёзма мурожаатлари (ариза ёки шикоят) банкка келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш муддатини бир ойгача узайтириш мурожаат этувчига хабар қилиш орқали амалга оширилади.

49-2. Мурожаатлар фақат қонунда белгиланган ҳолатлардагина кўриб чиқилмаслиги мумкин.

49-3. Банклар мурожаатларни кўриб чиқишда истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт”.

15. Қуйидаги таҳрирдаги 58-1 ва 58-2 - бандлар билан тўлдирилсин:

“58-1. Банк ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра маълумотномалар (шарҳлар) тузади ва уларни банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилади.

58-2. Банк ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг учинчи кунидан кечикмаган ҳолда Марказий банк томонидан белгиланган шаклда келиб тушган мурожаатлар тўғрисида Марказий банкка ҳисобот тақдим этиши шарт”.

 

Умумий таклифлар

549